Бузаверадилар, қураверадилар… Бузаверадилар, қураверадилар…
Одамлар эскисини бузиб, янгисини қуришдан чарчамас, бу баъзан тўхтамайдиган ишдек туюларди.
Шаҳардаги кўҳна – минг йилги илон изи кўчалар. Эгри-бугри, тупроғи кўпчиб ётган энсиз ва боши берк муюлишлар бирин-сирин йўқолиб борарди: худди шунингдек, баланд пахсали ички-ташқи ҳовлилардан иборат маҳаллалар аста-секин ном нишонсиз ер билан битта бўлмоқда.
Ўтмиш абадият қаърига сокин, баъзан сурон кўтариб, масрур ва маҳзун чўкмоқда.
Ёши Худогагина аён асрий чинорларнинг бир зумда ерпарчин бўлишига ўзини анчайин керакли одам эканлигини ҳамиша кўрсатиб қўйиш истагида юрувчи кимсаларнинг мудроқ, сабил кўзларининг ногаҳоний тушиб қолишигина сабаб бўлиши мумкин эди.
Мабодо сенинг ҳам ёшинг етмишдан ошиб кетган бўлса-ю маҳалланинг безаги, фахри ҳисобланган чинорнинг хотиранг қаъридаги қудратли, соя-салқин бериш учун атрофга бир текис чўзилган шохлари қўполлашиб, қуриёзган эса ёки қулоч етмас танасининг қаттиқ пўстлоқлари уваланиб кетган, боз устига ёнверига ўрмалаган йўғон илдизлари туфайли заранг, тошдек ер қўпорилай деб, дўнгалак ҳосил қилган бўлса, унутмагилки, энди сен ҳам ёш, қадди-қомати расо, самбитдек йигит эмассан. Аёвсиз умрнинг бешафқат тамғасидан биров қочиб қутулолган эмас. Аммо хотира қанчалик олис бўлса, у шунчалик чуқурроқ илдиз отади.
Икки арава рўбарў келиб, эси жойидароқ аравакаш ҳамкасабасини аяб, йўл бўшатсагина наригиси ўтиб кетиши мумкин бўлган тор Чиғатой кўчаси бўйлаб юқорига кўтарилсанг, албатта шаҳар савдо бошқармасига қарашли омборларга дуч келасан. Эҳ-ҳе, аллазамонлар Жунаидхоннинг сўнгги айғоқчилари банди қилинган чоғларда, бу карвонсарой обод, гуллаб-яшнаганди. Ўша-ўша дарича-тирқишсиз, доимо чанг-тўзонга беланган омборларнинг номи Карвонсарой бўлиб қолган.
Шу кўчанинг истаган чеккасидан туриб қарасангиз, айқаш-уйқаш уйлар аро бир жуфт минора кўзга яққол ташланарди. Чап томонидагисига ҳали гард ҳам юқмаган: тик, адл ва текисди. Даҳрийлар авлодига мансуб одамларнинг кўпчилиги ҳамда меров нигоҳлари қандайдир ёқимсиз, пуч сайёҳлар бу минорани ўн йилча олдинроқ – то гумбаз устига бир жуфт лайлак келиб қўнмагунга қадар биронта фабриканинг ёки шунчаки буғхонанинг мўркони деб юришарди. Лайлаклар учиб келгач, бу минора унча-мунча эмас, балки узоқ тарихга алоқадор минора экани ҳақидаги тушунча бирпасда чор атрофга аён бўлди-қолди.
Ўша қушлар келган кўклам чойхонада ўтиришдан бўлак муҳим ва қизиқарлироқ иши қолмаган бир мўйсафид ҳам: «Ҳа-а, бу бежиз эмас, Худойимга тегишли нарсани дунёвий нарсадан ажралиб туриши учун бўлса кераг-ов», деб гап қилганди. Минора ҳамон ҳеч кимга халақит бермай қад кериб турар, олис ўтмишнинг маҳзун бир қўшиғи – мўминларни бомдод намозига чақириш учун сўнгги марта тик зиналаридан кўтарилган муаззинни беш-олти кексаларгина эслаб қўярди.
Иккинчи минора эса аввал қандай бўлса ҳозир ҳам шундай: оддий, кўримсиз, кўзга унча ташланмасди. Замонлар ўтиши билан тагида тасмадек ялтираб жўшқин сой оқиб ётган жарлик томонга сезиларли даражада оғиб қолган эди. Қайсики ўзларини ўқимишли эканликларини писанда қилиб юрувчи кимсалар бу минорага «Қулаётган минора» деб ном тақаб Италиянинг аллақайси шаҳрида ҳам худди шунга ўхшаш минора борлигини эътироф қилдилар. Маҳалла эса уни оддийгина қилиб «Қийшиқ Мирзакарим» деб тилга оларди.
Халқ орасида бу минорани маймоқ Мирзакарим номли ўлгудек хасис, бўлмағур одам фисабилло пулига қургани, гарчи у шахс Маккаи Мукаррамага ҳаж қилган бўлса ҳам миноранинг ўша йилиёқ Қурбон ҳайитидан кейин оға бошлагани ҳақида узунқулоқ гаплар юрарди.
Сой томонга оғаётган мезана гўё алданган, ҳалол одамларнинг судхўрга таъна-тазаррусининг ифодаси эди гўё. Миноранинг шикаст-рехтасини тузатиш учун ҳожи қанчадан-қанча пул ваъда қилмади дейсиз, аммо барибир бу ишга қўл урадиган биронта зот топилмади. Бу миш-мишлар афсонага айланиб, ҳожининг босган излари тупроққа қоришиб кетганига анча замонлар бўлди ҳамки, минора ҳамон сойга қараб оғар, бироқ ҳали-вери қулайдиганга ўхшамасди.
Чиғатой кўчаси бўйлаб йўл ҳаракатини бузганча ҳамма ёқни чангитиб юк ташувчи машиналар, ҳатто баъзан маҳалла болалари тинчини ўғирлаб, қирмизи ранг машҳур футбол командасига қарашли «Икарус-Люкс» автомобили шундоққина нураган девор ёнидан оҳиста ўтиб қоларди.
Деярли ҳар куни жойини ўзгартирувчи ҳўппа семиз лейтенант шундай кезлар кўчанинг салқин жойларида яшириниб турар, ўзларича уддабурро ва эпчил ҳайдовчиларни бозор томондан елиб чиқаётганларида тўхтатиб: «Окоси, Чиғатой кўчасида бир томондан юрадилар», деб гулдурак овозда насиҳат қиларди.
Бу кўчада эскилик билан янгилик, кечаги ҳаёт билан бугунги ҳаёт, ўтмиш билан келажак мана шу тариқа жипслашган ҳолда намоён бўларди…
* * *
Борис Михайлович Краснов илк бор 1959 йили бу маҳаллага келганди. У пайтлар уни оддийгина қилиб: «Боря, Борис», деб чақиришарди.
Шаҳарга келгач, биринчи куниёқ тайинланган ерга кечикяпман, деган хаёлда ғизиллаганча Чиғатой кўчасидан учиб бораркан у йўл-йўлакай ҳар бир нарсани хотирига михлаб қўйгудек атрофни кузатиб кетарди. Унинг юмшоқ, ҳароратли рангларга ўрганиб қолган ўткир, синчков кўзлари қуёшнинг сарғиш нурларига чўмилган чинорни ҳам, минорани ҳам ва бошқа нарсаларни ҳам пайқаб улгурган эди.
Биринчи таассуротлар, навқирон шафқат, янги ва номаълум, илгари сираям татиб кўрмаган фавқулодда ўзгаришлар ёш, серғайрат инженернинг юрагига бир умрлик бўлиб нақшланиб қолди. Ҳатто у анча йиллардан кейин, улкан шаҳарнинг бутунлай бошқа қисмида яшай бошлаган маҳаллари эски шаҳарга келиб қолган чоғида туйқус ёшлик йилларидаги каби кўнгли бирдан ҳаприқди ва шу-шу ҳар сафар мавҳум, масрур ўзгаришларнинг зариф ҳарорати ҳамда умид томирларидаги қонни қиздириб юбораётганини сезади.
Иш жойида уни илиқ, самимий кутиб олдилар. Чиғатой кўчаси бўйлаб одамлардан сўрай-сўрай бораётган Красновнинг бу пастқам, тор кўчалар, нураган деворлар бирон-бир корхона ва маъмурий ташкилот борлиги тасаввурига сиғмаган, ҳатто: менга янглиш манзил бермадимикинлар, деган шубҳали хаёл кўнглидан кечди.
Монтаж қилиш бошқармаси жойлашган бино жуда ғалати эди.
Краснов салқин саҳнида ола-чалпоқ шуълалар ўйнаган ҳовлини топганидан кейин орадан бир соат ўтгач, ўзига берилган алоҳида хона калитини олди. Шифти баланд, бағри кенг хонадаги жиҳозлар, тўсинлардаги нодир араб ёзувларини эслатувчи жимжимадор нақшларни кўздан кечира туриб, у ажабсинар ва ўзича ширин хаёлга берилар эди: «Шаҳризода… Ҳа, ҳа, худди ўзи…» деб қўярди.
Кунлар кетидан ҳафталар ўтди. Олисда, Краснов туғилиб ўсган тарафларда аллақачон экин-тикинлар йиғиштириб олинган. Шип-шийдам, ҳувуллаган далаларга саҳарлаб қиров тушар, ёқимсиз, зах, ёмғирли кунлар бошланган эди.
Бошқарма ҳовлисида эса ёз ҳарорати забтига олар, ток новдасида оғир узум бошлари осилиб турар, ҳамон қуёшнинг юмшоқ, сокин нурлари қуруқшаган япроқлар оралаб мўл-кўл сочилар ва бу ҳарорат, бу нурнинг чеки-чегараси йўқдек туюлади.
Шундай кезларда Краснов узоқ, совуқ ўлкаларда ишлаётган ҳамкурсларини эсга оларди, уларнинг иссиқ кийим-кечак, қулоқчин, ёмғирпўш олиш учун югуриб-елишларини тасаввур қилгиси келар ва беихтиёр: «Қанчалар иссиқ… Шундай эмасми?.. Саҳрои Кабир худди…» деб шивирларди.
Унинг маоши ҳозирча юз сўм. Бу ойлик кўп ҳам, оз ҳам эмас, хуллас кун кечирса бўларди. Краснов бир куни кўйлаклари ситилиб, камзули тор келиб қолганини, пойафзалининг мутлақо яроқсиз аҳволда эканини туйқус пайқади ва ҳамон талабалик чоғидаги сингари ғариб аҳволда яшаётганидан кўнгли чўкди. Ундаги бу фавқулодда ўзгариш бўлим бошлиғининг хизматга ҳар куни қордек оппоқ кўйлак ва мардона ярақлаган бошмоқ кийиб келиши туфайли юз бергандир балки; ҳарқалай Краснов унинг оройиши ва пўримлигини пайқаб қолгач, оёғига қараб «Инженер эмас, қўриқчининг ўзгинаси бўлибман-ку», дея ўкиниб қўйди.
Нафсиламрини айтганда, Краснов жисмонан заиф, аммо руҳан тетик, иродали, ташқи маҳобатидан маънавий олами гўзал ва бардам авлод – урушдан илгари туғилган авлод вакили эди. У ўша кундан эътиборан қишлоқ одамларига хос ўжарлик билан пойтахт удумини ўзлаштира бошлади. Даставвал ҳавас қилса арзигулик шижоат билан назарида хира, анчайин ночор туюлган маданий савиясини оширишга киришди. Иттифоқо, унинг ён дафтарчаси варақларида албатта бориб кўриши керак бўлган спектакллар номи, театрларнинг репертуарлари; шу ерлик одамларнинг кўпчилигига ҳали номаълум бўлган музейлар: табиат музейи, этнографик музей, ўлкашунослик, даҳрийлик, амалий санъат музейларининг манзили пайдо бўлди. Сўнг кўргазма заллари, билим жамияти, кутубхоналар, кинотеатрларнинг аниқ манзилини ҳам талабалигидан хотира сифатида сақлаётган дафтарчасига ёзиб қўйди.
Бу воқеалар бўлиб ўтган пайтда, Краснов Чилонзордаги ётоқда яшарди. Шаҳар шунчалар катта эканини ўша вақтда пайқаган, назарида асосан бир қаватли уйлардан иборат бу шаҳар эртанги ўзгариш – ўсиш кунларини кутиб, жуда катта майдонда ясланиб ётгандек эди.
Бир йилдан бери у деярли ҳар куни Ҳадрагача троллейбусда қатнар, эрталабки бу қатнов унга гўё бир саёҳатдек хуш ёқарди. Кўпинча у чанг-чунг ойна ёнидан кетмай, қандайдир мавҳум, узуқ-юлуқ хаёллар оғушида шаҳарни тамоша қилиб борар ва кондукторнинг эринчоқ овозда: «Бешёғоч… Қоратош… Олмазор…» деб эълон қилаётгани қулоғига чалинар, шунда у беихтиёр мусиқавий, ғалати номларни ўзича такрорларди.
Бу номлар фақат оҳангдорлиги билан эмас, балки замирида бир сир яширингандек унинг эътиборини жалб этарди.
Ҳадрада у троллейбусдан тушиб, бошқа транспорт кутиб ўтирмас, чуқур сойни кесиб пиёда жўнар, ўшанақаси машҳур бозор оралаб, Чиғатой кўчасига кириб боришни яхши кўрарди.
У шошилмасди, оёғи остида пиёз пўстидек муз қоплаган йўлка қирсиллар, у ер-бу ерда юпқа асфальт қатлами остида қолиб кетган тошлоқни муттасил ҳис қиларди.
Саҳарларда ариқлар тўлиб, сув шалдираб оқарди. Ўнг тарафдан боғнинг ланг очиқ дарвозаларидан мусаффо тонг нафаси гуркираб эсар, панжарасимон тўсиқлар ортида қизғиш қум тўкилган кимсасиз хиёбонлар кўзни яшнатади. Бу сўлим боғда – шаҳар аҳолиси қанчалар турли-туман тилда сўзлашмасин, татарча калом тез-тез эшитилиб туришини Краснов яхши биларди. Сокин, хушманзара боғ шаҳардаги татарларнинг севимли масканига айланиб қолган, ҳайитлари, сайиллари ва байрамларини улар ҳамиша шу ерда ўтказардилар.
Борис бозорда ортиқча ўралашиб юрмасди. Ҳар доим иккита пўрсилдоқ нон, бир бош узум ёки бир жуфт шафтоли, баъзан шарбати оқиб ётган нок, баъзан эса эҳтимол кўпинчадир, қизлар ёноғидек майин қантак ўрик сотиб оларди.
Кейин бозорнинг чеккароғидаги одам сийрак чойхоналардан бирида кўк чой ичиб, нонушта қилар эди. Краснов ишқибозлиги туфайли деярли ҳар куни бошқа бирон чойхонада тамадди қилишни яхши кўрарди. Аммо қизиқ, ҳамма ерда ҳам самоварчи нон билан пиёлани қўйиш учун бир хил қип-қизил гул солинган баркаш берар, Борис бунга негадир ажабланарди. Кўринишдан ўхшаш, ҳатто бир хил бўлгани билан бу чойхоналарнинг ўзига хос жиҳати борлигини Краснов жуда тез тушуниб етди. Чинданам баъзиларини асосан улкан шаҳар шовқин-суронидан гарангсиган деҳқонларнинг пайида бўлиб, атрофга ўғринча аланглаган, игна устида ўтиргандек бетоқат баққоллар эгаллагандилар. Улар совуб қолган чойларини тиззаларига яқин суриб шивирлаб гаплашар, деҳқонларга зимдан кўз югуртириб, гап пойлашарди.
Бошқа бирисида эса такаббур, шаллақи, тақир бош қассоблар йиғиларди. Уларга осон тутиб бўлмасди. Бир ярим пудли болта билан шундай гўшт майдалар эдиларки, нимтани суриш, кундага яхшилаб жойлашга улгурсанг бас!
Пешин бўлди дегунча самоварчининг жиянлари мўйлаби энди сабза урган болалар янги чойнак ва пиёлалар кўтариб, канора томон югурардилар. Қассоблар азалдан бозорнинг «казо-казолари» бўлиб келган.
Бир куни Борис қозоқлар танда қўйиб олган чойхонада ҳам бўлди. У ерда қозоқлар чойхонани бошларига кўтаргудек бақириб-чақириб ўтиришар, дам-бадам қийқириб кулишарди. Қозоғистон ерлари ғарб томондан шаҳарга жуда яқин экани у вақтларда Красновга ҳали аён эмасди…
Бошқармада у зудлик билан ишга киришиб кетди. Бунинг сабаби, бир жиҳатдан, Красновнинг ихтисоси – металлар чириши бўйича инженерлиги бўлса, иккинчи жиҳатдан шу соҳа одамларига ўша пайтда, айниқса, Ўрта Осиёда талаб катта эди, кадрлар етишмасди.
Бу ўлкаларда химия саноати эндигина ривожланаётган, ҳаттоки улкан газгольдерлар, электролит ва ишқор цехлари, фосфот тузи ишлаб чиқарувчи заводлар қуриш ишларини Чиғатой кўчасининг гадой топмас тупикларидан бирида жойлашган монтаж бошқармаси ҳал қиларди.
Қиш кезлари бош инженер ўқтин-ўқтин Чирчиқ, Олмалиқ, Ангрен, Оҳангарон каби саноат шаҳарларидаги объектларни бориб кўришга, буюртмачилар билан ҳамда министрликда ўтадиган кенгашларга ўзи билан Красновни ҳам ола кетадиган бўлди.
Тез орада ишлаб чиқариш бўлимидаги олифта ҳам, ҳар доим ундан маслаҳат сўраб турадиган лаборатория қизлари ҳам, ҳатто хонаси келса отасига ҳам ишонмайдиган доғули, Мирғиёс ака ҳам Борис билан ҳисоблашадиган бўлиб қолишди. Омборчи эса янги бўёқларнинг хусусияти, эритувчи моддалар, кукунсимон рангларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида лабораториядан эмас, албатта Красновдан кўрсатмалар оларди.
Шундай чоғларда хавфли моддалар, суюқликлар омборида токчалар ва жавонларни кўздан кечириб, Краснов ҳақида ўзича: «Унинг ҳар балога ақли етади. Э-э-эй, ўқишда ҳам ўқиш бор экан-да», деб қўярди.
Охири ҳеч кутилмаганда уни «Борис Михайлович, Борис ака», деб чақирадиган бўлишди. Қишнинг замҳарир тонгларидан бирида эгнида янги пальто, қўйнида иссиқ нон Краснов ишга шошиларди. Қараса, у кўзлаб келаётган чойхона – берк. У бир лаҳза тараддудланиб турди-да, қоровул билан чой ичарман, деган хаёлга келди. Ҳамиша – бутун қиш давомида унинг хонасида човгум қайнаб турарди.
У Чиғатой кўчаси бўйлаб, қўлтиғидаги янги узилган нон исини туйиб, кап-катта одам кўчада бир тишлам узиб еб кетишдан истиҳола қилиб бораркан, орқа томондан бировнинг чақирганини эшитиб ўгирилди.
– Ассалому алайкум, ўртоқ инженер. Бир пиёла қайноқ чойим бор, киринг.
Уч қадамча наридаги ланг очиқ эшик олдида – норғул, поча-пўстинли киши қўлини кўксига қўйиб кулиб турарди.
Борис у одамнинг елкаси оша ичкарига қаради. Димоғига писта кўмир ва аллақандай оҳорли буюмлардан, айниқса гиламлардан келадиган ҳид урилди. Бошқармадан берироқдаги бу чойхонани Краснов аллақачон кўз остига олиб қўйган, мавриди билан кирарман, деб юрарди. Бу чойхонанинг маҳаллага қарашли экани ҳам унга маълум эди. Шундай бўлса-да, у бироз иккиланди ва илдам юриб, самоварчи билан сўрашди-да, сўнг ичкарига кирди.
Шу-шу Борис бу ерга тез-тез келиб турадиган одат чиқарди, айниқса у кеч кузнинг жунжиккан тонглари ва қишда кўп қатнарди.
Совуқ ёки лойгарчилик пайтлар, Эски шаҳар эндигина кўз уқалаган чоғда твит пальтосининг энсиз ёқасини кўтариб олган Краснов ҳар доимгидек бозор оралаб югурарди. У ҳеч ерда тўхтамай, бирон нарсага алаҳсимай, аллақачон таниш бўлиб қолган новвой ёнига етгач, иккита иссиқ нон олиб, яна одамларга туртиниб-суртиниб йўлида давом этар эди.
Тонг чоғи негадир бозорда файзли жимлик ҳукм сурар, саҳархез одамлар ҳам негадир паст овозда сўзлашар, ажабо пешин чоғи бозорни ларзага соладиган аравакаш ҳам ҳозир фавқулодда паст товушда гапирарди.
Шарққа хос синоат… Ажабо…
Деярли ҳар куни Сағбондан чапга бурилди дегунча Борис энг аввал чироқлари порлаб турган чойхонани кўради. Тез юрганидан у терлаб кетади, манглайи, бўйнини дам-бадам артади, остонада тўхтаб, қўйнидан иккита нонни олиб ичкарига қадам қўяди. Саҳарлаб чойхона кимсасиз бўлади. Чойнакларни артаётган Махсум ака унинг саломига бардам, қувноқ оҳангда: «Салом алейкум, инженер, келинг, келинг», дейди.
Хира тортган улкан мис самовардан иссиқ уфуради, мижозлар йўқ пайтда эшик қаршисидаги биттагина қандил ёниқ бўлиб, чойхонанинг ичкариси нимқоронғи бўлади; онда-сонда кўчадан ўтиб кетган машина фарасининг шуъласида деворлардаги тўқ қизил гиламлар кўзга ташланади.
Бироздан сўнг Борис новвот, парварда билан чой ичиб, Махсум ака билан гурунглашаётганда яна бир одам кирарди. У узун, кенг чопонига ўралиб Махсум акага бир-икки гап ташлар, сўнг Краснов билан ҳол-аҳвол сўрашарди: «Яхши ётиб турдингизми, ўртоқ инженер?..»
Уни маҳаллада шу ном билан атайдиганлардан ташқари ҳамма, худди Мирғиёс ака ўргатиб қўйгандек, сал иззатли урғу бериб мурожаат қилишарди.
Ўша вақтда инженерлик касби – ҳажвчи-юмористларнинг битмас-туганмас мавзуи ҳисобланмас, бир томони маҳалла одамларининг ҳурмат билан муносабатда бўлишлари Борис Михайловичга ёқар ҳам эди.
Ишга тез киришиб кетиб у ерда обрў-иззатини топганиданми ёки одамларнинг ўзига бўлган илиқ муносабати туфайли ҳаяжонланадими, ишқилиб кунлардан бир кун Краснов «…Шу ерда қоламан… Бола-чақа қиламан… Шу ўзбек тупроғида яшайман», деган аниқ, кутилмаган, аммо муҳим қарорга келди.
Колонхонадаги уйғурнинг сомсасидан келтириб, Борис Михайлович билан овқатланаётган Мирғиёс ака унинг юзидаги ўзгаришни пайқаб: «Борис ака, нима бўлди сизга?» деб сўраганди, Краснов ҳаяжонданми, омборчининг ташвишини кўрибми, бир лаҳза индамади, кейин атрофдаги одамларга кўз югуртириб чиқди, Мирғиёс акани ҳанг-манг қилиб:
– Уйланмоққа аҳд қилдим, Мирғиёс ака… – деди.
Бу қарор эртагаёқ ЗАГС дан ўтиб келаман дегани эмасди, шаҳарда қоламан дегани эса: «Бола-чақа орттириб, жиддий уй-жойли бўлиб бир умрга…» деганини билдирарди.
Унинг севган қизи бор эди. У олисда, бир вақтлар Краснов ўқиган совуқ Сибирь шаҳарларининг бирида яшар, дарвоқе, қиз ҳам институтни тугатиш арафасида эди.
Ўша шаҳарнинг чеккасида, кекса акас дарахтлари оғушидаги уйчага муттасил мактуб келар ва баъзан, бу мактублар «умидим» ёки очиқдан-очиқ ҳаяжонли «азизим» деган калом билан бошланар эди. Краснов баъзан қизни қаллиғим деб қўярди. Юрагида уйғонган уйланиш ва ўз оиласи билан шу ерда қолиш фикри унинг ҳаёт йўлини тубдан, кескин ўзгартириб юбормади, албатта, фақат бир куни дафъатан шу чоққача атрофидаги жамики нарсалар, воқеа ва ҳодисаларни шунчаки кузатиб уларнинг моҳиятига тушунмай яшаб юрганини, энди эса ўша жамики нарсаларнинг ўзига хос ботиний оламини кўраётганини ҳис қилди.
Борис Михайлович қаллиғига ўз қарорини айтмади, фақат қишки таътилда бир келиб кетишини илтимос қилди. Бинобарин у қиз билан учрашишдан кўра, севгилисининг ўзи ҳануз янгилик ахтариб, кашф этишдан чарчамаётган юрагига борган сари чуқурроқ кириб бораётган шаҳарни қандай қабул қилиши, бу ўлка қандай таассурот қолдириши ҳақида ўйлар, ҳаяжонланар эди. Қиз келгач, ичига сиғмай хатларида таъриф-тавсифини келтирган чойхонага ҳам олиб борди.
Бироқ қиз унинг ҳаяжонини баҳам кўрмади, чойхонани тутиб кетган тарвуз ҳидини ҳисобга олмаганда кўп нарсаларга эътибор қилмади. Краснов унинг Ўрда, Чорсуга ҳам, кўҳна чинорлар ва устини муз қоплаган ҳовузларга ҳам бефарқ, лоқайд бўлганидан қайғурди.
Аммо қизнинг тушунмаслигидан қайғуриш бир сония давом этди, холос. Кутилмаганда Краснов ёрининг чеҳрасидаги майин, таъсирчан ифодаларни кўриб, ийиб кетди. Ким билади, қиз нимаси билан унинг ташвишли хаёлларини тўзғитиб юбордийкин?! Ёшлик чоғларида одам ҳамиша ўз севгани дунёга гўё унинг кўзлари билан қарашини истайди, ўрни келганда чинданам шундайдир деб янглишади. Кейинроқ оила қуриб, бирга ҳаёт кечира бошлаганида Борис ўзаро тушунмаслик, бўлмағур икир-чикирларга рўпара бўлавериб, ёшликдаги ёрқин кунларни, ҳатто тарвуз ҳиди тутган чойхонани ҳам эслайдиган одат чиқарди.
Охири қиз совуқ, қор бўронлари ўйнаган шаҳрига, икки йилдан сўнг бир умрга қайтиб келиш умиди билан жўнаб кетди. Борис Михайлович эса ёш йигитлар учун фавқулодда муҳим қарорга келганига қарамай илгаригидай яшаб юраверди. Ҳатто у қонуний отпускасини ҳам олмади.
У вақтларда на театр, на китоблар бугунгидек одамларни ўзига жалб қилмас, кассаларда истаган вақтда билет, керак бўлса, китоб ҳам топиларди. Краснов вақт-бевақт китоб дўконларини айланар, концертларга мунтазам равишда қатнар эди.
Дарвоқе, маҳалладан орттирган ўртоқлари, чол-кампир яшайдиган уйда арзимас ижара ҳақи эвазига яшашни маслаҳат қилсалар ҳам унамаган Краснов ҳамон Чилонзорда яшарди. У яна ҳар кунги беминнат саёҳатдан воз кечишни ҳам истамасди. Гоҳо у сайр йўналишини ўзгартириб, Ҳадрадан чапга бурилиб, Чорсуга тушар, сўнг яна ўша бозор оралаб Чиғатой кўчасига чиқарди. Шошма-шошарлик, шаллақилик сингари одатларни Шарқда ёмон хулқ деб санашларини тез фаҳмлаб олган Краснов ҳар бир нарсани меъёрида, қизиғида қилишга ҳаракат қиларди. Атрофдаги илгари пайқамай қолган нарсаларни энди синчковлик ва мароқ билан кузатадиган бўлиб қолди. Шаҳарнинг ўзига хос шовқини, чанг-тўзонли кўчалари, бўёқлари, одамларининг кўптиллилиги ҳамда мунтазамликни у чанқоқлик билан юрагига жо қилар, шу тариқа анови қарорини эслаб: «Мен шу ерда яшашим керак», деб дамо-дам хаёлан такрорлаб юрарди.
Ишга келаётганида эрталаб йўлда учраган одамлар билан қўлини кўксига қўйиб, очиқ юз билан саломлашар, уларнинг ҳам ўзига нисбатан самимий, дўстона муносабатда эканини ҳис қилиб, кўнгли қайноқ, чароғон туйғулардан гупириб кетарди. Рангпар, бедармон бухоро яҳудийларигина базўр бош ирғаб қўйишарди.
Краснов ёш эди. Шу сабабли яҳудий чолларнинг истамайгина қилган ҳаракатлари кексалик улуғворлигими ёки чинданам қувватсизлик оқибатими – билолмасди.
Ҳаётда кўпни кўрган бу чоллар учун ишоранинг кучи сўздан кўра зиёда экани аёндир, ким билади дейсиз. У сокин яҳудий чолларини яхши кўрарди. Зеро, оқ жужунча камзул кийган бу одамларни асосан баҳор ва кузнинг ҳароратли ойларидагина учратарди. Ёғингарчилик, саратон ва қаҳратонда Краснов уларни мутлақо учратмасди.
Уларни эрталаб парранда бозорида кўп кўрарди. Тирик товуқ ёки хўрозни сотиб олгач, бояқиш паррандаларни улар шундай сеҳр-жоду билан сулайтириб қўярдиларки, Краснов ҳайрон бўлиб, бунинг тагига ҳеч етолмасди. Дарвоқе, бундан атиги бир неча дақиқа аввал бутун бозорга эшитилгудек овозда қичқирган жангари хўроз тўши, биқинига яҳудий чолнинг нимжон, ожиз бармоқлари тегди дегунча шилқиллаб, товуши ўчарди.
Аммо энг қизиғи шунда эдики, булар ҳар сафар деярли бир хил товуқ сотиб олишади. Краснов бу қарияларни Чиғатой кўчаси бўйлаб итоаткор, шалвираган паррандаларни оёғидан кўтариб келаётган вазиятда узоқдан танирди.
Шаҳар билан яқиндан танишган сари маҳалла чойхонаси Краснов диққатини тобора ўзига жалб этарди. Бу ернинг ўз одатлари, қонунлари нималардан иборатлигини истаса бир кечада Мирғиёс акадан билиб олиши мумкин эди. Аммо у барчасини ўзи кўриб, ўзи ҳис қилиб ўргангиси келарди. Энди у, айниқса, ишлаб чиқариш бўлимидаги олифтанинг лавозимига тайин этилганидан бери ишда ушланиб, оқшом уйга қайтар, шундай чоғларда чойхонага кирмай қўймасди. Гоҳо гавжум чойхонани синчиклаб кузатар, сўнг очиқ дераза орқали кўча, айвонга назари тушар, челакларнинг тарақлагани, сувнинг сачраганини эшитар, димоғига иссиқ тупроқ ва кўкат иси уриларди.
У баъзан: «Махсус эркаклар клуби» деб чойхона ҳақида ўйлар ва хаёлига негадир инглиз клублари келарди. Аммо бу икки даргоҳ орасидаги фарқ осмону ерча эди. Англияда клублар фақат мумтоз ёки имтиёзли шахслар учун бўлиб, оддий фуқаронинг кириши ман этилар, бу ерда эса чойхона эшиклари ҳамма учун очиқ эди. Ундан ташқари, бу ерда одамохун, меҳрибон одамларга ҳурмат билан қаралар, аския, хушмуомалалик сингари фазилатлар кўпроқ қадрланарди.
Краснов ҳар оқшом чангитмай резина ичакни чизиллатиб сув сепишдан роҳат қиладиган таксопарк директорини яхши танир; унинг чойхона учун беминнат яхшиликлари, кўмир олиб бергани борми, бир машина ўтин келтиргани борми, ё бўёқ топиб бергани борми – ҳаммасидан хабардор эди. У одам яна бу яхшиликни ҳар хил кўзлардан яшириб қилар, ундан кейин бунинг учун ҳеч ким ортиқча илтифот кўрсатмасди ҳам.
Кейинчалик унинг ўзи ҳам бошқармага раҳбарлик қилаётган чоғда чойхона учун кўп хизмат қилади, аммо одамлар илгари қандай муомалада бўлган бўлса, шундай оддий, самимий тарзда салом-алик қилаверардилар.
Қош қорайди дегунча Краснов шахмат доналарини қутисига соларкан, чойхонада ёш-ёш болалар пайдо бўларди, у болаларнинг юмшоққина юзларидаги юввош ифода учун, оталари ёнига бориб уларнинг қулоғига нимадир деб тезгина қайтиб кетишлари учун яхши кўрар, туйқус юрагида ҳазин бир умид, эҳтимол истак қалқиб кетар, беихтиёр қачондир у ҳам бир-икки қўл шахмат ўйнагани ёки чойхўрлик қилгани чиққан кезлари ўзининг ҳам ортидан овқат пишиб онаси чақираётганини айтиш учун ўғли ёки қизи чиқиши ҳақида хаёл суриб ётарди.
Краснов бу маҳалла аҳлининг тўю ҳашамларида кўп қатнашар, илло бошқарма хизматчилари ҳам маъракаларга таклиф қилишарди. Шунинг учунми, бу болаларнинг қарийиб барчасини яхши танир, ҳатто қайси ҳовлидан чиқиб келганигача биларди.
Бир вақтлар обод, сўлим боғлар ўрнида барпо бўлган бу мўъжазгина ҳовлиларнинг файзи бўлакча, иссиқ, ёқимли эди. Азамат тут ёки ўриклар ҳамон ўша боғларни эслатиб тургандек кенг қулоч ёйган, баҳору ёз мўл-кўл, кўм-кўк, тоза баргларининг қуюқ сояси салкам бутун саҳнга етарди. Бу ҳовлилардаги бўйрадеккина ерга экилган намозшомгул, райҳонлар қулф уриб ётарди. Болахонали, деразалари ичкарига қарата қурилган уйларда ҳаёт бегона кўздан ҳоли, ўз ҳолича, бир текис давом этар, ҳар қандай янгилик, фавқулодда, одамни шошириб қўядиган бахт ҳам кўз-кўз қилинмас эди.
Ана шунга ўхшаш камсуқумлик ҳамда тантилик чойхонада ҳам бор эдики, Краснов буни пайқамай иложи йўқ эди. Чиндан ҳам бу ерда унинг на жулдур камзули, на йиртиқ бошмоғига қарайдиган одам топиларди. Ҳамма унинг шахсиятини, одамгарчилигини тан оларди, холос.
Орадан йиллар ўтиб, унинг қўли ишдан бўшамай чойхонага кам чиқиб ўша пайтларни ўйлаб ўтирган чоғларида кўз олдига оқшомлари йиғилиб турадиган бир давра келарди. Сўнг мактаб директори, кинотеатр паттачиси, банк бошқарувчиси, қўли гул уста, шоп мўйловли инспектор, таксопарк директори, омборчи Мирғиёс ака, камгап қассоб, авиазавод чилангари ҳамда кунда-шунда одамлардан иборат бу давра анчагина хаёлини банд этиб юрарди. Ушбу тахлит мулоқот зўрлик билан бирлаштириш мумкин бўлмаган бу хил мажлис фақат чойхонадагина йиғилишини Борис Михайлович ўз тажрибасидан биларди. Балки атрофдагиларнинг туйқус ва шиддат ила мутлақо бошқача манфаат йўлидагина дўст тутинаётганларини қадамида учратаверганидан одам бу беминнат, озод, ахил давраларни эслармикин?!
Борис Михайловичга чойхонанинг ўз ахлоқ-қоидалари ҳам манзур эди. Масалан, чойхонага биронтасининг маст ҳолда кириб келиши у ёқда турсин, у ерда ҳеч ким очиқдан-очиқ, ошкора ичмасди ҳам. Ҳатто ёши катта, мартабали одамлар ҳам ошдан олдин киши билмас чойнакдан қултиллатиб қуйиб, яширинча ичаётганларини бир неча бор кўрган Краснов ҳайратга тушарди. Беихтиёр унинг хаёлидан шишани дастурхонга қўйиб, бемалол гурунг қилиб, қадаҳларни уриштириб, ҳар ким ўз истаги, ниятини айтиб ичса, биров уришармиди, деган савол ўтарди. Дарвоқе, ҳеч ким буни тақиқламасди. Фақат андиша, ҳаё бунга йўл бермасди. Сут билан кирган жон билан чиқади, деганларидек ҳеч зоғ бу удумни босиб ўтмас, истамас, ҳар бири ўз урфи, удумига нисбатан чуқур ҳурмат, эътиқод кўзи билан қарар. Мабодо бу удум бузилдими – тамом, энди уни ҳамма вақт (айниқса ёшлар) бузавериши мумкин бўлган бир нарсага айланиб қолишини яхши тушунардилар. Яна ёшларнинг хулқ-одобини Борис Михайлович ёқтирарди. Бир куни чойхонага адашиб кириб қолган икки қишлоқлик йигитларнинг бир умр эсдан чиқмайдиган сабоқ билан кетганларини гувоҳи бўлганди.
Йигитларнинг бири дуч келган тоза кўрпачага ёнбошлаб, оёғини узатиб юборди. У деворга яқин ётгани туфайли, ҳеч кимга ҳалақит бермаётганини ҳис қилиб, бепарво ётаверди. Табиатан зийрак Махсум ака киши билмас уларнинг тепасига бориб, мулойимгина бир нарса деди. Оёқларини кериб ётган йигитнинг иситмаси чиқиб, ўрнидан дик этиб туришига икки оғиз калом кифоя қилганди…
Вақт ўтиб борарди. Борис Михайлович аллақачон фарзандли бўлган, уни энди якшанба кунлари атак-чечак қилаётган ўғли Павликни етаклаб юрган ҳолда боғда учратиш мумкин эди. Бинобарин, турмуши сокин ўзанга тушиб қолган, бир маромда давом этар, ишида ҳам, ҳаётида ҳам фавқулодда ўзгариш рўй бермаслиги кундек равшан бўлиб турган чоғда апрелнинг охирлари – бодом барқ уриб гуллаган кезлари шаҳар аҳолиси бошига оғир мусибат тушди – зилзила рўй берди.
Зилзиланинг учинчи куниёқ уни райкомга чақириб, Эски шаҳарда ташкил этилаётган қурилиш бошқармаларининг бирига раҳбар қилиб тайинланганини маълум қилишди. Борис Михайлович аввалига ёшлигини, кейин эса қурувчи инженер эмаслигини рўкач қилди. Рози бўлишмади. Аммо бу партиянинг топшириғи, қолаверса, буйруғи, деб уни шаштидан туширишди.
Эски шаҳар зилзиладан деярли зарар кўрмаганди. Табиий офат асосан аҳоли зич жойлашган Қашқар маҳалласи ҳамда марказий районларга зарар етказган, у ерлардаги талафот катта эди. Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас қозоқ биродарлар жўнатган қудратли бульдозерлар Қашқар маҳалласини тамом бузиб ташлади ва ўша куниёқ Краснов раҳбар бошқарма турар-жой бинолари қуришни бошлаб юборди.
Мана, ўшандан буён қанча сувлар оқиб кетди, аммо Краснов ҳамон бузади, қуради, бузади, тиклайди.
Инсон оғир замонларда, мураккаб шароитда билинади, унинг матонати ва бардоши авваламбор амалга оширилган ишда синовдан ўтди.
Мажлислар, кенгашлар, йиғилишларда, партия комитетида Борис Михайлович кўплаб ўзи сингари ёш раҳбарларни кўрди, баъзилари билан яқиндан танишди, баъзилари ҳақида илиқ, яхши гаплар эшитиб ғойибона ҳурмат қилиб юрди. Истеъдодли ҳисобланган ҳамкасбларининг адоси йўқдек туюлаётган ишларни ярим йўлда чала ташлаб кетганларини кўриб, афсус чекди. Зотан, яшаш, халққа яхшилик қилиш, фойда етказиш учун истеъдод ҳамда ташаббускорликнинг ўзи камлик қилишини, одам боласига чидам, шижоат кераклигини у ўша йилларда тушуниб етганди.
Ишга боши билан шўнғиган Борис Михайлович баъзан ўзи севган ҳарорат, саранжомлик аста-секин, аммо қайтмас бўлиб силласини тарк этиб бораётганини ҳис қилар, эр-хотин орасидаги ўзаро тушунмовчилик кучаяётганини эса сира ҳазм қилолмасди. Хотини Борис Михайловичнинг нега, нима сабабдан тонг қоронғисида жўнаши ва ярим кечада ҳориб-чарчаб келаётганини билолмас, билишни ҳам истамас эди.
У дунёда бола-чақаси, оилани ҳамма нарсадан юқори қўядиган эрлар борлигини, улар ўз умр йўлдошларини севиб, ҳурмат қилибгина қолмай, анчайин уй-рўзғор ишларидаям хотинларига ёрдам беришлари ҳақида тинмай гапирар, ваъз айтар, ҳикоя қилар, шундай маҳалларда ҳамма вақт аксари ишёқмас, оилада бефарқ, лоқайд эркакларга қарши исён кўтараётган ҳурматли аёллар улуғланаётган фильмлар, газета-журналлардан мисол келтирарди.
Унинг билгани «Бошқалар… бошқалар учун», топиб олгани «улар…» эди.
Хотинининг гапларига қулоқ соларкан, Борис Михайлович ҳамон тамом ўзга нарсалар ҳақида ўйларди. Бинобарин, у ҳақиқатан, олижаноб ишлар билан банд мингларча одамларни билар, тенг ҳуқуқлилик ҳақида ҳар қанча тўлиб-тошиб гапирмасинлар, барибир, биронта аёл бу эркакларнинг ишини уддалай олмаслигини яхши тушунарди. Ҳамиша, ҳар қачон, ҳар қандай замонда ҳам ўз имкониятларини чамалаб, буни тўғри ҳал этиб, зарур ишларга дадил, журъат билан қўл урувчи одамлар яшаб келгани ҳолда кейин ҳам яшашларини Краснов англаб етганди. Пировардида, у бундай ҳақиқий ва олижаноб ишлар доимо эркаклар зиммасига тушса керак, деган хулосага келарди.
Баъзан у ишларини ташлаб кетган дўстлари ҳақида ўйлар экан: «Балки уларнинг оиласи кўнгилдагидек бўлмагандир», деб қўярди ўзича. Бир ҳисобдан унга қийин эди. Фақат ишдамас, уйда ҳам ҳоли-жонига қўйишмасди, аммо, айниқса мана шу бугунги кунда шаҳар учун керакли одам эканлигини аҳён-аҳён бўлсин ҳис қилиш Красновга битмас-туганмас қувонч бахш этар, у ҳам эмас, бу ҳам эмас, шаҳарнинг эртанги куни ҳақида қайғуриб яшаётгани учун келажакда ўз номини ҳам тилга олажакларини ўйлаб, фахрланиб ҳам қўярди.
Чодирлар йўқолиб, ётоқхоналар аста-секин бўшаб, оғир кунларда бир-бирини суяган, азиз тутган одамлар шинам уйларга кўчиб ўтаётганларини кўриб, у беҳад қувонарди. Иттифоқнинг турли бурчакларидан умумҳашарга келган қурувчиларнинг ҳам уй-жойли бўлаётганларидан шодланарди. Ўша йиллари ҳар бир ютуқлар шарафига уюштирилган ноғора базмларда янграган карнай овозлари дилларни тўлқинлантирувчи ғалаба садолари сингари хотирасида қолганди.
Зилизила арафасида у Чиғатой кўчасидаги бошқармага яқин хонадондан янги уйга кўчиб кетганди, маҳаллада кам кўринарди. Гоҳо-гоҳо бирон-бир воқеа, масалан айтайлик, бошқарманинг бир йиллиги, биринчи массивнинг топширилганини «ювиш», ўзбек тупроғида грузин боласи ёки эстон қизининг туғилиши шарафига ош уюштирилар, шундай кезларда турли шаҳарлардан келган қурувчи ошналари билан Борис Михайлович «ўзининг» маҳалласидаги чойхонасига ташриф буюрарди. Гарчи у Бодомзордаги машҳур чойхона, Бўзсув, Ўрдадаги сўлим, гавжум чойхоналарни билса ҳам, дўстларини шу чойхонага қистар, негаки у ерда ўзи ҳамда улфатларини алоҳида икром билан кутиб олишларига ишонар, боз устига ош дамлашда Махсум акага дуои пир текканлигини унутмаганди.
Эндиликда Краснов бола-чақаси билан Чилонзорда истиқомат қиларди. Бу атрофда чойхона йўқ эди, бир-иккита пивохона бор эди. У ерда ҳам совуқ кунлари ҳеч ким бўлмас, май ойидан бошлаб то кузгача эса яқинига йўлаш иложсиз эди. Дарвоқе, унинг оқшомлари дилхушлик қилгани вақти ҳам бўлмасди. Баъзан қош қорайганда ишдан қайтаркан, йўл-йўлакай ажойиб дамлари, бўш пайтлари чойхонада шахмат ўйнаб бўлгач, дераза ёнида ўтириб, оиласи ва бир замонлар келиб туғилажак ўғли ҳақида узоқ, ширин хаёл сурганларини эслаб кетарди.
Мабодо, кунлардан бир кун ўз столи утида муқовасига «Чиғатой кўчаси, 2- тупик» деб ёзилган қоғоз папкага кўзи тушмаганда ўтмиш балки Эски шаҳар, маҳалланинг чойхонаси, ўз ёшлиги ва йигитлик давридан бир эсдаликдек хотирада сақланиб қолармиди?!
Борис Михайлович бир неча ой аввал бевақт вафот этган шаҳар қурилиш бошқармасининг бошлиғи ўрнига тайинланди. Йўқса, ҳеч қачон бу қоғоз папка унинг қўлига етиб келмаслиги ҳам мумкин эди.
«Чиғатой кўчаси, иккинчи тупик…» Шуни ўқиши ҳамоно Сағбон кўчасининг бошланиш қисмидаги муюлиш, эгри-бугри Чиғатой кўчасидаги транспорт қатновини намойиш этувчи улкан қабариқ кўзгу Красновнинг кўз олдига келди. Иккинчи тупикка кираверишда – бурчакда маҳалла чойхонаси жойлашган. Борис Михайлович столда дастурхондек ёзиғлиқ планга қарамай ҳар бир бино, дилига яқин азиз жойларни хаёлан эслашга ҳаракат қилди.
Деярли ҳар куни Борис Михайлович папкани очиб, бузиш объектларини кўздан кечирар, пировардида афсус чекиб, ўйланиб қоларди. Чунки маҳалладаги ҳамма нарса: «Қийшиқ Мирзакарим» ҳам, унинг ёнидаги минора ҳам, чойхона, монтаж бошқармаси жойлашган Аҳмаджон бойваччанинг иморати ҳам бузилиши, ҳатто маҳалланинг ифтихори – кўҳна чинор ҳам қўпориб ташланиши керак эди. Демак, улардан тез орада ному нишон қолмаслиги аниқ. Собиқ карвонсарой эса янги тушадиган йўлнинг қоқ ўртасида жойлашган бўлса-да, Борис Михайловичга унчалик таъсир қилмади, тўғриси, бу даққиюнусдан қолган қандалахонага ачинмасди.
Шундан кейин у чойхонага бир неча марта борди, турли важларни пешлаб, маҳаллани кезиб чиқди. Бир боришида бошқармага – бойваччанинг қўрғонига ҳам кирди. Серҳашам, бақувват, икки қаватли шоҳона кўшкни эслатувчи уйни кўздан кечираркан: «Шундай уйни нега энди бузадилар!..» дея боши қотди.
Уй шовқин-сурон гузардан четроқ, саккизинчи тупикда қад кериб турарди. Бино пештоқи, дераза панжарасининг дастаги билан ўйма нақшинкор эшикда «1911 йил» деган ёзув рақам этилганди. Ҳалигача поли, дераза ойналари ўзгартирилмаган сап-сариқ махсус ғиштдан тикланган уйга зилзиладан шикаст етмаганди. Алҳол, бундай метиндек уйни бузиш осон эмасди. Ҳеч бўлмаганда ҳарбий бўлинмадан танк чақириш ёки портлатиш мумкин. Аммо нима учун? Наҳотки бирон кори-ҳолга ярамаса!
Бино тарихий ёдгорлик сифатида сақланиши кераклигини Борис Михайлович илгари билмаган бўлса ҳам бунга энди ақли етарди. Бузавериб, қуравериб бу соҳада унча-мунча тажриба орттирган, ҳозир, айни чоғда бу уйнинг бузилишини ҳеч калласига сиғдиролмасди. Ҳолбуки, бу муҳташам бинонинг қурилишида ғарб усули билан шарқона усулларнинг омухталашиб кетганлигидан, меъморлар Ўзбекистон иқлимини ҳам назарда тутганликларидан ташқари бу бино тарихий ёдгорлик эди. Краснов салқин, бағри кенг, ёруғ хоналарни бирма-бир кезаркан, ўтмиш меъморчилигига таҳсин айтарди. Ўз вақтида деразалари кўчага қарата қурилган биринчи уй ҳам шу бўлса керак.
Эҳ-ҳе, бутун умри айшу-ишрат, Истамбул қаҳвахоналарида ўтган Аҳмаджон бойвачча деразалари кўчага қарата қурилган уйда яшаш билан тенгдошлари, улфатларига ўзининг ўқимишли, зиёли эканлигини қанчалар намойиш этмоқчи бўлганлигини бу бино ҳамон кўз-кўз қилиб турарди.
Деразалар кўчага қарагани рост эди. Аммо уларга очиб-ёпиладиган панжара ўрнатилган бўлиб, ўша пайтда қандоқ бўлса, шундайлигича сақланиб қолган эди. Хонадаги темир жиҳозларнинг барига: «Одесса Леман!» деган ёзув зарб этилганди. Ҳа, анча олисдан келтирилганди бу жиҳозлар. Хусусан, ёғоч буюмлар тоқилар, токчаларнинг пешонасидаги кунгурадор безаклар, айлана зина, ҳар бир хона эшигига ишланган нафис, жимжимадор нақш Красновни ҳайратга солди.
Ҳориб-чарчаб чойхонага қайтгач, чой чақириб Махсум ака билан бир чеккада узоқ, мириқиб суҳбат қурарди. Бу одам энди самоварчи эмасди, аллақачон маҳалланинг оқсоқоллари сафидан ўрин олганди… Гап орасида Борис Михайлович кириб-чиқиб турган одамларга зеҳн соларди. Мана ўша таниш участка милиционери кирди. У аллакимга бир нарсаларни тушунтирди, сўнг мамнун оҳангда илтифот қилиб чиқиб кетди. Бир одам Махсум ака ёнига келиб аввал ҳол-аҳвол сўради, кейин аҳолини рўйхатга олинаётган-олинмаётганлигини суриштирди. Хиёл ўтмай яна биров Махсум акадан депутат билан қачон учрашув бўлишини, шу кунларда кимнингдир қачон тўй қилишини, қачон оши эканини сўради. Шунда Борис Михайлович бирдан хаёлга толиб қолди. Беихтиёр маҳалла ҳаётида чойхона қанчалар улкан аҳамиятга молик жой эканини ҳис қилди.
Шу-шу Краснов маҳаллага яна тез-тез келиб турадиган бўлди. Ҳар сафар одамлар билан хайрлашиб кетаётган чоғида негадир юраги ачишар, қандайдир ғусса, ўткир оғриқ кўксини чангаллар, оқибатда кайфияти бузиларди.
Зотан, бу умидсизлик эмасди. Табиатан ишбилармон, серғайрат Краснов на бир дарслик, на бир кўрсатмаларда эслатилмайдиган янгиликни ўта таъсирчанлик билан сезмоқда эди.
Миллий хусусият, маҳаллий об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда яхши, сифатли уйлар қуриш даркор, деган эски, ҳаммага аён ҳақиқатни билиш учун шаҳар қурилиш бошқармасининг раҳбари бўлиш шарт эмасди.
Биринчи зилзиладан кейиноқ улар Иттифоқдаги барча қурилиш комбинатларининг эҳсонини индамай қабул қилиб, истар-истамас уйлар қуриб ташлайверишганди. Чунки қиличини қайраб остонада қиш турар, шошилиш керак эди.
Аммо ҳар қанча тез, ошиғич ҳаракат қилган бўлмасинлар, ўша пайтдаёқ шаҳарнинг эртанги қиёфаси ҳақида қайғуришганди. Бир йил ичида уй қуриш комбинатлари қайта тикланди. Тошкентда биринчи бўлиб қисқа муддат ичида офтобдан сақлаш воситаларини тайёрловчи завод ишга туширилди.
Боғ ўртасига, дов-дарахтларга безиён мактаб бино этган булғор қурувчиларидан ибрат олиб янги уйлар қурила бошланди. Бунгача озмунча кўҳна дарахтлар, кўп асрлик чинорлар нобуд қилинмади, дейсизми?!
Мана энди, айни чоғда – қадрдон маҳалласининг бузилиш плани столида турган бир пайтда Краснов ўзи учун шаҳар қиёфасини бузиш эмас, балки асрлар давомида қарор топган, бугунги одамларнинг қон-қонига сингган турмуш тартиби-тарзини бузмаслик жуда муҳим ва аҳамиятлироқлигини кашф этди.
Бу маҳалла аҳли мана шу кўчалар ўрнида қад кўтарган гўзал, қулай уйларга қачондир қайтиб келишларига у ишонарди. Аммо ўзаро муомала-муносабат ҳеч қачон илгаригидек бўлмаслиги ҳам унга аён эди. Чунки қулай, қадрдон масканлар йўқ жойда улар ўзларини анчайин қафасга тушгандек ҳис қилишлари турган гап эди. Краснов буни жуда яхши биларди.
«Гарчи талаб бўйича кутилган натижаларни бермаётган бўлса-да, асрлар давомида синовлардан ўтган уйни бузиб, кимлар учун ва нима мақсадда қаҳвахоналар, маданият уйлари, саройлар қуряпмиз? Одамлар учун-ку, ахир!»
Борис Михайлович кўҳна авлодга бир меросдек қолиб келаётган оддий чойхоналар бирин-сирин ер ютаётгандек камайиб бораётганига илгари яхши аҳамият қилмаганди. Ҳозир эса ҳаммасини кўриб-билиб турарди.
Тўғри, зилзиладан кейин янги услубда қурилган чойхоналар ҳам бор. Бироқ улар жуда оз. Бундан ташқари, уларнинг баъзилари гўзал, қимматбаҳо анжомлар билан безатилган, фақат сайёҳлар учунгина очиб қўйилганди. Шаҳар марказларидаги чойхоналар эса эртадан кечгача тирбанд эди. Ичкарига кириш учун навбат кутиш керак. Жой бўшашини кутсанг, чойхона чойхона бўладими?!
Шаҳарнинг турли қисмларидаги чойхоналарнинг пештоқларига негадир «Табаррук отахонлар чойхонаси» деб ёзиб қўйилганини кўрганда Борис Михайловичнинг пешонаси тиришарди. Ҳар бир кўчанинг ўз табаррук қариялари бор-ку, ахир?!
Ҳаётимиз саҳифаларидан азиз, салмоқли алланима бутунлай йўқолиб бораётганига у кўнгли бузилган ҳолда иқрор бўларди.
Қўлида папка билан маҳаллага ташриф буюрар экан, ҳужжатларнинг бузиш ва қуриш бўлимида ҳар сафар янги ўзгариш, янги қайдлар қолдирарди. Бир гал қайтишида эса ҳужжатлар муқовасига дона-дона қилиб «Янги нарсани шундай қуриш керакки, токи одам боласи ўтмишни афсус ва пушаймон билан эсламасин», деб ёзиб қўйди.
Олим Отахон таржимаси
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 12-сон