Афғон
Соат миллари тунги иккиларга яқинлашганда, “дарди тамомила кўндаланг келган” ҳисоботимизга сўнгги нуқтани қўйдик.
– Яна икки соатдан кейин тонг отади, – дедим ўзимни оромкурсига таппа ташлар эканман. – Ҳисоботидан ҳам ўргилдим! Бир кун кечроқ берсак, осмон узилиб ерга тушмасди. Ёв бостириб келаётгандай, шоширишгани- шоширишган. Кошки, бу қоғозбозликдан бировга заррача наф бўлса!
– Чарчабсиз-а? – деди бўлим мудиримиз Ҳабибулло ака олдидаги қоғоздан бошини кўтармай. Қизиғи, унинг овозида ҳорғинлик ҳам, асабийлик ҳам сезилмасди. Гўё биз билан бирга икки ҳафта туну кун қоғоз титкилаб, ҳиссиз рақамларни солиштириб ўтирмаган-да, ёзги таътилини қора денгиз соҳилидаги оромгоҳларда роҳат-фароғатда ўтказиб, ҳозиргина ишга келиб тургандай. Ўйласам, ёши элликдан ошган, нафақат сочи, қалин қошлари ҳам аллақачон оқара бошлаган, қотмадан келган бу одамни уч йилдан – бўлимимизга ишга келганидан бери ҳар куни шундай тетик-бардам, хушчақчақ ҳолда кўрар эканман. Бировга овозини баландлатиб гапирганини, бирор нарсадан зорланганини эслай олмайман. У қўл урган иш охирига етмай қолмайди. Ҳабибулло ака тайёрланган ҳужжатга “республикада хизмат кўрсатган инжиқ” – раисимиз ҳам киприк қоқмай қўл қўяди.
“Йигитнинг гули кунига йигирма беш соат ишламаса, барака топмайди”. Мудиримизнинг яхши кўрган гапи шу.
–Ўзингиз-чи, ўзингиз чарчамадингизми?
– Ҳужжатимиз тайёр, ана энди бемалол бармоқ босаверсак бўлади, – деди у лотереясига ютуқ чиққан одамдай суюниб. Сўнг ҳисоботнинг бешала нусхасини ҳам шошилмасдан имзолаб, ҳар бирини кўк жилдларга алоҳида-алоҳида жойлагач, қаршимдаги оромкурсига келиб ўтирди.
– Худога шукур, чарчадим, – деди у одатдагидай салмоқланиб. – Мен сизга айтсам, ишлаб чарчашдан катта бахт йўқ. Тасаввур қилинг, бу дунёда неча минглаб, миллионлаб одамлар иш тополмай, топса дурустроқ ҳақ ололмай сарсон-саргардон. Тўшагига михланиб ётган бемор, майиб-мажруҳ қанча! Ўзи яхши кўрган иш орзусида бу дунёдан ўтиб кетаётганлар қанча! Мен шуларни ўйлаганимда шукур қиламан.
Ҳабибулло ака чойнакнинг устидаги бахмал ғилофини олиб, пиёлаларга чой қуйди. Дамланганига анча бўлганига қарамай чой совимаган экан.
– “Шукур” деганимда кўз олдимга бир афғон йигити келади, – деб гапида давом этди мудиримиз. (У бир вақтлар Афғонистонда икки йил тилмочлик қилганини билардим.) – Йигитки, ҳайбатидан от ҳуркади. Кунда-кунора қисмимизга иш сўраб келарди. Офицерлар унга ишонмас, душман томоннинг хуфияси деб гумон қиларди. Бир куни дардини эшитиб кўрсам, аксарият афғоннинг бошига тушган кулфат у бечорани ғам четлаб ўтмаган экан. Ейишга нони, кийишга кийими йўқ. Бир бошини олиб кетай деса, бола-чақасини, урушда ҳалок бўлган акаларининг етимчаларини, кекса ота-онасини кўзи қиймайди. Қишлоқда эса иш йўқ. “Бир мардум менга икки қоп ун бериб, ўзимни бир ой эшак ўрнида минса ҳам рози эдим, – деди у бир куни. – Лекин бунча унга камида тўртта эшак беради. Шунча эшаги бор одам мени бошига урадими?!” Унинг офтобда куйиб-қорайиб кетган юзида пайдо бўлган аянчли кулги ҳалигача кўз ўнгимдан кетмайди. Дор остига бораётган маҳкумлар шундай кулса керак.
Ҳабибулло ака пиёласидаги сўнгги қултум чойни ҳўплади-да, ўрнидан турди.
– Англаб етганим шуки, худойим ишлаб чарчаш саодатини ҳар кимга ҳам раво кўравермас экан. – У деразага қаради. – Бу ёқда тонг отай деб қопти-ю, фалсафа сўқиб ўтиришимизни қаранг! Ёз туни – қисқа. Тезроқ уйга бориб соқол-поқолимизни тарашлаб келайлик. Соат тўққизда иш бошланади…
“Ишбилармон”
Шийпондан чиқиб келган одамни дарҳол танидим. Пешонасида беш қиррали юлдузнинг изи қолган аскарча телпак, қалин пахталик кийган бу одам талабалик йилларидаги ҳужрадошим Нормурод ака эди.
Қадрдонларча қучоқлашиб кўришдик. Арзон вино ва тер ҳиди димоғимга гупиллаб урилди.
–Эсон-омон юрибсизми, Нормурод ака?
–Ўзингиз-чи?
–Шукр.
– Биздан сўрасангиз, ука, деҳқончиликка ўтдик. Қурилишда нон қомади. Ҳозир пул кимда? – У Холманга қаради. Фермер укам бир гапни сезгандай, эшитмасликка олиб, нари кетди. Нормурод ака ўзининг саволига секин, лекин қатъий жавоб берди: – Фермерда!
Унинг кўзлари бирдан чақнаб кетди. Гўё мени жуда махфий сирдан воқиф қилаётгандай, неча кундан бери тиғ тегмаган иягини кафтига ишқаб олди-да, шошилиб шивирлай кетди:
– Мен бу ерда қорнимни қашиб ётганим йуқ, ука. Деҳқончиликни ўрганяпман. Ишни зимдан кузатаман. – У гапимни бирор бегона одам эшитмаяптими дегандай, ён-атрофига аланглаб олди. Укам шийпонга кириб кетган, теримчилар эса узоқда – пахтазор оралаб юрарди. – Холман укангиз фермер бўлиб беш йилда ўрганган ишни мен бир ойда билиб оламан. Келгуси йили юз гектар ер олмоқчиман. Озроғига пахта экиб, қолганига дон сепиб ташлайман. Биласизми, ҳозир бозорда буғдой неча пул?
Биламан десам, суҳбатдошимнинг ҳафсаласи пир бўларди.
– Икки юз элликка чиқди! Сурхондарёда уч юз деб эшитаман. Етмиш гектар ердан ўттиз центнердан ҳосил олсам, қарабсизки, бир йилда пулга кўмилиб қоламан-да! Тўғрими?
Нотўғри деб бўлармиди:
–Пул топгунча, _ала топ. Қойил!
–Лекин, ука, гап ўртамизда қолсин.
Мен ваъдани қуйиқ қилиб хайрлашдим.
Бундан йигирма беш-ўттиз йил бурун, Тошкентда талабалик қозонини бирга қайнатиб юрган кезларимизда ҳам Нормурод аканинг бундай гурунглари кўп бўларди.
– Укажон, – дерди у, – ҳали кўрасиз, мен жуда бойиб кетаман. Қоп-қоп пулим бўлади. Шунда, биласизми, нима қиламан? Машина оламан! Энг зўридан. Машинанинг зўри қандай бўлишини биласиз-а?
Мен ҳеч қачон биламан демасдим. Десам, суҳбатимизнинг қизиғи қолмасди.
– Америкалик автомобиль қироли Форд айтган эканки, машинанинг энг зўри – янгиси. Мен ҳали бўёғи қуримаганидан оламан. Сизга қайси ранги маъқул?
–Оқи.
– Йўқ, оқи бўлмайди, қораси – зўр. Прокурорлар қорасида юради, шунисидан оламан-да, ука, қишлоққа миниб бораман. Олгунимча ҳеч кимга, ҳатто янгангизга ҳам айтмайман. Сюрприз қиламан. Уйнинг олдига борганимда сигналини босиб-босиб чаламан: биб-би-иб!..
У чираниб чалган сигнал товушини эшитиб, қишлоқ аҳлининг ярми уйидан югуриб чиқиши аниқ. Айниқса, кирчимолгина хотинию энди тетапоя бўла бошлаган ўғлининг қувонишини айтмайсизми! Умрида эшакдан бошқа улови бўлмаган отасининг-чи! Олти қизнинг ортидан уни тилаб олган онасининг-чи!
– Нормурод ака шу тобда симлари чўзилиб, ўртаси чўкиб қолган каравотда эмас, гўё “Волга”да ўтиргандай, деразага қарайди. Дераза ойналари музлаб ётибди, ҳеч нарса кўринмайди.
– Нормурод ака, – дейман, – машинани сотиб оласизми ё лотереяга ютмоқчимисиз?
–Сотиб оламан!
–Шунча пулни қаердан, қандай топасиз, ака?
–Ие! – У шунга ҳам ақлинг етмайдими, дегандай, қўл силтайди. – Оёғингизнинг тагига қаранг, ука, пул сочилиб ётибди-ку! Ана, қаранг.
Мен оёғимнинг тагига қараб, ранги ўчиб кетган “минг йиллик” шолчадан бошқа нарсани кўрмайман.
– Йўқ, сиз гиламнинг тагига қаранг, гиламнинг!
Аммо стол тагига энгашишга улгурмайман – ҳамхонам сапчиб туриб, шолчанинг четини кўтариб ташлайди.
–Бу нима? – У кўрсаткич бармоғини букиб ёғоч полни тақиллатди.
–Пол.
–Шу ёғоч пол неча марта бўялган?
Мен елка учираман.
–Билмайсиз. Ҳеч ким билмайди. Билолмайди. Энди мана бунга қаранг.
У тамаки тутунидан қорайиб кетган деворга муштини уради. – Бу неча марта сувалган?
–Мен қаёқдан билай?
– Ҳамма гап шунда – билмайсиз! Ҳеч ким билмайди. Институтни битириб, мен прораб бўламанми? Бўламан. Шунда нима қиламан? Қўлимда ишлайдиган сиздай укаларимга ёрдам бераман. Полни бир марта бўясангиз, ҳужжатга уч марта бўёқ сурди, деб ёзаман. Деворни бир марта сувоқ қилсангиз, икки марта лой урди, дейман. Ким билиб ўтирибди, тўғрими? Ортиб қолган материалини сотаман. Прорабнинг қўлидан, ука, минг хил нарса ўтади.
Мен конспект ёзишга тутинаман. У яна жойига чўзилиб, шифтга тикилади. Чамаси, нималарнидир ҳисоб-китоб қилади. Лекин узоқ ётолмайди. Яна туради. Секин эмас, сакраб туради.
– Бўлмайди, – дейди, – Ишни хом ўйлабмиз. Машинадан олдин тўртта костюм оламан. Иккита эмас, тўртта!
“Қизиқ, нега битта эмас, иккита эмас – тўртта?”- деб ўйлайман эринчоқлик билан. У хаёлимдан ўтган фикрни юз-кўзимдан ўқийди, чамаси, бажонидил изоҳ беришга тушади:
– Тўртталаси тўрт хил рангда бўлади. Қорасини мажлисларга кийиб бораман. Оқ кўйлак, қизил галстук билан. Жигаррангини – ишга, оқини тўй-ҳашамга кияман. Шерали Жўраевникига ўхшаган кулрангини эса жононларнинг олдига бораётганимда кўрасиз.
Менинг кулгим қистайди.
– Ҳа, нимага тиржаясиз? Шунча пул топсам-у, бу дунёдан битта хотин билан ўтаманми?..
Одатдагидай, эрталаб чойни дамлаб, Нормурод акани уйғотишга тушаман.
– Биринчи дарс – “тарих”, – дейди у кўрпадан бошини чиқармай. – Тарихни сиз ўқинг – журналист бўласиз. Прорабга математика ҳам етиб-ортади.
Аммо дарсдан қайтганимда уни яна тўшакда кўраман.
– Фикримдан қайтдим, ука, – дейди у жиддий. – Тўрт хил костюм олсам, одамлар фалончининг боласи босар-тусарини билмай қопти, деб гап қилади. Яхшиси, тўртта бир хилидан – кулрангидан оламан…
– Нормурод ака сенинг далангда нима қилиб юрибди? – деб сўрадим укамдан даладан қайтаётганимизда.
– Икки ой бўлди, шийпонда яшайди. Қоровул. Хотини уйдан ҳайдаб юборган.
Ичмайман
Эргаш – минг йиллик дўстим. У – рассом, мен – етакчи муҳаррир. Нашриётга бир вақтда ишга кириб, бир йилда уйланганмиз. Фарзандларимиз ҳам тенгдош – катталари ўн олтида бўлса, кичиклари ўн икки ёшда. Унда икки қиз, менда икки ўғил. Шунинг учунми, эрталаб газета-журналларга кўз югуртириб чиққанимдан кейин унинг хонасига бирров бош суқмасам, ўзимни носқовоғини йўқотган бангидай ҳис қиламан. Қўлим ишга бормайди. Лекин Эргашни эрталаблари менинг хонамга милтиқ ўқталиб ҳам олиб киролмайсиз.
–Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳу!
Нималарнидир чизиб ўтирган Эргаш сийрак сочли бошини асабий ирғаб қўяди. Мен билдирган самимий ва эзгу тилакларга жавоби – шу.
–Яхши дам олиб келдингизми, Эргаш Маманович?
Бу гал у бош қимирлатишни ҳам эп кўрмайди. Қаншарига қўндирилган гардиши йўғон кўзойнаги устидан ёвқараш қилади. Мен унинг бундай муомалаларига кўникиб кетганман. Шунинг учун парво ҳам қилмасдан ҳар хил бўёқ, тамакию спирт ҳидидан димиқиб кетган хона деразасини ланг очиб юбораман.
– Ҳавонинг мусаффолигини қаранг! Бизнинг эса каталакдай хоналарда тамаки тутунига кўмилиб умримиз ўтаяпти.
– Ичмайма-а-ан! – деб бақиради у . – Мени йўлдан урма! Адо бўлгур, адо қилдинг-ку!
– Билганингизни қилинг, Эргаш Маманович! Лекин баъзи-баъзида хонани шабадалатиб туриш фойдадан холи эмас. Бу ерда одам тугул суварак ҳам димиқиб ўлади.
Шундай деб хонамга равона бўламан ва сезаманки, Эргаш ортимдан қараб қолади. “Хафа қилиб қўймадимми?” деб ўйласа керак.
Соат миллари ўн иккига яқинлашганида таниш қадам товушлари эшитилади.
– Ўтираверамизми? – дейди Эргаш эшикдан бош суқиб. – Тушлик қилмаймизми?
– Тушликкача ҳали бир соату ўн етти дақиқа бор, – дейман мен девордаги соатга ишора қилиб. – Меҳнат интизомини бузишга ҳаққимиз йўқ.
– Бошни қотирма. Танглайим қақраб кетяпти. Бўл, бирор жойга борайлик.
“Фаолиятимиз”ни кўчанинг нариги томонидаги қаҳвахонада пиводан бошлаймиз. Эргаш кетма-кет икки бокални сипқоради. Лекин ҳовури босилмайди, чоғи:
–Майдалашиб ўтирмасдан асосий масалага ўта қолайлик, – дейди.
–Эртароқ эмасмикан? Ҳали пешин ҳам бўлмади-ку.
–Мен бугунги ишимни бажардим – расмларни техмуҳаррирга топширдим.
–Мен эса қўлёзмани уйга олиб кетиб ўқишим ҳам мумкин.
–Унда ҳеч кимдан қўрқадиган жойимиз қомабди.
–Овозга қўяман: асосий масалага ўтилсин деганлар қўл кўтариб тасдиқласин!
Таклиф бир овоздан қабул қилингач, столимизда “Столичная” пайдо бўлади. Биринчи қадаҳдан кейин Эргашнинг чиройи очилади:
–Битта савол бор, – дейди у.
–Хўш?
–Нега сени кўрсам ичгим келавераркан-а?
–Билмадим, жўра. Мен сени кўрсам, овқат ҳам егим келаверади.
Биттадан лағмон буюрамиз. Лекин Эргаш овқатга қўл урмайди – сув билан “газак” қилади. Бу орада менинг томоғимдан иккита сомса ҳам ўтиб кетади.
-Мендан на Ўрол Тансиқбоев чиқди, на Рўзи Чориев, – дейди ҳамшишам. – Не-не орзуларим бор эди. Ўтирган жойимизни қара!
У столга муштлайди, қадаҳлар жаранглаб кетади.
– Молодой человек не надо буянить! – дейди официант хотин. – А то милицияни чакэрам!
–Ўзингни бос! – дейман. – Мен ҳам Абдулла Орипов бўлолмадим. Лекин ўлганим йўқ. Юрибман.
–Энди нима қиламиз, жўра, нима қиламиз?
–Нима қилардик, худо деб яшайверамиз-да. Биз етолмаган нарсаларга, ана, фарзандларимиз…
–Сенга нима, ўғилларинг бор.
–Ношукр бўлма.
Оқшом чоғи Эргашни кўчасининг бошида қолдириб, ўзим уйга қайтаман.
Эрталаб хонасига кирганимда у яна асабий ўшқиради:
–Ичмайма-ан! Мени йўлдан урма!
Ойна
Торгина қабулхонада уч киши ўтирибмиз. Совуқдан жунжиккан котиба шол рўмолига ўранганича нималарнидир қитирлатиб ёзаётир. Яна мен ва оқ-сариқдан келган қилтириқ бир одам. Унинг бурни тагидаги қўнғиз мўйлабида томчи ялтирайди.
– Мухбирман денг? – деб ижикилаб сўрайди у: гап сотгиси келаётгани кўриниб турибди. – Мақтайсизми ё урасизми?
– Кимни? Нимани? – дейман мен энсам қотганини сездирмасликка тиришиб.
– Кимни бўларди, каттамизни-да. – У “Раис” сўзи ёзилган тахтача осиғлиқ залворли эшикка ишора қилади: – Мен шу хўжаликда ўттиз йилдан бери дурадгор-устаман. Э-э, кимлар келиб-кетмади бу хонага! Аммо бунақа раҳбарни кўрмаганман. Илгари ҳам институтни битириб келиб, икки-уч йил инженерлик қилган шу ерда. Кейин шаҳарга кўтарилиб кетди. У ёқда катта лавозимларда ишлаган деб эшитаман. Раис бўлиб келди-ю икки ҳафтада ҳамма ишни ўз йўриғига солиб олди. Каттаю кичикни зириллатади.
–Ўзингиз қандай ташвишлар билан юрибсиз? – деб сўрайман.
–Арпага ариза билан келдим. Қўйларимнинг еми тугаб қопти. Искалатда ғалла кўп. Биз ҳам беш-ўн кило олсак, камайиб қолмас.
Қўнғироқ сас берди.
–Киринг, – деди котиба ҳамсуҳбатимга.
–Ҳали сизни кутиб тураман, – деб шивирлади қўнғизмўйлов ўрнидан турар экан. – Раисимиз ҳақида айтадиган яхши гапларим кўп. Мен уни муштдайлигидан биламан.
Бирпасдан кейин у шалвираганича қайтиб чиқди.
–Иш битдими?
У кулимсиради. Кулгиси ўғирлик устида кўлга тушган одамнинг эсанкирашига ўхшарди.
–Йўқ.
–Нега?
–Аризамга қўл қўйса, энаси қисир қолармиш.
–Кимнинг?
–Кимнинг бўларди, раиснинг-да!
Котиба қалин лаблари орасидан ҳар бири милтиқнинг ўқидай келадиган сўйлоқ тишларини кўрсатди.
–Нима деди ўзи? – деб қўймадим мен ҳам.
–Отасидан қолган деразани эслади! Олти йил бурунги гап-а!
–Қанақа деразани?
–Илгари шу ерда инженер бўлган эди, дедим-ку боя…
–Хўш?
– Хўжалигимизнинг каттакон гаражи бор, шу гаражнинг деразасидаги бир кўз ойна синиб қолган экан. “Уста ака, шуни ойналаб қўйинг”, деди. “Хўп”, дедим. Дедим-у, савил, қунт қилмаган эканман. Бу орада ўзи шаҳарга ишга ўтиб кетди. Ҳозир шу деразани эсласа бўладими! Аризамни ўқиб чиқди-да, қайтариб олдимга ташлади. “Аввал деразани ойналанг, кейин гаплашамиз”, деди. Ў-ў, қиёмат, олти йилдан бери эсида турган экан-а!..
–Энди нима қилмоқчисиз?
– Нима қилардим? – уста почапўстинининг тугмасини қадар экан. – Итнинг феъли эгасига маълум – ҳозир бориб ойна қўймасам, аризамни қўлига олмайди , бу нонемас!
Учинчи одам
–Алло, гаражми?
–Ашшалому алайкум!
–Бу гаражми?
–Ашшалому алайкум!
–Мен сиздан гаражми, деб сўраяпман!
–Мен шижга ашшалому алайкум деяпан!
–Сиз ким билан гаплашаётганингизни биласизми ўзи?!
–Менга байибий!
–Мен директорман!
–Менг деса обкўм бўмайшижми! Аввл салом бейишни ўйганинг.
–Э-э, аҳмоқ одам экансан-ку!
–Жоти паш! Туф-фу!…
* * *
–Алло, инженер, сизмисиз?
–Ассалому алайкум! Ўзимман, директор бува.
–Анави носкашни қайси аҳмоқ гаражга қоровул қилиб қўйган, ўзи?
–Ориф аканими?
–Муомаланинг кўчасига кирмаган бефаросат экан-ку! Биров билан гаплашаётганида, ҳеч бўлмаса, оғзидаги носини тупурай демайди.
–Нима бўлди?
– Нима бўларди, сизни сўраб телефон қилмас, салом бермадинг, деб менга ақл ўргатади. Калака қилади. Худо урган одам экан-ку.
– Қўйинг, хафа бўлманг. Сал ўжарлиги бор. Лекин ўзи яхши одам. Салом бермаганни ёмон кўради, холос. Ҳаммамиз гаражга кираётганимизда ҳам, чиққанимизда ҳам саломни канда қилмаймиз у кишига. Балки сизни танимагандир.
–Ишдан ҳайданг. Шунда яхшилаб таниб олади.
– Бундай қилолмайман, директор бува. Жўжа бирдай жон. Ўн икки йилдан бери қоровул бўлиб ишлайди. Ишига гап йўқ.
– Шундай катта корхонанинг куни қаердаги носкашга қолган бўлса, сиз нима қилиб юрибсиз? Эртага аризаси столимда бўлсин!
–Бундай қилолмайман, катта бува. Жанжал чиқади.
–Ие, нимага жанжал чиқади? Тилингиз қисиқми ё?..
–Нима десам экан… Аброр Нурмановичнинг амакиси бўлади.
–Қайси Аброр Нурмановичнинг? Трест бошлиғинингми?
–Ҳа.
– Ҳим. Пишқириши… дадил-дадил гапиришларидан сезгандай бўлувдим-а. Да-а… Кўчада ётган ходани боссанг, илон бўлиб чақади…
* * *
–Ассалому алайкум! Қоровул бува, сизмисиз?
–Ваалайкум ассалом! Ўзим, ўзим.
–Ҳорманг! Тинчликми, ишқилиб?
–Саломат бўлинг. Тинчлик.
–Директорнинг гапига қараганда, тинчликка ўхшмайди-ку.
–Дарров чақипти-да? Сизга гап тегизибман-да, ука. Об-бо!
–Нима ҳам қилардик, раҳбаримиз-да. Боши – ёш. Ўрганиб кетар.
–Нима деди?
–Нима деганини қўяверинг. Сиз – ҳақсиз.
–Раҳмат, ука! Умрингиздан барака топинг!
–Айтганча, Аброр кимингиз бўлади?
–Қайси Аброр?
–Аброр Нурманович-чи, бошқарма бошлиғи.
–Ҳеч кимим. Ундай одамни танимайман.
– Мабодо директор Аброр Нурманович кимингиз бўлади, деб сўраб қолса, “жияним” деб қўярсиз.
–А? Ҳа-а. Хўп-хўп. Тушундим.
–
«Тафаккур» журнали, 2006 йил 3-сон.