Эшик секингина очилиб, эллик ёшлардаги кишининг боши кўринди. «Мумкинми?» – деди у тортинибгина. Навбатчи эдим – столим устида газетанинг ўқилмаган саҳифалари қалашиб ётарди. Аввалига меҳмонни бўлимлардан бирига йўлламоқчи бўлдим, яна фикримдан қайтдим. Мени бу қарорга ундаган унинг ғоят фақирона кийингани, чўяндан ҳам қорайиб кетган юзи ва умидсизлик билан боқувчи ҳорғин кўзлар бўлди. Одатда, киши энг яқин кишисидан жудо бўлиб, ўз ёғига ўзи қовурилиб қолса, ана шундай аянчли ҳолга тушади. Унинг юзларини офтоб эмас, дард, изтироб куйдирганини, куйдираётганини сезиш қийин эмасди.
Унга қаршимдаги курсидан жой кўрсатдим, ҳол-аҳволини сўраган бўлдим. Домла (унинг қишлоқ ўқитувчиси эканини эгнидаги костюм-шими, қўпол ботинкасию бўртиб турган чекка томирларидан билиш қийин эмасди), шикоятини жуда анъанавий бошлади. У Термиздаги, Тошкенту Москвадаги жамики мўътабар идораларнинг, ҳатто Кремлнинг остонасида кунлаб эмас, ойлаб нажот кутиб ётган, аммо муроди ҳосил бўлмаган. Унинг аризасига биноан ўтказилган кўпдан-кўп текширувларнинг биронтасида адолат юзага чиқмаган. Домланинг жамики идоралардан, улардаги хизматчилардан, раҳбарлардан, умуман, ҳаётдан кўнгли қолган.
– Ўзи нима бўлган эди? – деб сўрадим.
– Э-е, сўраманг! – Фойдаси йўқ, маъносида қўл силтади у ва шундай оғир хўрсиндики, ҳўнграб юборармикан деб чўчидим. Буни ўзи ҳам сезди, шекилли, титраган қўлларига пиёлани олиб, чойдан ҳўплади. «Қулт» этиб ютингач, анча пайт жим бўлиб қолди ва сўнг хавфсаласизлик билан гап бошлади:
– Пешинда мактабдан келиб, уйимнинг орқасидаги бир парчагина томорқада куймаланаётган эдим. Мотоциклнинг патиллагани эшитилди. Таниб, бошимни кўтардим. Укам экан. У колхоз гаражида механик бўлиб ишларди. Томорқамизнинг икки томони ҳам кўча. Бир томонидан катта магистрал ўтган, иккинчи томонидан кўча тушган. Хуллас, укам катта йўлдан бурилиб, кўчамизга кирган чоғида унга бир оқ «Жигули» рўй-барўй бўлди. Машинани ҳам танидим – қўшнимизники. Шу пайт мотоцикл қаттиқ бир «ван-г» этдию ўчди. Кимдир додлади. Чопиб борсам, укам оғзидан қон келганча тупроққа беланиб ётибди. Беш-ўн қадам нарида «Жигули» турибди. Чап қаноти қийшайиб кетган. «Жигули»га югуриб борсам, ичида ҳамсоям ўтирибди. Урай десам, қўлим бормайди, сўкай десам – тилим. Ёрдам беринг, десам бир нима деб ғулдиради. Тили гапга айланмайди. Маст.
Хуллас, йўловчи машинада укамни касалхонага олиб бордик. Уч кундан сўнг ўзига келолмай жон берди. Уни кўмдик, еттисини ўтказдик ҳамки, биров нега бундай бўлди, деб сўрамади. Ҳамсоямиз эса ҳеч гап бўлмагандай юрибди. Мелисахонага бордим. «Текшираяпмиз», дейишди. Икки-уч ҳафтадан сўнг яна йўлиқдим. «Айб укангизда экан, – дейишди, – ўзи томорқа деворига урилиб жароҳатланган. «Жигули»нинг айби йўқ».
Хуллас, тўрт йилдан буён шу гапни эшитаман. Биз укам билан овора бўлиб қолганимизда ҳамсоямиз ҳамма ёқни «тўғрилаб» қўйган экан. Ўзи сельпода раис бўлиб ишлайди. Истаган ерга қўли етади. Укамдан уч норасида қолган. «Ота!» деб йиғлайди. Ҳамсоям бўлса, ақалли кечирим сўраш ўрнига, кўча-кўйда дуч келиб қолсам, машинаси билан устимга лой сачратиб ўтиб кетади. Бунинг устига, қишлоқда, фалончи укасининг ўлигини сотибди, сельпонинг раисидан фалон минг сўм олиб, даъвосидан кечибди, деган миш-миш тарқалган. Бундай таъналарни эшитганимда дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетади. Энағарнинг боласини шартта болта билан чопиб ташласаммикан, деган хаёлгаям бораман. Яна базўр ўзимни босаман. Қамалиб-нетиб кетсам, ўзимнинг, укамнинг рўзғори нима кечади, деб ўйлайман. Лекин, ука, барибир уни бир балога йўлиқтирмасдан қўймайман…
– Шунчалик катта ташкилотларки сизга ёрдам бера олмаган бўлса, мухбир бечора нима қилиб бера оларди, ака? – дедим аста.
Домла синиқ кулимсиради.
– Биламан, ёрдам беролмайсизлар. Шунчаки, уйда чидаб ўтира олмаганимдан, сизларни қора тортиб келавердим-да, ука. Кеча газеталарингизда шунга ўхшаш бир воқеани ёзган экансизлар, ўқиб ўзимни қўярга жой тополмай қолдим…
Бечорага қандай ёрдам қилишни, нима деб таскин беришни билолмай бошим қотди. Унинг аламзада кўнгли эса таскин истарди.
– Худога ишонасизми? – деб сўрадим ўзим ҳам кутмаган бир ҳолатда.
– Нима эди? – домла менга ҳайрон тикилди. Билардим, домла мурожаат этган ўнлаб, юзлаб идораларда унга ҳеч ким бундай савол бермаган, Худони тилга олмаган. Газета ходимидан ҳам у бундай гапни кутмаган.
– Мен Аллоҳга ишонаман, – дедим унга далда бериш учун. – Сиз-чи?
– Мен ҳам… – деди у гапларимга ишонмайроқ.
– Унда, ака, сизга бир маслаҳатим: шу ишни Яратганнинг ихтиёрига солинг. Кўнглингиздан чиқариб ташланг. «Парвардигорим, денг, укамнинг ўлимида ким гуноҳкор бўлса, жазосини ўзинг бер. Айб укамнинг ўзидан ўтган бўлса, даъвоимдан кечдим, денг…» Бу куйиб-ёнишда ўзингиз ҳам бирор тузалмас дардга чалинишингиз мумкин…
У бир лаҳза ўйланиб қолди.
Сўнг юзи ёришиб кетди:
– Кўнглим шу ёққа тортгани бежиз эмаскан-да. Сезувдим-а!.. Нега шу пайтгача бу гапни ҳеч ким менга айтмаган экан?..
У қиблага юзланди, қўлларини очиб, кўзларида ёш билан бутун вужуди ёниб, ўртаниб илтижо қилди:
– Ҳаммасини ўзингга солдим, Қодир Эгам!.. – деб дуосини тугатди. Хонамдан анча енгил тортиб, ҳатто қувониб чиқиб кетди.
Билмадим, орадан қанча вақт ўтди – балки бир ҳафта, балки – ўн кун, ҳар ҳолда бундан кўп эмас. Бир куни телефоним қўнғироғи узоқ жиринглади. Гўшакни кўтарсам, эркак кишининг ҳаяжонли овози эшитилди.
– Сиз айтгандай бўлди, муҳаррир ука! – деди у салом-аликни ҳам, ўзини таништиришни ҳам унутиб. Табиийки, унинг бу гапларига тушунмадим. Сим қоқувчи тушунтирган бўлди:
– Мен сизнинг олдингизга борган, укаси ўлган домламан. Эсингиздами, Худога солинг деб маслаҳат берувдингиз?.. Айтганингиздай бўлди!.:
– Хўш-хўш, нима бўлди?..
–Укамни ўлдирган ўша қўшнимиз кеча томорқамизнинг этагидаги катта йўлда «Жигули»си билан бир «КамАЗ»нинг тагига кириб кетди. Ўзим кўрдим. Маст экан, ҳозир касалхонада ўладиган аҳволда ётганмиш!..
– Оббо! Тавба қилдим, денг, ака! Тавба қилдим! Бировнинг бошига тушган кўргуликдан қувониш – гуноҳ!..
– Тавба қилдим, тавба қилдим! Бандаси ўз гуноҳини мелисадан ҳам, суддан ҳам, халқдан ҳам – ҳаммадан яшириши мумкин экан-у, Худодан яшира олмас экан. Шунга яна бир бор ишондим, ука!..
Афсуски, домланинг исмини ҳам, адресини ҳам сўрашни унутибман. Аслида-ку, муҳими бу эмас. Муҳими – сизу биз бу воқеадан чиқарадиган хулосада…
1989 йил.