Санжар Турсунов. Оқ овулнинг озодаси… (ҳикоя)

Таҳририят эшигидан киришим билан котиба олдимга югуриб келди.
– Сизга хат бор. Бир йигит ташлаб кетди.
Қизиқ, ким бўлди экан? Нега айнан хат? Телефон қилса ҳам бўларди-ку. Ё бирор дўстим ҳазиллашдими? Гоҳо, ҳамсабоқ дўстлар бир-биримизнинг ишхонамизга шу тахлит мактуб йўллаб ҳазиллашиб турамиз. Ҳойнаҳой, қўлимдаги ҳам шундай шўхликлар маҳсули бўлса керак.
Хатни олиб хонамга кирдим. Шошиб кимдан келганини ўқидим. Конверт устига газетамиз номидан бў­лак ҳеч нарса ёзилмаган. Очдим. Биринчи навбатда имзога қарадим. Қарадиму қотиб қолдим: “Оқ овулнинг Озодаси…” Ҳаётда шундай лаҳзалар бўладики, ўша лаҳза учун бутун ҳаётингни тиксанг арзийди. Яна шундай лаҳзалар бўладики, бутун ҳаётинг ўша лаҳза сабаб изидан чиқиб кетади.

* * *

Болалик якуни йўқ тушга ўхшайди. Бу олтин дамларда кўнглинг тусаганини қиласан, хаёллар қанотида беармон учасан. Биров сени айбламайди. Баъзан йигирма кун олдин юз берган бирор муҳим воқеани тузук- қуруқ эслаёлмайди киши. Аммо йигирма йил аввал содир бўлган ғира-шира ҳодиса ҳамиша хотирасида туради. Нега? Ҳойнаҳой, биз болаликдан кетсак-да, у биздан айрилишни истамай доимо таъқиб қилиб юради. Гоҳ қувончли, гоҳ ғуссали нимаси биландир ўзини эслатаверади. Ҳаётимизнинг ҳар бўлагида пайдо бў­лаверади. Мана, бугун менинг юрагимнинг қай бир четида беркиниб ётган бир исм тилимга қалқиб чиқди. Оқ овулнинг Озодаси. У бизнинг болалик осмонимиздаги ёруғ юлдуз! Ахир, у илк севги, илк талпиниш, илк изтироб! Айнан шу қиз шарофатидан илк бор уст-бошимизга эътибор берадиган, кўзгуга қараб соч тарайдиган бўлганмиз. Эҳ, Озода!. Унутмабсан-да. Бу одамзор дунёда одамлар орасида ҳамон мени эслаб юрганинг учун раҳмат. Шу кичкинагина мактубинг мени овулга олиб кетди. Оқ овул…

* * *

Мўйлаби эндигина сабза ура бошлаган ўспи­ринлар эдик. Баҳор адоқлаган кунларнинг бирида беш бўйинса тоққа ўтинга чиқдик. Баҳайбат арчаларнинг қуриган шох-шаббаларини йиғиб-териб эшакка ортиб келамиз. Бу аслида тинка қуритар юмуш. Лекин биз болалар ўйинқароқлик билан ҳамма машаққатларни енгамиз. Йўл-йўлакай ҳатто Оқовулга қўниб ўтишга ҳам улгурамиз Оқ овул биз ўтинга борадиган тоғнинг шундоққина биқинида. Кенг, кўм-кўк яйлов. Сон-са­ноқсиз сигирлар ўтлаб юради. Озодалар ҳар ба­ҳор­нинг адоқларида сурув-сурув сигирларни ҳайдаб келишади. Куз кўз очиб мўралай бошлагунга қадар шу ерларда макон тутишади. Озода қорамағизгина, истараси иссиқ, биз тенги қиз. Қуёш баланд тоғ тепасига қўнган пайт овул олдида пайдо бўламиз. Хуржунимизда қишлоқ дўконидан олинган помидору бодринг. Озода помидорни шошиб тишлайди. Қип-қизил суви уст-бошига сачрайди. Биз куламиз. У ҳам жилмаяди. Озоданинг онаси чўнтакларимизни тўлдириб-тўлдириб қурут беради. Бизнинг муродимиз ҳосил бўлиб, раҳмат айта-айта тоққа чиқиб кетамиз. Тоғ бошидан уларнинг ўтови кафтдагидек кўринади. Теварак ям-яшил. Ўн иккита ола-қуроқ ўтов. Ана, ўртадагиси Озодаларники. Қиз қўлида каттакон ойина. Биз томонга тутади. Аҳён-аҳён кўзларимиз илкис ёғдудан қамашиб кетади. Биз ойна акси қаён тушса ўша томонга югурамиз. Озода буни сезади чоғи, ойина тутмай қўяди. Энди бизлар худди келишгандек болтани жўр бўлиб арчага урамиз. Бир… Икки… Уч. Зарблар акс- садоси худди “О-зо-да” дегандек бўлади. Озоза сезади ва яна ойнани қўлига олади. Шундай ўйинлар билан қуёш ботганда пастга бир эшак ўтинни ортиб тушамиз. Озода олдимизга югуриб чиқади. Овулда ундан бошқа яна ўндан ортиқ, ёшлари биздан катта қизлар бор эди. Улар бизни менсимас, “миттилар” дейишарди. Опаларининг атамасидан уялгандек, Озода нигоҳлари билан биздан узр сўрарди. Яна чўнтакларимизни қурутга тўлдириб уйга қайтамиз. Йўлда уруш-жанжал бошланади: “Озода мени яхши кўради.” Шу сўз барчамизни кучли, ўтда ёнмас, сувда чўкмас қилиб қўяди.
Орадан уч кун ўтиб яна ўтинга чиқдик. Чунки мактабга боргандик. Ўша ҳар доимги вақтда овулда пайдо бўлдик. Ёши катта қизлар сигирларни соғар, эркаклар бузоқларнинг арқонидан тортқилаб қизларга нималардир деб турарди. Бизни биринчи бўлиб овул итлари пайқади. Дараларни бошига кўтариб ҳура кетишди.
 Озода катта тошнинг устида, биздан юзини ўгириб ўтирарди. Эшакларимизни халалаб у томон юрдик. У ўрнидан туриб ўтов ичига кириб кетди. Биз нима қиларимизни билмай қотиб қолавердик. Сут соғаётган опалар хандон отиб кулишди. Ёнидаги йигитлар ҳам жўр бўлишди. Биз… карахт эдик. На кетамиз, на эшакдан тушамиз. Бир маҳал ўтовдан Озоданинг онаси чиқиб келди. Барчамиз салом бердик. У алик олиб биз билан сўрашди.
– Нега кўринмай кетдинглар? Озода ичикиб қолди-ку, – деди жилмайганича.
– Эна, унақа деманг – деб ичкаридан Озода пиқилаб йиғлаб чиқди. – Мен буларни ёмон кўраман. Айтинг, энди ҳеч қачон келишмасин.
– Ҳай-ҳай, уят бўлади-я, қизим. Меҳмонни ҳам қувадиларми? – деб онаси Озодани бағрига босди. Сўнг бизга юзланиб кулди. – Хафа бўлманглар, шўрлик неча кундан бери, бир этак қурут олиб сизларни пойлайди. Ким ўтса, югуриб тош устига чиқади. Шунга аразлаган. Қани болаларим, ичкарига киринглар.
Шу пайт бўсағада бир қоп-қора йигит пайдо бўлди. Уни биринчи кўришимиз эди. У бизларга ётсираб қараб турарди.
– Аброр, акаларингнинг эшагини боғласанг-чи, – деди Озоданинг онаси, сўнг яна бизга юзланди, – Аброр кеча келди. Ҳали сизларни танимайди. Шунга уялиб турибди. Ўзи яхши бола. Сизлар кираверинглар.
– Ҳозир, холажон, бир жўрамиз етиб келсин. Унинг эшаги чарчаб қолди. Ана, кўринди, – деди дўстим Олим.
Ногоҳ Озода югуриб тош устига чиқди-да, ортда қолган жўрамиз томон ишоралар қилди, ҳойнаҳой, тезроқ кел, демоқчи бўлди. Жўрамиз эшагини ўз ҳолича ҳайдаб, ортидан аранг пиёда келарди. Биз у етиб келгунча кутиб турдик. Сўнг ҳаммамиз ўтовга кирдик. Дастурхон ёзилган экан. Бир косадан иссиққина сут ичдик. Кейин катта карсонда қаймоқ келтирилди. Роса маза қилдик . Айтганча, биз ҳам қуруқ қўл билан борганимиз йўқ. Хуржунимиздаги мева-чева, сабзавотлардан тортиқ қилдик. Хуллас, Озода билан ярашдик. У бизни кечирди. Ташқарига чиққанимизда Озода дабдурустдан Қайнарга танбеҳ берди.
– Нега доим орқада қолиб юрасан? Отангга айт, сенга бошқа зўр эшак олиб берсин.
Табиатан камгап бу ўртоғимиз қулоғигача қизариб кетди. Нима дейишини билмай эшагини бир калтак урди. Онаси Озодага қараб “тилингни кесаман” дегандай ишора қилди. Озода ҳамон Қайнарнинг ортидан алланечук қараб турарди. Биз ўтовдан йироқлашдик. Ҳалиги Аброр бизни анча ергача совуққон кузатиб қўйди. Биз ўша куни ўз ақлимизга яраша нималарнидир тушунгандек бўлдик. Озода Қайнарни ёмон кўради. Ҳа, бўлмаса эшагининг устидан кулармиди? Демак, Қайнар ўйиндан чиқди. Ҳа, биз шундай қарорга келдик, кимнинг эшаги зўр бўлса Озода ўшани яхши кўради. Не бахтки менинг эшагим барчасининг эшагидан кучли ва чопқир эди. Демак, Озода меники! Болалар нима дейишларини билмай қолди. Биз келишиб олдик. Озода! Сен меникисан! Фақат меники…

* * *

Орадан бир ойлар вақт ўтди. Бу орада барча бўйинсаларим ўзлари истамаса-да, Озодадан умид узган бўлишди. Овулга яқинлашган пайтимиз мен мағрур тарзда олдга ўтардим, ўтовга ҳам биринчи кирардим. Сут улашиш ҳам мендан бошланарди. Ҳатто, Озода тутган ойна ёғдуси қаёққа тушса, болалар мени ўша томонга йўллашарди. Хуллас, дориломон кунларимиз шундай ўтарди. Бора-бора болалар иккиланиб қолишди: “Озода сени севмайди. Бирор марта овлоқда гаплашганларингни кўрмадик.”
Албатта, бу эътирозда жон бор эди. Бу камчилик мени ҳам анчадан бери қийнаб келардики, буни бировга айтолмай ўртанардим. Рост, у бирор марта ҳам кўнгил мойиллиги ҳақида менга ишора бермаганди-да. Ҳеч бўлмаса, Қайнарга айтганидек, бошқа эшак ол, демаган. Йўқ, у менга бир оғиз ҳам гапирган эмас. Буни ўзим ҳам сезардим. Барибир худбинликми ёки манманликми, шунга ўхшаш бир туйғу менинг паст келишимга бўйин бермасди. У меники. Тамом. Ҳа, у мени севади. Фақат айтишга уялади. Ўз-ўзимни шундай ишонтирардим. Лекин жўраларимни қуруқ гап билан ишонтириш қийин. Демак, қандайдир чора-тадбир қилишим керак. Шундагина барчасининг уни ўчади. Шу хаёллар билан юрган кунларимнинг бирида Олим шундоғам ёниб турган оловга мой сепди.
– Қачон исботлайсан? Бўл энди. Қани кўрайлик-чи?
– Шу бугун ярим кечаси овулга кетамиз. Тун ярмидан ўтганда мен ўтовга кираман. Ва Озода билан чиқаман. Ўша катта тошнинг устида ўтирамиз. Шу етадими?
– Етади.
Олим ҳамма болаларни кечаси ўтинга кетишга кўндирди. Биз гапни бир жойга қўйиб, кеч соат ўнда қишлоқдан чиқиб кетдик. Аммо Қайнар негадир боришни истамади. Эшагим тунда юролмайди, деб баҳона қилгандай бўлди. Уни ва албатта эшагини беармон сўка-сўка йўлга чиқдик. Овулдан бир тепа берида тўхтадик. Эшакларни боғладик. Пиёда борамиз. Эшакни сезиб қолиши мумкин. Мен йўлбошчи. Қанчалик ўзимни шер билмай барибир қалтирардим. Ич-ичимдан бу ишим яхши эмаслигини билиб турсам-да, барибир ўртоқларим олдида ўзимни оқлашим, Озода меники эканлигини исботлашим керак эди. Ана, овул. Ўтовлар денгизда турган кемалардек оқа­риб-бўзариб кўзга ташланади. Бир зум барчамиз тикилиб қолдик. Барча уйқуда. Қизиқ, ҳатто, итларнинг саси чиқмасди. Илдамладик. Кичкина жилға ёнида тўхтадик. Дарёдан ўтсак бўлди. Овулга қадам босамиз. Тўхтадим. Олим, юрмайсанми, дегандек биқинимга туртди. Тумшуғига бир туширмоқчи, ҳам­масига қўл силтаб кетмоқчи бўлдиму… лекин… Озоданинг қўлдан кетишини ўйлаб ноилож, тишимни тишимга босиб қадам босдим. Юрагим қалтираб кетди. Мана тош. Шунинг устига Озода ўтирарди. Биз тош ортига беркиндик. Паналаб турибмиз. Тун осуда. Сукунат. Фақат ҳашоратлар чириллаши дашт бўйлаб таралади. Олим яна туртди. Бўйнимга биров арқон солгандек олдинга интилдим. Икки қадам босдим. Ортга қарадим. Жўраларим тошнинг панасида барчасининг кўзи менга тикилганча, нафас олмай кузатиб туришарди. Яна икки қадам босдим. Мана, Озоданинг ўтови. Бир томони сал очилган. Шамол кириши учун шундай қилган бўлса керак. Мўраладим. Ҳеч кимни кўриб бўлмайди. Қараб туравердим. Кўзим қоронғуликка ўрганди. Бир маҳал қулоғим остида кимнингдир нафас олиши эшитилди. Юрагим товонимга тушиб кетди. Қарадим… ит экан. Мени искаб турарди. Кўзидан кўзимни узмадим. Таниди шекилли, нари кетди. Ўзимни қўлга олиб яна ичкарига қарадим. Аста-секин қайси бири Озода эканлигини билиб олдим. Ичкарига кирдим. Энди… Бутун вужудим музлаб қолган, нима иш қилаётганимни идрок қила олмасдим. Миямда фақат бир хаёл ўрнашиб олганди. Озодани уйғотиб, ташқарига олиб чиқаман. Тош устига борса бўлди. Бир лаҳзагина… Мен барчани енгган бўлардим. Ғолибга айланардим. Қаҳрамонга айланардим… Озоданинг қошига бордим. У туш кўраётган бўлса керак, кулгичлари ўйнаб турарди. Тикилиб қол­дим. Қорагина, қорамағизгина қизалоқ, жуда- жуда чиройли! Ёнбошига ағдарилди. Бақириб юборишимга сал қолди. Қўлимни сочига олиб бордим. Силадим. У ҳеч нарсани сезмади. Юзига қўлимни тегиздим. У бир нимани сезгандек, қоши чимирилди ва бақириб юборди. Худди шу лаҳзада мен ҳам дод деб юбордим. Билмадим, нима учун. Қочдим. Шошганимдан кимнидир босиб кетдим. “Ваҳ” этган овоз эшитилди. Овулда шовқин бошланди. Ит изимдан қувиб кетди. Қочяпман. Осмонга ўқ узилди. Бутун овул оёққа қалққан эди. Кет­япман. Ортимдан одамлар югуриб кел­япти. Кучук… бунча қувмаса бу. Нимагадир қо­қи­либ йиқилдим. Қолгани эсимда йўқ…

* * *

Кўзимни очганимда аллақачон қуёш чиқиб кетганди. Ўтовда ётибман. Бошим оқ латта билан танғиб боғланган. Оёқ томонимда Озоданинг отаси. Бош томонимда жўраларим. Тамом. Энди ҳаммамизни итдай отиб ташлайди. Озода кўринмасди. Аброрга ҳам кўзим тушмади. Сездим, кеча мени айнан ўша тутиб олган. Онаси ўтовнинг бир бурчагида бир нуқтага тикилганича жим турибди. Ўзимга келганимни кўрган отаси ташқарига чиқиб кетди. Ҳеч қанча вақт ўтмай қайтиб келди. Қўлида коса. Қатиқ. Менга тутқазди. Олдим. Шу пайт коса ичига бир сиқим қоракуя солди.
– Оппоқ эди-я. Ҳа, энди қора бўлди. Сенга топ­шириқ, қатиқни ўз ҳолига келтир!
Қўлимда коса, нима қиларимни билмай қотиб туравердим. Ўрнимдан турдим-у, ташқарига отилдим. Югуриб кетдим. Бошим лўқилларди. Қўлимда қора қатиқ тўла коса. Югуриб кетаяпман. Нега? Қаёққа кет­япман, буни ўзим ҳам билмасдим. Лекин югураяпман. Кетаяпман…

* * *

Озода! Мени кечир. Мана, бугун хатинг қўлимда туриб шуни тушундимки, ўшанда дунёдаги энг разил одам бўлган эканман. Сени унутганим йўқ. Фақат эслашдан қўрқардим. Хаёлимга келсанг, отанг менга тутқазган қоп-қора қатиқ кўзимга қадалиб қолаверади. Билдим, сени ўша тонгда Аброрга қўшиб шаҳарга жўнатишган экан. Мен сени бошқа кўрмадим. Сени излашни, топишни қанча хоҳлаган бўлсам, шунча қўрқдим. Ўзинг биласан. Менинг нима мақсадда кирганимни, кейин бўлса ҳам, ҳарнечук эшитгансан. Олим айтиб берган. Барибир… яхши иш бўлмаганди. Тўғри, бу воқеадан кейин сизлар ўша яйловга бошқа кўчиб бормадингиз. У ерлар қайсидир фермернинг мулкига айланди. Мен ҳам ўша йили пойтахтдаги лицейга кетдим.

* * *

Хонамдан чиқувдим ҳамки, котиба жилмайди.
– Ким у Озода?
Индамадим. Ташқарига чиқдим. Таҳририят эшиги олдида бир йигит турган экан. Бу Аброр. Ўша, бир кўришдан танидим. Назаримда, Озода шунга теккан. Ўн қадамлар сўзсиз кетдик.
– Икки йил олдин овулга боргандим. Томоша учун. Овулнинг файзи қолмабди, – у шундай деб бироз жимиб қолди. – Озода менга ҳам тегмади. Уни азалдан ях­ши кўрардим. У… биласизми, кимни яхши кўрарди? Қайнарни!
 Илкис бошимни кўтардим. Ҳозироқ бошимга осмон қулайдигандек беихтиёр кўзларимни юмиб олдим. Бутун баданим бўйлаб чақмоқ чақилди.
– Ҳа, менга буни ўзи айтди. Мен шунча гапни била туриб, унга уйланишга ҳаракат қилдим. Биласиз, бу пайтда Қайнар оғир касал эди. Лекин то сўнгги нафасигача Озода ундан кўнгил узмади. Унинг Қайнарнинг қабри бошида йиғлаганини эсласам, ҳамон дунё кўзимга тор кўринади. Қайнар яхши йигит эди. Афсус, умри қисқа экан… Озода бир чўпон йигитга тегиб кетди.
Аброр қисқагина хайрлашиб, қўлимни қаттиқ сиқ­ди-да, мендан узоқлашди. Мен-чи?! Мен йўл ўр­тасида, чорраҳада қайси томонга юришни билмай туравердим. Туравердим. Нега? Нега? Қайнар вафот этганида, онаси “бечорагинам” деб йиғлаганди. Йўқ, Қайнар бечора эмас экан. Ҳа, у гарчи жуда эрта вафот этган бўлса-да, дунёдаги энг чиройли қизнинг юрагида мангу яшамоқда. Зеро, севилган одам бечора бўлмайди… Озода ҳамиша эшаги ортда қоладиган Қайнарни севар экан! Нега биз шуни тушунмадик? Ахир у ҳам қадрдон жўрамиз эди-ку. Қайнар, эшитяпсанми? Озода сени яхши кўраркан? Ҳа, сени…
Мен… Бўлди, бошқа гап йўқ…

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон