Шодмон Отабек. Кўричак қаерда бўлади? (ҳажвия)

Туман шифохонасига оғир касал келтирилди. Ўн уч — ўн тўрт ёшлар чамасидаги ўсмир қорнини чангаллаб, тинимсиз инграрди. Уни дарҳол жарроҳлик бўлимига ётқизишди. Шу куни институтни яқинда битириб келган ёш жарроҳ Қосимжон навбатчи эди. У касалнинг қорнини обдон текшириб кўрди. «Қаеринг оғрияпти? Мана шу ерми? Ёки бу ерми?» деб сўради, дунё кўзига қоронғу кўринаётган болакай эса гапиришга мажоли етмай, бошини асабий силкитар эди. Қосимжон ташхис қўйишда бир тўхтамга келолмай, болалар бўлимида ишлайдиган ҳамкасб дўсти Осимжонни чақиртирди.
— Сен ҳам бир кўр-чи, — деди кушеткадан четланиб. — Балки кўричакдир, балки…
Осимжон касалга энгашиб, бармоқлари билан пайпасланди, у ҳам ўша саволларни берди. Кейин иккиланиброқ гап қотди:
— Ҳар ҳолда, кўричак бўлса керак. Яна…билмадим…
Бу орада касалнинг оғриғи баттар кучайди. Ғужанак бўлганча қорнини ушлаб бақира бошлади. Пешонасидаги терни артиб, бошини силаб-сийпаб турган ҳамшира дўхтирларга асабий қараб қўйди.
— Хўш, нима қилдик энди?
— Қосимжон бошини қашлаб туриб қолди.
— Тезроқ операция қилиш керак, акс ҳолда кўричак бўлса ёрилиб кетиши мумкин, — деди Осимжон. — Дарвоқе, бош жарроҳ Абдуқаҳҳор акани чақирмадингми?
— Таътилда экан, ҳали қайтмабди.
— Унда ўзинг операция қиласан.
— Йўғ-э? Нималар деяпсан? Ҳали бирон марта операция қилганим йўқ-ку!
— Ахир қачондир бошлашинг керак-ку! Дипломли жарроҳсан ҳар ҳолда!
— Барибир юрагим дов бермаяпти-да, оғайни.
— Касал кутиб турармиди? Тезроқ ҳаракатингни қил, бола…оғирлашиб қолиши мумкин.
— Унда, илтимос, сен ёнимда тургин…
— Майли, қўрқма, бир амаллармиз.
Ҳамкасблар операцияни бошлашди. Қосимжон қалтироқ қўллари билан кўричакни қидиришга тушди. Аммо уввало уринмасин, кўричак ҳадеганда топилавермади. Ноилож ёнидаги шеригига юзланди:
— Кўричак деганлари қаерда бўларди ўзи?
— Ие?! — деди Осимжон ҳайратланиб. — Нима, кўричакни кўрмаганмисан?
— Кўрган бўлсам сендан сўраб ўтирармидим? — деди Қосимжон тўнғиллаб. — Кўричак ўтилган дарсда қорним оғриб… Хўш, ўзинг нега билмайсан?
— Мен жарроҳлик бўлимида ўқимаганман-да, — деди Осимжон ўзини оқлаб. Қўлингдан келмас экан, нега операцияга қўл урдинг?
— «Бир амаллармиз» деганингга ишониб…
— Мен ҳам сени бунчалик ношуд деб ўйламагандим!
Жарроҳларнинг антиқа гапларидан ажабланиб турган ҳамшира юзидан ниқобини тушириб, жаҳл билан хитоб қилди:
— Ҳой думбуллар! Касал бу аҳволда ётибди-ю сизлар…Яхшиям наркозда, ҳушига келиб, бу гапларингни эшитиб қолса тирақайлаб қочиб кетарди.
— Наркоз бекорга қилинмайди-да, опа! — деди Қосимжон тап тортмай.
— Тезроқ бирон чорасини топинглар, агар болага бирон кори-ҳол бўлса калланглар кетади-я!
— Калласи бўлса кетади-да! — Осимжон дўстини аяб ўтирмади.
Қосимжон ҳамширанинг гапидан сергак тортди. Ягона маслаҳатчиси бўлган шеригига мўлтираб қаради.
— Хўш, энди нима қилдик?
— Билмасам…
— Қайта тикиб қўя қоламизми?
— Бу сенга кашта эмаски қайта тиксанг.
— Унда…
— Тезда бориб Абдуқаҳҳор акани топиб келиш керак.
— Эсинг жойидами? Унгача касал шу ҳолида ётадими?
— Бошқа иложимиз йўқ. Қани кетдик.
Абдуқаҳҳор ака маҳалласидаги чойхонада жўралари билан улфатчилик қилиб ўтирган экан. Ҳамкасбларининг илтимосини эшитиб, энсаси қотди.
— Мен дам олишдаман, йигитлар, — деди чайқалиб. — Ўзинглар пиширган ош энди ўзларингга ҳавола.
Осимжон гапнинг пўсткалласини айтмаса бўлмаслигини сезди. Дўстини юз-хотир қилиб ўтирмади.
— Абдуқаҳҳор ака! — деди қўлини Қосимжонга бигиз қилиб. — Бу аҳмоқ касалнинг қорнини ёриб қўйган, у ёғини эплолмай боши қотиб ўтирибди. Ўзингиз бормасангиз бўлмайди.
Абдуқаҳҳор аканинг кўзлари мошдек очилди, кайфи тарқаб кетди. Жўралари билан хайрлашишни ҳам унутиб, шоша-пиша йўлга тушди. Йўловчи машинани шошилинч тўхтатиб, бир зумда касалхонага етиб келишди.
Жарроҳлик бўлимига киришганда негадир касал кўринмас, бош ҳамшира Фозила опа қўлларини совунлаб юваётган эди. Қосимжон кўнгли бир нохушликни сезгандек, хавотир билан сўради:
— Опа, бу ерда бир касал бола ётувди, кўрмадингизми?
— Э-ҳа, ҳалиги …қорни ёриб ташлаб қўйилган болани айтаяпсизми? — деди ҳамшира кесатиб. — У сизлардан… қочиб қутилди. Ўзим ёрдамлашвордим.
Ҳамма анграйиб қолди. Абдуқаҳҳор ака жаҳл билан ҳамкасбларига ўқрайди:
— Бу нима майнавозчилик?! Мени лақиллатиб…
— Ўлай агар, мана шу ерда ётувди. Қизиқ, қаёққа йўқолдийкин? Ўзим уни… — Қосимжон довдираб қолди.
— Тўғри, ўзи амаллаб қорнини ёрган, — дея изоҳ бера бошлади Фозила опа. — У ёғига илми етмай қолиб, сиздан ёрдам сўрашга мажбур бўлган. Ҳамшира воқеадан хабардор қилгач, келиб қарасам, бечора болакай ўсал бўлиб ётибди. Ачиниб кетдим. Қараб кўрсам, ҳеч қандай кўричак бўлмаган. Қорнини ўзим қайта тикиб қўя қолдим. Орадан кўп ўтмай болапақир ўзига келди. Далада мол боқиб юрганда довучча еб, орқасидан совуқ сув ичиб қўйган экан. Ўзи айтиб берди. Оғриғи шундан экан. Ҳозир қўшни палатада ётибди. Аҳволи дуруст.
— Ҳмм, тушунарли, — андак енгил тортган Абдуқаҳҳор ака Қосимжонга заҳарханда юзланди:
— Отанг нима касб қилади?
— Отам…қассоб … — Қосимжон нимкосани пайқамай жавоб берди.
— Энди гап бундай, ука! — деди Абдуқаҳҳор ака Қосимжоннинг елкасига қўлини ташлаб. — Сен яхшиси ота касбини қил! Аммо билиб қўй – қассоблик қилиш учун ҳам уқув керак!
Қосимжон мулзам бўлиб, ер чизиб қолди.