Келгуси якшанба куни қайнонаси олтмиш беш ёшини қаршилайдиган куёвдан бўлажак юбилейга нималар лозим? Айниқса, куёв деганимиз шаҳарнинг фирқачи зодагонларига мансуб энг баҳаво, тоза-озода, сокин даҳасида, ҳайҳотдай ҳовлининг тўридаги уч хонали шинам уйда, икки фарзанди аржуманди билан ўйнаб-кулиб яшаётган, яна денг, ўша ҳовли ҳали байталдай тойранглаб турган қайнонанинг хос мулки бўлса! Қолаверса, қайнона кўзининг оқу қораси – қизига уйланганидан бери ўша йигитни суяб-судраб, қўллаб-қўлтиқлаб келяпти ҳам. Шу кунларда меҳрибон аёлнинг тағин бир орзуси ушалди – куёвини обкомдек нуфузли идоранинг шуъба мудири лавозимигача “кўтариб юборди”. Бундай куёв, агар инсофи бўлса, қўлидан келганини қилади. Камида, шанба куни эртароқ туриб, бозорга тушади. Якшанбада юртнинг оқсуяклари ҳузури муборакка келадиган хонадонда бўлажак зиёфатнинг тадоригини кўради.
Шержон Пирриев шундай қилди.
Бунгача, жума куни, ҳукуматнинг хос магазини мудирига сим қоқиб, унинг ҳузурига бориш иштиёқини билдирди. Ишни телефонда битиришни, бир чеккаси, одобсизликка йўйди. Шу баҳонада дўкондор билан яхшироқ танишиб олиш ниятиям йўқ эмасди. Мудир ҳам бундай илтифотдан боши осмонга етгандек, тужжор қавмига хос хуш такаллуф билан дарҳол рози бўла қолди.
Ҳовлисининг баланд дарвозасидан катта-кичик машиналар кириб-чиқиб турган дўконда юбилейдан гап очди. Ўртабўйгина, тепакалгина, юз-кўзларига ҳадик ва шубҳа гўё муҳрлаб қўйилгандай мудир – Учқун Долиев унинг гапини нуқул бош ирғаб эшитгач, оҳистагина: “Хабарим бор”, деди. Сўнг: “Харид қилинадиган нарсаларнинг рўйхати берилса”, деган истак билдирди. Хуллас, Пирриев ўша куни уйига қўйни-қўнжи тўлиб-тошиб қайтди: “Столичная” арағи, мусаллас, шампан виноси, уч хил – мол, қўй, курка гўшти, гуруч, пишлоқ, сариёғ, қораю қизил икра, қаҳва, димланган ва димланмаган колбаса… Ширинликдан – “Қорақум”. Шўъба мудирининг қарийб бир ойлик насибаси – паёги. Буларнинг барчаси хизмат машинасига жойлангач, дўкондор харидорнинг изидан икки шиша “Белый аист”ни четан саватчада кўтариб чиқди: “Опага биздан арзимас совға. Табригимизни етказиб қўйинг, ўртоқ Пирриев”.
Жума кунлари бериладиган паёкка насибаси қўшилган дастлабки ҳафталарда йигитнинг виждони қийналгандек бўлди: “Авом бир пиёла шакарга зор”. Бора-бора таскин йўлини топди: “Ҳар кимга ато қилгани”.
У бозордан ҳўлу қуруқ мева, обинон олиб, “Жигули”сининг багажнигига солгач, гўшт растаси томон юрди. Қази олишни унутган эди.
Бетартиб расталар, омонат дўконлар, ёймачилар, тиланчилар, аравакаш-ҳаммолларнинг орасидан туртиниб-суртиниб ўтиб, қазичиларга йўлиққунича бўлари бўлди. Сарғимтил газета қоғозига ўралган иккита қазини ўн олти сўмга келишди. Пулини тўлаш учун курткасининг чўнтагига қўл солган эди, юрагида юрак қолмади: ҳамёни йўқ! Шоша-пиша ҳаммаёғини пайпаслаб, тинтиб, титкилаб чиқди. Йўқ!
– Узр, ука, – деди жаллобга. – Ҳамёним… Уйда қолганга ўхшайди.
– Ҳечқиси йўқ… Хуфтонгача келаверинг, ока. Шўттамиза.
Пирриев нари кетди ва торгина бетон зиналар четидаги темир тўсиққа суяниб қолди. Эрталаб ҳамёнига ўн бешта қизил ўн сўмлик солганини эслади. Кўпи билан эллик-олтмишини сарфлагандир? Демак, юз сўмча қолган. Ҳаппа-ҳалол пули.
Лоп этиб ҳамёнида ишхонасидан берилган гувоҳнома ҳам борлиги ёдига тушди. Чақмоқ ургандай бўлди. Саркотиб имзо чеккан ҳужжат! Мактаб аттестати эмаски, дубликатини олсанг. Ҳолинг хароб, Пирриев, деб пичирлади. Ҳаммаси онасининг қорнига кириб кетди! Уч ой аввал иш бошлаган лавозими ҳам, истиқболда не бир умидлар билан кутаётган мансаб-мартабалар ҳам, обрўси ҳам. Обкомдан бошини хам қилганча чиқиб кетаётгани, ортидан ачиниш билан қараб қолаётган дарбонлар, уйида ҳўнг-ҳўнг йиғлаётган хотини кўз олдига келди. Танасини совуқ тер босди.
Кўкдан этни жўнжиктирувчи томчилар шитоб туша бошлади. Ҳали-замон оломон ўзини уй-уйига уриб, ғала-ғовур бозор майдони бўшаб қолади. У кўк курткасининг ёқасини кўтариб олди.
“Қуёнюрак! – деб пичирлади. – Бунча титраб-қақшамасанг! Бошинг ҳали кундага қўйилгани йўқ-ку!”
Биларди, ўлдим деганда, ими-жимида ишдан ҳайдалади. Пойтахтнинг қоқ марказида, неча замонлар бурун тексланиб кетган қадимги Тупроққўрғон ҳудудида савлат тўкиб турган обкомнинг кулранг биноси кўз олдидан ўтди. Айни иморатда бундай тавқилаънат қулоғига исирға қилинганнинг шўри қурийди. Кейин… Кейин одам тугул, на ит саломингга алик олади, на кунинг битса, жанозангга келади. “Урилган”дан ҳамма моховдан жиркангандай етти чақирим нарига қочадики, кунинг гўяндага қолгани шу. Тутуруқсиз замон оломоннинг елкасидаги тобутдай қалқиб турибди.
Майли, деб яна ўзига таскин берди у, нари борса, “КПСС тарихи”дан дарсимни ўтиб юравераман. Талабалардан имтиҳон оламан: “Хўш, қани, айтинг-чи, йигитча, большевиклар партиясининг учинчи съезди қачон ўтган? Унда қандай масалалар кўрилган?..” Ўлмайди. Кунини кўриб кетади. Илмий даражаси бор. Ўшани-ку ҳеч ким тортиб ололмас! Ахир Москвада, Ижтимоий фанлар академиясида уч йил ўқиган. Олимлар рўйхатига илинган. Доцент!
Дафъатан уни янада баттарроқ кўргилик кутаётгани эсига тушди. Тушди-ю, оёғидан ўқ егандай тиззалари букилиб кетди. Қайнонасининг қаҳрли нигоҳи, важоҳати, ўшқиришлари кўз олдидан ўтиб, кўнгли буткул вайрон бўлди. “Энди мени ейди! – деган гап миясида тинимсиз чарх ура бошлади. – Гап билан тилка-тилка қилади!”
Қайнона куёвини бу дунёдаги энг ношуд, қўймижоз, ўзини эса энг ақлли, серғайрат ва уддабурон аёл деб кўрсатишдан лаззатланади. Пирриевнинг бу аҳволга тушганини билса борми, туғилган кунию юбилейи четда қолиб, лабларининг икки чеккаси кўпик бойлаганча жазавага тушиши аниқ: “Ҳужжатиники авайлаб-асрашни эплай олмаган нодондан яна нимани кутиш мумкин? Айтинг, яна нимани кутиш мумки-ин?!.” Кампиршонинг кунда-кунора қорага бўяб, тикрайган қулоқларини бекитиб турмаклайдиган сийрак сочларининг қолгани ҳам тўкилиб, адои тамом бўлади энди! Олтмишдан ошмай охир бўлгур, шумкампир!
Пирриев адашиб қолган мушук боласидек бошини қаёққа уришни билолмай бозор кезарди. Бу макон энди кўзига ўғри-каззоблар изғиб юрган, хавф-хатарга тўла бўлмағир жойдай кўринарди. Оёқлари уни боши оққан томонга бошлаб борар, ҳеч нарсани илғамас ва англамас эди. Бошини кўтариб, ўзини наридан-бери оқланган пастқамгина бино олдида кўрди. Илгари бу ерда тикувчилик цехи – ателье бўларди, чамаси. Энди ички ишлар маҳкамасининг таянч идораси.
Ё остидан, ё устидан! Оёғи кесилган одам ҳам ўсиб чиқишидан умидвор яшаркан. Жиллақурса, маслаҳат беришар.
Қирқни қоралаб қолган капитан, ўрнидан турмай саломлашган бўлса-да, арзчининг гапини бўлмай эшитди. Ҳурматини жойига қўйгани шу-да.
Сўнг унга ўйчан тикилди:
– Қаерда ишлайсиз ўзи?
– Қаерда ишлашимни сўраманг, ука. Тўғрисини айтолмайман. Сиздай инсонга ёлғон гапиришга эса тилим бормайди.
– Тушу-унарли, – деди тагдор қилиб офицер. – Демак, йўқолган ҳужжатингиз паспортдан ҳам муҳимроқ… Тушу-унарли-и… Нозикроқ жойда ишлайсиз, шекилли? Майли. Бунисининг бизга иссиқ-совуғи йўқ. Лекин, ака, ҳозир киссавур зоти ёмон қовуннинг уруғидан ҳам кўпайиб кетган. Худо бас келмаса, бандасининг қўлидан келмайди.
– Биламан, биламан, – деди Пирриев бетоқат. – Аммо, ука, бир уриниб кўрилса, зарар қилмас. Топмасак, аҳвол чатоқ…
– Тушу-унарли.
– Яхшилигингизни унутмайман.
Капитан унга яна синовчан тикилиб турди-да, туйқусдан:
– Оғзингиз маҳкамми, ишқилиб? – деб сўради.
– Албатта. Ёш бола эмасман-ку! – Илтимосчи ўйладики, бунинг ҳам танглайи пул билан кўтарилган экан. Яхшиям қаерда ишлашимни айтмадим. Бошқа пайт бўлганда, битта қўнғироқ билан эмаклатиб ташлардим бунга ўхшаганларни.
– Унда, ака, бундай қиласиз. – Капитан яқинроқ сурилиб, тушунтира кетди. – Ҳозир эшикдан чиқасиз-да, мана шу ўтирган биномизнинг орқасига ўтасиз. Олдингиздан зина чиқади. Ўша зинадан пастга, ертўлага тушиб, чап қўлга юрсангиз, икки табақали баланд эшик келади. Эслаб қолинг. Икки табақали! Чертиб, тақиллатиб ўтирманг тағин. Зарб билан, иложи бўлса, тепиб киринг. Очишингиз билан иккита дев олдингизга кўндаланг бўлади. “Топор”ни сўрайсиз…
Пирриев офицернинг қорамағиз юзидан кўзини узмай ижикилаб сўради, капитан майдалаб тушунтирди. Сўнг, гап тамом, дегандай ўрнидан турди.
– Кечирасиз, ука, шу… Шу иккаламиз бирга борақолсак…
– Йўқ! – чўрт кесди участка бошлиғи.
– Узр.
– Аммо гап ўртамизда қолсин. Мабодо биров сўраб-нетиб қолса, мен сизни кўрганим йўқ. Тушу-унарлими?
– Ҳа, ҳа. Тушунарли.
– Унда, тезроқ қимирланг. Ишингиз битганидан кейин… Қарайсиз-кўрасиз… У ёғи энди ҳимматингизга боғлиқ…
– Албатта, албатта. Олдингизга келаман. Сизни рози қилиб кетаман.
– Ақлли одамлар доим шундай қилади ўзи. Хайр.
– Миннатдорман, ука.
– Дарвоқе, ака, – бошлиқ яна кулимсиради. – “Топор”, сизни ким юборди, деб сўраса, мени айтинг. Капитан Йўлдошев юборди, денг. Хўпми?
– Хўп, – қўлини кўксига қўйди Пирриев. – Лекин бирга борсак…
– Йўқ дедим-ку! – яна гапини чўртта кесди капитан Йўлдошев. – Совет милицияси ўғрилардан ҳазар қилади. Дадилроқ бўлинг, ахир. Фронтга кетмаяпсиз-ку!..
Дилининг туб-тубида заиф бир илинж пайдо бўлганига қарамай, хаёлини босиб ётган қора булутлар барибир тарқалмади. Бир ками, дордан қочган ўғрининг олдига ялиниб бориш эди. Пирриев довдираганча ташқарилади. Қайнонаси қизига айтган гап эсига тушди: “Эринг – ўтмас пичоқ! Кесиб гапирган куни ўлади”.
“Йўқ, бораман! – деб пичирлади Пирриев иморатнинг орқа томонига ўтар экан, қароридан қайтиб қолишдан чўчигандек. – Қиёмат қўпмас! Қани энди, “Топор” жонивор нима каромат кўрсатаркин”.
Бинонинг беткайига салобатли машиналар қатор териб қўйилган. Зина олдидаги бир парча ер оройишда. Самбитгул, намозшомгул, райҳон… Сарғайиб сўлий бошлаган бўлса-да, гулзор атрофи тоза-озода.
У зиналарга қадам қўйиш олдидан атрофига аланглаб олди. Кенг-мўл ертўланинг ичкариси ҳам ташқарисидек саранжом-саришта, ёруғ. Чиннидек ялтираган мармар полга оёқ босишга ийманасан киши.
Залворли эшикни итарган эди, очилмади. Ялтираб турган ҳашамдор мис қабзани шарақлатиб босиб, тиззаси билан қаттиқ туртди. Хайрият, очилиб кетди ва иккита баҳайбат кўланка йўлини тўсди:
– Ўв-в, нима қилопсиз?
– Кўрмаяпсанми нима қилаётганимни? “Топор” борми?
– Кимсиз ўзи?
– Кармисан, нима бало? – дея пишқирар экан, Шержон Пирриев ўзини учига чиққан каззоблардек ҳис қилиб кетди. Умрида бундай сурбетлик, бундай қўполлик кўчасига кирмаган одамнинг важоҳату ваҳимасини кўрмайсизми! Бўлган воқеаларни оқшом хаёлидан ўтказар экан, ёқасини ушлайди. Шайтон йўлдан урса, дуппа-дуруст бандасиям йиртқич ҳайвонга айланиб кетиши ҳеч гап эмаскан, деб мулоҳаза қилади. Инсон фарзандининг сондан чиқиши шу қадар осонми?
Қаҳрли овозини баландлатди:
– Айт, “Топор”га, Шер акаси келди!
Ич-ичидан кўтарилиб келган тизгинсиз алам, ҳаяжон ва хавотирни сездирмаслик учун йўталган киши бўлди.
Давангирлардан бири ҳошияларига қизил чизиқ тортилган баланд эшикни очди-ю, кўздан йўқолди ва дарҳол изига қайтди. Иккинчиси Шержоннинг чўнтаклари, биқини, қўлтиғи ва болдирларини астойдил пайпаслаб чиқди. Каллакесарлар ҳақидаги фильмлардагидай.
– Киринг.
Узун ва кенг хонанинг тўрида, заранг дарахтидан қадимий оврўпа услубида ишланган бақувват қизғиш стол ортида от юзли бир одам ўтирарди. Калта кузалган, мошкичири соқолини демаса, қиёфаси таниш. У хаёлини йиғишга улгурмади, мезбон ўрнидан даст туриб, қучоғини очди:
– Ассалому алайкум, ўртоқ Пирриев! Ўзингизмисиз?
Шержон унга таажжуб билан тикилиб турди-да, бирдан ҳайқириб юборди:
– Ўринбой! Сенмисан?.. Вой, азамат-эй!..
– Яна ким бўлиши керак! “Шер ака” деб одамни қўрқитиб юбординг-ку, шолғомбурун!
Қучоқлаша кетишди. Ўринбойнинг кафти тошдай қаттиқ ва дағал эди. Ҳалиям спортни канда қилмапти, деган фикр хаёлидан ўтди меҳмоннинг. “Топор” териси тор, семирмайдиган, чайир одамлар хилидан. Кўм-кўк томирлари бўртиб турган ўнг қўлига зулматда чаққан чақмоқ расми – тату чизилган. Оқариб кетган сочлари анча сийрак тортиб, кенг пешонаси ялтираб қолибди. Қошлари қоп-қора. “Бўяб олган” деб тахмин қилди меҳмон.
Шержон Пирриев собиқ синфдошини кўриб қанчалик суюнган бўлса, энди дили шунча ғашлана бошлади. Келиб-келиб ўғрибошининг олдида жавдираб ўтириши давлат одами деган номига сира тўғри келмас, ҳатто шармандалик бўлиб туюларди. Бандасининг толейи паст бўлса қийин. У шашти сўна бошлаганини сездирмасликка тиришиб, нуқул илжаяр, кўзини қаёққа яширишни билмасди. Фалакнинг гардишини қарангки, бири – ғирт ўғри, иккинчиси, ўртамиёна бўлса-да, амалдор.
– Қадамларига ҳасанот, – манзират қилган бўлди мезбон. Собиқ мактаббачалар ўртасини пастқам стол ажратиб турган салобатли икки оромкурсига чўкдилар. Танимаган одам бу ҳашаматли кабинет, гиламлар, мебеллар, қандилларни кўриб, Ўринбойни Марказқўм секретари деб ўйлаши мумкин. Салобатли манзарани бузиб тургани – “Топор”нинг қоматига ярашиб тушган спортчилар костюми.
– Бу нима қилиқ, Ўринбой? Юмронқозиққа ўхшаб бекиниб опсан?
– Нима қилай? Ҳашаматли саройларни – сенга, пана-пастқам кавакларни менга насиб қилган экан-да, братан.
У кенг столига узалиб, очиқ турган қандайдир журнални олди. “Огонёк” экан.
– “Дунёдаги энг узун дарё”, – деди русчалаб ва мамнун ишшайди. – Бунисини осонгина топдик. Нил. Нил дарёси, албатта. Хўш, кейингиси. “Патронташ” сўзи қайси тилдан олинган?” Бешта ҳарф.
– Ўзбекчага ўхшайди, – деди ҳайрон ўтирган Пирриев. – “Тош”и бор-ку. Бешта ҳарф.
– Йў-ўқ. Охиридаги ҳарфи – “с”… Топдим! То-опдим-ку! Немисча!.. Эрталабдан бери қирқ саккизта саволнинг ҳаммасини топиб ташладим! Қойилмисан, Шер?
“Топор” кроссворд катакларини кўк ручкада тўлдириб, журнални нари суриб қўйди.
– Ҳалиям газета-журнал ўқишни ташламабсан-да?
– Ташламайман ҳам!
Мезбон суҳбатни қандай давом эттиришни билолмай, жим қолди. Ўринбой мактабни тугатгач, бир йил ўтиб-ўтмай, кимнингдир уйига ўғриликка тушган ва қамалиб кетганди. Шержон уни бошқа кўрмади. Онда-сонда эсига тушса, касофатдан узоқроқ юрганим маъқул, деб қўярди. Бундайлар ўз ажали билан ўлмайди.
Ўринбой унинг бола-чақасидан то ака-укасигача эринмай суриштирди. Пирриев: “Шукр, яхши!” деб турди. Бироқ ўзи: “Хонадонлар тинчими, Ўринбой? Яхши юрибсанми?” дейишдан нарига ўтолмади. Собиқ синфдошини ҳалиям сўққабош деб ўйлар, уйли-жойли бўлганини билмасди. Аён бўлдики, ҳаёти “ёмон эмас”: икки марта уйланиб, икки марта ажрашган, икки хотинидан икки ўғил кўрган ва икки марта “ётиб чиққан”. Бошида тегирмон тоши кўп айлангани сарғимтир юзи, ўнг қовоғидан қулоғигача чўзилган узун чандиқ, кумуш сим билан кавшарланган қорамтир тишлари ва калта-калта йўталиб қўйишларидан кўриниб турарди.
— Мени кўча одам қилди, — деди у надомат билан. – Онали етим — гул етим, отали етим — шўр етим.
Онаси раҳматли бўлганидан сўнг, аёлманд отаси нўғой ҳамширага уйланган эди. Ўгай она сиғдирмади. Суяги қотиб-қотмаган бола кўчада қолди.
– Ишингни сўрамаётганим, Шер, биламан. Жойида. Тупроққўрғонга кўтарилибсан. Муборак бўлсин!
– Қуллуқ.
– Шер ака келдилар дейишса, ҳофиз оғамизмикин, деб ўйлабман. Сени кўриб, бақа бўп қолдим. Рости!
Ўринбой кўнгил ёзиб, дардлашгани одам тополмай ўтирган эканми, баҳри-дили очилиб кетгандай туюларди. Шўх-шодон, беғубор ўспиринлик йилларига қайтгандек бўлдилар.
– Баъзан ҳайқириб-ҳайқириб шеър ўқигим келади, оғайни. Эсингдами, ҳашарга, пахта теришга чиққанимиз? Ўғил болалар қишлоқ мактабининг спортзалида ётардик. Қизлар – синфхоналарида. Оқшомлари қандай шеърхонликлар бўларди!
– Унутиб бўларканми! Беқасам тўнингни кийиб, даврага чиққанингда, Ҳамзанинг ўзи бўлардинг-қўярдинг…
Ўринбой туриб, ҳурпайди ва Абдулла Ориповнинг “Ҳамза монологи”ни хазин овозда ўқий бошлади:
– Мени ўлдирдилар Шоҳимардонда
Юртимнинг қонини текин сўрганлар.
Мени ўлдирдилар, дорилзамонда
Ўзимнинг тилимда сўйлаб юрганлар…
– Қандай бебаҳо даврлар эди, – дея унинг гапини оғзидан олди Пирриев. – Сен ўт-олов эдинг. Тезхотирлигингга қойил қолардик.
“Топор” бир зум тўхтади-да, кулди:
– Эсингдами, кечаси, ухлаб ётганингда велик ҳайдаганинг?
Пирриевнинг қўй кўзлари пирпиради.
– Панжаларинг орасига қоғоз қистириб, ёқиб юборган эдик. Ҳалигача эсласам, куламан. “Велоспед”ни роса додлаб, бақириб-чақириб ҳайдагансан-да!
– Қўй шу гапларингни.
– Эртаси куни аразлаб уйингга кетиб қолгандинг. Лекин отанг кечқурин яна далага олиб келиб ташлаган.
– Бўлди!
– Бўйни бўшгина бола эдинг. Энди савлатингдан от ҳуркади.
– Сен учига чиққан бевош, бузмакор эдинг. Тентак томиринг бир тутса, тамом! Ҳамма ёқни тасира-тусур қиворардинг.
– Каллам қуртдай бўлгани билан тошдан қаттиқ, – деди энди Ўринбой. – Ҳалиям муштлашишни яхши кўраман.
–Ўлма! “Ҳалиям”га нима бўпти. Қиличдайсан! Менга қара, – Шержон дўмпайиб турган биқинини силаб қўйди.
– Яхши хўроз семирмайди.
– Буни энди товуқлардан сўраш керак.
Ўғри шарақлаб кулди. Амалдор ночор жилмайди.
– Қавзаниб турган охуринг зўр-да! – деди Ўринбой. – Дарров қорин бойлаб қопсан.
– Ўв! Кесатиғингни қўй! Аламинг борми ё?..
– Ҳим, алам эмиш!..
Орага чўккан ўнғайсиз жимликни мезбон кўтара қолди:
– Хўш, қандай шамоллар учирди? Авжинг паст. Қовоғинг сира очилгиси йўқ.
Меҳмон чакка сочлари оқара бошлаган бошини қуйи солди.
–Шунчаки, каллам айланиб кепқолдим, – деди ва икки юзи ловуллаб кетганини сезди. – Ёрдаминг керак?
Ўринбойнинг таажжуби ошгандай бўлди.
–Нима-а? Аркон давлат одами биздай, бечоралардан ёрдам сўраб келса? Тавба-а! Ишонадиган гапни гапир.
–Кулма, илтимос.
–Кулиб ўлибманми! Минг отли бойнинг ёлғиз пиёдагаям иши тушаркан-да, а!..
–Кел, оғайни, кинояни қўяйлик. Жа пиёдагаям ўхшамайсан!
–Хўп-хўп… Гапир. Қўлимдан келадиган иш бўлса…
Ўринбой, ҳартугул, ўзининг нархини оширмаётган бўлса-да, Шерзод оғиз очишга ҳамон ийманарди. Кейин ичида қўл силтади. Гапнинг бердисини айтди-қўйди.
– Ҳамёнингда пул кўпмиди? Беш-ўн минг бордир-а?
Амалдор ерга қаради:
–Қўйсанг-чи? Юз сўмча.
–Маошларингга беш кетаман-да санларнинг, маошларингга-а!..
“Топор” суянчиғи баланд қора креслосига ўтиб ўтирар экан, столи устидаги тугмачани босди.
–Тахминингча, пулингни қаерда олдиргансан?
–Гўшт растасининг атрофида.
Барзангилардан бири кириб, остонада қотди.
–Қассобхонада бугун тимирскаланиб юрган ким?
Эшикбон энсасини силади:
–“Супурги” бўлса керак.
–Ўша қанжиқни топ-да, айт. Яхшилаб таниб қўйсин: бу йигит – менинг қадрдоним. Ким ранжитса, калласи кетади. – “Топор” билагидаги тасмаси қалин тилла соатига кўз қирини ташлади. – Ҳамёни ўн беш минутдан кейин столимда бўлсин!..
–Хўп бўлади, хўжайин.
–Шунақаям одобсизлик бўладими! – деди мезбон овозидаги истеҳзони яширмай. – Қадрдонимиз аркон давлатнинг баобрў аъёнларидан бўлса…
У чойнакдай келадиган қоп-қора ҳайкалчани Пирриев томонга буриб қўйди. Қанотлари-ю чангалини кенг ёзиб, ўлжасига даҳшат солиб ташланаётган баҳайбат қарчиғай. Тумшуғидай қайрилма, узун, беҳад ўткир тирноқларигача ялтираб кетган қора. Чангалининг тагидаги сўзлар тилладек товланиб турарди: “Aquila non captat muscas”.
–Лотинча, шекилли?
–Ҳа. “Бургут пашша овламайди”.
Меҳмон қошини учириб қўйди.
Тотли интиқлик бошланди. “Топор” яна Пирриевнинг қаршисига ўтирди:
– Қайнонананг тузукми? Олий судга ўтган эмиш.
– Шукр, яхшилар.
–Лақабини биласанми?
Пирриевнинг ичидан қиринди ўтиб кетди:
–Лақабиям борми?
–Бор-да. “Мегажин”.
Куёвнинг юрагини энди муз босгандай бўлди.
–Ўзинг-чи?” – деди. Ҳамманинг тилида – “Топор”- “Ойболта”.
Ўринбой қовоғини солди:
–Шу хотин суд қилган одамнинг шўри қурийди. Шаҳар судидаям ишлаган, а?
Куёв бош ирғади.
“Топор” суд биносининг подвалида кўзи тушган бир ёзувни эслади. Камеранинг бетон деворида. Ўзи кўрмаганида, гапириб ўтирмас экан. “Ўлмай чиқсам, сан, мегажиннинг каллангни оламан!”
– Барака топкур, қўй шу гапларингни.
–Қўйсак, қўйдик-да. Гапимиз давлат амалдорларига ёқмаслигини яхши биламиз. Унда, ўзингга маъқулидан гапир…
Пирриев бошини қуйи солди. “Топор” жим туролмади:
– Истасанг, бирорта университетга ректор қип қўяй…
Бу гапни у худди ичимликнинг минг хили бор, хоҳласанг, пивоям қуйиб беришим мумкин, деб кўзини лўқ қилиб турган майхоначидай жўнгина айтди-қўйди.
Пирриев довдиради:
– Оббо! Зўрсан-у! – Тилига келгани шу бўлди.
Лекин бундай далолатларга ишонишга кўп шошилма, деди. Ичида.
–Ҳамёнимни топиб берсанг, катта ёрдаминг ўша бўлади, оғайни, – деди ва дили буткул сиёҳ тортди: “Бугун роса хосиятсиз кун экан”.
Пирриевнинг назарида, Ўринбой беўй-беташвиш ўспиринликдан унчалик узоқлашиб кетмаган. Асов отдай. То ҳануз икки дунё бир қадам. Зеҳни ўткир. Ақлли. Абжир. Тикка гапли. Ўзига ишончи баланд. Жуда баланд. Шунга яраша сипо-вазминлигиям бор. Шайтонга қўл бермаганида, ҳозир республикада бирор соҳани сўраб турган бўларди.
Хаял ўтмай давангир ҳамённи олиб кирди.
–Мана, – деди Ўринбой уни эгасига узатар экан, – пулингни санаб ол.
Пирриев аввал пулини чамалаб кўрган бўлди. Жўрттага. Ишхонасида қарсиллаган, янги пул берилади. Ҳамёнидаги пулларнинг бели синдирилган. Букланган. Ғижимланган. Чўғиям камроқдай. Санамади. Сўнг қизил гувоҳномасини очиб кўрди. Ўринбой уни кулимсираганча кузатиб турарди.
–Уч-тўрт сўминг камроқ бўлса, ранжима. Табаррук деб опқолгандир. Бахшиш ҳам бериш керак-ку.
–Розиман. Ҳалоли бўлсин!
–Пулингни санамайсанми?
–Қўявер. Борига барака! Сенга раҳмат, оғайни!
–Ойлик олгунингча етадими, ишқилиб? Ё беш-ўн минг берайми?
У ёнидаги тортмадан муҳри бузилмаган бир даста юзталикни олиб, Пирриевнинг олдига ташлади:
–Қўрқма, қарзга эмас, ебкетарга.
Пирриев пастки лабини қаттиқ тишлади ва шоша-пиша юзини тескари бурди:
–Эсинг жойидами? Бунинг нимаси?
–Қачонгача эски “Жигули”да юрасан, Шер. Фалон жойда ишлайсан. Энди дурустроқ машина минишинг керак.
Бу гапдан Пирриев қаттиқ ҳайратган тушган бўлса-да, сездирмади. Фақат пулга ялт этиб қараб қўйди:
–Ҳаддингдан ошма, бола.
–Майли, – “Топор” пулни олиб чўнтагига солди. – Тез орада сонга кириб қоласан…
Пирриев собиқ синфдошидан ҳайиқаётганини ва тезроқ силжиш пайига тушиб қолганини сезиб турарди. Тенгқури эса эркин. Тортиниш йўқ, истиҳола йўқ. Гўё Шержонни ишга қабул қилаётган салобатли раҳбардек, синовчан нигоҳини узай демайди. Пирриев унинг олдида ожизу нотовон мулозимга ўхшаб, мўнғайиб ўтирганини ҳис қилди. Унга ҳаваси келди.
–Ертўла бўлсаям, жойинг шинамгина экан, – деди қўзғалар экан.
–Партия-ҳукуматимизга раҳмат!
–Жа гапниям оласан-да! – деди амалдор ранги учиб.
–Бори-да. Парвардигор қолиб, раҳбарларга ҳамду сано айтмасанг, кун кўролмайсан. Ё гапим нотўғрими?
–Сиёсатга тил тегизмаган сен қолувдинг.
–Ҳаҳ, гўлгина оғайним-а! Бу ёлғончи дунё доим бойларнинг қўлида бўлган.
–Аввал қўлингдан топган бўлсанг, энди тилингдан топасан, бола.
Эшик томон юрганларида Пирриев узр сўраган бўлди:
–Тирик одамнинг ташвиши тугамас экан, ошна. Иш, ўқиш дегандай. Сендан хабар ололмадим…
–Кўнглингга солганининг ўзи катта гап, – Ўринбой унинг елкасига қоқар экан, бояги бир даста юзталикни Пирриевнинг чўнтагига тиқиб қўйди. –Ҳаёт ўзи шунақа, оғайни.
–Ўзимдан ортмай қолдим.
–Дарвоқе, эртагамиди? – Ўринбой мактабдошининг яғринига бу сафар қаттиқроқ қоқди.
– Нима “эртага”?
–Анаву мегажиннинг юбилейини айтаман-да. Сўраб қўй. “Топор” табриклаб юборди, деб айтоласанми, ишқилиб?
–Хўп-хўп, – минғирлади Пирриев ва қўшимча қилди. – Ўзинг тушунасан, Ўринбой. Орамиздан ўтган гаплар шу ерда қолсин-а. Хўпми?
–Қўрқма. Гапим – гап.
Қабулхонада совуқда қолгандек қунишибгина ўтирган одам дик этиб ўрнидан турди. Шляпасини қўлига олиб, Ўринбойга ялтоқланиб салом берди. Оббо! Учқун Долиев-ку! “Топор” унга бурилиб ҳам қарамади. Мудирнинг саломга чўзилган юмшоққина қўли ҳавода муаллақ қолди.
Шержон Пирриев ҳам дўкондорни кўрмаганга, танимаганга олди. Ҳар икки мулозимга шуниси – танимасликка олингани маъқул эди. Бир амалдор лип этиб ташқарилади. Бошқаси қабулхонада қолди.
“Гулистон” журнали, 2022 йил 6-сон.