Саид Анвар. Табиб (ҳажвия)

«Носир бува ўрикдан йиқилиб тушибди», деган гап жуда тез тарқалди. Қўни-қўшнилар, ўғил-қизлари, борингки, жамики қариндош-уруғлари тўпланди.
Носир бува етмишга кирганди. Уни устига ўрикдан ҳам йиқилиб тушди. Бу ёғи маълум-да.
Эркаклар бир-бирларига маъноли бош чайқашни, хотинлар мотамда кийиладиган уст-бошларини ҳозирлашни бошлашди. Бусиз мумкин эмас-да. Ахир ота етмишга кирган. Ўрикдан ҳам йиқилди. Сўрида инқиллашни ҳам жа ўрнига қўймоқда. Энди бу ёғи…
Фақат кампири — Чаман хола бепарво. Қариб мияси суюлиб қолган-да, шу паллада сигирининг канасини териш билан овора! Эшикдан ўртанчи ўғли — Акрамжон киргандагина у сал сергакланиб, жилмайганича бошини сарак-сарак қилиб қўйди.
— Ота, ота, тузукмисиз? — Акарамжон отасининг тепасига бориб сўради.
— Иҳи! Иҳи! Иҳи! А-а-акрам, с-с-сенмисан? — бемор кўзини хиёл очди.
— Менман, ота, менман!
— Рози бўласан энди, — деб ота видолашгандай кўзини юмди.
— Э, қаёқдаги гаплар билан одамни қўрқитманг! — Акрамжон қўл силтади. — Ўрикдан йиқилганларнинг ҳаммаси ўлаверса — бу дунёда одам қолмасди!
— Сен олдин мен йиқилган жойни кўргин! — отанинг овози зардали, шу билан бирга дадилроқ янгради. Ҳатто қўли билан ўрикка имлади. — Ҳов, айридан йиқилдим.
— Э, у айри нима бўлибди! — ўғил ўрик томон юриб, шартта айрига чиқди. — Шу ердан йиқилдингизми?
— Ҳа, ҳа.
— Бу ердан йиқилган одам ўлмайди.
— Ўлади!
— Ўладими? Бўлмаса менам ўзимни шу ердан ташлайман, ўламан, биргалашиб кетамиз! Мана, қараб туринг! — деб Акрамжон ўзини ташламоқчи бўлди.
— Ҳай-ҳай-ҳай! — Носир бувага қайдан ғайрат топди, ўмганини кўтариб, қўл силтай кетди. — Ўлмайдикан, ўлмайдикан! Ташлама! Мана, мен ўлмадим-ку!
— Ўлмаса ҳам эт-бети лат ейди, ўн-ўн беш кун оҳ-воҳ қилиб, кўргани келганларнинг текин овқатини еб маза қилиб ётади! Менам бекорчиман, ота, ҳасратлашиб ётамиз. Қараб туринг!
— Йў-йў-йўқ! Лат ҳам емас экан, мана! — бемор ўрнидан даст туриб кетди. — Қара, ҳаммаёғим соғу саломат. Туш!
Акрамжон ўрикдан тушди. Қўни-қўшнилар, ўғил-қизлар, қариндошлар қўл силташиб жўнашди. Чаман холанинг қўли эса, Акрамжоннинг елкасига келиб тушди.
— Акрам, яхшиям сен борсан, болам. Билардим, отанг ўлмасди. Аммо оҳ-воҳ қилиб ётиб олардим, уч ой касал боқардим.