Тўлқин Ҳайит. Шахс (ҳикоя)

Қиш куни бир тутам, кўзлаган ишни битираман, дегунча қош қораяди. Ташқари совуқ эди, оқшомги изғирин одамни жунжиктириб юборарди. Марказдан келган оддий амалдор Ҳаким Тўхтаев иссиқ хонадан ташқари чиқиши билан юзига урилган совуқдан эти увишиб, аъзои бадани дир-дир титради. Ғудраниб тамшанганча шинам, оппоқ меҳмонхонани кўз олдига келтирдию борган заҳоти иссиққина сувда ювиниб, юмшоқ тўшакка ўралиб, бироз телевизор томоша қилиб, сўнг мазза қилиб ухлашни ўйлади ва ҳатто, бу ўйидан танига илиқлик югурди.
Шоҳбекат тўла такси. Шовқин-¬сурон авжида.
Жаранглаган таниш овоз унинг диққатини тортди:
– Ҳе-е! Уми? Бир тийин-ку! Буни мендан сўрамайсизми?!
Соҳиб дегани бўларди инс¬титутда. Ўшанинг овозига ўхшаркан. Ундан бир курс пастда ўқирди. Димоғдор, ҳеч кимга гап бермас йигит эди. “Одам дегани шахс бўлиши керак”, дер эди ¬доимо. Унга ҳам бир-икки сафар: “Агар кучли одам бўламан десангиз, ҳамма нарсани инкор қилинг, ҳатто таниқли кишилар ҳақида гапиришса: “Ким эди у?!” деган гап тилингизда бўлсин, фақат катта одамлар билан гаплашинг, майдакашларни атрофингизга йўлатманг”, дея маслаҳат берган эди. Албатта, ўшанда Ҳаким Тўхтаев бу гапдан лол бўлиб қолган эди.
Шу-шу уни кузатиб юрди. Бир йили, эсида йўқ, куз ойи эдими, кўчада учратиб қолди. Тоғ-тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади-да, нима дедингиз?! У пайтда Ҳаким Тўхтаев ташкилотда бухгалтер бўлиб ишларди. Ҳол-аҳвол сўраган эди, Соҳиб мақтаниб қолди. Ректор билан ота-бола бўлиб кетибди, институтга ишга қолдираётганмиш. Ҳаким Тўхтаев кўнгли беғубор, дўстпарвар киши эмасми, унга ҳаваси келди: уддабурон йигит, омадини берсин, деди.
Орадан йил ўтиб, Юнусободда, бир тўйда яна юзма-юз келишди. Соҳиб жуда пўрим кийинган эди: оёғида фалон минг сўмлик тоза қора чарм туфли, мовий кос¬тюм-шими ҳам унча-мунча бойвуччаникидан кам эмас. Институт ўқитувчиси бундай кийим кия олмайди. Сўраса, тишининг оқини кўрсатишга қизғаниб: “Бе, ўқитувчилик… ташаб кетдим. Ҳозир қўмита раисининг муовиниман”, дея мақтанчоқлик билан осмонга қаради. Омадингни берсин, деди ичида. Лекин бунақалар қандай қилиб, катта қўмиталарга ва катта одамларга йўл топаркин, дея унга яна қойил қолди.
Орадан беш-олти йил ўтди.
Бир куни “Версал”да ошда кўришиб қолишди. Казо-казолар билан турганди. Бўй-басти жойида, қип-қизил кулча юзи тирсиллайди, эгнида қимматбаҳо плашч, қизил бўйинбоғнинг ўзи аллақанча турса керак. Данғиллама ҳовли қурган, “Прадо” олган, деб эшитган эди. Рост экан, омадини берсин, деди яна.
Бир йилдан сўнг ўша қўмитага текширишга борди ва дарҳол Соҳибни сўради. Семиз бухгалтер опа: “Ҳеҳ, уми?! Шайтон! Урилиб кетди!” деди пишиллаб. “Болага жавр бўлибди” деб ўйлади, ҳатто раҳми келди. Ишдан урилиб кетган йигит хотин, бола-чақа олдида юзи шувут бўлиб, ўзини ўзи еб битиргандир. Ана шуниси ёмон!
Шу гаплар хаёлидан ўтаркан, ўшамикан, дея яқинроқ борди. Ҳар ҳолда битта институтда ўқишган, кўз-кўзга тушган. Афсус, қайси тумандан эканини сўрамаган экан. Лекин адашмабди, бу ўша – Соҳиб эди! Гап-сўзи ўша-ўша, бир туки ўзгармабди. Фақат сочига оқ оралаб, пешонасини ажин босибди.
– Соҳиб! – деди беихтиёр қувониб. Ёшликда бирга бўлган танишни учратганда, албатта, шодланасиз, суюнасиз-да! Тўғрими?
Соҳибнинг юзини ҳайрат булутлари қоплади, ялт этиб унга қараркан, кўзлари олазарак боқди.
Ҳаким Тўхтаевнинг пешонасидан тер чиқди, адашдимми, чолни кўриб, бува деган бўлсам-а, дея ўйлади, лекин “ўша бўлса, мени дарҳол танийди” деган гап кўнглидан ўтиб, хотиржам тортди. Чиндан ҳам, Соҳиб бир кўрган одамини сира эсидан чиқармас, ҳар кўрган кишисининг исм-шарифини ҳам дарҳол эслаб қоларди.
– Э, акажоним! – деди Соҳиб беўхшов ҳи-ҳилаб. Гап оҳанги ғашига тегса-да, тишини-тишига бос¬ди. – Вей, вуҳ-ҳи-и! Сиз…акамулло! Осмондан тушдингизми, ердан чиқдингизми?!
Ҳаким Тўхтаев ҳеч бир андишага бормай гапни ҳазилга бурди:
– Бурнингиз остидан чиқдим!
Соҳиб худди ўша, аввалгидай, истеҳзоли оҳангда қотиб ҳи-ҳилади ва ҳол-аҳвол сўради. Ҳаким Тўхтаев шукр, деб гапни қисқа қилди, сўнг ўз навбатида, ундан ҳол-аҳвол сўради.
Соҳиб яна аввалгидай, қўлини пахса қилиб гапира кетди:
– Ҳе, акамулло, юрган эканман-да, беш-олти қорни катталарга дум бўлиб! Кўриб турибсиз, қора қозон ҳар куни қайнаб турибди. Ҳафтада икки кун кўчага чиқаман: марказга уч-тўрт марта бориб келаман, бир ойлик иш ҳақини бир ҳафтада топаман! Ўзлари-чи?
Айтди.
Ота Соҳиб бу сафар чийиллаганча ҳиҳилади:
– Бир пулга арзимайдиган ташкилот у, акамулло, каттаси шунақа одам! Жа-а, шу билан сичқон-мушук ўйнагани келибсиз-да! Вей, вуҳ-ҳи-и! Вой, Сиз…акамулло!
Ҳаким Тўхтаевда ҳам сал қизиққонлик, иззатталаблик бор. Соҳибнинг одатини билгани учун ҳам, унинг пичингидан жаҳли чиқиб, сочидан тирноғигача зириллаб кетди. Аммо жаҳл чиққанда ақл кетади, дея ўзини босди ва ўзини Соҳиб ўрнига қўйиб кўрди. Ўзи бўлса, пойтахтдан шундай қадрдон меҳмон бўлиб келибди, дея уйга бошлармиди? Ҳа, шундай, уйга бош¬ларди. Лекин Соҳиб-чи? Устидан куляптими?! Ўзини ҳамон шахс деб ўйлайди, шекилли!
Ҳаким Тўхтаев гап келганда отасини ҳам аямайди.
– Ҳали ҳам ўша одатлари қолмабди-да, Соҳиббой! – дея унга юмшоққина дакки берди, муло¬йимгина койиди.
Соҳибнинг нафаси ичига тушиб кетди. Узун қўлларини тарвуздай қорнига қўйиб, бир нарса демоқчи бўлди, аммо тили айланмади. Меҳмоннинг қаттиқ танбеҳи унга оғир зарба бўлгани рост.
Қорни очиб, танаси совуқдан жунжиккан Ҳаким Тўхтаев:
– Омадингизни берсин, жаноб шахс! – деди бир оз истеҳзо оҳангида.
– Шахс?
Соҳибнинг гапи оғзида қолди, Ҳаким Тўхтаев у билан ади-бади айтишни насия қилиб, меҳмонхона томон одимлади.
Ортдан кимнингдир:
– Ким у? – деган товуши эшитилди.
Соҳиб:
– Битта амалдор-да! – деб жавоб қилди.
Ҳаким Тўхтаевнинг кўнглидан бир гап ўтди. Қандай гап денг?
“Ҳе ўргилдим, сендай шахсдан!”

“ЎзАС”дан олинди.