Илҳом Холиқов. Тойчоқ (ҳикоя)

Эрталабдан ота-боланинг ўртасидан оламушук ўтди.
— Эсингни йиғ, бола! Бунақанги ишларга ҳали ёшлик қиласан.
Аслида-ку, Олтмишбой ака бунақа гапларни шу бугун эшитаётгани йўқ: эсини танибдики ўзича бир иш қилолмайди.
— Гап битта, неварангнинг тўйига тойчоқ оборасан, тамом вассалом!
Умрзоқ отадан ёшини сўрасангиз: “От йили кирганда юзга тўлгандим, ҳозир билмайман нечага кирганман”, дейди. Бу отахоннинг бир гапини икки қилгани қишлоқнинг саксон-тўқсондан ошган бобойларининг ҳам ҳадди сиғмайди-ку, эндигина элликдан ошган ўғли отасига гап қайтаради. Нима эмиш, Олтмишбойнинг қўшни қишлоққа узатилган қизи Норхол ўғилчасининг “қўлини ҳалоллаётган” эмиш-у, булар бўлса тўйболага тойчоқ обормас эмиш. Қайсидир куни қизининг ўзи келиб шундай деб кетибди. “Ота, келган одам уйимнинг ичига қарайди, оғилхонамга ким ҳам кириб кўрарди, дейсиз. Қолаверса, у дардисарга ҳар куни ўт сол, сув бер, дегандай юзта ташвишим мингта бўлади. Мен ҳам, куёвингиз ҳам ишда бўлсак… Яхшиси, шунинг ўрнига бошқа тузукроқ нарса обориб қўяқолинг. Телевизорми, музлатгичми… Отам тўйда обкелган деб эслаб юрамиз”.
— Ҳо-о, кўнгилларининг кўчасидан! — деди бу гапни эшитган Умрзоқ ота. — Буларга қолса тўйда ош ҳам дамламаса-ю, ичига карамми, макаронми солиб шўрва тарқатса. Ана шунақа қилиб яна битта замонавий қилиқ чиқарса…
Хаёлидан шу гаплар ўтган Умрзоқ ота болаларини тергади:
— Э-э, бекорларни айтибсан икковинг ҳам, — деди ўғлига ёвқараш қилиб, — ақл дегани борми ўзи сен нодонда!
Олтмишбой ака ҳам бўш келмади:
— Ўзлари тойчоқ керак эмас, деб турганидан кейин нима қилай. Қўлига зўрлаб тутқазайми! Шулар хурсанд бўлса, мен ҳам хурсандман. Болаларимнинг кўнглига қарасам, сўраганини берсам, аҳмоқ бўламанми, ота?
Умрзоқ ота тажангланиб “оббо” деб қўйдида, кейин шундай қилса худди асаби босилиб қоладигандай кўксигача тушиб турган оппоқ соқолини тутамлаб давом этди:
— Ўғлим, биринчидан, тўй қизингникимас — неварангники. Иккинчидан, тўйга той етаклаб бориш аввалгилардан қолган удум.
— Ота, шу удумларимизда бирор бир маъни бормикан-а? Қай гўрдан чиққан-у, кимга керак бўлган экан мана шунақа қилиқлар. Гоҳида ўйлаб қоламан-да бунақа одатлар бекорга элнинг тинкасини қуритмаяптимикин деб. Бўлмаса тўйхонанинг ўртасида отга бало борми, тавба!
Умрзоқ ота қўлидаги пахта гулли пиёлага қараганича бироз ўйланиб қолди, кейин ўғлига қараб:
— Ривоят қилишларича, қиёматда кучли тўфон бўлар экан. Ер юзидаги барча мавжудот-у махлуқотларни тўфон чирпирак қилиб учирар эмиш. Ана ўшанда фақат от — ёл-у думи, этлари титилиб кетган жонивор тўрт оёғини ерга маҳкам тираб, эгасини кутар экан.
— Ол-ла! — деб юборди Олтмишбой ака. — Шу гапни қизим эшитганидами, “Ўҳў, фантастика-ку” деб роса кулган бўларди.
— Гапни бўлмай эшит! — чол ўғлини жеркиб берди. Кейин шошилмай гапида давом этди, — жониворлар орасида одамга энг яқини от бўлади, болам! Азал-азалдан оти борлар бадавлат саналган. Биз ёшлигимизда отга талашиб минардик, қачонки, биров уйга юр деб судраб олиб келмагунича, отнинг ёнидан бери келмасдик. Шунгами, илгариги эркаклар анча қорувли бўларди. Саксонбой-у Тўқсонбойлар туғиларди ўша вақтларда.
Олтмишбой ака лом-лим деёлмай қолди.
Умрзоқ ота яна ўтмишини хотирлаб:
— Илгари де, болам, ёлу думи қоп-қора, оппоқ отимиз бўларди. Ақлли, учқур эди, жонивор. Колхозлаштириш йиллари олиб қўйишди. Кейин қайтиб кўрмадим. Ҳа-а, болам, “колхозга ишласин” деб одамларнинг отини тортиб олиб қўйди. Кейин “совхоз” деган яна бир балоси чиқди-да, “Трактор-машина чиқди, энди буларнинг кераги йўқ”, деб отларни фермага тиқиб қўйди. Қамовда туриб не-не насли тоза отлар йўқ бўлиб кетмади дейсан, болам! Энди яна қайтадан отларнинг зотини тозалаб олиш учун эҳ-ҳа, анча меҳнат, анча вақт керак. Сен бўлсанг тилбизор дейсан. Тойчоқ қаёқда-ю, музлатгич қаёқда?
Ҳозир Олтмишбой ака ҳовлидаги тахта сўрида отасининг ана шу гапларини эслаб ўтирган эди, дарвозадан ўғилчасини етаклаб Норхол кириб келди.
— Ассалому алайкум, ота! Меҳмон керакмасмиди, мабодо!
— Ваалайкум, кел, қизим…
Олтмишбой ака ўрнидан қўзғалди. Қизининг қўлидан чиқиб чопқиллаганича ўзига қараб талпиниб келаётган неварасини даст кўтарди-да, пешонасидан ўпди:
— И-я, и-я! Менинг неварам келибди-ку! Яш-шасин!
Олтмишбой ака тўй боланинг бурнидан чимчилаб қўйиб, сўради:
— Тўйингга нима оборайлик?
— Самолёт! — деди тўйбола ўйлаб ўтирмай.
— Ўҳ-ҳў! Боланинг кўнгли осмонда-ку, а?! — деди Олтмишбой ака қувониб.
Буларнинг овозини эшитиб ичкаридан Олтмишбой аканинг хотини Тожнор хола чиқиб келди.
— Эҳ-ҳа, меҳмонлар келибди-ку!
Тожнор хола қизи ва невараси билан кўришиб, айвонга бошлаётган эди, Норхол унамади:
— Овора бўлманг, ая, дарров қайтаман. Ишим бошимдан ошиб ётувди, сизларни тўйдан олдин бир кўриб кетайин дегандим. Кейин анови… Тўёнани ҳам билиб қўяйин девдим-да!
Олтмишбой ака дўпписини ечиб бошини қашиди. Кафтининг орқаси билан пешонасидаги терни артган бўлиб ғудранди.
— Ўзимга қолса-ку, битта яхши музлатгич обормоқчи бўлиб юргандим. Лекин бобонг ҳаммасини музлатиб ўтирибди-да, қизим!
— Нега? — деди Норхол отасига ҳайрон боқиб.
— Э-э, бобонг нима дерди. Урф-одатни бузмагин, индамайгина тойчоқ обор дейди-да! — деди Олтмишбой ака зардаси қайнаб.
Норхол ранжиганини яширмади:
— Вой-бў-ўй! Ётволиб гапираверар экан-да бобом ҳам! Удуми қурсин. Отни бошимизга урамизми биз! У ўлгурнинг тўйими бўлмайди, кечасию кундузи ётмасдан ейди, дейишади. Кошки, куёвингиз от боқишни билса! Даладан икки боғ хашак олиб келса қовоғи осилиб кетади.
— Об-бо! — деди диққати ошиб Олтмишбой ака. — Бири болага той оборасан деса, яна бири оборма, дейди. Нима қиларингни ҳам билмайсан экан.
Шу дамгача бир нима демай жимгина ўтирган Тожнор хола ҳам суҳбатга қўшилиб, маслаҳат солди-ю масалани бир зумда оппо-осон ҳал қилди-қўйди.
— Сиз мундоқ қилинг, дадаси! Бозордан яхши бир музлатгич олинг-да қизингизникига обориб қўйинг. Шу биздан тўёна бўлақолсин. Кейин менинг акамларда от кўп, биттасини тўй кунига хўжакўрсинга сўраб турсак, йўқ демас. Тўй ўтгандан кейин қайтариб олаверади-да тойчоғини. Шу билан отам ҳам тинчийди, қизингиз ҳам.
Онасининг бу гапи Норхолга мойдай ёқиб тушди:
— Ҳа-я, дада, шунақа қилинг, яхши йўли шу! — деди онасини қучоқлаб олгудай бўлиб.
Ҳа-а, бунақанги нарсаларга ойингнинг калласи дарров ишлай қолади. Лекин эшитган одамлар нима дейди, қизим! Қўни-қўшнию қариндош-уруғ дегандай…
Норхол тиқилинч қилишга тушди:
— Э-э, қўни-қўшни билан нима ишингиз бор, дада!
Қизи ундай деди, хотини бундай деди: она-бола ўртага олиб охири Олтмишбой акани кўндирди. Тўёна ҳал бўлди: музлатгич — нақд, тойчоқ — пракат.
— Сен хурсанд бўлсанг бўлди, қизим! Шу сенларнинг бахтларинг учун яшаб юрибмиз-да! — деди Олтмишбой ака. — Ўғлингни олиб бобонгни олдига кир. Келганингни билса, нега кирмай кетди, деб ўпкалаб юради.
Қизи кириб кетгач, Олтмишбой ака ўйланиб қолди: қизига меҳри жўшганидан отасининг юзига оёқ босмаяптимикан? Умрзоқ отанинг эртанги кун ташвиши билан куюнаётганига наҳотки бефарқ қараса? Хўп, отаси-ку унинг бу қилиғини сезмай қолар. Аммо кейин неварасининг олдида гуноҳини оқлай олармикан? Кун келиб невараси эс-ҳушини таниб, бу кунларнинг найрангларидан ўкинармикан ё кулармикан? Нима бўлганда ҳам шу тўйбола тойчоқ минмай улғайганига армон қилса керак.
Олтмишбой ака ечиб қўйган дўпписини бошига ҳафсаласиз қўндирди. Ичкаридан эса Умрзоқ отанинг чеварасини суйиб эркалаётган овози эшитилди: “Айланайин, бобосини йўқлаб келган тўйболамдан. Менинг тойчоғим шу бола. Тойчоғим!..