Жўрабек Рамазонов. Абадият афсонаси (ҳикоя)

“Унинг қалби севишга қодир, ўзи эса севилишга муносиб эди. Малика учун ҳаёт ҳамма йўлларини бекитиб қўйган, у боши берк кўчада ўзи сезмаган ҳолда қувноқ ва бепарво яшарди. Лекин унинг кўксидаги юрак лоқайдликни билмайди, дуч келгандан меҳр кутаверади. Бу юракка ёвузлик отли туйғу тамомила ёт эди. Бироқ барибир тақдир маликанинг барча йўлини тўсган, очиқ қолган биргина йўл эса ажал йўли эди…”
Ҳар сафар шу ерга келганда онаси уни бағрига босиб, унсиз йиғлайди. Бошқа гапирмайди. Қизалоқ эса олти йилдан буён эртакнинг давомини кутади.
– Ойи, нега охирини айтмайсиз?
– Катта бўлганингдан кейин айтаман.
– Мен ҳалиям кичкинаманми?
– Тақдир қўлида ҳаммамиз бир заррамиз.
Баъзан унга алам қиларди; бошқаларнинг ойиси матал айтишдан чарчамайди, ўзлари ҳам тўқийверади. Унинг онаси эса фақат биттагина эртак билади. Шуни ҳам охиригача айтмайди.
“Унинг кўксида бўрон туғёни, шамоллар қудрати ва тоғлар жасорати мужассам. Маликанинг митти, лекин залворли кўкси ҳар қанақа ёвузликни маҳв этиш имконига эга. Енгиб ўтди қанча-қанча синовларни. Унинг сўнгги рақиби эса ўлим эди…”
Йўқ, онасидан эртакчи чиқмайди. Бир нарсани ҳадеб такрорлайверганидан қизалоқ бу мужмал, чала афсонани сўзма-сўз ёд олган. Онаси уйда бўлмаган кезлар кўзгудаги аксига тикилганича ўз-ўзича такрорлайди эртакни. Ана шунда кўксида нимадир уйғонаётгандек туюлаверади. У шунчалик берилиб кетадики бу афсонага, аллақандай товушларни, шарпаларни ҳис қилади. Бутун вужуди билан ҳатто ўзи сезмаган ҳолда сеҳрли дунё бағрига шўнғийди.
Оқшомда кўк кўксини булут қоплади. Ярим кеча у чинқириб уйғонганида кўзлари онасининг даҳшат тўла нигоҳи билан тўқнашди. Шу дам эшик қаттиқ зарб-ла очилиб, шамол ваҳимали қўшиғини олиб кирди. Деразапарда узилди. Шаррос қуяётган ёмғир ойналарга урилар, дам-бадам чақмоқ чақиб, кучли момақалдироқ гумбирларди.
– Ойи, қўрқаяпман.
– Қўрқма! Сен қўрқмаслигинг керак.
– Чақмоқдан қўрқаман.
– Ухла, – деди онаси оҳиста бўйнидан қучоқлаб. – Мен сенга эртак айтаман.
– Яна ўша эртакми? Ҳаммасини биламан. Охирини айтинг.
– Яхши, – деди она оғир тин олиб. – Давомини айтаман.
У эртакни тугатишдан қўрқмайди, шунчаки қандай якунлашни билмайди, холос. Чунки ўзи тўқиган бу ягона афсонанинг охири ўзи учун ҳам мавҳум эди. Эски маталлар каби мурод-мақсадига етибди қабилида нуқта қўймоқчи бўлди-ю, ёлғиз фарзанди қаршисида гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқди. Фожиали интиҳо ясаш ҳақида ўйлаши билан эса даҳшатга тушарди.
“У ниҳоят ўлим билан юзма-юз келди. Ажал фариштасининг қоқ рўпарасида туриб титрай бошлади. Малика энди орзу, ҳавас, ҳаёт, келажак – баридан умид узган, биргина шаҳзодаси ҳақида ўйларди. Аммо ўша халоскори ҳозироқ пайдо бўлиб, қаршисидаги ажални даф қилишини хаёлига келтирмасди у…”
Ўн ёшли қизалоқ учун бу ниҳоятда оғир афсона эди. Жон қулоғига сингиб кетган эртакнинг моҳиятини англаш учун у жудаям ёшлик қилади. Шу боисданми, онасининг пичирлаб чиқаётган товуши остида дарров ухлаб қолди. Кўп ўтмай аёлнинг ҳам кўзи илинди.
Шамол, ёмғир, умуман, табиатнинг бу тунги намойиши бежиз эмасди. Уйқу уммонига кўмилган она-бола айни шу кеча эртакка нуқта қўйилишини қаёқдан билсин…
Қизалоқ чўчиб уйғонганида эшик олдида уст-боши шалаббо, қоронғуда ҳам соқоли яққол кўзга ташланиб турган ваҳимали шарпани кўрди-ю, илгаригиларидан-да кучлироқ овозда чинқирди. Бу овоздан ҳозир онаси уйғонади-да, уйларига бостириб кирган ёвуз одамни ҳайдаб юборади. Агар кетмаса, уни ўлдиради. Қизалоқ эсини таниганидан буён онасининг сумкасида пичоқ олиб юришини ҳам, ёстиғи остига болтача қўйиб ухлашини ҳам билади. Бунинг сабабини бир неча бор сўраган бўлса-да, тайинли жавоб ололмаган.
Она унинг навбатдаги фарёдидан тез уйғонди-ю, деразага қаради. Шамолнинг ҳам, ёмғирнинг ҳам шашти пасайган эди. Ҳаммасини одатий қўрқувга йўйиб, қизига боққанида, у даҳшат тўла нигоҳи билан эшик томонни кўрсатди. Ўша тараф бўйин бурган аёл нимагадир қўлини ёстиқ остига чўзмади. Қизалоқ эса ҳайрон: наҳотки онаси яққол кўзга ташланаётган хунук нусхани кўрмаётган бўлса?! Ё болтани эсидан чиқардими?
Она ҳайкал кўйи қотиб турар, қизалоқ унга ҳайрат тўла нигоҳини тикаркан, кўзи ёшланганини кўриб, ўзининг ҳам бўғзига йиғи тиқилди. Унинг болаларга хос хулосаси шу: рўпарадаги ёвуз одам олдида онаси болта-молтаси билан ожиз! Аммо сал фурсат ўтиб ўзини ўнглаб олган аёл дадил ўрнидан қўзғалди-ю, бирдан эшик олдида кийимидан сув томиб турган одамнинг бағрига отилганча ўкириб йиғлай бошлади. Ана шунда қизалоқнинг ақлдан озишига бир баҳя қолди. Йўқ, онаси телба бўлиб туюлди унга. Аёл эса борлиқни унутган кўйи йиллар давомида тўпланиб ётган кўз ёшларини энди тўкар, нимагадир эркак уни овутишга уринмасди ҳам.
Ниҳоят аёл бурнини торта-торта ундан ажралди-да, қизалоқ томон қаради. Онасига ҳайрат билан, ярим тунда уйларига кириб келган бегона эркакка эса ётсираб боқиб турган қизча ҳеч нимани англай олмасди. Негадир онасидан нафратлангиси ҳам келди.
– Бу сенинг даданг, – деди аёл секингина бўғиқ товушда

* * *

Миродил қишлоқнинг олд қизига уйланди. Ишлари юришиб, шаҳарга кўчиб келгач, Дилбар дастлаб ёт муҳитга кўниколмади. Айниқса, икки уй нарида яшайдиган бақалоқ йигитнинг қарашлари ёқмасди унга. Ҳомиладорлигининг бешинчи ойи эдими, эри ишга жўнагандан сўнг худди ўша йигит ширакайф ҳолда кириб келди. Айни тўполон пайти Миродил пайдо бўлди-ю, стол устида унутиб қолдирилган идора калитини эмас, унинг ёнида турган пичоқни олди…
– Қайтгунимча бир томчи ҳам кўз ёши тўкмайсан, – деб тайинлади хотинига. – Сўз бер. Омон қайтганимдан кейин хоҳлаганингча йиғлайверасан.
Дилбар наинки сўзининг устидан чиқди. Қишлоққа ҳам қайтмади. Хавотир ва умид билан қарши олди тонгларни. Қизи туғилгандан сўнг дастлабки йил қишлоқдагилар хабар олиб туришди. Кейинроқ бошқа бировга турмуга чиқиши лозимлигини уқтирмоқчи бўлган оғзи очиқлар ҳам топилди. Охири у хотиралари ва қизи билан ёлғиз қолди. Мана, бу тун унинг худди ўша ёлғизлиги қатл этилди. Энди қизига эртак сўйламайди у, балки шунча йилдан буён тинглаб келгани эртак эмаслигини айтади.