Раъно Розиқова. Ҳаётимда яна бир байрам (ҳикоя)

Бугун ҳаётимда яна бир байрам… Йиллар давомида юрагимни ўртаган эзгу ниятимга етдим: шаҳар Маданият саройида мўйқаламимга мансуб асарлар кўргазмаси. Қалбимга яқин азиз инсонлар портретлари кенг омма эътиборига ҳавола этиляпти. Портретлар орасида фақат Унинг портрети йўқ…
Одам кўп… таниш-нотаниш, қариндош-уруғ, дўсту биродарлар, ҳасадгўй ва рақиблар… Ҳа-ҳа, ҳасадгўй ва рақиблар — уларсиз ҳам яшаш мумкин эмас-да! Эҳтимол, улар бўлмаса, ҳаёт жилла бўлса-да, ўз кўрки ва маъносини йўқотади; ким билсин, ўша рақиблар ҳаётимизда учрамаганида, мақсад сари бунчалик илдам юрмасмидик?
Ҳа, одам кўп… ғуж-ғуж одамлар орасида фақат Угина кўринмайди. Бундай бўлиши мумкин эмас! Адолатсизлик… Ахир бу тантана, бу асарлар фақат Унга аталган, гарчи булар орасида Унинг портрети бўлмаса ҳамки! Юрагим эзилди… Ҳаётимнинг оғир кунларида ҳолатимни сезиб, юрагимни эшитгандек, қошимга “учиб” келадиган одати бор эди! Бугун нега сезмаяпти, нега келмаяпти?
Кайфиятим бирданига бузилди. Унинг йўқлиги учунгина эмас! Навбатдаги ғалабани қўлга киритган кезларим менга илакишадиган туйғу шу аснода янгидан борлиғимни қамради: ШУГИНАМИ? Мана шу лаҳзаларни деб неча-неча тунларни бедор ўтказиб, тиришиб -тирмашиб, ҳар кимлардан ҳар бало гапларни эшитиб, қоқилиб-қуламасликка харакат қилганим ростми?
Ўша менмидим? Шу дамларга етгунга қадар қалбдаги ўт гўё неча бор ўчиб, ўзимча судралиб, имиллаб, юзми, мингми йил яшаб келгандекман. Наҳот ўттиз беш ёшда ҳаёт битиб, умр ўтди?
Ҳув олис йиллар, йигирма икки ёшимда кооператив техникумини сиртдан бўлса ҳам эплаб битирганимда, диплом қўлга текканида, севинчдан танамга сиғмасдан, уйга кетаётиб, ҳар бир таниш-нотанишга дипломимни кўз-кўзлаб, кўрсатгим келгани ёдимда. Аммо ўшанда ҳам қай вақт, не сабаб, туйқусдан қувонч ўрнини лоқайдлик эгаллаб, кўзимга ҳаёт бемаъни кўринган. Мана диплом, ниятимга етдим! Хўш, нима қипти? У ёғи-чи? Бугунги ҳолат энди ҳеч қайга шошилмаслик ҳам, ҳеч нимага интилмаслик ҳам мумкинлигини худди шу тобдагидек идрок этиб, юрагимда бўм-бўшлик ҳукм сурган… Яшашга на қизиқиш, на хоҳиш бор. Бундай ҳолат даҳшатли, руҳан ўлмоққа тенгдир! Ёшлигимда, илк ёшлигимда кўп нарсаларга қизиқсиниб, изланишларда ўз миллий тарихимиз билан чуқурроқ танишиш истагида динга дахлдор китобларнинг ҳам бир нечасини варақлаб чиққан эдим. Бу билан ўта руҳоний бўлмадим ва лекин, руҳонийларнинг ирода ва умидлари кучини ҳис этдим. Ахир улардаги бу адоғсиз умид – ўз руҳларининг мустаҳкамлигига ишонч эмасми? Ўшанда руҳнинг абадийлигига инондим. Ҳа, ўйлаб кўрсанг, бизнинг танамиз ўлиб, фақат жасадимиз йўқ бўлади, руҳимиз эса ҳеч қачон. Руҳимиз – ҳис-туйғуларимиз, хаёл ва истакларимиз, фикр ва тилакларимиз моддий эмас, демак, уларни жисмонан ўлдириш, йўқ қилиш ҳам мумкин эмас. Руҳи сўнганлар, беруҳ кишилар тирик мурдалардир. Ундайларда на иймон, на виждон, на шафқат бор. Ундайларни умр бўйи : “Мен нима учун яшаябман? Ҳаётимда не маъно? Ортимда, мендан сўнг қандай из қолади?”- деган саволлар қийнамайди. Мавлоно Беруний бир маҳал: “Аллоҳ! Сени тушуниб етганим учун авф эт мени!” – деб хитоб қилган экан. Икки кундан сўнг оламдан кўз юмган. Эҳтимол, ўша дамда улуғ зот ўз тақдири, ўз ҳаёти ва умуман, умр мазмунини англаб етиб, шу сўзларни айтгандир…
Нима учун яшаяпман? Шу савол мени ўн бешга кирган пайтимдан бери қийнаб, оромимни оларди. Ўттиз бешга кирган киши гўё бу саволга аллақачон жавоб топиши мумкин, жавоб топиши керакдек… Аммо одамзот ер юзида бор экан, бу савол инсон қалбини безовта қилаверади. Назаримда, бунга жавоб топиш -қониқиш. Қониқиш-қалб оловини сўндириш! Қалб эса ёниб турмоғи лозим, бу-ҳаётнинг ҳар лаҳзасига севиниб, уни қадрлаб, мазмунли ўтказишга тиришмоқ, демакдир. Ҳеч қачон, ҳеч қандай вазиятда қалб оловини сўндирмаслик, руҳан ўлмаслик керак!
Бу ҳолатга эришмоқлик мушкул, албатта. Айниқса, менинг ҳаётимда… Тақдирнинг аччиқ зарбалари гоҳо руҳингни сўндириб, сени ҳамма нарсага мутелик билан бўйсунушга мажбур қилади. Аммо… бу фақат вақтинча, ўтиб кетиши керак. Олисларда доим бир мақсад — бир юлдуз туманлар, довонлар, йиллар ва йўллар ортидан бўлса ҳам, илғанмас бўлса ҳам, милт-милт этиб ёниб, чорлаб туриши керак…

* * *

– …Ҳомиладор экансан- да, қизим, – деди врач Олия Фозиловна.
– Буни мен интизорлик билан кутдим, хабарингиз бор…
– Лекин бу аҳволда хирургия аралашмай иш битмаса керак.
– Майли, мен рози…
– Операциядан кейин қийналасан, ўзингни ҳолинг бу-ю, бола боқиш осонми?!
– Бола омон қолишига кафил бўла оласизми?
– Ҳм, кафил… ҳеч ким кафил бўла олмайди, аммо омон қолиши учун операция қилинади-да.
– Мен чидайман. Ҳар қандай қийноққа чидайман. Ахир ўзингизга муолажага қатнадим неча йил шуни деб…
– Нима қиласан ўзингни қийнаб?! Ҳаёт инсонга бир марта берилади, яшаябсан, яшайвер. Севган кишинг бор, ҳунаринг, ишлар экансан. Ана, соғлом аёлларнинг нечтаси бефарзанд, бола асраб юришибди-ю… Хоҳласанг, бола асрашга кўмаклашаман, хозир ҳам туғруқхонада…
– Йў-ўқ! Ўзим… Чидайман.
– Мен ўз зиммамга жавобгарликни ололмайман. Олмайман! Кейин бир нима бўлса, мени судрашади, ахир мен сенга дори-дармон қилганман! Бош врач рухсат берса, ихтиёринг…

* * *

Олдинга босди. Врачга навбат кутиб ўтирган, узун йўлакнинг икки четида саф тортиб турган аёллар ҳайрат билан Гулига тикилишди. Уларнинг нигоҳларидан: “Бу қиз бу ерларда нима қилиб ўралашиб юрипти?”- деган маънони яққол уқиб олиш мумкин эди. Гули бундай нигоҳларга кўниккан. Нафақат қараш, анча-мунча сўзларга ҳам эътибор бермасликка ҳаракат қилади, осон эмас, аммо… чекиниш! Чекинмаслиги, руҳини сўндирмаслиги керак-да! Бошини мағрур тутиб, қўлтиқтаёқларини дукиллатиб, бош врач кабинети томон юрди. Хона тўрида сочи эркакларникидек калта қирқилган, қисиқ қора кўзларига мовий бўёқ суртиб олган бир хоним қоғоз титкилаб ўтирибди.
– Хўш, эшитаман? – деди Гулига кўз қирини ташлаб қўйиб, қоғоздан бош кўтармай.
Гули бор гапни унга айтди…
– Туғруқхонага йўлланма ёзиб бераман. Ҳозир эса ҳув эшикдан кириб, анализ топшир…
– Йў-ўқ! Мен фарзанд кўрмоқчиман.
– Қўйсанг-чи, одамларга кулги бўлма, ўзинг зўрға турибсан!
– Операция қилинса, мен ҳам, бола ҳам…
– Сен операцияга етмайсан! – Гулининг сўзини бўлди аёл. – Бир-икки хафта ўтар-ўтмас сенда бола ташлаш рўй беради!
– Майли, ўшангача…
– Ўжарлик қилма! Менга қулоқ сол! Ўйинчоқ эмас бу сенга! Фарзанд керак бўлса, рўйхатга тиркаб қўямиз, навбатинг келсин, бола асрашда кўмаклашамиз.
– Йўқ!
– Ўлиб қоласан! – масхараомуз кулди аёл.
– Майли, ўлгунимга қадар юриб тураман.
Аёлнинг сабри тугади шекилли, жаҳли чиқди.
– Хўп, билганингни қил, мен сен учун жавоб беришни истамайман! Йўлланма ёзиб бераман, билганингни қил. Лекин ҳозир бари бир анализ топшир, кейин бир бало бўлса, текшир-текшир бўлиши мумкин. Ҳув эшик…
Бу ер Гулига таниш. Лола Аюбовна исмли дилбар аёлга неча ойлаб муолажага қатнаган.
– Хўш, ниятингга етдингми? – Лола Аюбовна уни хушвақт кутиб олди. – Мана, бир оз вақт ўтар-ўтмас сен ҳам она бўласан, ҳаётингда мақсад бўлади. Болани вояга етқазиш, одам қилиш…
Гули хомуш, бош врачнинг огоҳлантирганини айтди.
– Бекор гап, сен буларга қулоқ солма! Туғруқхона бош врачига учра, у ҳам кўнмаса, вилоят, республика…
– Операциядан тирик чиқмайсан, деди.
Лола Аюбовна эшикни зич ёпиб, Гулининг ёнига ўтирди.
– Парво қилма! Сени план бўйича операция қилишади, бундай операциялар доим муваффақиятли ўтади. Бир неча ҳафта қолганида, сени госпитализация қилиб, аҳволингни кузатиб боришади, керак бўлса даволашади. Ҳозир юраксизлик қилсанг, кейин бутун умр ўзингни кечирмайсан, билиб қўй шуни,болани қулоғингдан суғуриб олиб берамиз, десалар ҳам кўнавермайсанми, операция эмиш! Туғруқхонага бориб, тўғри гинеколог Евгения Викторовнага йўлиқишинг керак. У киши моҳир хирург ҳам. Мени шу аёл операция қилсин, деб туриб ол!
Ногиронлар махсус машинасини ғилдиратиб борар экан, асаблари таранглашганиданми, кун иссиқ, димлигиданми, туш пайти бўлгани учун йўл ҳаракати ниҳоятда авжида эканлигиданми, кўз олди қоронғулашиб, негадир йўлни кўрмай қолди. Кўзларига қон қуйилгандек, машинани у эмас, бошқа кимдир бошқариб бораётгандек, ўзи бўлса ҳаётни четда туриб кузатаётгандек эди.
“Нима учун? Қайси гуноҳларим учун ҳар нарсадан, бор дунё қувончларидан маҳрум бўлиб яшашим керак? Уч ёшимдан, шу дардга чалинганимдан буён чеккан азобларим каммиди?
Бусиз ҳам кўнглим яримлиги каммиди?!”. Томоғи хиппа бўғилди, лекин ҳар галгидек кўзларига ёш келмади. Қани эди ҳўнгир-ҳўнгир йиғлаб, кўнглини бўшатса, кўз ёшлари билан дарду аламларини оқизиб, енгил тортса!..
Қаерга келди ўзи? Етдими? Ҳа, ана, темир дарвоза устига “Туғруқхона” деб ёзилган. Бир иш юришмадими, юришади, деб ўйламанг. Бош врач Гулбара Исроиловна ҳам, Евгения Викторовна ҳам жўрттага қилгандек йўқ экан. Машинада ўтираверди, қайга боришни, кимга мурожаат қилишни билмай, боши қотган эди. Ниҳоят ,ёшгина бир ҳамшира қиз чиқди.
– Мен сизни журналга ёзиб қўяверай, ҳозир тушликдан навбатчи доктор Холида Усмановна келсалар, айтаман. Кутиб туринг.
Дақиқалар, соатлар ўтди. Бошқаларнинг вақтини тежашга ҳали ўрганмаганмиз, ўзимизникини биламиз фақат, ўзимизники ҳисоб. Ўзимизнинг вақтимиз азиз, бошқалар кутиб ўтираверади… Вақт имиллайди, офтоб машинани, сўнгра чаккангни қизита бошлайди. Яна кўз олдинг қоронғилашиб, олам зимистон қаърига чўкаётгандек бўлади…
Хайрият, эшик очилди, икки аёл Гулини қўлтиқлаб олиб, ичкарига бошлашди.
– Мана шу креслога чиқасиз.
– Ёрдамингизсиз чиқа олмасам керак…
Аёллар кўмаклашиб юборишди.
– Хўш, бошладикми? – деди Холида Усмоновна енг шимариб.
“Бу қандай гап? Нега осмон узилиб, ерга тушмаяпти? Нега оламни ўт олиб, сув босмаяпти? Ахир тилаб-тилаб олган биринчи фарзандимдан кимларнингдир амри, хоҳиши билан мени жудо этишмоқчи-ку! Нега бу аёлларнинг бағри бунчалар тош, ахир улар аёл, она-ку! Лоқайдлик билан, осоишталик билан бошладикми, деганини!”
– Қўрқаяпман! – деб юборди кутилмаганда у аста.
– Нега қўрқасан? Биринчи келишингмиди, – бепарвогина деди Холида Усмановна.
– Ҳа, биринчи келишим…
Гули бугун тўртинчи марта тўртинчи аёлга бор гапни айтиб берди, сўнгра қўшиб қўйди:
– Ҳамшира қизга тушунтиргандим. Мен бу ерга маслаҳатлашгани келгандим…
Холида Усмоновна бироз ўйга толди, ниҳоят:
– Эртага соат тўққизларда келсанг, Гулбара Исроиловна шу ерда бўлади. Кечиксанг, топа олмаслигинг мумкин, чунки у киши таъмирлаш ташвишлари билан юрипти, – деди.
Эртаси қанча ошиқмасин, етиб келганида Гулбара Исроиловна кетиб қолган экан. Оҳакми, бўёқми излаб кетипти. Евгения Викторовна бўлса тушдан кейин келаркан. Шўрпешоналарнинг пешонаси наҳотки шўрлигича қолаверса?!
Қанча вақт ўтганини билмайди, кутишларда хуноб бўлмаслик учун соат олиб юрмайди. Ахийри қурувчилар даврасида Гулбара Исроиловна кўринди. Гули уни танимас эди, лекин Холида Усмановна Гулига ишора қилиб, бир нималар деб, истараси иссиқ аёлни у томон бошлаганида, бу ўша эканлигини англади.
– Менда ишингиз бормиди?
Гули бўлган воқеани яна бир бошдан сўзлаб берди. Сўнгги мартамикин?
– Нега мен қарши бўлар эканман? – қошларини чимирди Гулбара Исроиловна. – Евгения Викторовна билан сиз ҳақингизда сўзлашдик. Оналик бахтидан сизни маҳрум этишга бизнинг нима ҳаққимиз бор? Аёл шу болаларини деб яшайди-да, тўғрими? Сиз хотиржам бўлинг. Ҳаммаси ўтиб кетади, ишонинг менга. Врач, ҳамширалар уйингизга бориб туришади, сиз келиб, овора бўлманг…

* * *

Гули гўёки қанот боғлаб учди. Севинчини кимга айтишини билмай, йўл-йўлакай опасининг ишхонасига кириб ўтди.
– Аёллар консультациясига борган эдим, бола асраб берайлик, сизлар ҳам унга қарашинглар, дейишяпти. Биласанми, соппа-соғ бир аёл операциядан зўрға чиқиб, ана кетди-мана кетди бўлиб, охири уни Москвада аранг қутқариб қолишибди…
“Нима кераги бор, опажон! – дегиси келди Гулининг. – Нима қиласан юрагимга ваҳима солиб?!
Ишонч ахир нималарга қодир, билмайсанми?”. Аммо индамади. Гулбара Исроиловнанинг катъийлиги олдида опасининг ланж сўзлари ўткинчи бўлиб туюлди.
“Аямнинг олдига бораман, угра ошидан қатиқ қўшиб еб келаман!”
Аяси хомуш. Гулининг ташрифидан севинмагандек эди.
– Дўхтирингни кўрдим… Сенга бир бало бўлса ўлиб қоламан, чидамайман, – деди у куйиниб. -ниятингдан қайт, болам!..
“Эҳ, аяжон! Наҳот тушинмасангиз! Она сифатида! Аёл сифатида! Фарзанд кўриш менга насиб этибди, оқ фотиҳа бериб, Яратгандан охири бахайр бўлсин, деб тиламайсизми?!”.
Яна машинасига ўтирди. Кўнгли хуфтон. Яна кўз олди қоронғилашиб, зимистон каърида сузиб бораётгандек ҳис этди ўзини.
Қайларда юрди? Машинасини тўхтатиб, қаерларда турди, кимлар билан гаплашди? Эслай олмайди. Лекин кимсасиз бир хилватгоҳ излаб, адирларга, нафис гуллаган бодомлар тагига келиб ўтириб, мана энди аччиқ-аччиқ йиғлагани аниқ. Одамлардан қочиб, улар кўз ёшларини кўриб қолмасликлари учун шундай қилди. Ниҳоят, кеч кириб қолганини пайқади. Уйига жўнади.
Ажабо, эшик қулф эмас эди. Туш эмас, ўнгида Саид Муродович уни интизор кутиб турар эди.
– Қайларда юрибсиз? Кутавериб… Нима, йиғладингизми?
– Ўзим. Аям, опам норози. Дўхтирлар, кўпчилик ваҳимада…
– Шунга шунчаликми? Мен бир нима бўлдими деб, хаёлим қочиб… командировкани ҳам чала қилиб келдим. Сиз қўрқманг…
– Мен қўрқаманми?! Ўз-ўзимни эплай олмаганим, одамлар қарамида бўлганим учун ҳар нарсани ўйлайман-да…
– Ўйламанг, – кулди Саид Муродович. – Мен бор, ҳаммаси яхши бўлади. Ўзим ёрдам бераман. Болага ҳам ўзим қарайман…
Шундагина Гули тўлиб турганидан яна йиғлаб юборди…

* * *

…Ўша куни шаҳар ижроия қўмитасининг ижтимоий комиссиясига одам кўп кирди. Ғовур-ғовур, ғалва-жанжалга айланиб кетувчи муаммолар, талаблар.
– Бугунги қабулни якунласакми, – деб луқма ташлади комиссия аъзоларидан бири ниҳоят.
– Ҳа, вақт ҳам алламаҳалга бориб қолди. Қараб боқинг-чи, яна одам кўпми, – деди Саид Муродович соатига кўз ташлаб.
Гапи оғзида қолди, остонада қўлтиқтаёқ таянган қиз кўринди.
– Мумкинми?
– Нима иш билан келдингиз? – Қизни ўтиришга таклиф қилиб, унга қизиқсиниб разм солганича сўради Саид Муродович.
– Билим юртига ўқишга кирмоқчи эдим. Қишлоқ ёки колхоз ерида турсам, олишар эмиш.
Саид Муродович яна соатига кўз ташлаб, қаторлашган телефон дастагини кўтарди, рақам терди.
– Алло. Салом. Яхши кетмаган экансиз… Ҳа-а, қабул имтиҳонлари денг… Менинг олдимда бир қизимиз ўтирибди, сизларда ўқиш нияти бор экан… Келинг, шу қизимизнинг ўқишига, ўсишига кўмаклашиб юборайлик, – у дастакни ўрнига қўйиб, Гулига юзланди. – Мана, иш битди. Хужжатларингизни топшириб, ўқийверинг, омад ёр бўлсин! Бирон иш чиқса марҳамат,қўлимиздан келганини аямаймиз.
Шундай қилиб, Гули ўқишга кирган эди. Икки йил унинг учун йигирма йилга тенг бўлди. Гули адирар орасида жойлашган курорт территориясининг атрофидаги истиқомат қилувчи бир қанча оилалар қатори ота-онаси, опа-укалари билан яшар эди, шаҳар адирлар этагида бўлиб, орадаги масофа тўрт километрча келарди. Гарчи ҳар куни шаҳарга қатнамаса ҳам, сессия кунлари сал ёғин-сочин бўлиб қолдими, уйдан чиқа олмасди. Қўлтиқтаёқлари сирғаниб йиқилгани-йиқилган. Билим юртида қўшнилари Турсуной ўша кезлар котиба бўлиб ишлар эди, аммо бирон марта унинг Гулига нафи тегмади. Гули ғурурини жиловлаб, ундан бир -икки ёрдам сўради ҳам. Қиш эмасми, кўчага чиқа олмайди, контроль ишларини бажараётиб, маслаҳатга мухтож бўлди. Ўшанда Турсуной нима девди-я?
– Аввал отга мингашма, мингашиб олиб, орқам оғриди дема!
Ҳа, у худди шундай гап қилган эди! Гина сақлайдими? Йўғ -э! Шунга ўхшаш гапларни эшитавериб, бор-э, ўқимайман, деб қўл силтади ҳам. Бироқ шаҳар комсомол қўмитасининг котибаси унинг ҳузурига келди:
– Аҳмоқлик қилма! Ҳозир ўқиб олмасанг, кейин ўқимайсан.
Орадан икки йил ўтиб, ўқишни тугатди ҳам. Аммо уйга етиб келар-келмас, кайфияти бузилди-қўйди. Ўқиётганида олдида мақсад бор эди – диплом ёқлаш! Энди-чи?! У бари бир ўқиган соҳаси бўйича ишламайди, ишлашга соғлиги ҳам йўл қўймайди. Қиш бор, ёғин-сочин бор, транспортга чиқиши… кимдир доим ишгаю ишдан қўриқлаб-кузатиб юриши керак. Автобусга чиқариб, автобусдан тушириб… Ана. Сервант ичида диплом ётибди, икки йил умр бекор кетди. Ўша йилларни расм чизишга сарфласа, ким билсин, эртароқ мақсадига эришган бўлармиди?! Бухучёт, поллитэкономия, статистика, экономика… Бош қотирди-эй! Расм чизиш – кейин, деб йиллар давоми қўлига қалам олмади. Болалик йиллари Тошкент вилоятидаги махсус санаторийда даволаниб, касалхона қошидаги мактабда ўқиб юрган кезлари, у чизган расмлари нафақат ўқитувчилари, барча медицина ходимларининг ҳам эътиборини жалб этиб, уларни ҳайратга солган. Улар бир овозда: “Шу ишингни ташлама, шу йўлдан кетгин!” – дейишган эди. Лекин билим юртидан сўнг ишлагиси келди, кимнингдир, ҳаттоки ёши бир жойга бориб қолган ота-онасини хам қўлига қараб ўтиргиси келмади-да! Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхонасига бир-икки мурожаат қилди – ишга олишмади. Москвага ёзган эди, зўр-базўр олишди. Ишлай бошлади! Уйда! План тўлдириш, заказ бажариш… Расм чизиш – кейин! Йиллар ўтаверди, ўтаверди. Бир-бирига эгиз, ўхшаш кунлар, ойлар… Оқшомлар баъзида сингиллари етагида сайрга чиқади. Кўм -кўк арчазорлар, нафис гулли бодомлар… Қоғозга кўчиргиси келади, вақт топа олмайди, чунки ҳар куни кимнингдир кўйлагини тикиб, қай бирини мўлжалга тўғрилаб қўйиши лозим. Расм чизиш – кейин, қочмайди. Сингиллари бирин-кетин турмушга чиқиб кетганлари сайин, юраги хувиллаб қолаверди: уларсиз ўзини ёлғиз, ҳеч нарсага яроқсиз ҳис эта бошлади. Баъзи қўшни қизлар вақт топиб, у билан гоҳида сайрга чиқадиган бўлишди. Куз оқшомларидан бирида Саид Муродовичга яна дуч келди.
– Ўқишни битириб олдингизми? Шошяпсизми? Келинг, бироз ўтирайлик.
– Шерикларингиз-чи? – ўнғайсизланди Гули.
– Улар менсиз ҳам сайр қилишаверади…
У пайтлар Саид Муродович хотини билан ажрашган, хотинининг шикоятлари сабаб бўлиб, ишдан ҳам тушган эди…

* * *

Гули яна Москвага хат ёзди.
– Москвага хат ёзмасангиз ҳам сизга уй берамиз деб тургандик, – тўнғиллади шаҳар ижроия қўмитасининг раиси. – Тушунамиз, сизга қулайликлар бўлмаса қийин…
“Кеч тушунибсиз…” – дегиси келди, аммо индамади. Нима кераги бор, ҳаёт йўлида ҳар хил одамларни учратасан, лекин кўнглингдаги дардингни айтишга номуносиб кишиларни қаторга қўшиб, улар билан ади-бади қилиб ўтириб, ўз вақтинг ва асабларингни сарфлаш шартми? Ҳаётига назар ташлар экан, фақат яхши одамлар учраб, унга кўмаклашишганини кўргиси келади! Ота-онаси, опа-сингил, укалари, дўстлари-ю ўқитувчилари… Улар бўлмаса, қадди букилиб, умрида йўлиққан фалокатга аллақачон таслим бўлармиди… Ким билсин…
Саид Муродович билан танишиб, учрашиб юриб, севиб-севилиб, ниҳоят янги квартирада бирга яшай бошлашди. У кунларни унутиб ҳаётдан ўчириб бўладими?
Биринчи кўмакдоши энди Саид акаси эди. Саид Муродович Гулига сидқидилдан қарарди. Уйдаги юмушлар билан у туну кун банд бўлганидан, баъзи тили захар қўшни аёллар “Саид хола” деб ортидан эшиттириб атай бошлашга тушишган эди. Улар турган йўлакда кўпчилик эрсиз аёллар эканлиги-ю, хасад қилганларидан, ўша кунлари Гулининг бошига не кўнгилсизликларни солишмади!
Гулининг саломига алик олмайдиганлар ҳам биринчи кунлар – Саид Муродович янги келганида, уларникига серқатнов бўлиб, меҳрибончилик қила бошлашди. Саид Муродовичнинг ёнида ўз чирой, хислатларини таърифлаб, моҳир уй бекаси эканликлари ҳақида гапиришдан тойишмади. Бироқ Саид Муродович уларга рўйхушлик беравермагач, душманларга айланишди-қолишди. “Эр билан яшар экан, демак, ҳоли унчалик вой эмас экан-да!” – деган хулосага келишди Гули ҳақида. Саид Муродовичнинг ҳам ўян жойини қидиришди: ичса керак? Йўқ, ичмайди. Бирон касали бўлса керак? Йўқ, касал эмас, оёқ-қўли бут, бир чиройли, барваста киши. Хотин билан яшашга қурби етмас? Йўқ, мана Гули фарзанд кутяпти. Ё тавба, қандай кўзи ёрийди-я, во-ой! Мажруҳларнинг мажруҳи-я!
Бундан баттарини ҳам эшитди. Аммо бу ҳали ҳолва эди…

* * *

Гули тушликка овқат тайёрлаётган эди, эшик қўнғироғи жиринглади.
– Киринг, эшик очиқ! – деб ошхонадан жавоб берди Гули.
– Кўрайлик-чи даданг қандай кошонада яшаётган экан, – аёл кишининг овози келди. – Тушлик ҳам тайёр шекилли, қани, дадангни қандай лаззатли таомлар билан сийлашаётган экан, кўрайлик-чи…
Баланд пошнали туфлисини ечмасдан, ошхонага малласоч, мовий кўзли сулув аёл билан ўн беш ёшлардаги хушсурат бир бола кириб келишди.
– Келинглар, ўтиринглар.
– Келмадими у? Майли, кутамиз…
Аёл ўтирди. Сўнгра ўғлини елкаларидан қучиб, ўзига томон тортди.
– Хўш, бизни танийсанми? – Гулига қараб истеҳзоли кулди у. – Ўғли ўхшаб турибди, таниб ол.
– Нега мени сенлайсиз? – жаҳли чиқди Гулининг.
Аёл бошини орқага ташлаб, қаҳ-қаҳлаб кулди. Оёғини чалиштириб, кўйлагини юқори сурди.
– Атрофингда гирдикапалак бўлайми? Азизим, эримга ўйнаш бўлиб, болаларидан отасини айираётганинг учун раҳмат ҳам дейми? – жиддий тортди, кўзларини сузиб, жаҳл билан шивирлади. – Лекин шуни билки, у ҳеч қачон сени хотин қилмайди, ҳозир унинг борадиган жойи йўқ, онасиникига, ака-сингиллариникига сиғмайди, шу ерда кунини ўтказяпти. Мен уни барибир бундай яшатмайман, уни ер билан яксон қиламан, йўқ қиламан, қаматаман!
– У менга ҳеч қандай ўйнаш эмас… – Гули оғир нафас олди, йиғлаб юбормаслик, сўздан адашмасликка ҳаракат қилиб, оҳиста давом этди. – Хотин қиладими-қилмайдими келажак кўрсатади… Болалардан отасини мен айирганим йўқ. Лекин сиз, она бўлатуриб, ўз болаларингизни отасиз қўйганингиз кўриниб турибди… – Гули бошини мағрур тутиб, аёлнинг кўзларига тик боқди. – Оила, рўзғор бузилишида мен кўпинча аёлларни айблайман, чунки эрни эр қилган хотин!
Саид Муродович кириб келди. Ўғли билан кўришиб, гап нимада эканлигини дарҳол тушуниб, фаромушланди.
– Кўрдим жононингизни! Шуми? – деди ачитиб аёл Гулига имо қилганича. – Оёғи бути топилмадими? Ёки ундайларга кучингиз етмайдими?
– Гапиравер, таъсир қилмайди, кўнглингни бўшатиб ол, – деди ўзини хотиржам тутишга уриниб Саид Муродович. Сўнг Гули томон қаради. – Бу бўлса унча-мунча бемаъни гапларга ўт бўлиб ёнадиганлардан эмас. Гапиравер, биз биргалашиб эшитаверамиз!
Аёл тутақиб даст ўрнидан турди. Лаблари гезариб, эшик томон йўналди.
– Сен билан мен бошқа ерда гаплашаман. Яксон қиламан, йўқ қиламан. Яшаб бўпсан, сени ҳеч ким билан яшатмайман! Умрингнинг охиригача пушаймон бўласан!
У чиқиб кетди.
– Кузатиб қўйинг, – деди Гули деразадан болага томон қараб.
– Кетидан чоп, кечирим сўра, оёғига йиқил, денг?!
– Йўқ. У ерда ўғлингиз…

* * *

…Операция бир соатга яқин давом этди. Гули кўзларини очди, уч аёл уни кўтариб, аравачага ётқизишди. Шу асно Гулини операция қилган врач келиб, боши устига энгашди.
– Хўш, Гули, киминг бор?
– Ойим, дадам, – ажабланиб деди Гули.
– Яна-чи?
– Опам, сингил, укаларим…
– Яхши… Энди яна киминг бор, деб сўраяпман?
– Ў-ўғил? – гумонсираб-хавотирланиб пичирлади Гули.
– Ҳа, табриклайман, энди ўғлинг бор!
– У… тирикми? – ҳамон хавотирланганича, журъатсиз кўйда сўради Гули.
– Албатта-да. Бекорга операция қилдикми? Сен ҳам, ўғлинг ҳам, омон қолинглар дедик-да!..
Операция натижаси қониқарли деб топилса, уни икки-уч кундан сўнг умумий палатага қўйишар экан, ҳозирча махсус палатада ётибди.
– Укол қиламан, ухлайсан, – деди ҳамшира. – Уйғонганингдан кейин глюкоза берамиз.
Ким билсин, қанча вақт ухлаганини, йўлак бўйлаб бақириб-чақириб ўтаётган ҳамшира ва бошқа хизматчи аёллар шовқинидан уйғониб кетди. Қандай қилиб икки-уч кунни бу ерда ўтказади?! На ўқиш, на радио, на бирон бир шерик.
– Нега бундай ётибсан? – ҳайратланди кириб келган ҳамшира. – Ярим соат ҳам ухламабсан.
– Қайдам…
– Оғритяптими?
– Чидаса бўлади.
– Сув ичгинг келса, пахтани хўллаб, лабингга теккиз, фақат ичма, эртага ичиш мумкин. Ҳозир глюкоза олиб келаман.
У осма дори томизғич олиб келди.
– Туйқус совуққотсанг, мени чақир, шу ерда бўламан.
Узун резина ичакдан Гулининг томирларига томчи-томчи дори сингиб, тугаб қолганида, аҳволи оғирлашда. Ҳамширани чақирай деса, тиши-тишига тегмайди, оғзини жуфтлаб, бир сўз ясай олмайди. Йўлакдан ҳам бирон кимса ўтмайди, ҳали шовқин-сурон кўтарганлар кўринмайди.
Охири бир амаллаб нимадир деб овоз чиқарди. Ҳамшира югуриб келиб, томиридан игнани суғуриб олди.
– Сову-уқ, -деди Гули аранг.
Ҳамшира иккита адёлни унинг устига ташлаб, “иссиқ” укол қилди.
– Безовталанма, ҳечқиси йўқ, бундай хол бўлиб туради, энди ухла.
Кўзи яна илинган бўлса керак, терлаб-пишганидан уйғониб, нафаси сиқилганидан устини улоқтириб ташлади. Баданига совуқ ҳаво тегиб, роҳатланди. Лекин кўп ўтмай иситмаси баттар кўтарилиб кетди.
Ўша оқшом Саид Муродович келди. Гули ёнига тиз чўкиб, қўлини ўпди, кўзлари ёшланди.
– Раҳмат сизга, азизим… Тоғдек сабрингиз, ишонч-умидларингиз ҳаққи…
Ҳамшира чақалоқ кўтариб кирди. Қип-қизил, жажжи, орзиқиб кутилган бахт!
– Ўғилчаларингизни кўринглар-чи…
Операция вақтида наркозни камроқ беришганми ёки шундай бўлиши керакмиди, Гули врачларнинг гапларини эшитиб ётган, ўшанда ҳамширанинг бир сўзи юрагига михланиб қолган эди:
– Бола бечора кўм-кўк бўлиб кетибди…
Гули: “У ўлиб қолибди-да!” – деб ўйлаган, бадани музлаб, гўё боши билан муз қудуққа шўнғиб кетгандек бўлган эди. Мана, оқшом ўғлини ўз кўзи билан кўрмагунича, гумонсираб, сўрашдан қўрқиб турганди. Ҳайрият, омон экан, бахтига тирик экан!
Гули энди ўзини бардам сеза бошлади.
Туғруқхонадан уни ўғли билан Саид Муродович олиб чиқди. Ўша кунлари улар ЗАГСга бориб, уч-тўртта дафтарга имзо чекишганча, ўғлини Саид Муродовичнинг фамилиясига ўтказиб, гувоҳнома олишди. Кейин аяси икки-уч кунда келиб, чақалоқни чўмилтириб, қараб юрди.
Қолган асосий юмуш Саид аканинг зиммасида эди. Гулига ҳам уйда иш топилиб турарди. Аммо у ҳаётидан мамнун, бахтиёр эди: ёнида ўғилчаси, суянган тоғи, келажаги…

* * *

Бир куни Саид Муродовичнинг хотини яна ташриф буюрди.
– Агар болангдан умидинг бўлса, эримни тинч қўясан! Пул нималарга қодир эмас! Эртами-индин боланг кўчага чиқади, тенгқурлари билан ўйнаб юради кўча-кўйда… ҳозирги кунда бахтсиз ходисалар озми? Гапларимнинг мағзини чақиб кўр, ақллисан-ку!
Эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди.
Шу кундан эътиборан Гулининг ҳаётида янгидан безовталик бошланди.
Хотини келиб-кетганидан сўнг, қизи йиқилиб, касалхонада бир неча ой оғир ётганида, Саид Муродович ҳам ўша ерда бўлди. Гули ранжимади, боласи, қарайди-да. Кейин ўғли ҳарбий хизматга чақирилиб, Саид Муродович уни кузатиш ташвишида елиб-югурди. Бу ҳам табиий, кўз очиб кўрган фарзанди, тўнғичи. Гули бир сўз демади.
Аммо Саид Муродовичнинг хотини ҳамон унга зуғум ўтказишга уриниб, баъзан қўнғироқ қилиб турарди:
– Айтган гапларим эсингдадир-а? Агар эримни қайта қабул қилсанг, ўғлим йўқ деб қўявер! Ернинг тагида бўлсанг қулоғингдан, осмонда бўлсанг оёғингдан тортиб оламан! Билиб қўй!
Ўзим яшамайман, бошқа билан ҳам уни яшатмайман!
Ниҳоят бу даҳмаза жонига тегиб, юрагини ховучлаб ўтиришдан чарчаб, Гули ашқол-дашқолини йиғди-да, синглисиникига, пойтахтга жўнаб кетди.
“Саид Муродович шу билан мени унутади” – деб ўйлаганди. Йўқ, бир куни Тошкентга, синглисиникига суриштириб-топиб келди. Гули уйда ёлғиз эди, одатдагидек ҳеч гап ўтмагандек қаршисида тиз чўкди.
– Соғиндим!
“Азизим! Ёлғизим! Тилагим!” – дегиси келди Гулининг ҳам. Лекин ўзини босди.
– Сочларингиз оқарипти, – деди аста.
– Қарияпмиз, азизим, – деди Саид Муродович ғамгин. Ўрнидан туриб, хонада нари-бери юра бошлади. – Ҳаёт бўлмаяпти. Сиз йўқ… бўлмаяпти! Умр ўтяпти… Гина сақламанг. Унинг ёнига борибманми… ўлганим яхши эмасми, юзимга тупурмайсизми мен уни кечирсам. Иложсизлик …
Гули чиндан ҳам ҳаёт бундай давом этиши мумкин эмаслигини ҳис этди.
– Кетинг, Саид ака! – деди ўртаниб. – Болаларингиз олдида қарздорсиз, ўз бурчингизни ўташингиз, улар бор экан, хотинингизни кечиришингиз керак! Кетинг! Биттагина ўғлимнинг ҳаётини бузманг. У сизни билмайди, танимайди ҳозир! Шундай қолавергани маъқул. Кетинг!
Саид Муродович паришон чиқиб кетди.

* * *

…Мана, бугун Маданият саройида асарларим кўргазмаси. У йўқ. Унинг портрети ҳам йўқ.
Ўғилчам кўргазма залида айланиб юриб, охири ёнимга келди. Мени қучиб, қутлаган бўлди.
Бўйингдан айланай, қора кўзим!
– Аяжон, Сардоров ким? Менинг фамилиям-ку, – деди уғлим шундан сўнг ўйланиб.
– Нимайди, жоним? – вужудимни ваҳима босди.
– Телеграмма келипти. Мана.
Қўлларим қалтираб, телеграммани очдим.
“Азизим! Тиз чўкиб сўранаман! Келгин, адо бўляпман, паймонам тўлганга ўхшайди. Сардоров.”
– Бир аёл куни бўйи телефон қилди, сизни сўради. Сардоровнинг қизиман, аянг келсин, Сардоровнинг аҳволи оғир, касалхонада ётипти, деди.
– Демак, боришимиз керак, бугуноқ, ҳозироқ боришимиз керак, болам. Кетдик!..
Машина қушдек учиб боряпти. Эй Худойим, мени ҳаётимда учраган озгина бахтдан ҳам бенасиб этма!..

“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил 12-сон