Ё тавба, одам одамни шунчалик ҳам қўмсайдими? Шунчалик ҳам зориқадими, ахир, икки йил, ҳа, икки йилдан ошиб кетган кўришмаганимизга. Дарвоқе, у мени ҳатто танимаслиги ҳам мумкин-ку, бироқ шунчалик ҳам тип-тиниқ хотирлайдими кишини? Мана, ҳозир кўриб қоламан уни: ҳам истаяпман, ҳам ишоняпман. Шуурим тиниқлашиб, хотирим ёрқин тортиб бораётир: қизиқ, у қанақа йиғларкин-а, ахир газетадаги мақолани ўқиб кечгача йиғладим деганди-ку. Эри тутоқиб уришиб берганида ҳам у тўхтамаган-ку. Йў-ў-ўқ, эҳтимол, йиғламагандир, жуда мағрур-ку у. Мабодо йиғласа ҳам одам зотига ўхшаб йиғламаса керак дейман, биров овутиб тўхтата олмайдиган ҳолга тушиб йиғласа керак. Нечукдир шунақа тасаввур қиламан: кўпчилик қизлардай ҳўнграб йиғлашини кўз олдимга келтира олмайман: тишини тишига босиб, бирор нарсага кўзларини ўқдек қадаб, шу ҳолича ёши шўрғалаб йиғласа керак.
Аммо мен у нега йиғлайди, нима сабабдан ундай йиғлайди, деб савол беролмасдим ўзимга. Биласизми, айни маҳалда чиндан ҳам ишонардим унинг рўпарамдан дуч келиб қолишига. Ишонардим. Мен овсар, балки беҳудадир, мана шу ишончни йўқотиб қўймасликка зўр бериб тиришардим. Эътибор берганмисиз, аксар ҳолларда ўта қаттиқ интилган режангиз амалга ошмайди ёки чаппасидан келади. Шу лаҳзада, ишонасизми, шу нарсаларни ҳам ўйладим; бироқ барибир уни аланг-жаланг излардим. Мовий кўйлак кийган бир жувон ёнгинамдан ўтиб кетди. У кўппак етаклаб олган бўлса-да, шошиб қолиб ўша деб ўйлаб метрогача эргашиб бордим. Сўнг у итининг бўйнидан ушлаганча метрога кириб кетди. Йўқ, дейман ўзимга, мен бунчалик ҳовлиқмаслигим керак, ўзи шундоқ табиий вазиятда учраб қолади. Ҳозир аллақаерлардан лоп этиб пайдо бўлади (ортимдан келиб кўзимни беркитса-я, йўқ, бу мумкин эмас – унинг феълига тўғри келмайдиган қилиқ), мен эса уни қучиб ўпиб оламан. Уради. Лекин, ахир, нега уради, масалан, сиз агар орзуингиз ушлаб кўриш мумкин бўлган моддий нарсадан иборат бўлганда эди, имоним комил: кечгача ўпган бўлардингиз у аёлни. Аёлни метрода кўришим мумкин, мен ҳозир биринчи марта шундай ҳолатга тушиб қолдим: йўлим кенг ялангдай, ҳеч ким менга халал бермайдигандай, хоҳласам, шу яланг узра учадигандек. Сизда ҳам бўлса керак шундай туйғулар, менга ҳозир, ҳамма ишдан қайтаётиб метро бекатида одамлар қумурсқадек уймалашиб кетса-да, тўсқинлик қилишмас эди. Барча менга хайрихоҳдек эди, шундай лаҳзалардагина ҳамма нарсани, ҳатто душманингни ҳам бирданига сева оласан киши. Бояги аёл бегона бўлиб чиққанидан ҳафсалам пир бўлди. Ва шу заҳоти икки йил бурунги…
Ҳафталик газетанинг, гарчи бошқалар ҳавас қиладиган адабиёт бўлимида ишлаш-да жонимга теккан, эшик тақиллатиб кирган ҳар қандай киши ҳам кўзимга балодай кўринарди. Жума куни бўлгани учун иш вақти тугамасдан бурун жуфтакни ростлаб қолишга шайланиб тургандим. Эшикни қия очиб қўйдим: бош муҳаррирнинг ўтганини кўрсам бас, мен ҳам ғойиб бўламан; шу чоғ эшикнинг ёпиқ табақасига бир қиз келиб суянди. Сочи жуда калта қилиб кесилган, қулоқлари усти оврупачасига очиб қирқилган, кўзлари кўкиш, бўйчан, русгаям, ўзбеккаям ўхшарди, дурагай экан-да деб хаёл қилдим. Ўзбекчалаб, жуда бурро тилда салом берди. Алик олганимдан сўнг:
– Тоҳир ака сизми? – деб сўради.
– Ҳа, мен.
– “Кунтуғмишнинг орзуси”ни сиз ёзгансиз-а?
Нимагадир тилим айланмай қолди. Бирор жанжалкаш муаллифдир ёки бўлмасам улардан бири жўнатган чиқар, деган хаёлга бордим, жанжалнинг қизиғини бошлаб юбормаса-ку, деб нафас ютиб туравердим.
У эса ерга қаради. Қизарди. Мен енгил тин олдим. Аммо иккимиз ҳам миқ этмадик.
– Яқинда газетангизда парча чиқди-ку? – деди у ва менга ялт этиб бир қаради-ю, сўнг деразага тикилди. Мен ҳам деразага тикилдим.
– Ҳа, ҳа, тўғри.
– Демак, сизники?
– Ҳа, дарвоқе, мен ёзганман ўша қиссани. Кечирасиз, саволингиз эсимдан чиқибди. Э, кирмайсизми ичкарига, остонада турманг, ёмон бўлади.
– Динга ишонасизми? – деб сўради у, секин ичкарига кираркан.
– Бунинг динга алоқаси йўқ, момомнинг остонада турманглар, деган танбеҳи эсимда бор, нимаси ёмонлигини ўзим ҳам билмайман рости.
– Мен ҳам ишонмайман. Лекин… ўша қиссангиз зўр экан.
Бу муомала менга ёқмади. Хушомадгўйга ўхшаб кетдими-ей. Кутганимдай у менга бир ҳикоя берди. Қирқ саккиз саҳифали дафтарга яшил сиёҳли ручкада ёзилган, деярли тўла эди. Ҳикояда севгисига етишолмаган қизнинг ҳижронлари баён этилган, йигит айбдор қилиб кўрсатилган, қораланган эди. Ростини айтсам, худди шунақа асарларни ўқисам тепа сочим тикка бўлиб кетарди. Тавба, келишиб олишгандай қизларнинг ҳаммаси шу мавзуда ёзишади-я. Бироқ асарнинг ҳуснихати шу қадар бежирим ва чиройли эдики, кўрган кўз қамашар эди. Боз устига менга ўхшаган “ҳарфхўр” ҳам бирорта имловий хато тополмайди. Афтимнинг бужмайганини кўриб қиз сесканди.
– Ахир ҳаммаси бўлган воқеалар, мен исмларни ўзгартирдим, холос, – дерди у.
– Тушунмаяпман, – дейман мен ҳам. – Эътироз билдираётганим йўқ-ку.
Ўқиб чиққач, хўрсиндим.
– Наҳотки қизларнинг ҳаммасини фақат шу нарса ўртаса?!
– Қандай экан? – деди қиз хотиржам оҳангда.
– Баёнчилик экан, фикрлашингиз жўнроқ.
– Ўнинчи синфни битирганман, холос.
– Ўқишга кирмаганмисиз?
– Энди кирмоқчиман.
– Журналистикагами?
– Ҳа, жуда қизиқаман.
Мен уни кўпроқ гапга тутгим келаверди, қиёфасида соддалик аралаш жозиба бор эди. Бирдан у:
– Сиз менга қандай ёзиш кераклигини ўргатинг, – деб қолди.
– Майли, – дедим мен, гарчи бу ваъдам бемаъни бўлса-да. У менга анча жиддий тикилди. Чамаси, ишонди.
– Жуда яхши бўлар эди, шу кунларда ҳар куни келиб турсам майлими?
– Бемалол, бу ерга эмас фақат, бизникига борсангиз биргалашиб ёзишимиз ҳам мумкин.
– Йўғ-э, вақтим бўлмайди менинг. Ҳозир ҳам жуда шошиб турибман.
– Ие, шошган қизни ўзингиз биласиз-ку.
У дув қизариб кетди.
– Менинг эрим бор, – деди у ниҳоят. – Сиз бошқа нарсани хаёлингизга келтирмаслигингизни илтимос қиламан.
– Ростданми? – мен чиндан ҳам таажжубда эдим. – Худди қизчага ўхшайсиз-а.
– Раҳмат эркалатганингиз учун. Бунақа гапларни эшитиш қандоқ приятний. Уф-ф, лекин ўн бир йил бўлган эрга чиққанимга.
Ёпирай, ё қудратингдан! Бундай мўъжизаларинг ҳам бормиди! Ахир мен унинг мактабни тугатганига шубҳа қилиб ўтирсам-а. Наҳотки! У энди нечундир менга эмас, деворда осиғлиқ турган Хемингуэйнинг сервиқор суратига тикилиб ўтирарди. Менинг ҳаяжонимга у деярли парво қилмади. Ёки сездирмади. Тўғриси, унинг эрга текканига ўн бир йил бўлганига шубҳам бор эди.
– Ҳа, ишонгим келмаяпти, – дедим.
– Уйдагилар эрта берворишган, мактабни тугатар-тугатмасимдан эрга чиққанман.
– Хоҳишингиз биланми?
У ўнғайсизланди.
– Поччамиз яхши одамми ишқилиб? – дедим яна.
– Ундан бошқасини тасаввур қилолмайман, – деди у жиддий. – Ўзиям ўлгудай рашкчи. Мени бу ерга келганимни билсалар, билмадим, нима бўлади? Нон дўконга ҳам бир ўзимни чиқармайдилар. Мен ҳам шунга яраша рашкчиман-де, бир-биримизни жа-а яхши тушунамиз. Газета-журналларни бирга ўқиймиз. Бир гал “Оқшом”да жудаям таъсирли бир мақолани ўқиб қолдим-да, уларнинг олдиларида ҳўнг-ҳўнг йиғлайверганман, овқатам емаганман, то эрталабгача йиғлаганман. Кейин битта дафтарни тўлдириб “Оқшом”га ёзиб юбордим. Негадир жавоб келмади. Биласизми, мен ҳар қандай ишни эплайман, фақат ўқишга киришим керак, журналистикага. Газетада мақолалар чиқарса имтиёз беради дейишади, тўғрими?
– Имтиёз эмас, бу мажбурий – мақолангиз чиқмаган бўлса ҳужжатингизни олишмайди. Кечкига кирмоқчимсиз, ё сиртқигами?
– Икковининг биттасига-де. Ёмон экан мунақа шарти бўлса.
– Қоида шунақа-да.
– Демак, мен умуман киролмас эканман-де, а?
Бирам илтижоли тикилдики, ихтиёримда бўлса, уни ўқишга киритиб қўйиш истаги туғилди беихтиёр. Шу баробар унинг мендан нажот истаётгани боисми, ихтиёрсиз бир ғурур ҳам пайдо бўлди.
– Унақа умидсизликка тушманг, мақолалар чиқарсангиз бўлади, масалан “Оқшом”га ёзсангиз тезроқ чиқаришади. Ростини айтсам, сиз мана бу ҳикоядан воз кечинг, эълон қилишга арзимайди-да.
– Нима учун? – деб сўради у тағин таажжубланиб.
– Қандай тушунтирсам, примитивроқ-да.
– Нима дегани у?
– Жўнроқ демоқчиман.
– Ахир мен бўлган нарсани ёзганман, ишонмасангиз ўша одамларнинг уйиниям кўрсатиб қўйишим мумкин.
– Сиз тушунмаяпсиз. Мен бадиийлигини назарда тутяпман. Шу томондан талабга жавоб бермайди.
– Бошлиғингиз борми? – деб қолди у бирдан.
– Муҳаррирми?
– Ҳа, муҳаррир.
– Шу ерда бўлиши керак, фақат у кишининг бунақа қўлёзмаларни ўқишга вақти йўқ.
– Мен жуда шошиб турибман, – деди яна у. – Қайнонам хавотир олаётгандирлар. Кичкинам касал эди.
– Болаларингизам борми?
У кулимсиради. Мен ўнғайсизландим. Суҳбат давомида унинг жувон эканлигини дам-бадам унутиб қўярдим. Ёки… Йўқ, у эҳтиросга берилмасди, пича совуққонроқ, ҳаётни мендан кўра яхшироқ биладиган кўринарди. Мен, боягина унинг бошини айлантиргим келган одам эса бир кичик гўдакка ёрдам бераётгандай ғамхўрлик қилгим келарди.
– Саволим ноўрин бўлса кечирасиз, мен сизни ҳамон ўсмир деб тасаввур қиляпман.
– Ёқимли гап, – шундай деганида унинг чўзиқроқ юзи янада ёришиб, лаблари қимтилиб, шундай ҳолатга тушдики, худди намойишга қўйилган маликадай бўлди-қолди. – Каттам иккинчи синфга борвотти.
У шундай деб яна деворга, Хемингуэйнинг суратига тикилди. Худди шу лаҳзада “Сиз жудаям гўзал экансиз” деб юборгим келди. Ўзимни зўрға тийдим. Аслида-ку, менинг суқланиб тикилишларимдан зада бўлиб ҳам кетди – яна “кетаман”га тушди.
– Менинг сизга маслаҳатим: “Оқшом”га ёзиб туринг. Тез-тез мақола чиқариб туринг, – дедим яна.
– Қизиқ, нимани ёзсам экан? – деб менга термилди. Чамаси у умрида биринчи марта нажот сўраётгандай туюлди.
Азбаройи ёрдам бергим келаётган бўлсаям:
– Маҳаллангиздаги яхши одамлар ҳақида, – дедим беихтиёр. – Борми ўзи шундайлар?
– Ҳа-а, бор-бор, – деди у. – Юсуф бува деган борлар, урушда қатнашганлар, ўшаларни ёзсам-а, чиқазишармикин?
– Албатта.
У шошма-шошар эмас, аксинча, оҳиста гапирар, бироқ одамлар билан кам мулоқотда бўлгани боисми, содда фикрларди.
– Кечирасиз, сиз қаттансиз ўзи?
– Сурхондарёлик. Ўхшаяпманми?
– Билмадим. Очиғи, мен ҳеч жойни кўрмаганман, ҳатто ўзим туғилиб ўсган Тошкентни ҳам дуруст билмайман. Ишонмаяпсиз? Йў-ў, серёзний, мен алдамаяпман.
Дунёда бировни алдаш қўлидан келмайдиган инсонлар бўлади. Улар билан бир зум суҳбатлашсангиз бўлди, кўнгли очилдастурхондай билиниб туради. Баъзан одамёввойи, қишлоқи қизлар, айниқса, тоғликлар ҳақида бировга сўзлаб берсангиз, суҳбатдошингиз, албатта, ўша қизнинг қолоқлигига, бироқ барибир ўта иффатлилигига қойил қолиб ўтиради. Қаршимда ўтирган жувоннинг эса улардан фарқи – шаҳарда яшаганлиги эди, холос. У ҳамма нарсага боланинг кўзи билан қарар, боланинг дили билан ҳайратланиб қоларди. Аммо у ўзини атайдан мағрур ва катта олар, эҳтимол, атрофидагилар кулмасликлари учун шундай қиларди. Унга тегишиш учун:
– Сизни Сурхондарёга олиб кетаман, – дедим.
Жувон эса бу гапни жуда жиддий қабул қилди.
– Қизиқ гапирасиз-а, қандай қилиб бораман? – деди.
Дарҳол гапни бурдим:
– Бу қадар содда бўлманг. Ўзингизга қийин бўлади.
Менга шундай туюлдики, гарчи у сочини қирқтириб, ўзича модага мослаб кийинган бўлса-да, зоҳиран мағрур кўринса-да, анчайин одамови жувон. Унинг биринчи марта уйидан сўрамай чиққанига ҳам имоним комил эди. Жувоннинг – уни ҳеч шундай атагим келмайди, кўнгил изҳори ва менга ёзиб келган бояги ҳикоясининг соддалиги шундан далолат берар эди. Мен энди фақат тоғ-даштлардагина эмас, орамизда юрган, биз кўриб-кўрмай, кўрсак-да, кўпинча эътибор қилмайдиганимиз – сулув ва гўзал қалбли қизлар ҳақида биринчи марта ўйладим. Нақадар гўлмиз, дедим ўзимча, кўнгил жозибаси ҳақида суҳбатлашсак ёки ўйласак, фақат ўзимизча тасаввур қилган қишлоқ қизлари тўғрисида гапирамиз ёки ёзамиз. Жувонга нисбатан алланечук ҳавасми, рашкми, ишқилиб бир туйғу билан дил изҳор қилиб қўйгим келди. Дарвоқе, шунда у мендан ёшимни сўради. Айтдим. Тўрт ёш кичик экансиз деб кулди. Ёшим ундан катта кўрингани учун хижолат чекдим.
Аёл кетмоқчи бўлиб ўрнидан тураётганида бир гап бехосдан оғзимдан чиқиб кетди:
– Ўзи мен доим шунақа: жувонларни яхши кўриб юраман.
– Ие, уйланмаганмисиз? – дея ажабланиб қолди у.
– Ҳа, уйланмаганман, идеал қиз йўқ. Борлари насиб қилмайдиганлар – сизга ўхшаган.
Унинг энди бироз жаҳли чиқди.
– Кечирасиз, – дедим. – “Оқшом”га ёзиб туринг.
– Кечирасиз, – деди у ҳам шошиб. – Энди барибир бу йил киролмасам керак. Вақт жуда оз қолди-ку.
– Кўнглингизни туширманг-да лекин.
– Раҳмат.
Ҳис-ҳаяжонсиз, босиқ, жуда табиий чиқди бу сўзлар унинг оғзидан.
Кетди. Шундан сўнг бирон марта қорасини кўрсатмади.
Мана, ниҳоят икки йилдан сўнг мен – энди уйланиб, бир боланинг отаси бўлсам-да, ҳамон ўзимни ёлғиздек ҳис қиладиган бир ҳаваскор банда бутун борлиғим билан ўша жувонни учратишга жон-дилдан ишониб турибман. Учратаман, бу – аниқ. Бу ерда бўлмаса, сал нарида ёхуд ундан ҳам нарироқда, албатта, учрайди. Савқи табиий бир туйғу бутун шууримни қоплаб олиб, ўзимни тушда кечган ҳодисалар ҳозирнинг ўзидаёқ кўз ўнгимда рўй беришига ишонтириб турибди. Ҳа, у ўша ҳаворанг кўйлагида товланиб, эҳтимол, анҳор бўйида кутиб турган бўлади. У пешвоз чиқади, лабларини бироз қимтиб, кўкимтир кўзларини хиёл сузиб, жилмайиб, бўйчан қомати ярашгандан-ярашиб, оҳиста қадамлар билан, жиндек гуноҳкордек… уялиб…
Каминани ёлғончига чиқармаслигингиз учун пайти келганда айтиб ҳам қўяй: орадан анча-мунча вақт ўтиб у менга телефон қилганди; овозидан танигандим, адашмасам, ўша эди – қизларни дини исломга даъват этувчи мақола ёзгани, шу мавзуда ёзилган нарсани чиқариб бўладими ё йўқлигини сўраб; мендан ҳадеб ўша жувонмисиз деган мазмундаги терговнамо саволлар олавергач, жимгина гўшакни босиб қўйганди, ўшандан бери бир улуғ жимлик ҳукм сураётгандек. Қолаверса, мендай гуноҳларга ботиб, ҳаётнинг турли сўқмоқларига бошини суқиб чиққан эса-да, излаган хазинаи давлатини тополмаган кимса. Юрак уриб, бировга – тушунгувчи, жиллақурса, бош эгиб эшитгувчи, фариштамисол ожиза қошида эмраниб би-ир ёрилсам ҳам дейман.
…Оҳиста қадамлар билан кела бошлади – худди ҳинд фильмларидаги нозанин каби – бу эртакка ишонмайин дедим, лекин бўшашиб, ҳарсиллаб, ўзимни йўқотар алфозга тушдим. Тушга ўхшаш муҳмал бир ҳолат. Туйқус қўлим қўлига тегди – азбаройи ҳаприққанимдан, худди уйқуда тошнинг устидан тушиб кетдим. Юрагим орқага ёпишиб урмай қолди гўё. Бироқ томдан ағанаган киши ерга тушади-ку. Мен ўзимга келиб нашъа қила бошладим, шу ҳақда унгаям сўзладим, лекин ўзим сезмадим, тавба, нималарни сўзладим, сўзларимга қулоқ тутгим келди, учиб бораётган сўзларни тутиб олиб эшитдим бир-иккитасини: “Лайли эмасмисиз, Лайли эмасмисиз, сиз, мен…” Менинг сўзларим унинг юзига урилди, қизил лаблари тағинда қизарди, юзи ҳам қон тусини ола жўнади. Ўша лабларнинг орасидан эгиз чақалоқлардек бир-икки жондор сўз чиқа келди. Уларни олиб кўксимга қўйдим. Сўнг ўша таниш лаблар қоя атрофида қайга қўнишини билмай юрган мусича каби қайноқ нафас уриб талвасаландилар. Вужудимнинг титроқ буйруғи ила мен мусичаю жондор сўзларнинг эгасини бирдан қўлларим ила қучдим. Энгашдим. Хира туман каби парда тортилди-ю, шу парда ортидаги эга тўлқинли сувдаги акс мисол чайқалди. Белдаги қўлларим иссиқ сувни қучгандай бўлдилар. Йўқ, ахийри билсам, у сув ҳам эмас, нимадир хиёнат юз берди шу ерда. Ҳаво – оддий бўшлиқ қолди, холос. Қизнинг ёрқин чеҳраси балқиб турган бир сурат ҳавода чайқалди. Суратга қўл чўзсам, у ҳам йўқолди-да, ҳангу манг бўлиб қотиб қолдим. Ёнимда солланиб оқаётган анҳорнинг юзини-да ҳижоб янглиғ бир парда қоплаб ётарди. Уятдан юзим чўғдай қизиб кетди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 5-сон