Аркадий Аверченко. Робинзонлар (ҳикоя)

Кема денгиз қаърига ғарқ бўлганида шу иккаласигина омон қолишди: биринчиси Павел Наримский – олим, иккинчиси Пров Иванович Акациев – собиқ жосус…
Иккаласи ҳам яланғоч ҳолда чўкаётган кемадан денгизга сакрашди ва чаққонлик билан олисдаги орол сари суза бошлашди.
Соҳилга биринчи бўлиб Пров етиб борди ва қирғоққа чўзилиб бўлажак шериги Наримскийни кута бошлади. Чарчаган шериги соҳилга чиқиб энди нафас ростлайман деганида баланд оҳангда:
– Марҳамат қилиб паспортингизни тақдим этсангиз! – дея сўради Пров.
Ярим-яланғоч Наримский қўлларини икки ёнга очиб:
– Паспортим йўқ. Чўкиб кетди, – дея ғамгин жавоб қайтарди.
Акациевнинг қош-қовоғи чимирилди.
– Хўш, унда мажбурман, бу ёққа келинг, – деди.
Наримский:
– Аҳа… Қаерга? – деди жилмайиб.
Пров сочини орқага таради, сўнгра нима қилишни билмасдан, сас-садо чиқармай, яланғоч ва тушкун алфозда орол чангалзорига кириб кўздан йўқолди…
Наримский аста-секин кимсасиз оролга мослаша бошлади. Аввалига қирғоққа тўлқинлар улоқтирган кема парчалари, оролнинг қуриган ёғочларидан фойдаланиб ўзига камтарона бошпана ҳозирлади.
Пров эса яқиндаги қоя орқасига беркиниб қақшаган ва озғин қўлларини ишқалаб уни кузатарди. Ёғочдан девор тиклаётган Наримскийни кўрган Акациев пусиб унга яқинлашди ва:
– Аҳа! Ниҳоят ушладим! Нима қиляпсиз? – дея бақирди.
Наримский мийиғида кулиб:
– Бу менинг биринчи бошпанам, – деди.
– Кимни алдамоқчисиз? Ахир уй қуряпсизку! Хўш, айтингчи муҳтарам жаноб, қураётган уйингиз қурилиш уставига тўғри келадими?
– А… Билмадим…
– Марҳамат қилиб жавоб берсангиз, уйни қуриш учун ёнғин хавфсизлиги комиссиясидан рухсат олганмисиз?
– Илтимос, мени тинч қўя оласизми?..
– Асло йўқ! Мазкур уйни берухсат қуришингизга бир четда жим қараб туролмайман.
Наримский яна жилмайди ва Провнинг гапига эътибор бермай янги бошпанасининг бежирим эшигини жойига ўрната бошлади. Акациев эса аввалига чуқур хўрсинди, киприкларини пирпиратиб бир зум хаёлга толди, сўнгра аста одимлаб ўз гўшасига – орол чангалзорига кириб кетди.
Бошпана тайёр бўлди, унда Наримскийга яшаш учун керакли барча қулайликлар мавжуд эди. Олим кунларнинг бирида соҳилдан бир сандиқ китоб, қурол ва бир бочка тузланган маккажўхори топиб олди. Орадан бир мунча вақт ўтгач Наримский тузланган жўхори ейишдан чарчади ва яқинда топган милтиғини кўтариб, ов илинжида чангалзорга йўл олди.
Чангалзордаги шериги жимгина унинг орқасидан кузатар, сас-садо чиқармай дарахтдан дарахтга сакрар, гарчи Наримский буни сезиб турса-да индамай йўлида давом этарди. Унинг бутун ўй-хаёли бўлажак ўлжасида эди. Шу маҳал олдидан бир ёввойи эчки югуриб ўтди, буни кўрган овчи фурсатни қўлдан бой бермай ўқ узди.
Пров тўсатдан дарахтдан сакраб тушди ва Наримскийнинг қўлидан ушлаб:
– Аҳа! Қўлга тушдингизми! – дея бақирди. – Хўш, айтингчи, сизда ушбу қуролдан фойдаланиш учун рухсатнома борми?
Наримский бугунги ва бу оролдаги биринчи лаззатли таоми – эчкининг юмшоқ юнгидан оҳиста силаб елка қисди:
– Тушунмадим, нима қиляпсиз? Ўз ишингиз билан шуғуллансангиз мақсадга мувофиқ бўлармиди…
– Кўрмаяпсизми, шундоғам ўз ишимни қиляпман?! – дея эътироз билдирди Акациев дарғазаб бўлиб. – Мазкур иш мутасаддилар томонидан кўриб чиқилгунича қуролни менга топширишингиз шарт! Айтганча, тушунтириш хати ёзишни ҳам унутманг!
– Нега сизга берарканман?! Қуролни ахир ўзим топдим, сиз эмас! – деди Наримский қатъий оҳангда.
Пров:
– Ушбу топилманинг учдан бирига ҳаққингиз бор… – дея сўз бошлади, бироқ бу сўзлар бемаънилигини англаб бирдан тўхтади, сўнгра ғазаб билан сўзини якунлади:
– Бу ерда ов қилишга ҳаққингиз йўқ!
– Нега ахир?
– Ҳали Петров куни келгани йўқ. Қонунни биласизми ўзи, хўш, жавоб беринг?!
– Тақвимингиз борми? – дея сўради Наримский.
Пров ўйга чўмди, жавоб тополмаганидан ёш боладай оёқларини ерга уриб тапиллатди ва баланд овозда:
– Ўзингиздан кўринг, ундай бўлса мен сизни ман қилинган жойда ўқ узиб гўзал чангалзоримизнинг тинчлик ва осойишталигини бузганликда айблайман! – деди, сўнгра буюрди, – Қани, қўллар орқага, ҳибсга олиндингиз!
– Қаршилигим йўқ, бемалол, марҳамат, ҳибсга олаверинг! – деди Наримский хотиржам оҳангда. – Агар шундай қилсангиз, унутманг, мени жой, озиқ-овқат билан таъминлашингиз, ҳар куни бир марта сайрга олиб чиқишингиз, жавобгарлигимни ўз бўйнингизга олишингизга тўғри келади.
Акациев киприкларини пирпиратиб бироз жим қолди, сўнгра елкаларини қисдию қуюқ чангалзорга кириб кўздан йўқолди.
Наримский бу сафар бошпанасига бошқа йўл билан қайтишга қарор қилди. Бўрондан қулаган дарахт бўйлаб кичик дарёдан ўтди. Ўтиши билан қирғоқда бир ёзувли устунга кўзи тушди. Яқинлашиб ўқиди: “Кўприкдан ўтиш тақиқланади! Бу чангалзор мулки. Қонунни бузган жаримага тортилади!”
У ҳеч нарсага тушунмай елка учирди, чанқоғини қондириши учун дарёга эгилганди қирғоқ тошида бошқа бир ёзувни кўрди: “Дарё сувини ичиш мумкин эмас! Ушбу тартибни бузганлик учун айбдорга…”
Тотли кечки овқатдан сўнг қуруқ барглардан тузатилган иссиқ тўшагида ухлаётган Наримский ярим тунда бирдан тақиллаган овоздан уйғониб кетди. Керилиб, бир эснагач эшикни очди, остонада сочлари тўзғиган, соқоли ўсиб кетган Пров Акациев турарди.
– Келинг, нима хизмат? – деди хушмуомилалик билан Наримский.
– Уйингизни тинтув қилиш бўйича буйруқ олганман. Илтимос, қаршилик қилманг. Айтган ҳар бир сўзингиз судда ўзингизга қарши ишлатилиши мумкин…
– Тинтув қоғозини кўрсата оласизми? – дея сўради Наримский яна эснаб.
Акациев жавоб беролмай бошини чангаллади ва ижирғанди, сўнгра кўзлари ёшланиб хонадан отилиб чиқиб кетди. Икки соатдан кейин яна деразани тақиллатди ва тонг отгунча бир гапни қайтариб ўтирди: “Унутманг, уйингизда китоблар турганини кўрдим. Агар улар тақиқланган китоблар бўлса айбдор деб топиласиз ва икки йилга озодликдан маҳрум этиласиз…”
Наримский бу пайтда пишиллаб ухлаб ётарди.
Кунлардан бир кун ҳузурбахш денгизда чўмилаётган Наримский шу қадар олисга сузиб кетдики, орқага қайтишга кучи етмай чўка бошлади.
Оёқларида ҳам мадори қолмагач охирги кучини тўплади ва чинқирди. Охирги кўрган нарсаси ҳамиша уни паналардан кузатиб юрадиган “чангалзор қироли”нинг шоша-пиша денгизга отилгани ва у томонга сузиб келаётгани бўлди.
Наримский қирғоқда кўзини очди. Унинг боши Пров Акациевнинг тиззасида турар, у қотиб кетган қўли билан собиқ шеригининг қўллари, оёқларини уқаларди.
– Тирикмисиз? – дея сўради ҳавотир билан Пров.
– Тирикман! – деди Наримский қалбида унга нисбатан миннатдорлик ва ачиниш ҳиссини туйиб. – Айтинг-чи… Нега мени деб ҳаётингизни хавф остига қўйдингиз?.. Нега мени қутқардингиз?.. Наҳот, мен сиз учун шунчалик азиз бўлсам?!
Пров Акациев чуқур хўрсиниб ҳорғин кўзларини қуёш ботишининг алангаси ўраб олган чексиз-чегарасиз денгиз уфқига тикди ва оҳиста:
– Албатта, азизим. Ахир Россияга қайтганимизда, сиз тахминан бир юз ўн минг жарима тўлашингиз ёхуд бир ярим йил қамоқда ўтиришингиз лозим! Сизни бундай “бахт”дан маҳрум қилсам ўзимни бир умр кечиролмасдим, – деди ва бироз тўхтади, сўнгра самимий оҳангда қўшиб қўйди, – Илоҳим, ҳамиша соғ-омон бўлинг, пулингиз кўпаяверсин!

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси