Қулман Очил. Ботил (ҳикоя)

Иситмаси кўтарилиб, териси қовун пўстидек сарғайиб кетган бемор қонталаш лабларини ялашга уринарди-ю, уддасидан чиқолмас, кўзини-да очолмас эди. Шўрлаган юзларида кўзёши излари. Қадди расо одамнинг қорни шишиб, тоғдай кўпчиб кетса, ваҳмали кўринар экан.

Самар Арзиев дам ҳуд, дам беҳуд ётган отасини кўриб, бошидан хуши учди. Учмасинми, бечора бир замонлар ўзи пахсадан кўтарган уйда эмас, деразасининг кўзига ёстиқ тиқиб қўйилган файзсиз, тароватсиз айвонда ҳуш-беҳуш ётар эди. Ёнида ўтирган аёли, ўғлини кўриб, ўкириб юборди:

–Бу кунларни кўрмай мен ўлайин, болам-а!

Ўғли хастанинг  ёнига тиз чўкди:

– Отажон, мен Самарман! – Падарининг ўнг қўлини кафтлари орасига олди. Сертомир, сертук билаклари ингичка тортиб қолган бемор жавоб беролмади. Ўғлининг қўлини ҳолсизгина қисган бўлди. Мошкичири соқоли ярашган ҳорғин юзи, қовоқлари учиб-учиб қўяди. Йигит димоғига урилган балчиқ ҳидидан ажабланди.

Ташқарига чиқиб, супанинг четида омонатгина ўтирган акаси Синдорга қараган эди, жигари  ўз-ўзидан сайрай кетди:

– Ҳеч гапиргилиги йўқ! – Қўлини асабий силтади у. – Мен сенга айтсам: отамнинг ўзи айбдор!

Минбарда маъруза ўқиётгандай ўзи берган саволга ўзи жавоб қайтаради. Саволи кўп, жавоби тайин. Гапини икки қилган қаролни қайси хўжайин хуш кўради? Ҳеч бир! Райком, ич деса, тозагина сувдан бир-икки қултум ютса, осмон ўпирилиб ерга тушмасди. Ё тушармиди? Йўқ, тушмасди. Ўша куни сатилдаги сувдан ичган икки шериги, ана, шаталоқ отиб, тўйлаб юрибди.

У бирпас ёнида ўтирган ҳар қандай одамнинг қулоғини қоқиб қўлига беради. Овози баланд, шанғиллаган, ёқимсиз. Илгари бунчалик эмасди. Энди қиёматга айланибди.

–Отам қандай дардга чалинган ўзи?

– Тилим бормайди-ю, айтаман! Ичак-човоғини қурт илма-тешик қилиб ташлаган!..

Укаси тушунмади. Акаси гўё куя тушган эски кўрпачанинг астари ҳақида гапираётгандай бепарво жавоб қилган эди.

– Бу ёғини сўрасанг, – деди Синдор, – ўтган рамазон  ашаддий иссиқ келди. Ҳаммаёқни қуритиб-қақшатиб кетди. Ҳа, худди шундай! Отамга айтдим. Кўп айтдим, ука. Жонингизни азобга қўймай, оғзингизни очивора қолинг, дедим. Ялиндим, ёлвордим. Яратган Эгам ўзи кечиради, дедим. Қаёқда! Қулоғига кирмади. – У  умидсизлик олдида бош эккан одамдай ориқ елкаларини учирди ва тўсатдан сўради: – “Советский спорт” опкемадингми, Самаржон?

Ҳарбийга чақирилгунича укаси шаҳардан ҳар гал бир уюм газета-журнал кўтариб келарди.

– Йўқ, –   деди бу сафар.

“Муштарий” ака тумшайиб олди ва аламини қайсидир футбол жамоасининг шўринг қурғур бош мураббийсидан олакетди. Шўртумшуқнинг лақаби кўп экан.

– Ана шу найнов стадионда бешиктебратардай чайқалиб ўтиргунча, бўрдоқиларига қараса ўладими! Айт, ўладими? Бирига нон керакдир, бошқасига – сув. Бўрдоқиларига дуо кетганми, ўлсаям жонини койитмайди. – Бирдан тўхтайди ва хомуш ўтирган укасига термилиб қолади: – Афғонистон эсингга тушиб кетдими, Самаржон? Унда, урушдаги гаплардан ол! Одам ўлдириш осон эканми? Роса озиб кетибсан. Бурнинг қопти.

Самарнинг, гарчи бундан бешбаттар гапларни эшитавериб қулоғи, фожиаларни кўравериб дийдаси қотиб кетган бўлса-да, жигарининг айтганлари, қилиқлари ғашини келтиради:

– Гап йўғида гап кавламайлик, ака! – дейди зарда билан, оғринганини яширмай.

Жавоб ёқмаган ака юзини тескари буриб, қошини норози керади. Укасининг кўз олди қоронғулашиб кетадию лейтенантнинг “Кинжал!” – деб шивирлагани қулоқларида акс-садо бергандай бўлади. Зобит булоқбоши томонга кўза кўтариб энаётган хипчароқ шарпага ишора қилади. “Аёл киши”, –  деб пичирлайди Самар. “Йўқ, – дейди командири. – Қўлининг учигача енгига бекитиб олган!.. Тайёрлан! Ҳозир биз томонга бурилади. Ана! Ур!..”

Қўш тиғли пўлат ҳанжар ҳарир чимматни йиртиб, томоғининг чуқурчасига бориб киради ва кўза кўтарган ожизанинг юзи очилиб кетади: ўн олти-ўн етти  ёшлардаги қош-кўзи қоп-қора, чеҳраси ойдай қиз экан!

Бўйин – энг серҳаракат аъзо, нишонга олиш осон эмас. Ягона тўғри йўл – кекирдакнинг тагига қадаш. Нишон сас чиқариб, атрофдагиларни ҳуркитиб юбора олмасин. Ингичка бўйнига тиғ урилган қиз нима бўлганини англай олмай, қаршисидаги бутазор томонга бир сония ҳайратли кўзларини тикиб туради ва юзтубан йиқилади. Сопол кўза бўлаклари сойга сочилиб, жилдираб оқаётган сув қирмизи рангга киради.

Ўша лаҳзада нариги соҳилдан “Шўрави-и!” деган ҳайқириқ янграйди-ю, Самарнинг юз-кўзи, қулоғи ва бўйнига қайноқ қатиқ урилади. Гўё, анчадан бери офтобда турган қатиқ тўла бонка портлаб кетган. Чап ёнига кўз қирини ташлаб, атрофни дурбиндан кузатиб турган командири – Богдан Назарнинг  харсангга суянганича ўтирганини кўради. Кенг елкалари силкиниб-силкиниб қўяди. Фақат боши йўқ. Пистирмадан отилган ўқ бошини мажақлаб кетган. “Богдан! – деб пичирлайди аскар. – Ошнагинам!” Инсоннинг яхшиси эди, деб ўйлайди. Ўз ишига берилган, куйди-пишди, тиниб-тинчимаган офицер. “Ҳар қандай шароитда, ҳар қандай жангда, радведкачининг энг муҳим қуроли – унинг ақли, фаҳм-фаросати, – дерди. – Ақлини ишга солса, йўлидан чиққан жўнгина тупроқ –  гранатага,  оёқ-қўли – пулемётга, сўзи бомбага айланади”.

Энди унинг бошсиз жасадини рух тобутга соладилар ва Киевга жўнатадилар. Қабри тепасида оташин нутқлар сўзланади: “Байналмилал бурчини адо этиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган жасур совет зобити Богдан Назарнинг номи қалбларимизда абадий сақланиб қолади!”

Учинчи шерик – алоқачи Владимир Медведев ғанимнинг манзилини қўмондонликка маълум қилади. Биқинига қизил юлдуз нақшланган вертолётлар пайдо бўлади ва  сой бўйидаги афғон қишлоғидан тутаб ётган култепа қолади. Ракеталарнинг портлашини ўнгирдан кузатиб ўтирган Самарнинг хаёлида фақат бир ўй айланади:  “Ўзимизнинг ўзбек қизларига ўхшар экан!..”

Ўқ аслида Самарнинг бошини олиб кетиши керак эди. Омон қолганида не синоат борлигини кейинчалик англагандай бўлади.

Кремлдаги бўйинлари қилтиллаб қолган қурдош қариялар ўйлай-ўйлай охири афғонларни тараққиётнинг нурафшон чўққилари сари сакратиш режасини тузган эди: “Мана, Ўрта Осиёдаги халқлар феодализмдан тўғри социализмга сакраб ўтди. Энди беҳишти беминнат – коммунизмнинг дарвозасидан кирмоққа шайланиб турибди. Сизлар ҳам сакранглар. Қараб турмаймиз. Неки зарур бўлса, сўранглар. Гап йўқ, етказиб берамиз!”

Урушишдан бошқа касб-кори бўлмаган афғонларнинг боши қотиб, уммон ортидаги Оқ уйга қараб ютинади: “Сиз нима дейсиз, жаноблар?”  Оқ уй аҳли  ҳам, баракат топсин,  қараб турмайди, уларни қутқаришга шошилади: “Шўравининг қасам ичганига ишониб, сакрайман деб ўйламанглар! Оёқларинг-ку, майли, бошларингдан ҳам айриласизлар. Сакраганлар гўргаям боргани йўқ. Боролмайди ҳам!”

Мардуми Афғонистон иккига бўлинади: сакрайдиганлар ва қаршилар. Бангими, соғми – ҳаммаси бола-бақрасигача  қуролга ёпишади. Бирлари совет коммунистларининг қурдош  қариялари – шўрави ҳадя қилган, қолганлари йироқ-йироқлардаги меҳрибон жаноблар – янклар берган қуролга.  Қир-пичоқни четдан томоша қилишга, томоша асносида Афғонистонни бемалол талашга нима етсин.

– Нима деётгандим, Самаржон? – деб сўрайди акаси. – Алаҳсиб кетдим.

Укадан садо чиқмайди.

– Ҳа, отам ўзига ўзи жабр қилди, – дея гапининг учини топиб олганидан қувониб кетган ака ҳикоясини иштиёқ билан давом эттиради. – Ай, жоним отам-а! Отагинам-а! Райком – райком-да. Партия-ҳукумат билан ўйнашиб бўладими, ука! Менинг қўлимдан бир иш келмаса. Кўкайгинамда бир дод қотиб қолган!  Муаллимнинг шу додига ким қулоқ солади? Айт, ким? Ҳеч ким! Ўжарлигини кўриб, отамнинг бошини балчиққа тиққан. Райком бечораям нима қилсин? Қамчисидан қон томмаса, суйиб олган хотинчасиям йўриғига юрмайди. Юқорининг талаби мингта бўлса. Бири пахтани сўраса, иккинчиси чорвани сўрайди. Бошқаси ғалланг қани, дейди. Энағарнинг бирортаси футболни сўрамайди. Бу дунёда бирорта мард йўқки, футболинг нега чиққан жойига кириб кетган, деб сўраса! Сўрамайдими, демак, бу мамлакат, бу халқ ўлса-ўладики, одам бўл-май-ди!.. – У ўрнидан туриб кетади: – Ихтиёр менда бўлса, бош тренернинг калласиниям балчиққа тиқардим. Ичи қуртлаб ўлсин эди!

Аён бўладики, рамазоннинг ўрталарида, айни пешин маҳали фуфайкали уч рўзадор – икки сувчи ва бригадир, яъни  Саттор Арзиев дала шийпонига соялагани киради. Этикларини ечиб, оёқларини чўзган маҳали эшикда район партия қўмитасининг биринчи котиби пайдо бўлади. Ана фалокат!

Билағонлар саркотибни асрандига чиқаради: “Ота-онасининг тайини йўқ, сағирхонанинг боласи”. Ёшу қарини аямаслиги шундан. Важ-корсони ҳам асослидай: дарозлиги, туташиб кетган қошларининг йўғонлиги, кўзларининг катталиги, бурун катакларининг кенглиги, баданидаги мўйларининг қалинлиги. Ёлидан гилам тўқийверинг. Нақд маймун! Тахмин кўп, ғийбат кўп, аниқ гап кам. Яққоли – на дам олишни билади, на уйқуни. На ўзининг тиними бор, на бошқаларни тиндиради. Қарабсизки, режалар ошириб бажарилган, димоқлар чоқ, юзлар ёруғ. Доим назарда.

Пахта терими бошланиши билан дунёни остин-устун қилиб юборадики, ҳалойиқ қўрққанидан ўзини қаёққа уришини билмай қолади. Гўё авом  товушқону саркотиб – қобон. Йўл ёқасида писта сотиб ўтирган кампирнинг халтасини тепкилаган, қассобнинг гўштини тупроққа белаган, олмасини бозорга олиб чиққан боғбоннинг мевасини ер билан битта қилган: “Ҳамманг бозорга чопасан, пахтани энанг терадими!”

Туман прокурори билан милиция бошлиғини ёнидан  жилдирмайдиган саркотиб аччиғини чиқарганнинг адабини беради. Маҳаллий ровийларнинг бири олиб, бири қўйиб баён этишларича, унинг ҳунари кўп. Шунчалик кўпки, айримларини эшитиб, ёқа ушласангиз, баъзиларига ўлсангиз ҳам ишонмайсиз.

Пахтанинг уватига икки қаторгина макка эккан бир чол эшагига сўта ортиб кетаётган экан. Кўргулиги тутиб, катта йўлда саркотибга йўлиқибди. Машинасидан тушиб, қария билан ота-боладай иссиқ кўришибди, ҳол-аҳволини сўрабди. Хуржунидаги сўтани қаердан олганини, жўхорини ким экканини билганидан кейин: “Буважон, сизга айтадиган икки оғизгина гапим бор эди, – деб мўйсафидни эшагидан тушириб, пайкалнинг ўртасига бошлабди: – Хўп десангиз, четроққа чиқсак”.

Икки соатдан кейин чолнинг ўғиллари отасини қонга беланган ҳолда топган эмиш.

Дала-даштдаги ишлар ботқоққа ботган трактордай жойидан силжиши душвор кунлар. Эрта кўклам эканига ишониш маҳол: ҳаво беҳад дим, нафас олиш қийин. Чигит қадаладиган ерларнинг қумлоқдан фарқи қолмаган. Ғир этган шамол эсгудек бўлса,  осмону фалакка ботмонлаб чанг-тўзон кўтарилади.

– Биламан, ҳамманг рўзасан, – дейди саркотиб шийпондан олиб чиқилган курсига жойлашиб олгач. – Оғзинг қуриб, ҳансираб ётибсан…

– Рўза эмасмиз, катта бува! – дейди унинг рўпарасида  сидқу итоат билан турган сувчилар. Важоҳатли раҳбарнинг қорасини кўргандаёқ тиззаларига тушган титроқ тўхтамайди. – Оғзимиз очи-иқ!..

Фақирларнинг иқрори туман раҳбарини жаҳл отидан туширолмайди:

– Бирортангнинг ўлдим деганингга ишонмайман. Ҳамманг қасамхўрсан! Иложи бўлса, худониям алдайсан!..

Жамоа хўжалиги раиси Нурбой саркор, илгари партқўм котиби бўлган эмасми,  эътироз билдирмоққа шошилади ва хўжалиги илғорлар қаторида эканини айтади. Илғор хўжаликда рўзадор ҳам, намозхон ҳам бўлиши мумкин эмас. Иншооллоҳ, бўлмайди ҳам! Аҳил жамоа аъзоларининг ҳаммаси шонли коммунистик партиянинг одилона сиёсатини яхши тушунган, онгли одамлар…

– Сен, жаврақи, даллоллик қилма, – дейди саркотиб ўзидан беш-олти ёш катта раисга. – Сендан биров сўраётгани йўқ. Гап сотгунча, бориб сув опкел!

Раис қаҳратон қишда ҳам пешонасидан тер аримайдиган, қийиқ  кўзлари мудом ҳорғин, ройиш одам. Йўрғалаб бориб, шийпондан ярим челак сувни ҳаллослаганча кўтариб келади:

– Пиёла тополмадим, савил!..

– Қани энди, битта-битта кел бу ёққа, – дея амр қилади туманбеги. – Кўктелпак, сен бошла!

Телпагининг манглайидаги беш юлдузнинг изи ўчиб улгурмаган сувчи сатилга яқинлашар экан, ютинади.

– Рўзамисан?

– Йўқ, катта бува. Оғзимиз очиқ, дедик-ку.

– Унда, сувдан ич!

Сувчи сатилнинг ёнига чўнқаяди ва мўйловини ботириб, қулт-қулт ютади. Қониб ичганидан сўнг: “Ўзингга шукр!” деб қўяди.

– Энди сен бу ёққа кел!

Иккинчи рўзадордан ҳам рўза ёки кўза эканлиги сўралади. Буниси ҳам саҳарда, нафси ором олишидан аввал парвардигорига қилган нияту илтижоларидан тонади ва сувдан роҳатланиб симиради. Туман ҳукмдори оғзи очиқларга далани кўрсатади:

– Пайкалга қараб қури! Яна ялпайиб ётганингни кўрсам, капангни куйдираман!

– Хўп-хўп! – Икки фақир изига аланглай-аланглай пайкал сари равона бўлади.

– Хўш, соқолтой, – дейди саркотиб, – сен нега серрайиб турибсан? Ўзингча  нималарни пичирлаяпсан?.. Қани, сувдан ич!

Саттор бригадир бошини кўтаради:

– Мени кечиринг, катта бува, – дейди ҳадди сиққан қадрдонидай илиқ овозда. – Ичолмайман. Рўзаман!

– Уҳ, зўрсан-ку! Рўза бўлсанг нима қилайлик? Орден берайликми?

Орага ноқулай жимлик чўкади.

– Бошимни қотирма-да, сатилдаги сувдан ич!

– Мени кечиринг. Ичолмайман!

– Ич деяпман сенга! – дея қаҳри келади туманбошининг.

Рўзадор қўлини кўксига қўйиб, бошини эгади:

– Узр, катта бува, – дейди айбдор оҳангда. – Ичолмайман!

– Нимага лаллайиб турибсан? – дея ўшқиради энди туман волийси миршаббошига. – Кетига тепмайсанми!

Милиционер аввал бригадирнинг билагидан судраган бўлади. Кучи етмаганидан кейин унинг қўлини орқасига қайириб, челакнинг ёнига тиз чўктиради:

– Ич, дегандан сўғин, ич-да!..

Бригадир бошини буради. Миршаббоши унинг бўйнидан босиб, бошини челакка тиқмоқчи бўлганида, рўзадор сувни ағдариб юборади ва челакни тўнкариб ташлайди.

Ҳамма  ҳангу манг.

– Сатилни ол-да, бўчкадаги сувдан опкел! – дея жазаваси тутган ҳукмфармо миршаббошига буюради. – Сувга ноз қилса, шўрва ичирамиз!

Ёнғинга қарши жиҳозлар ёнидаги темир бочканинг занг босган суви ўн йилда ҳам янгиланмайди. Сатҳини бақатўн босиб, ичи қурт, хас-хашакка тўлиб кетган. Ҳамма билади.

Милиционер бочкага томон лапанглаб чопганида Саттор бригадир жойидан туришга уринади. Прокурор унинг елкасидан босиб, икки қўлига кишан уради:

– Қимирлама!

Тунука челакда чайқалиб турган қорамтир сувдан ёйилаётган балчиқ ҳиди димоқни ёрай дейди.

– Катта бува-а! – деб овоз беради Нурбой раис. – Бола-чақасига раҳим қилинг!.. Рўзаи рамазон кунлари-я!..

Бу сўзларни айтиш унга осон бўлмагани сезилиб турарди. Олган жавоби ҳам шунга яраша – оғир бўлади. Туман коммунистларининг сардори аяб ўтирмайди:

– Нима-а?!. Сенинг масалангни бюрога қўйиб, уруғингни қуритаман! Ҳаммасини бошингга чиқариб олгансан! Ҳам-масини!.. Тилинг қисиқ!

“Бирортамиз саркотибни шунчаликка боради, деб ўйламаган эдик, – дейди кейинчалик Нурбой саркор. – Саттор аканинг боши мурдор сувга тиқилганидан сўнг қиёмат қойим бўлди. Бошимни чангаллаб қолдим!”

Рўзадорнинг соқоли, юзи, қошларига бақатўн ёпишиб, оғзи-бурнидан занг босган қип-қизил сув отилади. Ўқчийди.

– Яна рўза тутасанми?

– Тутаман, катта бува! – дея дангал жавоб беради энди бригадир.

Аламдан гезариб кетган ҳукмдор прокурор билан милиционерга қараб ўқраяди. Улар бурнини жийирмоқдан бери бўлиб, рўзадорнинг бошини балчиқ тўла челакка боз тиқади.

– Яна рўза тутасанми?

– Тутаман, катта бува! – Унинг овозида на аламзадалик, на кесатиқ ва на қўрқув сезилади. Хотиржам. Шунчалар хотиржамки, гўё саркотиб чанқаб қолган бир мусофирга чинни косада зилол сув бериб, дуосини олаётгандай. Қўноқ эса хонадон соҳибига илтифоти учун самимий миннатдорлик билдираётир. – Қанча умр берса, шунча тутаман!..

– Бир гапдан қолинг энди, Саттор ака! – дея ялинади талвасага тушган раис. У бўйни бўшгина бригадирнинг шунчалик ўрликка бораётганини кўриб, қўрқиб-қалтираб қолган. Бировнинг гапини икки қилмаган мўмин-а! – Ўласиз-ку! Катта буванинг айтганини қилинг, илтимос!..

Бригадир раисга бурилиб қарамайди. Тақир боши яна балчиққа тиқилади. Сатилдан тағин вақир-вуқур пуфаклар кўтарилиб, рўзадор типирчилайди. Бошини кўтарганида соқолида майда-майда оқ қуртчалар кўринади. Юзи яшил бўёқ чаплангандай кўкариб кетган. Тинимсиз ўқчийди. Қусади. Атрофдагилар кўнгли беҳузур бўлиб, юзини четга буради. Кишан солинган қўллар бўшатилади. Бригадир фуфайкасининг остидаги белқарсини ечиб, юз-кўзларини артган бўлади.

– Ана энди йўқол! – дейди туман доруғаси. – Билганингдан қолма!.. Кўриниб турибди: ҳамманг партия-ҳукуматимизнинг сиёсатига қаршисан!..

Саттор бригадир нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлайди-ю букчайиб қолади: ўқчиқ тутади. Беш-олти қадам ташлаб-ташламасидан чайқалиб кетади ва қари тутга суянмоқчи бўлиб қўлини узатади. Улгурмайди. Тупроқ йўлга гурсиллаб йиқилади. Шу-шу,  турмайди. Туролмайди. Беморхонадан гап очилганида юзини тескари буради: “Дўхтирхонасига бормайман”. Балки тузалмаслигига кўзи етгандир, балки шифокорлар ҳам саркотибнинг ҳукмидаги одамлар эканини ўйлагандир. Кейин ҳисоблашса, эллик икки йил яшаган бу мўминнинг боши бирор марта касалхона ёстиғига тегмаган экан.

Ўша мудҳиш фожиа содир бўлган куни саркотиб четроқда мўнғайиб турган раисни кўрсатгич бармоғи билан имлаб чақиради. Нурбой саркор унинг олдига йўртиб боради.

–Орқа-олдингизга қаранг, раис. Гап чиқиб кетмасин!

–Хўп бўлади!

Шундай дейди-ю, раис ичида ижирғанади: “Оллоҳ бокарам! Сен ярамасгаям атагани бордир ҳали!”

Саттор Арзиев пошшойи хатдан саводи айтарли бўлмаса-да, ақли бутун, хушсурат ва оқкўнгил одам эди. Қадим замон ақидаларига ёпишиб олмаган, авомликдан йироқ. Кўпни кўрган, мўмин-қобил, кайвонифеъл, жайдари бир деҳқон. “Ҳеч кимга, ҳеч нарсага озор берма, – деб уқтирар эди ўғли Самарга. – Йўлингдан тош чиқса ҳам, тепиб ўтма. Авайлабгина четга олиб қўй. Жонлими, жонсизми – ҳамма нарсанинг руҳи бор, болам. Руҳини ранжитма. Раҳбаринг чўп бўлса ҳам, кўзига тик қарама. Итоатда бўл!”

Ўғли норози тўнғилларди: “Ўша чўп деганингиз ярамас одам бўлса-чи? Бадкирдор бўлса-чи?” Ота сабр билан тушунтиришдан чарчамас эди: “Қўявер, болам. Элнинг кўзига чўп тиққаннинг бу дунёдан кўргуликсиз кетганини кўрмадим. Бандасининг зулм қилгани – ўз бошига ўзи етгани!”

Самар отаси даладан қайтганида қўлида мис обдаста, елкасида гулдор сочиқ билан пешвоз чиқарди. “Ухлайверсанг бўларди-ку, Самаржон, –  дерди отаси меҳрибонлик билан. – Вақт алламаҳал бўп кетди!..”

Бақувват қўлларини обдан совунлаб, шошилмасдан ювар экан, ундан ўқишларини сўрар ва ўғлининг жавобидан кўнгли тоғдек кўтарилиб, дуолар қиларди.  Энди у қўллар ҳам, у кунлар ҳам, у дуолар ҳам  йўқ.

Акаси топган-тутганини ўртага тўкиб, остонасида ажал кутиб ўтирган ҳовлининг ўртасида аскар базмини гуруллатиб юборади. Келди-кетди, ғала-ғовур, қизарган юзлар, сузилган кўзлар, дикир-дикир, аҳай-аҳай, қистир-қистир қизийди. Елка қоқиб тушилаётган рақслар, мастона чалинаётган чапаклар авжида. Ёлғизгина аскар ғуссага ботган. Гўё кимдир зимдан келиб, оёғидан чалгану уриб-тепкилаб, эс-ҳушидан айирган. Хўрлиги келади. Йиғлай деса, кимдан, нимадан аламини олишини билмайди. Кўнгли култепага айланган ўша афғон қишлоғи каби ҳувиллаб қолган. Эса, келганлар ўзбири – оғайни-жамоат. Бегонаси йўқ. Бироқ кўнгил ёрадиган одам қани? Юраги тўла зардоб, хўрсиниб қўяди. Хўрсинганида вужуди дир-дир титраётганини сезади. Чеҳраси бокира ва соддадил афғон қизининг ҳанжар қадалган томоғи, Богдан Назарнинг бошсиз танаси кўз олдига келади. Ўзининг қалтираётган қўлларида қон кўради. Бурнидан оқаётган қонни.

– Тўй қочиб кетмас, ака, – дейди эти жунжиккандай қунишиб ўтирган Самар. – Аввал отамни дўхтирга қаратсак дегандим.

– Укажоним, – деб уни бағрига босади ширакайф ака. –Акам қўл қовуштириб ўтирган экан-да, деб ўйлама! Дўхтирларнинг қадами узилгани йўқ. Буёғи энди худодан, ука! Ўзининг раҳми келсин! Урушдан эсон-омон қайтганингни эшитиб, бутун қишлоқ ёпирилиб келаётир. Қўчқор атаган бўлсак, бош-кўзингдан садақа, оғажон!

Улар – икки ака-ука, икки опа-сингил. Акаси Самардан етти ёш катта. Шалдир-шулдир, қўли очиқ. Жигарларидан жониниям аямайди. Айниқса, Самардан. Университетнинг кечки бўлимида ўқийдиган укасидан зўр юрист чиқишига ишонади.

Замоннинг зайлидан гап очади. Бошқалар нари турсин, яхши ният билан олиб қўйилган уч яшик араққа не-не ҳамкасблари – муаллимлар кўз тикиб ўтирган экан. Халқнинг кўзи оч.  Ҳаммасига “Нортожи кал”, яъни комфирқанинг бош котиби Михаил Горбачёв айбдор, жиловни қўлидан чиқариб юборди. Магазинларда арақ тугул, туз ҳам йўқ. Ҳамма ёқ шип-шийдам!..

Косадаги сувдан симиради-да, укасига далда беради:

– Ҳали тирик отамга мотам тутма, Самаржон. Қовоғингни очиб ўтир, илтимос! Манави одамлар сени деб келган!..

– Тўйимиз чиқиб ётганини ҳамма билади-ку!

– Тис-с!.. Кўрган кўз, эшитган қулоқ нима дейди, ука? Отангни кўрдинг, оғзига сув томизишга улгурдинг. Шукр қил!..

– Биласиз-ку, кўнглим чопмаган ишга қўшилмайман.

Акаси уч яшик арақни топгунича момосини кўрганидан гапиради. У ёққа чопган, бу ёққа чопган. Шаҳардан топган. Арақ олиб келинганидан бери қарз сўраган қанча. Бир шиша бериб тур, икки шишагина бериб тур, туғилган кунимни ўтказиб олай. Шўйтиб-шўйтиб, бир яшигининг жонига янтоқ чиқиб кетган. Онаси қанча гап-сўз қилган. Элнинг ақидаси, дейди Синдор. Диндан чиқсак ҳам, элдан чиқмайлик. Биттаю битта укамни одамга ўхшатиб кутиб олайлик. Бечора, урушдан қон кечиб келаётир, эна!..

Ака бирдан тўхтайди-да, огоҳлантиради:

–Ўзини бозорга соляпти, деб ўйлама, тағин!

Орзулари осмонда. Тирамоҳда ўғли Блохинжонга тўй қилиб, катта футбол ўтказмоқчи. Қўли баланд келган жамоага бир тоннача тош босадиган буқа атаган. Ўзлари сотиб, пулини ўзлари бўлиб олаверсин!.. Нимаси ёмон?

Тошкентдаги машҳур футбол шарҳловчиси билан келишиб қўйган. Келса, олдига микрофон қўяди: “Диққат! Диққат! Қадрли спорт мухлислари! Бугун микрофонимиз Чандир қишлоғидаги футбол майдонига ўрнатилган! Бу ерга яқин-атрофдаги фалонта қишлоқдан фалон нафар футболчи чандирлик футбол мухлиси Синдор Арзиевнинг севимли фарзанди Блохинжоннинг хатна тўйи муносабати билан йиғилган…”

Чандирликлар ҳам палов ейди, ҳам футбол томоша қилади, ҳам телевизордан тушмайдиган шарҳловчининг ёқимли овозини эшитади. Қўлини олиб салом-алик қилади. Бирга суратга тушади. Жаҳон чемпионатини унутиши мумкин, лекин Синдорнинг тўйини эсидан чиқариб бўпти.

–Қалай? Зўр-а? Сен ҳам тезроқ уйлан. Ўғил кўрсанг, отини Марадона[1] қўямиз.

Икки қизининг исмини бобоси Саттор бригадир қўйган. Ўғил неварага қолганда, Синдор оталик ҳақ-ҳуқуқларини пеш қилган ва исмини ўзи атаган: “Блохин!”  Бобонинг жаҳли чиққан, момоси додайлаган, қишлоқ советининг котиби чақалоққа гувоҳнома ёзиб беришдан бош тортган: “Блохин – памилия. Хохолларнинг ўзидаям йўқ бундай исм!”

Ҳи-ҳи! Кулган Синдор Арзиев. Фамилия эмиш.  Чандирнинг ярми – Бобур, қолгани – Улуғбек. Бу ёғида Темуриям кам эмас. Бунга нима дейсиз? Булар фамилия эмасми?

Ростмана кажлиги тутса, ўлсаям, шаштидан қайтмайди. Бу дунёда талантнинг қадри бўлиши керак, адолат бўлиши керак, ёронлар! Синдор муаллим боласига Эшбадал қиморбознинг отини қўйса, кўнгилларинг кўлчийдими? А, кўлчийдими? Қўйсинми?.. Ҳа-а, ўлманглар!  Ватанини, миллатини дунёга танитган буюк футболчига ҳаваси кетган бўлса, Синдор муаллимнинг айби нима? Айтинглар, ахир, айбгинаси нима? Футболни яхши кўрганими? Улуғларга тан берганими? Шамол ялаб ташлаган манви тупроқнинг орасидан ҳам бир куни буюк футболчилар чиқар! Чандир дунёнинг тилига тушар! Хитойлик бир олим ўғлига Навоий деб исм қўйибди-ку!

Саттор бригадир бари бир кўнмайди. Навоий деб қўйган бўлса, отасига раҳмат! Боласининг умри узоқ бўлсин. Улуғларни бировлардан қарз оладиган жойимиз йўқ, болам! Лекин неваранинг отини ўзбекча, мусулмонча қўяйлик!

Бундай эътирозга ҳам дастагини тайёрлаб қўймаган бўлса, маҳмадона муаллим Синдор деган отини кўтариб юрармиди. Қалаштириб ташлайди: “Блохин” ғирт ўзбекча, мусулмонча, ота! “Бола охун”нинг асрлар оша ўзгаргани. Яъни “митти мулла” дегани!”

Еттига тўладиган ўша “митти мулла”сига энди бир дунё тўптепарни йиғиб зиёфат бермоқчи.

–Харажатини ким кўтаради, ака? – деб ҳалитдан фиғони чиқади укасининг. Аканинг кишти келади:

–Ўзим-да, укажоним, ўзи-им! Бировга оғирлигим тушган куни ўзимни осаман!

Синдор минг сўзамол, вайсақи бўлмасин, қўл учида ишлаганни кўролмайди: “Бебарака! Худо бетини тескари қилсин!” Шундай одамларни деб жамият ўнгланмайди, футбол ривожланмайди, мамлакат кўҳна чориғидан фориғ бўлолмайди. Дангасанинг ҳаммасини бирорта шалоғи чиққан мошинга ортиб, бошқа сайёрага олиб бориб ташлаш керак! Вассалом!

Қишлоқнинг тепасидаги ҳашамли ҳовли Синдорники. Хотини мактабда  меҳнатдан, ўзи жисмоний тарбиядан дарс беради  Эр  – рўзғорда таъминотчи. Икки қизи билан аёли тақсимотчи, қўли –  касов, сочи  – супурги.

Эр хотин бир бирига боп тушган. Клара янга –  олов. “Бу келинчак, – деб гапиради чандирликлар, – оғилхонада қишлаб, томорқада ёзлайди. Боринг-да, кўринг: қорамоли қатор боғланган қўрасининг тахта полида бирорта хас ёки хашак тополмайсиз. Чандирнинг балнисасидан ҳам тоза!”

Синдор буқаларини эрта баҳорда – семиз молнинг нархи фавқулодда кўтарилиб, одамлар чорванинг емишига дар қолганда – пуллайди.  Битта буқанинг пулига  учта ҳўкизча олиб боғлайди.

– Пул топгунча калла топ, – дейди ва хумори тутади, чамаси, шоша-пиша сўрайди. – Айтганча, чекишдан борми?

Ука бош ирғайди: биласиз-ку, бундай одатлардан нарироқ юраман.

– Ҳалигача ичиш-чекишни ўрганмаган бўлсанг, хизматда икки йил нима қилдинг, ука? Ҳайронман! Мен носга ўтдим. Тамакигаям қирон келган.

Ажалнинг инсофи бор экан, бўсағада икки кечаю икки кундуз сабр билан кутади ва пайшанба кечаси ичкарилаб, беморни азобдан ҳалос қилади. Икки кун аввал ҳовлида шомдан тонггача зикр тушганлар энди мотам тўнини кияди. Жанозага кўпчилик йиғилган бўлса-да, бош эгиб, қўл боғлаган кам бўлади. Бировники ўтдан, бировники сувдан. Саттор бригадирники бехосдан қўзғолган дарддан экан. Жигари қуриб қолган эмиш. Раҳматли, жума куни ерга қўйилади.

Марҳумнинг еттисига келган Нурбой раис Самарнинг  тирсагидан тутиб, секин шивирлайди:

– Вақт топиб, бизнинг идора томонларга бир ўтсангиз.

Бу гап қулоғига чалинган Синдор қаттиқ бош чайқайди:

– Эрта кунни кеч қилмай, Тошкентингга ошиб ол, ука. Ишингни, ўқишингни ўйла. Қишлоқда хор бўласан. Бошимизда тергаб турадиган отамиз бўлгандаям бошқа гап эди.

Мубҳам безовталик гирдобида эзилиб юрган уканинг хаёли бошқа томонларда. Ўша куни, ўша лаънати ҳанжарни отмаганида, балки унинг кўз ўнгида ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси тирик қолармиди? Отасининг минг азобда жон берганида ҳам, балки ойдай қизнинг томоғига қадалган ўша тиғ сабабчидир? Отасининг ўлими тўланган товондир? Йўқ, деб тан олгиси келмайди собиқ сарбознинг, Самар Арзиев Афғонистонга ўз инон-ихтиёри билан борибдими? Ботил[2] ҳам, қотил ҳам, ҳатто мақтул ҳам – уни  урушга жўнатганлар. Гуноҳи ўшаларнинг гарданида.

– Шаҳарга етишинг билан мени «Советский спорт»га ёздириб қўй. Қишлоқдаги нодонлар лимит йўқ, деб бошимни қотиргани қотирган.

Укасининг отасидан қолган тўриқ отга минганини кўриб, Синдор ҳайратга тушади: “Шу одамови укамнинг феъли айниди-ёв!”

Нурбой раис Самарга ялингандай бўлади. Йилнинг келиши хуржун. Ҳамманинг боши қотган. Кун бўйи далада тер тўкса-ю, икки кило уннинг ҳақини олмаса, ким ишлайди?  Берай десанг, маблағ йўқ. Ишсиз кўп, ишлайдиган мард йўқ! Ўттиз учта бригаданинг ярми эгасиз.  Шулардан бирортасини танлаб олсангиз, Самаржон. “Ҳа-па”, деб одамларни бошиқтириб турилса, бас. Қолгани ўзи бўлаверади. Эвазига раис кўп нарса ваъда қилолмаслигини қистириб ўтади. Яратган ярлақаб, планлар тўлса, йил якунида мукофотдан қарашиши, ҳовли қураман деса, яхши жойдан ер бериши мумкин.

– Хоҳласангиз, отангизнинг биргадини олинг.

Самар элнинг таънасидан қочади: “Отасининг ўрнига маҳтал бўптурган экан-да!” Қулоқнинг боши, уйига яқинроқ, катта йўлнинг бўйидаги бригадани олиши мумкин. Майдони ҳам камроқ.

Раиснинг дуосини, дуосидан аввал муҳр босилган буйруғини олиб, вақтини далада ўтказишни одат қилади. Амали тўғри экани кун-бакун аён бўла боради: текис унган ғўзалар қийғос гулга киради. Қарабсизки, сирли қудратнинг инояти билан чаноқлар лўппи-лўппи очилиб, терим маҳали яқинлашиб келаверади. Фақат ёш бригадирнинг қовоғи очилмайди.

Самар шийпондан кўзини уқалаганча, меҳмонларнинг ташрифи малол келгандай, норози ғудраниб чиқди. Саркотибга кўришиш учун қўл узатган эди, гезарган юзини тескари бурди.

Туман раҳбари иссиқдан ҳарсиллаб қолган. Авзойи ўлардай бузуқ. Моли касодга учраб, қарзга ботган жаллоб дейсиз. Оёғида сарғимтил брезент этик, бошида тор кизакли енгил шляпа, эгнида астарсиз ҳаворанг кенг костюм. Кун бўйи ҳориб-чарчаб, тоқати тугай деганда бу ерга тасодифан бош суққани кўриниб турарди.

– Сен кимсан? – деган қаҳрли савол янгради. – Бу ерда нимага ялпайиб ётибсан?

– Мен бригадирман, катта бува, – деди йигит оғзини катта очиб эснар экан. – Ўзим билан ўзим шахмат ўйнаб ўтириб, кўзим илиниб қопти!

– Ие, шунақами? – Саркотибнинг юзида пайдо бўлган таҳқиромуз кесатиқ ғазабга айланиб, пистоқи кўзлари ўйнаб кетади. – Бугун қанча теримчи чиқардинг?

– Кеча, бугун теримчи чиқаролмадим. Лекин яқинда планни ошириб бажарамиз. Ўн етти фоизгина қолди.

– Қанча-а?!

– Бор-йўғи ўн етти фоиз.

Бу гапларни эшитиб турганлар ишкал ишдан энди қочиб қутулиш душвор эканига кўзи етиб улгурган. Саркотибнинг ранги олхўри тусига киради. Лаблари титраб, каттакон кўзлари қинидан отилиб чиқар даражага етади. Бошини бир лаҳза қуйи солиб туради-да, йигитнинг тирсагидан ушлайди. Ичида ловуллаётган туғённи аранг босиб, таҳқирли, лекин осойишта овозда дейди:

– Далангни би-ир томоша қилсак, нима дейсан?

– Майли, – дея эриниброқ жавоб қилади йигит.

–Унда, кетдик!

Самарнинг билагидан омбурдай қисиб, пайкал сари бошлайди. Хос гапи бор ака-укадай етаклашиб кетаверадилар. Эргашмоқчи бўлган ҳамроҳларига “катта бува” бошини норози силкийди: “Маймун ўйнатяпманми?”

Учаласи ҳам таққа тўхтайди. Нурбой саркорнинг кўзларида саросима аралаш қўрқув қотиб қолган. Самарни фалокатга ўзи бошлаганини ўйлаб адойи тамом бўлган. Туман раҳбари ёш бригадирдан бир бош баланд, бир елка кенг. Устига шунчаки йиқилиб тушсаям, болапақир унинг тагидан соғ-омон чиқиб олиши гумон.

Саркотиб ўзини тутиб туролмайди:

– Пахтанг нишолдога ўхшаб оқиб ётибди! Бу туришда чигитнинг ғози қоладими, ҳароми! Нега шу пайтгача теримчи солмадинг? Ё халқ душманимисан?

– Катта бува, илтимос, уришманг! Сизни ўйладим. Кунда-кунора шу йўлдан ўтасиз. Оппоқ пахтамизни кўриб, кўзингиз қувонсин, дедим. Бунинг устига, телевизордаям эртаю кеч, ҳали далаларда ҳосил мўл, деб жаврашгани жаврашган…

– Ў-ў, энағар! Ў-ў, тилгинанг кесилгур!..

– Ўйтманг, катта бува! Сўкинманг, илтимос!..

Улар гербицид сасиб ётган пайкалда ғўзаларнинг шохини қайириб, синдириб, чаноқлардан тўлиб-тошган пахталарни босиб борарди.

– Илтимосингни ҳозир кетингга тиқаман! Ҳо-о-зи-ир!.. – У Самарнинг  билагини қаттиқроқ эзғилайди.

– Тўғрисини айтсам, билиб-билмай кеп қолдим бу ишга!..

– Тилингни тий!

Бригадирнинг негадир тили тийилмайди:

– Эҳтиёт бўлайлик, катта бува, бу ерларда жондор кўп. Биттаси яқинда теримчи хотиннинг оёғидан чақиб олди.

– Чақса нима бўпти?

– Нима бўларди? Ўлди-кетди. Тағин ажал ҳайдаб келаётган бўлмасин, дейман-да! Қизларингизнинг бўйи етиб қолган, янгамиз Лариса  Ивановна ҳали жуда ёш, кўзга яқин!..

–Шундай гапларниям биламан де?..

“Катта бува” қадамини секинлатиб, хилват жойга етган-етмаганини мўлжал олмоқчидай теваракка олазарак кўз солади. Мовий уфқ алвон рангга кириб борар,  бригадир эса куйиб-пишиб бидирлашга тушган:

– Пастроқда катта кўлмак бор. Зовурнинг йиғилиб қолган суви.  Атрофи ғуж-ғуж газанда.

Бригадир индамасдан йўлни ўша томонга олади ва сал юрмай илкис  тисланиб, бақириб юборади:

– Илон! Катта бува, илон! Оёғингизнинг тагига қаранг!.. Иккита экан! Иккита-а!..

Саркотиб бехтиёр унинг қўлини қўйиб юборади. Самар ерга кескин энгашиб, ўнг қўлининг бармоқларини ипакдек майин қумга ботиради ва чап қўли билан муштдай кесакни олар экан, “катта бува”нинг тумшуғига тепади: “Ий-я!..” Ҳавони қиличдай кесган ҳайқириқни ҳеч ким эшитмайди. Чанг кўтарилади.

Нортуядай саркотибни пайкалдан суяб, етаклаб чиқаётган Самарни кўрган борки, жойида қотиб қолади. Кўзларига ишонмайди. Басирга ўхшаб, ҳар қадамда қоқилиб-суриниб келаётган “нортуя” тинимсиз эгилиб, тинимсиз қусади. Йўталади. Ичак-чавоғи  оғзидан чиқиб кетгудай бўлиб ўқчиганида бригадир унинг елкасидан суяган бўлади ва қўлига бир тутам пахта бериб, оғзини артиб олишини кутади.

Туман раҳбарининг пайкал бошида қолган икки шериги чўнтагидан ялтироқ кишанни баравар чиқариб, “нортуя” билан бригадир томонга баравар отилади: “Сан, ифлос бола, нима қипқўйдинг?!”

Саркотиб қора лойга ботган қўлларини кўтаради:

– Тегманглар! – деб ғўлдирайди. – Ўзим йиқилиб тушдим! Ўзимдан ўтди…

Ботмон-даҳсар лойқа сириқиб турган кийимларидан балчиқнинг қўланса ҳиди гуппилайди. Уни кимдир балчиққа беармон босгани-белагани, сўнг бошидан қум аралаш тупроқ сочгани шундоққина кўриниб турарди. Ёқавайрон костюмининг кўкраги оғзи-бурнидан оқаётган шилимшиқ қонга қорилган.

Самарнинг аскарий ботинкасида “шилқ-шилқ” лойқа ўйнайди. Тиззасигача балчиқ. Тирсагигача лой. Гўё, кўлмакда йиқилиб ётган одамга тасодифан дуч келгану уни авайлаб турғизган. Ранги-қути учганига қарамай, оғзининг таноби қочгиси бор.

Йигит сезди: саркотибнинг шериклари ҳам юз-кўзидаги ҳайратомуз жилмайишини яширишга ҳар қанча уринмасин, эплаши қийин бўляпти. Мабодо, Самарнинг ўзи шу алпозда – жағи синиб, қону балчиққа беланиб пайкалдан чиқса, балки уларнинг ичи ачирди. Яна ким билади.

Туман доруғаси ердан икки кўзини узмасдан тўғри бориб, машинасининг орқа эшигига юзланади ва заиф овозда базўр ғўлдирайди: “Ҳамма ўз ишига борсин”. Бригадир эпчиллик билан эшикни очиб, унинг оппоқ сурп қопланган орқа ўриндиққа ўтиришини кутиб туради. Саркотиб шляпасини олиш учун қўл узатганида  Самар ғазаб билан шипшийди: “Умидингни уз, ифлос!” Орқасига бурилиб, қўлидаги шляпани қулочкашлаб шундай отадики, соябонли каллапўш пайкалнинг ўртасидаги  хазонлар устига бориб тушади.

––––––––––––––––
[1] Аргентиналик машҳур футболчи Диего Марадона.

[2] Қаллоб, ғирром.

“Ёшлик” журнали. 2024 йил 6-сон.