— … Қўйинг-эй, интизом бўш. Ҳамма оғзиминан юрадиган бўп қолди!.. — Тангриқул ака чимирилиб, қирқ-эллик йил бурунги гапга тушиб кетди. — Сталинди давридачи, мен сизга айтсам…
Маъракага келганлар тарқаб, меҳмонхонада уй эгаси, мен, Тангриқул ака учовимиз қолганимизда у киши чойнакни олдимга суриб қўйди.
— Маъзур тутасиз, меймон. Чойди ўзингиз сузиб, бемалол ичиб ўтиринг. Қариганингда ботмас экан — югуртираберади, — у юмалоқ болишга ёнбошлади. — Тошкенда менам кўп бўганман. Шайхантавурдаги чойхона борми ҳалиям?
— У ерлар, эски томлар бузилиб, ўзгариб кетган, — дедим.
— Бузилдими-я, шундай чойхона?! — Тангриқул ака ажаблангандай, танглайини тақиллатди. — Етиб қолайдик. Ўқийдиган жойимиз «Пахта» разъезидаги «Заготскот»ти базасида. Ҳафтанинг охирида шаҳарга ўйнагани тушганимизда ётиб қолайдик. Самоварчиминан ота-боладай бўп қогандик. У кишиям ўтиб кетгандир-а? Ҳа, ўтиб кетган. Шайхантовур бовани ҳовузидан сув ташиб, ўтинини ёриб берайдим. Оғирини енгил қилганимга у хурсанд. Қорним тўқ, димоғим чоғ — дам олиш яхши ўтганидан мен хурсанд. Шаҳарга тушсанг-у, Жангоҳда томоша кўрмай қайтсанг — гуноҳ. Ўқишга уйқуни чала қилиб, эрта тонгда қайтайдик.
— Ўқишни партада уйқусираб ўтириб битирганман денг, — Жўрақул тегишди.
— Йў-ў! — Тангриқул ака қатъий бош силкиди. — Курсни битирганимизда олинган потосуврат ҳалиям бор. Юқориги қаторда дириктир, ўқитувчилар. Иккинчи қатордагилари ўртасида мани сувратим. Агар ёмон ўқиганимда пастки қаторида энг четига қўйиб қўйишмасмиди?
— Ишонтирдингиз, бова! Ҳай, ўқишни тамомлаб, бирор каттароқ амалга…
— Қўй! — Тангриқул ака қўл силтади. — Ҳовлингга самсоқ пиёз экканингданам маълум сўзингди мазаси! Нима касбга ўқитишган бўлса, ўша бўйича ишладим. «Заготскот»да. Ўттиз еттинчи йилдан то эллик тўртинчи йилгача. Салкам йигирма йил! Ёмон ишлаган одам бир жойда бунчалик узоқ тура оладими? Йўқ. Тўғри, орада бироз узилиш бўлди. Лекин бунга мен айбдор эмасман.
— Нима, қамашдиямми?
Мен ерга қараб қолдим: Жўрақулнинг ҳазили!.. Ҳазилнинг таги зил. Қаттиқ ботади, демайдиям.
— У вақтларди билмайсиз. Малчишка бўгансиз, коптов тепиб… Биз ишлаганмиз, ҳар хил одамларминан. «Заготскот» катта даргоҳ. Уруш вақти. Армияни, халқни боқиш керак. Бир ёқдан шалон-шалон кўчиб кеп турибди. Ибрийиям, ўрисиям, чулчутиям келди. Урушди охирроғида қрим-тотор, қорачой, қабардин кўчирма бўлди. Насибалари қўшилган экан-да. Бири ер таталаб, бошқаси мол боқиб… Мусофирлик осонмас. Қийналишга ҳамма қийналди. Лекин ҳозиргидақа, телебизирда кўргансизлар, шиорлар кўтариб митинка қилишлар… ҳечам! Сабаб? Интизом қаттиқ эди. Сталин мана мундоой, — Тангриқул ака ўнг қўлини шартта чўзиб, тўмтоқ, қорамағиз бармоқларини мушт қилди, — ҳа, пуқарони мана шундай тутай эди. Дойим ҳушёр. Кремлда тунни кунга оёқда тик туриб улай экан-да. Нойиблариниям бепарво бўлишга йўл қўймас экан. Хўжайин тилпон қип қолса-я, деб улар ҳам ҳушёр. Хабарим бо-ор, райком мажлисди кундузимас, кечаси-тонготар ўтказайди.
Қамчисини ўқталиб, мудрай бошлаган раисга: «Туринг ўрнингиздан! — деб буюрайди. — Доҳий Сталин кечалариям кабинетининг деразаси олдида туриб пошистларди ватанимиз тупроғидан қандай қилиб қувиб солсам экан деб ўйлайди. Сизминан биздинг тақдиримиз ҳақида ўйлайди! Бу бўлса юрган йўлидаям, ҳатто райкомдаям ухлайди-я. Кўзингди оч», деб тузлай эди. Тўғри-да, бронди уларга ухласин деб берилганми?
Райком бова ёш эди. Лекин жаҳли чиққанида отаси тенги кекса раисларниям пийпалаб ташлай эди. План, план! Ўлсанг ҳам планди бажар!
— Ўлдирсаям…
— Ҳа, ия! Бажармасин-чи, онасини Учқўрғондан кўрсатай эди.
— Сизни пийпаламаганми?
— Биз… шунчаки загатупкачи.
— Ҳай, ўзингизди кўпам ерга урманг-эй! —Пойгакда чўккалаганча гурунгга қулоқ солиб ўтирган мезбон луқма ташлади. — У вақтларди ёш бача бўлсам ҳам оз-моз биламан. Ҳарқандай димоғдор раис ҳам сизди кўрганда отлиқ бўлса отдан, мошинда бўлса мошиндан…
— У вақтда мошин бўлмаган, алдама. Битта райкомда бўлайди, холос.
— Ҳай, мошинмас, эшаклик бўлса эшакдан…
— Эсинг жойидами, Жўрақул! Эшак минган раисси кўрганмисан?
— Ҳай, аробада бўлса, аробадан тушиб сўрашмасдан ўтмас эди олдингиздан!.. — мезбон бўш келмади. — Обрўлари ҳаминқадар!
Ширин хотиралар элитдими, Тангриқул ака кўзлари юмуқ, қизилмағиз яноқларида андак табассум, тўмтоқ бармоқлари билан силлиқ даҳанини тутамлаганича сукутга чўмди.
«Обрўлари ҳаминқадар» бўлган бобога зимдан боқиб, тиқмачоқ гавдасига анча тор келиб қолган қайрилмаёқа, қўш кўкрак чўнтакли кителига назарим тушди. Уриниброқ қолибди. У вақтларда бу кител ғижим тушмаган, янги, столга қўйсанг тик турадиган бўлгандир балки? Кител билан галифа шим айни расм. Бобо ҳам йигитлигида икки чўнтагини шишириб галифе шим кийган бўлсаям ажабмас. Доҳий, ахир, ярим ҳарбийча кийим киярди-да. Ҳозир ҳам обрўлари чаккимас. Мана, тўрда ўтирибдилар. Удумимиз ўзи шундай: кексалар қаерга боришса, уйнинг тўри уларники.
— Райком бованинг таги мустаҳкам эди-да. Акаси обком. Суянчиқлари бордир Тошканда?! — Тангриқул ака ўз фикрининг тўғрилигига комил ишонч билан менга, Жўрақулга қаради.
— Ҳа-а, и-я! Бо-ор! — дея тасдиқлади мезбон. — Ҳатто Масковдаям деяберинг! Нимагаки, улар наменклатурада туришайкан.
— Бале! Таги бақувватлигига ишониб, кўзига ёмон кўринган анча-мунча инсонларни ёстиғини қуритди. Бир ўчакишмасин, ўчакишса-қўймас эди: қўлидан бронди тортиб олиб, пронтга жўнатайди. Ёки бўйнига эллик саккизинчи моддани шартта урдириб, Сибир қилдирайди. Биздиям қамоқда чиритиб юборишига бир баҳя қолган.
— Ҳай, қани-қани? — Жўрақул Тангриқул акадан бу ҳангомани илгариям кўп эшитган бўлса керакки, менга қараб кўз қисиб қўйди.
— Эсимда бор: Сталинградда немисларнинг уч минглик қўшини қуршовда қолди, деб радио гумбурлаб, мискарнайлар дам-бадам сурон тортиб, ноғоралар гижбанг чалиниб турган кун эди. Бир қора «эмка» ғизиллаб келиб базамиз олдида тўхтади. Биламан, енгил мошин районимизда битта — райком бовада. Бошқа ҳеч кимда йўқ. Деразадан кўрибоқ шошилдим: ўзлари кеп қолдимикан, нечук, деган хаёлга. Йўқ, ёлғиз шопир экан. Хўжайин бир тўқли опке, деганмиш. Абизателна ширбоз ёки бир яшар қора қўчқор бўлсин, деб тайинлаганмиш.
— Энаги ерга тегайтикон! — деб кулди Жўрақул.
— Ҳа, энаги ерга тегайтикон! — Тангриқул ака лабини бурди. — Шопирниям саҳти-сумбати хўжайинидан қолишмайди. Тез-тез қимирланг, вақт зиқ, деб қистаб турибди. Лекин қўчқорди мошинга ортишдан олдин чиқим дафтардан ўтказиб, қўлини қўйдириб олдим. — Тангриқул ака биз томонга тепалаб қараб, қош қоқиб қўйди.
У кишининг бу ҳаракатидан, бизам анойи эмасмиз, деган маънони англаса бўларди.
— Келаси ҳафта яна келди. Кейин яна. Сталинград остонасидаги ғалаба райком бованинг иштаҳасини очиб юбордими, қайдам, қўйингки, бир қиш ичида заготскот қўрасидан йигирма иккита тўқли кетди. Тўқли бўлгандаям бари бир яшар. Боз устига, қора қўчқор!
— Бошқаси томоғидан ўтмас эканми?
— Районди сўраб турган одам. Бошқача қўй гўшти ёқмас-да, — дея тўнғиллади Тангриқул ака Жўрақулнинг заҳархандасига жавобан. — Нима қилиш керак? Уруш вақти бўлса. Калхўз, калхўзчидан заготупка қилинган ҳар бир туёқ темир дафтарга тушган. Жавобгарлиги бор. Оқшом кўп ўйладим. Сўғин, эртаси куни Бухоро бориб, «обзакотскот»га учрадим. Мудир тўсатдан кириб борганимга ажабландими, тинчликми, деди кўзимга тикилиб. У кишиминан кўпдан бақамти ишлайдик. Зукко одам. Қорақўлдан Бухорога чакана йўл эмас. Олмиш беш километр. Энди яқин бўп тўхтаган: кунига тўрт-беш рейс автобус қатнайди. Частний, таска мошинлар ҳам кўп. Уруш вақтига мошин йўқ, пақат от-арава, эшакда қатнайдик. Кун ботганда йўлга тушсанг, тонг отганда етайдинг. Шунга, чақирмасалар ҳам борганимга ҳадиксирагандирки, салом-алик йўқ, тинчликми, деди. Сўғин олдиларига кирим-чиқим дафтарини очиб, райком бованинг шопири қўл қўйган ҳужжатларди кўрсатдим.
Мудир синчиклаб текширди-да, қоғозларди бир четга суриб қўйиб, менга бақира кетди. Ўн кило, ҳай, ўн беш киломас, минг кило гўшт камомад бўлгандан сўғин бақират-та. Ҳей, Тангриқул, ёш боламисиз, бер деса беравердингизми?! Ахир, уруш кетаёпти. Ҳаммаёқда ҳарбий ҳолат. Бир кило кам келса обориб тиқиб қўйишёпти-я, ўйламадингизми, дейди. Нимага ўйламас эканман?! Шунинг учун ҳам ҳузурингизга келдим, дедим.
Мудиримиз хато ишди кўрса бир бақириб, бамисоли ичига қамалиб қолган жаҳл дудини чиқарайди-да, сўғин пасайиб, «йўли»ни қидиришга тушайди.
— Асра. Бундан айрилсанг бошингдан айриласан, — деди у ҳужжатларди олдимга суриб қўйиб.
Уям ўз бошидан қўрқади. Ревизия қилдириб, натижасини терговга ўтказди. Қора қўчқор гўштларини еб роҳат қилган райком бова-ку, азоби менга. Патагига қурт тушган одамдай типирчилаб, райкомга чопдим. Бир кун қатнадим, икки кун. Қани, қабулига кириб бўлса! Ахийри шопирига айтдим. Хўжайинингга етказ гапимди, дедим. Ўртада турган у-ку, ҳужжатда қўли бор. Емаган сомсага пул тўлайманми, иби?! Иш судга етиб тўхтаган. Лекин шопирга айтган гапимди таъсири бўлди шекилли, иш пайсалга солинди: судлаб судлашмайди, ишлай десам ишлагани қўйишмайди. Қиш ўтиб баҳор келиптиямки, бизди ишимиз бир ёқлик бўлмади. Райком бова ўша-ўша, пинагини бузмайди. Айтдим-ку, таги бақувват. Бир кун закотскотдан, бошқа куни калхўздан тўқлини олдирайкан. Остида «эмка» мошин, қўлида қамчин. И-би! От минмайдила, лекин қўлда қамчин! Қамчинминан столга уриб, раислардан пилон талаб қилади. Ҳўй, кўзингди оч! Бажарсанг бажардинг, бўмаса брондан ажраб пронтга, қари бўлсанг рабочи баталёнга жўнайсан, деб жонини олади. Раису биргад, звеновойга қадар қўлларида қамчи бўлайди у даврда. Биласизми? .
Бош ирғадим. Урушгача, урушдан кейин ҳам бундай мажбурият қишлоқларда мавжуд эди. Эсимда: урушдан қайтган йилим, эри фронтда ҳалок бўлиб, бева қолган опаму жиянларимнинг ҳолидан хабар олгани қишлоққа борган эдим. Биринчи куниёқ саҳарлаб эшик тақиллашидан чўчиб уйғонганман. Бригадир уйма-уй юриб, аъзоларини ишга ҳайдаётган экан: жизғанаги чиққан, қотма бир киши. Аммо қўлида қамчин эмас, таёқ эди шекилли. Тўғри, қамчинни раиснинг қўлида кўрдим. Кўчага чиққанимда учратдим. Тўриқ отда алпдай бўлиб ўтиб кетаётган экан. Амаким қатори мен ҳам унга салом бердим. Алик олмади. Қари амаким унинг учун менинг олдимда хижолат чекиб, алик олмаса олмас, зормидик, деб тўнғиллади. Пайқамагандир, деб хаспўшлашга ҳаракат қилдим. Чунки афти-ангори шишиб кетган — карахт эди. Туни билан ичгану чошгоҳда туриб, идорасига ўтиб кетаётган эди шекилли. Ичгандаям пиёла ёки стакандамас, косани тўлатиб сипқарар эмиш. Шунгами, Говбош дейишар экан.
— Қўйингки, бўйнимда сиртмоқ. Ё оёғим тагига қўйилган курсини тепиб юбориб осишмайди, ёки сиртмоқдан халос қилишмайди. Қўйларди еган райком бова бўлса мошинда: бир кунчиқишга қарата ҳайдаса, бошқа сафар кунботишга қараб суради. Бутун районди ёт деб ётқизиб, тур деб турғизиб ариллаб юрибди. Бизди бўйин қисиқ, ҳужжатларди маҳкам асраб, худонинг уларгаям кўрсатадиган кўргулиги бордир, деб юрабердик.
— Ҳа-а, кўргазди! Сталин! — деб хитоб қилди Тангриқул ака. — Ўртоқ Сталинди қўли минан унинг сафдоши ўртоқ Каганович кўрсатди!
У киши нима демоқчи, тушунмадим. Жўрақулга боқдим. У қулоқ солин-га, дегандай, имо қилди. Яна бутун диққат-эътиборим Тангриқул акада.
— … Хабарингиз бор, уруш вақтида темир йўл соҳаси ўртоқ Кагановичга қарай эди. Қани, бир гайкасига тегиб кўринг-чи! Ҳарбий интизом. Бизди райком бова, қаранг, калондимоғлик қилиб, анави темир йўлдан ўтишга ўрнатилган шлагбаумди очиб-ёпадиган қоровулди қамчилапти. Нега оч деганимда очмадинг, деб. Қоровулди боши ёрилган, бир кўзи кўр бўлганми-ей, темир йўл бошқармаси даъвогар бўлиб, райком бовани судга берибди. Бизди идораям даъвогар бўлди. У жиноятга бу жиноят қўшилди-ю, шилқ этказиб… — Тангриқул ака гарданига шап этказиб урди. — Шунақа, акун. Сталинди даврида зиғирдай жиноят ҳам кечирилмас, томирига шартта болта урилар эди. Энди-чи? Давлатти бир биқини ўпирилиб кетсаям, қўлга тушмаган ўғри эмас. Мелисаси ейди, пуркурори ейди. Улардан қолган сарқитти суди еб, тўхтайди. Ҳэ-эй! — У ҳафсаласи пир бўлган одамдай қўл силтади.
— Кечаги шанба куёвингизминан келаётиб эдик, мелиса тўхтатди. Бекиниб турган экан, хумпар, — деб гапга аралашди Жўрақул. — Машинасиниям четга олиб қўйган экан. Бензининг борми, дейди. Куёвингиз берди бир пақир.
— Бермай кўринг-чи! Ё тез юрдинг дейди, ё бошқа баҳона топади, анча-мунчага туширади. Ғирт!.. — Тангриқул ака сўкинди. — Ҳозирги ёшлар бўлса, сочига зеб бериб, соқол қўйиб, қайта қуриш-қайта қуриш деб оғзига зўр беришади. Хўш, валдираб-валдираб нимага эришдик? Яна эски тос, эски ҳаммом. Отини бошқачароқ ўзгартириб карточка, купон деб атаганлариминан, уруш давридаги заборнийдан ҳеч фарқи йўқ. Хон кўрмаганда, эндиги ёшлар! Стали-ин! — Тангриқул аканинг оғзидан бу ном ўзгача бир жаранг билан чиқди. — Стали-ин деганда ҳамма тик турайди. Бизди райком темир йўл пуркурори томонидан қўлга олингандан кейин неча йил обком бўп Бухорони титратиб турган акасиям бир кечада тахтдан ағдарилди. Райком, обком ҳам гапми, бутун-бутун халқларди жазолаган Сталин. Уруш даврида ичларингдаги сотқинлар душманга хизмат қилдими — марҳамат, тегишли жазонгни торт! Бандаси қазоси етиб, у дунёга борганда бу дунёда қилган гуноҳлари учун дўзахда ёнади. Шундайми?
Бу саволга нима деб жавоб бериш керак? Мен Жўрақулга қарадим. Жўрақул менга қаради.
— Ундан чиқди, Сталин гуноҳкор деб билган бандалар учун дўзахни бу дунёда яратган экан-да? — Тангриқул аканинг саволига савол билан жавоб қилдим.
У мени биринчи бор кўраётгандай анграйиб қараб қолди. Анчадан кейин:
— Подшо худонинг ердаги сояси саналар экан, копирми, мусулмон — барибир соя, — дея гапини салмоқлаб давом эттирди. — Шундай экан, мамлакатда темир интизом ўрнатиш учун Сталинди тутган йўли тўғри бўлат-та!
— Биз «Сталинчи бобо» деймиз у кишини, — дея шивирлади Жўрақул мен томонга энкайиб.
Қойил, деб кулдим ичимда: Сталинчи бобо ўз нуқтаи назарини шариат йўли билан ҳам асослаб олди.
— Бизди базада кўчирма бўп келган бир қрим-тотор ишлай эди. Ўзи бақалоққина, аммо лекин жа-а меҳнаткаш эди. Уруш йиллари гўштга топшириладиган молларди Қоракўлдан Шаҳрисабзга ҳайдай эдик. Шунда ўша қрим-тотор иш берайди. Қишда лой, қор кечиб, ёзда чанг-тўзон ютиб, подани шундан шунга ҳайдаб боришга ҳар ким ҳам чидай бермасди. Бунинг устига дала-даштда ҳар хил дайди, дизиртирлар изғиб юришади. Ҳушёр бўлмасанг молдан айрилишинг ҳеч гапмас. Қрим-тотор жа-а ҳушёр, ўз юртидаям чўпонлик қилган экан-да. «Оғо», дей эди ҳаммамизни. Бизам «оғо» деб чақирайдик. Кейинчалик у Шахрисабзга кетиб қолди. Ўз ҳамюрти, бир бева хотинминан топишибди, шекилли. Коллективимиз минан яхши кўрайдик. Нимагаки, уйингга келсаям ётсирамас, бирор ишинг бўлса бажариб, киришиб кета берай эди, оғо-оғо деб. Қариям оғо, ёш ҳам оғо. Урушдан кейинги йил Шаҳрисабзга ишминан борганимда Оғони кўриб кетай, деб қидирдим. Яшайтикон уйини билмаганим учун пахта завутга, иш жойига бордим. Дарвозабондан сўрасам, бош чайқади. Бўйи мундой, оёғи мундой маймоқ, питир-питир қилиб юрайтикон, сочиям сани сочингдақа оппоқ қрим-тотор деб тушунтирдим. Кўзимга қараб туриб: «Может быть расстрелен. Пук!» — деди қўлини тўппонча қилиб. И-би?! Нимага отилади?! Қоровулди иши қисталанг. Юк ортган аробаю мошин, бири кириб, бири чиқиб турибди. Гаплашишга фурсат топмай «Вон Соколов», ундан сўра, дегандай ишора қилди. Ҳақиқатан ҳам Соколов чиқиб келопкан экан. Механик, яхши танирдим. Уруш вақтида биздан завутга гўшт олай эди. Местком сифатида. Таниб: «Раб божий! Сколько лет, сколько зима!» — деб-ла… Тушунтиргандим-да, Тангриқул ўрисчасига «Раб божий» бўлади, деб. Пивохонага судради. Биласилар, ўрисда ичмайдигани кам.
— Текин арақ бўлса бошқалар ҳам қолишмайди, — дедим.
— Биламиз! Ўзингиз ҳам ёшлигингизда… — Жўрақул тегишди.
— Йў-ўқ, биз ўшанда пақат пиво ичдик, — деди Тангриқул ака. — Соколовга дарвозабонди сўзини айтгандим, «Да, правда», деди. Ўзиям икки йил ётиб чиққан экан. Яқинда қайтганмиш.
— Нечук?!
— Нечукки… — Тангриқул ака мезбонга кўз қирини ташлаб андак ўйланиб туриб, Соколовнинг оғзидан эшитганларини баён қилди. Қрим-тоторлар бригадаси ишлаган кечаси у ҳам заводда навбатчи механик экан. Саҳар кези ташқарида бирдан қий-чув бўлиб қолибди. Ичкаридан чопиб чиқса, пахта ғарами ёнаётган экан.
Тангриқул ака гапиряпти-ю, кўз ўнгимда ловиллаган аланга намоён бўлди. Ёмғир қуйяпти, теваракдан одамлар сув сепяпти. Олов тили кўкка ўрлайди. Худо кўрсатмасин, пахта порохдай гап-да. Бу манзарани қирқ иккинчи йилнинг охири ва қирқ учинчи йилнинг бошида Фарғонада кўрганман. Биз — ўқув полки курсантларини тревога билан турғазиб, пахта заводига югуртириб олиб боришган. Тойларни чангак билан тортиб, четга юмалатамиз. Пақирлаб сув қуямиз. Ўчириб, ичини очсак, яна лов этиб ёнади.
— … Органди одамлари зовутти ўраб олиб, жиноятчиларни зудликминан фош қипти. Динамит қўйиб портлаштишган экан-да, — Тангриқул ака ўша операцияда худди ўзиям иштирок этгандай, ғурур билан қошини қоқди. — Қрим-тоторларни қўлини орқасига боғлаб, девор тагига қатор тизиб…
— Ё тавба! — ёқамни ушладим. — Динамитни қаёқдан ола қолишибди?
— Ўғрига мол қаҳатми! Топишгандир, — деди Тангриқул ака, комил ишонч билан.
— Механик ошнангиз омон қолибди.
— Соколовми? Унинг терговга ёрдами тегибди, — Тангриқул ака ошнасидан мамнун бир қиёфада завқ билан гурунг беришда давом этди. — Ҳозир ҳам иши беш. Катта пенса олади, фахрий… Яқинда телевизирда кўриб қолдим. Мухбирнинг нима қилинса турмуш яхшиланади, деган саволига, тарихга тош отабермай интизомди мустаҳкамлаш керак, деди. Ана! — Тангриқул ака қаддини ростлади. — Тарихга тош отма! Ўртоқ Сталин ўлганидан кейин ботир кўпайиб, роса уни ёмонлашди. Брежнев ўлганидан кейин ёмонга чиқди. Шароф ака Рашидов оламдан кўз юмишиминан у кишигаям тош оттила! Брежнев вақтида халқ ёмон яшадими? Дўконлар тўла эди! Йў-ўқ, хон кўрмаган бачалар валдирайверадила, қайта қуриш, ошкоралик деб. Уларди оғзига уриб, тийиб қўяйтикон бир инсон керак Сталиндай. Мен сизга айтсам, отамиз жиловдан қаттиқ тутай эди. Шунинг учун ҳам бой-муштумзўрларди думини тугиб, калхўз тузишдаям, пошизмга қарши курашдаям ғалаба қозонди. Унинг даврида халқлар аҳил эди. Сен ўрис, сен арман деб миллат ажратиш бўлмас эди.
— Деб кўринг-чи!
— Ҳа, ана! Қаттиқ тутайди-да! — Тангриқул ака биққа қўлини мушт қилиб сиқди.
Ўн саккиз киши… ўн саккиз одам боласи… ўн саккизта оила бошлиғи. Оғо… Тасаввур қиламан: бўйи пастроқ, камтар, камсуқум, сочлари ҳаёт мушкулларидан эрта оқарган шикастадил бир инсон.
— Наҳотки, Оғо динамит қўйган бўлса?! — ўсмоқчиладим.
Тангриқул ака ялт этиб менга қаради. Кўзларидан иккиланаётгани сезилиб турарди. У елка қисди.
— Мол оласи сиртида, одам оласи ичида, а? Бекорга айтишмагандир? У қўймаса бошқаси қўйгандир, қайдам. Бўлмаса каттаю кичикни оғо-оғо дер, бизам уни оғо дер эдик. Ўзи мана мундай, беданаюриш қип йўрғалаб юрайди.
Уҳ тортиб, водариғ деб юборганимни ўзим билмай қолибман.
Тангриқул ака шошиб юзига фотиҳа тортди, юмаланиб ўрнидан тураётиб:
— Меймон, чарчабсиз. Йўқ деманг. Узоқ йўл кишини чақиб ташлайди, — деди-да, чўлоқланиб эшик томон йўл олди. Биз ҳам кузатгани ортидан чиқдик.
Тангриқул ака деворга суяклик турган велосипедини етаклаганида, Жўрақул:
— Ҳай-ҳай, қуда бова, худо кўрсатмасин, қоронғида яна… буни қолдира қолинг. Куёвингиз мошинда элтиб қўяди, — деди мулозимат қилиб.
— Мошин биздаям бо-ор, — деди Тангриқул ака Жўрақулни велосипеддан четлатиб. — Мелисда бор, Ворошилда бор. Лекин менга ўзимди беминнат шайтон аробам тузук.
Бу сўзлар Жўрақулдан кўра менга қарата айтилганини сезиб, кулгим қистади. Тангриқул ака «шайтон ароба»сида қоронғиликка шўнғиди. Менинг ҳамон илжаяётганимни Жўрақул ўзича йўйиб:
— Бобой ҳали бақувватлар, — деб қўйди.
Ҳа, албатта, ундайлар чиниққан бўлишади. Лекин менинг кулгимни қистатган нарса бошқа… Мелис атамаси эди. Тангриқул аканинг эътиқодини қарангки, пролетариат доҳийлари Маркс, Энгельс, Ленин, Сталин номларининг бош ҳарфларини жамлаб, тўнғичига Мэлс деб ном қўйибди. Бошқасига Ворошил… Ҳа, хайр, Тангриқул аканинг учинчи фарзандининг номи нима экан? Иккинчиси Ворошил бўлгач, учинчиси Будёний ёки Фрунзедир?
— Лаббай? — деди Жўрақул.
— Яна фарзандлари борми?
— Қизи бор.
— Оти нима?
— Сталина.
— Во ажаб! —ёқамни ушладим.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 6-сон