Конфуций сабоқлари

БEБАҲО САХОВАТ

Қадим замонда содда, раҳмдил бир деҳқон бўлган экан.
Бир куни у ер ҳайдаётган чоғ омочи қандайдир қаттиқ нарсага текканлигини сезибди. Деҳқон дарҳол кетмонини қўлга олиб ер кавлашга тушибди, ниҳоят бир бўлак тошга ўхшаш нарсани қазиб олибди. Топилдиқни қўлига олиб қуёш нури остида уни томоша қиларкан, деҳқон бирдан ҳайратланиб кетибди. Чунки илкидаги оддий тош эмас, балки бир бўлак сайқал берилмаган нефрит тоши экан.
Деҳқон топилдиқни ҳокимга бериш лозим дея қарорга келадию ўз вилоятининг ҳокими Зи Хан жанобларининг олдига ташриф буюрибди. У нефрит тошини қандай қилиб топиб олганлигини Зи Хан жанобларига айтиб берибди.
“Сиз бу вилоятнинг ҳокимисиз, илтимос, бу нефрит тошини ўзингизда сақлаб қўйинг!” дебди ҳурмат билан.
Зи Хан қўл силкибди:
“Йўқ, мен қандай қилиб бу бебаҳо тошни ўзимда сақлаб қоламан? Гарчанд эгаси йўқ буюм бўлса ҳам, сиз ўзингизда олиб қолинг!”
“Гарчанд эгаси йўқ бўлса ҳам, барчасини менга бериб юбормоқдасиз, лекин мен ҳам буни сизга тақдим этишни маъқул кўраман, илтимос, буни албатта ўзингизда сақлаб қолинг!” дебди деҳқон норизо.
Зи Хан жаноблари самимий кулибди.
“Биласизми, сизнингча бу бир бўлак қимматбаҳо нефрит тоши ҳисобланади, менимча эса, сизнинг бу тошингизни ўзимда сақлаб қолмасамгина ҳақиқатан ҳам қимматбаҳо ҳисобланади”.
Содда деҳқон Зи Хан жанобларининг гапини тушунмабди. Кейинчалик Зи Хан жанобларининг ҳаракатлари халқ орасида овоза бўлиб, одамлар орасида ривоятга айланиб кетган экан.
Бу воқеага асосланиб Сун давлатининг қариялари тез-тез ёшларга панд-насиҳат қиладиган бўлишибди.
Конфуций эса ўз шогирдларига қуйидагича ўгит берган:
“Зи Хан мутлоқ қимматбаҳо зийнат буюмларни билмайдиган нодон бўлмаган. Масала шундаки, у ўзининг саховатини қадрлаган. Ҳар қандай буюм фақатгина уни қадрлаган одамнинг назарида баҳога эга, агар олтин тангалар билан ширинликни олиб ёш болага танлаш имконияти берилса, ёш бола албатта ширинликни олиб, олтин тангалардан воз кечади. Агар нефрит тоши билан олтин тангаларни олиб деҳқонга танлаш имконияти берилса, деҳқон осонлик билан олтин тангаларни танлайди, хулқ-атвори, ахлоқий хусусиятлари юқори бўлган одамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, нефрит тошлар ҳам, олтин тангалар ҳам, барча-барчаси унинг олдига қўйилса, у барибир хулқ-атвор, ахлоқий фазилатларни танлайди”.

УЗОҚ УМР СИРИ

Қадим замонда Ян императори узоқ умр кўриш сирини биладиган одам тўғрисида эшитиб қолибди. Хизматкорларга ўша одамни топиб келишни буюрибди.
Хизматкори кўп қийинчиликларни бошидан ўтказиб ўша яшовчан кимсанинг манзилини топибди. Бахтга қарши бу одам аллақачон ўлган экан.
Ян императори қаттиқ ғазабланибди. Бу вазифани бажаришга юборилган хизматкорни чақиртириб, шундай муҳим ишни кечиктиргани учун уни қатл этишга маҳкум этибди.
Ян императорининг қошидаги бир мулозим императорга дебди:
“Олампаноҳ, жаҳлингиз чиқмасин! Ўлим, бу ҳамма одамларнинг тақдирида бор, ўша одам узоқ умр кўриш сирини биладиган киши деб ҳисоблардик. Лекин ҳатто ўзининг ҳаётини ҳам сақлаб қолмабди-ку? Бу усул исбот қилинмаган, бундай сир қабул қилина олмайди ҳамда бунинг ҳеч қандай ачинадиган жойи йўқ”.
“Бу гапда жон бор!” дебди Ян подшоҳи ва ўша хизматкорга белгиланган жазони рад этибди.
Бу воқеага кўпгина одамлар турли хил фикрларни билдиришган.
Сизи исмли бир одам ёшлигидан узоқ умр кўришнинг сирли усулини ўрганишни хоҳлаган экан. Ўша хизматкор излаган одам ҳаётдан кўз юмганини эшитиб роса афсус чекибди.
Яна бир Футси исмли одам Сизининг воқеасини эшитиб, Сизидан баттар нафратланибди, норози бўлиб дебди:
“Сизи қандай қилиб бу ҳақда орзу қилиши мумкин?! У даставвал одамлардан узоқ умр кўришнинг сирли усулини ўрганмоқчи эди, ҳатто буни ўрганган одам ҳам узоқ умр кўролмабди-ку? Шундай деб номланадиган сирли усулнинг қандай қиммати бор? Ўрганиш керак бўлган ҳақиқий илм тўғрисида ҳеч нарса билмас экан, бундай аҳмоқликнинг оқибати ҳақиқатан ҳам ачинарли бўлади!”
Конфуций бу воқеа тўғрисида эшитганидан сўнг ўз фикрини қуйидагича изоҳлаган:
“Футсининг гапларида ҳақиқат бордек, аммо дунёдаги одамларнинг орасида кўпгина фарқли томонлар бор! Масалан бир турдаги одамлар бирор-бир қобилиятни эгалласалар ҳамки, уни амалиётда қўллай олмайдилар. Бошқа бир турдаги одамлар асл назариётни билмасалар ҳам уни амалиётда муваффақиятли қўллай оладилар. Шунинг учун ўша узоқ умр кечириб, ўлмайдиган сирли усулни биладиган одамни танқид қилиб бўлмайди. Ўша одам ўша сирни билса ҳам, лекин ҳеч ўзининг танасида синаб кўрмаган бўлиши мумкин!”

КОНФУЦИЙНИНГ МУМ ТИШЛАШИ

Бир куни Конфуций узоқ саёҳатга чиққан экан, йўлда бир тўда болаларнинг йиғилиб турганлигини кўрибди.
Олдиларига бориб қараса, иккита бола алланарса ҳақида баҳслашаётган, бошқалари эса атрофларини ўраб олиб томоша қилишаётган экан.
Биринчи бола:
“Қуёшнинг бизга энг яқин пайти, бу — туш пайтидир” дебди.
Иккинчи бола эса:
“Қуёшнинг бизга энг яқин пайти бу эрталабдир” дебди.
Рақиб бола тағин қаршилик кўрсатибди
“Нотўғри, умуман бундай бўлиши мумкин эмас!”
“Сеники нотўғри, барибир меники тўғри” дея бўш келмабди иккинчи бола.
Конфуций улардан сўрабди:
“Сизлар нима ҳақда баҳслашмоқдасизлар?”
Болалар Конфуцийни кўриб, ўқимишли одам деб ҳисоблаб, иккаласи ҳам қўлидан тортиб, ундан кимнинг фикри тўғри эканлигини ҳаққоний аниқлаб беришни сўрабдилар.
Конфуций уларга қараб ширин сўз билан:
“Сизлар ҳар бирингиз ўз фикрингизни сўзланг-чи, нима ҳақда баҳслашмоқдасизлар?” дебди.
Биринчи бола шошилиб дебди:
“Менинг фикримча, қуёш энди чиққанида бизга энг яқин пайти бўлади, унинг назарида эса, тушга келибгина қуёшнинг бизга энг яқин пайти бўлар эмиш”.
Конфуций кулибди:
“Унда ҳар бирингизнинг қарашларингиз нимага асосланган?”
Бир бола:
“Гап шундаки, қуёш ҳар куни эрталаб худди очилган соябон каби катта бўлиб кўринади, лекин тушга келиб эса тувак каби кичкина бўлиб кўринади. Одатда биз бирор бир нарсага қарасак, қанчалик яқин бўлса, шунча катта бўлиб кўринади, қанча узоқ бўлса шунчалик кичкина бўлиб кўринади, наҳотки исботлаб бўлмайдиган масала бўлса?” дебди.
Рақиб бола ҳам бўш келмай эътироз билдирибди:
“Унинг гапи нотўғри. Қуёш энди чиққан пайтида биз унча ҳам иссиқликни ҳис қилмаймиз, лекин тушга келиб, бизнинг ҳиссиётимиз бошқача бўлади, шу даражада иссиқ бўлиши мумкинки, ҳатто терлаб кетамиз. Ўйлаб кўринг, қўлимизни оловнинг ёнига яқинлаштирсак, иссиқ бўлади, оловдан узоқлаштирсак совуқлигини ҳис қиламиз, бу ҳақиқат эмасми?”
Конфуций қунт билан эшитибди, лекин ҳар қайсиси ўзининг фикрида туриб олганлигини кўриб, қандай ечим топишни билмай қолибди. Ёш болалар Конфуцийнинг мум тишлаган ҳолатини кўриб кулиб юборишган экан.

КОНФУЦИЙНИНГ ҲАЁТ ВА ЎЛИМ ҲАҚИДАГИ МУЛОҲАЗАЛАРИ

Бир куни Конфуций ўзининг шогирдлари билан Вей подшоҳлигига қараб йўл олибди. Бир буғдой экилган далага келиб, оқ сочли, бошини эгиб, белини букиб мошоқ тераётган қарияни кўришибди.
Бу қариянинг исми Лин Лей бўлиб, ёши юзга яқинлашиб қолган экан. Кўпчилик уни танир, қувноқ, иродали одам сифатида билар экан. Бир аср яшаб қўйган, оиласиз, ёлғиз бўлса ҳам, жуда қувноқ яшар экан. Қария жуда ҳам меҳнаткаш экан, одатда сават олиб ҳосил йиғилган далалардаги мошоқларни териб оларкан, айрим пайтлари йўлда кетатуриб қўшиқ басталар экан.
Конфуций ёнидаги шогирдларига дебди:
“Анави оқсоч қарияни кўрдингларми? У деярли бир асрни яшаб қўйган, дунёдаги ишлар ҳақида, одамлар ҳаёти борасида жуда кўп нарсаларни билади, ким унинг олдига бориб ундан маслаҳат сўрамоқчи?”
Зи Ган Лю деган шогирди олдга чиқибди:
“Мен бораман, менда унга жуда кўплаб саволлар бор”.
Зи Ган қариянинг олдига бориб, унинг саватидаги мошоқларга қараб сўрабди:
“Сизнинг ёшингиз шунчалик улуғ, нима учун бундай азобланасиз? Мен ҳақиқатан ҳам тушунмайман, чиндан сизга қайғураман, сиз ҳали ҳам тинмай меҳнат қиласиз, қўшиқ куйлайсиз, шу ҳақда нима деб ўйлайсиз?”
Қария ҳеч нарса эшитмагандек бошини эгиб, ҳам хиргойи қилар, ҳам диққатини бир ерга тўплаб буғдой бошоқларини терарди.
Қария олдинда кетарди. Зи Ган қария уни эътиборга олмаётганини кўриб, унинг орқасидан юраверибди, қария ниҳоят унинг саволига савол билан жавоб берибди:
“Ўзингда нима яхши-ю, мен ҳақимда қайғуряпсан?”
Зи Ган яна сўрабди:
“Мен ўйлашимча, сиз ёш бўлган пайтингизда аниқ ҳеч қандай муваффақиятга эришмагансиз, ҳозир эса ҳаётингиз оғир. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ёшингиз шунчалик улуғ, умрингиз борган сари тугаб бормоқда, ёнингизда қариндошларингиз йўқ, ёлғиз ҳаёт кечирасиз, яна машаққат билан меҳнат қилиб ўзингизни боқишингиз керак, наҳот бу нарса одамнинг раҳмини келтирмайди?”
Лин Лей жавоб берибди:
“Мен ёш бўлган пайтимда ҳеч қандай тайёргарлигим йўқ эди, сабаби мана шу бўлса керак. Мен эндигина осон ва узоқ умр кечирмоқдаман. Ўлгандан сўнг, бошқа яхшироқ дунёга борсам керак!” деб жавоб берибди.
Зи Ган қариянинг сўзларини Конфуцийга етказибди, устози чуқур хўрсиниб:
“Қариянинг фикрларининг ҳаммаси ҳам тўғри эмас. Ҳаётда бахт ҳам, қайғу ҳам бўлади. Бор кучни ўқишга, меҳнат қилишга сарфлаш керак, ўшандагина умрнинг охирида хотиржам, тинч ўлади. Бу одам ҳозир ҳаётнинг ягона тўғри йўлидадир”.

Хитой тилидан Шарқшунослик институтининг 3-босқич талабаси Жасур ЁҚУБОВ таржималари
“Ёшлик” журналидан олинди.