Ишга беш минут кеч келганим учун бошлиғимиз 20 фоиз иш ҳақидан ушлансин деб буйруқ чикарибди. Баъзи одамлар соатлаб, кунлаб ишга келмай қолади-ю… Ўзингиз биласиз, менинг жаҳлим тезроқ. Бирдаи қизишиб кетдим. Котиба қизнинг “хай-ҳай”лашига қарамасдан шартга эшикни очиб, ичкарига бостириб кирдим. Мени кўриб бошлиқнинг ранги ўчди. Ўчмай ҳам кўрсин-чи. Югуриб бориб гирибонидан илиб олдим.
– Хой бола, ўрмагингни йиғасанми, йўқми? Йиғмасанг, ўзим йиғаман. Нега мунча менга осилиб қолдинг?! Нима, индамаса қўрқади деяпсанми? А?!..
У дағ-дағ титрайди. Қип-қизариб кетган. Тили калимага келмайди.
– Яна бир марта шундай қилсанг, ўзингдан кўр. Онангни уч қўрғонидан кўрсатаман. Тушундингми? Тушундингми деяпман? – деб кўрсаткич бармоғимни кўзига тиққидай қилиб ниқтадим.
– Ҳа, ҳа. Хўп, хўп. Хўп, ака. Узр. Узр Бштмабман. Бошқа қайтарилмайди. Жон ака. Чин сўзим. Бир мартага кечиринг…
Ранги девордай оппоқ бўлиб, қўли кўксида, ярим букилганича мени кузатаб қолди… Йўқ, йўқ Кузатиб қолса дейшим керак. Ахир мен хаёл суряпман-ку.
Ширин хаёлларимдан ҳаволланиб бешинчи марта бошлиқнинг эшигани оҳиста чертдим. Сўнг эшикни қия очиб ичкарига бош суқдим:
– Мумкинми?
Катта хона тўрида креслога ястаниб олганича телефонда ким биландир берилиб сухбатлашаётган бошлиқ мен томонга кўз қирини ташлаб, қўли билан “чиқ, чиқ, халақит берма” дегандек ишора қилди. Мен яна қабулхонадаги диванга чиқиб ўтирдим…
Бироздан сўнг эшик очилиб, бошлиқ хонасидан чиқди. Ирғиб ўрнимдан турдим. Уст-бошимни тузатиб, икки қўлим кўксимда унга мўлтиллаб тикилдим. Лекин у олдимдан индамай ўтиб кетди. “Нега турибсан” ҳам демади. Ақалли мен томонга бир қараб қўймади. Мен яна диванга чўкдим… Йўқ, йўқ. Ўзингиз биласиз жахлим тезроқ, Бирдан ловиллаб кетдим, десангиз. Йе. Бу нима деган гап? Изидан етиб бордим-у, шартта елкасидан ушлаб, ўзимга қаратдим-да… Ҳе, оғзимга келганини қайтармай айтдим ўзиям. Роса сўқдим.
– Ҳозир келаман, ака. Кечиринг, ака. Узр, ака. Ҳозир. Бир минутга. Жон ака. Заҳар танг қилган эди. Шундай кираман-у, чиқаман. Ҳозир ака… – дерди у чотини ушлаб типирчиларкан. Ўзиям роса ялиниб-ёлворди. Ёқасини қўйвордам. Бўпти. Бориб келсин-чи.
Ҳарқалай раҳбар, тағин иштонига…
Мен унинг қайтиб келишини кугиб, хаёл сура-сура кўзим илинибди. Турткидан уйғондим. Турсам, бошимда фаррош аёл пол ювадиган таёғини кўтариб турибди.
– Туринг. Кун кеч бўлди. Ҳамма кетди. Бу ер сизга гастинса эмас, – деса бўладими.
Ўзингиз биласиз, жаҳлим тезроқ. Шартга ўрнимдан турдим-у, бақириб кетдим.
– Нега туртасан? Нима ҳаққинг бор. Сен кимсан ўзи? Бўлсанг бир фаррош бўлибсанда. Йе. Биринг бошлиқман деб турткилайсан, биринг… Нима? Андешанинг отини кўрқоқ деяпсанларми? Сенларга кўрсатиб қўяман. Суянган тоғинг ким ўзи? А?! Айт, ким? Ўша бошлиқми? Икковингни ҳам йўқотаман. Ёзаман. Кунингни кўрсатаман. Ҳе, сендақа…
Роса сўқдим. Эркак киши бўлгандами, урардим ҳам. Фаррош аёл бир оғиз ҳам гап қайтаролмай, дағ-дағ титрайди. Фақат кўзига зўр беради. Тўғри-да. Ўзингиз биласиз, жахлим тез. Шундай бўлгач, мен билан эҳтиёт бўлиб муомала қилсин-да…