Омон Мухтор. Ижодкорнинг кўнгил олами (адабий манзаралар)

Йигирманчи асрдаги энг катта фалокат — “халқ душмани” деган ёвуз тушунча ҳукм суриб, қирғин тегирмони айланганию унинг “сояси” қатор ўзбек адиблари хонадони устига ҳам тушганидир. Бу тўғрида сўз борганида, кўпинча дастлаб, бир пайтда (1938 йил) отиб ташланган буюк уч адиб — Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон номлари тилга олинади. Олимлар, ёзувчиларимиз уларнинг исми-шарифини рўйхатда аксар турли тартибда келтирадилар. Аслида, Фитрат Қодирийдан саккиз ёш, Чўлпондан ўн бир ёш катта, адабий-ижтимоий ҳаёт аравасини ҳам олдинроқ йўлга солган эди ва биз келтирган тартибда ёзган тўғрироқдир.
Уч адибнинг ҳаётида (фақат ўлимида эмас!) шундай муштарак жиҳатлар учрайдики, ажабланиш мумкин. Дейлик, ўша даврда ўтган ўнлаб ижодкорларга (ҳар бирининг ўрни, хизмати борлигига қарамай) қиёслаганда, улар адабиёт тарихида бевосита ўз асарлари билан унутилмас чуқур из қолдирган эди. Бу уч буюк адиб кейин, маҳв этилган кундан токи номи, ижоди “оқланган” даврга қадар ҳам уларнинг асарларини халқ яширин, қўлма-қўл ўқиб юрган (бизнинг авлодимиз ҳам бу уч адиб асарлари билан илк дафъа одамлар қўлида асранган нусхалар орқали танишган). Улар мамлакатимиз мустақилликка эришишини орзу қилиб қолмай, ич-ичида бунга ишонган, ўз умрини шу йўлга тиккан, буни башорат каби билдириб кетган. Бу адиблар учун “юрт қайғуси” ва “миллат дарди”дан муҳимроқ нарса бўлмаган. Улар шўро сиёсати мустамлакачиликнинг давоми эканлигию мустақилликка йўл бермаслигини жуда тез пайқаган. “Ислоҳ” деб ҳайқириб, курашиб, муқим шаклга кира бошлаган ҳаёт “ҳар қандай ўзгариш”га қарши туришини “тушунмаган” ёки “тушунмаганга олишган” эди. Муроса юзасиданми (ёки бу тириклик учун кураш эдими?), гоҳо “шўроча оҳанг”да нималардир ёзганда ҳам, улар асосан, ғаддор замонни “алдаш”га уринишган эди.
Буюк уч адиб ўз мақолалари ва шеърлари (буниси кўпроқ Фитрат ва Чўлпонга тегишли) билан ҳам шуҳрат қозонган. Аммо уларга чинакам катта шуҳратни йирик асарлар (Фитрат — драма, Қодирий ва Чўлпон — роман) келтирган. Улар (нисбатан анча кам) ҳикоялар ҳам ёзишган. Яхлит мерос сифатида, булар орасида Фитратнинг “Қиёмат” ҳикояси алоҳида аҳамиятга эга. Адабий воқеага айланган, дейиш мумкин. Бу асар “Хаёлий ҳикоя” деб аталган, шунчаки “тўқилган”дек бўлса-да, адиб “ўз даври шароити”ни маҳорат билан акс эттирган эди.

* * *

Йигирманчи аср ўзбек адабиёти устунлари — Фитрат 52 ёшида, Қодирий 44 ёшида, Чўлпон 41 ёшида шаҳид бўлган бир паллада, Ғафур Ғулом 35 ёшда, аллақачон сафга кирган, буюк салафлари “аҳволи”дан хабардор, ўзи ҳам китоблари чиққан, танилган ижодкор эди. Илк қарашда у ноҳақ шаҳид бўлган “алломалар, устоз”ларга зид йўл тутган, шўро сиёсатини қўшқўллаб маъқуллаган, минбарга кўтарилиб, шўроча оҳангда баралла ҳайқиргандек туюлади. Аслида-чи? Шум Ғафур ака (“Шум бола”ни ёзгани бежиз эмас!) ғаддор замонни “алдаган” эди, холос. Тўғри, унинг бутун ҳаёти ва ижодига назар ташлаб, асарларида, адабиётшунослар айтмоқчи, баъзан “саёзлик кўринган, замонасозлик майллари сезилган” эди. Лекин бу кун (энди) тасаввур қилиш қийин, давр ниҳоятда оғир эди. Дейлик, Ҳамид Олимжонни (бу йил таваллудига юз йил тўлди) ўзидан ёши қарийб чорак аср улуғ, устоз ўрнидаги Фитратни “тупроққа қорган”и ёки “Муқанна”да (наузамбиллоҳ!) даҳриёна айрим фикрларни ёзгани учун бу кун айблаб бўладими? Тегирмон айланмоқда эди. Ҳар ким давр билан ҳисоблашиб, ўз жонини асрашга мажбур эди! Қисқаси, Ғафур ака аслида, буюк салафлар йўлини давом эттириб, “юрт қайғуси”, “миллат дарди” билан яшаган, буни фақат “пинҳон тутган” эди. Бизнинг Ғафур ака даражасидаги юртни, халқни улуғлаган (сиёсат ниқоби остида ўз фикрини илгари сурган) бошқа шоиримиз йўқ! Ғафур ака айниқса, насрий асарларида ўзини “бемалол қўйиб юборади”. Унинг “Ён дафтар”ида қизиқ бир гап келади: “Халқни даволамаса, касал бўлиб қоладиган табиблар ҳам бор”. Ғафур ака “халқни даволаш”ни истаган шундай “табиб” эди! “Ён дафтар”да яна бундай гап ёзилган: “Ҳар бир қатранинг тўфондан жабри бўлгани билан, қудрат баёни йўқ”. Эй Худо! Биргина жумлада бутун даврни ифодалаш мумкин экан-ку! Ғафур аканинг насрий асарлари, жумладан, умри сўнгида ёзган эртак-ҳикояларида шундай кескин фикрлар учрайдики! Афсус, баъзи бир нашрларда айрим “шўровий” биродарларимиз ўзларича уларни “тузатиб тартибга келтиришган”.

* * *

Эҳтимол, бу содда қарашдир, Абдулла Қаҳҳор ижодига назар ташлаганда, йигирманчи асрда яшаб ўтган адиблар орасида у энг зиддиятли ёзувчи сифатида кўзга ташланади. Бир томондан, мақолалари, ҳатто асарларида “шўро ҳиди” гупириб туради, ўзини “даврпарвар” тутади. Иккинчи томондан, турфа иллатларни фош этиб, сатира тиғини нақ давр кўксига санчади. Қанчалик антиқа туюлмасин, Абдулла ака “Шўродан Шўрони” ҳимоя қилгандек таассурот уйғонади.
Абдулла акани унга сафдош бир авлоднинг бошқа вакиллари (Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон) сингари узлуксиз зулм-ситам, қирғин-қатағон (тўнтаришдан 1938 йилгача ва кейин ҳам) давом этган оғир давр шароитида “жон сақласа-да”, “адабиёт сиёсий” бўлганидан, доим шу давр асоратида яшаган, дейиш мумкин. Бояги зиддият шунинг натижаси бўлса, ажаб эмас.
Абдулла Қаҳҳор яратган йирик ҳажмдаги асарлар — романлар, қиссалар, комедиялардан ҳар бири кечаги кун ҳаётини акс эттириш баробарида, ўша даврнинг мусбат ва манфий жиҳатлари, умумий ҳолатини “давр қаҳрамонлари” тимсолида кўрсатгани билан аҳамиятлидир. Бизнинг адабиётимизда Қаҳҳорга ўхшаб “босиб ўтилган йўл”ни қадам-бақадам тасвирлашга уринган бирон адиб учрамайди, бу изчиллик фақат унга хос. У биринчи навбатда “ҳикоялар устаси” деб ном олган эди, лекин унинг ҳикоялари, пухтароқ ишлангани ва шукуҳ топганлигига қарамай, йирик ҳажмдаги асарларига “илова” кабидир. Албатта, бу хислат уларнинг қийматини пасайтирмайди.
Кўпчилик адибларга нисбатан Абдулла аканинг деярли барча асарлари ўз вақтида турли баҳс-мунозаралар келтириб чиқарган. Ҳамон келтириб чиқаради.
Ана, машҳур “Анор” деган ҳикоя. Баъзан: “Иккита анор ҳам гапми? Хотини бошқоронғи бўлган эр истаган эшикка бормайдими? Ҳалол бўлмаган луқмадан эртага қанақа бола туғилади?” — қабилида фикр билдирилади. Бунга зид: “Кечаги кунни бу куннинг қаричи билан ўлчамаган, ҳар қандай ҳолат ва асар “қаҳрамон”идан олий даража (идеал) қидирмаган дуруст! Узоқ-яқин ўтмишда “Ҳазратим, очликдан ўлдим, егани нон бер менга”, деб шеър ёзилган пайтлар ҳам учрайди. Қолаверса, хаёлот (фантазия)га асосланиб асарга баҳо бермаслик керак. Ёзувчидан (айниқса, ўтган ёзувчидан) “боридан бошқача” асар талаб қилиш умуман инсофга кирмайди!” — тарзида айтилган эътирозга дуч келамиз.
Қандай бўлмасин, биз устозлар меросига эҳтиёткор ёндашиш, уларни доим хотирлаш, қилган хизматларини қадрлашга бурчлимиз.

* * *

Ўз касби фидойиси бўлган ёзувчи бир куни дунёни тарк этганида ҳам, унинг эълон қилинган асарлари қатори ниҳоясига етмаган айрим “қоралама”лари қолади. Адабиётшунослар уларни ўрганадилар. Буниси майли, ёзувчи йиллар бўйи ўйлаб юргану баъзан қоғозда аниқ белгилаб-белгиламаган, ҳали “жиддий киришмаган” асарлар учрайди. Афсуски, бебақо дунёдан буларни у ўзи билан бирга олиб кетади.
Буюк Алишер Навоий ўйлагану ёзишга улгурмаган асарлар бор. Толстой бир қутичага ният қилган асарларидан далолат берган қоғоз парчаларини солиб қўйган эди. Яқинроқ келсак, устоз Ғафур Ғулом, кейинчалик Иззат Султон “Фурқат” деган роман ёзишни мўлжаллаган. Улар иккиси бу тўғрида фақат гапириб юрмай, эшитганимизга кўра, қайсидир нашриётлар билан шартномалар ҳам тузган. Лекин роман ёзилмай қолаверган.
Қисқаси, талабалик йилларидан дўстим, оғайним, истеъдодли адиб Шукур Холмирзаев кўпинча суҳбатларимизда ёзаётган асарлари сингари, ўйланган асарлар бобида ҳам гапирар эди. Жумладан, икки роман устида сўзлашганимизни эслайман. Биринчиси, мумтоз адабиётимиз вакилларидан Турди — Фитрат таъбири билан айтганда, “ўзбекнинг бу қизиқарли шоири” — ҳақида роман. Иккинчиси, муҳаббат ҳақида. Бировга ўхшамаган янги талқинда.
Гапни иккинчи асардан бошлайлик.
Шукур “Муҳаббат бахтиқароликдир”, деган роман ёзмоқчи эди… Муҳаббатнинг маъноси кенг. Аждодларимиз энг аввал Яратган билан муносабатни Ишқ деб тушунганлар, бутун ўтмиш адабиётимизда бу кўриниб турган ҳолат! Ватанга муҳаббат, ҳаётга муҳаббат! Шунинг баробарида, муҳаббат ёрга боғлиқ ҳодиса — Ошиқ ва Маъшуқа бўлмаганида, муҳаббат ҳам йўқ. Хўп. Муҳаббат ўзи нима? Бахтми? Бахтиқароликми? Масалан, Маъшуқани Тангри деб билганимизда, буни бахтиқаролик дейиш ширкка айланади! Ердаги ёрга нисбатан муҳаббат эса чиндан аксар фоже тугаганига мисол кўп, аммо олий туйғу одамни юксалтирган, бахт келтирган онларга ҳам ҳаётда етарлича мисол топилади… Шукур шуларни ўйлаган, ёзгиси келганмиди? “Абадий бу эпкин” тўғрисида у қандай Сўз айтмоқчи эди? Адашмасам, Шукур ёзишни бошламаган эди ҳам! Нега? Вақт, имкон бўлмаганиданми ёки дарахтдаги мева вақтида пишмаганиданми? Бизга қоронғи. Бир нарса дейиш қийин.
Неча бора соатлаб, узоқ гаплашганимизга қарамай, у бошқа романда Турди шахсини қандай тасаввур қилиб, қандай тасвирлашни ўйлаганини ҳам айтолмайман. Одатда, ижодкор “олам”и унинг ичида — юрагида, хаёлида ётади. Ёзилмаган асарларга ортиқча қизиқиш одобга кирмайди. Бундан ташқари, ижодкор ўз “олам”ини бор кўламда намоён этишни истамайди ҳам! “Олам”нинг ўзи тўла “шаклланмаган” бўлиши ҳам мумкин… Мен билганим, Шукур Турдини яхши кўрарди. Шоирнинг машҳур назмидан икки мисрани ҳар гал таъсирланиб, ҳайратланиб ўқир эди:

Тор кўнгуллик беклар, манман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бори ўзбак юртидир, тенглик қилинг.

Шукур: “Бу гап ҳозир ҳам муҳим. Бир ёқадан бош чиқариш керак!” дер эди.
Дарвоқе, ўша назмда бундай мисралар ҳам келади:

Бир яқодин бош чиқориб, борча бир тўнға кириб,
Бир унғурлик, бир тирезлик, бир яқо-енглик қилинг.

Турди қадим-қадимдан дунёда ҳукм сурган Тенглик тушунчаси ва бунга зид ҳолатдаги Тенгсизлик тушунчасидан қанчалик хабардор эди? Шукур Холмирзаев буни қанчалик ўрганган эди? Умуман, Шукурни уч-тўрт аср муқаддам “Бухорода турғон, онда қандайдир бир ўнғайсизлиққа учраб, бошқа сори азм” этган шоир қайси жиҳатлардан қизиқтирган эди?
Биринчи навбатда ўйлаб кўрайлик. Тенглик ва Тенгсизлик орасидаги қарама-қаршилик фалсафий ўлчамлардан бири. Тенглик орзу даражасидаги қонуният бўлгани каби тенгсизлик ҳам мезон сақланишини таъминлаган қонуниятдир.
Кечаги кунлар “тенглик” деб жар солиш одат эди. Лекин тенгсизликни тан олмаган ҳолда, ҳаётда тенгсизлик давом этарди! Катта ёшдаги киши билан бола тенг эмас. Халқда: “Беш бармоқ баробар эмас”, деган гап юради. Халқ: “Тенг тенги билан” дейди. Бой билан камбағални, меҳнат кишиси билан ялқовни тенглаштиролмайсиз. Аслида, Худонинг барча бандалари тенг. Аммо уларни бир хил кийиниш, бир хил юриш, бир хил яшашга мажбур қилолмайсиз. Сўзлашнинг ўзида Тенгсизлик кўзга ташланади! Аслида, барча халқлар тенг. Аммо инсоният ҳали бунга тушуниб етибдими? Мустамлакачилар билан мустамлака шароитида яшаган халқни тенг деёлмайсиз. Бировнинг зулми остида, бировга қарам халқларга озодлик, мустақиллик керак. Шундан кейин, бошқалар билан тенг муносабат ўрнатиш мумкин.
Гапнинг индаллоси, Тенгликнинг ҳам, Тенгсизликнинг ҳам ранги-бўёғи кўп. Тенглик ҳам, Тенгсизлик ҳам гоҳ табиий, кўркам, гоҳ нотабиий, хунук либос кияди. Тенгликнинг бемаъни, озорли, Тенгсизликнинг адолатсиз, маломатли томонлари кўринади. Уларга қандай маъно касб этишига қараб баҳо берилади. Тенгликни доим байроқ қилиб бўлмаганидек, Тнгсизликдан доим норозиланиш ўринсиз. Инсоният баъзан Тенглик, баъзан Тенгсизлик истайди.
Албатта, Турди Фароғий “тор кўнгуллик беклар”га мурожаат қилиб, асосан: “Ўзингни бир-бирингдан устун қўймай, аҳил яшаш!” мазмунида сўз юритган эди. “Юз” қабиласига мансуб шоир қабилалар (уруғлар)га бўлиниб-ажралишларга ҳам қарши чиққан эди (“Бирни қипчоқ-у, хито-у, бирни юз, найман деманг”). Тарихда турли қавмдан бўлган беклар (амирлар, хонлар) орасида аҳиллик йўқлигидан, халқ бошига қанча кулфатлар тушиб, кутилмаган босқинлар, фожиалар рўй бергани маълум. Адабиётимизда “эл-улус”, “халқ” сўзларини ишлатиб, Турдидан олдин ҳам, кейин ҳам эзгулик истаган-қайғурган шоирлар оз эмас. Лекин Турди бунга алоҳида аҳамият бериб, “тўқсон икки бори ўзбак юрти”, “бир яқодин бош чиқориб”, деб очиқ айтган ягона шоир! У “кенглик қилиш”, тенглик ва тенгсизлик тушунчаларидан анча воқиф бўлмаса, бундай ўз даври учун ниҳоятда ўктам фикрни илгари сурмас эди! Эҳтимолки, Турдининг шундай чинакам миллатпарвар шоир бўлганлиги Шукурни қизиқтиргандир?
Асар нега ёзилмай қолганига келсак, “бири кам дунё”да, ижодкорнинг барча ўйлаганлари ҳам қоғозга тушавермайди. Гоҳо ният — ниятлигича қолаверади…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 44-сонидан олинди.