Тоҳир Малик. Олтин балиқ (ҳажвия)

(Балиқчининг тўридан тушиб қолган ҳангома)

Булутсиз осмонда бир чақин чақди-ю Йўққулободда ақл бовар қилмас ишлар бошланиб кетди. Ҳайратомуз воқеалар аввалига ўрмонда бошланди: тулкининг ишқи филга тушди. Фил эса тошбақани севиб қолди. Қарға “бегонага уйланмайман, хотин қариндошдан бўлсин”, деб булбулга кўнгил қўйди. Чувалчанг илоннинг совчиларини ҳайдаб чиқарди. Эшак отга уйланди-ю эртасигаёқ унинг ёли билан думини қирқтириб ташлади. Маймун қоплонга уйланмоқчи эди, киндигини очиб юришга кўнмагани учун ундан айниди…
Ўрмонда шундай ғалат воқеалар содир бўлаётганда  тешик тоғорани ёстиқ қилиб ётиб олган Ялққул пашша қўриш билан овора эди. Бечора яна нима қилсин? Ёмғир чоғи чакка ўтиши ҳисобга кирмаса, бинойидек уйи бор. Дарз кетгани инобатга олинмаса, қозон-тобоғи ҳам йўқ эмас. Олов нималигини эсдан чиқариб қийшайиб қолган тандири ҳам мавжуд.
Ерликлар лафзида “Бекорчидан Худо безор” деган мақол бор. Йўққулободликларда бу сал бошқачароқ янграйди: “Бекорчи чолдан кампири безор”. Бекорчини Худо кечириши ёки ҳоли қўйиши мумкиндир-у, бироқ, бекорчи чолни ўз ҳолига  қўядиган кампир ўн саккиз минг оламнинг беш минг йиллик тарихида ҳам йўқ. Шундай бўлгач, Ялққул қанча вақт ялпайиб ётиши мумкин? Ҳар нечук бир уйқуни олишга улгурмай, кампиршонинг  овози янграб қолди. Бу янгроқ овознинг нималарни баён этганини батафсил баён этмоққа қалам ожиз. Ярим соат янграган овоз ерликлар тилига ўгирилса, таҳминан бу мазмун ҳосил бўлур: “Сизга теккунча итга тегсам бўлмасмиди. Ҳатто ит ҳам уйига битта суяк кўтариб келади…” Бунақа дадил гапни Ерда айтиш мумкин, Йўққулободда бечора хотинлар бундай дейишга журъат қилишолмайди. Чунки  қариндошга тегиш қатъиян ман этилганини ҳаммалари яхши билишади. Хуллас, ярим соатлик дебочадан сўнг кампиршо Ялққулга тўрни олиб, балиқ овлаб келишга амр этди. “Хотин амри – вожиб!” бўлгач, Ялққул додини кимга айтсин? Бир пайтлар балиқ тутувчи тўр бўлиб яралган, энди эса чириб, узулиб, увадага айланган матоҳни судраб денгиз бўйига борди. Сув тизза бўйи бўлгач, тўрни ташлади. Бир оздан сўнг денгиз мавжланиб, Ялққулни ҳайрат олови чулғаб олди. Аввалига қочмоқчи эди, лекин увада ҳолидаги тўрини ташлаб кетишга кўнгли бўлмади. Тўрни тортган эди… Во, ажаб!  Бир балиқча… Балиқча бўлганида ҳам нақ олтин балиқ! Типирчилайди-ю бироқ, тўрдан чиқиб кетгиси келмайди.
– Ҳой нодон,-деди Ялққул,-бу тўрнинг тешигидан тимсоҳ ҳам қутилиб кетса бўлади, сен нега қочмайсан?
– Тўрдан-ку, қочиб кетарман, акахон, аммо тақдирдан қочиб кетиб бўлмайди-да. Тақдиримда шу тўрга тушиш, сизга сидқидилдан хизмат қилиш бор экан.
– Вой, нодон-е, менга қандай хизмат қилишинг мумкин?
– Кўнглингиз нима истаса шуни, тиланг тилагингизни?
Ялққул қандай тилакни сўрасам экан, деб ўйлаб ўтирмади. Кампири ҳар куни тоғоранинг тешиклигидан нолирди “Қўлингдан келса, янги тоғора олиб бера қол”, деди. Олтин балиқча “уйингизга бораверинг, тилагингиз амалга ошди. Яна хизматим лозим бўлиб қолса, шу ерга келиб чақиринг”, деди-ю, тўрнинг тешигидан ўтиб ғойиб бўлди.
Ялққул бу мўъжизага бир ишониб, бир ишонмай уйига қайтиб, қарасаки, ҳовлида яп-янги тоғора офтоб нурида жилваланиб ётибди. Кампиршо эса унга ҳайратланиб қараб турибди. Ялққул бўлган воқеани унга айтди-ю  қолди балога:
– Ҳой, мияси ачиган чол, келиб-келиб тоғора сўрайсизми?!-деб нақ тўқсон олти дақиқа жавраб берсами! Тўқсон еттинчи дақиқага етганда маломат тошлари тугаб, амр этилди:-Боринг, балиқчангизга айтинг,  бу кулбада мен бит боқиб яшашни истамайман,  сарой кошонасида умр кечиришни хоҳлайман!   
Ялққул борди. Олтин балиқчани чақирди. Тилагини айтди. Кампир амри бажо келтирилди. Бироқ, изига қайтиши билан кампиршо унинг “мияси ачиган чол” эканини  эслатиб, янги истагини билдирди: малика бўлди! Сўнг унга сарой хазинасидаги бойликлар камлик қилиб буюрди:
– Денгиз ҳам менинг ҳукмимга бўйсуниши керак. Олтин балиқчангга бориб айт: бугундан бошлаб у менга солиқ тўласин!
Ялққул бу амрни етказган эди. Олтин балиқча чуқур ўйга толди. Сўнг бирданига ғойиб бўлди. Ялққул қараса, денгиз мавжи сўниб қолибди. Увада тўри эса соҳилда ётибди. У ажабланган ҳолда тўрини судраб уйига қайтди. Қараса, сарой ҳам йўқ, малика ҳам йўқ. Ўша ўзининг вайсақи кампири тешик тоғорага ҳайрат билан қараб  турибди.
Бу ажабтовур воқеани Йўққулободда биров билди, биров эса бехабар қолди…