Лион Измайлов. Мулоқот қурилмаси (ҳажвия)

Бир аёл эрини дафн этиши керак эди. Маҳкамага келди ва тобутга буюрт­ма берди. Ҳаммасини келишди – ўлчамлари, материали, энди пул тўлашга ҳозирланаётганда сотувчи унга деди:
– Мулоқот қурилмаси-чи, қўямизми?
– Қанақа қурилма?
– Бизда энди янги хизмат тури бор – тобутга марҳум учун мулоқот қурилмаси ўрнатяпмиз.
– У ким билан мулоқот қилади?
– Сиз билан.
– Мен билан, қандай?
– Шундай. Сиз буёқда, юқорида. У у ёқда, пастда. Унда микрофон ва узатувчи қурилма, сизда – қабул қилгич. Агар у сизга нимадир демоқчи бўлса, тугмачани босади ва гапиради.
– Ахир у тугмачани қандай босади?
– Қўли билан.
– Ахир унинг қўли ишламайди-ку.
– Демак, унда иккинчи қўли билан.
– Нима, унда иккинчиси ишлайдими?
– Бўлмасам-чи? Гаплашишни истаса, тугмачани босади, нима хоҳласа, сизга айтади.
– У нимани хоҳлайди?
– Нимани бўларди? Сиз билан гаплашгиси келади.
– Нима ҳақида гаплашгиси?
– Нима ҳақида бўларди? Унда битта мавзу бор.
– Қанақа мавзу?
– Ҳа, тириклигини, соғ-саломатлигини айтади. Тепага чиқаришни сўрайди.
– Қандай қилиб тепага чиқаришни сўрайди, ахир у ўлик бўлса?
– Ҳа, ўлик бўлса сўрамайди, агар тирик бўлса-чи?
– Қандай тирик бўлади?
– Шундай. Ўтган йили биттасини дафн этишувди, кўмишни ҳам бошлашувди, у ичкаридан қопқоқни тешиб чиқди ва ҳаммани ҳақорат қила кетди.
– Ие, нимага ҳақорат қилади?
– Чунки ҳали кайфи яхши тарқамаган экан.
– Нима, уни тиригича дафн этишмоқчи бўлишганми?
– Ҳа-да. Унинг ўлгудек маст бўлганини билишмаган-да. Шунчалик бўкиб ичганки, юрак тўхтаб қолган. Ҳамма уни ўлди, деб ўйлаган, у эса ҳамма тириклардан ҳам тирикроқ бўлган. Яхшиям ўз вақтида уйғонган. Агар кўмиб бўлишгандами, тамом эди. Агар унда мулоқот қурилмаси бўлганда, у ёқдан ҳам бемалол…
– “Бошоғриқ” қилишни сўрармиди?
– “Бошоғриқ”нинг нима алоқаси бор? У ёқда туриб ҳаммани ҳақорат қиларди, тезроқ чиқаринглар, тирикман, ҳали ҳаммасини ичиб бўлганим йўқ, дерди.
– Лекин менинг эрим ичмасди.
– Нима қипти? Ана, ярим йил аввал биттасини дафн қилишувди. Қабрга қўйилган янги гулчамбар устига бир пиёниста ётиб туш кўрибди. Тушида кимдир бақирармиш: “Эҳ, онангни эмгурлар, нимага хонада чироқни ўчиришди?” Пиёниста уйғонсаям қичқириқ давом этармиш: “Чироқни ёқинглар, бўлмаса ҳаммангнинг пачағингни чиқараман!”. Пиёниста қоровулга борибди. Ишчиларни чақириб, ковлаб чиқаришса кўмилган кимса тип-тирик экан! Летарлик уйқуга кетганмиш. Агар пиёниста шу қабрга ётмаганда, тамом, бир одам нобуд бўларди. Агар унда мулоқот қурилмаси бўлганда, у уйғонарди-да, тугмачани босиб, хотинига дерди: “Нюра, мени чиқариб олиш вақти келди!”.
– Ва Нюре ҳам омонатини топширарди.
– Агар қурилмага буюртма берган бўлса топширмасди. У бу хабарни кутган бўларди. Қани энди, қурилмага буюрма берамизми ёки шу ҳолича қолдирамизми?
– Қимматми?
– Агар бир томонлама бўлса, юз доллар. Агар ҳам у ёққа, ҳам бу ёққа бўлса икки юз.
– Ҳам у ёққа, ҳам бу ёққаси нима учун?
– У сиздан ниманидир сўрайди, сиз жавоб берасиз.
– У нимани сўрайди?
– У нимани сўрашини мен қаердан биламан? Эҳтимол об-ҳаво қандайлигини ёки “Спартак”нинг қандай ўйнаганини сўрар.
– У ёқда унга “Спартак” нимага керак? У фақат бир нарсани – мени чиқариб оласизларми, йўқми, деб сўраши мумкин.
– Демак, у сўрайди, сиз жавобига ҳеч нарса демайсиз, у чиқариб олишадими, йўқми, билолмайди.
– У ёқда, қоронғида мулоқот қурилмасини қандай топади?
– Мана бу ўринли савол. У уйғонади, атроф эса қоп-қоронғи, шунинг учун ҳам яна бир янги хизмат тури – тобутни ёритишни таклиф этаман. У уйғонади, у ер ёруғ, худди кундузгидек ва қурилмада ёзилган: “Мулоқот қурилмаси. Тугмачани босинг”. Ҳаммаси юз евро.
– Ҳа, уни ковлаб олишгунча икки соат ўтади.
– Камида. Бу аниқ.
– Нима, у икки соат оч ўтирадими?
– Мана бу тўғри савол. Шунинг учун бизда янги хизмат тури бор – тобутга енгил озиқ-овқатлар ҳам қўямиз. Чала дудланган батон, бир жуфт апельсин, ҳар хил консервалар. Очқич ҳам бор. Санчқи, пичоқча. Одам ўзини қулай ҳис қилсин-да. Буям юз евро холос.
– Нимадир етишмаяпти.
– Ҳа, унга китоб керак. Охирги газеталар. Мана, нима етишмаяпти. Ахир у охирги уч кунги газеталарни ўқигани йўқ-ку.
– Бу ҳам юз евроми?
– Йўғ-э, бу текин. Таннархи бўйича. У ерга ўзларингиз китоб ва газеталарни соласизлар.
– Ҳа, майли.
Аёл уч юз доллар тўлади ва ўзини марҳум олдидаги бурчини бажарган ҳис қилиб кетди.
Сотувчи эса пулни санар экан, ичаги узилгудай узоқ кулди.

Рус тилидан Ҳабиб Сиддиқ таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 11-сон