Саид Анвар. Тўкилмаган ҳангома (ҳажвия)

Эргаш ака (ўша ўзингиз билган машҳур Эргаш Каримов) билан “Миниатюралар театри”да бирга ишлаймиз. Қай бир йили 1 апрел куни эрталаб, устозни кулги байрами билан табриклаб қўяй деб, уйларига қўнғироқ қилдим.
— Лаббай!.. – устознинг майингина овози эшитилди.
— Ассалому алайкум, Эргаш ака.
— Ва алайкум ассалом. Саиджонми?..
— Ҳа, ўзимман, — дедим-да, устознинг дарҳол таниганидан ўзимча фахрланиб қўйиб, давом этдим. – Яхши дам олдингизми? Кайфиятларингиз яхшими?
— Яхши, ҳаммаси жойида… — Устоз бир зум сукут сақлади-да, кейин, — ҳа бугун жа эрталабдан йўқлаб қолибсан, — деди.
Ҳушёр эмасманми, дарҳол пайқадимки, устоз бугун қанақа кун эканлигини эсидан чиқарган. Қитмирлигим тутди.
— Меҳмонлар боришдими, Эргаш ака, — дедим.
— Қанақа меҳмонлар?
— Ҳа, шу ўзимизни телевидение бошлиқларида.
— Ие, улар бизникида нима қилишади? – Эргаш ака ростакамига ажабланди. «Ҳужум»ни давом эттирдим.
— Сиз билан гурунглашиб, чақчақлашиб қайтишмоқчи эди-да.
— Қачон келишмоқчи эди? — Эргаш аканинг овозида андак тараддуд ва ҳаяжон сездим. Ҳазилни тўхтатсаммикин, деган хаёлга ҳам бордиму, ичимдаги шайтоним йўл бермади.
— Ўн-ўн бирларда ўтамиз дегандай бўлишувди, — дедим жиддий оҳангда.
— Шундай дегин, бўпти, раҳмат сенга, — деди-да, дастакни жойига қўйди.
“Яхши иш қилмадим-ов, — дедим ўзимча хижолат бўлиб. — Ҳа, зарари йўқ, бир пасдан кейин қўнғироқ қилиб, сизга биринчи апрел ҳазили қилгандим, деб қўярман деган қарорга келдим.
Телефон жиринглади. Дастакни кўтарсам Роза опам — Эргаш аканинг аёллари.
— Саиджон, ўзингизмисиз?
— Ўзимман, Роза опа, Эргаш акам…
— Ҳа, акангиз айтдилар, меҳмон келармишми, шунга бир илтимос билан қўнғироқ қилаётгандим.
— Бемалол, опа, хизматлар бўлса… — негадир қитмирликда яна давом этдим.
— Хизмат йўғу, шу бир илтимос, биласиз, рўзғорчилик, бори бор, йўғи бор дегандай. Шу оғайниларингизга айтсангиз…
— Қайси оғайниларимга, — дедим ажабланган бўлиб.
— Телевидениедагиларга-да, ҳаммаларини танийсиз-ку.
— Боришмасинми, — дедим кулгидан аранг тийилиб.
— Вой, Саиджон, унақа деманг-а! Шундай одамлар меҳмон бўлиб борамиз дейишсаю… Ҳазилингиз қурмасин.
— Узр, узр, опажон, мен ҳалиги биласиз бугун…
— Саиджон, — Роза опа мени гапиртирмай мақсадга кўчди. — Ўн бирларга келишмоқчи экан, иложи бўлса айтсангиз, сал кечроқ — соат иккиларда келишса. Илтимос…
Шунчаки бир байрам ҳазилим бу қадар жиддийлашиб бораётганидан, очиғи хавотирга тушдим. Шу ерда нуқта қўймоқчи бўлдим.
— Опа, очиғи…
— Эргаш акангизни бозорга жўнатдим. Ул-бул нарса олиб келсалар, кейин бемалол кутиб оламиз. Ўзингизам қўшилиб келинг-а!..
Дастакда қисқа-қисқа гудоклар эшитилиб, алоқа узилди.
“Оббо, бу ёғи қандай бўлди! Эртага Эргаш акага қандай кўринаман?!”
Чорак соат ўтиб яна қўнғироқ бўлди-да, раҳбарларни соат иккига боришга кўндирганимни айтиб, Роза опамни “хотиржам” қилдим. Ва юрак ютиб воқеалар ривожию қандай ечим топишини кута бошладим.
Бошқа қўнғироқ бўлмади.
Эртаси минг бир ҳадик-хавотирда ишхонага кириб бордим. Хона эшигини очишим билан устозга кўзим тушди. У уч-тўрт миниатюрачи шогирдлари даврасида, юзида кулгу, гап бериб турган экан. Мени кўриши билан бош ирғади.
— Ҳа, келсинлар, қилғиликни қилиб қўйиб, тағин туришларини қаранг.
Даврадагилар бир менга, бир Эргаш акага ажабланиб қарай бошлашди. Эргаш ака давом этди.
— Қани, кираверинг, ё оёқлари остига қўй сўйишимизни кутиб турибдиларми?..
— Йўғ-е, Эргаш ака, — дедиму қизарганча ҳамма билан бир-бир кўришиб чиқдим-да, устимдан ўқиладиган “ҳукм”ни эшитиш учун бир чеккадан жой олдим. Ҳамманинг саволомуз нигоҳи устозга қаратилди.
— Кеча бу бола мени боплади, — дея Эргаш ака гап бошлади.
— Боплади? Йўғ-е, — дея бесабр Абдурашид менга аланглаб қаради.
— Боплаганда-чи, бунақаси бўлмаган. Сизларам юрибсизлар-да, миниатюрачиман деб…
Шу десангиз бир енгил тортдимки бу гапдан, қўяверасиз. Устоз ўзига ярашган жилмайиш билан давом этди.
— Эрталаб қўнғироқ қиляпти, Эргаш ака меҳмонлар бормадими, деб. Қанақа меҳмонлар десам, ҳа шу ўзимизни раҳбарлар-да, дейди. Шошиб қолдим. Қарасам соат ўн, бунинг айтиши бўйича, ўн бирларда меҳмон келиши керак. Роза билан гапни бир ерга қўйдим-да, бозорга югурдим. Ёмғир ёғиб турибди. Қўлимда Роза опангиз ёзиб берган бир қулоч бозорликлар рўйхати. Тезроқ бозорни қилсаму қайтсам деб шошиб боряпман. Мухлисларни биласиз, қадамда учраб гапга тутишади. Улар шошиб турганимни қаёқдан билишсин. Ҳаммаси билан савол-жавоб қилишим, гапларини эшитишим керак. Шошиб турибман, меҳмон келмоқчи эди, десам ярашмаган иш бўлади. Cотувчиларни айтмайсизми, арзон-гаровга бериб юборишади, баъзилари пул ҳам олмайди-ю, лекин вақтимни роса олишади-да барака топгурлар. Бир маҳал денг мухлислар орасида қолиб кетдим. Ҳаммаси ҳар ёқдан савол беради, қай бир пайтларда эфирга кетган миниатюралар ҳақида гапиришади. Кимгадир ўхшатишганини, роса боплаганимизни айтишади. Айрим дадилроқлари “Эргаш ака, бир кеп қопсиз, битта янгисидан бўлсин, бир маза қилайлик”, дейди. Ўзим бўларим бўлиб, йиғлагудай бўлиб бораётганимни улар қаёқдан билишсин. Мана шу Саиджонларинг туфайли бозорда, ёмғир остида роса икки соатча санғидим, қисқаси. Соат бир бўлди. Бозорликни кўтариб, бекатга шошилдим. Биров қўлимдаги сумкамни тортқилайди, қарасам, бир тақамўйлов йигит.
— Эргаш ака, ўзингизмисиз? Саломатмисиз? Сизни кўрар кун ҳам бор экан-ку. Тўйтепадаги тўйда кўришгандик. Эслайсизми? Қаёқданам эсингизда бўлсин. Бизга ўхшаганлар кўп бўлса…
Хуллас, ҳай-ҳай демасам тўйдаги ҳангомалардан бошламоқчи. Узримни айтдим. Шунақа, шунақа, меҳмон келадиган, шошиб турибман, дедим.
“Шошаётган бўлсангиз, мана биз обориб қўямиз-да”, деди қўлида машинасининг калитини ўйнатиб. Хайрият, дедим-да, унинг машинасига қараб юрдим. Машинага ўтиришимиз билан орқа ўриндиқда ўтирган биттаси “Олдин бизни Юнусободга ташлаб қўясиз-да”, деса бўладими!
— Албатта, тегирмон навбати билан, — деди тақамўйлов менга қараб, — тўғрими, Эргаш ака. Нима ҳам дердим. Уйим Чорсунинг биқинида бўлатуриб, Юнусободга қараб кетдик. Юнусободнинг қай бир мавзесидан орқага қайтаётганимизда илтимос қилдим.
— Укажон, бу ёғига тезроқ ҳайдайсиз-да, уйга меҳмон келадиган.
— Бўлди, бир оғиз сўзингиз…
Айтмоқчи, ёмғир шунақа ёғяптики, ҳалиги машинанинг ойна арткичи тозалаб улгурмаяпти. Шу пайт кўзим йўл четида бола кўтариб турган келинчакка тушди.
— Тўхтанг, шу аёлни опкетайлик, — деб юборибман денг. Аксига олиб, ҳалиги келинчакнинг борар жойи бутунлай тескари тарафда экан. Уни манзилига етказиб, уйимга етиб келганимда соат роппа-роса уч бўлганди. Иккита оғир сумкани кўтариб, тепага чиққунимча бўларим бўлди. Меҳмонлар келган бўлса ҳали Розадан эшитадиганимни эшитаман деган хавотирни айтмайсизми. Оббо, Саиджон тушмагурей, эсдан чиқмайдиган иш қилдинг-да, лекин.
Ичкарига киришим билан, меҳмонларни сўрадим. Роза елка қисди, ҳайронман, ҳеч ким келмади-ку, дейди.
Диванга чўкдим. Роса чарчаганим билинди. Шу пайт десангиз, неварам келиб бўйнимга осилди-да:
“Ада, биласизми, меҳмонларингиз сизни бугун биринчи апрел қилишди”, деса бўладими. Шу десангиз азойи баданимдан ўт чиқиб кетди.
Устоз шундай дея менга ўгирилди-да, елкамга қўл ташлаб кулди.
— Энди гап бундай, Саиджон, бозорликлар шундай турибди, ўзинг бош бўлиб, пешинда мана шу жамоани олиб борасан, Роза опанг тайёргарлик кўриб ўтирибди. Лекин, Роза опанг билан бўладиган жангга ҳам тайёргарлик кўриб қўй, бўптими, — деди илжайиб.
— Хўп, устоз, сиз ёнимда бўлсангиз, ҳар қандай жангга тайёрман, — дедим ҳозиржавоблик қилиб.