«Гўрда ётибманмикин?»
Кўзини очиб, Соли пиённинг калласига келган биринчи савол шу бўлди. Атроф зим-зиё — йилт этган чироқ йўқ. Нафас олиб бўлмайди, демак, тирқиш ҳам йўқ. Аммо гўрда музлаши керак эди, исиб кетяпти-ю! Остида ҳам қуруқ тупроқ эмас, тўшак! Устида эса… Сийпалаб кўриб, униям кўрпалигига ишонч ҳосил қилди. Кўрпа бўлгандаям зилдай оғир кўрпа! Ё катта ҳурмат-эътибор кўрсатишиб, кўрпа-тўшак билан кўмишдимикан? Балки хотини яна бирор ёққа санғиб кетиб қолмасин деб, кўрпага ўраб, устига тракторни бостириб қўйдимикан?
Бош оғриғининг маълумотларига қараганда кеча тўйда бўлгани аниқ. Ҳа, Носир бўқоқ ўғлини уйлантирганди. Наҳорги ошдаёқ то-моқ қичиғини қондиришни бошлади. Хотин оши, базмлар ҳам қуруқ ўтмади. Кейин, бу орада оғилга кириб, юмшоққина сомон устида «рекламная пауза» ҳам қилиб чиқди. Келин келиб, тўй ярим бўлганда яна даврада пайдо бўлди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган… Йиқилган шишадан, ағнаган маст кўп! Ёш-да, боласи тушмагурлар, хомлик қилишган.
«Шиша томди»ни тугаллаб, «стакан сиқти»ни энди бошлаганди, чироқ қурғур ўчиб турибди-да! Ит эгасини, мушук холасини тани-майдиган тўпалон бошланди. Энг алам қиладигани, энди келин-куёв столига навбат келганди! Келиннинг олдидаги қадаҳни олиб, куёвни-кига ағдараётганди, ё устидан стол босиб тушди, ё у столнинг устидан босиб тушди. Эмаклади, туртинди, суринди, кейин… Аниқ эслолмайди. Ёдида қолгани, қулоғи остида иккита кампирнинг шанғиллагани:
— Яхши бўлди, ёшлар тезроқ бири-бирининг қучоғига киради.
— Суюлмасдан кўрпаларни тез-тез солинг, ҳали замон келин-куёв келиб қолади!
Кимдир устига кўрпа ташлади. Кейин яна, яна, яна… Совқотиб қолмасин дейишдими, етти қават ташлашди-ёв ўзиям! «Қандай меҳрибон одамлар бор-а дунёда!» деб ётиб пинакка кетиб қолибди. Уйғонса бу аҳвол!
«Наҳотки!..» Соли пиён калласига келган фикрдан сесканиб кетди.
Тепада … Ҳа, етти қават кўрпанинг устида… Куёвбола хира шам ёруғида ёлғон ваъдалар билан келиннинг бошини, пастда эса, «Ўлиб қолмай, чиқишга уриниб кўрсаммикан?» деган фикрлар Соли пиённинг бошини айлантира бошлади.
— Қимирлаяпти! — деди тепада куёвбола бир сесканиб.
— Ҳазиллашманг! — келин нозланиб куёвни қучди.
— Е…е…ер қимирлаяпти!!! — куёв сакраб ўрнидан туриб эшик томон отилди.
Келиннинг қўлида эсдалик бўлиб унинг кичик шими қолди.
Соли пиён «дўзах»дан чиқиб келганда… Тепадаги «жаннат»да… Келин бола шимчани ғижимлаганча, ярим яланғоч ҳолда, шамнинг шундай остида, оғзини очганча қотиб ўтирарди. Бировнинг ҳасми деб тузукроқ қарамади ҳам!
Айланма кўчага етганда, бир яланғоч йигит ўқдай учиб, ёнидан ўтди.
— Қимирлаяпти! Қимирлаяпти! — деб ҳайқирганича кўздан ғойиб бўлди.
Бор гап шу. Электросетдаги «бўм-бўм»лар, «Тўйдан тўёна келмади», дейишиб чироқни ўчириб қўйишган, камига бефаросат кампирлар унинг устига чимилдиқ барпо қилишган бўлса, унда нима айб!?
Ўзи айтарли катта фалокат бўлгани йўқ: келин дудуқ, куёв «да-ранг!» деган овоз эшитса хушидан кетиб қоладиган бўлиб қолди, холос! Юраги ёрилиб ўлиб қолгани йўқ-ку! Шугина нарсага, «Ҳаммасига сен касофат айбдорсан!» дейишиб Соли пиёнга маломат қилишгани ортиқча!