Қудрат Дўстмуҳаммад. Закий (эссе)

Аҳмад Закий Валидий Тўғон (1890, Ишембой тумани, Бошқирдистон – 1970, Истанбулб Туркия)

Буюк шахсларнинг ҳаёти, ижоди ва қилган ишларини ўрганиш қимматли маълумотлар бериши билан бирга, ўзига яраша илмдир.

Аҳмад Закий Валидий Тўғон исмини мамлакатимиз мустақиллиги йўлида курашиб, жон фидо этган Беҳбудий, Мунаввар қори, Авлоний, Фитрат, Усмон Носир, Чўлпон сингари маърифатпарварлар қатори ўқиб, эшитиб юрардим, лекин яқинроқ таништирадиган биронта манба қўлимга тушмаган экан, ўзим ҳам махсус ўрганишга киришмаганман.

Интернетнинг маърифий сайтларидан бири – “ziyouz.uz” нинг кутубхонасидаги китобларни кўздан кечира туриб, Аҳмад Закий Валидийнинг “Бўлинганни бўри ер” номли китоби диққатимни тортди, кўчириб олдим. Катта бир ҳазина топганимни ҳали билмасдим. Китоб “Хотиралар” номи билан дастлаб, 1969 йили Туркияда, турк тилида нашр этилган экан. Ўша кезлари Россияда рус тилида босилганида борми… коммунистлар тилдан қўймай айтиб юрган “жаҳон инқилоби” (мировая революция) ўша пайтлардаёқ рўй бериб қўя қоларди…

Уфа шаҳрида чиқадиган “Агидель” журналининг 1991-92 йиллар сонида китоб бошқирд тилида босилади. Мен топган ҳазина ана ўша вариантдан ўзбекчага ўгирилган. Таржимонлар Шерали Турдиев ва Шариф Холмурод. Китобни “Адолат” нашриёти 1997 йили чоп этган. Шариф Холмурод ёзган сўзбошида айтилишича, “Хотиралар”дан асосан, Туркистонга тегишли қисмлари ўзбекчага ўгирилган, чунки ўша пайтдаги “сиёсий кайфият” шуни тақозо қилган экан.

Китобга сўзбоши ёзганлардан яна бири – атоқли адиб Асқад Мухтор тарихий воқеалар таҳлилини мутахассисларга ҳавола қилиб, Валидийнинг шахсиятига эътибор қаратган ва китобнинг ўзидан қисқа-қисқа иқтибослар келтириб, бу шахснинг буюклигини кўрсатиб берган.

Мен ҳам шу йўлни тутиб, асосий эътиборни Валидийнинг шахсига қаратдим ва 1958-60 йиллари олий ўқув юртида “КПСС тарихи” фанини ўқиб ўрганганларим ва талабаликдан кейин олган сиёсий билимларим асосида баъзи назарий қарашларимни баён қилдим.

Бу китоб менга аждодларимизнинг миллий озодликни қўлга киритиш йўлидаги курашлари ҳақида, талабаликда мен эшитган билимларга бутунлай тескари маълумотларни берди. Ҳақиқат билан ёлғонни бир-биридан ажратиб олиш, албатта, ўқувчининг ўзига боғлиқ.

Валидийнинг шахсиятини яхши ўрганиш учун “Бўлинганни бўри ер” китоби озлик қилиши аниқ эди, шунинг учун “Хотиралар”нинг тўлиқ вариантини топишга аҳд қилдим. “KH-Davron.uz” сайтида бор экан, тўлиқ номи: “Воспоминания. Борьба народов Туркестана и других восточных мусулман-тюрков за национальное бытие и сохранение культуры”, Уфа шаҳри, “Китап” нашриёти, 1994 йил (иккинчи жилди – 1998й.).

Биринчи жилд Татаристон, Бошқирдистон ва яқин атрофда (Урал, шимоли-ғарбий Қозоғистон) кечган воқеаларга бағишланган, иккинчиси – Туркистон ҳудудларидаги жанглар, курашлар ва ниҳоят, чет элларга ҳижрат ва ўша ёқларда “Туркистон миллий бирлиги”нинг ишлари, Валидийнинг илмий фаолияти ҳақида.

Валидийнинг шахсияти ҳақида бир нималар ёзиш ниятимни ҳамкасблардан бирига айтсам, “Хотиралар” китоби бор экан (ўқиганман, демади), лекин Валидийнинг ўзига нисбатан салбий муносабат билдирди: “У одам Ўзбекистонга келиб, кўп нодир китобларни Россияга обкетиб қолган.” Назаримда, Валидийнинг обрўси тушиб кетгандек бўлди, лекин бу туйғу бир сония давом этди. Ҳамкасбимнинг фикрини ижобий томонга ўзгартириш мақсадида: “Валидий билан ёнма-ён юриб Советларга фидокорона хизмат қилган арбобларнинг ҳаммаси олдинма-кейин отилиб кетибди, Валидий эса омон қолибди-я!”- дедим. Бунинг жавоби олдингисидан бадтар менсимаслик бўлди: “Ҳа-а, Ленин билан Сталиннинг ўз одами бўлган-да! Ўшаларнинг топшириғини бажариб юрган.”

Бу мавзуда бошқа гап очмадим. Ҳамкасбимнинг Валидийга муносабати мени ўз олдимга қўйган ниятимда қатъий қилиб қўйди: ёзишим керак экан! Валидийнинг кимлигидан хабардор одамнинг қарашлари шунақа бўлса, у ҳақида ўқимаган, эшитмаган одамларнинг фикри нима бўлиши мумкин?

* * *

Таассуротларимни ҳамкасбимнинг муносабатларига жавоб беришдан бошлайман.

Валидий Туркистонга келгач, қадимий қўлёзмаларни топиб, Россиянинг археология ва этнография жамиятига обориб бергани жуда яхши иш бўлган экан-да! Акс ҳолда, у қўлёзмалар нос ўрашга ишлатилавериб, умуман, йўқолиб кетган бўларди. Бунга “Хотиралар” дан битта мисол.

1911 йилда Валидий Туркистонга иккинчи марта сафар қилади. Қарши бозорларини айланиб юрса, бир аттор зираворларни қоғозга ўраб сотаяпти. Бу қанақа қоғоз бўлди экан, дея аттордан олиб қараса, қадимий турк ёзувлари билан битилган Қуръон экан!

Бу қоғозларни қаердан олгансиз, деб сўраса, эски бир китобдан ажратиб олувдим, дебди аттор. Валидий унинг ҳамма қоғозларини сотиб олади. Археология ва этнография жамияти бу қоғозларни жуда нодир топилма деб баҳолайди. Маълум бўлишича, бу топилма Х асрда туркий тилга таржима қилинган Қуръоннинг еттидан бир қисми экан. Шу Қуръондан ХШ-ХIV асрларда кўчирилган нусхалар кейинчалик Туркиядан топилади.

Қаранг, Қуръон Х асрдаёқ турк тилига таржима қилинган экан! Мен бўлсам, шайх Алоуддин Мансур бошлаб берган, деб ўйлаб юрарканман.

Ўша қадимги таржима қўлёзмаси бундан бир юзу олти йил илгари топилибди. Шунча вақт ўтиб ҳам Туркистонда, яъни ҳозирги Ўзбекистонда қадимий китобларга, осори-атиқаларга муносабат ўзгармабди. Бунинг исботи учун исталган бир бозорга кириб, аттордан зиравор сўранг-чи, у ёғи нима бўларкин? Аттор олдиндан тайёрлаб қўйилган, карнай шаклли қоғоз идишга сўраган нарсангизни ўраб беради. Сотиб олган нарсангизни нима қилсангиз, энди, сизнинг ихтиёрингизда. Зираворни бир идишчага ағдариб, карнай шакл қоғозни очиб кўринг-чи, нимани кўрар экансиз? Ё аллақайси китобдан йиртиб олинган варақ бўлади ё қайсидир бир ташкилот, идора, муассасага тегишли эски бир ҳужжат бўлиб чиқади. Аттор оппоқ қоғоз сотиб олиб ишлатса, фойдаси камайиб кетиши ёки зарар кўриши мумкин-да.

Ҳозирги вақтларда нашр этилаётган баъзи китоблар ёқиб юбориш, йиртиб ташлаш ёки макулатурага топширишдан бошқасига арзимайди, эски ҳужжат эса ҳеч қандай амалий аҳамиятга эга бўлмаслиги мумкин, лекин иккови ҳам тарих нуқтаи назаридан қандайдир қимматга эга бўлиши муқаррар. Мана буни биз ҳануз тушуниб етганимиз йўқ, тушунсак ҳам аҳамият бермай келамиз. Эски-туски нарсалар жойни банд қилиб, чанг босиб ётаверганидан кўра, озгина бўлса ҳам фойда келтирсин, деймизда, сотиб юборамиз.

Яқин ўтмишимизни эслайлик. Лотин графикасига ўтдик, деб кутубхоналардаги кирилл алифбосида босилган китобларни макулатурага топширдик. Совет империяси парчаланиб, коммунистик назариянинг миси чиқиб қолгач, сиёсий китобларни йўқотиб юбордик. Лениннинг қирқ томлик асарлар тўплами озмунча нашр қилинганмиди? Марк, Энгельс ва коммунистик жамият назариячиларининг китоблари-чи?

Китоб, ҳужжат – макулатура эканку, лекин эски буюмлар-чи? Шаҳарлардаги тижорат дўконларига кириб қаранг-чи, қанақанги осори атиқаларга кўзингиз тушмайди! Булар – қозоннинг тагида қолган қирмоч, асосийси – мазали “овқатлари” алақачон сотилиб, чет эллардаги музейларга қўйилиб бўлди!

Яхшиямки, тарихий аҳамиятга эга буюмларни, санъат асарларини тушунадиган, қадрлайдиган бой одамлар Ер юзидан йўқолиб кетмаган экан. Юртимизда санъатни қадрлайдиган одамлар кўп, лекин уларнинг молиявий имкониятлари катта эмас, пулдор одамлар эса, ўзлари учун жудаям зарур бўлмаган қасрларни қуриб ётишибди. Улар ҳам чет элларга нималарнидир ташиб кетишаяпти, лекин музейларга эмас, банкларга қўйишмоқда.

* * *

Валидий ҳеч қачон Ленин ва Сталиннинг “ўз одами” бўлмаган, илми ниҳоятда бой, араб, форс, турк ва рус тилларини, Қуръони каримни билгани ва сиёсатни нозик ҳис қилгани учун доҳийлар уни қадрлаганлар, мусулмон ўлкаларга тегишли муаммо юзага келиб қолса, нуқул Валидийни чақиртиришган. Сталин уни бир неча марта суҳбатга тортиб, киши билмас тарзда, муаммони ўзи учун ойдинлаштириб олган, Ленин эса муғамбирлик қилиб ўтирмасдан, худди шундай мавзудаги тезисларини ўқитиб олган, лекин Валидий берган маслаҳатларнинг ҳаммасини қабул қилавермаган.

Валидий, ўрни келганда, Ленинга ҳам, Сталинга ҳам гап қайтара олган. Ленинга очиқдан-очиқ, сиз рус шовинистларининг гапларига ишонасизу, бизнинг гапларимизга ишонмайсиз, деган. Бошқирдистон билан Совет ҳокимияти ўртасида келишув тузилаётганда, Сталин кўчиб борган русларга имтиёзлар яратишга ҳаракат қилган, Валидий эса, уларга сайлов ҳуқуқини бермасликни талаб қилган. Сталин шу гапни овоза қилиб, Совет Ҳукумати кўчиб борган русларга сайлов ҳуқуқини берди, деб мақтанган. Бу камлик қилгандек, ўша кўчиб борганларга яширинча қурол тарқатган, ваҳоланки, бу пайтда бошқирдларни қуролсизлантириш ишлари бораётган эди.

Сталин гап қайтарган одамни ўзига душман деб билган, “ўз одами” бўлса ҳам баҳридан ўтиб юборган. Тарихдан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Валидий Совет Ҳукуматининг “ўлим машинаси”дан омон қолиб, бу дунёда саксон йил умр кўрган экан (1890-1970 йиллар) бунга аввало, Аллоҳнинг марҳамати сабаб, қолаверса, ўзининг ўткир зеҳн-закавоти – закийлиги сабаб бўлган.

* * *

Аҳмад Закий Валидий – бошқирд миллий озодлик ҳаракати лидери

Валидийнинг исми “Аҳмад Закий”, отасининг исми эса “Аҳмадшоҳ”. Ота-боланинг исми бирхил бўлиши бизга ғалати кўринади. Демак, “закий” ва “шоҳ” қўшимчаларининг аҳамияти бор экан-да? Аҳмадсан (ёки Аҳмадсоний -?) деган исм ҳам бор экан. Ўзбекчада исмлардаги қўшимчаларга урғу қилинмайди.

Исломда чақалоққа исм қўйишда Аллоҳдан муайян бир нималарни сўраб, шуларга мос исм танланади. Бошқирдларда “шоҳ Аҳмад” бўлсин, “закий Аҳмад” бўлсин (ёки бошқача) деб сўраш мумкин ва исмларни айтишда қўшимчасига катта аҳамият берилар экан-да?

Исм инсон тақдирида акс этишига ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Валидийнинг исми ва тақдири бунга яққол мисол бўла олади.

Келинг, бу масалага моддиюнчилик нуқтаи назаридан ёндашиб кўрайлик.

“Хотиралар”нинг иккала жилдида, сўз юритилган шахсларга тегишли фотосуратлар берилган. Аҳмад Закийнинг ота-онаси суратидан кўринишича, отаси – юмшоқ табиатли, лекин қатъиятли, онаси – сержаҳл, тезкор ва қаҳри қаттиқ. Икковлари иймонли инсон, рус тилини билишади, шарқ мутафаккирлари турк, араб ва форс тилларида битган асарларини ўқишган, ёддан ҳам билишади, керак бўлиб қолганда иқтибос келтира олишади. Отаси мадраса очиб, кўплаб болаларнинг саводини чиқарган, илм ўргатган, онаси – катта хўжаликнинг бекаси. Кенг яйловлар, ўрмонлардан иборат мулклари бўлган, йилқичилик, чорвачилик, асаларичилик билан шуғулланишган. Шуларнинг бари Аҳмад Закийнинг шахсида ажойиб тарзда омухта бўлган.

Аҳмад Закий олти ёшидан бошлаб ота-онасидан араб, форс тилларини бараварига ўрганган, кейин отаси уйига ўқитувчи чақириб рус тилини ўргаттирган. Қўшни қишлоқдаги мактабга бир неча марта қатнаб, имтиҳон топширган, унга қандайдир гувоҳнома ҳам ёзиб беришган. Ўша мактаб раҳбари, сен тилларни тўрт синфни битирган болалардан ҳам яхши биласан, деб мақтаган ва, албатта рус мактабида ўқишни давом эттирсин, дея отасига маслаҳат берган. Бу маслаҳат амалга ошмай қолади, ўрнига, бошқа бир овулда жойлашган, тоғасига қарашли мадрасада ўқиган. Ўз уйидан анча олис бўлгани сабабли тоғасининг уйида, кутубхонанинг бир бурчида яшаган. Тоғаси рус тилини билмаган, лекин араб тилидаги китобларни кўп ўқирди, бошқирд тилига таржима қиларди, сиёсатдан хабардор бўлган. Бошқа юртларда чиқадиган газета ва журналларни олиб турарди.

Тоғасининг мадрасасида бирмунча вақт ўқигач, отасининг мадрасасига ўтиб, давом эттиради, Оренбург, Қозон, Петербург, Боку, Астрахан, Қримдан газета ва журналлар олиб, мадрасанинг бир хонасида кўпчилик фойдаланадиган кутубхона ташкил қилган.

Аҳмад Закийнинг бир ҳамюрти Байрутдаги америка коллежида ўқир экан, уни ўша ёқларга бориб ўқишга ундайди. Шуни орзу қилиб, уйидан чиқиб кетганда, учраган одамларнинг ҳаммаси, ўз юртингда қолиб ўқиганинг яхши, деб маслаҳат беришади. Шундай қилиб, Уфа, Қозон, Астрахан шаҳарларига бориб, кимларнидир хизматини қилиб кун кўради, кейин отаси қаерда юрганини билиб, пул юбориб туради, якка тартибда рус тилини, математикани, араб тили ва адабиётини чуқур ўрганади.

Уйидан чиқиб кетганига бир йил тўлиб, ўқишларда таътил бошланганда, Аҳмад Закий ота уйига қайтади. Отаси гина-гудурат қилиб ўтирмай, биринчи кўришган заҳоти саволга тутади: “Қани, руслардан нима яхшию, нима ёмонни ўргандинг?” Аҳмад Закий ўйлаб ўтирмай, шартта жавоб қилади: “Оёғостига сиймасликни, бировга бўйинтуруқ илишни.” Бу гап отасига жуда ёқиб тушади ва танишларига айтиб юради.

Отаси ҳажга кетаётганда, Туркиядаги катта кутубхоналардан бирига кириб, қайсидир муаллифнинг қўлёзмаси бор-йўқлигини билиб келишни илтимос қилади. Ота бу топшириқни бажарибгина қолмай, сафардан кўплаб китоб келтириб беради.

Отасининг дўсти, Давлат Думаси аъзоси ҳам Аҳмад Закийга сиёсий китобларни совға қилади. Хуллас, Аҳмад Закий болалигиданоқ илмли одамлар билан мулоқотда бўлган. Дорилфунунлар бир ёқда турсин, гимназияга кириш учун имтиҳонларга тайёрланган, лекин кирмаган. Рус бўлмаган халқлар учун рус тили муаллимлиги ихтисоси бўйича имтиҳон топшириб, ўқитувчиликка рухсат олган. Қозонга янаги борганида, ўқитувчилик қила бошлайди. Мадрасаларни ислоҳ қилиш ҳақида газетада мақола чиқариб, шоир Абдулла Тўқайнинг эътиборига тушади. Шарқшунос Николай Ашмариннинг “Татарская литература” номли мақоласини таржима қилиб, маориф вазирлигининг журналида чоп эттиради. Йигирма бир ёшида “Турклар ва татарлар тарихи” номли китоб ёзиб, таниқли тарихчилар ва шарқшуносларнинг эътирофига сазовор бўлади. Қозон университетининг филология факультети профессори Николай Катанов Аҳмад Закийга эркин тингловчи сифатида дарсларга қатнашишни маслаҳат беради. Шу тариқа у тарихчи, шарқшунос ва этнограф олимлар даврасига кириб келади.

* * *

Аҳмад Закийнинг ёшлик йиллари, оилада қизиқ бир воқеа содир бўлади. Татаристонда ўқитувчилик қилиб юрган кезлари, таътил бошлангач, шогирдларидан бирини ёнига олиб, ўз юртига қайтади. У билан бирга яйловлар, ўрмонлар, тоғлар оралаб, ов қилади. Шогирд устозини ислом бўйича кўп саволларга тутади, Аҳмад Закий эринмасдан жавоб бераверади. Шогирди баъзан устози сўзларини ёзиб олади. Бир ойга яқин вақт ўтгач, шогирд уйига кетишдан аввал яна саволларни қалаштириб ташлайди. Шунда Аҳмад Закий, ҳамма саволингга жавобларни ёзиб бераман, дейди ва етти варақ қоғозга фикрларини тўкиб-солади. Жавобларни қўлига олган шогирд эҳтиётсизлик қилиб, қоғозларни овул кутубхонасидан олган китоб ичига солади-да, унутиб, китобни топшириб юборади ва ўз юртига кетади. Кутубхона эгаси у қоғозларни ўқийди, исломга тўғри келмайдиган гаплардан ғазабланиб, кимларгадир айтади. Шу билан овулда шивир-шивир ғийбат бошланади.Бу гаплар Аҳмад Закийнинг отаси қулоғига етади. У ўғли билан гаплашмай қўяди. Онаси бунинг сабабини ўғлига айтгач, Аҳмад Закий кутубхонага от чоптириб боради-да, қоғозларини олади ва отасига келтириб беради. Отаси уларни йиртиб ташлаш ўрнига, сақлаб қўяди, ўғлидан эса аразлаганча юраверади. Орадан ўн беш кунча ўтиб, отаси: “Тур ўрнингдан. Тоғангникига борамиз”,- дейди.

Отаси аравада, ўзи отда, ўн тўрт километр юриб, қўшни қишлоққа, тоғаси – Ҳабибназарнинг уйига келгач, қараса, жуда кўп қариндошлар йиғилибди, ҳаммаси муллалар, имомлар, дарров тушунадики, демак, уни – Аҳмад Закийни муҳокама қилиш учун йиғилишган.

Отаси, ўғли ёзган гаплар ҳақида қаҳр-ғазаб билан айтиб беради. Мажлис аҳли бирин-кетин, эҳтиётлик билан гапга қўшиладилар. Ҳабибназар тоға катта мулла, мударрис, мадраса эгаси эмасми, Аҳмад Закийга насиҳат қилади: “Жиян, сен юрт кезиб юрибсан, кўп ўқийсан, турли-турли одамлар билан мулоқот қиласан, табиийки, дунёқарашларинг ўзгариб туриши мумкин. Биз ишонамизки, сен ҳар доим ҳақиқий мусулмон бўлиб қоласан ва Қуръонни севишдан қайтмайсан. Лекин ҳамма гап шуларнинг ўзида эмас. Одамлар гапларингни тушунмаса, қабул қилолмаса, фикрларингни изҳор қилишга шошилма, пишиб етилмаган фикрларингни ҳеч қачон қоғозга туширма. Бундан душманларимиз фойдаланиб қолса, ўзингга яхши бўлмайди, отангга ҳам, менга ва бутун уруғ-аймоғимизга зарар етади. Бизнинг сендан умидимиз катта. Одамлар, рус тилини яхши билишингдан, аризалару шикоят хатларини адвокатларга ўхшаб ёзиб беришингдан ҳайратланишини эшитиб хурсанд бўламиз. Катта бўлганингда “Земство”га сайланишингни, ҳатто Думага аъзо бўлишингни орзу қиламиз ва бунинг учун ҳаммамиз биргалашиб ҳаракат қиламиз.”

Шундан кейин жамоат бўлиб намоз ўқишади, тоға имомликка ўтади, намоз сўнгида Аҳмад Закийга тегадиган замсуралар маъносини чақиб, яна насиҳатлар қилади.

Хуллас, Ҳабибназар тоға Аҳмад Закий қоғозга туширган фикрларни ёмонламайди ҳам, мақтамайди ҳам, шу йўл билан яширинча ҳимоя қилади, отасини тинчлантирадиган ва фикрларини ўзгартирадиган гапларни ҳам айтади.

Бу оилавий мажлис фақат Аҳмад Закий учун эмас, қариндош-уруғлар учун ҳам таъсирли ва унутилмас воқеа бўлиб қолади.

Воқеанинг яна бир ибратли жойи шундаки, Аҳмад Закийнинг куфрга тортиб кетадиган фикрлари ёзилган ўша етти варақ қоғозни на отаси, на тоғаси ёки бошқа бир жоҳил одам йиртиб ёки ёқиб юбормабди, аксинча, кимдир ундан нусха кўчириб олибди, аслини эса, ўзига қайтариб беришибди.

* * *

Аҳмад Закий гўзалликни нозик ҳис қиладиган инсон бўлган. Ўн саккиз ёшида уйланишни ортга ташлаб, узоқ-узоқларга кетиб, илм ўрганишни орзу қилиб юради. Ва, бир куни уйда ота-онаси йўқлигидан фойдаланиб, чиқиб кетади. Укаси уни қишлоқ чеккасигача кузатиб боради. Қишлоқма-қишлоқ ўтиб кетаверади, таниш одамлар учраб қолса, сир бой бермасдан, бир баҳоналарни айтиб бораверади.

Бир қишлоққа борганда, қорин тўйдириш илинжида хонадонлардан бирига киради. Катталардан ҳеч ким йўқ экан, ўн тўрт ёшлардаги бир қиз ва укаси бор экан. Хонадон жуда камбағал, кўзга ташлангани – эски кийимлардан тикилган, кўрпага ўхшаш ёпинчиқдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. У ҳам бўлса, вафот этган бир камбағалнинг кийимларидан тикилган экан.

Қўноқни меҳмон қилиш учун ҳеч нарсаси бўлмаганидан, қизча сув қайнатиб Аҳмад Закийнинг олдига қўяди. У тўрвасидан қотган нон чиқариб, сувга ботириб ейди. Қиз ва укаси ниҳоятда чиройли эканига эътибор қилиб, завқланади ва шунчалик камбағал яшашар экан, дея ачинади Улар билан хайрлашаётиб, тўрвасида қолган қаттиқ нон, қурут ва бир бўлак қазини болаларга қолдириб, кетади. Ташқарига чиқиб, Жалолиддин Румий айтган: “Туркнинг кигиз ўтови қанчалик қоронғи ва ғариб бўлса ҳам, ундаги гўзалнинг чеҳраси ўн тўрт кунлик ойдек мўъжизавий нурланади” мазмунидаги байтларини эслайди. Йўлда давом этаркан, отасини танийдиган одам учраб қолади, унга бор ҳақиқатни айтади. У одам Аҳмад Закийнинг ўқиш ниятларини маъқуллайди, отасига айтмасликка сўз беради, йўл учун бироз пул беради. Шаҳарга борганингда дурустроқ кийим тикдириб олгин, дея бир қирқим мато узатади.

Аҳмад Закий пулни оладию, матога келганда: “Шунинг ўрнига иккита адёл олиб, фалон қишлоқдаги бир камбағалникига бериб юборинг”, – дея илтимос қилади, чиройли қиз ва унинг чиройли укаси яшайдиган кулбани тушунтиради.

Демак, Валидий гўзалликни нозик ҳис қилиш билан бирга, олийжаноб ва меҳр-шафқатли инсон ҳам экан. Бу хислат унда қексайган пайтида пайдо бўлган эмас, ўн саккиз ёшидаёқ бўлган!

Ўн саккизга кирган йигитча ўн тўрт яшар қизнинг гўзаллигини пайқайди-да, деган луқма ташлаш мумкин, шунинг учун Валидийнинг ҳаётидан бошқа иккита мисол келтираман.

* * *

Валидий Самарқанд атрофларида ҳаракат қилаётган босмачилар орасида эди, Тошкентга “Туркистон миллий бирлашмаси” қурултойига бориши лозим. Пайшанба деган қишлоқ яқинидаги тоғли яйловда қўрбошилар турк зобитлари, Валидий ва унинг шериклари учун зиёфат уюштирадилар. “Тандир дўлмалари”ни тановул қилиб бўлишгач, босмачилар қорли тоғдан тушаётган шаршарани томоша қилгани боришади. Мағрибга бош қўяётган қуёш нурларига чўмган шаршара манзараси ҳаммани ўзига мафтун этади. Айниқса, Валидий маҳлиё бўлиш билан баробар, тутқич бермас хаёллар оғушида қолади: “Ўтмишда шомонлар тоғлар ва дарёларга сажда қилгани, ҳозир ҳам одамлар шундай хушманзара жойларга келиб, қурбонлик қилишлари бежиз эмас…” Аллоҳнинг қудратини, ҳикматини дилдан ҳис қилган Валидий беихтиёр саждага бош қўяди.

Гўзалликни қандай ҳис қилиш одамнинг ўзига боғлиқ, ҳаммаям Валидийчалик бўлолмайди.

Кейинги эпизод ҳам Тошкентга кетаётганда, Зарафшон воҳасида бўлади. Ботаётган қуёш нурларида дарё ўзани, ирмоқлари, тоғу тошлар мислсиз гўзал манзара ҳосил қилади. Қадимгилар мана шундай манзаралар сабабли дарёни Зарафшон, яъни “олтин пурковчи” деб атаган бўлсалар керак, деган хаёлга боради Валидий, ва, шерикларига қарата: “Агар бу ерлардаги миллий озодлик ҳаракатларига келиб қўшилмаганимда, бундай гўзал манзараларни ҳеч қачон кўрмаган бўлардим”, – дейди.

Бундай гапни айтиш учун камида рассом бўлиш керак, Валидий эса, бу вақтда, сиёсатчи ва жангчи эди.

* * *

“КПСС тарихи” фани бўйича ўқиганларимдан бир шингил…

Ленин бошлаган ва у таърифлаган “Улуғ Октябр социалистик революцияси” ғалаба қилгач, бир назария пайдо бўлди: Лениннинг фикрича, пролетариат диктатурасини фақат қуролли қўзғолон йўли билан ўрнатиш мумкин экан. (Диктатура деган нарса, умуман, керакмиди? Бойларнинг мавжуд диктатураси ўрнига йўқсиллар диктатурасини ўрнатиш –“ Али Ҳўжа” – “Ҳўжа Али”нинг ўзи-ку, дейдиган одам топилмабди-я!). Кейинчалик, большевиклар ўзларини “коммунист” деб атай бошлагач, Лениннинг назариясини ривожлантириб, парламент йўли билан ҳам пролетариат диктатурасини ўрнатиш мумкин, деган ғояни киритиб қўйдилар. Яъни пролетарлар ўз фарзандларини илм-ҳунарга ўқитиб, ўргатиб, давлат ва партия маҳкамаларида юқори лавозимларни эгаллаб, аста-секинлик ва юксак маҳорат билан, қонунлар чегарасида ҳаракат қилиб, парламентда кўп овоз олиб, пролетар диктатурасини ўрнатиш мумкин, деган фикрни Лениндан қолган назарияга киритиб қўйишди.

Бу ғоя, умуман, ёмон эмас. Валидий ҳам бошқирд халқини Советларга қарши курашишда худди шундай йўлга тарғиб қилган, ғалаён қилманглар, бу қийинчиликлар вақтинчалик, ўтиб кетади, деб далда берган. Бундай хислат фақат Валидийга эмас, умуман мусулмонларга хос, чунки Қуръонда сабр тушунчаси такрор-такрор айтилади, исломий тарбиянинг ўзакларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги даврда турк исломчилари ҳам худди шу йўл билан ўз мафкураларини ёйишга ҳаракат қиладилар.

Юқоридагилардан кўринадики, коммунистларнинг парламент орқали, тинч йўл билан ҳокимиятни қўлга киритиш ғоялари ва исломий халқлар ғалаён ўрнига сабр-тоқат билан, илм ва қонунлар ёрдамида курашишлари, иккови битта нарса экан!

Коммунистлар эса, ўзлари тўқиган назарияга ўзлари қарши чиқиб, ҳокимиятни ўзгартириш мақсадида, тинч ва қонунлар доирасида амалга ошириладиган ҳар қандай ҳаракатларни жиноят (мавжуд тузумни ағдаришга уриниш!), деб қонунга киритиб қўядилар ва энг қаттиқ жазо чораларини қўллайдилар.

“Парламент йўли” билан пролетар диктатурасини ўрнатиш мумкин, деган коммунистик назария қаёққа кетди?

Демак, коммунистлар учун ҳокимият тепасига келишдан мақсад – пролетариатнинг манфаати эмас, балки ўзларининг тўкин-сочин ҳаётини таъминлашдан иборат. Шунинг учун бехатар ҳокимлик қилишга керакли қонунларни расмийлаштириб, ўзларини иҳота қилиб оладилар, керак бўлса, янги қонунларни тўқиб ташлайдилар, ҳатто ўзлари чиқариб қўйган қонунларни истаганча бузадилар. Бунақа бузғунчиликни Ленин ва Сталиннинг ўзлари бошлаб беришган экан. Мана, Валидий айтиб турибди, Совет Ҳукумати Бошқирдистон билан тузган Битимга қандай муносабатда бўлганини.

Совет Ҳукумати 1917 йил, 25 октябр (эски ҳисобдаги сана) инқилобидан бир ҳафта кейин чиқарган, миллатларнинг мустақиллиги ҳақидаги декларациясига Россияга қарам бўлиб қолган ҳамма халқлар ишонишган ва Россияга қарамликни тан олган ҳолда, ўзларининг ҳукуматларини тузишган. Шу таҳлитда Қўқон мухторияти, Хоразм республикаси деган мустақил давлатлар тузилганидан хабаримиз бор. Лекин орадан кўп вақт ўтмай, Совет Ҳукумати бунақа мустақилларнинг ҳаммасини (жумладан, бошқа республикалар ҳудудида) ёстиғини қуритди. Тантана билан эълон қилинган Декларация қаёққа кетди?

Совет идеологлари Ленинни идеал инсон, ҳозирги тасаввурларга кўра, комил инсон дея таърифлаб, бизни тарбиялашган эди, аслида эса, Валидий айтганидек экан. КПСС тарихини, қўрққанимдан, танлаган мутахассислигимдан ҳам аъло кўриб, ўрганиб юрган вақтимда Ленин, биз мақсадларимизга етиш учун ҳатто Иблис билан ҳам шартнома тузаверамиз, деганини ўқиганман. Ўша вақтларда Лениннинг гапини муҳокама қилиш мумкинлигини ҳаёлимизга ҳам келтиролмасдик. Ҳозир эса, “Астағфируллоҳ! Иблисни тан олиб, Худони инкор этган одамга қандай баҳо берса бўлади?” – деб, бошим қотиб турибди.

Коммунистлар Лениннинг ўша гапини минбарларда туриб айтдилар, илмий ишларида иқтибос қилиб келтирдилар ва Иблисни ниҳоятда хурсанд қилдилар. 1991 йилга келиб, коммунистик ғояларнинг пучлиги бутун дунёга ошкор бўлганида, коммунистлар шарманда бўлганида, ана-мана, коммунистик жамият қуриб қўйдик, деб жар солган Совет империяси парчаланиб кетганда, Иблис, ман санлардан безорман, санларни танимайман, деб юз ўгириб кетди.

* * *

1917 йил 25 октябр революцияси ғалаба қилгач, бир ҳафта ўтиб, 2 ноябрда Советлар Россиядаги миллатларнинг мустақиллиги ҳақида декларация эълон қилдилар. Шундан кейин ҳамма ўлкаларда, шунингдек, Туркистонда ҳам, мустақил давлат тузиш ишлари бошланиб кетади.

Бошқирдистон Шўроси, бизга Советлар “инъом” этган мустақиллик керак эмас, ўзимиз мустақил бўламиз, дея махсус Фармон (№ 1, 11 ноябр 1917 й.) қабул қилдилар. Унда қуйидаги сўзлар ҳам бўлган: “25 октябрда Россиядаги Муваққат Ҳукумат ағдариб ташлангандан кейин фуқаролар уруши даври бошланди. Биз Советларни қабул қилмаймиз. Ўз ҳуқуқларимизни ўз кучимиз билан қўлга киритишни хоҳлаймиз ва автономияни большевиклар қўлидан олишни истамаймиз, чунки инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ўз ихтиёримиз билан чеклаб қўйишга рози бўлмаймиз.”

Қайсидир ўлкаларда, ана, декларация эълон қилинди-ку, дея “ура-ура!” ҳаракатга тушиб кетишгандур, балки. Бошқирдистон бундай қилмади, ўз мустақиллигимизни ўзимиз эълон қиламиз, дея биринчи рақамли Фармон чиқариб, ҳаммага билдириб қўйдилар.

Ана закийлигу, мана закийлик! Бунга Ленин ҳам қойил қолган экан. Кейинчалик, 1919 йил, 20 мартда большевиклар билан келишув имзоланаётганда, Ленин Валидийдан, ўша фармонни ким тайёрлаган эди, деб сўраган экан. Қойил қолмаганда, сўрамаган бўларди.

Шундай қилиб, Бошқирдистон 1917 йилнинг ўзидаёқ, 29 ноябрда мустақиллик эълон қилди. Кейинги йилнинг 5 январидан бошлаб биринчи бошқирд полкини тузиш ишларини бошлаб юборди. Бу пайтларда генерал Дутов бошлиқ оқгвардиячи казаклар Оренбург шаҳри ва Бошқирдистоннинг бошқа баъзи шаҳарларида ҳукмронлик қилишарди. Бошқирд ҳукумати казакларга ҳам, Советларга ҳам қўшилмай, кутиб туришга қарор қилди. 18 январда большевиклар Оренбургни ишғол қилдилар. Оренбург губернатори Бошқирд ҳукумати раҳбарларига: “Агар Советларга қарши урушмасанглар, мустақил бўлиб қолаверасизлар, лекин ташқи сиёсат бобида Марказий Ҳукуматга бўйсунасизлар”, – деди. 27 январда Бошқирдистон ҳукумати бунга розилик билдириб, Москвага телеграмма жўнатди. Шунга қарамай, Советлар Бошқирдистон ҳукумати аъзоларини қамоққа олди. Валидийни бошқалардан ажратиб, алоҳида хонада сақладилар.

Валидий бекор ўтирмаслик учун татарлар тарихи ҳақида бошлаб қўйган китобини ёзишда давом этди. Ташқарида биринчи бошқирд полкини тузиш бошлаб юборилган, ҳукумат аъзолари қамоққа олингандан кейин кўнгиллиларнинг келиши жадаллашиб кетади. Бу, Советлар учун хавфли эди. Оренбург губернатори Цвиллинг Валидийнинг камерасига келиб, одамларингга айт, бу ишни тўхтатишсин, акс ҳолда сенга ёмон бўлади, деб огоҳлантиради. Валидий: “Қамоқдаги одамнинг гапи буйруқ бўлармиди?” – дейди.

Губернатор: “Ўзинг биласан”, – деб чиқиб кетади.

3 апрелдан 4 апрелга ўтар кечаси казаклар ва бошқирд кўнгиллиларидан иборат отряд турмага ҳужум қилиб, Ҳукумат аъзоларини озод қилади. Улар Уфага тўпланиб, кейинги ҳаракатларни келишиб олишади. Шу ерда Валидийнинг олдига бир бошқирд келиб айтишича, уни Сталин юбориб, Валидийни қамоқдан озод қилишни ва Москвага олиб келишни буюрган эмиш.

Валидий бу таклифга кўнмайди.

Бошқирдистонда вазият оғир бўлишига қарамай, Ҳукумат ўз фаолиятини давом эттиради, партизан отрядлари тузила бошлайди.

1918 йил 27 май куни, биринчи жаҳон урушида иштирок этиб, Урал томонларда қолиб кетган чехословак армияси большевиклар ҳукуматига қарши исён кўтариб, бир кечада Челябинск-Омск темир йўлини ишғол қилади.

Валидий чехословакларнинг штаб-квартирасига келиб, Бошқирдистондаги вазиятни тушунтиради, исёнчилар Бошқирдистон Ҳукуматига ҳар томонлама ёрдам беришади, яна ишлар қизиб кетади, бир нечта шаҳар-қишлоқдан қизиллар қувиб чиқарилади. Лекин Советларга қарши курашаётган кучлар аҳил эмас, бир-бирига душманчилик қилиб ҳам қўярди. Масалан, доим ёрдам бериб келаётган оқгвардиячи генерал Дутовнинг қўлида Бошқирдистон ва Қозоғистон армияларини тарқатиб юбориш, Валидовни эса, учраган жойида ҳарбий-дала судига тортиб, йўқ қилиш ҳақида буйруқ (Колчакдан) борлиги маълум бўлиб қолади.

Бундай келишмовчилик ва ўзаро душманликдан қизиллар фойдаланиб, қўлдан кетган шаҳарларни яна тортиб ола бошлайдилар. Бошқирдистон, Татаристон, шимоли-ғарбий Қозоғистон, Уралатрофи вилоятларида Совет ҳокимияти яна ўрнатилади.

Советларнинг қамоғидан яқингинада қочиб чиққан Бошқирд ҳукумати аъзолари келишув таклиф қилишга мажбур бўладилар. Шу ҳақда Қозоғистон вакиллари билан маслаҳат бўлади, Тошкентга хабар қилишга қарор қилинади.

Ленин ва Сталин бу таклифга дарров рози бўлишади. Ишни Бошқирдистон полкларини Қизил Армия сафига ўтказишдан бошлашади. Бу ишларнинг тепасида шахсан Валидийнинг ўзи туради. Осон кечмайди. Қизиллар босиб олинган жойларда қутуриб кетиб, одамларни талай бошлайдилар. Озиқ-овқат бир ёқда турсин,

хотин-қизларнинг тақинчоқларини ҳам тортиб оладилар, халқ орасида норозилик кучайиб кетади, ғазабланган баъзи полклар оқлар томонига қайтиб ўтишади. Ниҳоят, тайёргарлик ишлари тугаб, 1919 йилнинг 20 мартида Совет хукумати билан Бошқирдистон хукумати ўртасида битим имзоланади, уни саккиз киши имзолайди.

Шундан кейин ҳам Ленин ва Сталин Бошқирдистонга нисбатан иккиюзламачилик сиёсатини юргизадилар, буни яширмайдилар ҳам. Битим имзонлангандан кейин бўлган, коммунистик партиянинг VШ съездида, Ленин Бухарин билан баҳсга киришиб, “Исходя из тактических соображений приходится идти на соглашение с буржуазными националистами”, – дейди.

Кечагина сен билан битим имзолашган бошқирд вакиллар шу ерда ўтиришибди, ўшанда бир-бирингни табрикладинг, эҳтимол, меҳринг жўш уриб, қучоқлашгандурсан, энди бунақа гапни айтиб ўтирибсан! Оддийгина инсоний ҳурмат, андиша деган туйғулар қаёққа кетди?

Бу, ҳали, холваси экан. Съезд тугагач, Ленин махсус комиссия ташкил қилиб, Калининни раис этиб тайинлайди. Бошқирдистон билан тузилган битим бутунлай қайта ёзиб чиқилади ва охирги мажлисга Валидийни таклиф қилишади. Маълум бўлишича, Бошқирдистон автономия сифатида бор-йўғи учта масалада: маориф, адлия ва қишлоқ ҳўжалиги ишларида мустақил экан, ҳатто иқтисодиёт ҳам Марказнинг қўлига ўтиб кетибди. Шунча кўргилик етмаганидек, Бошқирдистон билан Қозоғистон ўртасида, уларнинг ерларидан ажратиб, иккита рус губернияси ташкил қилинар экан.

Ана мустақиллик, мана мустақиллик! Мана, қанақа бўлар экан коммунистларнинг давлатлараро келишувга муносабати!

Мажлис тугагач, Валидий Ленинга учрашиб, ўтган йили тузилган битимни рўкач қилади.

Валидий: “Ўшанда эзилган шарқ миллатлари ҳуқуқлари тўла бўлмаса-да, эътироф этилган эди. Орадан ўн тўрт ой ўтиб, ҳаммаси пуч бўпти.”

Ленин: “Сиз қанақа инқилобчисиз?! Нимага ўша Битимга ёпишиб олдиз? Битим – бир парча қоғоз, ҳеч кимни ҳеч нимага мажбур қилмайди.”

Валидий: “Биз ўшанақа бир парча қоғозларга риоя қилиш керак, деб ўрганганмиз”.

Ленин: “Янглишибмиз, хўп! Нима бўпти?! Бизнинг ишларда шунақаси ҳам бўп туради. Нима қиласиз, майда нарсаларни баҳс қилиб? Мен сиз билан умумроссия муаммолари устида, бутун дунёга тааллуқли муммолар устида ҳамкорлик қилишни самимий истайман. ”

Шундай қилиб, 1919 йил, 20 мартда имзоланган битим автоматик тарзда кучини йўқотиб, 1920 йил, 19 майда эълон қилинган Совет ҳукумати қарори асосий ҳужжат бўлиб қолди, унга

Ленин ва Сталин имзо қўйишди, холос.

Давлатлараро келишувга нисбатан бундай муносабат хоинликка, қучоқлашиб туриб, орқасига ханжар ботиришга ўхшаб кетади.

Валидий, ўшанда Ленин айтган гаплардан ва ундан олдинроқ Сталин айтган гаплардан хулоса қилишича, иккала доҳий уни – Валидийни Бошқирдистондан узоқлаштириб, Москвага, Марказий аппаратга олиб келишмоқчи бўлган. Лекин у, бунақа “хўрозқанд”га алданадиган одам эмасди.

* * *

Ленин ва Сталин чиқарган машъум қарордан кейин, Валидий Бошқирдистондан бош олиб кетишга қарор қилди. Бу пайтда у ҳукумат раиси эди, албатта, қабул қилган қароридан хукуматнинг бошқа аъзолари бехабар қолмаган бўлиши керак. 1920 йилнинг 29 июнида ўн тўрт ҳамроҳи билан мамлакатдан чиқиб, Қозоғистон ва Туркистоннинг маълум шаҳарларида учрашишга келишиб олиб, ҳар тарафга тарқалишди.

Валидий Астраханга келди, ундан Бокуга ўтди, Советларга қарши курашаётганлар билан учрашди, Бокуда 1-5 сентябр кунлари ўтказилажак мусулмонлар қурултойига тайёргарлик кўрди. Аслида, бу қурултойни Валидийнинг ўзи ташаббус қилиб, кўтариб чиққан эди. Ленин ва Сталинга жуда маъқул келиб, ташаббусни Совет хукумати ўз қўлига олган эди.

Қурултой яқинлашгач, Москва уч юзта айғоқчини Валидийни тутиб келтириш учун сафарбар қилади. Бу пайт Валидий Туркманистонда эди, қишлоқ одамлари қиёфасига кириб, Тошкентдан келаётган поездга чиқади, Турор Рисқулов билан учрашиб, кимлар делегат бўлганини билиб олади, Бокуда қандай учрашиб, қурултой ишларида қандай иштирок этишни келишиб олади ва Каспийдаги порт шаҳар – Красноводск шаҳрига бир бекат етмай, поезддан тушиб қолади.

Қурултой кунлари Валидий турк коммунистларининг марказига келиб-кетиб юрди. Чекист айғоқчилар шуни хаёлларига ҳам келиришмаган экан, бу ер хавфсиз эди. Қурултойда қандай масалалар кўрилса, қарорлар қабул қилинса, Валидий матнларни тайёрлаб бериб турди. Бундан ташқари, мусулмон мамлакатлар етакчилари билан илгари тузилган режалар қайта кўриб чиқилди, кейинги учрашувлар учун Бухоро танлаб олинди.

Валидий Бокудан Астраханга ўтиб, ундан Хоразмга қараб юради. Туркистонда шу ерлик зиёлилар ва уларнинг етакчилари билан учрашади, жадидлар партияси, “Эрк” партияси ва қозоқларнинг “Алаш ўрда” партияси дастурларини тузишда ёрдам беради, учала партияни бирлаштириб, ягона ҳаракат – “Туркистон миллий бирлашмаси”ни ташкил қилиш таклифини киритади ва шундай ҳам бўлади. Валидийни шу Бирлашма раиси этиб сайлашади.

Аҳмад Закий Валидий, Абдулқодир Инон ва Галимжан Тўғон. Будапешт, 1925 йил

Валидий ҳамма вилоятларда ҳаракат қилиб турган босмачилар орасига киради, Туркиядан келиб, миллий озодлик курашларида фаол иштирок этаётган зобитлар билан суҳбатларда қатнашади, ҳамма ерда Бирлашманинг ғояларини амалга оширишга ҳаракат қилади.

* * *

Аҳмадз Закий Валидий Бошқирдистон хукумати аъзоси бўлиб юрган кезларда ҳам Ўрта Осиё халқлари учун фойдали ишлар қилган…

Ленинга тошкентлик Юсупов (татар миллатига мансуб) ва ҳиндистонлик Мавлавий Баракатуллоҳ деган шахслардан бир хат тушади. Улар гапни коммунизм ғояси Қуръон билан ҳамоҳанг, деган хушомад билан бошлаб, Ўрта Осиёда ислом давлати барпо қилиш керак, деган таклифни илгари суришади. Бу давлат Афғонистон ва шарқий Эронни босиб олармиш-да, кейин Ҳиндистонни инглизлардан озод қилишга ёрдамлашар эмиш.

Ленин Бошқирдистонга телефон қилиб, Валидийни чақиртириб олади. Валидий хат билан танишиб, ўз фикрларини қуйидаги мазмунда ёзиб беради: “Коммунизм ғояси билан Қуръоннинг ҳеч қанақа мушатараклиги йўқ, бундай гап билан мусулмон халқларнинг эътиборини қозониб бўлмайди. Ислом давлати тузиб, хатда кўзланган мақсадларни амалга ошириш –хомхаёлдан бошқа нарса эмас. Буларнинг ўрнига, подшоҳлик даврида шаклланиб қолган рус империализми сиёсатидан воз кечиш керак. Совет ҳокимияти Ўрта Осиёда мувафаққият қозониши учун миллий мустақилликни тан олиш лозим. Бунинг учун биринчи навбатда қилинадиган ишлар:

Тошкентдаги генерал Кауфман ҳайкалини, Чу ва Еттисув дарёлари соҳилида қурилган ёдгорлик мемориалларни бузиб ташлаш;

маҳаллий аҳолидан тортиб олиб, русларга берилган ерларни эгаларига қайтариш;

давлат органларига сайлашда маҳаллий аҳоли вакилларига руслар билан тенг ҳуқуқлар бериш;

темирйўл, почта, телеграфда, саноат корхоналарида ишлаш учун маҳаллий аҳолини жалб қилиш;

ҳарбий тузилмаларга маҳаллий аҳоли вакилларини қабул қилиш;

юқоридаги ишларни амалда жорий этиш учун уч маҳаллий аҳоли ва икки рус аъзолардан иборат “Туркистон фавқулодда комиссияси”ни ташкил қилиш”.

Бу таклифларни Ленин Валидий билан бирга қайта кўриб, ўз йўриғига мослаб чиқади-да, радио орқали Туркистондаги Совет раҳбар ходимларга буйруқ тарзида узатади.

Юқорида айтилган ишлардан фақат биринчиси бажарилади, қолганлари ўлда-жўлда бўлиб, турли баҳоналар кўрсатилиб, амалга ошмайди. Кейинчалик Ленин Валидийга, маҳаллий аҳоли ичида айтилган ишларни бажара оладиган вакиллар йўқ экан, деб қўя қолади.

* * *

1922 йилга келиб Туркистонда кенг тарқалган босмачилик ҳаракати бирин-кетин енгила бошлайди. Бунга, Валидий учта асосий сабабни кўрсатади:

  1. Туркиядан ёрдамга келган зобит Анвар пошо энди иш бошламоқчи бўлиб турганда Иброҳимбек қўрбоши уни ҳибсга олади. Афғонистонга қочиб кетган Амир Олимхондан уни озод этиш учун розилик олгунча бир ой вақт ўтиб кетди, руслар ёрдамчи кучларни ташлашга улгурдилар.
  2. Бухоро амири тарафдорлари бўлган босмачилар ёрдам учун Бошқирдистондан келган, ҳарбий илмга эга ўн уч нафар зобитдан

ўн иккисини ўлдириб, қурол-яроғини тортиб оладилар. Валидий бу хабарни эшитиб ларзага келади. Ўзи ҳам шу пайтда Зарафшон воҳасидаги босмачилар орасида бўлиб, жангларда қатнашаётган эди. “Туркистон миллий бирлашмаси” раҳбариятининг бошқа аъзолари ҳам бошқа жойлардаги босмачилар орасига тарқалиб кетишган эди. Валидий, босмачиларга қўшилиб юриш хатарли экан, деб хулоса қилади.

  1. Қизил Армия Польша билан урушиб ғалаба қилгач, Совет ҳукумати кучларни Ўрта Осиёга ташлади.

Вазият оғирлашгач, “Туркистон миллий бирлашмаси” идораси Тошкентда йиғилиш ўтказиб, кейинги ишларни белгилаб олади:

бирлашманинг раҳбарият аъзолари қаерда бўлишларидан қатъи назар, бир-бирлари билан алоқа боғлаб туриш;

Валидийни чет элларга сафарбар этиб, дунё эътиборини Россиянинг босқинчилигига, ваҳшиёна ишларига қаратиш ва Ўрта Осиёдаги мусулмон халқларга ёрдам қўлини чўзиш.

* * *

Валидий 1923 йилнинг 21 февралида, ёрдамчиси – доктор Абдулқодир Инон билан бирга Ашхобод орқали Эрон ҳудудига ўтади, бир ҳафтадан сўнг Муҳаммадобод вилоятига келади. Вилоят ҳокими Ҳукумат розилигини олиш учун кутиш лозимлиги айтади. Тўққиз кундан кейин Эроннинг ҳарбий ишлар вазири Ризо хон (бўлажак шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий)дан ва Шарқий Эрон ҳарбий қўмондонидан иккита телеграмма келади, иккаласида “Хуш келибсиз” деган сўзлар бор эди.

Абдулқодир Инон ва Аҳмад Закий Валидий туркманча либосда. 1923 йил

12 март куни Машҳадга келибоқ, Валидий тарихий ёдгорликларни томоша қилади, деворлардаги битикларни ёзиб олади, Алишер Навоий қурдирган Гавҳаршод мачитига боради.

Машҳад тарихда номи қолган кўҳна шаҳар бўлгани учун Валидийдек тарихчи олим учун катта ҳазина эди, бозорларни айланиб, эски китоблар йиғади, кутубхонага бориб манбаларни излайди. Топган бир қўлёзмаси Европа олимлари томонидан юксак баҳоланади, Валидий эса шу топилма асосида, Вена шаҳрида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади.

Машҳадда бўлган вақтида, Валидий, Ризо хонга иккита мактуб йўллайди. Биринчисида ўзини таништиради, иккинчисида Туркистондаги сиёсий ахволдан, Совет ҳокимиятининг босқинчиликларидан, бу давлат кейинчалик қўшни мамлакатларга нисбатан нима ишлар қилиши мумкинлигидан хабар беради. Россияга чегарадош мамлакатлар Туркистондаги ахволни худди ўзларининг бошига тушган иш деб қабул қилишлари лозим, дейди. Шу билан бирга Анқара, Теҳрон ва Қобул ўртасида радио алоқа ўрнатишни маслаҳат беради.

* * *

Туркистон миллий бирлашмаси раиси Аҳмад Закий Валидий Сиотраи Моҳи Хосада. Бухоро, 1921 йил

1923 йилнинг 24 апрелида Валидий Афғонистон ҳудудига ўтаётганда, Машҳаддаги афғон консули ўн нафар аскарни қўриқчи қилиб беради. Ҳиротга келиб беш ҳафта туриб қолади, чунки бу шаҳар ҳам бой тарихга эга, буюк инсонлар яшаб ўтган. Валидий, Алишер Навоий қабрини излаб топади. Афғонлар ул зотни “Шоҳ-и-ғарибон” дейишар экан. Навоий қурдирган масжидга бориб, деворларидаги битикларни ёзиб олади. Қадимги кутубхоналар йўқолиб, биттаси сақланиб қолган, у ҳам қаровсиз экан. Ислом ҳуқуқшунослигига оид қўлёзма билан танишади..

Валидий тўхтаган меҳмонхонада икки рус курьери пайдо бўлиб, гаплашмоқчи бўладилар, лекин бунинг имконини топмай, отбоқарни гапга тутиб, Қобулга қачон кетмоқчисизлар, деб сўрашади. Валидий уларни бир кўргандаёқ мақсадлари нима эканлигини билган эди, вазиятни Хирот ҳокимига айтади, у қўноқ жойни ўзгартиради. Ўзларини Қобулга кетаётган чопар қилиб кўрсатган руслар ҳам бир баҳона топиб, Ҳиротда яна қолишади. Бундан уларнинг асл мақсади аён бўлиб, ҳоким Валидийга қўриқчилар беради. 17 июнда Валидийнинг одамлари билдирмасликка ҳаракат қилиб, Қобул томон йўлга чиқишади. Руслар уларга етиб олишади, энди уларнинг ёнида иккита аскари ҳам бор, ҳаммаси милтиқли. Кеч бўлганда Валидийнинг одамлари бир шаҳарчада тўхтаб, меҳмонхонага қўнишади. Энди улар ўзларини Валидийни танимагандек кўрсатиб, ҳамма билан рус тилида гаплашаверадилар, ҳатто Анвар пошо халок бўлганидан хабардор эканларини яширмайдилар. “Чопар”ларнинг бири рус, наригиси – армани, исми Карапет экан, қўлида харитаси ҳам борлиги маълум бўлади. Тонг отгач, Валидий шериклар ва қўриқчиларига вазиятни тушунтириб, “Бу шилқимлардан узилиб чиқиш керак, йўлда менинг имо-ишораларимга диққат қилиб юринглар”, – деб тайинлайди. Асосий йўл қолиб, дарё соҳили бўйлаб юришади. Бир жойга келганда, соҳил йўли тор экан, аксига олиб, рўпарадаги тоғдан қўй, эшак аралаш катта пода тушиб келаяпти. Валидий, отлари чопқир бўлмаган икки шеригига отни қамчилаб, тезроқ юқорига чиқиб олишни буюради. Улар мўлжалга етиб олгач, Валидий русларга қарата, “Қани, пойга ўйнаймизми?!” деб ҳайқиради-да, отини дарё қирғоғидаги тошлоқдан елдириб кетади. Шериклар ҳам шундай қилишади. Изқуварлар эса тупроқ йўлнинг ўзидан от чоптириб, пода орасига кириб кетадилар, юролмай қолиб, ҳаммаси жарга ағдарилади. Валидий уларга қарата: “Энди Валидийга етиб бўпсанлар!” – дея ҳайқириб, от чоптириб кетади.

Қобулга келиб, совет элчиҳонасига қирганларида, ўзбек ходимлардан бири воқеа давомини Валийга айтиб беради. Изқуварлар отлар тагида қолиб, тан жарҳатлари олиб, кийимлари йиртилган бир аҳволда Қобулга кириб келишибди.

Армани Карапет Тифлис шаҳрида Жамол пошога қарши уюштирилган қотилликда иштирок этган, навбатдаги топшириғи – Валидийни йўқ қилиш экан.

* * *

Чет элларда, Валидий “Туркистон миллий бирлашмаси” номидан ҳар бир мамлакат ҳукмдорига рапорт ёзиб, Совет ҳукумати мусулмон ўлкалар халқларига ўтказаётган зулмлар ҳақида сўзлаб беради ва бундай кейин қўшни мамлакатлар билан қандай муомала қилиши мумкинлигини башорат қилади. Бундай рапортлар Туркия, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистонда тарқатилди. Ҳамма ерда Валидийни эҳтиром билан қабул қилишди, берган маълумотлари учун миннатдорлик билдиришди, шу мамлакатда қолиб яшашни таклиф қилишди, Валидий таклифга рози бўлмагач. йўл харажатларини таъминлашди, кузатувчилар, қўриқчилар беришди.

Валидий башорат қилган ишларнинг аксари, кейинги даврларда амалда содир бўлди. Масалан, Совет ҳокимияти Афғонистонни истило қилиб, йигирма йил қирғин қилди, Япония ташаббус кўрсатиб, Ўрта Осиё ҳудудларидан ўтган Буюк ипак йўлини тиклаш муаммосини кўтариб чиқди.

Амалий фаолияти – сиёсат ва миллий озодлик ҳаракати бўлган Валидий қаерга бормасин, олимларга хос: қадимий ёдгорликларни ўрганиш, азиз-авлиёлар қабрини зиёрат қилиш, қадимги қўлёзмалар ва китобларни топиш, тўплаш, илмий изланиш каби ишларини канда қилмади.

1) Мустафо Чўқай. 2) Усмон Хўжа. 3) Аҳмад Закий Валидий. 4) Абдулқодир Инон. 5) Мустафо Шоҳқули. Истанбул, 1926 йил

Афғонистондан кейин Ҳиндистонга ўтди, Бомбайда кемага ўтириб, Туркияга келди, мамлакатга кириш учун рухсат олишда чигаллик юзага келиб (бу чигаллик Валидий йўл қўйган бир хато туфайли бўлган экан), Францияга, ундан Германияга ўтди. Ҳамма мамлакатда сиёсатшунослар, давлат арбоблари ва олимлар билан учрашди. Европанинг тарихчи, шарқшунос олимлари учун Валидий қимматли “топилма” бўлди. Улар шу пайтгача араб, форс, турк ва рус тилларини, ёзувларини, Қуръонни сувдек биладиган, қадимий қўлёзмаларни тўплаб қўйган, сиёсий фаолияти ниҳоятда бой бўлган “шарқ одами”ни учратишмаган эди. Ўзлари ҳам қадимги манбаларни тўплаб қўйган бўлсалар-да, улардан унумли фойдаланиш имконига эга эмасдилар. Шунинг учун Валидийни бир кун ҳам ўз ҳолига қўймай, учрашувлар ва меҳмондорчиликларга таклиф қилдилар, суҳбатини олдилар.

* * *

Валидий чет элларда икки йил юриб, “Туркистон миллий бирлашмаси”нинг раиси сифатида, идоранинг бошқа аъзоларига, Советларнинг зуғуми остида қолган маслакдошларига хат-ҳисобот жўнатиб турди. Россия мусулмонларига хайрихоҳ топиш умидлари пучга чиққани ҳақида алам билан ёзади: “Шарқ давлатлари қўрқоқ, Европа лоқайд, такаббур ва ўзи билан ўзи ўралашиб қолган… Европа давлатларидан биронтаси ҳам Россиянинг қўли остида қолган мусулмон халқларнинг ҳақлари тикланишини талаб қилмоқчи, Советларга қарши уруш очмоқчи эмас… Англияда эса, Советлар билан мулоқотга киришиш мақсадида, ишчи партиясини таъсис қилиб, тайёр туришибди… Европадаги баъзи давралар Россиядаги мусулмонлар тақдирини АҚШда қирилиб, йўқолиб, ҳозирда кам сонларда қолган ҳиндулар тақдирига ўхшатишмоқда”.

* * *

Аҳмад Закий Валидийнинг шахсиятини янада ойдинроқ тасаввур қилиш учун “Хотиралар”дан парчалар ўқиймиз.

  • 1917 йилнинг 25 октябрида, Валидий, Бошқирдистон вакили сифатида, Петербургда юрганида, инқилобий ҳаракатлар бошланиб кетади. Кўчада бир юртдошини кўриб қолиб, гаплашиб турса, бир аскар уларга яқинлашиб келади, у ҳам бошқирдистонлик экан. Учраганларнинг биринчиси иккинчиси – аскарга (Валидийга ишора қилиб): “Танияпсанми?”- дейди. Аскарнинг жавоби: “Таниганда қандоқ! Биз уни Аҳмад Закий деймиз. Ёшлигида нақ қароқчининг ўзи эди! Оғзининг икки бурчагида биттадан папирос қистириб юрарди, кўкрак чўнтагида эса оппоқ дастўмол ўрнига юз сўмликнинг бир чети кўриниб турарди. Ҳеч ким унга “Ҳой!”деёлмасди, кўчанинг ўртасидан мағрур юрарди. Қаерда бир воқеа бўлса, одамлар: “Ҳа, бу Аҳмадзакининг иши”, – дейишарди. Ҳозир подшоҳнинг ишлари чатоқ кўринади, Аҳмадзакига ўхшаганларнинг куни туғди, шекилли. У, подшоҳ биздан олиб қўйган яйловлар ва ўрмонларни ўзимизга қайтаради”.
  • “Босмачилик” аслида – миллий озодлик ҳаракати, партизанлик ҳаракати дейиш ҳам мумкин.
  • Исломда давлатчилик хусусиятлари йўқ, лекин дин ҳар қандай давлат тузуми билан чиқишиб кета олади (Закот мамлакатда жорий қилинса, давлат идоралари келиб чиқаверади, лекин буни “давлатчилик хусусияти” дейиш мумкинмикин? – Қ.Д.).
  • Мусулмон халқларда синфий табақаланиш бўлмайди, камбағаллар бойларга қарши қўзғолмайди, биронта муаммо юзага келса, бойлар билан биргалашиб ҳаракат қилади.
  • Валидий Анвар пошога: Ерлик аҳолининг аксари “турк халқларининг сиёсий бирлиги” деган гапни тушунмайди, хаёлига ҳам келтиролмайди, фикри-зикри маҳаллий ташвишлардан нарига ўтмайди.
  • Халқимизнинг энг даҳшатли душманлари – нодонлик ва кўр-кўрона эргашиш.
  • Туркий тиллар ичида қозоқ тилининг келажаги катта.
  • Биз Ленинни яхши одам, Сталинни – иблис деб билардик. Бироқ, Ленин давлатни бошқариш ишларини атрофидаги Фрунзе ва Рудзутакка ўхшаган одамларга топширмасдан, Сталиннинг қўлига тутқазиб қўйишининг ўзиёқ иблислик эмасмикин?
  • Ислом халқларининг бирлигига диний туйғуларнинг умумийлиги асосида эмас, иқтисодий манфаатлар бирлиги асосида эришиш мумкин. Бирлаштирувчи восита динга қараганда кучлироқ.
  • Совет ҳукумати шарқий турк халқларига нисбатан иккиюзламачилик сиёсатини ўтказиб келаяпти, уларнинг бирлашишига йўл қўймайди.
  • Валидий Сиёсий бюро аъзолари ва марказий Комитет котиблари Н.Крестинский ва Е. Преображенскийга: “Советларга ва коммунистларга очиқдан-очиқ қарши курашиш йўлига ўтиб, мен сизларни эмас, балки Сталинга ўхшаган иккиюзламачи арбобларни ва менга нисбатан хиёнаткор бўлганларни алдадим”.
  • Руслар Файзулла Ҳўжаевни бошқа бойлардан ортиқ кўриб, уни ўзларига яқинлаштиришга ҳаракат қилар эдилар. Файзулла бир нечта яқин дўстларини уларга “сотган”дан кейин, хиёнаткорона алданганини билиб қолди, виждони қийналганидан ўзини осди.
  • Тожикларда, ўзбеклардаги сингари, исмга “бек”ни қўшиб айтиш одати йўқ.
  • Самарқандда ва унинг атроф қишлоқларида, кейинги тарихий даврда, турк аҳолиси тожиклар томонидан “ютиб юборилган” (ассимиляция ҳодисаси бўлган – Қ.Д.).
  • Валидийнинг Афғонистон ҳукмдори Омонуллахонга ёзган рапортидан: “Афғонистон мустақиллиги шу кунгача руслар билан инглизлар ўртасидаги зиддиятга боғлиқ бўлиб келди. Бир кун келиб, бу зиддият йўқолсаю, Афғонистон ўз ҳолига ёлғиз қолса, унинг империалистик Россия билан муносабатлари қанақа бўлади? Бундай пайтда Россиянинг одати – босиб олишдир”.
  • Яна ўша рапортдан: “Гарчи Америка ва Япония ҳозирги вақтда, Манчжурия туфайли бир-бирига тўқнаш келиб қолган бўлса-да, бир кун келиб, Узоқ Шарқ билан Олдосиё ўртасидан, Ўрта Осиёдан ўтадиган “Ипак йўли” иқтисодий алоқалар учун фойдали эканини кўриб қоладилар ва Россия билан Хитойнинг қаршилигини енгиб ўтишга ҳаракат қиладилар”.
  • Яна ўша рапортдан: “Афғонистонда юк ташиш техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак”.
  • Босмачилик ҳаракати олти йил давом этди. Унинг мувафаққиятлари Россиянинг бошқа фронтларда бандлиги билан боғлиқ бўлди, ҳозирги мағлубияти эса, Россия бошқа кучли душманлардан қутулиб, асосий кучларни бизнинг устимизга ташлаганидан кейин рўй берди.
  • Араб тарихчиси ва илоҳиётчиси ат-Табари (839 – 923) туркларда қулдорлик йўқ, деб ёзган. Рим папасининг вакили Плано Карпини (1182 – 1252), Франция қироли Рубрук Виллем (1220 – 1293)нинг вакили Мўғулистонга сафар қилишганда, улар ҳам шу ҳақда ёзишган. Саёҳатчи Паллас Пётр Симон (1741 – 1811) ҳам қозоқлар ва бошқирдлар ҳақида ёзаётиб, шу гапни айтган.
  • Ислом туркларга жуда яқин ва қадрдон, уларнинг руҳияти билан чуқур ҳамоҳанг диндир.
  • Совет партия ва ҳукумат арбобларидан бири Бройдо (Г.И.Зильберквейт) ёзган рапортдан: “Оренбург Россия шарқидаги мусулмонлар йиғиладиган жойга айланиб қолди. Валидовни у ерга яқинлаштирмаслик, Муртазинни унга қарши гиз-гизлаш керак. Бошқирдлар билан қозоқлар ўртасидаги муносабатларни бузишни ўзимиз учун мажбурият қилиб олишимиз лозим… Валидовни бошқа турк халқларига яқинлаштирмаслик керак”.
  • Совет ҳукумати ташқи ишлар Комиссариати ходими Михаил Павлович (Вельтман Михаил Лазаревич, 1871-1927, шарқшунос) тайёрлаган варақа мазмуни: “Яқин Шарқда, араб мамлакатларида, Туркия, Эрон ва Афғонистонда капитализмга хос синфий зиддиятлар етилмаган, шунинг учун бундай зиддиятларни (жумладан, диний ва секталарга оид) қўзғаш керак. Бундай зиддиятлар Совет Россияси мусулмонлари орасида йўқолиб кетса ҳам, чегарадаги мусулмон мамлакатларда қўзғотиб, кучайтириш керак. Бунинг учун савдогарлар, диндорлар ва бошқа машҳур шахслар ўртасида баҳс, ҳасад, фитна чиқаришдан ҳам тоймаслик керак. Шарқ халқларининг аксарида адабий тил ҳали шаклланмаганидан ҳам фойдаланиш, бир нечта халқни бирлаштирадиган бақувват адабий тил юзага келишига йўл қўймаслик керак”. Бу варақа мусулмон мамлакатларидаги рус коммунистларига тарқатилган, бироқ, маҳаллий аҳолидан чиққан коммунистларга берилмаган. (Коммунизм назарияси синфлар ўртасидаги зиддиятга асосланган. Зиддият йўқ жойда уни қўзғаш коммунистик амал ҳисобланган. Ленин ҳам Валидийга шу мазмунда гапирган, кейинги иқтибосга қаранг. – Қ.Д.).
  • Ҳиндистонлик бир сиёсатчи Ленин ҳузурига келади ва суҳбат мавзуларини ёзма равишда топширади. Ленин бу номани Валидий бериб, фикр билдиришни сўрайди. Валидий хатни ўқиб, сўнгра, меҳмон билан суҳбатлашиб, Ленинга ҳисобот беради. Шунда, жумладан, айтади: “Афғонлар Ҳиндистоннинг Кветта шаҳридан(ҳозирги Покистонда) Қандаҳор орқали Россиянинг чегара шаҳри Кушкагача темир йўл ўтказиш учун инглизларга розилик бермоқчи экан. Темир йўл ўтказилган вилоятларда инглизлар ва ҳиндиларнинг маданий ва сиёсий таъсири кучайиб кетиб, Россиянинг манфаатларига зид келмайдими?” Ленин ҳеч иккиланмай жавоб беради: “Нима бўпти? Демак, ўша жойларга капитализм келади, афғон пролетариати пайдо бўлади, пролетариат эса, пировардида, бизники бўлади” (Тўғри, Худони танимаган ерларда пайдо бўлган бой ва камбағаллар орасида зиддиятлар ва урушлар келиб чиқади, лекин одамзотнинг барчаси худосиз эмас-ку. Аллоҳ, нозил қилган Китобида, оммавий ғалаёнлар ва қирғин-баротларнинг олдини олиб, закот, эҳсон, садақа деган тушунчаларни фарз ва вожиб қилиб қўйган. Ленин худосиз бир банда бўлгач, бундай гапларни қаёқдан билсин?! – Қ.Д.).
  • Ленин Валидий билан суҳбатлардан бирида марксистик адабиётлардан нималарни ўқиганини суриштиради (Ёзган асарларимдан нималарни ўқиганийкин, Ильин тахаллуси билан ёзган китобимни билармикин, деган ўйда сўраган бўлса, керак? – Қ.Д.). Ўз навбатида, Валидий, унга ХIХ аср ўрталарида нашр этилган, рус бўлмаган халқлар этнографияси ҳақидаги бир китобни кўрсатади, муаллифи Ульянов бўлиб, чуваш тилини яхши билар экан. “Сизнинг аждодлардан эмасми? Улар орасида чувашлар ёки татарлар бўлмаганми?” – деб савол беради Валидий. (Ленин жавоб беришича, ўзининг келиб чиқиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган эмиш, энди, китоб муаллифи ҳақида қизиқиб кўрармиш… Олдин ўз аждодларингни ўйласанг-чи!… Плехановнинг гапи: “Ленин неискреннен”, яъни ёлғончи. – Қ.Д.).
  • Берлин, 1924 йил, декабр, Конгрессда Валидов сўзлаган нутқдан: “Биз, осиёликлар, Лениннинг назарида ҳеч қанақа қимматга эга бўлмаган “бир парча қоғоз”га ишониб, алданиб келдик. Илгари биз Ленинни Тошкентга келган Колесов, Оренбургга келган Цвиллинг, Марказ одами Артёмга ўхшамаган шахс, деб тасаввур қилар эдик, энди маълум бўлишича, ҳаммаси бир экан”.
  • Россияга қарам бўлиб қолган турклар руслар томонидан тўла ютилиб кетишига ҳали анча бор, рус миллатига хос ҳадсиз-ҳудудсиз очкўзлик эса, ўз бошига кўп кулфатлар солади… Советлар ўз қўллари билан ўзлари учун тайёрлаб қўйган “гетто”лардан чиқиб кетолмайдилар.
  • Демократия турли халқларда турлича, лекин ҳаммасига хос бир шарт бор: жамоат ёки халқ ичида уларга тегишли масъулиятни тақсимлай билиш ва бажариш ва шунга кўра, мавжуд қонунларга бўйсуниш.
  • Ўрта Осиё туркларига нисбатан руслаштириш бўйича ҳар қанча кучли сиёсат ўтказилса ҳам, ўйлайманки, улар миллий анъаналари ва аждодларининг урф-одатларига содиқ қоладилар.

* * *

Якуний таассуротларим: Россияда ҳарбий тўнтариш қилиб, пролетариат диктатурасини ўрнатган Лениннинг Марксдан ўрганган коммунистик назарияси “жаҳон инқилоби” (мировая революция) деган пуч ғояга таянар эди. Яъни, социалистик инқилоб бутун дунёда амалга ошиб, одамзот коммунистик жамият қуради, деган хомхаёлларга Лениннинг ўзи чиппа-чин ишониб, коммунист фирқа паттасини олган ҳар бир аъзодан бу ғояга шак келтирмаслик талаб қилинар эди. Бундай мақсад ҳали анча олисда эканини билса ҳам, Ленин, жорий амалларини ўшанга йўналтирар ва назариясини ривожлантирар экан, коммунизмда ҳам қайсидир бир миллат гегемон бўлиши зарур, деган хулосадан узилиб кетолмасди ва ўз-ўзидан, рус шовинизми юзага қалқиб чиқаверар эди.

Хуллас, барча коммунистларнинг онги ўша, “жаҳон инқилоби” деган ғоя билан заҳарланиб бўлган эди. Коммунистлар бу ғояни секин, ими-жимида, ўзаро айтмадилар, “Ҳой, секинроқ гапиринглар, қўни-қўшни эшитса нима дейди?” – демадилар. Аксинча, бутун дунёга жар солдилар, ҳар томонлама ривожланган мамлакатларга қарата: “Чириган капитализм, империализм!” – дея жирканиб, дўқ-пўпписа қилдилар, ҳаммангнинг додингни берамиз, деб чирандилар. Октярь инқилоби, деб аталган воқеа ғалаба қилган кунлардаёқ, Ворошилов бошчилигидаги отлиқ қўшин Европага бостириб кирган, Польшада қақшатқич зарбага учраб, орқага қайтган эди.

Шундан кейин “жаҳон инқилоби” кейинги кунларга қолдирилди. Қўлга олинган мамлакатлардаги кундалик амаллар ўша ғоядан узоқлашмади. Кейинчалик, урушларсиз ривожланиш даврида ҳам, партия съездларида, олий минбарлардан туриб, “жаҳон инқилоби” ҳақида жар солинаверди. Шунчаки, қуруқ дўқ-пўпписалар билан чекланишмади, ҳар бир мамлакатда коммунистик партиялар, коммунист гегемонлар (масалан, Эрнст Тельман) пайдо бўлди.

Испанияда 1936 йили, Грецияда 1949 йили давлат тўнтаришига уринишлар бўлди. Иккала мамлакатнинг мағлубиятга учраган кучлари эса, бутун армиясию бола-чақаси билан Совет Иттифоқига кўчиб келди.

Қизиқ, нима учун айнан Совет Иттифоқига кўчиб келишди экан?

Оддий ҳаётий ҳақиқат беихтиёр ёдга тушади: икки қўшнидан бири нуқул ғаламислик қилаверса, иккинчиси қараб туравермайди. Бир индамайди, икки индамайди, ахир бир кун жавоб зарба бериши тайин.

Фашизм деган оқим пайдо бўлиб, иккинчи жаҳон урушининг бошланишига “жаҳон инқилоби” деган коммунистик назария ва Совет ҳукуматининг ғаламисликлари сабаб бўлгани ўз-ўзидан кўриниб турибди…

“Жаҳон инқилоби” назарисини қанчалик қораламайлик, инкор этмайлик, шундай инқилоб 1991 йилга келиб, барибир, содир бўлди! Бу инқилоб коммунизмнинг бутун дунёда ғалаба қилиши эмас, балки ағдарилиши ва тарихнинг ахлат қутисига ташланиши экан! Шундан кейин бутун дунё бирданига янгиланди-да! Бу – революция бўлмай, нима?!

Коммунистик назариянинг пучлиги ошкор бўлди, унга амал қилган империя парчаланиб, бутун дунёни титратиб турган катта бир Давлат ва унинг қўғирчоқ давлатлари йўқ бўлиб кетди. Дунё бир чўмилиб олиб, қушдек енгил тортган одамдек эркин нафас ола бошлади.

“КПСС тарихи” деган фан унутилди, гўё бунақа фан умуман бўлмагандек, гўё ҳамма олий ўқув юртларида ёппасига ўқитилмагандек, гўё бу фан билан талабаларнинг юрагига қўрқув солинмагандек. Унга аталган китоблар, афсуски, макулатурага топширилди. Номи – фан бўлгани учун ҳам яшаб қолиши керак эди. Ўтмишда қанчалик қалбаки бўлган бўлса, шундай туриши керак, яна юз йилдан кейинги авлод ҳақиқатни билиши учун КПСС тарихини бошқатдан ёзиб чиқиш лозим. Бундай ишларда Аҳмад Закий Валидий Тўғон исмли бир инсоннинг “Хотиралар” деб аталган китоби, 1991 йилдан кейин ёзилган бошқа тарихий асарлар қатори, дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

Қудрат Дўстмуҳаммад

2017 йил, 26 август