Саид Аҳмад. Гувала (ҳажвия)

Ҳазил

Район советининг сессиясида мактабларда ишлаб чиқариш таълим масаласи кўрилар эди. Район маориф бўлимининг мудири бу масала юзасидан жуда яхши доклад қилди. Аммо у ўн тўртинчи мактабда политехника таълими устахоналари ҳалигача қурилмаган, район қурилиш бошқармаси бу ишга юзаки қараётганини танқид қилди. Ана шундан кейин шу мактаб директорининг ўзига сўз берилди. Директор курилиш трестига қўшилиб танқид қилинганига чидамай ўтирган эди. У қизишиб гапга тушиб кетди:
— Майли, трестдаги ўртоқлар шундай масъулиятли ишга панжа орасидан қараб келган эканлар. Бу алоҳида гап. Аммо биз ички имкониятлардан тўла фойдаланиб, политехника таълими ишларини яхши қўйиб юборганмиз. Мен бунга конкрет мисоллар келтириб, ўз ишларимизни намойиш қилишим мумкин.
Зал бирдан жимиб қолди. Устахонаси йўқ мактабда кандай килиб политехника таълими йўлга қўйилиши мумкин эканини билишга қизиқиб, қўлларини қулоқлари орқасига тутиб, директорнинг оғзига тикилишди.
— Ҳамма қилган ишларимизни айтиб вақтингизни олмайман. Аммо энг характерлилари билан таништиришим мумкин. Ўтган биринчи чорак давомида тўққиз ва ўнинчи класс болалари ўқитувчиларнинг уйлари, участкаларига бориб қирқ мингдан ортиқ хом ғишт, ўн беш мингдан ортиқ гувала қуйиб бердилар. Гувалалар сифатли куйилгани бизни қувонтиради. Саккизинчи класс болаларидан тўрт киши физика ўқитувчисининг янги ҳовлисига бир кир ўра, бир савзи ўра ва бир чуқур ўра қазидиларки, бу сифатли ўраларни алоҳида қайд этмасдан ўтолмайман. Ҳозир шу учала ўра муваффақиятли равишда эксплуатацияга топширилди. Имтиҳон комиссияси ўраларнинг чуқурлиги ва кенглигини ўлчаб кўриб, беш баҳо қўйишни лозим топди.
Қизларимиз ҳам машғулотларга мунтазам қатнашиб туриптилар. Айниқса, саккиз, тўққиз ва ўнинчи класс қизлари мактаб маъмурияти ходимларининг уйларига бориб, рўзғор ишларига қарашмоқдалар. Қизларимиз ташаббуси билан ўқитувчиларимизнинг уйларида ўттиздан ортиқ кўрпа қавилди. Кир ювиш, дазмол босиш, қозон-товоқ ювиш ихтисослари бўйича дуруст натижаларга эришмоқдалар.
Бошланғич мактаб болаларини ҳам политехника таълимидан четда қолдираётганимиз йўқ. Уларга ҳам ўзларига боп иш топганмиз. Масалан, улар ўқитувчиларимизнинг ёш болаларини опичиб, ҳовлиларини супуриб бермоқдалар.
Энди келгуси режаларимиздан гапираман. Қурилиш трести шундай сусткашлик қилар экан, бунга ҳам чора топганмиз. Масалан, ўқувчилар кучи билан мактаб дарвозаси биқинига пойафзал ремонт қиладиган мастерс-кой, бир сартарошхона қурамиз. Ўғил болалар сартарошлик ва туфли ямашни ўргансалар, қизларимиз кассирликни машқ қиладилар.
Аммо ишларимизда нуқсон борми, бор. Масалан, ушбу мастерскойларимиз ҳали бўлмагани учун биз бошка ташкилотларга бола юбориб, ҳунар ўрганишга мажбур бўлмоқдамиз. Ҳозир шаҳар ҳаммомида тўрт бола ходимгарга шогирд берилди. «Хуш келибсиз» қабристонининг старший гўркови икки боламизга ўз мутахассислигини тинмай ўргатяпти. Катта маҳалла ғассоли икки ўқувчимизни қунт билан тарбияламоқда.
Катта кўчадаги комхоз кесиб кетган теракларнинг тўнкасини яқинда умумий ўқувчиларимизнинг ёрдами билан ковлаб олдик. Етти ва саккизинчи класс ўқувчиларининг ташаббуси билан тўнкалар саржин қилинди. Биз мана шу йўл билан ўз ўқитувчиларимизни қишки ўтин-кўмир, яъни ёқилғи билан тўла таъминлай олдик.
Шу пайт чой олиб кирган чол луқма ташлади:
— Умирингдан барака топ, болам. Мен ҳам қариб қолдим. Айниқса, обед пайтида чойхўрлар шошириб қўйишяпти. Ўқувчи болаларингдан менга ҳам чой ташийдиган шогирд бер.
Ўтирганлар орасида ғовур-ғовур бошланиб кетди. Булар райондаги турли ташкилотларнинг вакиллари эди. Директорни эсанкиратиб қўйишди.
— Чорраҳани асфальт қилишга ишчи кучи етишмаяпти. Йигирмата бола юборинг.
— Саксовул складига қирқ бола.
— Қушхонага қўй ҳайдаб келиш учун ўн беш бола.
— Туғуруқхона деворини оқлашга олти бола.
— Ошхоналар трестига карам тузлаш учун ўн бола. Шу пайт қўлида портфель билан ўн тўртинчи мактаб
завхози кириб келди. Унинг афти-башараси қоп-қора эди.
— Ўртоқ директор, ўн уч машина кўмир олиб келдим. Шофёрлар дод, деб миямни ачитиб юборишди. Илмий мудирингиз, учинчи класс болалари тушириб беради, деяпти. Бўлмайди, ўнинчи билан тўққизинчига рухсат берсангиз.
— Ҳозир, ҳозир, — деди директор. — Ўртоқлар, биз политехника таълимини мана шу йўл билан олға сурдик. Саволлар бўлса, марҳамат. Аммо саволлар ёзма равишда берилса, яхши бўларди.
Ана шундан кейин унга ёзма саволлар ёғилиб кетди. Минбарга ёғилган қоғозлар орасида унинг ишдан олингани ёзилган маорифнинг буйруғи ҳам бор эди. Политехника таълимида ҳам гап кўп-да. Директорни ўнинчи класс болаларидан тўрттаси чалпак қилиб залдан опчиқиб кетишди.