Саид Анвар. Қўшнилар (ҳажвия)

Мамазия ака билан Тожибой бува қўшни. Ота-бувалари ҳам бир деворнинг икки ёғида яшашган экан. Турпоғи бир жойдан олинган бўлса-да, лекин улар икки хил одам: Тожибой бува новча, ҳар бир сўзни айтсамми, айтмасамми деб, салмоқлаб гапиради. Сўзлари каби қадам ташлари ҳам охиста: босайми, босмайми қабилида. Мамазия аканики акси: бўйи бувадан бир қарч паст. Юриши ҳам тез, гапириши ҳам. Одамлар, «Тожибой уйдан чиққунча, Мамазия тўйнинг шўрвасини ичиб, ошини еб қайтиб келган бўлади», дейишади. Касблари ҳам ўзгача: Мамазия ака колхозда баланд-паст ишларни қилиб юради. Тожибой бува бўлса, сартарош, Ҳамзаободда ишлайди.
… Мамазия ака кираверишдаги сўрида этигининг бир пойини кийиб турганди, эшикдан Тожибой бува кириб келди. Хол-аҳвол сўрашгач:
— Қани, сўрига, Тоживой ака, — деб Мамазия ака ичкарига буйруқ қилди: — Тўшакдан обчиқ.
— Тўшакни нима қиласиз, бир жойдаги одам бўлсак, — Тожибой бува сўри четига омонат ўтириб, ҳовли четидаги иморатларга бўйлай кетди.
Мезбон этигининг иккинчи пойини тортиб, савол назари билан қўшнисига қараб қолди.
— Ҳа, анача сиқилиб қолибсиз, — деди Тоживой ака беш дақиқача фурсат ўтгач. Сўнг Мамазияни қўққис савол тута кетди: — Катта ўғлингиз Мираалини уй қилиб чиқардингиз-а?
— Ҳа, дала шийпонининг бир томонига уй солиб бердик.
— Энди яна учтаси бор… Мирзаабдулла ҳам кузда армиядан келса керак?.. Униям уйлаш, жойлаш зиммангизда. Кейин Мирзағанига навбат келади…
— Ҳа-а-а… Ундан кейин Мирзавали ҳам бор…
— Бу ерга қайси бирини сиқтирасиз?
— Э-э-э! — Мамазия ака бир дам ўйланди. — Худо бир йўлга бошлар…
— Йўқ. Бир қарич ер олишдан кўра, игна билан қудуқ ковлаш осон бўлиб турган замон бўлса, бандаси йўл тополмайди.
Мамазия ака бу гапларни ковлашдан мақсад нима дегандай, қўшнисига қараб қолди. Тоживой бува эса, уйига ишора қилиб давом этди.
— Биздаям иккита ўғил бор…
— Қамбарали билан Акбарали.
— Ҳа-а… Акбаралини ҳам уйласам, учта оила бўламиз. Ўйлаб қарасам, бизам битта ҳовлига сиғмас эканмиз, — Тоживой бува тин олди. — Шунга, — деб яна сукут сақлади, — ҳовлимни сизга сотсам?
— А-а-а? — Мамазия ака қулоқларига ишонмади.
— Ҳа, ҳовлимни сизга сотсам, — Тоживой бува уни тасдиқлади. — Ўғилларингизнинг иккитасига уй-жой қилиб берсангиз бўлади.
Мамазия ака гангиб қолди: иккита-учта набирали, кап-катта одамнинг ота-бува яшаб ўтган жойни сотиши… Ақлга тўғри келмайдиган иш-да! Сотсинам, қаерга боради?
— Ташвишимни қилманг, — Тоживой ака қўшнисининг саволларни уққандай, — Биласиз, Ҳамзаободда ўн беш йилдан буён ишлайман. Қишлоқнинг етти яшаридан етмиш яшаригача мени танийди… «Уста бува, уста бува!» дейишиб ҳурматимни жойига қўйишади. Кўчиб келсангиз, уй-жой қуриб берамиз, дейишяпти.
Мамазия аканинг мияси энди буткул ғовлаб кетди: Ҳамзаободга кўчиб ҳам кетди, дейлик. Ҳовли-жой топтиям, у жойга қачон эл бўлади? Ёшиям элликдан ўтган бўлса… Ўлгандами?
Ота-онаси ўтган жой, пайшанба, якшанбада унинг ис-чироғи бор… Ярмини сотиб, бирорта ўғлини ўтқазиб кетса бўлмасмикан?
— Биламан, қўлингизда ҳовлига еткулик пул йўқ. Суриштириб, бирортасидан қарз оларсиз… Балки мол-қўйларингизни сотарсиз…
Энди Мамазия ака чамалай кетди: «Сигир, бузоқ, қўйлар бозорда палон сўмга киради… Мирзаабдуллани уйлайман деб йиғиб қўйган бир-икки сўм пули ҳам йўқ эмас. Ўғил уйлаш ҳозир шартми? Бир-икки ишласин, пул топсин, кейин уйланаверади-да, йигит кишига уяти борми?
— Мол-қўйлардан кўзингиз қиймаса, беш-олти юзта терак экиб қўйгансиз, ўшалар катта бўлса, сотарсиз, пулини берарсиз… Қирқ йиллик қўшнилармиз, шунақада бир-биримизга оқбат қилмасак, қачон қиламиз.
«Ў! Мана буниси энди аломат таклиф бўлди!»
— Жа, ўйланиб қолдингиз? — Тоживой ака ўрнидан турди. — Сизга оғир тушадиган бўлса, шунча йиллик қўни-қўшничилик ҳурмати, пулини бермасангиз ҳам майли.
Бу ширин каломдан кейин, ярим соатда ҳар қандай одамни гап билан қулоғини қоқиб, қўлига берадиган Мамазия аканинг оғзига бир сўз келмади.
— Майли, келин билан маслаҳат қилиб, жавобини айтарсиз. Оладиган одам кўп, аммо, қўшничилик — минг йилчилик, гилам сотсанг қўшнингга сот, бурчагида ўтирасан, деган гаплар бор, шунга сизнинг олдингиз бир ўтай деб чиққандим… — Тожибой бува эшик томон юрди.
Гап-сўзлардан карахт бўлиб қолган Мамазия ака:
— Қўшни, чой!.. — дея олди, холос.
Лекин бу илтифотга Тожибой бува парво қилмади.
— Жуда ғалати ишлар бўляпти-ю, — Мамазия ака анграйганча ўзича ўйлай кетди: — Ҳовлини оладиган бўлса, қўшнисиникига тираб солинган оғилни бузади — кенг ҳовли бўлади…
Қўшнисининг чап томонидаги бостирмасини олиб ташлаб, ўрнига Мирзаабдулла билан Мирзағанига уй солади. Келинлар чиқишмай қолса, чеккадан эшик очиб беради, биттаси алоҳида ўтраверади…
Томорқасига Мирзавалига жой қилади. Аммо йўли чотоқ бўлади. Э-э-э, кўчага акасиникидан ўтиб қатнайверади-да! Уй қуриб берганига шукр қилсин!.. Мирзаалини ҳисобга қўшмаганда, ҳамма ўғиллари атрофида бўларкан…
— Ҳа, нимага чиқибди? — тўшак кўтариб чиққан хотинининг саволидан Мамазия ака ўзига келди.
Ака суюнчилай кетди. Воқеани айтиб бераркан, гапининг охирида тўлқинланиб, қўлларини тепага кўтариб, силтаб юборди:
— «Пулини терак етилганда берсангиз ҳам майли, бир жойдаги одаммиз», деди. «Бермасангиз ҳам майли, қирқ йиллик қўшнимиз, шунақада бир-биримизга оқибат қилмасак, қачон қиламиз!» деди.
Хотини бир дам ўйланиб турди-да, чимирилди. Мамазия аканинг жаҳли чиқди:
— Худо бериб турибди-ю, сен яна лабингни бурасан! Хотин киши эканлигингга борасан-да!
— Ўлинг! Гапини уқмабсиз-да! — хотини қўл силтади. — Кеча нима бало қилиб юровдингиз?
— Кеча?.. Райондан вакиллар келди, хўжаликларга кирдик. Ортиқча томорқаларнинг ҳисобини қилдик.
— Ўшаларга қўшилмасангиз нима қиларди!?
Мамазия хотинига ёвқараш қилди: «Мен нимани гапиряпману, бу хотин нима деяпти ўзи?»
— Тоживой аканикига ҳам кирганмидиларинг?
— Киргандик, — Мамазиянинг хаёлига бўлмағур фикр келиб, қовоғи осилди. — Томорқасида отиқча экан, бир сотихига колхоз пахта экадиган бўлди.
— Ҳа-а, шу бир сўтихни ҳисобга қўшиб нима қилардиларинг? Улар ортиқча экан дейишса ҳам, сиз, «Қўшним бўлади, қўйинглар, шуни ёзманглар, бир сўтихга пахта эккани билан колхоз бойиб қолармиди», десангиз, тилингиз узилиб тушмаганди-ю!
Мамазия акага масала ойдинлашгандай бўлди.
— Шундай демаганингизга, — хотини давом этди, — Тоживой ака, «Қирқ йил қўшничилик қилиб, сендан кўрган оқибатим шу бўлдими? Сиздай қўшни билан яшагандан кўра, бу ҳовлини сотиб кетганим яхши эмасми?» деган гапни айтгани чиққан!
Мамазия ака Тожибой бува туриб кетган сўрига ўтириб, қўшнисиникига қараганча бош чайқади.