У машинасини гараждан олиб чиқаётганда моторнинг эски «дарди» қўзиб, ҳадеганда ўт олавермай бироз қийнаганини ҳисобга олмаганда, ўша куни анча омади келди. Йўл четида кетма-кет, худди олдиндан келишилгандек қўл кўтариб турган йўловчиларнинг ҳожатини чиқариб, кичкина оиласининг бир кунлик харажатига етадиган пулни ишлаб олди. Навбатдаги йўловчини шоҳбекатга элтганида кутилмаган воқеа содир бўлди. Важоҳати хунук иккита барзанги машинанинг олдинги эшигини очиб, дағдаға қилишди:
– Бу ер бизга тегишли! Ҳаққинг йўқ тумшуғингни суқишга!
Иккинчи шериги машина калитини суғуриб олиб, талаб қилди:
– Жаримасига бугун ишлаган пулингни берасан.Қани, тез бўл!
– Вой, нималар деяпсиз? – аёл кутилмаган таҳдидлардан қўрқиб кетди. Нажот қидириб атрофига аланглади. – Нима, сизлар бу ерни сотиб олганмисизлар?
– Ҳамма жойнинг хўжайини бор. Билмайсанми шуни? Сен осмондан тушганмисан? Билмасанг билиб қўй – бу ер бизга тегишли! Чўталини тўлаб турсанг ишлайверасан. Бўлди, сен билан ади-бади айтишга вақтимиз йўқ. Қани, пулдан чўз!
Барзанги шундай дея аёлнинг ёнида турган сумкачага қўл чўзди.
– Ёрдам беринглар! Ёрдам! – аёл жон-жаҳди билан сумкасига ёпишиб, чинқирди.
Шу маҳал аёлнинг ёнидаги йўловчи шоша-пиша машинадан тушди. Барзангини ёқасидан тортиб, машинадан четлатди-ю башарасига қулочкашлаб мушт туширди. Барзанги ерга қапишиб қолди. Йўловчи ерга тушган калитни олди-ю шошиб аёлнинг ёнига ўтирди:
– Қани, тезда ҳайданг! Тезроқ!
Аёл қалтироқ қўллари билан калитни зўрға жойига суқиб, машинани ўт олдирди. Орқадан милициянинг узун ҳуштаги эшитилди. Аёл тезликни оширди. Шоҳбекатдан анча узоқлашгач, «Хайрият!» дея енгил тортиб, ёнидаги халоскорига қаради. У қотмадан келган, кўринишдан эллик ёшни қоралаган, хушрўйгина эркак эди.
– Раҳмат сизга! – деди аёл ҳамроҳига биринчи марта синчков назар солиб. – Агар… агар сиз бўлмаганингизда билмадим, ҳолим нима кечарди. Айни вақтида ёрдам қилдингиз. Сизни Худо етказди.
– Менинг ўрнимда бошқа одам бўлганда ҳам шундай қилган бўларди, – деди йўловчи ҳайдовчининг гапларидан сал ўнғайсизланиб. – Умуман олганда, аёл кишига зуғум қилиш номардлик.
– Сиздан бошқа одамлар орага тушмади-ку, томошабин бўлиб тураверишди-ку. Демак, виждони бутун одамлар кўп эмас.
– Бир жойда ўқигандим, «Виждоннинг борлиги муҳим эмас, унинг қийналиши муҳим»!
– Сиз…кўп ўқийсизми? – аёл чорраҳадаги қизил чироқ олдида машинасини тўхтатаркан, ҳамроҳига қизиқсиниб қараб қўйди.
– Агар кўп ўқийман десам нокамтаринликдай туюлиши мумкин. Энди, тўғрисини айтадиган бўлсам, ўқимаган кунимни бекор ўтди деб ҳисоблайман. Шунга одатланганман.
– Бахтли одам экансиз. Афсуски, ҳозир одамлар китоб ўқимай қўйишди. Нега шундай – билмайман.
– Қорин орқали фикрлайдиганлар кўпайганда шундай бўлади, – йўловчи истеҳзо билан кулимсираб қўйди.
– «Қорин орқали фикрлаш» – қизиқ гап экан, – аёл завқланиб жилмайди.
– Чунки бу ҳақиқий фикрлаш эмас. Донолардан бири айтган экан: «Одамлар ўқишдан тўхтаганда фикрлашдан ҳам тўхтайдилар».
– Йўлимда ҳар хил одамларни учратаман, аммо сизга ўхшаган ўқимишли, маданиятлиси кўп учрайвермайди.
– Суҳбатимиз менга ҳам ёқяпти, – деди йўловчи хижолатомуз, – аммо сизни…тирикчиликдан қолдиряпман. Шунинг учун мени ўзингизга қулайроқ бирон жойда қолдириб кетаверинг.
– Қаёққа бормоқчисиз ўзи? Тортинмай айтаверинг, обориб қўяман.
– Менга барибир. Кечқурун поездга чиқишим керак, мен бошқа шаҳардан келганман.
– Агар хоҳласангиз, сизга шаҳримизни томоша қилдиришим мумкин, – деди аёл самимий оҳангда. – Озгина мақтаниб қўяй: меъморий ёдгорликларни сизга ҳеч ким менчалик тушунтиролмайди. Чунки менинг асл касбим – меъморлик, ўз соҳам бўйича фан номзоди бўлганман.
– О, ундай бўлса роса омадим чопибди-да, – деди йўловчи мамнун бўлиб. – Уйга борганда ўғлимга мақтанаман кўрганларимни айтиб. У қурувчиликка қизиқади.
– Онасига ҳам мақтанасизми? – ҳайдовчи аёлларга хос синчковлик билан сўради.
– Онаси ёшлигида ўлиб кетган, шундан буён сўққабошман. Ҳаётимнинг бор мазмуни, бор умидим-илинжим – шу ёлғиз ўғлим!
– Ҳа, биз шунақа халқмиз, ўзимиз учун эмас, фарзандимиз учун яшаймиз, – деди аёл ўйчан хўрсиниб. – Фарзандларимиз ҳам, Худо хоҳласа, худди ўзимизга ўхшаган бўлади. Менинг ҳам бўйи етиб қолган ёлғиз қизим бор, отаси билан ўн йил олдин ажрашганмиз. Қизим институтда шартнома асосида ўқийди. Пулини тўлашга маошим етмайди, шунинг учун мана аёл бошим билан киракашлик қиляпман.
– Тирикчиликнинг айби йўқ, сиз одамларнинг ҳожатини чиқаряпсиз.
– Тўғрику-я, аммо барибир аёл кишига осон тутиб бўлмайди, айниқса, у ёлғиз бўлса…
Йўловчининг назари беихтиёр аёлнинг қўлидаги узукка тушди. Хаёлига келган саволдан ўзини тиёлмади:
– Кечирасиз, бу узук…ниманинг аломати?
– Э-ҳа, – деди аёл кулиб, – бу шилқимроқ йўловчиларни чалғитиш учун бир ниқоб.
– Шилқимроқ йўловчилар кўп учрайдими?
– Ҳа, учраб туради. Аёл киши нотаниш эркакка шунақа дейиши мумкинми?
Йўловчи аёлнинг машина ойнасидан жилмайиб турган юзига биринчи бор синчковроқ разм солди. Аёлнинг жонсарак боқувчи чеҳрасида сўз билан ифодалаш қийин бўлган, аллақандай синиқ, изтиробга йўғрилган ғаройиб бир жозиба, назокат бор эди.
Улар машинада шаҳарни обдон айланишди. Аёл шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини эринмай кўрсатди, меъморий обидалар ҳақида завқланиб ҳикоя қилди. У фақат ўз соҳасини эмас, тарихни ҳам яхши биларди. Йўловчи хаёлан мозийга саёҳат қилгандек бўлди. Тасаввур уфқи ҳам кенгайиб қолгандек туюлди. Беихтиёр ҳамроҳига ихлоси ортди. Унга илиқроқ бир сўз айтгиси келди, аммо ийманди – аёлнинг суйкаляпти деб ўйлашини истамади.
Оқшом чўкиб, шаҳар тунги ҳаёт оғушига чўка бошлаганда шиғалаб ёмғир ёға бошлади.Намчил асфалт йўллар янада қорайиб, сутранг чироқлар шуъласида йилтиллаб қолди.
– Мен ёмғирни яхши кўраман, – деди аёл машина ойнасига урилаётган томчиларга тикилиб, – ёмғирда бутун дард-у армонларинг ариб, кўнгилдаги жамики ғуборлар ювилиб кетаётганга ўхшайди. Агар шоир бўлганимда ёмғир ҳақида зўр бир шеър ёзган бўлардим.
– Шундай шеър ёзилган, истасангиз ўқиб бераман, – деди йўловчи кулимсираб.
– Қани, қани, эшитайлик.
– Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.
– Эсладим, бу шеърни раҳматли шоир Рауф Парфи ёзган эди,– деди аёл мамнун бўлиб. – Бу шеърни талабалик йилларимизда маза қилиб ўқирдик. Агар янглишмасам, у биринчи марта устоз адиб Асқад Мухторнинг оқ йўли-тавсияси билан «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилганди.
– Сиз фақат меъморчиликка эмас, адабиётга ҳам жиддий қизиқар экансиз, – деди йўловчи аёлга ҳайрат билан тикилиб.
– Ахир адабиётга қизиқмай бўладими? “Адабиёт яшаса миллат яшайди”, – деган эди Чўлпон.
– Ҳа, у-бу гапини ўн етти ёшида айтган. Ҳозирги ўн етти ёшлиларнинг калласида ҳеч вақо йўқ.
– Ҳаммаси енгил ҳаётнинг пайида, ҳамма нарсага осонликча, ортиқча заҳмат чекмай эришсам дейди.
– Бунга аввало ўзимиз айбдормиз, ўзимиз шунга ўргатиб қўйганмиз.
– Тўғри айтасиз.
Орага сукунат чўкди. Машина ёмғирли кўчалардан секин юриб борарди.
– Дарвоқе, биз қаёққа кетяпмиз ўзи?– ногоҳ сўраб қолди йўловчи.
– Сиз қаёққа десангиз – шу ёққа-да. Машина бугун сизнинг ихтиёрингизда! – деди аёл йўловчига очиқ чеҳра билан боқиб.
– Машинанинг… эгаси-чи? – йўловчи ҳазиломуз жилмайди.
– Эгаси…халоскорининг хоҳишини баҳоли қудрат инобатга олади, албатта,– аёл куйдирмажон табассум билан жавоб қилди.
– Ундай бўлса сизнинг хайрихоҳлигингизни ортиқча суистеъмол қилсам инсофдан бўлмас, – деди йўловчи аёлга миннатдор назар ташлаб. – Шунча вақтингизни сарфладингиз, сизга катта раҳмат. Бугунги кунни ҳеч қачон унутмайман. Энди мени вокзалга обориб қўйсангиз ҳам бўлади.
– Тўхтанг, тўхтанг, ҳали хайрлашишга эрта-ку, – дея аёл шошиб соатига қаради. – Поездингиз қачон жўнайди?
– Соат ўн бирда.
– Соат эндигина етти бўляпти. Яна тўрт соат вақтингиз бор. Шунча вақт вокзалда нима қиласиз?
– Хўш, унда…
– Унда бизникига борамиз. Ўз қўлим билан сизга битта ош дамлайман. Кейин чой ичиб, яхши қўшиқлар эшитиб гурунглашамиз. Қизим билан ҳам таништириб қўяман.
– Менга сал…ноқулай-да, ҳарқалай…
– Ҳарқалай, боши очиқ аёлнинг сўққабош эркакни уйига таклиф этиши… менталитетимизга унчалик тўғри келмайди демоқчисиз-да?
– Йўқ-йўқ, мен…
– Ташвишланманг, глобаллашув даврида менталитетлар ҳам ўзгаряпти, таҳрир қилиняпти. Муҳими, кўнгил тўғри бўлса– бўлди.
– Тўғри айтасиз.
– Хўш, унда кетдикми?
– Майли, сиз нима десангиз – шу.
Аёл навбатдаги бурилиш жойида машинани қайириб олгач, уйи томон ҳайдаб кетди. Қоронғилик анча қуюқлашган бўлса-да, кўчаларда қатнов ҳали сийраклашмаган эди.
– Машинангизни устага яхшилаб бир кўрсатишингиз керак экан, – деди йўловчи мотор овозига диққат билан қулоқ соларкан, – носоз машинада юриш ҳавфли.
– Тўғри, аммо яхши устани топиш осон эмас экан, кўпчилиги қўл учида иш қилади, ҳаммасининг дарди битта – пул.
– Агар мендан астойдил илтимос қилсангиз, яхши устани ўзим топиб бераман.
– Бунинг учун сизнинг шаҳрингизга боришим керак-да?
– Йўқ, уста… шу ерда.
– Тушунмадим, шу ерда деганингиз… қаерда?
– Уста шу ерда – ёнингизда ўтирибди.
– Йўғ-э, сиз…автослесармисиз?
– Худди шундай, ўттиз йиллик иш стажига эга бўлган автослесарман.
– О-о, бугун роса омадим чопган кун экан-да.
– Худо деган одамсиз-да.
– Э-э, йўқ, машинани бугун барибир тузатолмайсиз.
– Нега энди?
– Биринчидан, улгуролмайсиз – поездингиз бор, иккинчидан, уйга борган меҳмонни дарров ишга сололмайман.
– Агар меҳмон ўз хоҳиш-ихтиёри билан ишлайман деса, бунинг айби йўқ. Қолаверса, бу иш менимча, кўп вақтни олмайди, сиз ошни дамлаб бўлгунингизча мен ҳам машинани тузатиб бўламан.
Гаражга етиб келдилар. Йўловчи шу ернинг ўзидаёқ иш бошламоқчи эди, мезбон кўнмади:
– Олдин уйга чиқиб, ўзбекчасига дуойи фотиҳа қиламиз. Иш бўлса, қочмас.
Беш қаватли уйнинг охирги қаватига чиқдилар. Икки хонали хонадондаги саранжом-саришталик ва озодаликни кўрган йўловчининг ҳаваси келди. Меҳмонхонадаги пар ёстиқлар қўйилган юмшоқ диванга ўтириб дуо қилдилар. Йўловчи шундагина уззукун юриб қаттиқ чарчаганини ҳис этди. Бир лаҳза ёнидаги диванга ёнбошлаб мизғиб олгиси келди. Аммо қиладиган иши эсига тушиб, ноилож жойидан қўзғалди.
– Шошманг, мен сизга керакли нарсаларни олиб берай.
Аёл айвонга чиқиб, эскироқ коржома ва асбоб-ускуналар солинган сумкани кўтариб чиқиб, йўловчининг қўлига тутқазди.
– Гаражнинг қаердалигини эслаб қолдингиз-а? Ё бирга чиқайми?
– Йўқ, ташвишланманг, ўзим топаман, – деди йўловчи ташқарига чиқаётиб.
Аёл ёлғиз қолгач, ошхонага чиқиб овқатга уннаб кетди. Қизининг институтдан қайтадиган вақти бўлса ҳам келмаётганидан ғашланиб, девордаги соатга бир қараб қўйди. «Балки йигити билан учрашиб қолгандир» деб ўйлади.Отасиз ўсган ёлғиз қизини ўксимасин дея анча эркалатиб юборгани, энди уни қайириб олиш осон бўлмаслиги хаёлидан ўтди.
Даҳлиздаги телефон жиринглаб қолди. Аёл пиёздан ачишган кўзларини енгига артиб, ўрнидан турди. Гўшакдан эски дугонаси Ферузанинг шаддод овози жаранглади:
– Тезда олдимга етиб кел. Сенга зўр томоша кўрсатаман. Фақат тезроқ бўл.
– Ҳозир боролмайман.
– Нега келолмайсан?
– Уйда меҳмон бор, уни ташлаб кетолмайман.
– Ие, қанақа меҳмон?
– Сен уни танимайсан.
– Меҳмонинг эркакми ёки урғо…
– Эркак киши.
– Ие, бунақа одатинг йўқ эди-ку. Қизиқ, жудаям қизиқ, ўзинг билмаган ҳолда бир-у бир қилибсан-да!
– Тушунмадим – бу нима деганинг?
– Келсанг биласан – қўясан. Дарвоқе, сени худди шунинг учун чақиряпман.
– Иложим йўқ ҳозир, меҳмон отангдан улуғ.
– Майли, аммо кейин пушаймон қиласан. Бу сенинг тақдирингга боғлиқ масала.
– Агар боришим шу қадар шарт бўлса, майли, бир иложини қиларман.
– Тезроқ кела қол, ўша ҳар гал ўзимиз кўришадиган жойда кутаман.
Аёл ош масаллиқларини тўғраб, тайёр қилиб қўйганди. Ошхонада бир зум ўйга толди-ю кийимларини яна алмаштириб, ташқарига чиқди. Гаражга борганда йўловчи ишини битириб, машина капотини энди ёпаётган эди.
– Мана, ишни қабул қилиб олинг, – деди у аёлга юзланиб. – Худо хоҳласа, энди ишкали чиқмайди.
– Сизга катта раҳмат, – деди аёл йўловчига мамнун жилмайиб, – агар айбга буюрмасангиз, мумкин бўлса, яна битта илтимос чиқиб қолди.
– Қандай илтимос экан? Тортинмай айтаверинг.
– Мен ҳозир шошилинч иш билан бир жойга бориб келишим зарур бўлиб қолди, шунга сиз…
– Сиз сира хижолат бўлманг, мен вокзалга бора қоламан, жўнайдиган вақтим ҳам яқинлашиб қолгандир.
– Йўқ, йўқ, сиз мени тушунмадингиз. Аввало, ҳали кетадиган вақтингиз бўлгани йўқ, иккинчидан, сизни паловсиз жўнатмайман. Ошнинг ҳамма масаллиғини тайёрлаб қўйганман, сиз мен келгунча уйга чиқиб, ошни дамлаб туролмайсизми демоқчи эдим. Эркаклар ошга уста бўлади дейишади-ку.
– Э-э, шундай демайсизми. Бир оғиз сўзингиз. Пазандалик менинг «ҳоббим» – иккинчи ҳунарим. Қолаверса, паловдай жиддий нарсани аёл кишига ишониб топшириб бўлмайди!
– Ундай бўлса жуда соз. – деди аёл хурсанд бўлиб. – Кечирасиз, мен жуда шошиб турибман, мана уйнинг калити, ўзингиз бемалол чиқиб ҳунарингизни кўрсатаверасиз.
– Сиз ҳали мени… яхши билмайсиз-ку, – деди йўловчи калитга иккиланиброқ қўл чўзаркан. – Мутлақо танимаган-билмаган одамга ишоняпсиз…
– Мен ички сезгимга ишонаман, ички сезгим эса шу одамга ишонса бўлади деяпти.
– Ишончингиз учун раҳмат, уни оқлашга ҳаракат қиламан, – деди йўловчи аёлнинг гапларидан алланечук таъсирланиб. Беихтиёр кўзларига ёш қалқиб чиқди. У кўнгилчан одам эди. Кўзларини яширганча аёлга қарамай тез юриб кетди. Боягина бирров кириб чиққан уйнинг эшигини очиб, ичкарига кирди.
Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтгач, газ плитада ошнинг зирваги мил-мил қайнар, обдон чарчаган йўловчи эса диванда донг қотиб ухлаб қолган эди. Худди шу маҳал аёлнинг қизи йигити билан уйга кириб келишди. Ногоҳ меҳмонхонада ухлаб ётган нотаниш кимсани кўрган қиз қўрққанидан қичқириб юборди.
– Қизиқ, бу ким бўлди экан? – деди қиз йигитнинг пинжига тиқилиб.
– Балки онангнинг биронта танишидир? – тахминлади йигит.
– Онамнинг бунақа бегона эркакни уйга бошлаб келадиган одати йўқ. – деди қиз аччиқланиб.
– Ахир бу одам ўз-ўзидан, осмондан тушмагандир.
Гангир-гунгур шовқиндан йўловчи аста уйғониб, кўзини очди. Атрофга аланглаб, йигит билан қизни кўрди-ю саросимага тушиб, хижолатдан боши қотди.
– Сиз кимсиз ўзи? Бу ерга қандай келиб қолдингиз? – деб сўради қиз нотаниш одамга ҳадиксираб, таажжуб билан тикиларкан.
– Мен…шу хонадон бекаси билан келувдим. Шохбекатда танишиб қолувдик.
– Танишган бўлсангиз, исми нима экан хонадон бекасининг, – деди йигит иддао билан ва йўловчига синчков тикилди.
– Исмини…сўрамабман, – йўловчи худди айб иш устида қўлга тушган болакайдек қизаринди.
– Ҳўвв, менга қаранг, – деди йигит таҳдид билан йўловчи томон бир қадам ташлаб. – Бунақа чўпчагингизни пишириб енг, кимни лақиллатмоқчисиз? Сиз бировнинг уйига бостириб кирган ўғри, босқинчисиз. Ҳозироқ мелиса чақираман.
Йигит йўлакка чиқиб, телефон гўшагини кўтарган эди, қиз қўлидан тутиб қолди.
– Балки ҳожати йўқдир. Ортиқча даҳмазанинг нима кераги бор? Яхшиликча ўзи кетгани маъқул.
Йўловчи ичкарида бу гапларни эшитиб турган эди. Индамай ўрнидан турди-ю даҳлиздаги сумкасини кўтариб, уйдан чиқиб кетди.
– Менимча, барибир яхши иш бўлмади, – деди қиз афсусланиб, – онамнинг келишини кутишимиз керак эди.
– Калламга зўр бир фикр келди, – деди йигит қизнинг гапларига эътибор бермай, қўлларини бир-бирига ишқаб, – фурсатдан фойдаланиб қолишимиз керак.
– Нима қилмоқчисиз? – қиз йигитга хавотирланиб қаради.
– Онангнинг пулларини қаерга яширганини биласан-а?
– Биламан, – деди қиз бўшашибгина, – лекин…
– Лекин-пекини йўқ. Онанг машина олишимга қарз бергиси келмай юрувди. Мана энди бемалол ўша пулни олиб, айбни ҳалиги нотаниш одамга тўнкаб қўяверсак бўлади. Зўр ўйлабманми?
– Зўр эмас, ғўр ўйлабсиз. Ахир қинғир иш қирқ йилдан кейин ҳам билинади-ку.
– Ўзинг оғзингдан гуллаб қўймасанг бўлди-да. Ким билиб ўтирибди.
– Барибир кўнглим чопмаяпти шу ишга.
– Машинада сени ҳар куни маза қилиб сайр қилдираман. Айтган жойингга олиб бораман. Ҳар куни институтда дарсдан чиқишингни кутиб тураман машинада. Энг муҳими, тўйни ҳам тезлатамиз. Нима, менга…ишонмаяпсанми?
Йигит аврай-аврай қизни қалтис режасига кўндирди. Қиз меҳмонхонадаги жавоннинг пастки тортмасидан оқ хатжилдга солинган уч минг доллар пулни йигитнинг қўлига тутқазди. Онаси бу пулга қизи учун алоҳида уй олиб бермоқчи бўлган, аммо уйларнинг нархи кутилмаганда кўтарилиб кетгани боис режа кейинга қолдирилган эди.
Йигит пулни олгандан кейин уйда кўп ўтиролмади. Автомобил салонида ишлайдиган дўсти билан маслаҳатлашиши лозимлигини айтиб, тезда жўнаб кетди.
Она бу орада жамики эркак зотидан нафратланган ҳолда, дунё кўзига қоронғи кўриниб уйга қайтаётган эди. Унга уйланаман деб ваъда берган эркакнинг анчадан буён бошқа аёл билан ҳам дон олишиб юрганини Феруза бир неча бор кузатган, бу гал уни «жиноят устида» кўрсатиш учун дугонасини шошилинч чақирган эди. Аёл ўзи ишонган, ўзи ёқтириб юрган одамининг хиёнатини ўз кўзи билан кўрди, кўзи мошдек очилди. Кўрганлари тушида эмас, ҳушида бўлганига ҳали ҳануз ишонгиси келмас, энди яшашнинг маъноси ҳам, қизиғи ҳам қолмаган эди.
Уйга келиб қизидан эшитгани дард устига чипқон бўлди. Нотаниш йўловчининг пулни ўғирлаб кетганига оппа-осон ишонди. Ахир эркак зотининг ҳаммаси бир гўр эканига ўзи ҳозиргина гувоҳ бўлиб келган эди-да. Яна қандай далил-исбот керак. Фақат энди қандай яшайди? Қалбида одамларга ишонч бўлмаса қандай яшаш мумкин?
Аёл шу кеча мижжа қоқмай чиқди. Тун ярмига борганда иссиғи кўтарилиб, алаҳсирай бошлайди. Қиз уйдаги дори-дармонлар кор қилмаслигини сезиб, тез ёрдамга телефон қилди. Врач аёлни касалхонага олиб кетди.
Онасининг ўша куни дугонаси билан учрашганидан, бошидан кечган кўнгилсизликлардан хабарсиз қиз бу кўргуликларга ёлғиз ўзим сабабчиман деб ўйлар, аммо айбини қандай ювишни билмас эди. Мабодо бор гапни айтса, онасининг дарди баттар оғирлашиб қоладигандек туюларди. Айтмаса…айтмай юраверса юрагини кемираётган виждон азобидан қутулолмаслигини англаб етди. Ахийри, бир куни пайт топиб онасига ёрилди. Бор гапни айтди. Негадир онаси пул воқеасига ортиқча парво қилмади, у гуноҳсиз йўловчининг беҳурмат қилиниб, уйдан ҳайдаб чиқарилганидан кўпроқ куйинди. Ҳаловати йўқолди, кўнглига ҳеч нарса сиғмай қолди. Нимадир қилиши лозимдек туюлди. Касалхонадан уйига қайтган куни қизига қатъий оҳангда шундай деди:
– Мен барибир у одамни қидириб топишим керак. Унинг олдида гуноҳкормиз. Бориб кечирим сўрайман. У бағри кенг, тушунган одам. Кечирса керак.
– Ахир унинг исмини ҳам билмайсиз-ку. Қандай топасиз уни?
– Яшайдиган шаҳри маълум, касби-корини биламан. Кичкина шаҳарда ҳамманинг иши тушадиган одамни топиш қийин эмас.
Аёл эртаси куниёқ таниш нотаниш йўловчини қидириб жўнаб кетди.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 5-сон.