Бу воқеага анча бўлган. У пайтлар бир овулдан иккинчисигача узоқ йўл босишга тўғри келарди. Ўшанда қиш эди, тизза бўйи қор кечиб борардим. «Ғарч-ғурч» этган товушлар ўзгача ҳузур бағишлар, баъзан ортимга ўгирилиб, қор устида қолаётган палапартиш изларимга қараб-қараб қўярдим. Етти яшар, ғўр бола эмасманми, қалбимда зарра қўрқув йўқ, ҳеч нарсани ўйламасдим. Бошимда қулоқларимгача беркитиб турадиган боғичли қалпоқ, эгнимда қалин пўстин, ичи жун шим… Оёғимдаги этикнинг қўнжидан кириб, ёпишиб қолаётган қоргада парво қилмай борардим.
Олдимда паст-баланд тепаликлар узоқдан кўриниб турарди. «Шу қирдан ўтиб олсам бўлди, у ёғи овул бошланади», дердим ўзимга далда бериб.
Ўшанда бобом билан бувим мени олиб қолиб онамни қўшни овуллик бир кишига турмушга берганига эндигина уч ҳафта бўлганди. У уйни билмасдим, бироқ овулга етиб боргач, сўраб-сўраб онамни топиб олишимга ишонардим. Унинг қошлари ингичка, кўзлари қисиқ, майда ўрилган сочлари белини ўпарди, онам менга кулиб қараганида юзидаги кулгичлари кўриниб, яна ҳам чиройли бўлиб кетарди. Онам дунёдаги энг гўзал аёл дея неча бор ўйлаганим рост.
Онам кетадиган кун мен бир чеккада «тўптош» ўйнаб ўтирардим. У мени олдига чақириб тиззасига ўтирғизган, сўнг қучоғига олиб юз-кўзимга узоқ термулиб қолганди. Мен эса онамнинг бошидаги попукли телпагига ҳайрон боқиб, четлари жиякли чопони устидан безак бериб турган ранг-баранг тошларни тортиб ўйнамоқчи бўлганимда, бувим «тегма, узиб қўясан, хунук бўлиб қолади», деб уришганди.
Онам бўлса менга кулиб, ниманидир айтмоқчи бўлган, гапиролмай ютиниб-ютиниб қўйганди. Ниҳоят бувим «куёв кутиб қолади, бўлақол энди» деганида, бир бувимга бир менга қараб олган онам лабларини тишлаган, сўнг юзларимдан ўпиб узоқ бағрига босиб турганди. Онамнинг қучоғидан чиққим келиб, типирчилаганимда у янада қаттиқроқ қучиб олган, бироқ ҳеч нарса демаган, ўтовдан чиқиб кетаётганида кўзларидаги ёш доналари ерга думалаб-думалаб тушгани ёдимда. Нега ўшанда онамни қучоқлаб олмаганман, нега «кетманг» деб ялиниб-ёлвормаганман, балки икки-уч кун ўтиб, онам мени соғингач, қайтиб келади, деб ўйлаган бўлсам керакда.
Кейин онамни бошқа кўрмадим. У қайтиб келмади. Соғинган пайтларим бувимга ялинар, «онамга олиб боринг», деб хархаша қилардим, бувим эса «онанг жуда узоқда, сен энди катта йигит бўлиб қолдинг, энди кўникишинг керак», дерди уришиб. Бобом эса бошқача эди, мени сира хафа қилмасди. Онам ҳақида сўраганимда, «ҳув анави қир ортида, овул бор, онанг ўша ерда! Жуда узоқ эмас, яхши бола бўлсанг, бир куни олиб бораман», деганди. Бироқ бобом ваъдасини тезда унутди.
– Бобо-бобо, онамга қачон олиб борасиз? Мен яхши бола бўлдимку! – дедим бир куни тоқатим тугаб.
Бир чеккада пўстинимга ямоқ солиб ўтирган бувим гапларимни эшитиб, бобомга ўқрайиб қаради, сўнг:
– Уят бўладия, ҳали бир ой ҳам бўлмади, – деди.
Бобом индамади. Мен бобомнинг юзига узоқ термулиб жавоб кутдим. Бобом бир сўз дермикин, дедим, у мум тишлаб олганди. Аламим келди. Ўша дамда, агар имкон туғилса, онам кетган овулга ўзим боришга қарор қилдим. «Ахир, мен энди бувим айтганидек, катта йигит бўлиб қолдимку», дея ўйладим.
Бобом доимгидек овга кетган кун, сурувни кўздан кечириш баҳонасида ташқариладиму қир бўйлаб югуриб кетдим. «Бобом овдан ҳали бери қайтмаслиги аниқ, бувим эса ортимдан келолмайди, оёғи оғрийди, узоқ йўлга чидамайди», ўзимча пишиқ режа тузгандим. «Онам мени кўриб хурсанд бўлади», деб хаёл қилардим.
“– Мени топиб келдингми, катта йигит бўлиб қолибсанку», – дейди сўнг пешонамдан ўпиб қўяди.
Қанча юрдим билмайман, йўл сира адо бўлмас, овул кўринмасди. Ястаниб ётган қир оппоқ қорга беланиб ётарди, тепалик эса ҳеч яқин келмас, мен у томон юрганим сари ортга чекинар, худди мендан қочаётгандек туюларди. Оқликдан кўзларим толиқиб кетди. Оёқларим чалиша бошлади. Ўтиргим келар, «озгина қолди, яна озгина юрай, кейин дам оламан», дердим ҳансираб.
Қанча юрдим билмайман, бироқ йўлим сира озаймади. Оппоқ қордан кўрпа ёпинган қир оша ёлғиз кетиб борарканман, бир пайт кўзим тиниб юзтубан йиқилдим. Қор устига юмшоқ тушдиму, бироқ юзим совуқдан бўзариб кетди. Бурнимни енгим аралаш ҳар қанча артмай оқаверар, тинмай ҳансирардим. Турмадим, рости, туролмадим. Сўнг осмонга қараб олдим. Оппоқ булутлар бутун осмонни эгаллаб олган, қуёш мўралайдиган бир туйнук кўринмасди. Одатда бунақа булутлар қор олиб келади, бироқ негадир қор ёғмаётганди. Осмон бугун-эрта туғиши аниқ, ҳомиладор аёл каби зўрға илиниб турарди, гўё. Қанча ётдим билмайман, совуққотдим, оёқларим увишиб қолди. Қўлларимга таяниб аста қўзғалдим. Уст-бошимни қордан тозалаган бўлдим.
Бобом «Совуқ кунда музлаб қолмаслик учун ҳам тинмай юриш керак», дерди. Ортимдаги изларимга бир қараб олдиму, сўнг олд томонга ўгирилиб икки қадам босганимни биламан, қаршимда турган оқ-қора тук аралаш, кулрангтус бўрига кўзим тушди. У қараб турарди, қулоқлари динг, тумшуғига қоп-қора тугма қадаб қўйилгандек, пешонасига қор увоқлари ёпишиб қолган, сарғиш кўзлари менга синовчан боқарди. У куч-қувватга тўла эди, бақувват кўринарди. Унинг қор каби мўйнаси ҳавасимни келтирар, майин тукларини бармоқларим орасига олиб силагим, қорнида ётиб эркалангим, қучоқлаб олгим келарди. Шу тобда ҳайвондан бўлсада, бир меҳр истардим.
Бобомдан эшитганим бор:
“– Бўрилар йиртқич бўлади, раҳм-шафқат нима – билмайди, Мамарайимнинг ўттизта қўйини бўғизлаб кетибдия», – деганди бир кеча. Ўшанда бўғизлаш нималигини тушунмаганману, ўлдириш бўлса керак, деб ўйлаганим рост.
Юрагимга қўрқув оралади, унинг кўзларига термулдим, бу ўткир нигоҳ ортида рақибини мавҳ этиш ва қорин тўйғазишдан бўлак маъно кўрмасдим. «Бирдан ташланиб қолсая нима қиламан», деган ўй мени саросимага солди, «пўстинимга ўралиб олсам балки тиши ўтмас» шу илинж қалбимга умид бағишларди. Танам совуқданми ёки қўрқувданми, билмайман, титрай бошлади.
Шу он бўри негадир ҳеч бир ҳаракат қилмасди, бошидан тортиб оёғигача пўстин кийиб олган мен бир кичкина болачага тажовузкорона нигоҳ ташлаб турарди, холос. «Балким тайёргарлик кўраётгандир», дея ўйладим. Наҳотки, онамнинг олдига энди боролмайман, наҳот бобомни, бувимни қайтиб кўролмайман…
Бу учрашув бир неча сония давом этди.
– Қадамбой! Қадамбой! Ҳей, ўша бувингни… – бу товуш мени қўрқинчли тушдан уйғотиб юборгандек бўлди. Бу овоздан музлаб бораётган танамга қон югурди гўё. Ортимга ўгирилдим.
– Бобо! – дедим йиғламоқдан бери бўлиб, – Бобо! – дедим такрор ва такрор.
Бобом мени эпчил ҳаракат билан оти устига миндириб олди, нимадир эсимга тушиб илкис қарадим. Бир неча қадам нарида турган сариқ кўз бўри ғойиб бўлганди.
– Нега бундай қилдинг? Нега кетиб қолдинг? Бугун-эрта ўзим олиб бормоқчи эдим, сабр қилишинг керак эди, – бобом йўл-йўлакай тинмай танбеҳ бериб кетаркан, қулоғимга бу гаплар кириб-кирмай борардим. – Агар яна қор ёғиб, изинг босилиб қолганида нима бўларди, биласанми, сени икки дунё тополмасдим.
– Бобо, мен бўри кўрдим, – дедим секингина.
– Хайрият, бахтингга қор ёғмади, – деди бобом гапимга парво ҳам қилмай, сўнг: – Нима? – деди отнинг жиловини тортиб, – қаерда?
Мен бобомни маҳкам қучоқлаганча, қимир этмасдим, хаёлимда ҳамон ўша бўри жонланар, унинг совуқ нигоҳлари кўз ўнгимда қотиб қолгандек эди.
– Ўша, сиз мени топган ерда.
– Мен ҳеч нарсани кўрмадимку, – деди бобом ҳайрон бўлиб. Сўнг отнинг биқинига этиги билан ниқтаб қўяркан, от йўрғалашда давом этди. – Худо меҳрибон – сени қайтиб берибди. Кўрдингми, уйдан бесўроқ чиқиб кетиш нима оқибатларга олиб келишини? – бобом куйиниб гапирарди.
– Бобо, у она бўри эдими ёки ота бўри?
– Билмайман, она бўри бўлса керак, сенга раҳм қилибди.
– Она бўри ҳам ов қиладими?
– Ҳа, болалари гўштга киргунича ота бўри ҳам, она бўри ҳам овга чиқади.
– Она бўри ҳам болаларини ёлғиз ташлаб кетадими?
– Ҳа, бошқа нима қилади? Емиш топиб келиши керакку!
– Агар қайтмасачи? Унда нима бўлади? Бўричаларни бобоси билан бувиси асраб оладими?
– Бўриларнинг бобоси, бувиси бўлмайди.
Суҳбатимиз бўри мавзусида то манзилга еткунимизча давом этди. Онам кетган овулга шом қоронғусида кириб бордик. Онам овозимни эшитибоқ, ўтов ичидан югургилаб чиқди. Отнинг устидан икки қўллаб кўтариб оларкан, бағрига босди, юз-кўзларимдан ўпди.
– Қадамбой, Қадамбойим мени, – деди эркалаб.
– Она, мен бўрини кўрдим, – дедим ўтов ичига кирганимиздан сўнг. Онамнинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди.
– Қўрқмадингми, – деди онам билан бирга яшаётган амаки суҳбатимизга аралашиб.
– Йўқ, – дедим мен бошимни сарак-сарак қилиб. Алдаётган бўлсамда, мени қўрқоқ деб ўйлашларини истамасдим.
– Вой товба, ўзимни ботир болам, – деди онам мени қаттиқроқ бағрига босаркан.
– Қойил, зўр йигит бўпсан, – деди амаки ҳам.
Бобом нега кўрмади экан? Балки бобомнинг хира кўзлари оппоқ қор орасида оч кулранг бўрини илғамагандир дея, ўзимча тахмин қилардим. Ёки менинг кўзимга кўринганмикин? Йўғ-эй?!
Амакининг айтишича, шу яқин орада бир кулранг бўри изғиб юрганини у ҳам кўрган.
– Бироқ жуда эпчил экан, икки сафар ҳам отишга улгурмадим, – деди амаки қўлларини бир-бирига уриб, ҳафсаласи пир бўлгандек.
Мен бўри болаларига ачинардим, қачонлардир овчилар она бўрини отиб қўйишса, болалари нима қилишади, бобоси, бувиси бўлмаса, қаерга боришади, деган саволлар қийнар, ич-ичимдан бўрига омонлик тилардим.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 3-сон