Абу Бакр Асоев 1975 йил 23 мартда Тожикистоннинг Рўдакий ноҳиясида туғилган. Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон Давлат Тиббиёт дорилфунунининг фармацевтика факултетида таҳсил олган.
«Олисда қолган излар» номли шеърий тўплами, «Қиёматга қанча қолди?» номли фалсафик мушоҳадалар мажмуаси (2010), «Недир ул Шарқ?» (2011) номли китоблари чоп этилган.
ДУНЁ ФАЛСАФАСИ
Дунёга мен меҳрим бердим, у меҳрини илинмади.
Уни дея қалб бўлди чок, унинг қалби тилинмади.
Не-не зотлар келди-кетди, бироқ қайтиб келинмади.
Ўткинчи шу дунёни деб ёқавайрон бўлмайлигей.
Бол туриб, заҳру заҳқумни танларми киши ҳеч замон?
Ёр қолиб, ҳар ағёрни ёр англарми киши ҳеч замон?
Ҳар лаҳза эрур ғанимат, талпинайлик Ҳаққа томон,
Токим Мезон атрофинда лолу ҳайрон қолмайлигей…
* * *
Олисларга кетдик, ташлаб болаликни,
Кета туриб бир қайрилиб қарамадик.
Айро йўлда қолди йиғлаб бир дўстимиз,
Биз ундан ҳол сўрашгаям ярамадик.
Биёбонга менгзар эди йўлларимиз,
Биз-да уни гуллар билан ўрамадик.
Ўксиб-ўксиб йиғлар эди дўст ҳануз, биз —
Бир даста гул тутишга-да ярамадик.
Тирикликнинг дарёсига шўнғиб-шўнғиб,
Шу дарёнинг оқимига қарам эдик.
Ғам дарёси оқизганда дўстимизни
Биз унга қўл чўзишгаям ярамадик.
Дўст кўнглига юпанч-таскин бер, эй, Аллоҳ!
Сендан кўпам оғир нарса сўрамадик.
Саодат бер, бахт бер унга, биз дўст бўлиб,
Шу дуодан бошқасига ярамадик…
* * *
Юрмай туриб машаққатнинг йўлига биз,
Бир бор боқмай йўлнинг ўнгу сўлига биз.
Изтироблар солдик дўстнинг кўнглига биз…
Аммо шунга ҳақлимидик – ҳақлимидик?!
Бир юракнинг ишончини поймол қилиб,
Мисли ханжар сўзлар айтдик, қалбин тилиб.
Дўст гирёну биз юрамиз ўйнаб-кулиб…
Аммо шунга ҳақлимидик – ҳақлимидик?!
Орамизга Ҳақни солган дўст эдиг-а,
Бизга ҳеч вақт тегмагайдир кўз, дедиг-а?!
Кетдик ташлаб, дўстни ғамга айлаб эга…
Аммо шунга ҳақлимидик – ҳақлимидик?!
Дўст юзига табассуммас, жойладик ғам,
Бошимизга дунёларни тўнтарса – кам!
Биздан меҳрин аямасди у шунда ҳам…
Аммо шунга ҳақлимидик – ҳақлимидик?!
Шеърга ўхшаш жумлаларни тиздик яна,
Сўз бердигу сўзимизни буздик яна.
Узр сўраш режасини туздик яна,
Аммо шунга ҳақлимидик – ҳақлимидик?!
* * *
Биз у дунё аҳли эдик, бунда сарсон кезадирмиз,
Гоҳ ақлни пеша айлаб, гоҳ ақлдан озадирмиз.
Лек ҳаддимиз билмай гоҳо ўзни султон сезадирмиз.
Асл ҳолу қиёфага ҳали бир кун қайтармизей,
Айбимизга истиғфорни унда қачон айтамизей?!
Қадар отлиғ довул турса, бўлиб чил-чил, тўзамиз-ку,
Ахир, бизлар кулол эмас, бор-йўғи гил – кўзамизку!
Кибру ҳаво осмонида қулочни кенг ёзамиз-у…
Аммо Ҳақнинг қудратини бир бор идрок этмадиг-а,
Айбимизга истиғформи, ё тавбами, айтмадиг-а?!
Биз ўзимиз тушар чоҳни ўзгага деб қазмадикми,
Бул шайтоний хулқимиздан ҳалигача безмадикми?!
Нафс аталмиш аждаҳонинг бошин ҳануз эзмадикми?!
Ҳаққа элтар сўқмоқдан биз қачонгина ўтарканмиз,
Қачонгина айбимизга истиғфорлар айтарканмиз?!
Осмонлардан тушсак эди, тупроқ узра кезсак эди,
Ночор, ҳақир ҳолимизни билсак эди, сезсак эди.
Ҳақ йўлинда жон куйдириб, шу йўлни деб тўзсак эди…
Шундагина одамийлик сарҳадига етармидик,
Айбимизга сидқи дилдан истиғфорлар айтармидик?!
* * *
БИР КУНИ ҲАҚИҚАТГА ДЎНАДИГАН ТУШ ҲАҚИДА ШЕЪР…
Хайрли тонг, Гулим! Аҳволинг нечук,
Қандай қарши олдинг мусаффо тонгни?
Мен эса… Мен эса ҳеч ухлолмадим,
Даҳшат тутган эди еру осмонни…
Аҳвол баттар эди маҳшар тонгидан,
Аллоҳга етмасди нолаларимиз.
Энг даҳшатлиси эса бу жудоликка
Дош бера олмасди болаларимиз.
Айниқса, кенжатой дилбандимизнинг
Чеккан фиғонидан титрарди Дунё.
Аммо мен кафанга бурканиб олиб
Кўзим ю муқ ҳолда дердим:
– Алвидо!
ОЛИСДА ҚОЛГАН ИЗЛАР
Келгин сенинг армонларингни
Юлдузларга айтиб чиқамиз.
Бизга макон асли кенг само,
Юр, самога қайтиб чиқамиз.
Қоғозга ой сувратин солиб
Ойсиз тунлар ой қиламиз, юр.
Дунёларнинг андуҳин олиб
Қувончларга бой қиламиз, юр.
Сирли-сирли суҳбатлар қуриб
Кўнгил уйин айлагаймиз шод.
Ширин-ширин хаёллар суриб
Илк онларни айлагаймиз ёд.
Болаликка қайтиб, қумлоқда
Ясагаймиз лойдан қўрғон, уй.
Бир-биримиз чорлаб меҳмонга
Навбат билан қиламиз «уй тўй».
Аразлашиб қолмаймиз сира
Бизга ҳавас қилсин бошқалар.
Аҳилликнинг не эканлигин
Бизга боқиб билсин бошқалар.
Дўстлик деган бир маъсум туйғу
Муҳаббатга элтсин бизларни.
Юр, бошқатдан босиб келамиз
Олисларда қолган изларни…