– Жума-аеф, – дейди хонасининг эшигини қулфлаётган Орзиқул ака.
– Лаббай, – дейман мен ҳам калитимни чўнтагимга солар эканман.
-Умрнинг яна бир куни ўтди.
-Ўтганига шукр.
-Ёмон одамлар камайиб кетди, – дейди энди ҳамроҳим лифтдан тушаётганимизда. – Йўқ, таг-туги билан қуриди!..
“Ёмон одамлар”ни қаердадир эшитганми, ўқганми, ёдимда йўқ. Тилидан тушмайди.
-Ёмонлар камайса, яхши-ку.
Жавобим унга ёқмайди. Мужмалроқ туйиладими-ей. Томири тортишгандай, бошини билинар-билинмас ирғаб қўяди.
Жазирамадан толиққан шаҳар ором илинжида бошпанаси томон ўрмалайди. Чилла.
Бир йилдирки, Орзиқул ака билан туз-намакмиз. Нашриётимизнинг бош ҳисобчиси. Бошбух. Ишга бирга келиб, бирга кетамиз. Тушлигимиз ҳам бирга. Ёшимизда ўн йил фарқ бўлса-да, анча апоқ-чапоқмиз. Бошқалардан ўзини опқочади. Синчков тикиладиган катта-катта кўзларида доим сезилар-сезилмас истеъҳзо. Тундлиги йўқ, дами ичида. Қалин сочларининг қорасидан оқи кўпроқ. “Ишлай десам, мадорим йўқ, – дейди баъзан. – Этак қоқиб кетай десам – қарорим”.
Сезаман, бошбухимиз зерикади. Номини эшитса от ҳўркадиган бошқарманинг тафтишчиси сифатида юзлаб корхонаю ташкилотларнинг кирим-чиқимини элкадан ўтказиш қайда-ю, йигирма чоғли одам рўзғор тебратадиган нашриётда чўт қоқиш қайда. Хонасига кириб қолсам, димоғи чоқ бўлиб кетади. Гурунгдан олади.
“Америкада – ЦРУ, Ўзбекистонда – КРУ”, деб қўяди. Мен ўзимни тушунмаганга соламан.
Изоҳи тайёр. Америкада инсон зоти Марказий разведка бошқармасининг, бизда эса Назорат тафтиш бошқармасининг номини эшитса, азройилга дуч келгандай тилдан қолади, дейди. Мен ана шундай бошқармада катта тафтишчи эдим.
Бир ишни “ёпганим” учун синамол укахонимиз атаганини конвертга солиб келган экан. Қўлидан олиб, столимнинг ғаладонига ташлашим билан эшик “шарақ” очилиб, тўрт-беш шаввоз кириб келди. Кейин билсам, анчадан бери изимга тушиб юришган экан. Кинолардагидек. Қўлимга солинган темир кишаннинг муздайлигини эсласам, ҳалигача этларим жимирлаб кетади. Барибир сир бой бермадим, ука. Бошлиғимиз мени ташлаб қўймаслигига ишонардим. Ишонганим учун дамим баланд эди.
Сўроққа тутишди: “Айтинг, порани яна кимлардан олиб, кимларга бериб тургансиз?”
“Фақат ўзим олиб, ўзим еганман”, дедим. Ҳеч кимни сотмадим. Ҳолинг нечук деб сўрашга юраги дов бермаган бошлиғимизниям.
“Қўрқмай айтаверинг”, дейишди.
“Уч яшарлигимда қўрқадиган жойимни кесиб ташлашган. Шундан бери Худодан бошқа ҳеч бир зотдан қўрмайман”, дедим.
“Энди қолганини бизга қўйиб беринг”, дейишди… Кўряпсизми, Жумаеф? Ғирромлигимни кўряпсизми! Бечора терговчиларни ёмонлашга тилим оғиб кетаётганини сезяпсизми?
“Эркакмисан, Муродуф?” – дейдиган одам йўқ. Ростда, қилғилиқни қилган ўзинг. Яна бировларга тош отишингга бало борми? Шунчалик доно экансан, қисибгина юр эди…
Аканинг вақт-бевақт ичкиси келаётганини сезиб, “бир қултумгина” қуйиб бермоқчи бўлсам, унамайди. Таом мезбони билан мазали, окаси, дейди. Сиз бутилканинг олдида муллавачадай сипо ўтирсангиз. Мен отга ўхшаб қултиллатиб симириб ётсам… Йўқ, бўмайди.
-Ичардим-у, планни бажариб қўйганман-да, – дейман мен ва жигаримни силаб қўяман…
Аканинг ўз шиори бор: кам-кам, тез-тез ва ҳамиша! Яна айтадики, пиёлага қуйиб қўйинг, фақирнинг насибаси кўзининг олдида турсин!..
– Зап замонлар ўтган экан-да, Жума-аеф! – Гапида давом этади ҳамроҳим бекат томон бир-бир босиб борар эканмиз. У бошмоғига ёпишган лойни туширмоқчи бўлгандай, қадамини сезилар-сезилмас силтаб ташлайди. “Мафосил, – деб изоҳ берган эди бир куни ўз дардига. – Турмадан қолган эсдалик бу, савил. Ревматизм”.
Бундай пайтларда умрининг энг тотли дамлари – бошқармада ишлаган кезларини эслаб, ҳаяжони ошиб-тошиб кетади:
– Қишлоқдаги ота-онамни кўриб келай деб, онда-сонда жавоб сўрардим. Сўрардиму бир ҳафтасиз қайтолмасдим, денг. Қани энди Тошкентдан чиқишга улгурсам. Янгийўлдан ўтар-ўтмасимдан уч-тўрт “ёмон одам” олдимни ўраб чиқарди: “Бир пиёлагина чойимиз бор, акажон. Узоқ сафарга чиқибсиз. Озгина дам олиб кетинг!”. Йўқ деб кўринг-чи! Беткўрмас бўп кетади. Иложингиз қанча. Тушасиз. Ана энди, соя-салқин чойхона. Ана энди, Чинознинг тиллодай товланиб турган балиқлари. Ана энди, ичимликнинг минг хили. “Яна бир қўлгина олинг, акажон! Бу – охиргиси! Дунёнинг охирига етиб юринг, илоё!..”
Уч соатлик йўлга уч кун деганда аранг етиб борардим-а. Уч кунда-я! Гулистоннинг кабоби, Жиззахнинг сомсаси, Қамашининг тандири… “Яна бир қултумгина олинг, акажон!..” Шофёрим билан еган ичганимиз қанча. Машинамизга жойлангани қанча… Ҳай, энди айтаверсам, бўлади, Жума-аеф. Чўнтакка тиқилгани-чи! Берганнинг бетига қараб ўтирмасдик-да. Уҳ-ҳу!.. Бу шаҳардан унисига, у тумандан наргисига япон императорини кузатгандай тантанли кузатиб қўйганлари-чи! Олдинда бир – машина, ортимизда – камида иккитаси. Ичи тўла “ёмон одам”. Навбатдаги туман чегарасида яна шундай бир кортеж тизилади. Яна ўша гап: “Яна бир қўлгина олинг!..” У ичилган арақлар, у ейилган овқатлар…
Аканинг оғзи сўлакка тўлгани сезилади. “Қўлт” этиб ютинади. Писта пўчоғи, қоғоз, сигарет қолдиқлари тўлиб-тошиб ётган чиқит қутига тупуради ва надомат билан бош чайқайди. Пешонасини силаб қўяди. Тепасида яҳудийнинг қалпоғини эслатувчи ярғоғи ялтираб кетади:
– Ай-й, сиз сўраманг, мен айтмай. Биз емаган номаъқул бузоқнинг гўшти кам қолган, ука. Чертсангиз бетимдан қон томарди. Энди устихонимни судраб юрибман. Ҳаммаси ўтди-кетди. Ҳаммаси! Қорнимиздаги аталани ёғ деб юрган эканмиз. Ўн ярим йил беришганди. Етти йилу уч ой, плюс ўн етти куну беш ярим соат қамоқ азобини тортдик. Энди кунимиз манаву Қўқон аравага қолди.
“Қўқон арава” – автобусга чиқамиз. Кеч кириб қолган бўлса-да, тирбанд. Қилтириққина кондуктор аёлнинг ойлик чиптамизни кўриб энсаси қотади. Кимдир акага жой беради. Санжабсигач, мен ҳам ёнига ўтираман.
-Қани энди, шу ерда автобус тўхтатса-ю, иккита барзанги чиқса. “Муродуф ким?” “Жума-аеф-чи?” деб ҳайқирса. – Ака завқланиб кулади. – Секин ўрнимиздан турсак. “Иккаланг ҳам автобусдан тез туш!” деб пишқирса турма назоратчиларидай. Тушсак. “Қўлингни орқага қил!” Қилсак. “Юр бу ёққа!” Иккаламизни тўғри “Бедана” кафесига томон ҳайдаса. Бири – олдинда, иккинчиси – ортимизда. “Имиллама!” деб елкамизга қўндоқ билан бир-икки тушириб қўйса ҳам майли. Кафега кирсак. “Тайёрми?” деб ҳайқирса барзангилар мулозимларга. “Тайёр, хўжайин, тайёр!” Салқингина хонага олиб киришса, денг. Дастурхонда шўракидан, тандир кабобгача бор. Кўкатлар. Ичимлик. Арақнинг тозасидан дейсизми. Пивонинг муздайидан. Ҳаммаси мени ич, мени е деб, мўлтираб турса. “Ўтир!” деса назоратчиларнинг каттароғи. Ўтирсак. “Шу ноз-неъматларни еб, ичиб тугатмагунларингча, кафедан чиқиш йўқ. Қани бошла!..” Секин дастурхонга қўл узатсак. Барзангилар яна ҳайқирса: “Қалтирама! Ҳаммасининг пули тўланган!..” Биласизми мен нимадан бошлардим?
Мен елка учираман.
-Пиводан. Муздайгина пиводан бошлардим!..
Ютиниб, сўнг секин қўшиб қўяди:
– Буям бир гап-да. Ноумид банданинг гапи, Жума-аеф… Биламан, ҳеч қачон бундай бўмайди.
-Бўлса-чи? – дейман мен ва бўм-бўш автобуснинг чанг босган полига тикилиб қоламан. – Худо бераридан қўймасин, ака!..
У, бунақа афсоналарни кўп эшитганмиз, дегандек кўзини юмиб қўяди.
-Ғойибдан бераман деса, ҳеч гап эмас, – дейман мен дадиллашиб. – Анавига қаранг.
-Ҳамёнми? – сўрайди у тажжубланиб.
-Ҳудди ҳудаш! Ичидан бир даста пул чиқса нима қилардингиз, Орзиқул ака?
-Нима қилардим? – У бир зум ўйланиб туради ва чўчиб кетгандек, илкис жавоб беради:
-Эгасига қўш қўллаб топширардим.
-Эгасини топишнинг иложи бўлмаса-чи?.
-Тополмасам, мачитнинг эҳсон қутисига ташлардим.
-Ҳаммасиними?
-Ҳаммасини… Сиз-чи?
-Мен ўйлаб кўрардим, – дейман ва туриб, эшик олдидаги зинада ётган қизғиш ҳамённи олиб келаман. – Кўрайлик-чи, бир зиёфатга етармикан.
-Ана холос!
Ҳамённинг ялтираб турган қисма тугмачасини шартта очаман. Бешта бели букилмаган юзталик, учта ташрифнома чиқади: “Назира Хўжаева. Адвокат”.
-Худо ўзи етказди, – дейман. – Пивохонлик оқшомига марҳамат, Орзиқул Тўраевич! “Бедана”га қайтганимиз бўлсин!..
Ҳамроҳим юзини ойна томонга буради:
-Қўлимгаям ушламайман! Эгасига буюрмаган, тегасига буюрмайди. Адвокат опага телефон қилинг. Бўмаса, ана, кондўхтир хотинга ташлаб кетинг…
Ҳамроҳим пастқам ҳовлиларнинг ёнида автобусдан тушади ва ойна ортидан менга хорғин кулимсираганича қўлини кўтариб қўяди.
“Ҳуррият” газетаси, 2021 йил 15 декабрь.