Тилаб Маҳмудов. Ватан томон борар бари йўл

Шеър аслида инсоният, коинот ва замон осмонида инсонларнинг орзу-умидлари ва армонлари бўлиб учиб юрган буюк қушлардир. Бу қушларнинг қанотлари сўздан, юраги ҳикматдан, жисми ибратдан иборат. Уларнинг ана шу парвози абадий, зеро, улар инсоният йўлини ёритувчи, одамзодни одамийлик сари етакловчи йўлчи юлдузлардир.

Шоиранинг биринчи шеърий тўплами “Илк муҳаббат” (1968) деб номланган эди. Одатда, ёш шоирлар тўнғич китобини муҳаббат, баҳор, она, Ватан мавзуларига бағишлайди. Уларнинг аксарият шеърлари ­ҳис-ҳаяжонли дил изҳори билан тўлиб-тошади.

Оқарганда сочлар эслаймиз,
Сархуш баҳор, куз ўтганини.
Кимларнидир рад этганмиз биз,
Кимлар бизни рад этганини —

мисраларини ўқиб, 21 ёшли Ҳалима қандай журъат, қандай ҳаётий тажрибага таяниб умр баҳори ўтиб, куз кириб келганию, сочлар оқарганини, кимларнидир рад этиб, кимлар уни рад этганини нечун шеърга солди, ахир, бундай воқеалар ҳали унинг бошига тушмаган эди-ку, деб ҳайрон бўламиз. Дарвоқе, бу шеърнинг ўзиёқ ўзбек поэзиясига инсон ҳаёти ва тақдирини ўз ижодига сарлавҳа қила бошлаган ўйчан шоира кириб келаётганидан дарак берган эди. Унинг ўйлари маҳзун ва узун эди. У боболарнинг бир вақтлар товус патида қийналиб-қийналиб ёзган сўзларини дилига жойлар экан, шомда, пешинда, севги алангасида ёзган шеърларига келажакда кимлардир термилишини орзу қилади. Шу билан бирга кўнгил кечинмалари ҳаёт мураккабликларининг давоми эканлигини ҳис қилади.

Ҳаёт, муҳаббат, муносабат ва яшамоқ сир-асрорларини ўз ёшига нисбатан эртароқ ва чуқурроқ ҳис қилган шоира шеърият шунчаки кўнгилочар машғулот, эрмак эмаслигини, ижод армонли кўнгилга дармон бўлувчи мўъжиза эканини тушуниб етади:

Шунчаки ёзмоққа кўнгил тўлмайди,
Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.
Шунчаки ёзганга чидаб бўлмайди,
Шунчаки ёзмоқ бу шоирга ўлим.

Бу ёш шоиранинг етилган тафаккури, дунёқарашининг ифодаси эди. Ҳалиманинг мақсади, ҳаёти ва иқтидори ана шу буюк ният, яъни «шунчаки ёзмаслик» ва шунчаки ёза олмасликка қаратилган эди.

Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларини ўқир эканман, у қайси булоқдан сув ичган, қайси масканда камол топган, кимнинг этагидан тутиб устозим деган сингари саволлар туғилади. Ҳалиманинг Сирдарё ёқасида гулдай очилгани маълум, Боёвутда бўй етгани, қишлоқ қизлари сингари ўчоққа ўтин қалаб нон ёпгани, пахта териб эгатларда соч ўргани рост. Бироқ ­шеърият гардини унга Боёвут шамоллари қандай юқтирган? Қачон, қандай қилиб у икки сўзни ­­бир-бирига ошиқ-маъшуқдай қовуштириб, бир умрга ажралмайдиган муҳаббат меҳри билан боғлаган?

Бу саволларга жавобни шоиранинг “Бизнинг боғда” сингари шеърларида топаман. Худди ана шу шеърда ХХ аср боласининг ота-она ва яқинларидан эшитган эртак, достонларидан олган таассурот ва ҳаёт тафсилотларининг руҳи сезилиб туради. Ҳалима учун ота-онаси, она замин, халқ айтишувлари унинг суянч тоғлари, асарларининг қон томирлари. Бу бежиз эмас. Ҳалиманинг амакиси Маматқул бахши эл орасида обрўли бахшилардан саналган. У қайирмалик Сайрам бахшини ҳам меҳр билан эслайди. Бироқ Ҳалима достонларга эргашиб кетмади, ўз йўлини йўқотмади. Буни шоиранинг турли йилларда чоп этилган тўпламларидаги шеърларида кузатиш мумкин.

“Оқ олмалар” китобида Ҳалиманинг отаси Умматқул Худойбердиевга бағишлаган марсияси бор. “Биз отамдан айрилганмиз оқ олмалар пишганда”, деб эслайди шоира. Оқ олмалар пишган пайтни эслаш туфайли у отасининг сочига оқ олма рангли оқ толалар тушгани, ҳар йилгидай саф-саф пичан ғарамларининг тикланмай қолгани, отасининг чапдаст, сертомир қўлидаги қорайган сахий тупроқнинг рангидай танга-танга қадоқлар кўз олдидан ўтади. Отасига оқ олмалар териб берган, мўйсафидлик умрини тилаб юрган шоира отасининг куз келмасдан илдизига болта теккан дарахт­дай сўлишини, наинки ўғил-қизлари, кетмону пахтазор ҳам дилдираб қолганини армонли сатрларига жойлайди.

“Илк муҳаббат»дан “Чаман»гача орадан атиги 6 йил ўтади. Ҳалиманинг онасига, отасига қизлик меҳри билан йўғрилган илк муҳаббати энди етилади ва янги туйғулар, кайфиятлар, манзилларга интилади. Ойдин кечаларда, чарақлаган само бағрида пастда юлдуз бўлиб порлаган жуфт, шўхчан кўзларнинг ёниши, ногаҳон рўпара келган қалбларнинг «сири сирлигича қолди, ­мағрур, қушдай эркин ҳаёти тушдай ўтиб кетди қолдириб хотира…».

Бу муҳаббат изтиробларига у ўзини кўниктиради. Начора, буни ҳаёт дейдилар. Севмоқ, севилмоқ кишининг ўзигагина эмас, ўзгага ҳам боғлиқлиги Ҳалима Худойбердиева шеъриятининг муҳаббат зарварақларини ташкил этади. У бевосита ўз атрофи ва руҳияти оламида яшаб келаётган, ҳали юрагида тугунлар кўпаймаган палладан шеърият чаманзори сари қадам ташлади. Энди бу чаманзор унга бошқача кайфият, ўзгача шукуҳ ва шуур бахш эта бошлади. Бунинг ёрқин мисоли «Бегим сизни худойим…» шеъридир.

Бу шеърда шоира тамомила янги қиёфада бўй чўзади. Фикрини туйғуларидан излайди, туйғуларини хаёллари, ўйлари билан тўлдиради. Шу маънода қуйидаги мисраларни чинакам поэзиянинг безавол намунаси деса бўлади:

Бегим, сизни худойим расо қилиб яратган,
Кимларнидир ўйчану, сизни кулиб яратган.
Ногаҳон бериб қўйиб бу ақлни, камолни,
Ўзи ҳам рашк, ҳасадда тўлиб-тўлиб яратган.

Шеърда қисматни кўз ёши билан ювмоқ эмас, балки кўнгил ва тафаккурнинг ногаҳоний замзамаларини ҳазил ва эркаланиш тафти билан эритмоқ истаги ўз ифодасини топган.

Инсон ҳаётининг мураккаб жумбоқлар билан тўлиб-тошган, одам табиатининг камалакдай товланиши, ҳар бир киши ўз ҳаётида “шан марҳаматию, рутубатли алдоқларни” кечириб, “кимларнидир рад этиб, кимлар бизни рад этиб” яшаши Ҳалима Худойбердиева поэзиясининг фалсафий мағизини ташкил этади.

Ҳалиманинг шеърларида момолар ривояти, боболар ҳидояти суянч тоғларидай ибрат тимсолларидир. Улар гўё ҳар мисрада шоирани кузатиб, гоҳо уни тузатиб турадилар. Шоира ҳар бир янги шеърида ҳаёт фалсафасини туйиб боради, муҳаббат, ҳаёт, дунё ҳақида мушоҳада юритаркан, одамлар табиатидаги улуғворлик ва ­пасткашлик, комронлик ва ғирромлик, ғараз ва ғазаб аломатларига эътибор қаратади, унинг тириклик ва яшашга илҳақ ғайрати ҳайратга айлана боради.

Шоиранинг лирик қаҳрамони беҳаловатликдан ҳаловат топа оладиган, ўзини ҳаётнинг қайноқ жабҳаларида кўришга тайёр шахс сифатида гавдаланади. «Ватан сари йўл» шеърида шоира «Ватан томон борар бари йўл», деб ёзади. Унинг асосий мақсади шу она замин, шу ота юрт тупроғини куйлашдан иборат. Шу маънода шоиранинг «Ватан байроғи» шеъри унинг ўз элу юртига бўлган фарзандлик ва ижодкорлик дастури сифатида жаранглайди:

Юрт байроғин ҳар жойгамас,
Кўнглингга эк. Кўксингни ўй.
Ишлов бергин, юмшатиб тур
Илдиз очсин, кўрсатсин бўй.
То бу байроқ, Ватан, нурлар
Ич-ичингга кетсин кириб…

Ҳалима Худойбердиева поэзиясининг оригиналлиги шундаки, у бирон нарса, ҳодиса ёки шахсдан таъсирлангач, тафаккурига, тили ва дилига келган сўз-фикр, фикр-ғояга эргашади. Уни фикр етаклайди, у фикр қанотида парвоз этишни яхши кўради. Фикрни ифодаламайдиган сўзни, сўзни уйғотмайдиган фикрни ёқтирмайди. Шунинг учун бошқалар айтолмаган ёки айтишга улгурмаган фикрни бадиий ифодалашга интилади, бу фикр орқали одамлар қалбида бадииятга, гўзал лутфга иштиёқ, ҳавас, завқ уйғотади.

Ҳаётнинг нақадар мураккаблигини ўтли мисраларга жойларкан, шоира шеърларида, хусусан, “Нозик гулга айтганларим”да ­навқирон гўзалларга бир онадай насиҳат қилади. Бу насиҳат ҳаётнинг аччиқ-чучуги, ғўру шўрини татиб кўрган инсоннинг теран кузатиш ва фикр узатишларини эслатади.

Шоира руҳида аввал ҳаяжон туғилиб, сўнгра уни тафаккур йўргакламайди. Аксинча, ҳаёт қувончи ё ташвишлари туфайли етилган фикр ўзига монанд туйғулар хазинасининг эшигини қоқади. Фикрга фикр эргашади ёки эргаштиради, сўзлар эса бу фикрнинг маржонларидай тизилади. Натижада бадиий-фалсафий мутаносиблик юзага келади.

Ким моҳирлик билан чалса бу дунё найин,
Ким дунёни жуда эрта ололса таниб,
Бу дунёнинг кенглигини англаган сайин,
Англарми ё бу кенгликка сиғмаётганин.

Ҳалима Худойбердиева шеъриятига хос яна бир хусусиятни таъкидлаш жоиз. У сўз ранги, жаранги, салмоғи ва кайфиятини ниҳоятда нозик ҳис қилади. Чунончи, қор, ёмғир, жаннат, тун, ой, боғ, дарахт ва ­дарёларни инсон хатти-ҳаракати, қувончу ташвишлари, қисқаси, инсон ҳаётига хос хусусият, фазилатлар талқини орқали ҳаракатга келтиради, жонлантиради. ­

Сўзларни у шундай ўйнатадики, улар худди симфоник оркестрдаги бир-бирига ўхшамаган турли мусиқий асбобларнинг ўзаро уйғунликдаги ижроси яхлит мусиқани яратганидай, шеърларида дунё, инсон, миллат ва жамият тақдири ҳақида эпик манзаралар яратади. Масалан, оппоқ қор оқ кўнгилларнинг капалаги бўлиб учади; оппоқ қор ҳаётбахш тонгга айланади; оппоқ қор ер сатҳини, аёллар бошини оқартирган толадай…

“Буюк қушлар” сайланмасига доир юқоридаги айрим мулоҳаза ва таассуротларимиз хулосаси шундан иборатки, Ҳалима Худойбердиева поэзияси халқ қалбини уйғотувчи ва улуғловчи назм қўнғироғи. У Ватан ва халқ тақдири — “сирли сандиқ”ни бутун вужуди ва ­шуури билан идрок этишга, ҳазин ва фараҳли томонлари ҳақида фикр айтишга муваффақ бўлган таниқли ижодкор.

Тилаб Маҳмудов,

фалсафа фанлари доктори, профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 18-сонидан олинди.