АНТИК АДАБИЁТ ОҲАНГЛАРИДА
Икки пардали драматик ривоят
ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:
1-ровий
2-ровий
Р о в и й л а р } 3-ровий
х о р и 4-ровий
5-ровий
О н а
Х о қ о н
Ш о и р
И с к а н д а р
Ў ғ и л
А ё л
Я с о в у л б о ш и
1-қўриқчи
Қ ў р и қ ч и л а р } 2-қўриқчи
3-қўриқчи
А ъ ё н л а р, с о қ ч и л а р, н а в к а р л а р, ш а ҳ а р а ҳ л и.
БИРИНЧИ ПАРДА
Саҳнада табиат манзаралари акс этган. Антик театр анъаналари йўсинида, бироқ миллий қиёфа ва либосларда р о в и й л а р х о р и саҳнага сокин оҳанглар оғушида сомеъ ҳолатда, аста кириб келадилар. Нигоҳларини узоқ-узоқларга
қадаб, ҳикоя бошлайдилар.
Х о р
1 – р о в и й
Тангри таоло еру кўкни яратиб,
Уни қуёш нури ила мунаввар этди.
Сув, ҳаво, ўтни пайдо қилди,
Набототу ҳайвонотни бунёд этди.
2 – р о в и й
Маҳлуқотлар ичра инсонни мукаррам билиб,
Унга ақлу қалб бағишлади,
Тилу сўз неъматини берди.
3 – р о в и й
Оламни безамоқ ва дунёни мудом яшартирмоқ учун,
Ҳаётни абадий давом эттирмоқ учун,
Ҳар жонзотни жуфт яратди.
4 – р о в и й
Кабутарни кабутарга, зоғни зоққа вобаста этди.
Инсон аталмиш мукаррами Одам Атони,
Момо Ҳаво бирла йўлдош қилди, ёстиқдош қилди.
Авлод деган силсилани пойдор этиб,
Инсонларни бир-бирига қариндош қилди.
5 – р о в и й
Кўрибсизки, олам гўзал, манзара тўлиқ.
Нурли маскан теграсида жужуқлар шодон,
Чаҳ-чаҳ ўйнаб, кулиб, қийқириб,
Бор табиат, бор жонзот ила
Худойимга шукронаю саловот айтар…
Олислардан қушлар чуғури, сўнг салавот садолари ҳамда шодон оҳанглар эшитилиб, гоҳ яқинлаб, гоҳ яна олислаб қулоққа чалинади. Бу садолар аста “Алла” оҳанглари билан алмашинади.
Саҳнанинг бошқа бир қисми ёришиб, бешик тебратиб ўтирган она
қиёфаси жонланади.
О н а. (Оҳангга солиб.)
Болам сени аллалаб,
Тунни тонгга уладим.
Толеингга авайлаб
Етказмоқни тиладим.
Алла болам, аллаё,
Кўрар кўзим, аллаё,
Ором олгин хийлаё,
Жажжи қўзим, аллаё!
Дунё сени кутадур,
Дунёларга боргум йўқ.
Дунё нотинч турадур,
Жафоларга бергум йўқ.
Алла болам, аллаё,
Кўрар кўзим, аллаё!
Ором олгин хийлаё,
Жажжи қўзим, аллаё!
Оҳанглар аста пасайиб, яна Ровийлар жонланади.
Х о р
1 – р о в и й
Кошки дунё шундайин турса!
2 – р о в и й
Оналарнинг аллалари мудом сўнмаса!…
3 – р о в и й
Аллоҳ, Аллоҳ, ўзинг меҳрибон!
Ризқ бергувчи, қисмат битгувчи!..
4 – р о в и й
Оналарнинг ёзуғини бунча шўр битдинг?!
Боласини туғаркан-у, суюб опичлаб,
Елкасидан туширмайин катта қиларкан.
Ва дерканки, вақти келиб у ҳам мени ардоқлар…,
Бошда тутиб, бошларимга болишлар тутар…
5 – р о в и й
Келин-кеват, ёр-ошно қилиб,
Атрофимни жужуқларга тўлдириб юрар.
Тўйлар бериб элу юртга, ному шон топар.
Инсон деган аъмолин оқлаб, насабини шарафга кўмар…
1 – р о в и й
Боласининг жажжи қўлларин ушлаб,
Жажжигина бахт сўрайди Аллоҳдан она.
Хор
Биҳамдуллоҳ, тилаклари ижобат бўлсин!
(Умидбахш қўшиқ таралади.)
1 – р о в и й
Афсус, олам ўзгарувчан, одамлар маккор.
Дунё ичра дунё топиб яшасам дейди.
Ҳар тонг борлиққа қуёш нур сочиб,
Гуллар ифор таратганда қушлар чаҳ-чаҳи билан уйғонса-ю,
Оллоҳ берган насибадан қаноат топиб,
Шукроналик таважжуҳин қилиб яшаса одам…
2 – р о в и й
Таассуфки, нафс деган бир юҳо бордир оламда.
Унинг макру ҳийласига дош бермоқ душвор.
Неча-неча салтанатлар емирилмушдир нафс учун.
Қанча-қанча зўр инсонлар шу туфайли хору зор…
Бир кафт туфроқ солса, тўлгувчи кўзлар
Нега бунча разолатга доя бўлади!
3 – р о в и й
Кенг оламга оч назарла назар ташларкан одам,
Худбин ҳислар чангалига тушмоғи бешак.
“Нега меникимас”, деган сўроқлар ичра бор борлиққа
–Еру сув, ғимирлаган жонзот, ниш урган майса
–Бари-барчасига эга чиққиси келар.
Не ҳийлалар, неча макру ёлғон ўйлаб топади…
4 – р о в и й
Эҳ, бу дунёнинг турфа феълу ҳаводиси кўп,
Сўйлайверсак сўзларимиз адоғи бўлмас.
Бироқ мақсад андишаси хаёлни ғашлаб,
Тафаккурни тафтиш этади…
5 – р о в и й
Аё мардум, биз айтмоқчи бўлган афсона мурувватга,
Матонатга ва жонбахшликка
Ибрат бўлса деймиз сўз олиб мудом…
1 – р о в и й
Ҳикоянинг ибтидосин пок гуҳар билан
Оналарга ҳамд демоқдан бошламоқчимиз.
2 – р о в и й
Ахир, у-ку, ибтидодан балоғат қадар
Барчамизга ҳаёт бериб, суйиб эркалаб,
Меҳр нури ила ўраб, авайлаб,
Манзилларга йўллагувчи мушфиқ ва мунис.
3 – р о в и й
Келинг уни шарафлайлик, алқаб, улуғлаб,
Сўнмас ҳаёт манбаига менгзаб куйлайлик.
Чунки унинг қаршисида ўлим тиз чўкар.
Ўлдирмоқни ҳунар билиб,
Зулм, ваҳшат сочган неча ҳукмфармон хоқон бош эгар…
4 – р о в и й
Ана шундай хоқони мутлақ
Яшаганди кўҳна бир замон.
Дердиларки, унинг қаҳри тўфон мисоли
Бор жонзотни ғорат этаркан.
5 – р о в и й
Не манзиллар, не мамлакатлар
Чумолининг инин босган фил оёғидек
Ҳукмдорнинг темир ҳукми остида
Қўрқув ва хавотир-ла яшар экан ғамгин, аламнок.
1 – р о в и й
Қаҳри келса, дарёларда сув ўрнига оқар экан қон.
Ўлим билан баҳслашаркан ёвуз қудрати.
2 – р о в и й
Аммо меҳри жўш урганда касб этиб ҳиммат,
Даҳосига далил бўлгувчи
Обидалар тиклар экан фалакка дохил.
Йўллар қуриб, сувлар чиқариб,
Боғу роғлар бунёд этиб, завқланар экан.
3 – р о в и й
Аллоҳ, Аллоҳ,
ғалат зидликлар-ла сирли бу олам.
Ҳар нарсадан недир синоат…
Ҳеч бир нарса тугал бир тусмас.
Оқ дейсан-у, шубҳа қиласан.
Қора дейсан
қўрқибгина, ўйга толасан.
4 – р о в и й
Балки сен кўрмаган, кўролмаётган
“Оқ”лик бордир “қора” ортида…
5 – р о в и й
Инсон бир мўъжиза, мураккаб мато,
Зоҳирда бир маъни, ботинда бўлак.
Гоҳ қаҳр-ла қўрқинч, гоҳ меҳр-ла сахий.
Таърифин бир сўз-ла айтмоқлик маҳал…
1 – р о в и й
Хулласки шундайин қаҳру меҳрли,
Довруғли ҳукмдор яшаган экан.
Меҳрини ийдирган азиз фарзанди
Навқирон ёшида жон таслим этиб,
Отасин беадад аламга кўмиб,
Захмини кўнглида қолдирган экан.
2 – р о в и й
Шундан ҳукмдорнинг юрагида ғам,
Кўзларида жаҳл, интиқом ҳисси.
Ўлимдан ўч олмоқ учун ўттиз йил
Қирғин-барот қилди, ўт сочди, чопди.
Мийиғига бир қур кулгу югурмай,
Мотам либосига ўраниб тамом,
Ўттиз йил жангу жадалларда ҳаловат топди.
Бош эгмади ҳеч мардумга, ҳеч бир қудратга.
3 – р о в и й
Бироқ… бироқ бир зот борки,
Таъзим этмаса бўлмас.
Пойига бош эгиб, босган изларин
Тавоф айламоқлик муқаррар бешак.
Х о р
Бу зот онадир ул, онадир!…
* * *
4 – р о в и й
Анвойи гулларга бурканган бир водийга,
Сўлим масканга ўн беш мингта чодир тикиб,
Туғ ҳилпиратиб, макон этмиш эди лак-лак суворий.
5 – р о в и й
Чодирлар теграсида қўр тўкиб яккаш
Султонлар султонин байтул ҳазани.
Ўн икки тилло ранг устунлар узра
Тикланган ложувард гумбаз остида
Ҳукмдор ўлтирар тахти-зарида.
(Тасвирланаётган манзара жонлантирилади.)
1 – р о в и й
Кўзлар хира тортар маҳобатидан.
2 – р о в и й
Ақл шошар қирғий қараши,
Синчков, совуқ нигоҳларидан.
3 – р о в и й
Учмоққа шайланган бир сор мисоли кузатиб,
Таҳдид-ла ўлтирар кўриб,
Ҳузурида жам бўлган жамоа-жонни.
4 – р о в и й
Атрофда вазиру вузаро, аъёнлар-номдор, қориндор…
5 – р о в и й
Қуйида машшоқлар, ҳофизу халфа,
қизиқчи, полвонлар,
Кўзбойлоғич-афсунгар, дорбозлар чапдаст…
1 – р о в и й
Барчаси ҳунарин кўрсатсам дейди
Ва кошки илиниб олий назарга,
Нишону мукофот олсайдим дейди.
2 – р о в и й
Хулласки, бир базм — базми жамшидий.
Дастурхон анвойи неъматга тўлиқ.
Соқийлар май сузар тилло кўзадан.
3 – р о в и й
Чоғир ҳарорати тоб бериб юзга,
Сурур-ла ўлтирар шоҳга бақамти
Гўзал сўз диёрин султони — Шоир.
4 – р о в и й
Ўрни келса, ўйлаб, ўринлаб,
Ҳақ сўзни айтгувчи шу зот муҳтарам.
У ҳақда ҳар қанча сўз десанг арзир.
Чунки кор-аъмоли, бори эзгулик.
Ёруғ андишада қалам суради.
Йўқликми, очликми, зорликми чидаб,
Ҳақиқат машъалин баланд тутади.
5 – р о в и й
Ва лекин ҳақ қолиб, ҳамд хирқасин кийганда
Бу зотдан малъунроғи йўқ.
Бу энди шоирмас, шеърфуруш маддоҳ,
Шоирлик шевасин олис шуъласи…
Ёки… балки шуъла эмас, сўнган сояси…
1 – р о в и й
Демакки, шеъру соз, куйу май, турлик томоша
Музайян бўлган бир фараҳли давра.
2 – р о в и й
Кимки бор, барчаси лолагун,
Масрур Шоҳнинг шуҳратига дохилликдан шод.
Вале сурур ғурур билан чоғишса-да бот,
Хавотир ва қўрқув ҳисси бир он йўқолмас.
3 – р о в и й
Чунки хоқон ҳузурида адаб пойдор.
Ўйламай сўз айтмоқ бошингизга дор.
Шу боис бодадан ҳар қанча сарафроз бўлманг.
На қўлга, на тилга эрк бера кўрманг!
4 – р о в и й
Ҳамонки сен тобе ўз ўрнингни бил!
Гарчи ақллисан, тадбиркор, топқир,
Вале айни замон у соҳиби феъл.
5 – р о в и й
Ана шундан ҳадик била шодлик кезиб,
Базм авжланди ва туйқус…
(Ташқаридан гулдураб овоз эшитилади.)
А ё л
Хоқон…
Х о қ о н
(Сесканиб.)
Бу не қичқириқ…?
Ш о и р
(ҳушёр тортиб, ҳайрон ҳолда.)
Оддий қичқириқмас,
Ўкирик — бамисли чақмоқ,
Гулдураб келмоқда аламли фарёд…
А ё л
(Яна ўша овоз, ўкирик аралаш нола.)
Хоқоон…
Х о қ о н
Озурда кўнгилга таниш бу нола…
(Ясовулбоши киради.)
Я с о в у л б о ш и
Шоҳим, бир аёл келибди,
Яланг оёқ, жулдур, афтода.
Юзлари заъфарон, кўзи қаҳрли.
Ақлдан озганми… нуқул бир талаб…
Х о қ о н
Талаб?..
Я с о в у л б о ш и
Ҳақ рост, шоҳим, талаб қилмоқда,
Хоқон ҳузурига олиб кир дея.
Ҳ о қ о н
Олиб кир, бўлмаса…
(А ё л кириб келади ва хоқон қаршисида тўхтаб, мағрур тикилади.)
А ё л
Сенми неча юртни фатҳ этган фотиҳ?
Х о қ о н
Ҳа, менман, ғолибларнинг ғолиби!
Ёалаба қилмоқдан толиққаним йўқ…
Ўзинг-чи, ожиза, кимсан, не дейсан?
Нега бузмоқ бўлдинг базм кечасин?
А ё л
Не бўлсанг-да, не қилсанг-да,
сен бир инсонсан!
Мен эса – Она!
Сен ўлим сочасан, мен эса Ҳаёт!
Гуноҳинг ювгин деб қошингга келдим,
Бир гуноҳинг бордир менинг қошимда.
Дерларки, шиоринг адолат эмиш.
Магар шундай бўлса, адолат қилгил.
Зеро мен Онаман, адолатталаб!
Х о қ о н
Кескир сўзларингнинг шердек шиддати,
Тингламоққа ундар, ўтир ва сўйла!
А ё л
Уммон ортидаги гўзал водийда,
Маскан тутиб балиқчи отам
Ва суюкли завжим билан яшар эдик, шодумон.
Уммонгамас, бахтга чўмар эдик, айтиб шукрона.
Бахтимизни зиёд этган ўғлимиз бор эди,
Гўзалликда якто, ягона.
Х о қ о н
(аста ўз-ўзига.)
Худди менинг ўғлимдек…
А ё л
Чиройда танҳо, ақлли ҳам расо!
Ўғлим олти ёшни қоралаганда,
Қора қузғун мисол қаллоб-қароқчи галаси
Талади юртни, элатни.
Отамни ўлдирди, эримни
Ва яна қанча бегуноҳни қонга белади.
Боламни ўғирлаб, зор қақшатиб,
Кунимни тонги йўқ тунга улади.
Тўрт йилдирки, сарсон кезаман,
Мужда бормикан деб кўз қароғимдан.
Охир хабар топдим, сенинг лашкаринг
Ўша қароқчиларни маҳв этибди
Ва бори мулкини тортиб олибди.
Англадимки, кўзим қароси сенинг тасарруфинг,
Cенинг мулкингда. Сен уни албатта,
Билмоғинг керак ва боламни менга бермоғинг керак!
(Аъёнлар кулиб юборади.)
1 – А ъ ё н
Ақлдан озибди…
2 – А ъ ё н
Девона, тентак!
Ш о и р
(жиддий тикилиб.)
Болам деган барча оналардек
ақлдан озган!
Х о қ о н
(ҳайрат билан.)
Эй аёл! Уммон ошиб, денгиз – сув кечиб,
Тоғу тошдан ўтиб, ўрмонлар кезиб,
Номаълум юртлардан қандайин келдинг?
На бирон ҳайвон,
На-да инсон – ваҳшийдан ваҳший
Ҳеч нарса дахл этмай келганинг ажаб?
Танда қуввати бор кимса сафар қиларкан,
Ожиз қолсам ишонганим
Шу бўлар деб яроғ тутади.
Қўлда қурол бўлса, қўрқувдан холи,
Ҳар жойда ҳадиксиз, шахдам юради.
Сен эса яроғ ҳам тутмабсан мутлоқ,
Азбаройи худо, ишонгинг келмас.
Сени англамоғим учун айт менга!
Не хислатинг бордир, қандай синоат?…
Х о р
1 – р о в и й
Шон бўлсин Онага, шарафлар бўлсин!
2 – р о в и й
Она меҳри чексиз, чегара билмас!
3 – р о в и й
Унинг сийнасидан жон топган жонзот!
4 – р о в и й
Инсондаги бори гўзаллик
Сахий қуёш нуридан ва Она сутидан!
5 – р о в и й
Ҳаёт завқи шундандир,
Шудир тирикликнинг нашъу намоси!
А ё л
Денгиз ёқасида ўсган одамга
Сув кечмоқ қийинмас ва боз устига
Суюкли дилпоранг васлидир маёқ.
Балиқчи кемалар йўлимни ростлаб,
Оролдан оролга безиён элтди.
Ҳатто шамол эш келди соғинчим сезиб.
Тоғу тошлар эса ғов бўлмади ҳеч.
Ш о и р
Меҳринг тошса, тоғу тошлар қир-адирга айланар!
А ё л
Йўлимда ўрмонлар учради албат.
Неча даррандаю газанда зоти.
Кўзи қонга тўлган ваҳший йиртқичлар
Ҳамлага шайланиб чиқди йўлимдан…
Мен уларнинг кўзларига тик боқдим.
Худди сенга тикилгандек тикилдим.
Худди сен-ла сўйлашгандек сўйлашдим.
Ахир уларнинг ҳам юраклари бор.
На-да юрак, ахир фарзандлари бор.
Улар ҳам шубҳасиз, гўдаги учун,
Унинг эрки, ҳаёти учун сира тап тортмаслар
Ўтдан, сувдан, хавфу хатардан.
Улар мени тушундилар қалб қўри билан.
Неки тушунмоқлик, ҳатто ҳамдардлик
Ила кузатиб қолдилар ачиниб, куйиб.
Х о қ о н
Рост айтасан, аёл,
Ваҳший ҳайвонлар одамлардан кўра
Қаттиқроқ олишар гўдаги учун!
А ё л
Инсонлар ўз онаси учун ҳамиша – бола.
Зеро ҳар бирининг онаси бордир,
Ҳар бири фарзанддир бир муштипарга.
Сен ҳам бир аёлнинг зурриёдисан,
Неки зурриёди, жигар қонисан.
Барчадан кечишинг мумкиндир, аммо,
Онадан тонмассан ва бу дунё!
Ш о и р
Орий рост, эй аёл, ҳалолинг бўлсин!
Бир уюр айғир от қулун туғолмас,
Қуёшсиз таралмас гулнинг ифори.
Севгисиз бахт бўлмас, аёлсиз севги,
Онасиз яралмас на шоир,
На бир жаҳонгир.
Она чун боламиз ҳаргиз, ҳар ёшда.
Тўқсонга кирса ҳам онам бечора
Соч-соқоли қиров мўйсафид ўғлин
Бирон-бир юмушга солмасам дейди.
Жонига ҳеч озор етмаса дейди.
Кузак эди бир кун хизматдан қайтиб,
Онам ҳузурига кирдим кўргали.
Ҳовлида туп анжир ғарқ пишган роса,
Кўзларни қувнатиб дурдек терилган.
Беихтиёр узиб олмоқчи бўлдим,
Дарахтга тирмашиб бетизгин
Нафсимни қондирмоқчи бўлдим.
Шу пайт буни кўриб турган онам койиди:
“Дарахтдан туш эй, сен тентак ҳувари.
Йиқилиб тушасан, лат еб бир сари,
Ўзим сенга анжир узиб бераман,
Тўқсонга кирсам-да, тетикман ҳали”.
(Енгил кулгу кўтарилиб, барча тасдиқ ишорасида бош чайқайди.)
А ё л
Топиб бер боламни хоқони замон!
Оналик бардошим синалди обдон…
Х о р
1 – р о в и й
Жаннат оналарнинг пойида, дейди,
Пайғамбари замон, ноиби Худо.
2 – р о в и й
Зеро пайғамбар ҳам она зурёди.
3 – р о в и й
Барча набийларни, валий-авлиё оналар
Келтирмиш ёруғ жаҳонга.
4 – р о в и й
Ўликка жон берган Исои Масих,
Оламни фатҳ этган Искандар Мақдун…
5 – р о в и й
Навжувон Искандар номин ёд этдинг.
Унинг қисмати ҳам ибрат бўлгулик.
Онадан туғилиб, ҳаёт шомида
Яна Онаизорига тазарру қилмиш.
(Искандарнинг ўлим олдида онасига ёзган мактуби ўқилади.)
«Искандар: Бузилган танимнинг жони, вужудим бебаҳо лаълисининг кони бўлмиш онажон. Мен сени айрилиқларга ташлаб, фироқ ўтида қийналдим. Бошимга беҳуда андиша ва орзулар тушиб, оламни фатҳ этмоқчи бўлдим. Нимани ўйлаган ва хаёл қилган бўлсам, барчаси ҳавасга ичилган май каби бефойда экан. Аслида эсимни таниган, ақл миямга ҳарорат берган кунидан бошлаб сенга ўғиллик қилсам, қулинг бўлиб хизматингда турсам бўлмасми эди?! Аслида сенинг остонанг тупроғига айлансам-у, унинг отини шоҳлик деб билсам бўлмасми эди?! Энди ўлар чоғимда пушаймон бўлиб, ўзимни-ўзим ўлдирмоғимдан не наф? Ёам билан эзилган болангдан рози бўл! Гар рози эмассан, мен бечоранинг ҳолига вой, юз қатла вой! Мен хоҳ яхши, хоҳ ёмон эдим, фарзандинг эдим. Умрим омонлик бермай, бу дунёдан кўз юммоқдаман. Гоҳо бахтиёрлик соатларингда мен ўлган ғарибингни ёд айлагил, дуо бирла руҳимни шод айлагил!..»
1 – р о в и й
Бу мунгли саргузашт афсона эмас.
2 – р о ви й
Гарчи афсонада ҳақиқат бешак.
3 – р о в и й
Энг мушкул дамларда ҳар қандай инсон
Она деган сўздан топади нажот.
4 – р о в и й:
Хоҳ ҳаётдир ул, ёки арши аълода
Дафъатан онани йўқлаймиз онг уйғонмасдан.
5 – р о в и й
Дастлабки сезгимиз, туйғу-ҳиссимиз
Она сути билан кирган танага.
Онамиз етаклаб мурғак вужудни
Олам меҳварига ўтказиб қўйган.
Шул сабаб онадан ғурур ҳам, шон ҳам.
Ш о и р
(чуқур ўйга толган шоҳга қарата)
Теран ўйга толдирди ғамгин ҳикоя,
Шоҳим хаёлингиз не манзилларда?
Х о қ о н
Мен тангри қули Хоқон, хоқони замон!
Неча йил яшадим кўҳна заминда,
Тилагим дунёни титратмоқ бўлди.
Қалбим қуёшини сўндиргани учун
Ўлимни қўрқитиб, ўттиз йил мудом,
Ўғлимнинг хунини олмоқчи бўлдим.
Салтанатлар дея, кент-шаҳар дея
Мен билан савашди не-не султонлар.
Аммо инсон дея бирор мард кимса
Қаршимга чиқмади жонини тикиб.
Инсон бу бир хаски, назаринг илса.
Олчоқ қилиқлари ғашингни қўзғар.
Қурт-қумурсқа мисол юмуши кемирмоқ
Ва нафсини қондирмоқ ҳайвон сингари.
Бундай одамларга зарра раҳмим йўқ,
Наздимда уларнинг қилча қадри йўқ.
Ва лекин ўлтирган мана бу аёл…
Гўё барча аёллардек, фарқи йўқ хиёл.
Бироқ, бироқ шудир қалбимда
Ёалат ҳислар уйғотган… у мен билан юзлашди
Ва тенг туриб сўзлашди.
Тилагин сўрамади, аксинча ўктам туриб,
Ёурурла талаб этди.
Кўрдим ва тушундимки
Аёл бунча қудратли.
Унинг бори қудрати сўнмас муҳаббатида.
Она муҳаббатининг тимсоли фарзанд экан.
Ш о и р
Ҳақ рост, шоҳим, у хоҳи қиздир,
Хоҳ ўғилдир, муҳими дилбанд экан.
Гўёки фарзандлар гўдак палласи.
Мисоли бир учқун, учқундан эса гулханлар ёниб,
Неча асрларни ёритмоқ мумкин.
Фикр айланг, валийлар, бир гўдак бўлиб,
Жаҳонгир фотиҳлар бола эмасмиди ожиз-нотавон…?
Х о қ о н
О, ўғлим, нуридийдам, қалбим пораси,
Балки сен ҳам оламни ёритармидинг?!
Мен алам ўтида қон тўккан бўлсам,
Сен зилол сув бериб яшнатармидинг?!…
(Хоқон шу сўзларни айтаркан, яна ўйга толиб, узоқ сукут сақлайди.
Барча унга тикилган.)
Ш о и р
Шоҳим нохуш хотиралар
Сизни тарк этсин.
Барчамиз Аллоҳнинг измида банда.
Не келса ризодан ўзга чора йўқ.
Бир бахту тахт бериб, бир кулфат бериб,
Бандасин синаркан Тангри таоло.
Х о қ о н
Шуур бу ҳикматни эътироф этар,
Бироқ кўнгил деган нозик матоҳни
Қайга беркитайин, қандай яширай?!
Унутгандим буткул уни
Ўша машъум айрилиқ куни.
Ҳиссиз боқар эдим бори дунёга.
Во дариғ, бу аёл, мана бу афтода она
Яна ёдга солди кўнгил мулкимни.
Исёнчи галалар каллаларидан
Минора қурганда титрамаган қалб,
Муштипар онанинг шижоатидан
Ларзага келдики, тоқатим етмас…
Мен тангри қули Хоқон, хоқони замон,
Машриқдан Мағрибга қадар боргунча
Мулкимда кимки бор,
Барига сўзим:
Излангиз ва топингиз бу жасур аёлнинг ўғлин.
Топганки мардум бор, толеи кулгай.
Бошидан зар сочгум, тўйдим дегунча!
Ш о и р
Шоҳим фармонингиз муборак бўлсин!..
Аёл чеҳрасига инди табассум.
Х о қ о н
Эй аёл, илоҳо, тилагинг ижобат бўлсин!
Оллоҳга омонатинг омонда бўлса,
Бағрингга қайтгувси соғу саломат.
Буюк зафарлардан, шону шавкатдан
Фалакка юксалган мўйсафид бошим,
Меҳробдан бошқага эгилган эмас.
Вале Сенга яккаш таъзим этаман!
Азму қарорингга, жасоратингга.
Зеро Она туққан мени ва покиза нур ўғлимни.
Ш о и р
(Қувонч билан шеър ўқийди.)
Гулу юлдузлардан гўзалроқ не бор?
Сўрсалар айтгумдир севги шеваси!
Қуёш нур сочганда, ундан фусункор
Ошиқ дер — маъшуқам васлин шуъласи!
Биламан қаро тун юлдузлар чақноқ
Ёз куни қуёш ҳам ёрқинроқ, нурли.
Севгилим кўзлари тундан қорароқ,
Кулгуси қуёшдан тафтли, ёқимли.
Бироқ куйланмаган энг гўзал алёр
Оламу одамнинг илк ибтидоси.
Дунёнинг юраги, боқий барқарор
Она деган калом — борлиқ дуоси!
Х о қ о н
Аллоҳ ўз қудрат-у, мўъжизаларин алқамоғи учун
Шоир зотини дунёга келтирган бўлса, не ажаб!
Ш о и р
Қуллуқ тақсир, сўзларингиз рост.
Асли тангри ўзи шоир, каломи бизларга мерос.
1 – р о в и й
Бу кечмиш воқеа бари ҳақиқат!
2 – р о в и й
Гар сўрасангиз, сўзларимиз тасдиқ этар оналаримиз.
3 – р о в и й
Дарҳақиқат, боқий ҳақиқат!
4 – р о в и й
Жаҳонга донишу шоирни берган,
Баҳодир фарзандлар, олим уламо,
Инчунун дунёнинг бори корига
Яраган зотларнинг бунёдкори у.
5 – р о в и й
Абадий яралиш бор экан мудом,
Оналар яшагай ўлимни билмай!
П а р д а
ИККИНЧИ ПАРДА
Саҳна обод ва гўзал шаҳар қиёфасида.
Ўша р о в и й л а р чиқиб келадилар.
Х о р
1 – р о в и й
Онани улуғлаб хўп алёр айтдик,
Зеро, оналар ҳақида ҳикоятлар кўп…
2 – р о в и й
Сўйлаганинг сари меҳринг тошади…
3 – р о в и й
Не меҳринг, ҳурматинг тоғдан ошади.
4 – р о в и й
Меҳр ҳам, ҳурмат ҳам бемисл аён,
Вале қудратига ақлинг шошади.
5 – р о в и й
Меҳри қудратини кўрдик, куйладик.
Шарафлаб битилган қасидалар мўл.
Ва лекин тириклик юки ҳам оғир,
Ҳаёт лавҳалари ҳалқалар каби.
Бир-бирига уланиб, охир-оқибат
Умр деган занжирни барпо этади.
Билҳақ, биз сўйлаган ёруғ қасида,
Ўша умр деб аталмиш занжирдан ҳалқа.
1 – р о в и й
Демак, ҳикоямиз этади давом?
2 – р о в и й
Наҳот шоҳлар шоҳи чиқариб фармон,
Она фарзандини топмабди омон?
3 – р о в и й
Муҳтарам жамоа, иштибоҳ этманг!
Шап-шап демоқдан мурод пашмак емоқми?!
4 – р о в и й
Сўзни қайирмасдан нақдини сўйла!
Нораста ўғлига етишиб она,
Аллоҳга беадад айтиб шукрона
Хоқони замонни қилиб дуолар
Она Ватанига қайтдик-у, ана…
5 – р о в и й
Ҳа, ана, худди ўша бола,
Кўчани чангитиб, қувнаб, қувалаб,
Бутун шаҳар аҳли ардоғида ўсиб унибди.
1 – р о в и й
Қаранг, бунчалар чиройли, фаришта монанд,
Кўзлари денгизранг, тиниқ ва мовий,
Сочлари, қўнғироқ тўлқинли, ё раб,
Самовий, ғалат бир мафтункор рухсор!
2 – р о в и й
Гўзал қизга таъриф бергандек гўё,
Назокат-ла тасвир этасиз уни.
Эр ўғлон тавсифи ўзгача бўлар.
Келбати, чопқиру чапдастлигидан,
Бўлғуси паҳлавон шарпаси келар.
3 – р о в и й
Шамшир ясаб калтакдан, қамишдан камон,
Ва ўқ ёй тутиши гумон уйғотар.
Қароқчи қўлида тўрт йил салт юриб,
Савашдан, чопишдан, найза уришдан
Ва ўлжа деб аёвсиз талаш, топташдан
Сабоқ олмадимикан мурғак тасаввур?!
4 – р о в и й
Ёшликдаги олган илм бамисли,
Тошга ўйилган нақш, абадий ўчмас.
Таассуфки, боламиз илм истаганда,
Жаҳолат жарига етакловчи ўзимиз.
Албатта тўғрилик бўлар сўзимиз.
Аммо ибратимиз, тутар йўлимиз
Сўзимиздан кўра ўткирроқ сабоқ.
Ҳар қанча панд бериб, насиҳат айтманг,
Сўзингиз бошқа-ю, ишингиз бошқа,
Билингки, ақлга амал вобаста.
Деганнимас, кўрганни қилар,
Тафаккур ҳарорат бермасдан бошга.
5 – р о в и й
Алҳазар, алҳазар… ёмон ўйлардан,
Номарғуб қисматдан ўзи асрасин.
Наҳот тоғдай бардош,
Матонат, жасорат учун
Она шўрлик зиғирча бахт кўрмаса?!
Тилаги-ку ахир бир луқма ҳалол ризқ,
Келин-кеват, шўх набиралар.
Ахир хоқони замондан адолат топган,
Наҳот чархи кажрафтордан марҳамат кўрмас?!
Қароқчи қўлидан дон чўқиласа,
Қароқчи тусига кирмас-ку, ҳар кас.
Қўйинг, номатлуб хаёлни супуриб четга,
Онаю болага нигоҳ қадайлик
Ва меҳр булоғидан қониб ичайлик…
Саҳна маркази ёришиб суҳбатлашаётган О н а в а ў с п и р и н й и г и т намоён бўлади. Суҳбат асносида йигит қўлбола қурол-яроғини ўйнаб, қиличини
сермаб, найза ва ўқ-ёйни шунчаки бир мўлжалга ўқталиб туради.
О н а
Ҳусну-жамолингга тўймай термулиб,
Гоҳо кўзим тегишидан чўчиб кетаман.
Ота-боболаринг қонига тортиб,
Камол топганингдан завққа тўламан.
Куч-қувватга тўлиб, балоғат етиб,
Ўша аждодларинг кор аъмолини
Олармикансан деб умид қиламан.
Буванг машҳур ва моҳир балиқчи эди.
Отанг ҳам бировдан кам бўлмади
Шу йўлни тутиб.
Сен ҳам қазноқдаги чор тўрни олиб,
Тенгдошларинг билан денгизга отлан.
Тўрингга мўл балиқ тушиб мабодо,
Овинг юрса билгинки касб-коринг марғуб.
Худога хуш келиб,
Боболар руҳи қўллабди сени…
Ў ғ и л
Хўп қизиқ хаёллар сурасан, она.
Майли, фараз қилгил, денгизга отланиб,
Овим дов юриб, мўл балиқ ортмоғлаб
қайтиб келарман.
Хўш кейин-чи…, кейин нима бўлади?
Ҳар гал шу ҳол — бораман,
Тўлқин-тўфонлар-ла олишиб, ҳориб,
Яна анча балиқ тутиб келаман.
Шу бўларми бор кўрарим,
топган-тутганим?!
О н а
Нима, бу бир йигит умри учун озми?
Ортиқ не қисматни тиларсан ўзга?
Тутган балиқларинг сотиб, пул тўплаб,
Ота мерос уйимизни таъмир этамиз,
Сўнг қайрилиб боққунча ой-йиллар ўтиб,
Камолот ёшингда тўй тараддуди…
Э-ҳе, бир тўй қилайликки,
Бари шаҳарни чорлаб,
Кунимизда яраган барча мардумнинг
Кўнглини олайлик, сийлаб, меҳмонлаб.
Ахир оғир дамда
Сени йўқотганимда,
Ана шу одамлар оқибат қилди.
Сафар жабдуғини созлаб,
йўлларга элтиб,
Тўсиқ-тўлқинлардан омон сақлади
Ва сўнг сени олиб қайтганим замон,
Суюниб шодон,
Барча шаҳар аҳли қувнаб тўйлади.
Шундан бери яна неча йиллар ўтибди,
Бутун шаҳар сенга ота-она, акаю ука.
Бундаги ҳар бир тош сени билади,
Кечмиш саргузаштинг сўйлаб туради…
Қара, қанча барно қиз
Ишқингда пинҳона куйиб юрибди.
Бирини танлайсан
Оқила, ораста, меҳнаткаш, маъқул…
У сенга бир этак ўғил-қиз туғиб беради.
Мен эса опичлаб,
Етаклаб набираларим,
Юрт корига, ота-она, яқинларига
Яроқли бир инсонлар бўлсин дея
Ўгит бериб катта қиламан.
Кенг хонадон бўлиб, шаҳримиз ичра,
Дўсту ёр олдида обрў топасан.
Давру даврон суриб ҳалол ризқ билан
Яна уйлар қуриб, юртга тўй бериб,
Орзу-ҳавас қиласан
Ва худди ота-бобонг каби яшаб ўтасан.
Шу-да бир инсонга етгулик
Саодат, давлат, шон, қисмат.
Ортиғи не керак, умрингга завол!
Ҳар ён ўзин уриб, беадад бойлик
Ва енгил умргузаронлик истаган кимса,
Билгилки, барибир эътибор топмас.
Ҳаёт неъматини беҳуда сарфлаб,
Бир ҳунар тутмаса барака кўрмас.
Ў ғ и л
Она, мен бундай умрни орзу қилмайман.
Шону шуҳрат-ла порлаган ёрқин
Бир тақдирни ўзимга кўраман раво.
Мен сен айтгандай эмас,
Ўзгача шарҳлайман ўз толеимни.
Ахир, ана менга тенгдош шунча гўдакдан
Нега мени сайлаб Худойим,
Кечмишим бу қадар нооддий бўлди.
Айнан мени ўғирлаб қароқчи зоти,
Тақдирим номаълум юртларга элтиб отганда,
Тубсиз йўқлик қаърида йўқолгандим-ку!
Ахир, тангри иноят этиб,
Йиллар ўтиб, армонлар йитиб,
Мен яна бағрингга қайтдим-ку, омон…
О н а
Сени менга қайтарган тангримга шукур!
Аммо билки, сўнгсиз илтижоларим,
Тунлар йиғлаб, ёлвориб, чорлаб
Қилган таваллоларим Аллоҳга етди
Ва яна беадад машаққат чекиб,
Сени излаганим тоғ-тош, сув-денгиз,
Хавф-хатар демай,
Тинимсиз изиллаб гирён юрганим
Тилакка еткарди, бўлиб мўъжиза…
Ў ғ и л
Ҳа, ҳа, она, айнан мўъжиза…
Шунингчун жўн тақдир истамам ўзга.
Кўрасан, пешонам қуёшдек порлоқ.
Худойим мен учун бўлак тўн бичган.
Кўрасан ва фахр этиб юрасан, она,
Оналар ичида бўлиб ягона…
О н а
Илоҳо фахр этай, бўлиб ягона!
Мен ҳам бахтинг балқсин дейман.
Шон-шуҳрат, давлатга етишиб яна
Давруғ топган онларинг тушимга кирар.
Шодланиб ғурурга тўлганим маҳал,
Сесканиб уйғониб кетаман алҳол.
Сўнг қўрқув ва ғашлик босар кўнглимни
Ўйлаб қоламан:
Ахир қайдан бу марҳамат, ажабтовур бахт
Ҳушёр тортаман.
Саволлар қуйилиб, ҳаловат кетар.
Наздимда тушларим сароб ва рўё.
Ортингдан тун каби қоп-қора шарпа,
Жонингга жаҳд қилиб, ханжар ўқталар.
Шунда сен алқаган нурли истиқбол
Қум узра қурилган кошона мисол,
Жуда ҳам омонат, чиркин туюлар.
Ў ғ и л
Қўрқма, она, тушингга ишон!
Фалак бир айланди,
Энди ўғлингнинг йўллари равон.
Ҳеч ким қайтаролмас мени азмимдан.
Лочин парвозимни тўхтатма сен ҳам
Ва судралгич ҳадсиз қумурсқалар
Умрини тилама мубҳам…
Мен уларни галалаб
Мана бундай янчаман, тамом!
У ёғоч қиличи билан ердаги чумоли инларини ковлаб, чумолиларни
уриб-янчиб кўрсатади.
О н а
Эсингни йиғ, ўз ташвиши, тирикчилиги билан
Юрган бу жонзотда нима айб, тентак?!
Ў ғ и л
(ҳаракатдан тўхтаб онасини қучиб, эркаланиб.)
Ҳали бу тентак
Дунёни эгаллаб, сени бошга кўтарар!..
Она ва ўғил манзараси қоронғилашиб, р о в и й л а р чиқиб келадилар.
1 – р о в и й.
Гумону шубҳалар бежизмас, мутлоқ…
2 – р о в и й
Она бечорага яна кўргулик…
3 – р о в и й
Шўрлик, шўрпешона бўлмаса агар,
Шунча меҳр учун қайтарми хўрлик?!
4 – р о в и й
Йиғлоқи ўйлардан турайлик нари.
Наҳот ўғил орзулари келтирса хўрлик?
Ахир у-да инсон, орзу қилмоққа
Барча инсон каби бордир-ку, ҳақи?!
5 – р о в и й
Баҳсу мунозара илмда яхши.
Ҳақиқат туғилар, йўллар очилар.
Кори аъмолимиз ривоят айтмоқ.
Касбимиз қилайлик сокин ва ҳалол…
1 – р о в и й
Орий рост… Ва лекин тақсир,
Юраклар бир мунгли нолага мойил…
(Мунгли қўшиқ таралади.)
2 – р о в и й
Муғанний, бир нафас тин ол, тарки ҳол…
Кўнгиллар йиғлайди, тинмоғи маҳол…
3 – р о в и й
Умр тошқин дарё, тинимсиз оқар.
Қувалашиб ўтар ой, йиллар тезкор.
Қани бирор сонияни ушлаб қололсанг.
Агар вақт дегани измимда бўлса,
Онаю боланинг беташвиш, беғубор
Қучишиб туришин сақлардим мудом.
Онанинг болага интизору зор
Қолишин хаёлдан ўчирар эдим. Афсус…
4 – р о в и й
Афсусу надомат чекмоқни бас қил.
Тақдир кечмишидан кўз юммоқ мушкул.
5 – р о в и й:
Алалхусус саркаш ўғил юртин тарк этди.
Онасини яна фироққа дучор этди.
Бош оққан томонга йўл солди яккаш.
Гоҳи оч, гоҳи ризқ топиб йўлларда,
Иқболига пешвоз юрарди шитоб.
Неча кун деганда етишди
Муаззам бир кентга, ажабтовур шаҳарга…
1 – р о в и й:
Шаҳарки кўп гавжум, ташвиши ўйину кулги.
Одамлари бир-биридан олишиб улги,
Эртаю кеч томоша ясоғин тузар.
Сира англаб бўлмас –
Тирикчилик-даромад қайдан,
Қаерда бозору қаерда гузар.
Ҳали у ён бир маросим, бу ёнда тадбир.
Қай бир ерга борманг
тўйхона, майдон-томошахона.
2 – р о в и й:
Тадбирлар бошида подшоҳнинг ўзи.
Бош майдонда ҳар кун бир мусобақа.
Гоҳ қиличбоз уришар,
гоҳ ўқ-ёй тортишуви,
Гоҳ полвонлар олишар,
Гоҳида санъаткор айтишуви.
Муҳими подшоҳ назарин тортмоқ
Ва бирор мартаба, мукофот олмоқ.
3 – р о в и й:
Шуҳратпараст хаёл-чун бу қулай имкон бўлар.
Ўғлон сезди, толеи шу юртда аён берар.
Омади чопиб қолса, бахт, иқбол қаён борар?!
4 – р о в и й
Йигит ўзин майдонга урди.
Қилич, найза баҳсида,
Бехато камон тортишда
Унга тенги бўлмади.
Қароқчидан орттирган
Касбин енгиб бўлмади.
5 – р о в и й
Назаркарда бўлди шоҳга ҳунари, ҳусни билан.
Лашкарига қўшилиб жанг-жадалда иш берди.
Алалхусус, султонга энг яқин маҳрам бўлди.
Лашкарига йўлбошчи олий-қўмондон бўлди.
1 – р о в и й
Шоҳнинг тарки одати
Байрам, асъасалардан сўнг
Муҳораба-жанг эди.
Забт этиб қўшни кентларни,
Бўшаб қолган ғазнасин яна тўлдирар эди.
Алқисса ўғлонни лашкари билан
Денгиз бўйи юртларни фатх этиш учун
Омонсиз қирғинга-жангга йўллади.
Дунёни эгаллаш ғаразидан маст,
Йигит ҳам ўйламай шоҳни қўллади.
2 – р о в и й
Ахир денгиз бўйида ўз эли, онаси, яқинлари бор.
Унинг камолига хайрихоҳ бўлган
Ватандошларидан зарра қилмай ор,
Ўз она шаҳрига от солди шахдам…
3 – р о в и й
Ана шаҳар ёнар, ҳар ён вайрона,
Дод-фарёд бетиним, кўзлар гирёна,
Жанг-жадал ваҳшати, отлар сурони,
Яроғлар жаранги, ўлим даҳшати
Ҳаволарни тутмиш, қиёмат қўпмиш!…
Тасвирланаётган манзара шовқинлари ҳаммаёқдан эшитилади ва бироздан сўнг тинади.
3 – р о в и й
Тун оғди…
Ҳар қанча шиддат-ла уринса-да ёғий,
Шаҳар деворларин тагида қотди.
Жонли чамбар қилиб ўради тугал.
Бир жон ҳам чиқолмас, ҳеч зоғ киролмас.
4 – р о в и й
Шаҳар аҳли қалъа туйнукларидан
Гулхан ёқиб, атрофида жам бўлган ёғий лашкарин
Қўрқув исканжасида кузатар эди.
Емга тўйган арғумоқлар кишнашин,
Қиличларин сермаб ўт атрофида
Сакраб ўйнаётган барзангиларнинг
Ёввойи қийқириқларин эшитар эди.
Зада бўлган қалбларга эса
Ўлимнинг шарпаси қадалар эди.
5 – р о в и й
Ўлик босиб кетганди тор кўчаларни.
Ҳар хонадондан ингроқ, алаҳсираш, алжираш
Ва гўдаклар ноласи қулоқни тешар эди.
Барча гирён, жонсарак,
Гўёки ҳар томондан
Душман пусиб келарди.
1 – р о в и й
Осмон тўла юлдуз-у, чақноғида фарах йўқ.
Сузиб юрган ойнинг ҳам чарчоғидан даракдек
Хира тортган шуласи ғусса юкин оширар.
2 – р о в и й
Ҳеч ердан нажот кутмай,
Толиқиб ғам-андуҳдан
Ва сувсизлик, очликдан
Силла қуриб борарди,
Умид сўниб борарди.
Бутун шаҳар борлиқни
Ўлим ҳиди тутганди.
3 – р о в и й
Ана шу қаро тунда
Кўчаларда саро-сар
Бир кўланка кезарди.
Бошдан-оёқ тим қора
Ридосига ўраниб,
Унсиз аёл юрарди.
4 – р о в и й
Қўрқувдан зада бўлган
Юраклар кўргани чоғ
Беркиниб яширинар
Ёки қочган каби моховдан
Югуриб, шошиб кетар…
5 – р о в и й
Каттадан кичиккача, мушукдан кучуккача…
Ровийлар саҳнаси давомида тасвирга монанд шаҳар манзараси намоён бўлиб боради.
Аввал о н а кўринади, сўнг бир неча қ ў р и қ ч и л а р билан
я с о в у л б о ш и чиқиб келади.
Я с о в у л б о ш и
(Ўз қўриқчиларидан сўрайди.)
Бу ўшами?
1 – қ ў р и қ ч и
Ҳа, ўзи!
Я с о в у л б о ш и
(аёлга яқинлашиб)
Сиз яна кўчада юрибсиз, хоним?!
Эҳтиёт бўлинг – кўз тикканлар кўп,
Бир кор-ҳол бўлса, айб қўёлмайди
уларга ҳеч ким…
(Қўриқчиларга қарата.)
Юринглар, кетдик!
1 – қ ў р и қ ч и
(ғазаб билан.)
Она бўлмаганида, ҳисоблаб уни жосус,
Сўнгра нима қилишни ўзим билардим, афсус…
2 – қ ў р и қ ч и
Шундоқ ҳам мурдадек бўлиб қолибди.
Билмасанг, танимасанг арвоҳми дейсан…
3 – қ ў р и қ ч и
Арвоҳ эмас, азроилга ўхшайди.
Қайда пайдо бўлса, бир офатдан нишона…
1 – қ ў р и қ ч и
Ёриб бола туққан қорнини,
Тилка-пора қилсанг бутун жисмини…
Я с о в у л б о ш и
Бўлди, бас!
Шундоқ ҳам таранг турган тоқатни
тоқ қилманглар!
Болам дея кўрган азоби қолиб, бу
Яна шўрпешона
шунча маломатга чидаб юрибди…
Кетдик, тезроқ қимирланглар!
Қўриқчилар ўтиб кетгач, саҳнанинг бошқа чеккаси ёришиб, жасад тепасида тиз чўкиб туриб, дуо қилаётган аёл ва унинг атрофида бир неча афтодаҳол
кишилар қиёфалари кўринади. Она ўша аёлга яқин келади.
О н а
Эринг ўлдими?
А ё л
Йўқ.
О н а
Акангми ё уканг?
А ё л
Ўғлим, ўғлим жон таслим этди.
Эрим уч кун бурун ҳалок бўлганди.
О н а
Шўрлик, ёшгина жони савил кетибди…
А ё л
(ўрнидан туриб.)
Йўқ, ундаймас, Аллоҳга шукур!
О н а
Нега шукур дейсан, ахир, боланг-ку!
Фарзанд доғи она-чун ўлимдан оғир!
А ё л
Ўлимимга розиман мен ҳам…
Аммо шукур қиламанки,
Ўғлим Ватан деб жангда курашиб,
Ҳалол ўлим топди, мана булар гувоҳ.
(Турганларга ишора қилади.)
Енгилтак феълидан қўрқардим, рости.
Ўйинқароқ эди, маишатга ўч.
Ёлғон қутқуларга, ширин алдовларга берилиб кетиб,
Хиёнат йўлига кирмасми дердим.
Ахир ана ёғийларга йўлбошчи йигит —
Шаҳримиз боласи – оқпадар экан.
Менга юртдош она туққандир-ку, ўша малъунни.
Яна қанча оналарнинг бағрин тиларкин?!
Лаънат бўлсин унга, туққан танга ҳам.
Ҳаром сут берганки, иблис тус олмиш.
Асти розимасман у кўрнамакнинг
Жазосин бермаса, жонин олмаса!…
О н а юзларини қўллари билан яшириб, югуриб кетади.
Кейинги кўриниш. Калъа дарвозаси. Ўша я с с о в у л л а р. Уларнинг олдига
О н а яқинлашади.
О н а
Эй савоб топгурлар, ўлдиринг мени!
Хиёнаткор ўғил туққан она азоби,
Таънаю маломат ўлимдан қаттиқ.
Я с о в у л б о ш и
Сиз инсонсиз, шу эл фуқароси.
Бу юртнинг тупроғи сизга ҳам азиз.
Унга душман бўлган ҳар кас.
Сизга ҳам душман.
О н а
Онаман-мен, фарзандим бағрим.
Уни душман қилиб туққан менман-ку!
Шафқат тиламайман сизлардан мутлақ.
Мени ё ўлдиринг
Ва ёки ҳузурига қўйиб юборинг!
Я с о в у л б о ш и
Биз сизни ўғлингиз гуноҳи учун ўлдиролмаймиз.
2 – қ ў р и қ ч и
Ахир унга юртни сотгин деб
Ўгит бермагансиз,иснодга ботиб…
3 – қ ў р и қ ч и
Бегойим, фарзанд деб сиз чеккан азоблар
Ва тортган машаққат
Эртак мисол бизга сўйланар эди,
Кую қўшиқларда куйланар эди…
1 – қ ў р и қ ч и
Булбулдан қарқуноқ чиқибди, демак,
Шунча изтиробга солгунча Сизни
Ўша ўлкаларда йўқ бўлиб кетиб,
Худонинг қарғиши урмасми эди?!
2 – қ ў р и қ ч и
Нега куюнасиз у нобакорга?
3 – қ ў р и қ ч и
Бўлди, ярага туз сепиб, тилкаламанглар.
Ахир бу шўрликнинг алами ўзига етар.
Я с о в у л б о ш и
Хоним, ўғлингиз Сизга ҳам ачинмас сира.
Демакки, шафқат ҳам қилмагай, асло!
1 – қ ў р и қ ч и
Арзимайди асираликка ҳам демоқчимисиз?
Ундай бўлса бу аёлни тутиб турмоқнинг
не ҳожати бор?
Боравермайдими иблис ўғли олдига…
2 – қ ў р и қ ч и
Сотқин ўғил билан рўбарў бўлмоқнинг
Ўзи ҳам ўлимдан ёмон.
О н а
Ҳа, ёмондан ёмон, ададсиз даҳшат!
Я с о в у л б о ш и
Дарвозани очинглар!
(Дарвоза очилиб, о н а чиқиб кетади.
Р о в и й л а р чиқиб келадилар.)
1 – р о в и й
Дарвозамас, бамисли ўлат ғори очилди.
Она юрган она ер қонла бўялган эди.
Қадамида ўликлар –
Шаҳар ҳимоячиларининг пажмурда жасадлари…
2 – р о в и й
Она қалби уларга бепарво ўтолмасди.
Ҳар бирига кўз ташлаб, танирди аллакимни…
3 – р о в и й
Мана қонга беланиб ётарди
Эрининг дўсти, қадрдон биродари.
Ўғлин йўқотган кезлар аёлга ҳамдард эди.
Кема созлаб денгизга, довул тўфонлар узра,
Йўлин ростлаган эди.
“Боланг тирик, топасан!” дея қўллаган эди.
Омон қайтгач Ватанга, дўстим ёдгори йўқлик,
Камлик билмасин дея ҳиммат кўрсатган эди.
4 – р о в и й
Унинг шундоқ ёнида қўшни – ҳамсоя йигит
Кўкка тикилганича, кўз очиқ қотган эди.
Онаси тўй дардида қайлиқ сайлаб юрганди.
Тенгдош эди ўғлига, сирдош эди дўстига.
Уни ҳам Она дерди, гўё қариндош эди.
5 – р о в и й
Анави бошсиз тана аллакимни эслатар?…
Эгнидаги кийими муаллимлик жомаси.
Ҳа, ўша ўқитувчи – “болангиз бебош” деган.
У эса гина қилиб, уни койиган эди.
Ўғли қолиб, устозга танбеҳ айлаган эди.
Сезган экан бу зукко инсон,
Вақти келиб у бебош бола
Қанча бегуноҳни бебош этишин…
1 – р о в и й
Она борар экан ҳар бир шаҳидга
Аста таъзим қилиб, шивирлар эди.
Охират сўрарди Худодан,
Имон тилаб ҳар биттасига.
2 – р о в и й
Она борар экан ғуссага тўлиб,
Туйқус тўхтади-ю, ортга ўгирди бошин.
Қадрдон шаҳрига узоқ тикилди,
Қароғида шашқатор ёши…
3 – р о в и й
Бирдан яна ростлади йўлин
Ва дадил борди ёғий чодралари томон.
С о қ ч и
Кимсан, қайга йўл олдинг?
О н а
Йўлбошчингнинг онасиман, мени олиб бор!
С о қ ч и
Шади шиддатингдан сезилиб турар,
Она эканлигинг у мард ўғлонга.
Соқчи онани муҳташам чодирага бошлаб келади ва эшик олдидаги бошқа соқчига топширади. Соқчи кириб айтиши билан ўғил ичкаридан отилиб чиқади ва она-бола қучоқлашиб, узоқ туриб қоладилар. Сўнг икков чодирага кирадилар.
Хона ичи шоҳона безатилган эди.
Ў ғ и л
Келдингми, она!
О н а
Келдим, ўғлим, дийдорингни жуда соғинган эдим.
Кўзларингга бир қур тикилай дедим.
Чақноқ кўзларингни кўрмаганимга,
Юрак тафтинг туймаганимга,
Неча замон бўлди, қанча сув оқди.
Ў ғ и л
Мен ҳам соғингандим сени, онажон.
Кўксингдан иссиғроқ нарсани,
Ўзингдан меҳрли бошқа бир кимсани учратганим йўқ.
Тоғу тошда, дала-даштда сувсиз, емаксиз
Сарсон юрганимда толеим излаб,
Фақат сенинг ёдинг етказди мадад.
Энг оғир дамларда аламга ботсам,
Сени эслар, излар эдим кўзим жовдираб.
О н а
Ҳа, кўзларинг ўша-ўша ёлқинли,
Худди юлдуз мисол порлаб туради.
Фақат, фақат энди самимий шодон
Қарашлар ўрнини шиддат олибди.
(Сочларини силаб.)
Навжувон ёшингда сочларингга оқ оралабди.
Нега ёш бошингга шунча ташвиш ортмоғламасанг?
Пешонангда ажин, юзинг салқибди,
Бу бедор тунларнинг таъсири билсанг.
Оҳ кўзим, жигарим, азиз дилбандим
Юмушинг бунча кўп, бироз тин олгин.
Ташвишларни унутиб,
Баридан воз кечиб, яйраб қувонгин.
Ў ғ и л
Оҳ, она, онажонгинам-а!
Дунёда ташвишсиз яшаб бўларми?!
Қара мана бу атрофга,
(хонадаги бойликлар, шоҳона ҳаётга ишора қилиб)
Шулардан кечиб бўларми?!
О н а
(энди атрофга тикилиб)
Худди шу алпозда кўрган эдим тушимда сени.
Ў ғ и л
Тушингга ишон, деб айтган эдим-ку!
О н а
(ўғлига тикилади)
Ҳа, ўша сен, туғилмасингдан тўққиз ой аввал
Мен таниган юрак.
Фақат кимхоб-ипакларга ўранган.
Ў ғ и л
(яна онани қучиб)
Тангрига шукурки, мени тушуниб,
Ҳузуримга келдинг…
Энди эртагаёқ бу тош шаҳарни
Ишғол этаман!
О н а
Ўз шаҳрингни-я, шундайми?
Ў ғ и л
Ҳа, шундай! Шаҳармас, бутун олам меники, она!
О н а
Ахир шу шаҳарда туғилгансан-ку!
Бунча шон-шуҳратдан бадмаст бўлмасанг?!
Кечагина қадду бастингга боқиб,
Ота-бобонг хоки ётган шу юртга
Муносиб бир ворис ўстирдим дея
Ёурурланиб мақтанган эдим.
Ворис бўласан деб эзгуликка, бунёдкорликка.
Шаҳримизнинг ҳар тошида аждодларинг изи бор.
Улар қурган ва яратган сенинг иқболинг ўйлаб.
Ў ғ и л
Мен дунёда туғилиб, дунё учун яралдим.
Ҳали уни ҳайратларга кўмаман!
Ҳеч бир нарса шиддатимни тўсолмас.
Аммо бу шаҳар оёғимга кирган зирапча мисол,
Қайтармоқчи бўлар шаштимдан.
Аслида-чи, унда сен бор учун бу уяни бузмай тургандим.
О н а
Ахир шу уяда туғилганмиз отанг ҳам, мен ҳам!
Унинг ҳар қаричи қадрдон менга.
Отанг билан кечган бахтиёр кунлар,
Вужудим оналик ҳиссидан титраган онлар,
Сени туғиш азоблари, уйқусиз тунлар –
Бари-барчасига шу тош уйлар гувоҳ.
Асли сенинг жажжи оёқларинг ҳам
Қувват олган ўша тошлардан.
Ў ғ и л
Тошлар – соқов,
Агар уни сўзлатмаса инсоннинг иродаси.
Мен уларни сўзлатаман, топиб чорасин,
Керак бўлса ҳатто тоғлар шарафлайди
Менинг отимни!
О н а
Одамлар-чи… улар нима дер?
Ў ғ и л
Одамларми?.. Одамлар пода,
Улар бари етовга муҳтож.
Фақат шамшир – сиёсат билан
Тутиб турмоқ лозим уларни.
Кимнинг сиёсати ўткирроқ бўлса,
Ўшани алқайди қўрққани учун.
Ва ҳатто қаҳрамон деб кўтарар бошга!
О н а
Сўйлаганинг сари бошим хам бўлар!
Ёвуз шуҳратингга ҳайкал қўймоқчимисан?
Қиёфанг гўзал-у, қалбинг мунча тош қотган?
Ўйнаб туриб, ўлдирмоқлик одатинг бўпти!
Чиқиб қара майдон узра қонга беланиб,
Қанча қадрдонинг ўлиб ётибди.
Мен уларни кўрдим, кўргандан кўра
Кўзим оқиб тушса яхшироқ эди.
Ҳаммаси кунингга яраган қардош.
Мен тўйингга чақирмоқни орзу қилганлар,
Қиличингдан қирғинбарот бўлиб ётибди.
Қандай чидай бу кўргуликка!
Сен мавҳ этган ҳар битта жоннинг,
Неча яқини бор таъзия очган.
Ахир энди улар ҳам тирик ўлик-ку!
Шу инсонлар сени қаҳрамон дерми?!
Қаҳрамон, энг аввал яратгувчидир!
Яхшилик уруғин сепгувчи, ўлимларни енгувчи зот
Мангу қолар эл хотирасида!
Ў ғ и л
Она, беҳуда дийдиё кўнглим юмшатмас.
Денгиз эмас, қонлар кечиб етгум мақсадга.
Чунки менга бош эгмаган душмандир бешак.
Қайда кўрдинг ё эшитдинг фотих зотини,
Қон тўкмайин тарихларда изин қолдирган.
Хўш, ўша буюк зотлар номи ўчдими?
Фатҳ этилган қайси шаҳар, эл-улуснинг
Бирор фуқаросин
Оти битилибди ўлмас сатрга?
Мени айблама қардошларинг ғорат этдинг деб!
Ҳамшаҳар бўлгани учун ҳам менга,
Улар авлодлари фахр топгуси.
О н а
Нақадар даҳшатли фикру ўйларинг!
Наҳот шон топишнинг яккаш йўли шу?!
Муаззам шаҳарлар,
Ўлмас обидалар бунёдкорлари
Ва яна тириклик, ёруғ завқ учун
Умрини тикканлар боқий эмасми?!
Танлари тупроққа қоришса-да гар,
Номлари минг йиллар қатида зарҳал!..
Менга ҳам шараф-шон бегона ҳисмас.
Ҳар қандай юракда ёлқин бор экан,
Шубҳа йўқки ёнида тилаклар ҳам бор.
Фақат бу андиша ҳасад, зулм биланмас,
Ҳавас-ла ниш урса тотли, пойидор.
Сени дабдабалар ичра кўрсам гар,
Тушимда бўлса ҳам ғурурим бўларди бисёр.
Ўғлим-ку, дер эдим, боладай сакраб,
Қондириб дил нафсим балойи ғаддор…
Бироқ, бироқ қара она шаҳрингга, бир боқ!
(Чодир эшигидан кўринаётган шаҳарга ишора қилиб.)
Ў ғ и л
Нима кўринарди, ҳар ён тим қора.
О н а
Ҳа, қоп-қора, бирор уйда
Йилт этган шуъла йўқ, барча мотамда.
Ў ғ и л
Қўрққанидан улар чироқ ёқмаган,
Лашкарлар нигоҳин тортмасин дея.
О н а
Йўқ, яхшироқ тикил, қулоқ сол!
Деворлар қуриб қотган қонлардан қора.
Унсиз нолаларга кўмилган шаҳар.
Ўлимнинг шарпаси ҳар уйда шивирлаб кезар.
Кўрган сари юрак зириллар.
Ахир шаҳардаги ҳар гиёҳ, ҳар чўп,
Ҳар битта хонадон, ҳар битта инсон
Шунчалар яқинки, қардош, қадрдон,
Гўё барчасига онаман, ишон!
Наздимда ҳаммаси мендан умидвор.
Худди Она келтиргувчи ризқни
кутган полапон мисол.
Билиб қўй, оналар ҳаёт тиргаги,
Ўлим, вайроналар инкор ундаги.
Ўша шаҳрим ичра жовдираган
минг-минг кўз ҳаққи,
Ҳаёт деб аталмиш тансиқ сўз ҳаққи,
Қирғинларни тўхтат, урушни бас қил!
Буни онанг айтган сўнгги сўз деб бил!
Ў ғ и л
Барибир оламан, қаттол шаҳарни!
Ўжарлиги учун ўчим оламан…
Балки (қиличини ўйнаб)…
Бирдан ёпирилармиз шу қаро тунда?
Қуёш нур сочганда ўлдирмоқ қийин.
Қиличнинг тиғида нур ўйнаганда,
Кўзни қамаштирар ёрқин жилваси
Ва урган зарбларинг хато кетгуси.
О н а
Сира сесканмасдан, им қоқмай мутлоқ,
Қандай айта оласан бу сўзларни сен!
Эй қодири худо,
Бардошим синама бунчалар, асло…!
…Мен ҳам фуқароман юртимга, болам
Ва сенга онаман, оппоқ сут берган.
Қалбим тарозусин бир палласига
Юртга муҳаббатим қўйилса агар,
Иккинчи паллада ишқинг пойдор.
Қай бирининг тоши босар,
билолмам сира.
Икки муҳаббат-ла ёнаман такрор-батакрор!..
Бери кел, ўғлим! Жуда чарчабсан…
Болалик дамларинг эслаб,
Кўксимга бошинг қўйиб аста, ором ол бир зум!
Худди ўша қувноқ, беғубор
Ва барчага суюмли чоғларинг каби…
Ў ғ и л
О, онажон!
Тиззангга бош қўйиб ухлаб қолишни,
Орзулардим қачондан бери…
Онасининг тиззасига бош қўйиб, кўзларини юмади. Она меҳр билан ўғлининг қўнғир сочларини сийпалаб ўтиради.
Ў ғ и л
(кўзи юмуқ холда.)
Бу дунёда шон-шуҳрат билан
Сени севаман она,
Мени шундай қилиб туққанинг учун.
О н а
Аёллар-чи? Ишқингда куйганлар кўпдир?
Ў ғ и л
Сон-саноғи йўқ. Аммо…
Ўта ширин нарсадек, тез жонга тегади улар.
О н а
Нима, фарзанд кўришни истамайсанми?
Ў ғ и л
Нега керак?
Уни ҳам ўлдиришлари учунми?
Яна битта менга ўхшаган чиқиб,
Боламни ўлдирса оғир ботади.
Унда мен кексайиб, куч-қувват кетиб,
Хунин ололмайман аламда қолиб.
О н а
(хўрсиниб.)
Чиройлисан, ўғлим, бироқ чақмоқдек изсизсан…
Ў ғ и л
(ётганча кулиб.)
Ҳа, она, худди чақмоқдек…
Ўғил ухлаб қолади. Шу пайтда она ўғлининг юзига қора рўмолини ёпиб,
унинг юрагига ханжар санчади.
О н а
Вужудингнинг энг суюк жойига ботирдим ханжар.
Юраккинанг мен-чун эди бебаҳо, буюк.
Ҳайҳот, билмай қодим, қора экан ул,
Қора экан — куюкдан куюк!..
Эй қодири худо, нималар қилдим?!
Шайтон васвасаси чулғади мени.
Кимга қўл кўтардим, кимни ўлдирдим?!
Ахир ҳар жонзотни яратган ўзинг!
Ёунча очилгунча умр бериб кимга,
Кимларга улашмоқ чўнг боқий ҳаёт,
Сен битар қисмат-ку, ёзмиш-ку, ахир!
Шак келтириб сенга мен осий банда,
Не-не орзуларни этдимми сағир?!
Алҳазар, алҳазар!… Гуноҳим чексиз!
Лаънатларга кўмдим Она отимни.
Яратиш қудрати ато этилган,
Абадий шонимни топтадим мутлақ…
О, иблис хаёллар, кетингиз нари.
Мен, ахир, юрт дея, шу Ватан дея,
Неча қиз-ўғлоннинг тақдири дея
Бир маълун сотқинни қатл этдим-ку!
Наҳот бу журъатим ювилмас гуноҳ?
Ахир фуқароман она Ватанга,
Демакки, фарзандлик бурчим бажардим.
Қани бирор мардум мени айблаб кўрсин?!
Ҳимоямга турар омон қолган эл!
Балки осмон қадар шарафлаб номим,
Ҳайкал тикламоққа боғлайдурлар бел?!..
Ақлдан озаяпман, шекилли, ё раб!
Нима бу – ўзни оқламоқми ё алдамоқми?!
Бу ожиз илинж, тубан истак,
Аблаҳ бир хаёл қаердан фикримга қутқу солмоқда?…
Тўхта, тўхта, сен эй манфур фикратим!
Асли шонпараст ҳис, ифлос нафс, риё
Менинг ўз қонимда пинҳонмасмиди?!
Ўша тушларимда ўғлимни кўрсам,
Кимхобу зар ичра бою бадавлат
Ва шон-шараф арғумоғида
Сира ажабланмасдим-ку, не иноят деб.
Гўё шундайин бўлмоғи шартдек,
Кибрланар эдим ўғлим менинг, деб.
Ҳатто ёғийларга бош бўлиб келиб
Юртига хиёнат қилганида ҳам
Шерюрак деб айтса, мард-чапдаст деса,
Нодўстнинг сўзига чиппа ишондим.
«Виқор-ла ўшшайиб» ғурурландим ҳам…
Алҳазар, алҳазар…!
Э воҳ, аслида, аввало, ўзимга ҳукм ўқибман.
Ўғлимгамас, ўз-ўзимга ханжар санчиб,
маҳв этибман…
Болам, мени кечир, сўқир онангни!
Ўз ҳолимни билмай, ҳолимга солдим.
Шону шуҳрат отлиғ совуқ жозиба
Қалбни заҳарлашин сезмайин қолдим.
Энди заққум босган жонсиз танамни
Кўтариб юрмоқлик нимага керак?!..
Ўзини ўлдирмоқ учун ханжарни шаҳд билан боши узра кўтаради ва ханжар чодир туйнугидан тушаётган тонгги қуёш нуридан ялтираб, жилваланиб, она кўзларини қамаштиради. Ва у шу ҳолатда тўхтаб қолади.
О н а
Ўғлим, билиб айтган экансан,
Қуёш нурларида ханжар санчмоқ
Осон эмас экан, ва лекин
Оғриқли юракни топмоқ қийинмас!..
О, ҳаёт, бунчалар аччиқ ширинсан?!
Жозиб жилваларинг кўзларни олар.
Мен сендан боламни узган бўлсам-да,
Оналар бағрига болаларин қайтардим.
Ватан, ватан…
Фарзанд бўлиб сенга боримни бердим.
Энди фарзандим-ла қоламан, ё раб!
Ханжарни ўз кўксига санчади.
Мунгли қўшиқ таралади. Ҳорғин ва маъюс ҳолда р о в и й л а р кириб келади.
1 – р о в и й
Нақадар аламли ва мунгли қисса!
2 – р о в и й
Ўғил тушунмади, Онанинг
Яратгувчи ва сақлагувчи зот эканлигин.
3 – р о в и й
Бироқ яратганига ким дахл қиларкан,
Уни омон қўймас шердай ўкириб.
4 – р о в и й
У ўлимга абадий душман!
Ажал уруғини сочгувчиларга
Қаҳри ҳам шафқатсиз ёғар бегумон.
5 – р о в и й
Афсус, ўғил билмади буни.
Юракларни маҳв этгувчи қутқуга учди.
Ҳаётбахш куй садолари тарала бошлайди.
1 – р о в и й
Эй муғанний, сурудинг бошла!
2 – р о в и й
Оҳангингда янграсин ҳаётга алёр!
3 – р о в и й
У шундай неъматки, мангу барқарор!
4 – р о в и й
Чунки уни асрагувчи Она зоти бор!
5 – р о в и й
Она ва ҳаётга эш бўлиб мудом,
Барчамизга азиз Ватан аталмиш калом!
1 – р о в и й
Бирини – биридан айириб бўлмас.
2 – р о в и й
Уларга садоқат – саодат абас!
3 – р о в и й
Эзгулик ниш урса инсон дилида.
4 – р о в и й
Ватан обод, Ҳаёт боқий, Она тилаги шу-да!
5 – р о в и й
Муғанний, савти соз авжига минсин!
Ҳаёт, Она ва Ватан деганлар муродга етсин!
Куй авжланиб, тантанавор янграйди.
П а р д а
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2006 йил, 12-сон