Раҳмат Файзий. Ҳазрати инсон (роман)

БИРИНЧИ БОБ

Меҳриниса эри идорага бориб келаман, деб чиқиб кетгач, дастурхонни йиғиб, самоварнинг кулини қоқди, сув тўлдириб, оловини янгилади. Эри кўчадан келгунча енгил-елпи кирларини ювиб олмоқчи бўлди. Аксига олиб, эрталаб лиммо-лим оқаётган сув тиниб қолибди, ариқнинг таккинасида жилдираб ётибди. Кеча кечқурун, лоақал азонда челакларга тўлдириб олмаганига ачинди. Заҳри синиб, тиниб турарди. Меҳриниса шуларни кўнглидан ўтказиб, иккита челакни ҳовузча лабига олиб борди. Знди ёғлоғи билан тўлдира бошлаганида, эшикдан Иқбол сатанг кириб келди.
— Куёв бола йўқларми дейман, тақ-туқлари эшитилмайди,— деганича икки қўлини чўзиб, Меҳринисага яқинлашди, — бир дам олсин дебдиларда-а?
Меҳриниса ёғлоғини қўйиб, малул-хотирлик билан ўрнидан тураркан, «Кап-катта бўлсаям бачканалиги қолмади-да, «куёв бола»га бало борми», дея энсаси қотиб, ғижинди-ю, кўзи кўзига тушиб, шу лаҳзадаёқ чеҳраси ёришиб кетди. Иқбол сатангнинг кўзларида сеҳри бор, бир қараган одамини ром қилиб олади, дейишарди хотинлар. Меҳриниса бунга ишонмасди, Шу рост эканми, ҳозир кўриша туриб, ўзи ҳам шундай ҳолга тушди, бачкана қилиғини ҳам унутди, дилгирлиги ҳам ёзилгандай бўлди. Қайси бир йилиям бир тўйда мақтаб гапирган гаплари эсига тушиб кетди.
— Ҳузур-ҳузур сизники-да, Меҳриниса,— дерди Иқбол сатанг уни қучоғидан қўйиб юбормай, — балиқдайсиз а, балиқдай. Туп туп, қўрқманг, кўзимда холим йўқ, қоқиндиқ.
— Қўйинг, опа, шу гапларни. Хотин киши ўттиздан ошди ўтин бўлади.
— Оҳо, сиз ўтин бўлгандаям шунақанги ўтинсизки, оловингизга ҳали тўртта Маҳкамвой ёнади-я, гиргиттон.
Чиндан ҳам Меҳриниса элликка яқинлашган бўлишига қарамай, ўзини олдирмаган, ёш жувонлардек бақувват, тетик эди. Ўрта бўй, тўлалиги сахти сумбатига жудаям ярашган, агар сал эт қўйса ёки ташласа қоматининг бу хушсуратлигига путур етгудай. Ҳаёт тирноғи ҳали пешанасига чизиқлар тортиб улгурмаган, тортмоқчи бўлгандаям кучи етмаган бўлса керакки, қовоқларини уйиб, хомуш бўлиб турган пайтларида разм солган киши ингичка ипнинг билинар-билинмас ўрнини пайқаб қолади. Қошларидан ҳамиша ўсма аримаганиданми ё асли ўзи шундайми, унчалик қуюқ бўлмаса ҳамки, териб қўйгандек, терганда ҳам биронта толаси чизиқдан чиқмайди, текис. Кўзлари ҳамиша ёшларникидек тийрак, кулиб туради. Кулганида икки юзининг кулчасидаги кулгичлари тағинам чуқурлашиб, чап юзининг пастидаги ярим палла мошдек холини бекитиб юборади. Кўкрак бурма кўйлак қопга ўхшайди дейишгани бекор экан. Сумбатига қараркан. Сахти сумбати келишган жувон шу кўйлакда ҳам манаман деб тураркан. Уйга ҳам, тўй-ҳашамларга ҳам шу кўкрак бурмани кияр, бошқасини ёқтирмасди. Ўсма қўйишдан бошқа пардозни билмаган Меҳринисани атлас кўйлак, почаси жиякли лозим, амиркон кавушда кўрган қари ҳам, ёш ҳам ҳавас билан унга суқланиб тикиларди. Кампирлар дарров кимнинг келини эканлигини суриштира бошлашарди. Неча-неча тўйда, ҳатто азада ҳам ўз қулоғи билан эшитган у буни. Кошки кимлигини суриштириб қўйиша қолса, дарров нечта боласи борлигидан гап очишарди. Бефарзандлигини эшитиб, ачиниб раҳми келганлар ҳам бўларди, савлатига ҳасад билан тикилиб, ачитганлар ҳам. Бири: «Гулдай жувон-а, шундоқ ўтаётибди денг, шўрлик» деса, бири: «Ғоз юриб, санаб қадам босиши тўлғоқ емаганидан-да», дерди. Меҳриниса бундай пайтларда эшитиб-эшитмасликка оларди-да, секин бир чеккага чиқиб тураверарди.
Қайси бир тўйда ҳам ошхонада овқат сузаётган аёл аллакимга: «Ҳой, онави Маҳкам тақачининг хотиними шу, бола кўрмай ўтаётибди денг?» деганини эшитиб қолиб ўзини тутолмади, ҳовли чеккасига бориб, йиғлаб турганида Иқбол сатанг пайқаб қолиб, ёнига келди, юпата бошлади:
— Ҳой, манга қара, элама уларнинг гапини, оғзига кучи етмаганлар валдирайверади-да, бо худо, кўз ёшларингдан айлансин, қўй йиғлама. Биласанми, унақаларга бўш келсанг, баттар гапираверади. Бўш келма. Олдиларидан беш кунлик келинчакдек мана бундай чимирилиб, таманно билан ўтсанг, оғзи юмилади, қолади.
Иқбол сатанг Меҳринисани кулдирди-ю, кўнгли жойига тушиб ошхонага кетди. Мана шу юпатгани сира эсидан чиқмасди.
Иқбол сатанг Меҳринисанинг бир нарсасини — эри билан дўконхонада баб-баравар ишлашини ёқтирарди. Унинг бардамлиги, чаққонлиги, ўзини олдирмай очилиб-сочилиб, бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилиб юришини туғмаганлигидан ҳам кўра шу меҳнатдан деб биларди. У ўзидан қиёс қиларди. Эсини танибдики, тинмайди. Оғир-енгил демай меҳнат қилади. Бир лаҳза қўл қовуштириб туролмайди. Шу важдандирки, олтмишдан ошган бўлсаям, чарчашни билмайди, ҳамиша қувноқ, юзларидан ханда аримайди.
Иқбол сатангнинг ҳозирги гаплари ўша тўйда кўнгли ўксиб турганидаги меҳрибонлигини эслатди.
— Вой, нима қилиб турибмиз, эсим қурсин, опа, бу ёққа чиқинг,— деди Меҳриниса айвонга таклиф қилиб.
— Йўқ, гиргиттон, ўтириб қоламан. Ҳой, опангизнинг ўғли эсон-омон юрибдими? Шу ердами?
Кўрпача солмоқчи бўлиб турган Меҳриниса бир хил бўлиб кетди. Иқбол сатанг ундан, «Ўғлингиз эсон-омонми? » деб сўрагандай бўлди.
— Ҳувиллаган ҳовлида нима қиларди. Шу ерда,— деди хомуш.
Меҳринисанинг руҳия-ҳолатини дарров пайқаб олган зийрак Иқбол сатанг: «Нечук урушга жўнамади, деб тушундиёв гапимни», дея кўнглидан ўтказди-да, ортиқча чўзмади.
— Ҳа, боши омон бўлсин.
— Айтганингиз келсин, опа,— Меҳриниса буни ҳам «ўзингга буюрсин», деган маънода тушунди,— қани, бирпас бу ёққа чиқинг, ҳозир самоварим қайнайди.
— Овора бўлманг, гиргиттон, анави Зоҳиданикига бориб келсакмикин девдим. Яхши, бўш экансиз.
— Вой, чарлари бўлиб қолдими?
— Чарлари дейсизми? Ҳали хабарингиз йўқми, чарлар сиғармиди кўнглига, айланай.
— Нима девотсиз? Тинчликми ўзи?
— Ўғли кетадиган бўлиб қолди-ку.
— Вой шўрлик. Ёш келинчакни ташлаб-а?
— Иложи қанча. Бу ҳам бўлса ёшларнинг шўри-да, айланай.
— Бунақа экан, уйланмай турса бўлмасмиди?
— Шуни айтаман-да. Уямас, буямас, пешана, айланай, битилгани бўлмай қолмайди. Бир чеккаси, гиргиттон, қиздан ҳам сал ўтибди, ҳа. Мен сиз деб айтвотман, биламан, оғзингиз маҳкам. Ўзим-ку, умримда ёмон кўрганим гап ташишлик.
— Айтаверинг, опа. Бунақа одатим йўқлигини биласиз-ку.
— Биламан, биламан, қоқиндиқ. Қиз деган нарса сал андишали бўлгани яхши-да. Кетиб қолсангиз, мендан айриласиз, деб бўйнига осилиб олган экан-да.
— Вой ўлмасам,— Меҳриниса икки кафтини юзларига қўйди,— ҳали шунақа денг. Илгари гаплашиб юришарканда, бундан чиқди?— Меҳриниса шундай деди-ю, Салтанатни кўз олдига келтирди.
— Гаплашишганда қандоқ. Обиджонни ўзига иситиб, бош-кўзини айлантириб олган экан-да.
— Иситиб дейсизми? Қиз боши билан-а?
— Ҳа, вой. Иссиқ-совуқ деяпман-ку. Соддасиз-а, айланай, бориб турган соддасиз.
— Қаёқдан билай, опа, эшитаману, нималигини билмайман.
— Анув Қашқар маҳаллада нафаси ўткир жуҳуд домла бор экан. Ўшанга бориб иситиб кепти. Ўз қулоғим билан эшитдим. Ўзигаям озмунча пул кетмабди.
«Салтанат бунақа нарсаларни билмайди, шекилли?» деган хаёл олиб қочди Меҳринисани.
— Шу ростмикан-а, опа?
— Вой, ўз қулоғим билан эшитдим девотману. Тағин, гиргиттон, Зоҳиданинг қулоғига ета кўрмасин-а. Балога қоламан.
— Эсимни ебманми, опа, Тавба. Қиз нарса шуларни эплаганини қаранг.
— Пул нималарни қилмайди. Попопдан топган пуллари шунга кетибди-да. Мана, эплади, олди.
— Бирон нима едирганми ё ичирганми, опа?
— Вой Меҳриниса-ей, шуниям билмайсизми, соддасиз, соддасиз. Бировнинг остонаси тагига амал кўмиб кетади, бировнинг соч толасини олиб искатади, бировнинг кийимини. Бу қизи тушмагурнинг устомонлигини қаранг. Битта дона ҳалиги шоколадли конфетни иситтириб олибди-да, учрашганида, алдаб туриб, Обиджоннинг оғзига солибди. Йигит нарса жон деб оғзини очгану, тузоққа илинганини билмай қолган.
— Кўриб тургандай гапирасиз-а, опа.
— Биламан-да, айланай. Шуниям билмасам нима қилиб Иқбол сатанг бўлиб юрибман. Илло, ўзим икки қиз чиқариб, шунақа нарсанинг кўчасига кирмабман-а. Ўзингга шукур.
Меҳриниса аввалига: «Бўлса бордир, бир-биринн севгандан кейин очиқроқ гаплашган, тўйни тезлаштиришини айтган бўлса, айбми?» деб қизни оқлаб ўтирган эди, иссиқ-совуқ қилганини эшитиб, ағрайиб қолди. Бунга ишонишни ҳам, ишонмаслигини ҳам билмасди. Наҳотки кап-катта, юртда юрган одам ёлғон гапирса?
— Тавба,— деди у оғир уҳ тортиб,— дунёда бунақа ишлар ҳам бўларкан?
— Шунинг учун айтаман-да, кўпам ношукурлик қилаверманг деб, қоқиндиқ, бола деганнинг шунақа ташвишлари ҳам бўлади, ҳа шукур қилинг, ўзингиз хон, кўланкангиз майдонсиз, ёмонми? Вой, гапам ўлсин, аллавақт бўлди-я, қани бўла қолинг.
— Опа, ахир мани биласиз-ку.
— Ҳеч айби йўқ. Азадор бўлсангиз ҳам бирров бориб кўнгил сўраб келишингиз лозим, тасаддуқ,— деди насиҳатомиз қўлларини пахса қилиб дастурхончи.
— Майлиз, қўсқимни ташлай бўлмаса,— деди итоаткорона Меҳриниса ва кийина бошлади.
Иқбол сатанг ҳовлидаги дарахтларга бирпас тикилиб турди-да, кейин ариқнинг нариги томонига ўтди. Олмадан биттасини узиб «Егинам демайсиз-а», дея пичинг қилди. Бу билан у: «Топилмайдиган жувонсану, қурумсоқлигинг борда», деган маънони англатмоқчи эди. Меҳриниса унинг бу гапини эшитмади, уйга кириб кетди. Иқбол сатанг йўғон озиқ тишлари ўрнидан ариқча қолдириб, қирмизак олмадан тишлади, оғзи бурушиб, бир сесканиб олди. Ҳасад биланми, хаваси келибми, дарахтдаги олмаларга тикилди, кейин энди кўраётгандек ҳовли саҳнини кўздан кечирди. Ҳамма ёқ чиннимоҳдек. Шунча дарахту, тагида битта барг кўринмайди. «Пеш тушганини пеш олиб турадими дейман,— ўйлай кетди у,— қачон қарасанг, ҳовлиси ёғ томса ялагудек. Саранжом-саришталиги-чи. Ҳаммаси салтисвойлигидан. Этагидан бошқа оғирлиги борми. Феъли торлигиям шундан бўлса керак. Шунча йил дастурхончилик қилиб, шу ҳовлида тўй тугул кичикроқ бир йиғин бўлганини билмасам-а. Номус кучлилик қилиб, рўзада ифторлик қилдиради. Шунгаям ҳушига ёққан бир-иккита қўшнини чақиради. Мунча титраб-қақшамаса. Тавба: Дунёдан нима олиб кетаркин?»
Иқбол сатанг маҳалладаги ҳар бир хонадонга неча марта тўй қилгани-ю, кимларга қандай саруполар қўйилгани, тортилган тўққиз-тўққизга қараб баҳо берарди. Қиз чиқариб, келин туширадиган хонадонда-ку, неча кунлар гирдикапалак бўлиб юрар, олди-солдига ўзи бошчилик қилиб, сарупо киймагунча кўнгли ўрнига тушмасди. Қиз билан йигитнинг бир-бирига кўнгли борми, муносибми, тўй қилишга қудаларнинг қурбилари етадими, йўқми, тушган келин, узатилган қиз тиниб-тинчиб кетадими, йўқми, бу билан унинг иши бўлмасди. Тўйнинг бош-қошида бўлса, сарупо кийса бас. «Бу дунёдан олиб кетадиганим шу. Икки ёшни қовуштиришдан катта савоб борми», дерди икки гапнинг бирида. Юрт бошига тушган кулфат тўй-ҳашамларни ҳам тўхтатиб қўйди. Кимнинг кўнглига тўй сиғарди шу кунларда. Иқбол сатангнинг юриши камайиб, топишининг тайини қолмади.
Уруш бошлангандан буён маҳаллада бўлган тўй Зоҳиданинг келин тушириши бўлди. Бу ҳам Иқбол сатангнинг зўри билан қилинди, «Бо худо, кўрганингиз қолади, Зоҳидабону, қўлингизда борида қилаверинг», деб далда берди. Кейин холи топиб қиз билан гаплашди, «Салимаой, бўйларингга қоқиндиқ,— қизнинг елкасига қўлини қўйиб, бошини силади,— сени кўрсам, ойингни кўргандай бўламан,— кўзига ёш олди Иқбол сатанг,— раҳматлик қизимни узатиб куёв кўрсам дий-дий армони ичида кетди, ниятига етолмади. Эгачимнинг арвоҳини хушнуд қилай. Ўзим бош бўлиб узатай, даданг ҳам бир нима демайди, менга… Онанг-ку, тавба қилдим деб гапирай, қутулганига шукур қилади. Биламан, сиқиласан, кун бермайди у, ўгай ўгайлигини қилади-да, болам. Обиджонга айт, тўйни тезлаштирсин», деганида Обиджоннинг номини эшитиб, Салима бир чўчиб тушди. Ўрталаридаги сирдан дастурхончининг хабардорлигидан ҳайрон бўлди, ўзини билмасликка олиб, талмовсиради. «Нима деяпсиз, хола, Обиджонингиз ким?» деди. «Эй, болам-эй, болам-эй, мени ҳеч нарсани билмайди, деб ўйлайсан шекилли, ҳаммасидан бохабарман. Кўнглинг ўшанда, у ҳам сени жонидан яхши кўради. Ўзиям йигитмисан, йигит-да. Қўлдан чиқарма. Ҳаммаси ўзингга боғлиқ. Айт, тўйни жадаллатсин», дея Салимани бағрига босди. «Қайси юз билан айтаман, хола? – деди ўйчан кўзларини ерга тикиб Салима. «Вой, кўнгил қўйганинг бекор экан-да, шу гапни айтолмасанг. Эртага шартта урушга кетиб қолса нима қиласан. Ҳарна кўрганинг ғанимат. Ажабмас, сени деб қолиб кетса…»
Орадан сал ўтмай Обиджон билан Салиманинг тўйлари бўлди. Иқбол сатанг ниятига етиб, ўзи бош бўлиб, икки ёшни қовуштириб қўйганига икки ҳафтадан ошди. Бугун Обиджон фронтга жўнайдиган бўлиб қолди. Тўйларида бош бўлган Иқбол сатанг энди ҳижрон кўчасига кираётган ёш келин-куёвдан кўнгил сўрамоқчи, Обиджонни кузатгани чиқмоқчи.
— Ҳой, Тожихонниям айтайми,— деди Иқбол сатанг Меҳриниса кийиниб чиқиши билан девор томонга ишора қилиб,— эри жўнайдиган куни Зоҳида елиб-югуриб хизмат қилганди. Эшитса, гина қилиб юрмасин,— у бўйнини чўзиб, ўзи чақирмоқчидай қўшни ҳовлига қараб қўйди.
— Рост айтасиз, опа, ҳозир чақираман,— деди Меҳриниса. У айвондан тушиб, девор тагига борди, қийшайиб турган курсига чиқиб чақирди. Тожихон кийиниб чиқадиган бўлди.
Улар Зоҳиданикига боришганда, қўни-қўшнилар тўпланишган, Зоҳиданинг ўзи бўғирсоқ пишириш билан овора эди. Айвоннинг бир чеккасида патир ясаётган келин меҳмонларни кўриши билан, унли қўлларини қоқиб ирғиб ўрнидан турди, ҳовли юзига тушиб, уларга салом берди, кўришиб бўлишгач, оҳиста айвонга чиқиб, чаққонлик билан янги кўрпача ёзди, илиқ табассум билан уларни ўтиришга таклиф килди.
— Омин,— деди пойгакка ўтирган Иқбол сатанг қўлларини очиб,— Обиджон ой бориб, омон келсин!
Келин салом бераётганида Меҳринисанинг юраги шир этиб кетганича, ўзини босолмас, ундан кўз узолмасди. «Наҳотки шу қиздан шунча ишлар келса?..» деб кўнглидан ўтказиб турганида, тик туриб чой узатаётган Салима олдига келди. Боягидек табассум билан пиёла узатди.
— Раҳмат, болам, кўп яшанг,— деди Меҳриниса келиннинг қўлидан чой ола туриб,— сиз бемалол хамирингизга қарайверинг, ўзимиз қуйиб, ичиб ўтирамиз.
Шундан кейингина Салима оҳиста супра ёнига бориб, тиз чўкди.
Меҳриниса унга тикилганча ўтирарди. Келиннинг қовоқлари қизарган, ширмойи юзлари сал синиққанлигини айтмаганда, ўзини тетик тутар, ора-сира меҳмонларга ер остидан зийрак қараб қўяр, бошига тушаётган ҳижрон азобини сездирмасликка ҳаракат қиларди. Унинг эпчиллик билан зувала ёйиб, патир ясаши, ўртасига чакич, чеккасига калит уриши, хинали нозик бармоқлари билан чимчилаб-чимчилаб гардишига кунгира солиши, эрини фронтгамас, курортга кузатаётган келинчакнинг ҳаракатларига ўхшарди.

Романнинг тўлиқ матнини (кирилл алифбосида) PDF форматда сақлаб олинг