Қулман Очилов. 5+1 (ҳикоя)

Якшанба куни, пешинда, тўй ошидан қайтаётганимда, кўнглим муздеккина пиво тусаётганини сездим. Ҳаво кишини лоҳас қиладиган даражада дим. Қуёш кўкдан шундай аёвсиз олов пуркаб турибдики, қаерга қочишингни билмайсан.
 Чилонзордаги пивохоналардан бирига кирдим. Бўш жой қидириб, четроқдаги айвон соясида қўлини жағига суяб ўтирган оқ соч одамга кўзим тушди.
 -Ассалому алайкум!
 У хаёл суриб ўтирган эканми, ё бироз кўзи илинганми, чўчиб тушгандек, мен томонга илкис бурилди. Эътиборимни тортгани – унинг қизарган катта-катта кўзларию, шишиб кетган қовоқлари бўлди. Одатда, узоқ бедорликни бошдан кечирган, кўп йиғлаган ёки қон босими беҳад кўтарилган одамнинг юз-кўзларида шундай асоратлар пайдо бўлади. Кейинчалик билсам, акамизнинг бошига бу дардларнинг барчаси бир йўла «йиғилиб келган» экан.
 Бўш турган курсига ишора қилдим:
 – Ўтирсам бўладими? Банд эмасми?
 -Бўлганда қандоқ!.. Бемалол. Ўтиринг.
 Илтифоти учун миннатдорлик билдириб, сунъий чарм қопламали ёғоч курсига ўтирдим. Мижозларга зир югуриб пивою овқат ташиётган официант аёллардан бирортасини чорлаш илинжида, ён-веримга қарадим.
 -Анча кутишингизга тўғри келади, – деди янги танишим. – Мен ҳам ярим соатдан кўпроқ кутдим. Бугун одам кўп.
 У овози ёқимли, чеҳраси очиқ, салобатли одам эди. Каттагина идорада бошлиқ бўлса керак. Лекин, ёши олтмишни қоралаб қолган бу одам биз каби ёш-яланглар ҳам кўпдан менсимайдиган ҳилват жойда ёлғиз ўзи нима қилиб ўтирибди?
 -Иссиқ жа эзворди, – дедим ва дастрўмолим билан юзимни елпидим.
 -Бундай пайтда жон сақлашнинг ягона йўли – ё салқингина сой соҳили, ё пивохона, – деди ҳамроҳим. Унинг қалин сочлари қанчалик оппоқ бўлса, ингичка қошлари шунчалик қоп-қора эди. – Бизнинг Сирдарё томонларда бундай жойлар кам. Келинг, ука, танишайлик: исмим Турғун.
 Танишдик.
 Турғун аканинг ёлғиз ўзи зерикиб ўтиргани, ким биландир гаплашгиси келаётгани, бироз кайфи ҳам борлиги ажин туша бошлаган буғдойранг юзи қизариб кетганидан ҳам сезилиб турарди. Дастурхонда – озроқ ичилган «Toshkent» ароғи, икки шиша «Qibray» пивоси, икки сих кабоб, уч-тўрт бўлак нон, чала-ярим кесилган помидор билан бодринг аралаш салат. Лекин бокаль ҳам, стакан ҳам, ликопчаю санчқи ҳам иккитадан эди. Чамаси, янги танишим кимнидир кутаётир.
 -Куюнманг, – деди у бокални пивога тўлдириб менга узатар экан. – Официант хонимлардан бирортаси келгунича мана буни тафт босди қилиб туринг.
 -Йўғ-е! Сиз.. сиз бемалол олаверинг.
 -Ука! – деди у қатъий. – Сизни менга яратганнинг ўзи етказди. Эрталаб бу ерга келаётиб, ният қилган эдим, худойим бугун бирор дилкаш суҳбатдош ато этса, «бешта-бешта» оли-иб, дардлашиб ўтирсам, деб. Шунинг учун, бокалу стаканларни – ҳаммасини иккитадан буюрдим. Кўнглим сезган экан. Мана, сиздай ажойиб йигит билан ўтирибмиз!..
 Мен қўлимни кўксимга қўйдим: «Раҳмат!» Қизиқ, акамиз менинг «ажойиб йигит» эканлигимни дарҳол қаердан била қолди? Ё синчилиги борми?
 Пиво ростан ҳам муздайгина экан. «Оҳ-оҳ!» деб юборишимга сал қолди.
 -Сиз журналистсиз, тўғрими?
 Ана холос! Ҳали бу акам билан яқин таниш, ҳатто қариндош-уруғ чиқиб қолмасак эди.
 -Ҳа. Нима эди?
 -Чеҳрангиз жуда таниш. Телевизорда кўрганман, шекилли.
 Телевизорда «халққа кўриниш бермаганимга» минг йиллар бўлди-ёв. Турғун акамиз, чамаси, мени кимгадир ўхшатди. Балки яқинда сотувга чиқарилган пиёзнинг пўстидай китобчамдаги суратим эсида қолгандир. Кўрган, ўқиган бўлса, албатта.
 У бежирим қадаҳчаларга ароқ қуйди.
 – Энди мана бундан ҳам олинг. Танишганимиз учун!
 Рад қилиш фойдасиз эканлигини сездим. Бўлганича бўлар!
 Ароқ ҳам муздеккина экан. Санчқини олиб, помидордан газак қилдим.
 -Энди гап мундоқ, ука, – деди у янада қатъийроқ оҳангда. Одатда узоқ йиллар раҳбар бўлиб ишлаган ва буйруқ бериб ўрганиб қолган одамлар ана шундай, кесиб гапиради. Илтимоси ҳам буйруқ оҳангида янграйдики, рад қилишнинг сира иложи бўлмайди. – Хўп, десангиз, бугун мен сизни меҳмон қилсам?
 -Бу қанақаси бўлди,Турғун ака? Тинчликми?
 -Тинчлик, ука, тинчлик! – У дафъатан бошини эгди. – Мени кечиринг, ука. Мен ҳозир жуда эзилиб, тўлиб ўтирибман!
 Унинг овози титраб кетди.
 -Очиғини айтсам, жуда-жуда йиғлагим келаяпти!..
 Кайфи ошиб қопти, деб ўйладим. Ҳали уйимга олиб бориб қўй, деб бошимни қотирмаса гўрга эди. Соқолига икки-уч кундан бери тиғ тегмаганига қараганда ака беташвиш эмас, яқинда қамоқдан чиққанга ўхшайди. Балки камомад қилиб, балки аварияга учраб, бирортасининг ҳаётига зомин бўлгандиру қамалгандир? Энди бутун ҳаётининг барбод бўлганини ўйлаб, изтироб чекаётгандир, бечора. Лекин, ўзи яхши одамлиги кўриниб турибди. Ҳар неки бошидан ўтган бўлмасин, тақдир уни менга бақамти қилгани қизиқ. Бир бокаль пивога бир хуржун ғалва сотиб оламсам бўлгани, ишқилиб. Озиб-ёзиб бир бозор – уни ҳам ёмғир бузар! Шошма, балки, бу учрашувнинг бир ҳикмати бордир? Балки, қаламга оладиган бирор «гап» чиқару эртага ибратли бир лавҳанинг муаллифи бўларман! Ол-а, уятсиз! Қассобга – мой, эчкига – жон қайғуси…
 Турғун ака уйқудан уйғонгандек, қўллари билан юзларини қайта-қайта ишқалади. Шу йўсинда ичидан тўлиб келаётган йиғини босди, чамаси. Балли, ака Турғун!
 -Мен бир номард одамман! -деди у столдаги нон ушоғига маъносиз термулиб.
 «Номард одамман?» Масала мен ўйлагандан анча жиддийга ўхшайди. Бундай пайтда ягона йўл – иккиланишу саросимани йиғиштириб, суҳбатдошингга таскину тасалли, ҳатто беозорроқ йўсинда танбеҳ ҳам берасан. Бир чимдим ёлғон аралаштирилса ҳам, осмон ўпирилиб, ерга тушмайди. Энг муҳими, жўяли фикрларни топиб, қатъий ишонч билан гапириш керак. Масалан, қўйинг, Турғун ака, асло «номардман» деманг. Сизга бунақа гаплар ярашмайди. Асло ярашмайди, ака! Юз-кўзингиздан нур ёғилиб турган, имонли, эътиқодли, фариштали одам экансиз. Пиводан ичинг. Босади. Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз!..
 У гапларимни жим эшитди-да, синиқ кулди ва бокални кўтарди.
 -Сиз мени кечиринг, ука. Дардимни ёрмасам, ҳозир портлаб кетаман!..
 -Ёрилинг, ака, ёрилинг. Енгил тортасиз. Укангиз – бамисоли қудуқ. Бемалол ишонсангиз бўлаверади.
 Тавба! Гапларим таъсир қилдими ёки бокалдаги муздеккина зорманда ҳоврини босдими, аканинг чиройи очилгандай бўлди.
 -Ер юзида етти миллиард одам бор, ука. Лекин, шундай пайтлар бўладики, бу дунёда ўзингни шу қадар ёлғиз, шу қадар кераксиз, шу қадар ожиз ҳис қиласан, дод деб юборгинг келади. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Буни илгари билмаган эканман. Бошимга не бир савдолар тушгандан кейин тушундим…
 У оғир уф тортди.
 -Шайтон хонамга Тошмурод қиёфасида кириб келди, – деб гап бошлади ва бирдан тўхтаб, бошини надомат билан ирғади. Яна синиқ кулди. – Баҳонамни қаранг? Ахмоқлигимни қаранг, ука!..
 У қизил дастрўмолчасини олиб, тер босган юзини артди.
 – Биласизми, бўлган воқеаларни эслаганимда ҳар гал айбни Тошмуродга ағдаргим келаверади. Тошмурод юрагимга қутқую ғулғула солмаганида, бошимга бу савдолар тушмасмиди, тинчгина кунимни кўриб юраверган бўлармидим, деб ўйлайман. Бандаси шунақа – хатони ўзи қиладию айбни бошқалардан ахтаради. Лекин, мен гўдак эмасман-ку, ким нима деса, ишониб, изидан эргашиб кетаверсам. Нима қилган бўлсам, ўзим қилдим, ўзим!..
 -Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган, ожиз бандамиз, ака, -дедим тасалли оҳангида.- Хатою камчиликдан ҳоли инсоннинг ўзи йўқ. Буни яхши биласиз. Беайб – парвардигор!
 -Тўғри. Аммо, ука, буларнинг барчаси – бир таскин. Гуноҳкор бандалар томонидан кечаси тинчроқ ухлаш учун ўйлаб топилган чиройли ва ақлли, тасалли гаплар бўлиб туюлади менга. Таскиннинг яна бир хили бор. Бошига савдо тушган осий банда ўйлар эканки, бу оламда гуноҳ қилиб, иснодини кўтариб юрган фақат менманми? Мендан оғирроқ, мендан даҳшатлироқ гуноҳларда қўлини булғаб, хўроздай кўкрак кериб юрганлар сон мингта-ку!.. Аммо, қазо кунида ҳар бир эчкини ўзининг оёғидан осадилар.
 Ниҳоят официант аёл келди. Икки шиша пиво айтдик.
 -Гапларингиз менга нақадар ёқаётганини билмайсиз, Турғун ака! – дедим. – Фалсафани, ҳаётга теран кўз билан қарайдиган доно инсонларни жуда яхши кўраман. Афсуски, сиздай ақлли одамлар кам-да, ака. Жуда кам!
 -Кўпайтириб нима қиласиз? -деб кулди у. – Одам файласуф бўлиши учун менга ўхшаб пешонаси тошга урилиб, ёрилиши, азобини тортиши, кўзи очилиши, кейин, виждони бўлса, тавба-тазарру қилиши керак. Бундай ташвишларни бошидан кечиргандан кўра, бандасининг жимгина юргани яхши эмасми!..
 -Жимгина юриш қўлидан келмай қолса-чи? – дедим кулиб. – Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз!
 Турғун акага ғоят меҳрим товлаб кетди, ўрнимдан туриб бағримга босгим келди. Кейинчалик бу хушҳоллигимга, ҳаяжону ҳовлиқмалигимга қорнимни шишира бошлаган пиво билан ароқни аралаштириб юборганим ҳам ўз таъсирини ўтказган бўлса керак, деб ўйладим ва уялдим. Яхшиям ўша пайтда бу ишни қилмаганим – уни бағримга босмаганим. Негаки, мавриди эмасди. У гапириб кўнглини ёзиши, мен эса тинглашим, айтаётган фикрларини эслаб қолишим керак эди. Фикрларки, ҳар бири – бир ҳикмат! Ўйлаб хулосасини ўзингиз чиқараверинг!
 -Нима? «Қўлидан келмай қолса-чи?» дейсизми?
 Мен тасдиқ маъносида бош ирғадим.
 -Мабодо, менинг пойинтар-сойинтар гапларимни эшитиб, кулмаяпсизми, ука?
 -Тавба! Нега унақа дейсиз, Турғун ака?..
 -Айтдим-қўйдим-да. Кулсангиз ҳам майли, хафа бўлмайман.
 -Қўйсангиз-чи! Гапираверинг, ака.
 -Мен қурувчиман, ука. Китоб ўқиш – жону дилим. Шоир-ёзувчилардан, олиму санъаткорлардан ошна-оғайниларим, улфатларим кўп. Лекин шундай бўлса ҳам, гапни бўяб-бежаш қўлимдан келмайди. Пусткалласини айтаман. Энди чидайсиз. Эшитасиз!
 -Хўп, Турғун ака, хўп. Қулоғим сизда. Бемалол гапираверинг.
 -Гулистонда фирмам бор эди. Каттагина. Ўттизга яқин одам ишларди. Мактаб, коллеж, лицей, уй-жой – ҳаммасини қурганмиз. Буюртма кўп, ишларим «беш», пулим етарли, димоғим чоқ, обрўйим жойида эди. «Семизликни қўй кўтаради, бойликни – араб», деган мақол бор. Эшитганмисиз?
–    Йўқ. Эшитмаган эканман.
 -Мен ҳам бу мақолни ўтган йили Қашқадарёнинг Косонига борганимда эшитдим. У томонларда араблар кўп экан. Шуни назарда тутиб айтилган бўлса керак… Мен худо берган мол-давлатни ҳам, обрў-эътибору мансабни ҳам кўтаролмадим, уддалай олмадим. Лекин, ука… Танглайим қуриди, савил.
 Мен бокалдаги пивога ишора қилдим.
 -Котибам Боёвутга эрга тегиб кетганидан кейин сайхунободлик бир жувонни ишга олдим, – деб гапида давом этди у. – Иккинчи қизим тенги – йигирма беш ёшларда экан. Раҳмим келди. Пиёниста эридан ажрашиб, уч ёшли қизчаси билан қийналиб юрган экан. Қопқорагина, кирчимолгина, хат-саводи ҳаминқадар қишлоқ қизи… Боя айтганимдай, шайтон хонамга Тошмурод қиёфасида кириб келди. Трестда бошлиқ пайтларим Тошмурод қўлимда прораб бўлиб ишлаган. Жуда гапдон, шинаванда йигит. Ҳар кўрганида бир гапни такрорлайверади: «ака, сизникидай бўйи бастим бўлганида, энг аввало, югуриб бориб жинси шим олардим-да, қишин-ёзин ечмасдан маза қилиб кийиб юрардим. Лекин, савил, думбаю чарвидан жиндай қисилган жойимиз бор. Белимизда шим турмайди. Жинси кийсак, шалвираб қолади…»
 Котибамни чақирдим:
 «Оппоқ қизим, бизга битта кўк чой дамлаб беринг.»
 «Оппоқ қизим?» – деб кулди Тошмурод котиба чиқиб кетгач. – Тавба! Саксонга кирган чолларга ўхшаб гапирасиз, а! Сиз тенги йигитлар…»
 «Нима дейин? Ҳалимахон, дейинми?»
 «Десангиз-чи?»
 «Эшитган қулоққа уят, ука! Ўрганмаганман.»
 «Кўзларининг ёниб туришини қаранг. Кўзлари оч, «ейман», «ютаман», дейди-ку, ака!.. Ишга олганингизга неча ой бўлди?»
 «Ярим йилча бўп қолди…»
 «Ярим йилдан бери «оппоқ қизим» деб ўтирибсизми, чолбобо? Бай, бай, бай!.. Биласизми, нариги дунёда бу қилмишингизнинг сўроғи қаттиқ бўлади, ака, жуда қаттиқ бўлади! «Сенга шундай жононкани, шундай ке-нг имкониятларни бериб қўйдим. Бунинг устига, ёшгина, навниҳолгина аёл бечора бева эди. Сен унга эркак сифатида бурилиб ҳам қарамадинг, хор қилдинг», деган таъналар бўлса, қандай важ айтасиз, ака? Уй вазифасини бажармаган учинчи синф ўқувчисидек бир бурчакда қўлингизни кўтари-иб турмасангиз, деб қўрқаман. Бай-бай! Исрофгарчилик ҳам эви билан-да, ака!..»
 Тошмуроднинг ярим ҳазил, ярим чин гапларидан сўнг феълим айнигиси келаётганини пайқаб қолдим. Котибам хонамга кирса, унга ўғринча қарагим келаверади. Хонамдан чиқиб кетаётганида эса орқасидан ингичка беллари, нозиккина елкалари, калта кесилган сочларию чиройли оёқларига пинхона тикиламан. Юрагимнинг қат-қатида бетону шағал, қумларга кўмилиб ётган бир нарсалар уйғонгандай, тотли бир ҳислар жимирлагандай бўлади. Кўнглим алғов-далғов бўлиб, энтикаман. Яна қарагим келади. Кечалари ҳам Ҳалимани ўйлайдиган, кўришни қумсайдиган одат чиқардим. Қишу ёз оёғимдан этик, елкамдан фуфайка тушмасди. Посон туфли билан оқ кўйлагу қора костюмга ўтиб кетганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Бу ўзгаришни қиз ҳам пайқади, албатта. Иш юзасидан гапираётганимда ёки топшириқ бераётганимда, кўзимга мулойим тикилиб турадиган одат чиқарди. Илгари эътибор бермаган эканман. Қўй кўзлари чиройликкина экан. Кўзим кўзига тушганида бўз боладек дувва қизариб кетаман. Гапимни йўқотиб, каловланаман. У ширин жилмаяди, ширин гапиради. Гапириш асносида овозида ширин бир титроқ сезилади. Атирининг ширин бўйлари димоғимга урилганида бошим айланиб, мазам қочиб қолади. Қарасам, Тошмуроднинг гапида жон бордай: Ҳалима дуркунгина, хипчагина, қарашлари, овозлари мулойимгина. Ками йўқдек. Ёши элликдан ошиб, сочларининг қорасидан кўра оқи кўпайиб кетган, семизлигидан юришга ҳам қийналиб қолган хотинимнинг олдида у кўзимга гулдай, оловланиб турган чўғдай кўрина бошлади, ука… Кўнглим суст кетиб, юрагимга ўт тушгандай бўлди: уриниб кўрсам-чи? Ўтар дунё бўлса! Бу дунёга келиб, меҳнату заҳматдан бошқа нима кўрдим?.. Йўқ, шайтонга ҳай бердим. Тўғрироғи, юрагим бетламади. Ишонмайсиз, ука! Шу ёшгача бирор бегона аёлнинг қўлини ушламаган, ушлаш нимаси, бундай ишни хаёлига ҳам келтирмаган одам эдим-да! Тошкент политехника институтига ўқишга кирган йилим отам мендан сўраб-нетиб ўтирмасдан ўзининг ошнаси – мулла Эшмуроднинг қизига уйлантириб қўйганида ҳали ўн саккизга ҳам кирмаган бола эдим. Хотиним билан ўттиз беш йил бирга яшаб, бирор марта, эшитяпсизми, бирор марта сену менга бормаганмиз. Бу менинг яхши одамлигимдан эмас, хотинимнинг фариштадек ақлли ва вазминлигидан, ука!..
 Хуллас, Тошмурод тушмагур ҳар кўришганимизда Ҳалимани сўрайди, юрагимдаги чўғни оловлантиради: «ака, сиз бу дунёга қиз келиб, қиз кетасиз, ҳур кетасиз, дейди. Эҳ, сиздаги салобату чирой, имконият менда бўлса эди, ўзим билардим нима қилишни!.. Локин, у дунёда Жаннатга тушаман, деб асло хомтаъма бўлманг, дейди «локин»даги «о»га урғу бериб, номзодингиз ўтмайди. Негаки, биз каби укаларингизга қўшилиб, баъзи-баъзида ароқ-пароқ ичиб турасиз. Қурилишини чала ташлаб кетган объектларингиз, қўшиб ёзилган маълумотномаю ҳисоботларингиз ҳам йўқ эмас. Ҳаммасини биламиз, ака. Демак, гуноҳдан бенасиб қолмагансиз, ғайрат қилсангиз, Аросатдан бир парча жой ижарага тегиши мумкин, ака…»
 Бир куни кадрлар бўлимидан Ҳалиманинг ҳужжатларини сўраб олдим. Шубҳа-гумон уйғонмаслиги учун ёнига яна икки ходим – янги ишга келган бухгалтер йигит билан пенсия ёшига яқинлашиб қолган шофёримнинг ҳам шахсий ҳужжатларини олиб киришларини айтдим. Ҳужжатларини кўриб, даҳшатга тушдим: Ҳалиманинг отаси мендан уч ёш, онаси беш ёш кичик, жўжа бирдай жон – ўн бир фарзандли деҳқон одамлар экан. Оиласида маънили бир иш қиладиган, тайинли касб-корга эга одамнинг ўзи йўқлиги сезилиб турарди. Ичида энг уддабурони – Ҳалима. Худо бир сақлабди, уволига, қарғишига қолмай, деб ўйладим ва ортиқча ҳою ҳавасларни йиғиштиришга, шайтонга хай беришга аҳд қилдим. Лекин, ука, уддасидан чиқа олмадим. Боя айтганингиздек, қўлимдан келмади, ука! Ожизлик қилдим! Гумроҳлик қилдим!..
 Турғун ака яна бошини афсус билан чайқади.
 -Март ойининг охирлари эди, -деб гапида давом этди у.- Эсимда. Ҳалима ўша куни торгина, лекин бирам чиройли, ўзига бирам ярашган жинси шим, торгина қизил кўйлак кийиб, сочларини янаям калтароқ, янаям чиройлироқ қилиб келган эди. Чой олиб кирганида кўзим тушди: кўкрагининг юқори тугмаси очиқ экан… Чидай олмадим, ука.
 «Шаҳарнинг чеккароғида икки хонали квартирам бор, – деб гап очдим ва овозим совуқда қолган боланикидай титраётганини сездим. – Анчадан бери супириб-сидирилмаган. Шу масалада ёрдам беролмайсизми, Ҳалима?» Бу гапларни айтар эканман, бошига мушт тушишини кутиб турган одамдай, елкаларимни қисиб, столимнинг устидаги қоғозларга маънисиз тикилганча хурпайиб ўтирганим эсимда. Ажабланарлиси, кутганимдай, бақириқ-чақириқ ҳам, «Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз? Уйингизни чанг босган бўлса, хотинчангизга айтинг!» қабилидаги иддаолар ҳам бўлмади. Ҳалима шу таклифимни кутиб юргандай, ўйлаб-нетиб ўтирмасдан дарҳол «хўп» деди. Ишонасизми, ука, «хўп» деди.
 Мен бош ирғадим: ишонаман, Турғун ака, ишонаман.
 – Эртаси куни квартирага Ҳалимадан олдинроқ бориб, дастурхон тузатиб турдим: тандир кабоб, помидор, бодиринг, ароқ, дегандай… Эшикни ўзим очганимни кўриб, Ҳалима яна ажабланмади. Қўл узатсам, қаршилик ҳам кўрсатмади… Шундай қилиб, ука, Турғун акангиз бутунлай ақлдан озди. Йўқ, адо бўлди! Кўзимга на иш, на бола-чақа, на пул кўринади. Тилимда ҳам, фикри зикримда ҳам – фақат Ҳалима! «Ҳалима, Ҳалимажон, сен – гулсан, Ҳалимажон, сен – қушсан! Йўқ, фариштасан! Ўзимнинг фариштамсан, Ҳалимажон!..» Икки ой деганда у менинг «бурнимдан арқон ўтказиб олди». Йўриғига юрмасам, «арқонни тортади» – етти маҳаллани бошига кўтариб, тўполон қилади: «Мени зўрлади, деб устингиздан милицияга ёзаман! Прокуратурага ёзаман! Шармандангизни чиқараман!..» Ишхонада шармандам аллақачон чиқиб бўлган, қилмишимдан бехабар одам қолмаган эди. Бирор коримга ярар, деб яхши ниятлар билан олиб қўйган ўша икки хонали квартирамни эгаллаб олгани, тинимсиз пул талаб қилиши, ҳафталаб ишга чиқмай, қаерлардадир санқиб юришларини айтмай қўя қолай… Гулистон Тошкент эмас, ука, кичкинагина шаҳар. Кўпчилик бир-бирини танийди. Бир гап чиқса, кўз очиб юмгунча бутун шаҳар эшитади. Таниш-билишлар, қариндош-уруғ, қуда-андаларимнинг пичинглари асабларимни қақшата бошлади. Бунинг устига, Ҳалима бир куни «суюнчи олди» – уч ойлик ҳомиласи бор экан. Тамом, деб ўйладим, уйим куйди!..
 «Олдириб ташла», десам, кулди. Шундай яйраб кулдики, ҳалигача эсласам, кўз олдимга келтирсам, томоғимга бир нарса тиқилгандай бўлади. Хўрлигим келади, ука. Инсон боласи ҳам шунақа чиройли куладими, кулгиси билан бандасининг юрагига шунақа ўт-олов соладими?..
 «Шу кунларга не азобда етдим-ку, нега олдирар эканман?» – дейди.
 «Ахир мен отангдан ҳам каттаман! Одамлар нима деб ўйлайди?»
 «Менга деса, бобомдан ҳам катта бўлинг! Одамларнинг гапи билан ишим йўқ. Мен нормальний эркакдан фарзанд кўрмоқчиман. Ҳеч бўлмаса, қариганимда боламга суяниб, одамга ўхшаб яшамоқчиман!..»
 «Ўртамизда никоҳ йўқ. Бола ҳаром туғиладими?.. Худодан қўрқмайсанми?»
 «Иб-е, ҳали худони ҳам биласизми? Буни қаранг-а! Худо энди эсингизга тушдими?..»
 Қиз туғилди.
 Турғун аканинг бу гапларини эшитиб, қаердадир ўқиганим – никоҳсиз туғилган фарзанд – валади зино ота-онасига бир умр тинчлик бермайди, деган ҳикмат ёдимга тушди. Фарзанд эмас, кўкайкесар бўлар экан-да. Бечора Турғун ака!
 У кўнглимдан ўтаётган фикрларни сезгандек, стол устидаги бўш бокалга тикилганича жим бўлиб қолди.
 -Укажон! Менинг беш фарзандим – уч қизим, икки ўғлим бор. Кўрсангиз, бирортасини ҳам менга ўхшатолмайсиз, -деди. – Кўпроқ онасига тортган. Кулча юзли, тўладан келган. Ҳалима туққан қиз – Ноиба эса… Йўқ, шу гўдакни кўрсангиз, ука, уни Турғун ака туққан бўлса керак, деб ўйлайсиз… Кулманг, ука, кулманг! Тавба денг!
 -Тавба!..
 -Ксероксдан нусха олинган ҳужжат ҳам аслига бунчалик ўхшамайди!- Турғун ака кафтлари билан яна юзларини ишқалади. Қаттиқ ишқалади.
 -Гулистонда юргилигим қолмади, – деди у. – Пойтахтга «кўтарилиб» кетган бўлдим. Уч йил бўлди. Шукр, таниш-билиш, ошна-оғайнилар иш топишда ёрдам беришди. Лекин, Тошкентда ҳам на ором, на қўним топдим. Ҳалима тезда изимдан етиб келди. Етиб келгани майли, имконимдан хориждаги шартни қўйди: «қари хотинингиздан ажрашиб, менга расман уйланасиз ва бирга яшайсиз!» Қизим тенги жувонга қандай уйланаману қандай бирга яшайман? Неча кун, неча ой бирга яшайман?.. Қурилиш компанияларидан бирида раис ўринбосари бўлиб ишлаётган эдим. Ҳалима келиб, идорамизда икки марта жанжал кўтаргач, раис узр сўради. Сўнг лойиҳалаштириш билан шуғулланадиган фирмага ўтдим. Ҳалима бу гал кабинетимда юзларимни шундай тимдаладики, ит ғажиган мушукка ўхшаб қолдим. Бир ҳафта уйдан чиқолмай ётдим. Сўнг фирмага қайтиб бормадим. Ҳозир бир жамғармада хўжалик ишлари мудириман… Кечқурин ҳамма шошилиб уйига кетади. Менинг эса кеч тушаверса, юрагим безиллайди. Ёлғиз ўзим ижарада турадиган квартирага боргим йўқ. Борсам, гўрга киргандай бўламан. Совуқ, зах, чанг. Набираларимнинг қий-чуви, эркаланишларига ўрганиб қолган эмасманми, каталакдай бу уй қабрдай бўлиб туюлади, жим-жит. Тўрт девор ютиб юборай дейди. Кўпинча ярим тунгача шу ерда, кафеда ўтираман. Бола-чақамнинг олдига, Гулистонга қайтиб кетай десам, ор қиламан. Қайси юз билан бораман… Бир куни Гулистонга, уйга борсам, хотиним кўрпа-тўшак қилиб ётибди. Кенжа ўғлимдан, «онангга нима бўлди?» деб сўрасам, юзини буради: «Билмайман! Ўзларидан сўранг…»
 Кейин билсам, Ҳалима икки ёшли Ноибани кўтариб, уйимга борибди. Хотиним ҳам, ўғлим ҳам, келинларим ҳам – ҳаммаси Ноибани кўриб, ҳайратдан қотиб қолганини айтиб ўтирмай, ука.
 «Турғун ака мендан анча-мунча пул қарз, -дебди Ҳалима. – Мана бу қизчани боқиш учун пул керак. Айтинг, қарзини узсин!»
 «Хўжайинимнинг тўғри келган одамдан қарз оладиган одати йўқ, – дебди хотиним.- Олган бўлса, қайтариб беради!..»
 – Ука, худойим менга ҳар томонлама омад берган эди. Фарзандларимнинг ҳаммаси – ақлли, эсли-хушли, ўқимишли. Яхши жойларда ишлайди. Уй-жойим, мол-давлатим етарли эди. Яхши кўрган, баракали ишим бор эди. Кўпчилик ҳавас қиларди. Ҳаммасидан жудо бўлдим. Ҳаммасидан! Фирмам ёпилиб кетди. Болаларимнинг, айниқса, қизларимнинг мендан кўнгли қолди. Уларнинг юзига қарай олмайман, укажон! Эл-юртга масхаралигимни-ку, айтмай қўя қолай!.. Ахмоқ эр ўз хотинини мақтайди. Лекин, жойи келди айтсам, айбга буюрмайсиз: янгангиздай ақлли аёл кам, ука. Хотиним ҳамма «гап»дан хабардор экан! Ҳаммасидан! Лекин дардини ичига ютган. Кейинчалик ҳам бир оғиз таъна-дашном қилмади. Тўполон қилмади! Ичидан эзилди, бечора! Бундан кўра, аю-ҳаннос солиб, дунёни бошига кўтаргани минг марта яхши эди!..
 Официант аёл столимизга икки шиша пиво қўйиб кетди. Биттасини очиб, Турғун аканинг бокалига қуйдим.
 – Ҳалима уйимга келиб кетганидан кейин ўғлим онасига таъна қилибди: «Дадам шу аёлни машинасига миндириб юрганини икки марта ўз кўзим билан кўрдим, десам, жеркиб берган эдингиз. Мана энди туғиб ҳам олибди. Эргаштириб юрган боласи дадамнинг ўзи! Бундан ортиқ шармандалик бўладими, она?»
 Хотиним, бечорагина хотиним, ўғлимга яна танбеҳ берибди: «Тилингни тий, бола! Одам-одамга ўхшайди! Даданг бузуқ йўлларга юрадиган одам эмас! Шу гапингни яна эшитсам, қаттиқ хафа қиламан!..»
 Ўша оқшом хотинимни «Тез ёрдам» олиб кетди. У аввал тилдан, сўнг кўздан қолди. Инсульт. Ҳозир ҳам касалхонада. Қизларим, келинларим навбати билан ёнида қараб ўтиришибди.
 Турғун ака бу гал ароқ тўла қадаҳни кўтарди. Ароқнинг ярми бўйнига тўкилиб, ҳаво ранг кўйлагининг кўкрагини ҳўл қилди.
 – Ука, мен – калвасини йўқотган одам, уйиридан адашган бўталоқман, – деди у. – Қани энди шу кечмишларим туш бўлсаю, тезроқ уйғонсам. Яна ўша юзларим ёруғ кунларимга қайтсам. Хотинимнинг, бола-чақамнинг, қариндош-уруғимнинг кўзига тик қарай оладиган кунларимга қайтсам, ука! Азройил келиб жонимни олса!.. Армоним бўлмас эди!..
 -Ҳалима қаерда?
 -Ким? Ҳалима? Ҳалимами?..
 Турғун ака беўхшов кулди. Унинг бу кулгисини кўришнинг ўзи жуда аянчли эди. Яшашдан умидини узган бемордан соғлигини сўрсангиз, унга, ҳали тузалиб кетасиз, деб далда берсангиз, шундай – алам ва аянчли алфозда кулса керак.
 -Қаерда бўларди? Икки қизини ҳам онасига ташлаб, бир сўтак билан Россияга йўқолган. Уч-тўрт ойча бўп қолди!
 У илкис бошини кўтарди:
 -Ука, бир гап айтсам, кулмайсизми?
 -Тавба! Нега унақа дейсиз, Турғун ака?
 -Уч кун бурун, ярим тунда у телефон қилди. Овозини эшитиб, жоним ҳалқумимга келди. «Ҳалима! Қердасан, Ҳалимажон?» деб ўрнимдан туриб кетганимни билмай қолибман. «Ноибадан нега хабар олмаяпсиз? – деди. – Боринг, хабар олинг!..» «Хўп, бораман! – дедим. – Албатта, хабар оламан! Ўзинг қачон келасан, Ҳалима?..» У телефонини ўчириб қўйди. Қарасам, йигирма секунд ҳам гаплашмабмиз. Телефон рақамини кўрсатмасдан қўнғироқ қилган экан. Туни билан мижжа қоқмай, ақлдан озган девонадай хонамда юриб чиқдим. Каллаи саҳарда Ucell компаниясининг офисига қараб чопдим. Қайси номердан телефон қилинганини аниқлаб беришларини сўраб, ёлвордим. Айтишди. Тердим. Бир йигит сас берди: «Ҳалиманинг кими бўласиз?» «Эриман! Турғунман!» Шундай дедиму тилимни тишладим. Йигитнинг пиқ этиб кулгани, нимадир деб пичирлагани эшитилди. Сўнг: «Бу ерда унақа одам йўқ. Адашдингиз», – дедию овозини ўчирди. Телефонимни жон жаҳдим билан отдим. Уйнинг деворига урилиб, сочилиб кетди… Олдимда турган пиёлани ҳам отдим. Чилпарчин бўлди!.. Ахир сездим-ку, билдим-ку, Ҳалима ўша ерда, телефонни олган ўша сўтакнинг ёнида турган эди. Телефонни олса, мен билан икки оғизгина гаплашса, ўлиб-нетиб қолмас эди-ку, ука!.. Пул, деса – пул, кийим-кечак деса- кийим-кечак, қўлимдан келганча ёрдам бермасмидим? «Келинг!» – деса, ҳамма нарсамни ташлаб, ёнига учиб бормасмидим? Дунёнинг нариги чеккасига деса ҳам учиб борардим-ку, ука!.. Унга нима ёмонлик қилибманки, мени бунчалар азоблайди?..
 -Гардини дўнда бундай оғир саволларга жавоб излаб юрган ёлғиз сиз эмассиз, Турғун ака.
 У ўйланиб қолди. Сўнг бирдан бошини кўтариб, менга қаради. Унинг кўзлари тўла ёш эди.
 -Ука, устимдан куласизми, куясизми, ўлдирасизми, билганингизни қилинг, лекин, мен шу энағарни яхши кўраман! Ҳалимасиз яшай олмайман! Бу юришда ё ақлдан озиб қоламан, ё!..
 У қўлини ноумид силтади.
 -Яхши ният қилинг, ака!
 -Борим – шу!..
 Бир муддат жим қолдик. Сўнг гапни бошқа томонга бурган бўлиб сўрадим:
–    Дарвоқе, ёр-дўстлар, шогирдлар хабарлашиб туришибдими?
 У яна хафсаласиз қўл силтади.
 -Таниш-билиш, ошна-оғайнини кўрарга кўзим қолмаган. Ҳаммаси гапни айлантириб келиб, Ҳалимага тақайдию устимдан кулади. Шогирдлар? Бир шогирдим Тошмурод бўлса, мени узоқдан кўриши билан ашуласини бошлайди:
 Мен неча айтдим, кўнгул, жондин кечиб ёр севма, деб,
 Сўнг йироққа кетса ташлаб, урма оҳ, дод дема, деб…
 Ғижинганимни кўриб, гапни ҳазилга буради. «Ака, сиз тажрибасизлик қилдингиз, – дейди. – Ҳалима, сизнинг оқкўнгиллигингиздан фойдаланди. Ўзи соддагина кўрингани билан, балонинг ўқини еган хотин экан!..»
 «Ҳақорат қилманг, Тошмурод!- дейман.- Илтимос, ҳақорат қилманг! Ҳалимаям худонинг сизу менга ўхшаган бир бандаси!..»
 «Узр, ака узр! Ҳалима янгамни шунчалар яхши кўришингизни билмас эканман! Ҳай, майли, бошқасини қўйинг, ака, «беш пилюс бир» қалай?»
 Бу унинг «ўғил-қизларингиз омонми?» дегани…
 Турғун ака кенг пешонасини маҳзун силар экан, чуқур хурсинди ва бошини кўтарди:
 -Буни қаранг, гап билан бўлиб, салқин тушиб, кеч кирганини ҳам сезмай қолибмиз. Келинг, яна биттадан олайлик!..

“Ҳуррият” газетаси, 2013 йил 27 март.