Ўлжа бува ҳовлига лопиллаб кириб келаётган Болта полвонга кўзи тушдию чўчиб кетгандай ирғиб ўрнидан турди.
– Келинг, полвон?
Меҳмон чолнинг қўлини икки кафти орасига олиб, иссиқ кўришди.
– Димоғингиз чоқми, бува? Кайфиятингиз дурустми?
Қўра тарафдан ҳўкиз мўъради.
– Шу ҳаром ўлгур сигирнинг товуши ўчмади-ўчмади-да, – деди чол қўлини йигитнинг кафтлари орасидан бўшатиб олар экан. – Ўзингиз бардам-бақувватгина юрибсизми, полвон?
– Шукр, яхши.
Ўлжа бува ҳовлиада донлаб юрган товуқларга ердан кесак олиб отди. Товуқлар эса пинагини ҳам бузишмади. Уларнинг емиш мўл жойдан кетгилари келмаётгани сезилди.
– Уйингизга янги эшик қўндирибсизми, дейман?
– Нимаси янги, бўялган… Кишт-кишт! Сўйилгурлар ҳеч қочмайди-я.
– Бўёғини кимдан олгансиз, бува?
– Эскидан бор эди… Қани ичкарилайлик, эса? –тил учида манзират қилди чол.
Полвон шунга илҳақ тургандай, дарров уйга қараб юрди. Инқиллаб-синқиллаб ечган бошмоғини кавшандозда қолдириб, кўрпачага чиқди. Ўлжа буванинг ҳол-аҳволини қайтадан, эмин-эркин суриштириб чиқди. Бир дарди бор, деб хавотирланди чол. Ҳа, текка келмаган. Эса, кеч пешинда бу ерда ити адашмагандир. Қарз-парз сўраб келган. Синглисини куёвга бераётган эмиш, деган гап юрувди, тўйига пули етмай қолган. Ўлжа бува сариқ рўмолчага тугиб, сандиққа ташлаб қўйган пулини эслади. Илло-билло, бериб бўлмайди. Болтадай дасти калта одамга қарз бериб, кетидан лабинг гезариб юрасанми. Ўзи билиб муддатида қайтармас, сен қистаёлмассан, бир чети – қариндошчилик. Тўрваси майизга тўлиб, рўзғоридан бир нима орттиргунича, ҳали унинг сочи оқариб кетади. Олдида бўйи етиб турган икки синглиси бор.
– Аскар бола эсон-омонмикан, хат-пат ёзиб турибдими? – деб сўради полвон.
– Шу улимиз бизди ўтмас пичоқминан сўйяпти, полвон.
– Тинчликми?
– Ҳеч айтгулиги йўқ чиқди бу бола. Худди пул зовутим бордай… сўрайверади. Бугун келган хатидаям, пул жўнатинг, канурт* оламан, депти. Эса, тунов кунигина бир улоқнинг пулини жўнатувдим. Эрта-индин уйига қайтадиган баччағар шунча кануртни газагига дори қиладими, полвон?
– Ҳа, энди, эркалангиси келган-да.
– Эркаликнинг ҳам чеки-чегараси бўлади. Хизматга кетгунча-ку, мошин оберинг, деб қулоғимни қоқиб қўлимга берди. Майли, раъйи қайтмасин деб, Нормурод қассобнинг товуқкатагини опбердим. Уч кун минмай, тандирга уриб олди. Мана, энди жиззадай куйиб ўтирибман.
Чолнинг авзойи бузилиб, шилпиқ кўзлари олайиб кетди. Бурнининг учигача ажин босган юзи дам оқариб, дам кўкарди. Ҳозир ўғли ёнида бўлса, қулоғининг тагига солиб юборадиган шашти бор. Полвон ростдан ҳам қарз сўраб келган эди, чолнинг аҳволини кўриб тарвузи қўлтиғидан тушди.
– Бунга қаранг, полвон, – дея чиллакдай оёғидаги ранги ўчиб кетган маҳсисини кўрсатди чол. – Бу шўринг қурғур менга тушганига пушаймонлар еб кетган бўлса керак. Лекин оёқдан ўзи тушиб қолмаса, ташлаш йўқ. Аскар укангиз нонни нанна деб юрибди. Ётиб ейишга тоғ чидамайди…
Ўлжа бува, гапимга тушундингми, дегандек меҳмонга қаради. Полвон ночоргина кулди. Чол, кўнгли сал тинчиб, тахмондан аввал полвонга, сўнг ўзига болиш олиб ташлади. Кўҳна маҳсини кўрсатишдан олдин, бостирмада қантариғлиқ турган уч ҳўкизни эсладимикан, деб ўйлади Болта полвон. Эслади, эслади. Сигиримиз мўъраяпти, деб ўзича уларни яширмоқчиям бўлади. Ҳўкиз билан сигирнинг товушини фарқламасам, ўлган эканман-да…
– Э, бува, кўп ҳам ёзғираверманг, – деди у. – От босмаганни той босар, деб бежизга айтмаган. Қошиқ айланиб, бир куни сизга ҳам етиб қолар.
– Ҳа-ай, билмадим-да. Ҳали яна икки болани уйли-жойли қилишим керак. Эндигиларнинг тўйини биласиз-ку…
– Бу дунёнинг ками тўларимиди, бува. Мусулмончилик аста-аста-да.
– Гапингиз маъқул-ку, полвон, лекин бу ёқда ёшимиз ҳам бир жойга бориб қолди-да, – деди Ўлжа бува сўлиш олиб. – Қариганда бир пиёла чойимизни мунда-ай, ёнбошлаб ёти-иб ичсак деймиз. Токайгача олахуржунни кўтариб чопамиз? Ўйлаб кўрсам, кечагина иштонсиз юрган бир бола эдим. Шу кунлар уч-тўрт тукли соқолимниям ўзим ололмай қопман. Кўз қурғур ўтмайди. Ҳар ойда уста Сайдуллага фалон сўм бериб қирдираман. Э-э, нимасини гапирай…
– Одамзод ўзи бола-чақани деб яшайди-да, бува…
– Мана, томорқани кўриб турибсиз, – Ўлжа бува дераза пардасини очиб, боққа ишора қилди. – Шуларнинг ҳаммаси мункиллаган чолнинг ишими?
Полвон тиззалаб ўтириб, ташқарига қаради. Боғнинг чап буржидаги қатор сўриларга очилган токлар текис кузалган. Барглари қуёш нурида тиллодай ялтирайди. Тўр тарафи дарахтзор: олма, ўрик, шафтоли… Анори ҳам беш-олти туп борга ўхшайди. Болта полвон мийиғида келди: «Бу киши тағин етим қўзидай қалтирагани-қалтираган. Шунинг бари пул-ку!»
– Қўлим бўшади дегунча, томорқага ўтиб куйманаман, – дея дийдиёсини давом эттирди чол. – Бутайман, ўтайман, сув қуяман, ишқилиб, тинмайман. Майиз қилиш-ку – кўкайкесар иш. Уни бозорма-бозор ортиб юришни айтмайсизми. Елкаларим узилиб кетай дейди. Шуйтиб юриб зарилми менга? Ҳукумат берган пенсани майда чайна-аб еб ётсак, кампир икковимизга етади-ку, дейман. Бола-чақаям, шукр, нонини топиб ейдиган бўп қолган, бир кунини кўриб кетар? Лекин қайда, улар тинчиб кетсаям, мен тек ўтиролмасам кераг-ов. Бир кун қўлим бўш қолса, ухлаёлмайман.
Боғда сочи тақир қирилган етти-саккиз ёшлардаги бола кўринди. Қўлида пучайиб қолган пуфак. Оғзининг катталигига қараганда, Ўлжа буванинг неварасига ўхшайди. Ниманидир кўрди чоғи, кунботишга қараб анқайиб қолди.
Болта полвоннинг аҳволи танг эди. Шу қурумсоқдан қарз сўраб келгунча ўлганим яхшийди, деб ўйлади. Бир хаёли этак қоқиб чиқмоқчи ҳам бўлди. Лекин кетолмади, чиқараётган синглисини ўйлади. Унга тузукроқ сеп қилиб бериши керак, токи кўнгли ўксимасин. Ахир Болта – ака, ота ўрнида, рўзғорга бош…
– Ўтган куни шаҳардан келаётганмидингиз, бува? – дея гап қўзғади полвон.
– Қачон?
– Қассобхонанинг ёнидан қоп кўтариб ўтаётганингизда Эшнор бува: «Ҳорманг, уста!» деб қолди-ку?
– Ҳа, эсимга тушди. Майизни ўтказолмай келаётувдим, алик олганиям эриндим. Чолларнинг гурунгида сиз ҳам бўлган экансиз-да?
– Бобойларминан ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олиб ўтирувдик. Сизнинг қулоғингиз ҳам қизиган чиқар?
Болта полвон оғзининг танобини қочирди. Ўлжа бува меҳмон гурунгни жўрттага йўқ ердаги гапларга бураётганини сезиб, қулоғини динг қилди. Сандиқдаги пули яна кўз олдидан ўтди. Нимага бу бола ҳалигача муддаосини айтмаяпти ўзи?
– Хўш, эшитайлик, қани, қулоғимизни қизитадиган нима гаплар бўлган экан?
Болта полвон яна боққа қаради. Боя анқайиб турган оғзи катта бола хаёлини йиғиб, пуфагини шиширишга киришган эди.
– Эшнор буванинг ҳамишаги гапи-да. Ўлжа бу гал майизидан фойда қилмапти, дейди. Фойда қилсангиз, ўн чақирим наридан ҳам салом бериб ўтармишсиз. Бу ошнамизнинг соқоли оқарсаям, орқаси ерга тегмади, энди у ёққа борганда тегади, дейди. Эса, ҳўкиздай икки боласини ўқишга жўнатиб, ўзи куннинг иссиғида қавачақдай қотиб юриши эпмикан, дейди.
Чолнинг бетига ўхшовсиз кулги ёйилди. У сал кейинга тисланиб, гинадорлик билан гап қотди:
– Қолганлар индашмапти-да, полвон?
– Қолганлар нима ҳам дерди: биров маъқуллади, биров – йўқ. Ўлжа бува ўзи омироқ одам бўлсаям, болаларини ўқитиб, дуруст иш қилади, дедим мен. Шўрбозордан яна кимнинг икки боласи Тошкентда ўқияпти? Ҳеч кимнинг! Улларини шуйтиб, қийналиб ўқитган ота бир куни роҳатиниям кўради-да. Ўлжа бува кўрмаса, элимиз кўради, дедим. Нима бўпти, бир улингиз – дўхтир. Яна бирови – муаллим. Эртага ўқишни битириб келса, Эшнор буванинг невараларини ўқитади, даволайди. Шундай дедим, бува!
– Ҳақини берибсиз, полвон! Яшанг! – Чол чап оёғини пойгакка томон узатиб юборди. – Эшнор чумчуқ нима деб чирқиллади?
– Чирқиллаёлмай қолди. Дами ичига тушиб кетди!
– Ўхшатибсиз-да, полвон! Худди оғзига урибсиз-да!
Чолнинг оғзи қулоғига етгудай бўлиб илжайди. Болта полвон кулиб юбормай, деб, тағин боққа қаради. Болакай ҳамон пуфагини пуфларди.
«Пуфла, шоввоз! – деди Болта полвон ичида. – Пуфлайвер!…»
– Ўлжа бувадай меҳнаткаш одам Шўрбозорда ё битта, ё иккита, дедим. Элнинг калласиям, салласиям шундай одамлар бўлади, дедим.
– Вой-эй! – дея хитоб қилди чол.
– Эшнор чумчуқ гарданига мушт ейгандай, гарангсиб қолди!..
«Пақ!»
Боланинг қўлидаги пуфак ёрилиб кетди. Чол буни сезмади ҳам. У кўрпачанинг учида ётган ёстиқни биқинига тортиб, ёнбошлаб олди. Бошидаги охори кетган бахмал қалпоғини ечиб, олдига ташлади. Полвоннинг гаплари мойдай ёқди. Айниқса, бу гапларни унинг тенгқурлари эшитгани! Ахир, билиб қўйишсин-да Ўлжанинг кимлигини. Манави боланинг шундай гапларга ақли етибди, отасига раҳмат! Тили ҳам зуваласидай пишиққина экан.
«Қани энди, бизнинг болалар ҳам шундай пишиқ бўлса!»
Нон билан чой келди.
– Майиздан ҳам олинг, полвон.
Болта полвон чолнинг тарзига қараб, анча ийиганини пайқади. Энди гап очса ҳам бўлади. Синглимнинг тўйига, деб айтса иши битиши қийин. Ҳарна, орият деган гап бор. Сал-пал тўқиб-чатишига тўғри келади.
– Энди… Ўлжа бува, биз бир ташвиш бинан юрибмиз.
Чолнинг сийрак қошлари бир кўтарилиб тушди. Шошилмасдан чойини қайтарди. Кўз олдидан яна сандиқдаги пул ўтди.
– Биларсиз, Мойлижарда опамиз бор… Шунинг мазаси йўқ.
– Хўш-хўш.
– Эшик-орага чиқолмай қолди. Дўхтирларга кўрсатсак, Тошкентда бир професур бор, шундан бошқа одам опани тузатолмайди, дейишди.
Ўлжа бува хўриллатиб чой ичди. Болта Тошкентдаги дўхтур ўғлимнинг адресини сўраб кепти-да, деб ўйлади.
– Иложи бўлса, дўхтирларга қаратинг, – деди салмоқлаб. – Опани тикка қип олинг, полвон.
Болта гапининг ярмини чойига қўшиб ютди. Пиёласидаги сўнгги ҳўплам чойни симириб, индаллосини айтди:
– Шунга озроқ қарз берасизми, деб келганим…
Чол кўзларини олиб қочди.
– Энам, дадилроқ пул Ўлжа бувангда бўлмаса, бошқадан топилишига кўзим етмайди, девди. Ўйлаб-ўйлаб сизни қора тортиб келганим…
– Бизда пул нима қилади, иним?
Ўлжа бува шундай деди-ю, яна сандиқдаги сариқ рўмолча кўз олдига келди. Сандиққа суянган эди, унинг осма қулфи биқинига ботди. Тунукага ишқаланиб, секин шиқирлаб қўйди. Асли шу пулни ўтган бозорда харажат қилиб юбориш керак эди, деб ўйлади.
– Майли, – деди яғринини сандиқдан узмай. – Майли, полвон. Тўйга деганингизда бермасдим. Шундай ташвишга сўрябсиз, «йўқ» деб бўладими.
Ўлжа бува кейинига сурилиб, сандиқ устидаги кўрпа-ёстиққа ёпилган сўзананинг чап буржини кўтарди. Калит кўрпа-ёстиқларнинг тагида, неча йилдан бери тўшалишини кутиб ётган патли гиламнинг орасида эди. Гилам қатламларига суқилиб кирган бармоқлар у ёқдан – бу ёққа базўр сирғалиб, узоқ изландилар. Калитни топиш жуда қийин бўлди. Бармоқлар аввал қандайдир қаттиқ нарсага дуч келдилар. Лекин уни гиламнинг дағалроқ йигирилган арқоғи, деб ўйлашиб, ёнбошидан тезда ўтиб кетдилар. Ортга қайтаётиб йўл-йўлакай туртиб кўришсаки, арқоқ эмас… Туртки еган қараб турармиди, калит ичкарига қараб қочди. Нима қилишларини билмай, хийла талмовсираб турган бармоқлар уни қувлашга тушдилар. Бари бир бўлмади. Мўлжалдан қочириб қўйдилар. Уларнинг олдидан куядори ўралган қоғоз чиқди. «Изқуварлар» тағин орқага тисланишиб, калитни шу яқин-ўртадан излай бошладилар. Уҳ-ҳ! Бу ёқда экан-ку. У гилам тахламининг четгинасида, оқ гулнинг остида пусиб ётган экан. Бармоқлар унинг қулоғидан ушлаб, базўр судраб чиқдилар. Энди қулф тихирлик қила бошлади. Туйнугидан кириб борган калитнинг бошини дам у ёққа, дам бу ёққа айлантириб, уни йўлдан урмоқчи бўлди. Лекин беҳуда тиртанглагани қолди. Туйқусдан «шарақ» этиб ерга тушди. Бармоқлар ним қоронғи сандиққа кирдилару сариқ тугунчани чангаллаб чиқдилар. Ана, у кўрпачадан жой олди. Тугунчани ечаётган бармоқлар, бўғинлари бўшашгандай, сезилар-сезилмас титрардилар. Димоқларига пул иси урилдими, уларнинг титраши кучайди. Бармоқлар шалдирагану шилдираган, тозаю кир босган, яшилу қизил, кўку сариқ пулларнинг юзларини бир-бир силашиб, дастурхоннинг нарига қирғоғидан чўзилган бегона бармоқларга узатдилар. Пуллар нотаниш қўлга тегар-тегмас, кўздан йўқолаверди. Сариқ рўмолча шалвираб қолди. Намланган кафтлар уни навбати билан ғижимладилар.
Ҳовлига чиққанида Полвоннинг юзи ҳаммомдан чиққандай бўғриқиб кетган эди. У супада ўтириб, ёрилган пуфагидан сибизға қилишга уринаётган боланинг елкасига қоқди:
– Маладес экансан, жўра! Пуфагингни ахийри ёриб тинчидинг-а!
________
* Конверт демоқчи
«Шарқ юлдузи» журнали, 1985 йил, 7-сон.