Илгари билими бор илм қилган бўлса, ҳозир шароити бор илмий иш қиляпти, деб ҳисоблайди кўпчилик.
Ҳақиқатан, ҳамёнингиз қаппайган бўлса, ҳар қанақа асарни бир зумда ёзиб берадиганлар сероб.
Лекин мен битта одамни учратганман – уни ҳақиқий китоб титиб, тиришиб ўқиб асар ёзган деб қўрқмай айта оламан. Мана тасаввур қилинг, бирор соҳада бирор нарса ёзмоқчи бўлсангиз, мавзу номини шарт интернетга киритасиз – бир дунё китоб тақдим қилади. Айниқса табиий фан соҳа олимларига қулай бу. Инсофи борлари сал-пал уёқ-буёғини ўзгартириб ёзади. Бир олим ёзган диссертациянинг тескарисини ёзиб яна биттаси олим бўлиб кетибди. Адиб Абдулла Қаҳҳор айтгандек “бўрининг тишига сера кислотасининг таъсири”ю , “бақанинг асаб системаси” бўйича ҳам анча-мунча билимлар тўпланиб қолди.
Лекин у одамни кўпчилик танимайди. Билганлар уни Тахтахўжаев дейишади, аслида Тўхтахўжаев бўлса керак. Хонасида китобларга кўмилиб ўтирадиган одам.
Шу Тахтахўжаев бир нарса устида изланиш олиб бораётган экан. Мавзуси: адабий асарни ўқиб муаллифи кимлигини аниқлаш. “Китоб муқовасига қараб аниқлаб қўя қолса бўлмайдими”, деб сўрадим. Кейин у мавзунинг аҳамиятини тушунтириб кетди, барибир тушунмадим, сизга айтсам ҳам барибир тушунмайсиз.
Муҳими, мен унинг тадқиқоти билан танишдим. Баъзи жойларида асар муаллифини аниқлашда ноаниқликлар ҳам мавжуд экан, ҳали тадқиқот давом этади. Сизга ҳам айрим қисмларини тақдим этмоқчиман, кўринг-чи..
Демак, бошладик:
Агар илмий муаллиф ўқувчига сенсираб мурожаат қилса, Беруний ё Ибн Синоники.
Агар “эй фарзанд” деб мурожаат қилса, Кайковусники.
Шеърда мабодо “галдир” сўзи учраса Чўлпонники.
Агар асар воқеалари ўта совуққонлик, қисқалик ва бетарафлик билан ҳикоя қилинса ва қаҳрамонлар ақлли сўз ўйинларию истиоралар билан сўзлашишса, улуғ ёзувчи Абдулла Қаҳҳорники.
Асарни ўқиб бўлиб эски Тошкентнинг тор, чанг кўчаларида Хадрадан Говкушга қараб йўл четидаги чўққисоқол чолларнинг “вой, хувори”, “хумпар”, “қўй, чироғим” дейишларига қарамай ғизиллаб югураётган кир иштонли болачалар эсингизда қолса ва воқеалар ҳар куни такрорланадигандай бўлса, улуғ адиб Ойбекники.
Замонавийроқ ғазал “нур” билан якун топса, Чустийники.
Агар асардаги ҳар бир саҳифада 20 талаб мақол ва иборалар учрагани етмагандай, бобларнинг номи ҳам мақолдан ташкил топса, атоқли адиб Шуҳратники.
Аслида бадиий саналган асарда Ғафур Ғулом, Усмон Юсупов каби тарихий шахслар ҳам кўриниб қолса Саид Аҳмадники.
Асар аниқ бирор бир касб-соҳага бағишланган бўлиб, салбий қаҳрамон асосан нопок зиёли бўлса Пиримқул Қодировники.
Шумгина болакай оила аъзоларини бувижоним, ойижоним, дадажоним деб чақирса Худойберди Тўхтабоевники.
Асарнинг хушрўй қаҳрамонлари гўзал манзараларда тасвирланса ва ҳаттоки уларнинг исмлари ҳам чиройли танланган бўлса Ўлмас Умарбековники.
Эҳтиросли асарнинг эҳтиросли қаҳрамони тез-тез бокира ва покиза хаёлларга тутқун бўлиб турса, “начора”, Ўткир Ҳошимовники.
Асарнинг салбий қаҳрамони қаерда яшашидан қатьи назар Бухоро шевасида бийрон гапирса Неъмат Аминовники.
Агар асарни биров бемалол жойлаши-иб ўтириб олиб, дўстона тарзда ҳикоя қилиб бергандек туюлса, бу Шукур Холмирзаевники.
“Бошқача”ни бошқача қилиб “дигаргун” деб ёзилган бўлса куюнчак ёзувчи Нусрат Раҳматники.
Катта катта ижодий давралардаги ҳазил-ҳузул гапларни мароқ билан ўқисангиз Шодмон Отабекники.
Агар асарда хатбошилар жуда кўп бўлса, жуфт равишлар (ишлаб-ишлаб, ўйнай-ўйнай) ҳам кўп қўлланса, Тоғай Муродники.
Аксинча, агар асарда хатбоши икки-уч варақда биттагина учраса ва диалоглар камёб бўлса Нурали Қобулники.
Асарни ўқиб сал хавотирга тушсангиз Омон Мухторники.
Асар қаҳрамонларига нисбатан енгилгина киноя билан ёзилган бўлса ва бир қаҳрамон бошқа бир асарда ҳам ўз характерию галатепадаги уй-жойи билан кўриниш берса Мурод Муҳаммад Дўстники.
Асар қаҳрамонларига нисбатан аччиққина киноя билан ёзилган бўлса Эркин Аъзамники.
Шеърда “кангул” ёзилган бўлса шоир Икром Отамуродники.
Шеърбоп чиройли сўзлар орасидан лоп этиб қишлоқча, тўпори сўзлар чиқиб қолса ва шеърда май сал пал эсланса Муҳаммад Юсуфники.
Агар асарда ҳали бирорта луғатга киритилмаган сўзларни (расмойна, зинайўлак, боғкурси) учратсангиз ва Олтиариқ бодринги таъмини сезсангиз, шубҳасиз, Анвар Обиджонники.
Шеърда классик шоирларга (Навоий, Бобур, Фузулий в.б) ссилка берилса Хуршид Давронники.
Агар асарга фақат Қўқон атрофидагилар ўзгартириб қўллайдиган сўзлар (ҳадим, паянник, каранда…..) аста-секин ўрмалаб кириб келаётган бўлса Саид Анварники
Агар асар қаҳрамони (қаҳрамон бўлгандаям ҳақиқий қаҳрамон) беш-ўн каллакесарлар чангалидан абжирлик билан омон чиқса ва ҳеч ўқ тегмаса Нуриддин Исмоиловники.
Агар асарда бировга айтишга уяладиган жойлари ҳам батафсил ёритилган бўлса бу Оллоёр Бегалиев ё Ҳабиб Темиров ёхуд Солиҳ Қаҳҳорники.(изланишлар давом этади)
Лирик шеърда техникага оид (авто, аэро) атамалар учраса Умида Абдуазимованики.
Кўнгилни айнитиб юборадиган манзаралар ҳам “чангини қоқмасдан” тўғридан тўғри тасвирланган бўлса истеъдодли ёзувчи Саломат Вафоники
Шеър ё достонни ўқиб тушунмасдан ваҳимага тушсангиз Фахриёрники.
Агар асарнинг катта-кичик ҳар қандай персонажи ўзининг шахсий чуқур фалсафаси асосида ҳаракатланса Улуғбек Ҳамдамники.
Асарнинг катта-кичик деталлари, майда чуйда кўза, қарға, тош, қум, ит каби элементлари ҳам фақат Маъно ташиса унда Исажон Султонники.
Агар истеъдодли ва бетакрор адиблару ажойиб, дилбар шоиралар ҳақидаги мақолани ўқиб, ажиб бир ҳис ва ҳайратларга ошно бўлсангиз, бу мақола журналист Исмат Хушев томонидан ёзилган.
Мақолада “интрига”, “вачач!”, “шок!!!”, “прикол” сўзлари ва “қум борми?” деган оригинал ҳақорат ҳам учраб қолса, унда сиз сайёд.ком сайтидасиз.
Изланишларимиз давом этяпти…