Норали Очилов. Дарча (ҳикоя)

Абдуфаттоҳ анчадан буён одам оёғи етмаган болохона деразасини очиб юборганди, димоғига тоза ҳаво урилди. Бир муддат вужуди қониб, кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олди. Юқоридан ҳовли саҳнига кўз югуртирди. Дафъатан тонгги ғира-ширада акаси икковининг ҳовлисини ажратиб турган девор бироз оғиб қолганини пайқади. Аввалига ишониб-ишонмади. “Қийшиқ кўринган бўлса бордир”, деган ўйга борди. Бироқ қор-ёмғирда обдон силласи қуриган соябоннинг ётинқираганини аниқ-тиниқ кўргач, шубҳа-гумони тарқади. “Қачон қийшая қолди экан?” шууридан ўтказди у. Анчадан буён чегара — деворга разм солмагани, унинг ортида умргузаронлик қилаётган жигаргўшасини хаёлига келтирмаганини ўйлаб ичидан зил кетди.
Ҳовли саҳнидан унча-мунча кўзга ташланмайдиган бу ўзгариш юқоридан яққол кўриниб турарди. Абдуфаттоҳ синчиклаб қараса, қасддан қилинганга ҳам ўхшамайди. Девор-дармиён қўшниси — акасидан шубҳаланишига мутлақо асос йўқ. Деворнинг бу ёққа эмас, қайтанга, нариги томонга оғиши ҳам бундай гумонсирашга изн бермайди. Қолаверса, қондошлари ўзининг устига девор йиқитадиган даражада нодон эмас…
Хонага ёпирилган салқин ҳаводан эти жунжиккан Абдулфаттоҳ беихтиёр хаёлини банд этган айқаш-уйқаш фикрлардан тезроқ қутулиш илинжида ишга тутинди. Мўйқаламни сувга ботириб, бўёқни юмшатди. Кўпдан буён битмай ётган, устини билинар-билинмас ғубор қоплай бошлаган дағал матодаги эскиз устидан қалам юрита бошлади. Аммо қийшайган девор ҳақидаги ўй-хаёллари тинчлик бермагач, қўли ишдан совуди.
…Бир замонлар Абдулхай бободан мерос ҳовлида бола-бақра қайнарди. Айниқса, ҳовли этагидаги қари тут дарахти ҳосил қилган кезларда маҳалланинг йитган-йўқолган боласи борки, шу ҳовлидан топиларди. Шаҳар кенгайиб, даҳадаги ҳовлилар бузиладиган бўлгач, бир-бири билан эту тирноққа айланиб кетган маҳалла-кўй ҳаш-паш дегунча тариқ доналаридек ҳар томонга тарқаб кетди. Кўчиш онларида кўз ёши қилганлар, гина-кудуратини эсдан чиқариб бир-бирини бағрига босганлар, хайр-маъзурни қиёматга қолдирганлар бўлди. Ўшанда Абдурасул бобо уй-жой қилиб бу ёқларга келиб қолганди.
Бир пайтлар одам кундуз куни юришга қўрқадиган бийдай далалар ўн-ўн беш йилда бинойидек гавжум маҳалла-гузарга айланди. Абдурасул косиб узоқни кўра оладиган доно киши эди. “Жўжабирдай жонмиз,болалар улғайгач, шошиб қолмайлик”, деган мулоҳаза билан ҳовлисини анча кенг қилиб қурдирди. Кейинчалик ана шу гўшадан жондан азиз қизларини учирма қилди. Ўғилларини уйли-жойли қилиш машаққати ҳам енгил кечгани йўқ. Каттасидан кўнгли тўлмадими, ишқилиб унга ўзининг кўз ўнгидан — ҳовлисининг бир бурчагидан жой берди. Қолганларига қўшни даҳалардан ер-сув олишда кўмаклашди. Супрақоқдиси — Абдуфаттоҳнинг бошини икки қилиш фурсати етганида Абдурасул бобо келинни ўзлари ўтирган уйга тушириб, кампири билан ҳовли этагидаги зинасиз, хийла пастқамроқ уйга кўчиб ўтди…
Абдуфаттоҳ бўёқ чапланавериб ажабтовур ранглар композициясини ҳосил қилган фартугини ечиб, ўриндиқ суянчиғига ташлади. Устахонани, унга қўшиб… кўнглини тартибга солгиси келди.
…Ҳув пастдаги, девор адоғидаги уй бир пайтлар суҳбатхона бўларди. Айниқса, тизза бўйи қор ёғиб, ҳаво заранглаган кезларда чол кампири ва болалари билан танча атрофига йиғилишиб, гурунглашарди. Абдурасул бобо соқолини тутамлаганича узоқ сукутга кетар, бир пайт томоқ қириб, салмоқ билан гап бошлаб қоларди. Унинг олдида болалари одоб билан тизилишганича сўзларига сомеъ бўлиб туришар, аҳён-аҳёнда супрақоқдиси намойишкорона тантиқлик билан суҳбат ўзанини буришга тиришарди. Давра аҳли бундай беодобликни Абдуфаттоҳнинг “кенжатойлик имтиёзи”га йўйишар, унинг бу тахлит уринишига сабр-тоқат кўрсатиш билан жавоб қилишарди.
Абдурасул бобо болаларига, жумладан, кенжатойига нисбатан ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлган. Ўртоқлари чиллак ёки ланка ўйнаган кезларда Абдуфаттоҳ курсидан узилмай кавушдўзлик қиларди. Бобо ташқарига чиқариш у ёқда турсин, унинг деразадан мўралашини ҳам тақиқлаганди. Кейинчалик кексалиги ғолиб келдими ё ҳаётнинг бемаврид зарбаларига дош беравериб, иродаси шикаст едими, ҳар ҳолда юраги бир қадар юмшаб қолди. Гарчи бобо ўша-ўша ўжарлигича қолган бўлса-да, бора-бора феълидаги қаттиққўллик хилмга, нафрат ва ғазаб меҳрга айланди. Буни айрим маҳалладошлари унинг табиатидаги заифликка, айримлар эса кексалик — ночорликка йўйишди.
Бобо мактабда дастрўмолчасига атир сепиб оладиган, опалари билан талашиб-тортишадиган, баъзан оиладаги дилхираликларда гоҳ эр-хотин, гоҳида опа-акалари ўртасига тушиб, уларни ўзича муроса-ю мадорага чақириб юрадиган ана шу зумрашасидан дурустроқ одам чиқишига ишонарди. Шу комил ишонч уни кенжасининг айрим шартакиликларидан кўз юмишга ундарди.
Болалигидан мусаввирликка ишқи тушган Абдуфаттоҳ улғайди-ю сўзамоллигидан асар ҳам қолмади. Илгарилари давранинг “гули” ўлароқ, бировга гап бермаган йигитча уч-тўрт кунлаб миқ этмай юришни касб қилиб олди. У ўзи чизган картиналарининг ич-ичига кириб кетадиган хаёлпарастга айланди. Суханбозликдан кўра теварак-атрофдан манзара ахтаришни хуш кўради. Уйланганида ҳам феълида катта ўзгариш кузатилгани йўқ. Қайтанга, ичидаги бор-будини суғуриб оладигандек одамнинг кўзига тик қарайдиган одат чиқарди. Шундай қилса, портрети жонли чиқармиш…
Кечагидек ёдида. Бир куни у бисотидаги арзирли кийим-бошини кийиб, хотини етовида ҳовлига чиқди. Айвонда кўнга ишлов бериб турган кекса отасига юзланиб, қайнотасиникига бориб-келишга изн сўради. Ўшанда бобо ишдан бош кўтармай ўғлини ёмон изза қилган: “Кийиниб бўлибсанлар-ку, энди ижозат сўраб нима қиласан?!”.
Абдуфаттоҳ болалигини, ўсмирлигини, йигитлик даврларини кинотасмадан бир-бир ўтган лавҳалардек узуқ-юлуқ ёдга олди. Раҳматли отаси, онаизори, ака-опалари билан ўтган ҳаётининг энг тотли лаҳзаларини эслаб, қадрдонлари дийдорини соғинди. Улар билан худди ўша узундан-узоқ қиш тунларидагидек, суҳбатлашишни қўмсади…
Чамаси ўшанда баҳор фасли эди. Абдуфаттоҳ меҳри ийиб, акасининг ўғлига ҳовлидаги дарахтдан бир-икки ҳовуч довучча териб берди. Хом мевадан кўпроқ егани таъсир қилди чоғи, жияни оғриб ётиб қолди. Шу воқеанинг эртаси куни акаси отасига арз-ҳол қилди: “Хотинларнинг ғиди-бидиси кўпайганди, энди буниси ўтиб тушди…”. Бобо бошини хам қилганича чуқур ўйга толди. Отасининг тили калимага келмай қолганидан фойдаланган ўғил “кашфиёти”ни ўртага ташлади-қўйди:
— Машеттан, — қўлини нуқиб ҳовли ўртасини кўрсатди у, — девор тортсак, қандоқ бўларкан-а, ота?
“Бечора болам қийнала-қийнала, ниҳоят, дилидагини тилига кўчирди”, юрагидан ўтказди бобо. Тўнғичининг гапи унга худди “девор тортсак, уйимга бало-қазо йўламайди”, дегандек туюлди. Илгариги ҳоли-қуввати бўлганида-ку ўғлининг эсини киритиб қўярди. Бироқ бобо энди оғзига зўр беришга яраса ҳам катта гап эди.
— Кўзим очиқлигида-я? — ўпкаланди ота.
Аммо ўғли отасига қулоқ тутмади. Чунки у отасидан маслаҳат сўрамаганди, ниятини билдирганди, холос. Девор тортиш ҳукми эса оиласи даврасида аллақачон ўқиб бўлинганди.
Ўғлининг девор қуришга қурби келмадими ёки инсоф қилдими, ҳар ҳолда ҳовли ўртасидан симтўр тортди. Отасини “андиша” қилиб симтўрнинг бир чеккасини очиқ қолдирди. Ҳовли иккига бўлингач, ака-укаларнинг ўзаро қатнови анча сийраклашди. Янги топилма аканинг оиласида яхши қабул қилинди, ука хонадонида “арзимас” кўнгилсизликларни келтириб чиқарди. Шу воқеадан сўнг бобонинг егани ичига тушмай қолди, ўз ҳовлисида ўзини бегона ҳис эта бошлади…
Абдурасул бобо боқий дунё эшигини қоққан куннинг эртасига симтўр четидаги шартли эшик вазифасини ўтаб турган ёғоч панжара олиб ташланиб, унинг ўрни беркитилди-ю борди-келди барҳам топди. Акасининг бу навбатдаги янгилиги Абдуфаттоҳга оғир ботди. Ҳатто, у отасининг бир маросимида жигаргўшасининг қилиғини бетига солмоқчи ҳам бўлди. Аммо акасининг аҳволини кўриб-кузатиб ич-ичидан эзилди, аламини ичига ютди…
Бир ота-онадан туғилган ака-укалар ягона ҳовлида бир-бирови билан бош силкиб ҳол сўрашиб юрса ғалати бўларкан. Начора, кўникишдан осони бор эканми. Симтўр машмашаси туфайли ўртага тушган совуқчиликка қарамай, Абдуфаттоҳ жиянларини “чегара”га чорлаб, улар билан ҳазил-мутойиба қилишга вақт топарди. Пўлат симлар ортидан бўлса-да, уларни ўзига яқин олиб эркалар, бир амаки севганичалик севарди.
Ёзнинг жазирама кунларидан бирида Абдуфаттоҳ ишдан эрта қайтди. Остона ҳатлаб ҳовлига кирганида ғалати манзаранинг устидан чиқиб қолди. Уч-тўрт уста ғайрат билан ҳовли ўртасидаги симтўр ўрнига пишиқ ғиштдан девор тикламоқда эди. Абдуфаттоҳнинг пешанасини реза-реза совуқ тер босди. Акасининг янги топилмаси унга ёмон алам қилди. Қўлидаги тўрхалтани қизчасига бериб, ҳовлининг акаси яшайдиган қисмига ўтди.
— Акам қани? — сўроққа тутди у келинойисини.
Келинойи мужмал жавоб қилди:
— Бугун навбатчилар, уйга келмасалар керак…
— Оқибатга ўт тушсин, — ғудурлаганича изига қайтди Абдуфаттоҳ.
Акаси уйида бўлганида-ку, ичида йиғилиб қолган бор гап-сўзни аямай тўкиб соларди. Қайтанга, юрагининг чигили ёзиларди, енгил тортарди.
У аламини ўзига пешвоз чиққан хотинидан олди:
— Яна нима гап?
— Нодиржонингизнинг варраги антеналарига илинибди…
— Кўзинг қайда эди? Варрак учиришга жой қаҳат эканми, ўғлингга? Бу бир баҳона… — важоҳат билан ўшқирди Абдуфаттоҳ.
У ҳали эсини таниб-танимаган боладан хафа бўлаётганини мулоҳаза қилиб дамини ичига ютди. Кийимларини алмаштирди-да, тўғри усталарнинг олдига шошилди. “Катталаринг ким?” деди ўша-ўша важоҳат билан. Саволига жавоб ҳам кутмай яримлаб қолган девор ёнига бориб қатъий оҳангда: “Мана шу ердан эшикка жой қолдирларинг!” деди. Устабоши “Хўжайин бизга…” деб энди оғиз жуфтлаганди, Абдуфаттоҳ унинг оғзига урди: “Хўжайин-пўжайинингни билмайман, айтганимдай қиласанлар, тамом-вассалом!”.
У ўша куни йўлнинг ҳув нарёғидаги хиёбонда алла-паллагача тентираб юрди. Уйга қайтганида ҳам ёлчитиб ухлай олмади. Тиканга ағанагандек аъзои бадани зирқираб оғрирди. Минг турли ўйловлар исканжасида қолган боши тарс ёрилгудек эди. Шу кеч боқийга рихлат қилган ота-онаси-ю яна аллакимлар тушига кириб чиқди…
Ака ҳафта-ўн кун қорасини кўрсатмай юрди. Бу орада катта ҳовлини ўртасидан иккига ажратган девор оқланиб, ўртадаги очиқ жойга ихчамроқ эшик ўрнатилди. Дастлаб ўтиб-қайтиш эриш туюлган бу мўъжаз эшик кейинчалик овсинларнинг кунда-шунда бўлмаса-да, маърака мавридларда қатнайдиган ишончли йўлига айланди. Ҳар ҳолда ана шу эшик беш-олти қовун пишиғигача “бор товоғим, кел товоғим…”га яраб турди…
Хазонрез кунларнинг бирида қўшни ҳовлини аёл кишининг дод-фарёди тутди. Оёғини қўлига олиб чопган Абдуфаттоҳ билан хотини гап нимадалигини сўраб-суриштирганида келинойи йиғидан тўхтади-да, бор кучини кўзига тўплаб уларга чунонам ёвқараш қилдики, боёқишлар ҳайратининг зўридан товонигача музлади-қолди. Аён бўлишича қўшни ҳовли бекасининг она-мерос асл тилла узуги йўқолган эди…
Абдуфаттоҳнинг боши хам бўлди. Бировнинг ҳалол луқмаси у ёқда турсин, “бузоқнинг ҳақи” дея сут ичишга ботинолмайдиган, оила аъзоларига ҳам шу йўсинда талаб қўядиган киши бугун жигаргўшаси хонадонидан йўқолган буюм учун ўзини айбдордек ҳис эта бошлади. Абдуфаттоҳ, қўли эгрилигини тасаввурига сиғдиролмасада, хотини ва болаларини қийин-қистовга олди. Бироқ қилаётган ишини ўйлаб ўзидан хафа бўлиб кетди. Норасидалари олдида ўзини гуноҳкор сезди. Елкасини қисганича болохонасига чиқиб кетди. То кечга қадар ишга кўмилиб, куймаланиб ётди.
Мусаввирни дунёнинг барча ғам-андуҳидан ана шу болохона қутқарди. У бу ерни манзил тутган маҳалда оила аъзоларидан ҳеч бири безовта қилишга ботинолмасди. Қўнғироқлар, меҳмон-излом келди-кетдиси, ҳатто тайёр бўлган овқатга чақириш учун ҳам ҳеч ким бу темир қонунни бузишга журъат қилолмасди. Зеро, оила бошчисининг диққатини, тинчини бузиш қандай кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши хонадон аҳлига маълум эди. “Ҳеч бўлмаса ўз уйимда эркин бўлай?” дерди мусаввир. Бу эркинликка дунё ташвишу қувончлари ҳам дахл этолмасди. Болохонада Абдуфаттоҳ ўз дунёси билан овора бахтли инсонга айланарди-қоларди.
Ўша куни ҳам ана шу дахлсизлик қонунияти амал қилишда давом этмоқда эди. Қош-қовоғи солинган Абдуфаттоҳ ёлғизхонасига эрта тонгдан қамалиб олганича уни оқшом тарк этди. Ўзигагина хос бўлган оёқ учида юриш билан ҳовли саҳнига чиқди. Ўртадаги деворга кўзи тушди-ю беихтиёр юраги орқага тортиб кетди: эшик олиниб, ўрнига ғишт уриб ташланганди. У ғиштлар орасидан чиқиб қолган лой-чизиқларга термулганича бир муддат серрайиб турди. Манзарага дилгир нигоҳ ташлагани сайин унга бамисоли ота-онасига олиб борадиган эшик очилмайдиган қилиб ёпиб ташлангандек туюлаверарди. Шу топда миясининг қопқоғини гўё биров очиб-ёпиб ўйнайди — боши қизиб кетди.
Абдуфаттоҳ остона ҳатлаб кўчага отилди. Акасининг дарвозасига етганида бир хаёли ортга қайтмоқчи ҳам бўлди-ю яна дадиллашиб, қўнғироқ тугмасини асабий босди. Унга акаси пешвоз чиқди:
— Кел укам, қайси шамол учирди? — Унинг бурни қип-қизил эди. — Ҳойнаҳой кенайингни узуги масаласида чиққандирсан-да, а? Палакат босиб эшикни олиб ташлашга андак шошилибмиз, укам. Узук топилди. Жиянинг ойисига ҳавас қилиб, мактабига тақиб кетган экан… Шуни юваётгандик, қани, кир ичкарига.
— Ниятиз эшик ўрнига ғишт уриш экан, жилла қурса дарча-парча қўйиб кетсангиз бўларди, — деди ука бўшашиб. У акасининг дилини хуфтон қилиш истагидан воз кечганди.
— Планда бор, — деди акаси унинг гапини бўлиб. — Нима, биззи оқибатсизга чиқаравоссанми, ука?..
Абдуфаттоҳ изига қайтди.
Эртаси ишдан уйига келганида кеча эшик ўрнига урилган ғиштлардан тўрттаси олиб ташланганини кўриб, юзига қон югурди, кўнгли ёришди. Шу кундан бошлаб худди ана шу даричадан нафас олаётган одамдек суюниб юрди. Кунига икки-уч бор унга ўғринча кўз ташлаб қўяди. Гўё осмондан тушган фаришталар ҳовлисига ана шу ердан кириб келаётгандек туюларди.
Бир гал кичикроқ маърака қилганида дарча иш берди: дошқозон аканинг ҳовлисига ўрнатилди. Коса-лаганлар шундоққина дарчадан бериб-олинди, қайтанга яхши бўлди…
…Ўшанда жонни зирқиратадиган қаҳратон қиш эди. Янги йил кечасини оиласи билан нишонлаётган Абдуфаттоҳ нима бўлди-ю тоза ҳаво истаб ҳовлига чиқди. Керишди, қўлларини олдинга узатганича паға-паға ёғаётган қорга тутди. Пардек қор парчалари кафтларига тушиб эриб кетаверди. Бундай сурурли манзарадан унинг юраги чексиз завқ-шавққа тўлди. Қор ёғиши забтига олган кезларида у ҳовли ўртасига бориб ёш боладек ётиб олар, само супрасидан қоқилаётган учқунларга кўмилиб кетгиси келарди.
Абдуфаттоҳ бир муддат ҳовли этагидаги уйга термулди. Деразаларига оқ сурп тортилган уй мунғайиб қолган муштипир кампирдек маъюс турарди. Кейин дарчадан қўшни ҳовлига кўз ташлади. Бирорта ҳам ёниқ чироқ кўринмасди. “Байрам тунида қаёққа кетишди экан…” кўнглидан ўтказди.
У эртаси куни тўнғич жиянини кўчада учратиб қолди. Байрам оқшоми қандай ўтганини суриштирди. Қиз боёқиш хомуш тортиб деди: “Адам бу бизнинг байрам эмас, дилбузар — бидъат, деб Янги йилни нишонлашга қўймадилар”. Абдуфаттоҳ бошини сараклатди, жиянларига ичи ачиди, кейинги пайтларда акасининг оёқ олиши бошқача бўлиб қолганини эслади.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, кунларнинг бирида қўшни ҳовлида қиёмат қўпди. Абдуфаттоҳ дарчадан разм солди. Акаси хотинини олдига солиб қувар, шўрлик аёл қорда ялангоёқ қочарди. “Яна аслига қайтибди!” деган ўй ўтди уканинг хаёлидан. Ўғил-қизлари бўйига етиб қолган одамнинг маст-аласт юриши хунук кўринарди. У “эр-хотиннинг ўртасига тушган ахмоқ” деган гапни бир-икки такрорлаганича дарчага яқин келди. Ҳадиксираб овоз берди: “Тинчликми, ака? Келинойимни тоза қийнаб қўйибсиз-ку!”.
— Олимлигингни уйингда қил, бола! — Маломат қилишга тушди ака. — Хотинчангга тишинг ўтмаганидан кейин уни сизлайсан, хумордан чиққунча сўкиш, уриш у ёқда турсин, бурнидан баланд гапиролмайсан. Тумшуғингдан ип ўтказиб олиб етаклагани-этаклаган. Хотин — маники, билганимни қиламан. Так что, ишимга бурнингни суқма, бола, ёмон бўлади…
Ака гап билан тўхтаб қолгани йўқ. Музлаб ётган ерни чопиб лой қорди. Тўртта ғишт топиб ҳар икки ҳовлига зеб бериб турган дарчани ёпиб ташлади. Абдуфаттоҳ маст-аласт акасига бир нима дейишга ботинолмади. У гўё нафас йўли бекилиб қолган бемордек бўғилиб юрди, бир муддат изтироб чекди.
Дарча ёпилиб, қон-қариндошлик йўлларини қум босди. Вақт деганлари ҳовли ўртасида текис девор бино қилганидек, Абдуфаттоҳнинг кўнглидаги чандиқларини ҳам силлиқлаб ўтди. У “Балки, шу дахмаза олдинроқ ёпилганда бир дунё гап-сўзга қолиб юрмасмидик…” деган мулоҳазага ҳам борди-ю бироқ билиб-билмай отасининг ҳамёнига қўл солган ўғилдек бемаъни хаёлидан ўзи уялди.
Абдуфаттоҳ хаёл осмонидан тушган паллада тонг ёришиб, қоронғулик секин-аста чекинмоқда эди. Шу пайт дарвоза беўхшов тақиллаб қолди. “Бемаҳалда ким келиши мумкин? Бугун маҳаллада ош берадиган киши бўлмаса…”. У болохона зиналаридан шошилинч тушди. Йўлакдан ўтиб кўчага чиқди. Дарвоза олдида келинойиси тиззаларини муштлаб, изиллаб турарди. Абдуфаттоҳ “Тинчликми?” деб улгурмай, аёл йиғлаганича ўзини унга ташлади: “Акангиздан айрилиб қолдик, иним!”.