Халқ тилидаги, шевалардаги сўзларни ишлатиш, эски сўзларнинг маъноларини изоҳлаш, шу орқали уларни тарғиб қилиш тил бойлигимизни сақлашнинг энг яхши йўли. Ҳар бир сўзнинг барча товланишларини, услублар бўйича тармоқланиш имкониятларини, тил воситаларидан моҳирона фойдаланиш йўлларини илмий асослаш керак. Яъни тароват сўзини қаерда, нима мақсадда ишлатиш керагу, тозалик, янгилик, софлик сўзларини қаерда, нима мақсадда ишлатиш кераклигини кўрсатайлик. Сўзларнинг параллел қўлланишлари танлашнинг биринчи белгиси бўлиб, тилнинг сайқалланишида аҳамияти каттадир. Бир вақтлар қомус, дорилфунун, жумҳурият, фаввора, домла каби сўзларнинг ишлатилишини чекламоқчи бўлдик. Хайриятки, у даврлар ўтди.
Энди халқ тилида ҳозир ҳам кенг қўлланаётган жуда кўп сўзларга ҳаёт бағишласак бўлади. Мана, уларнинг бир нечтаси: чўкалдак (айрипаншахага ўхшаш, икки учли иш қуроли); айри (тиргак — ёғочни кўтариб турувчи икки учли ёғоч устун); оташкурак (чўғни, чала ёнган тарашани қисиб олувчи асбоб); оловкурак — чўғ солинадган идиш; ғонадак — хозанак (полиз, узумзор, мевазорларда йиғиштирилмай қолиб кетган мева ёки сабзавот қолдиғи); чегана — асосан, эчки подаси; қуроқ: I — қамиш тури, II — якандознинг четидаги кунгура, қоплама; III — парча, лахтаклардан тикилган қоплама, эвра (ёстиқники ёки кўрпачаники); лахта (к) — қийқим, газлама парчаси, ташландиқ ер; пахтахона — шийпон, ўнбоши — бригадир; сўкичак — қурт боқиладиган сўри; қил — юнг (қилни қирқ ёрмоқ); қилчи — сартарош; алак — бўзнинг бир тури (газлама); болиш — ёстиқ; гунгура — қийиқнинг гули; сув — қийиқнинг гули; чамбарак — қаймоқ, қатиқ, сут идишлари сақланадиган осма идиш тури; кандик — катта, ичи бўлинган сандиқ; лингча — кичикроқ қоп, майин, жун қоп, пахта қоплардан фарқ қилади —асосан, ун, шакар учун ишлатилади; тўқол — шоҳи йўқ мол; қилтаноқ — шолининг туклари; ола — гуруч ичидаги оқланмай қолган шоли; дурра — аёлларнинг енгил рўмоли; гупчак — арава ғилдирагининг ташқи томони билан ўрта қисмини, ўқни бирлаштирувчи ёғочлар; ният — аравага қўшиладиган от бўйнига осиладиган асбоб-мослама; бўйинча — от бўйнига ниятдан олдин тақиладиган абзал; айил — от, эшак белига тўқим ёки эгарни маҳкамловчи қайиш; дуварак — иккинчи, пишмай қолган ҳосил; ўтович (ўтоғич — ўт олғич) — экин еридаги ўтларни қирқиб, кесиб олувчи асбоб; босма — димлама; босма — экиш йўли (чигит босма қилиб экилди); печак — қант тури (парварда); марза — ерни (экин ерини) бўлакларга ажратиб турувчи сув тўсиқлари; увват — марзанинг устки қисми; хат — экинни суғориш учун ҳар бир қатор орасида очилган ариқ; бувак — чақалоқ.
Шунингдек, липпа, жияк, тўғноғич, қичима (экзема), тепки (бўйинга чиқадиган шиш (свинка), келисоп, яхлов, сарроп, ҳанги, таглик, сувхўрак, лойхўрак, белкурак, ёғоч курак, пахта курак, ялақ (қуш — зоғча тури), зоғча — қуш тури, ҳакка (ола ҳакка), олақарға, кўк қарға, гўнг қарға, ғулу‑ғулу товуқ — энг катта товуқ (курка эмас), курк товуқ, пойнак (пичоқ қини охирига тақиладиган мис ғилоф), мояк (товуқ босиб ётиши учун қўйилган тухум), ош вақти, икки хуфтон, кесатқи (синч тури ёки қоплама ёғоч), чучимия (ачимия тури) каби яқин кунларда ишлатилиб юрган сўзларга ҳаёт бағишлаш лозим. Буларнинг ўрнида кўп ҳолларда русча сўзлар қўлланяпти; қичима — экзема, белкурак — лопатка каби. Шевалардаги сўзлар ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ, тушунчаларни аниқ ифодалаш хусусиятлари билан, айниқса, аҳамиятлидир. Масалан, арчмоқ сўзи нарсанинг устки қисмини олиб ташлаш ҳаракатини ифодаласа, артмоқ тозалаш маъносини билдиради. Ҳозирги кунда ғулу‑ғулу товуқ ўрнида баъзан курка, қил ўрнида юнг, лингча ўрнида қоп ёки халта каби сўзлар ишлатилганини кўрамизки, бу нарса нутқ аниқлигига путур етказади, тушунча ҳақида тўла тасаввур бермайди. Аксинча, тингловчини чалғитади.
Эски ўзбек тилидаги ва шевалардаги сўзларни тўплаш, саралаш, изоҳлаш каби ишлар бўйича аниқ режа ишлаб чиқилмоғи, маълум муддат ичида, барча имкониятларни ишга солиб (сўзларни йиғиш учун олимлар, талабалардан иборат махсус экспедициялар уюштириш каби), уларнинг луғатини тузиш, 1—2 йил ичида ҳамма соҳалар бўйича атамаларни ўрганиб чиқиш, атамалар луғатини тузиш уюшмалари (группалари) ташкил этиш, уларни йўлга қўйиш чораларини белгилаш лозим. Демак, шевалардаги бойликларни тўплаш, асраш, тўлалигича, барча нозикликлари, қирралари, имкониятларини сақлаган ҳолда авлодларга етказиш бизнинг асосий бурчимиздир. Бу жиҳатдан тилимизда аслида мавжуд бўлган ҳамма унлилар, ҳамма ундошлар, барча сўзлар формалари, қўшимчалар вариантларини сақлаб қолишга эътибор янада кучайтирилиши лозим. Уларни адабий тил доирасида қоидалаштириш кўп чалкашликларнинг олдини олади, ўзбек тилининг бойликларидан барчани баҳраманд қилади, сунъий равишда бошқа тиллардан сўзлар қабул қилинишига чек қўяди. Ниҳоят, халқимизнинг нутқ маданияти юксалишига ёрдам беради. Агар бу ишларни вақтида амалга оширмасак, кейинги авлод учун барча нозикликларидан маҳрум бўлган бир сакта тил қоладики, улар ҳозирги авлодни кечирмайдилар.
Ёрмат Тожиев, ТошДУ доценти
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 9–сон