“Рассом ва табиат” кўргазмаси май ойи охирларида очилди. Иброҳимнинг асарлари олдида санъатсеварлар тўпланишди. Уни суратга олишди, радио, телевизор орқали бериладиган суҳбатга тортишди. У бошқа рассомларнинг асарларини ҳам кўриб, зални айланиб чиққанда хориж ваколатхоналаридан келганлар қуршаб олишди.
– Менга асарларингиз ёқди, – деди ўрта бўйли, оқ-сариқ юзли йигит. – Мен Америка элчисиман, картиналарингиздан ҳайратландим, бунақа манзара, кўча, бинолар, ҳар бир миллат юкини кўтариб туради, аммо давр ўйинлари ичида улар аста-аста йўқолиб кетиши мумкин. Картиналарингиз одамларга “Огоҳ бўлинг, довдираб қолманг, ўзлигингизни йўқотмай сақлаб қолинг”, деётгандек. XXI аср тасвирда тасодифларни ҳам уйғотмоқда, сиз уларда миллат ҳаётини кўрсатишга уста экансиз.
– Раҳмат, жаноб, – деди Иброҳим. – Биз миллий рассоммиз, асарларимиз фақат шахсимизни эмас, миллат ҳаётини ҳам кўрсатиши керак-да!
– Гапингиз тўғри, – деди элчи. – Шу асарларингиз ичида сотиладигани борми?
Иброҳим ўйланиб қолди. Нима дейиш керак? Агар “бор” деса чет элликлар жуда арзонга олишади, деган гапни эшитган, унинг бунга хоҳиши йўқ. “Йўқ” дейишга кўнгли чопмаяпти.
– “Йўқ” ҳам, “Бор” ҳам, – деди ниҳоят.
Элчи қўлини бигиз қилиб учта картинани кўрсатди:
– Мана шуларни сотиб олишим мумкин, нима дейсиз? Агар рози бўлсангиз, Америкага бориб келасиз, бизда ҳам кўргазмангиз очилади. Тўғрисини айтсам, бизда модернизм, авангард рассом хаёлида туғиладиган кўча, биноларни безаб, чўнтагини тежаб, кўзни ўйнатадиган, дунё айланадиган эълон асарлар сочилиб ётибди. Лекин Шарқ сир-синоатини намоён қиладиган картиналар йўқ. Асарларингизни кўрса, Шарқ санъатининг шайдолари хурсанд бўлса ажабмас.
– Мен розиману, лекин Америкага бориб келишга имкониятим йўқ, – деди Иброҳим.
– Мана шу учта картинага уч минг доллар берамиз, йўлкирангизга, ётоғингизга етади, кўргазмани ўзимиз уюштирамиз, розимисиз?
Иброҳим бошини эгиб, элчига қўлини чўзди. Бир неча кун ўтгач, Нью-Йоркда бўладиган кўргазмага тайёргарлик бошланди…
Иброҳим Нью-Йоркда ўн кун бўлди, меҳмонхонада яшади, шаҳарни айланишга вақти етади. Кўргазма очилишида жинси кийган, сочлари патила бир гала ёш йигит-қизлар, камтарона бўйинбоғ таққан аллақандай жаноблар, узун кўйлак кийган калтасоч хонимлар, оппоқ тишлари ярақлаб жилмайган қоп-қора кишилар қатнашишди. Бир соат ичида кўргазма залида саноқли одам қолди. Баъзи рассомлар картиналар олдида кулиб, яйраб туришди-ю, унга ҳеч нарса демай чиқиб кетишди. Харидор йўқлигидан сотувчи зерикди. Кўнгли чўккан Иброҳим шаҳар айланишга жўнади. У осмонўпар иморатларга қараса дўпписи ерга тушиб кетгудай, кўп қаватли бинолар тепасидаги булут ёмғир тўкишдан чарчамайди. Бу аҳволда шаҳар айланиб бўладими? Кўзингни ўйнатиб, миянгни ўйлатиб қўядиган манзара кўринмаса, ҳаво бир очилиб, бир қовоғини осилтиради, худди денгиз устингга ёпирилаётгандай панароқ жойга югурасан.
Қуёшдан дарак йўқ, ёмғир томчилади, кўчалардаги яккам-дуккам дарахтлар бошини эгиб, биноларга ёпиштирилган эълонлар кўзни ўйнатиб ёнарди. Баҳайбат бино ёнидан ўтаётганда Иброҳим магазинда аёлларга мўлжалланган буюмларга кўзи тушди. Ёнидаги пули бужмайиб қолганига қарамай хотинига бир нима олгиси келди. Ҳамма нарса қиммат, арзонлари кўзга илинмас, унинг ёнида фақат тўрт юз доллар қолган, у на кўйлакка, на аёллар пальтосига етади. Бир вақт манекенга кийгазилган чиройли ич кўйлакка кўзи тушди-ю, шартта тўрт юз долларни кассага тўлади. Чиройли ич кўйлак минг долларликлардан қолишмайдигандай туюлди, “Хотиним ҳойнаҳой, хурсанд бўлар, бу нарса бизнинг севги дардимиз, ҳеч бўлмаса гардимизни тозалар”, деди-да, ич кўйлак ўралган чиройли боғламни бағрига босиб магазиндан чиқиб кетди.
…Хотини чамадонни титкилар экан, букласа бир сиқим келадиган, хитой қоғозидай юпқа, рўмолчадай силлиқ, майин ич кўйлакни кўрди. Иброҳимнинг: “Тўрт юз долларга олдим, сенга жа ярашади”, – деганини эшитиб, ич кўйлакнинг қанчалик бежиримлигини сезса-да, уни елкасидан пастга қараб ўлчади-да, бирдан қовоғи осилди.
– Шу ич кўйлакни тўрт юз долларга олгандан кўра пулингизни қайтариб олиб келсангиз бир нима бўлармиди?
– Сени хурсанд қилай дедим, онаси, – деди Иброҳим.
– Тўрт юз доллар ҳозир бир миллион сўмдан кўп-а, тавба, ўйлаб иш қилдингизми? Пулингиз бўёқ, мато, мўйқаламга етмаса! Ич кўйлак ўрнига кондиционер олиб берсангиз бўлмасмиди? Хоналаримиз на ёзда совийди, на қишда исийди.
– Шунча йилда битмаган рўзғор шу тўрт юз долларга қараб қолувмиди, ҳамма нарса навбат билан-да!– деди Иброҳим.
– Навбат ўлсин, – зорланди хотини. – Тўрт ойдан кейин элликка кирасиз, шахсий кўргазмангиз бўлади, зора асарларингиз сотиб олинса. Кўргазма навбат билан очилади, дейсиз. Санаторийларда дам олайлик десам, бизга навбат келмаган дейсиз, Сиз ҳаётдаги ҳамма ишлар навбати охирида турасиз, навбатимиз узун-да дейсиз!
– Меҳрибоним, бу нима, ичингдаги дардларни мен Америкага бориб келишимга сақлаб юрганмидинг, – деди Иброҳим. – Кўнглингни кўтараман деб шунча йўлдан ич кўйлак олиб келсам, униям, мениям дабдала қилмоқчимисан? Раҳмат, яна чиройли нарсалар олиб беринг, десанг бир жойинг камайиб қоладими?
– Камайган! Бундан беш баттари бўлмайди. Қайси аёлда тўрт юз долларлик ич кўйлак кўргансиз? Битта ич кўйлак олиб келдим, деб тилимни қичитмоқчимисиз ёки оғзимни боғламоқчимисиз? Вақтида кўзим очилмаган экан. Рассомлар ғалати бўлади, баъзилари бўёқлар ичида ухлашади, оила, рўзғордан кўра тоғ-тошларни, ёмғиру қорни, гулларни яхши кўради, кейин яланғоч аёлларга ўч бўлади, дейишса, ишонмай юрибман-а!
– Жон аяси, – ялинди Иброҳим. – Шу бугун дийдиёни қўй. Яхши нарсалардан гаплашайлик. Эртага нима десанг, хўп. Ич кўйлак тўғри келмади, десанг, майли. Кўзим сени фақат шу кўйлакда кўрақолсин. Ҳозир бир кийиб чиқ, томоша қилай!
Улар тезда ярашиб олишди, ораларидаги дилхиралик шўрвага тушган пашшадай анча вақт бужмайиб қолди.
Кун ўтган сари ич кўйлак унутилди, Иброҳим сўрамас, хотини чурқ этмасди. Иброҳимнинг эллик йиллигига очиладиган шахсий кўргазмасига яқин қолганда у кечасию кундузи ишлади. Ўтган кўргазмада фақат манзара, этюд, натюрмортларини, қишлоқ, шаҳар манзараларини намойиш этиб Америкага бориб келган бўлса, бу гал барча асарларини тўплади, янги картиналар яратди, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хиванинг қадимий кўча, бино кўринишларига ранг-баранг жило берди, тасвирларида халқ ижодиёти, миниатюра йўлларига кўз ташлади. Ниҳоят, кутилган кун етиб келди.
Бугун соат бешда Иброҳимнинг шахсий юбилей кўргазмаси очилади. Хотини одатда унинг ҳар бир кўргазмасига бир ой ўзича тайёргарлик кўрарди, таниш-билиш, қариндош-уруғларгача хабар қилиб чиқарди. Бугун эса нонушта пайтида:
– Иброҳим ака, – деди. – Бугун байрамингиз, кўргазмангиз очилади, ҳамманинг сизга кўзи тушади, шунга яраша кўринишингиз керак.
– Масалан, қандай? – сўради Иброҳим.
– Қанақа бўларди, – жавоб берди хотини. – Ҳозир ваннада яхшилаб чўмиласиз. Ўзингиз ишлаган асарлардай ёниб туринг. Истамбулдан келтирилган чарм плашниям кийиб оласиз, кўринишингиз машҳур рассомлардай чиройли бўлсин, мен яна уялиб қолмай! Инсонда эллик ёш бир марта бўлади, сизни қувиб етай десам етакламайсиз, бир оғиз гап айтсам эртаклайсиз.
– Бугун ҳамма сўзим-сўз, бажаришингиз тап-тапу, хўп-хўп, майлими?
– Иброҳим ака, тўйимизда сизни яхшилаб кийинтирмаганмиз. Энди сиз мевали дарахтсиз, мен сизнинг соянгизман.
– Жонгинам, қанақа дарахт соя солганда ёнидан шундай атирлар тараладими, нима десанг шундан маст бўлиб, умр бўйи йўлдошинг бўлишга қасд қилганман.
– Йўлдошми, ё йўлдаги ошми? – сўради хотини. – Энди гапим охирини эшитинг, бугун чиройли кийинасиз.
– Албатта, костюмим тозалашхонадан олиб келиндими?
– Ҳожати йўқ.
– Нега?
– Чунки, киядиган костюмингиз янги. Жаҳлингиз чиқмаса айтаман. Сиз опкелган ич кўйлакни кийгим келмай тўрт юз долларга сотдим, бир тадбиркорнинг хотини сотиб олди. Пулига йиққанларимни кўрасиз, бутунлай бошқа одам бўлиб кўринасиз.
– Ахир у сенга совға эди-ку!
– Мени ҳам сизга совға қилгим келди, ишингиз юришиб, бирор асарингизни сотиб олувчи топилса, пулига пахтадан тикилган ич кўйлак олиб берасиз, хўпми?
Иброҳим ўзини диванга ташлаб кўзини юмиб, бошини чангаллади. Хотини шим билан кўйлакни дазмоллар экан:
– Мен тайёр бўлгунча сартарошхонага киринг, – деди эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. – Сочингиз елкангизга саватдай ўсиб тушибди. Ғашга тегмайдиган қилиб олдиринг, майлими? Борақолинг. Кейин тез қайтиб келинг, яна устахонангизда қолиб кетманг!
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 6-сон