Ҳалим Саидов. Янги адабиётимизга хайрли ёдгорлик

Бугунги дориламон кунларда “Адабиёт яшаса – миллат яшар” деган фикр кўпчиликнинг тилига тушиб, дилига жо бўлиб, ихлосманд китобхонлар сафини кенгайтирмоқда. ХХ аср бошларида эса  ёш адибларни муносиб тарбиялаб, уларнинг қўлидаги қаламни чархлаш, адабий асарлар яратиб, улар орқали ўзликни анг­лашга алалоқибат халқни маърифат, маърифат воситасида эса ҳурриятга  чорлаш жадидларнинг эзгу орзуси эди.

Адабиётшунослар томонидан жадид боболар карвонбошиси, миллат озодлиги йўлида жонини қурбон қилган арбоб, ҳуррият кўйида ноширу муҳаррир, оддий муаллимликдан-да қайтмаган, беназир адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг “Падаркуш” асари билан жадид драматургияси асосчиси сифатида қабул қилинди. Мазкур драма ва унинг саҳнага қўйилиши, одамлар онгига таъсири, унинг тарихий аҳамияти борасида қатор тадқиқотлар амалга оширилди, мазмун-моҳияти очиб берилди.

“Ҳикоят ва ёинки насиҳат китобларинда баъзи бир ҳодиса баён қилингандурки, ўқуб, асарланиб (таъсирланиб – Ҳ. С.), лаззат олинадур. Аммо теётрға махсус бир ҳодиса ва ё воқеа ва ҳикоятни феълан қилиб кўрсатиладурки, мунинг таъсири эшиткандан зиёдадур” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Теётр надур // “Ойна” журнали, 1914 йил 29-сон). Мутахассислар Беҳбудийнинг бу фикридан одатда драматургия­нинг аҳамиятини тушунтиришда фойдаланадилар. Бироқ иқтибосдаги “таъсири эшиткандан зиёда”лиги сабаб биринчи гап доим иккинчи планда қолиб кетади. Биринчи гапни эътибор билан ўқиймиз: “Ҳикоят ва ёинки насиҳат китобларинда баъзи бир ҳодиса баён қилингандурки, ўқуб, асарланиб, лаззат олинадур”. Яъни, ҳикоянинг ўзига хослиги шундаки, уни ўқиганда инсон таъсирланади, лаззат олади.

Фикримизча, ўзбек ҳикоячилиги йўналишини белгилашда ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий илк машқи билан ёш адибларга намуна бўлгани, уларга мурожаат қилгани юқорида келтирилган иқтибосдаги ҳикоят изоҳи каби иккинчи планда қолиб кетганига тарих гувоҳлик бермоқда.  Беҳбудийнинг мазкур ҳикояси “Оқ елпоғичли чинли хотун” деб номланади. Адиб унга “Тасодиф” деган кириш сўзи ва сўнгсўз ўрнида “Интиҳо” деб номланган изоҳ ёзган. Беҳбудийнинг публицистик ва муҳаррирлик фаолияти билан шуғулланиб, унинг мақолаларидан озодликка эришиш ғояларини, аниқроғи, жиддий, сиёсий даъвату ҳаракатларни аниқлаб, таъқиб ва таҳқирларга қарамасдан курашгани, ҳаётининг аянчли якунидан қайғуга тушиб юрган кезларимизда эски газета тахламларидан (“Туркистон вилоятининг газети”, 1909 йил, 12-сон) шу ажиб асарга, бизнинг наздимизда, Беҳбудийга хос бўлмаган фаолиятга дуч келиб, ҳайратда қолгандик. Ўшанда адабиёт таратадиган нурафшон руҳ, ато этадиган бетакрор лаззатни туйганмиз. Асарни сиз билан бирга яна бир бор ўқигимиз келди.

Ҳикоя воқеа гувоҳи – ёзувчини таништиришдан бошланади.

“Сунғий мамлакати аҳолисидан Чунғичин ном зот бир адиб бор эди. Бу олами фаноға инонмас ва ҳар замон андин пировоз ва риҳлат этмоққа толиблик қўлидин келмас эди. Они учун, жонини овунтирмоқ учун хаёлилар фикр ва бефикрға хотир эткувчи ишларға ружуъ этмоқла ўзига тасалли берарди. Вафотидан сўнгра дунёни некбахт ва маҳсудларидан ҳисобланди”.

Шу бир хатбошида муаллиф файласуф-қаҳрамоннинг дунёқараши, таъбир жоиз бўлса, тирикликка муносабати, яшашдан мақсадини тасвирламоқда. Яъни “олами фаноға инонмас” ва шу билан бирга уни ташлаб ҳам кета олмас, лекин бу дунё синоатларини тафаккур қилиб “ўзига тасалли берарди”. Билмаганларини ўрганиб, шундай мавқега эришдики, вафотидан кейин бахтиёр ва ҳавас қилса арзийдиган инсонлар қаторида тарихда қолди.

Асарнинг иккинчи хатбошисида Чунғичин Хитой бўйлаб саёҳатларидан бирида дуч келган манзара тасвирига эътибор беринг.

“Ҳаво тоғининг этакларинда кезар экан, бирдан ўзини мозористонда кўрди. Оҳ, мозористон – минг-минг номунтазам тепачалар садо ва нидодин холи махсус замини маъволар. У тепалар остинда чор ва ночор инсонлар ётарлар эди. Уфқи жадид сари тамоман муштағил (банд-ҳикоя матнида учрайдиган қавс ичидаги изоҳлар мақола муал­лифиники) қабрларни кўрар-кўрмас сайёҳ шу фикрға ботди. Афсус, бутун тирик­лик ҳаёт йўлини(нг) охири келиб етган жойи будур. Бу иқоматга мавт (ўлим) ва манзилга хомушона (жим) бир кирилдими яна қайтмоқ мумкин йўқ. Боқ хотимаи ҳаёт на ўлди? Чин аҳли фақат бир тириклик билар. У ҳаёт, ки шуълаи шамс ила мунаввар, ҳавои соф ила иҳотадур. Чин файласуфи бу фикрларға сирона қабрға-да  юрар экан, либоси мотам киймиш ёш бир хотунға рост келди. Бу хотун янгидан тепаланган бир қабр каноринда ўлтуруб, қўлинда елпоғичи лукурни елпи­йур ва ҳам доимий елпийур”.

Қабристон тасвирлари, тириклик ва охират фалсафаси билан бошланган воқеалар кетма-кетлиги файласуфни ва табиийки ўқувчини кутилмаган ҳолат, ажаб­ланарли манзарага дуч қилади. Янги қабрни елпиётган жувон! Тириклигида ўша яқинига яхшилик қила олмаган ёки жуда яхши кўрган кишиси – марҳумга ором бахш этмоқдами? Эҳтиром кўрсатмоқдами? Йўғ-э, бунчаликмасдир? Бу каби саволлар ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундаса-да, ҳикоя давомини ўқишга ошиқтиради…

“Бу қадар ажиб бир ҳаракат сабабини англамоқ шавқина тушуб, сайёҳ ёш бонуға одоб-ла салом берди.

– Хоним, о, бу мозорға ётган кимдур, на учун шу туфроқни муттасил елпимак заҳматиға гирифторсиз, сўрамоғим мумкинму? Мани файласуфим ҳар иш сабабини билмоқчи, аммо сизнинг бу амалингиз асло иҳота тафаккуримға кирмайдур, деди.

Бечора хотун елпоғични елинмоқда муттасил ло-йан қатъи давом этарди. Хотун қизарди, бўзарди, бошини олдинга энкди. Файласуф беҳуда ерға саволини так­рор айтди. Мотамкаш хотундан жавоб эшитмади ва асло қулоқ бермай жонининг бор қуввати-ла елпоғични ҳаракатга келтуруб турар эди”.

Ҳар бир воқеа моҳиятини англашга иштиёқманд файласуф саволлари ва жавоб ўрнида мотамдаги жувон ҳаракатлари тасвири жумбоқнинг ечимини излашга талпинтиради ўқувчини…

“Чунғичин у маҳалдин мутаассуфона айрилди. Хотуннинг иллат ва сабаб ҳаракатини билмай орзусидин ҳамда шиддатлик орзусидин ўзини сахлаб билмоқ эди. Шабпаррак қаноти каби мутавалли ҳаракатланиб турмиш елпоғичга ҳар замон дўнуб энг чуқур ва мутаҳаййирона бир фикр ила боқиб бечора файласуф асло бир шай англамайур эди. Аснойи таҳаййурда муқобилинда бир аъжуза чиқиб файласуфни бир қабр канориға имлаб, шу сўзларни сўйлади: “Эшитдимки, хонумдин савол сўрдингиз, аммо жавоб ололмадингиз. Ман орзунгизни дафъ этарман. Аммо муқобили умид айларманки, сиз ҳам манга бир неча пул берсангизки, бориб умрумни узун бўлиши учун дуохонлардин бир тумори сеҳрангиз олайин”. Чунғичин киссасидин оқча чиқарди ва аъжуза хотун ҳам бу можарони сўйлади”.

Тиланчи сўзлашидан аввал диққатингизни бошқа жиҳатга қаратмоқчимиз. Биринчиси, ҳикоянинг аввалида шундай фикр бор эди: “Чин аҳли фақат бир тирик­лик билар. У ҳаёт, ки шуълаи шамс ила мунаввар, ҳавои соф ила иҳотадур”. Бир қарашда агар матндан шу икки гапни чиқариб ташласангиз ҳикоя мазмуни мутлақо ўзгармайди. Қайта ўқиб кўринг, бу гапларсиз матн силлиқлашгандек кўринади. Унда бу жумлалар нега матн­га киритилган?..  Фикримизча бунинг тарихи бор. Мазкур ҳикоя 1909 йил аввалида ёзилган. Бундан бир неча ой илгари, аниқроғи 1908 йилнинг 30 ноябрида “Туркистон вилоятининг газети”да  Беҳбудийнинг “Таърих ва жуғрофия” сарлавҳали мақоласи чоп этилади. Маълумки, “ТВГ” Туркистон генерал губернаторига қарашли бўлиб, унинг асосий мақсади у оқпошшо сиёсатини юритиш борасида маҳаллий ҳокиму қозиларга мўлжалланган. Беҳбудий атай ўзбек зиёлиларигина тушуниши мумкин бўлган мураккаб тилда ёзган ушбу мақоласини. Тилимиз ва динимизни яхши билган маккор миссионер, газета муҳаррири Николай Остроумов ҳам мақола моҳиятини англамай қолади. Катта шов-шувга сабаб бўлган бу публицистик асарни Чор Охранкаси рус тилига таржима қилдиради (Ўзбекистон Марказий давлат архиви, ф. 46, 1-тавсиф, 942-иш). Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳукмрон мустамлакачи вакиллари муаллифдан тавба тариқасида изоҳ ёзишни талаб қилган. Қисқаси, Беҳбудий миллат таназзули ҳақида сўз айтиб тазйиққа учрайди. Охранканинг “панисломист”лар рўйхатига киритилади. Икки ҳафта ўтгач, яна шу газетада унинг изоҳга ҳожати бўлмаган мақоласига ўзи “Тавзеҳ” (изоҳ) ёзади. Тўғрироғи “тавба” ёзишга маҳкум қилинади. Шунда у адабиётга эътибор бериш кераклиги, бадиий асар қатига озодлик ғояларини сингдириш зарурлигини англаб етади. Ҳуррият истаган, лекин бу ниятини очиқ айтиб, балога қолган муаллифнинг ночорлик исканжасидаги тушкун кайфиятини ҳисобга олсангиз бу ҳикоянинг юқорида ажратиб кўрсатилган “бегона гапи”дан ўзгача хулосалар чиқаришингиз табиий. Бироқ сиз учун ҳозир тиланчи хотин сўзламоқчи бўлган “можаро” қизиқроқ эканлигини сезиб турибмиз…

“Қабр каноринда кўрганингиз шу хотун Лу исмлик хонимдур. Узун бир беморликдин ўлмиш Тоъу номинда бир адибни(нг) беваси ва у қабр ўлган эрининг қабридур. Эр ва хотун яки дигарини шиддатлик бир ишқ ва муҳаббат ила севарларди. Ҳатто, охирги нафасинда Тоъу хотунидин айрилмоқ кулфатидин шикоят этар, гўзал бу хотинини ҳануз баҳор ҳаёт ва ҳуснини ситоратлик замонда ташлаб кетмоқ дарди фикриға сўзан урарди. Лекин на чора, муқтазий қадарга тобеъ бўлди, бошқа илож йўқ.

Беморлик ҳолида Лу хоним хаста Тоъунинг бошидан ҳеч айрилмас, эридин сўнгра дунёга тирик қолмасликни ва болин  ҳаётға иштирокидек қарорға, мамотға ҳам шерик бўлушини аҳд ила баён айлади. Лекин Тоъу мунга жавобан: “Зинҳор хоним буйла аҳд ва ямин айтмангиз”, дер эди. Хотун: “Агарда сиздин сўнгра чирк­лик балосига гирифтор бўлуб, кўзларингиз юмулганидан сўнгра шу зиёи офтобни кўрмоқға мажбур бўлсам, яхши билинг, ки бошқа бировнинг хотуни бўлмоқға асло рўйи ризо кўрсатмайман”, деб жавобини берди.

Тоъу: “Хоним бону, зинҳор бу фикрдан воз кечинг”, дерди.

 Тоъу  хоним: “Эй Тоъу, қўйингиз асру (ортиқ) айтмангиз, бори беш санағача уйланмасликка аҳд этойин”.

Лекин бу сафар дея Тоъу: “Бону, бундай аҳд этманг, фақат мозорим устидаки туфроқ қуригунча қадар мани унутмасликка аҳд этсангиз кифоя…”

Сиртдан қараганда ҳикояни шу жойида тугатиш ҳам мумкин эди. “Ўлсанг, мен ҳам бу ҳаётни тарк этаман”, дея онт ичган ёш жувоннинг бесабрлигидан мутаассир бўлиб тугатардик ҳикояхонликни. Унда Беҳбудий таърифидаги ҳикояни ўқигандаги таъсирланиш билан бирга келадиган лаззатланиш қаёнда қолади? Бу ҳисни ҳикоя давомидаги тасвирдан оласиз.

Лу хоним муни учун маҳкам аҳд этди. Тоъу иккинчи очмаслик учун кўзини юмди. Бону кадаридин девона каби бўлди. Хумор ва хитойи кўзларидин думуъ (кўзёшлари) оташин шашқатор жорий, хумои (иситма, касаллик) шадид маҳдумлари каби ўзини шаш жиҳата этарди бедард-бедаво.

Дунё одати узра ҳар шай кечар. Бу сил ғамум ва барои ҳужумда кечди-кетди. Оҳ-нолалар кечмас, фақат келмасун – Тоъунинг вафотидин уч кун сўнгра Лу хонимнинг кўзи бир маъқул сифатға кирди. Шуйлаки эрини шогирдларидин бир жавон (ёш йигит) таъзиятга келди. Қадрдон шогирдни оҳ ва оҳ ила қабул этди. Бу жавон ниҳоят музайян (безанган) бир чеҳра соҳиби эди. Аснои муколамада бир оз Тоъудин ва кўброқ бонудин баҳс этди. Беканинг латофати андомидин, гўзаллигидин ва зиёдаси-ла хушлаганидин баён этди. Хоним ҳам андин мамнун ва рози қолди. Жавон шогирд яна келишини ваъда ила видоъ этди.

Бир видоъи умидворий…”

Тириклик, ўлим, жувоннинг девонасифат аҳволи ва уч кун ўтгач (мотам муддати) шогирднинг, балки ҳаётнинг ширинлиги тасвиридан сиз ҳам лаззат олдингиз. Тоъунинг “мозорим устидаки туфроқ қуригунча” мени унутма деганию “бир ви­доъи умидворий…” қабрни елпиётган жувон ниятини англатса-да, ҳикояни Беҳбудий бошқа бир кулминация билан якунлайди. Ҳикоянинг давомини ўқингда, охирги гапга эътибор беринг:

“Содиқ ул-ваъда Лу хоним у ваъдаларға интизоран, кўрганингиз, қабр устиға келди. Кунларни елпоғич шамоли-ла эри қабрининг туфроғини қурутуб аҳд этмоқға вақф этар…”

Кампир ҳикояни битирар-битирмас файласуфингиз шу фикрға ботди. Умр қисқа, ёшлик ширин, ёш хотун ва эрларни завқ ҳаволарға учирар. Ҳар ҳолда Лу хоним солиҳа бир хотун эмишки, аҳдини паймол этмак истамаз”.

Гўзал ҳикоя! Шарқона якун. Унга ўзингиз ҳам баҳо бера бошладингиз…

Беҳбудийни идеалист дегувчилар ушбу асар орқали одамзотнинг реал ҳаётдаги эҳтиёжлари ёритилганлигини англагандирлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётда прагматик бўлган. Бунинг исботини ушбу ҳикоя остидаги “Интиҳо” деб аталган сўнгсўзда (балки мурожаатдир) кўриш мумкин. “Интиҳо”да Беҳбудий ҳикояни шеърга айлантириш учун шоир Сайрийга мурожаат қилган бўлса-да, унда жадид адабиёти йўналиши қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўз фикрини билдиради.

“Эй қори, ҳикоянинг ҳосили мундин иборатдур. Адабиёти жадидаи мустақбала (келажак замон)мизға рақамидин ёдкори хайр илтифотиға етса, хўжанди шоир муҳтарам Сайрий афандиға бир туҳфадур. Мутолаасиға танзил буюрсалар, шоядки, риштаи назма чекилса, бизу сиздин бир хотираи мустақбала қолурди”.

Беҳбудий ҳикояга ёзган “Тасодиф” деб номланган кириш сўзида ўғли Масъудхўжа билан турли дарсликлар ва бошқа бадиий адабиётлар мутолаа қилаётганда ушбу воқеага дуч келганини айтади. Атоқли адабиётшунос олим Бегали Қосимов ана шу фикрларга асосан “Беҳбудий асли хитой адабиётидан олинган ушбу ҳикояни ўз қалби ва қалами билан ўзбек ўқувчисига тақдим этмоқчи бўлади”, деб ёзади. Шундан бўлса керак, асар жадид ҳикоячилигида асосий ўринда тилга олинмайди. Ҳолбуки, хорижий эллар, элатларни тасвирлаш усулидан жадидлар кўп бора фойдаланишган. Масалан, Фитратнинг “Сайёҳи ҳинди” асари фикримизга далил бўла олади.

Мутолаамизга хулоса тариқасида айтишимиз мумкинки, фикримизча, Беҳбудий­нинг “Оқ елпоғичли чинли хотун” ҳикояси жадид ҳикоячилигининг бошланишидир.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 5-сон