Раъно Розиқова. Мулоқот (ҳикоя)

Ичимда бир вулқон бордек. Кўнглим тўлиқади. Болажонларимни ухлатиб қўйиб, йиғлаб ҳам оламан. Аммо кўнглим тинчимайди. Шунда… Яна сизга хат ёзаман. Юзинчи, мингинчи мартамикан? Ўша вулқондек бир ниманинг бир сиқими “Азизим!” сўзи билан оқ қоғозга кўчади.
Лекин … Ҳозирги алғов-далғов кунларда хатлар ҳам йўқолиб қолар экан гоҳи. Болалик кезларимдан “Бировнинг хатини ўқиш жиноят, тубанлик” эътиқоди онгимга сингиб кетгани боис, озор чекаман бундан.
– Энди Сизга биттаям хат ёзмайман! – дейман куйиниб.
Бу раъйимдан қайтарарсиз, деган умид кўнгилда милт-милт этиб туради.
Сиз бўлсангиз…
Шу оннинг ўзидаёқ лоқайдлик билан бир озорни минг озорга айлантирасиз:
– Ёзманг!
Ичимдаги вулқонга яна жон киради.
Отилиб чиқиб кетмайди лекин!
Ва қўлга қалам олиб, бир вақтлар расм чизишга меҳр-иштиёқим бўлганлигини, суратлар чизганимда кўнглим ғашлиги чекинишини эслаб, қоғоз қоралашга тушаман…
Бир куни асарларимга кўзингиз тушар бўлса, илтимос, кулманг. Тўғри, чизгилар нўноқ, ғализ.
Тетапоя… Энди йўлга кираётган бола йиқилса, авайлаб етаклаймиз, шундай эмасми? Менинг мусаввирликка даъвойим йўқ. Шунчаки… неларнидир айтишим шартдек, ичимдаги вулқон қоғозга кўчадигандек бугун.
Биринчи суратимни кўриш Сизга насиб этмайди, чунки…
Уни мен кўп йиллар аввал чизиб, “Сўнгги қул” деб номлаганман…
…Нотинч денгиз. Ватан туйғусидан бенасиб Дайди Шамол беғубор осмоннинг тиниқлигидан ғашланиб, қоп -қора, кир булутларни аллақайлардан судраб келиб, кўкни қоплашга тушган. Соҳилда гунг оломон. Давра марказида Олтин Шоҳнинг қаршисида оёқ-қўллари занжирбанд қул тиз чўкиб, Олтин Шоҳ томон қўлларини чўзиб турибди. Шоҳ эса… энгашиб, уни кишанлардан ҳалос этаётир…
Ишониш… мушкул, а? Аммо бу ерда гап ғояда эмас, тасвирда!
Тасаввур этинг – ўша оломон ҳайратини!
Тасаввур этинг – ўша қулнинг кўзларини!
Тасаввур этинг – ўша олийжаноб Шоҳнинг юзидан ёғилаётган нурни…
Кўнгил бироз таскин топган, эртам менга янги асарлар ваъда этаётган эди гўё. Шу сабаб бошим айланиб, озгина номи чиққан мусаввир ҳузурига ошиқдим.
Ўша одам суратни бир муддат кўздан кечирди ва… афтини бужмайтириб, деди:
– Гуллаган диёримизда, дориламон замонимизда ҳур меҳнат қилаётган бахт эгалари – ишчи ва деҳқонларни мадҳ этувчи асарлар яратинг! Бу нима?
“Хўп” дейишга оғиз жуфтладим ва қўлидан суратни ола туриб, “асаримни” ҳеч бўлмаганда “Мозий лавҳалари” деб номламаганимга ачиндим…
Биринчи “мўъжиза” ҳудди ана шу сонияда рўй берди. Тасвиримни олдиму тилимга тушов тушди, бир нима дейишга тилим айланмай қолди. Гўё оломонга қўшилиб мен ҳам энди гунгликка мубтало бўлгандай эдим.
…Сокин денгиз. Ўша манзара. Фақатгина… Олтин Шоҳ олтин тахтда ўтирипти. Сўнгги қул кишанларидан ҳалос этилган. Гунг оломон афтодаҳол ҳамда занжирбанд қўлларини фалак томон чўзиб турибди…
Уйга етиб келганимдан сўнг “асар” асл нусхасига қайтармикан, деб кўп кутдим. Мўъжиза рўй бердими, акси ҳам бўлмоғи эҳтимолдан ҳоли эмас -ку? Беҳуда кутдим. Ахийри “Занжирларинг сенларга шу қадар азиз эканми, баттари бўлмайдими…” дедим-да, бурдалаб ташлагим келди.
Яна… “Мендан ош-нон талаб этармиди, ётар…” ҳаёли устун келиб, ғаладонга ташлаб қўйдим.
Ва… унутдим.
Бир оқшом чироқ ўчиб қолди. Болаларнинг дастидан шам ҳам қўйган жойингда турмайди. Гугурт чақиб, ғаладонни тимирскиладим. Беихтиёр кўзим ҳалиги суратга тушди… Яна мўъжиза!
Олисдан боққанда, сурат асл тусида кўринар, зиёни яқинлаштирганинг сайин, эврилиш рўй берар эди.
Йиллар ўтди. Айтишга осон. Сўнгида барибир жисмонан йўқ бўлишингни идрок эта туриб, таннинг тириклиги мобайнида бўлса-да, руҳан ўлмасликка тиришиб, гоҳида одамларга одам
эканлигингни исботлаб, аламда жон сақлашга сарфланган йиллар… Аммо тирикликнинг битта ўзи жон сақлаб қолишга ожиз… Ожиз…
Аламлар изтироби мендан устун келаётганини туюб, яна қўлга қалам олгим келади.
…дардлар қоғозга кўчадигандек…
Ҳувиллаб, ёмғирлардан безор бўлган баҳор ўтгач, “Баҳор”ни чиздим. Армон кўчди қоғозга.
Тасаввур этинг, қиз тимсолида Баҳор бормоқда. Икки қўлида авайлаб Қуёшни тутган. Сочлари, этакларида турфа гуллар. Теварак-атрофида турли-туман митти қушлар минг овозда ҳаётни олқишламоқдалар.
“Аёл кўнглини аёл билади” деган ҳаёл мени мутахассис аёл ҳузурига етаклади. Бу борада жўяли бир фикр эшитиш мен учун муҳим эди.
Югурук нигоҳ ташлаб, афтини бужмайтирди у:
– Ҳаётий нарса бўлсин!
– Масалан?
– Озод меҳнатда толмас қизларимизни тасвирланг! Ўн бешталаб фарзанд тарбияси билан банд бўла туриб, туну кун пахтанинг ҳар бир чаноғи учун далаларда курашаётган бахтли оналаримиз сиймосини акс эттиринг. Бу … нима ўзи?
– Тушунмадингизми?
Саволим нотўғри қўйилди асли. Бу менинг хатойим, тан оламан
Аёл истеҳзоли кулди ва қоғозни менга узата туриб, деди:
– Бу даргоҳда фақат тушунадиганлар ишлайди.
Гап тамом!
Юрак ютиб, суратни қўлга олдим… Янами?!
Баҳорим ёмғирнинг хивичларидан шумшайиб, турфа гуллар ер билан яксон бўлиб, лойга
қорилиб ётганини кўрдим. На қуёш, на қушлардан асар бор. Қуёш тутган кафтлари – қўллари таваллода муаллақ.
Уйга келдиму қаршисига шам ёқиб қўйдим. Шу асно “Баҳор”им асл нусхасига қайтди. Ўша оқшом ҳаммасини йиғиб, парчалаб ташладим. Қайта қўлга қалам олгани юрак бетламай қўйди.
Мана… яна йиллар ўтди. Ҳаёт озгина бўлса-да ўзгаргандек.
Яна… ғашлик. Яна йиғлагим келади. Болажонларимни ухлатиб қўйгач, йиғлаб ҳам оламан.
Кўнгил тинчланмайди. Шунда… Сизга яна хат ёзгим келади. Ўша ғашликнинг бир сиқими “Азизим!” сўзи билан оқ қоғозга кўчади…
Лекин…
Мен Сизни ҳеч қачон ҳеч нимада айбламайман.
Қўл аста қалам томон ўрмалайди.
Мана, кўринг, буларни ҳозиргина чиздим.
Бу – “Хиёнат”.
Буниси – “Садоқат”.
Кимгадир намойиш этишга улгурмаганлигим сабаб ўзга тусга эврилиш кузатилмади ҳозирча.
Кўзингиз тушиб қолса, шам тутишни унутманг…
Ғашлик чекингандек. Вақтинча. Кейин хуруж янгиланади…
Мусаввирликка даъвогарлигим йўқ, буни ҳали айтдим. Шон-шуҳрат рағбати, номни абадийлаштириш иштиёқи ҳам менга ёт. Ишониш жуда мушкул бўлса -да, ишонинг, зеро умрим мобайнида мени бир туйғу изма -из қувиб юради: бу менинг биринчи ёки сўнгги ҳаётим эмас! Мен қачонлардир яшаганман! Ўзга бир ҳаёт ва лекин, шу дардларим билан…
“Сўнгги қул” – ўша ҳаётимдан хотира…
Дераза ортида куз кезинмоқда. Қаранг, эртанги аёзларни туйиб, дарахтлар ночорликдан
безиллаб, бўзламоқда… Мунгли кўзларини тунга яширган турналар ҳам… Гўёки борлиқ мунг ва таваллодан иборат…
Тун борлиқни ямлаб, кимларнидир мангу кутмакка ахд этган юлдузларгагина бас кела олмайди фақат… Кун эса унинг бағрига сингиб кетди яна. Ўтмаган кун борми?
Куз…
Кимсасиз йўл кимнингдир одимларига илхақ… У ҳам, ниҳоят,тун бағрига сингимоқда…
Айтаримни айта олмадим барибир. Майли, ҳали заминга қайтарим бор…
Эҳтимол, “Баҳор”им ўша ҳаёт туйғуси…
Ўшанда – бермайман!..
…бермайман Сизни ҳеч кимга!..

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил 3-сон