Адабий-тарихий ёдгорликларимизнинг ҳар бир зарварағида, кексаларимизнинг икки гапини бирида халқ мақоллари ва ибратли сўзларга дуч келаверасиз. Бу тушунарли, албатта. Чунки турмуш тажрибалари асосида шаклланган мақоллар тарбия масалаларида ҳамиша муҳим ўрин тутган. Бугун эса қалин-қалин китобларда ҳам, замондошларимиз нутқида ҳам улар жуда кам қўлланиладиган бўлиб қолди. Айни пайтда андишасизлик, имон-эътиқоднинг йўқлиги каби ғайриинсоний хислатлар кўпайди. Бу икки ҳодисанинг бир вақтга тўғри келиши тасодифми ёки уларнинг оз бўлса-да, ўзаро боғлиқлиги борми?
Биз биламизки, мақоллар маълум давр ва шу давр одамлари хатти-ҳаракатига, эътиқоду тушунчасига мос тарзда юзага келади. Масалан, Октябрь инқилобигача ибратли мақоллар билан бир қаторда хотин-қизларга паст назар билан қарашнинг натижаси бўлган: «Хотин киши уйнинг чўриси», «Олтин бошли хотиндан бақа бошли эр яхши» каби мақоллар «ижод» қилинган. Сўнгги йилларда эса «Қишлоқда яшайсанми, техникани бил», «Дала шийпони — деҳқоннинг иккинчи уйи», «Қирғиз халқи мол билан, ўзбек халқи боғ билан», «Рус тили — она тилим, ўз тилимга қондош тилим», «Оқ олтин»ни олтин қўллар яратади» каби иборалар оммавий равишда ишлатила бошландики, уларнинг маъносини келажак авлодларимиз қандай изоҳлаши бизга қоронғу.
Бундай мантиқсиз, шиорнамо гапларни «мақол» деб тан олиниб ўзбек халқ мақоллари тўпламига киритилганлигини қандай изоҳлашни билмайсан киши. Ахир, қардошларимизнинг мақоллар тўпламларида бунақанги «катталар»нинг оғзидан илиб олинган гаплар йўқ-ку! Нега энди биз бу сўзларни қишлоқлик ва дала ишчиси кўнглини ҳисобга олмасдан қўллайверамиз?
Фикримизча, шу ўринда топганларимиздан йўқотганларимиз афзалроқ эканлиги ўз-ўзидан сезилиб турибди. Қуйида халқ жонли сўзлашув тилида пайдо бўлиб, оғиздан-оғизга ўтиб келган, аммо бизнинг давримизга келиб юқорида айтилган сабаблар боис асоссиз равишда унутилган (баъзилари «Ўзбек халқ мақоллари» тўпламида ҳам қайд этилмаган) халқ мақолларини изоҳлашга, (чунки уларнинг баъзилари матбуотда илк бор эълон қилиняпти), улар ҳақидаги баъзи фикрларимизни баён этишга жазм қилдик. (Мақолларнинг маъносини аниқлашда Учқўрғон районидаги «Коммунизм» колхозида яшовчи Салтанатхон ая Уралова ҳам ўз фикрларини айтганлар).
«Хотинларда хотин бор, бошларида олтин бор,
Эркакларда эркак бор, ҳисобда йўқ тентак бор».
«Хотинларда хотин бор…» — «Хотинлар орасида ҳам шундайлари (мақтов маъносида) борки… «Эркакларда эркак бор» — «Эркаклар орасида ҳам шундайлари (ёмон маънода) борки».
«Қиз бола ўнга кирса, тентак хотин сонга киради».
Бу мақолда қиз боланинг оиладаги ўрнига баҳо берилади. Қиз бола улғая борган сайин, унга эътибор орта боради. Унинг чиройи, ақли-ҳуши ҳақида гап кетади. Ошиқу беқарорлар, келин қилишга иштиёқмандлар пайдо бўлади. У ҳақдаги гап-сўзларда онаси ҳам тилга олинади, эл назарига тушади, яъни у ҳам сонга киради.
«Жонимнинг жононаси — хотинимнинг қайнонаси».
Бу мақолда эрнинг мустақил эмаслиги, хотинининг ҳақ-ноҳақлигидан қатъий назар фақат ўз онаси томонга оғиб кетиши (қайнона ва келин муносабатларида) назарда тутилади.
«Аёлнинг кўнгли бузилгунча шихти бузилсин».
Азалдан беҳаёликни катта фожеа деб билган халқимизнинг бу мақоли, аслида беҳаё аёлга мос жазо — ҳукми суровдир. Яъни аёл хаёлида беҳаёлик туйғулари пайдо бўлгандан кўра, бунга сабаб бўлган юзи, қадди-қомати бузилиши раво кўрилади.
«Кампир айтар қиз бўлай деб, бақа айтар мен олай деб».
Бу мақол ўз ёшига мос тарзда иш кўрмайдиганлар устидан аччиқ кулгу, киноянинг образли ифодасидир.
«Бир қизга қирқ уйдан тиюв».
Мазкур мақолдаги «тиюв» сўзининг — маслаҳат, кўз-қулоқ бўлиб турувчи, жавобгар каби сўзлар маъносига тўғри келишини билиб олсак, унинг асл маъноси аён бўлади-қолади. Нафақат мазкур мақол, балки шу мақол ифода этган ҳолатнинг орамиздан йўқолиб бораётганлиги ачинарли ҳол. Ҳа, илгари бир балоғатга етган қизга — ота-она, ака-ука, қариндош-уруғ, қўни-қўшни… хуллас ҳамма панд‑насиҳат қиларди, унинг тақдири учун ҳамма ўзини масъул ҳисобларди. Энди-чи… Энди кимнинг ким билан иши бор, оқибат эса ҳаммага аён.
Хозирга келиб айрим мақоллар мазмуни нотўғри талқин қилинмоқда. Масалан, ҳозирги ёшлардан «Отангни ўлдирганга онангни бер» мақолининг мазмунини сўраб кўринг-чи. Албатта, ҳамма, ҳатто сенга душманлик қилганга фақат яхшилик қил, деган жавобни айтишади. Афсуски, бу борада кексаларимиздаги фикр тамомила ўзгача.
Умуман, мақоллар ва воқелик ўртасидаги ўзаро мутаносиблик тасодифий бўлмайди. Жумладан, сўзимиз аввалида тилга олинган икки ҳодисанинг ўзаро боғлиқлиги ҳам тасодифий эмас, қонуний ҳол. Шу боис бу тўғрида жиддий ўйлайдиган пайт келди.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 8–сон