Қўчқор Норқобил. Оқибат дарахти (ҳикоя)

Чол тушимга кирди. Елкасига хуржун илган ўша чол. Сира тушимга кирмаcди, товба. Кўнглим ғашланди, безовта бўлиб уйғондим.
Нонушта пайти кичик қизим тунов кун берган ваъдамни ёдимга солди:
— Дадажон, бугун шанба-я? Ишга бормайсиз, тўғрими… Эсингиздами?
— Эсимда.
— Чимёнга борамизми?
— Йўқ. Чимёнданам чиройли, ажойиб жой бор. Ўша ёққа борамиз.
Машина чақирдим. Хотиним ва икки қизимни олиб йўлга тушдим.
— Довонга ҳайда, Азамат, — дедим ҳайдовчимга.
Катта қизим чапак чалиб юборди:
— Яшасин, дадажоним! Бувимникига борарканмиз.
— Довон этагидан қайтамиз.
Қизларим бир-бирига ажабсиниб қарашди. Хотиним анграйди:
— Довон этагида нима қиламиз?
Ўринли, айни дамда бемаврид саволдан энсам қотди, аммо сездирмадим.
— Бормасак бўлмайди.
Болаларим нафасини ичга ютишди.
Тоғнинг қоқ белида тасмадай тортилган йўлдан чўққига қўниб турган қуёшга қараб ўрмалаймиз. Пастда, тоғ ён бағрида барқ урган сариқ, кўк, оч-пушти, хуллас, турли-туман гуллар, лолақизғалдоқлар устини қоплаган булутларнинг ҳарир либосини ҳали тонг шамоли сидириб олиб ташламаган. Манзарани кўринг-ей. Ҳиссиётнинг тилига сўз малол келади. Ҳиссиётнинг тили — завқ! Мўъжизани агар фақат Яратганга нисбат бериб айтсак, худойимнинг мўъжизаси-шу!
Орқа ўриндиққа ўгирилиб қарадим. Аҳли оилам чеҳрасига ҳам қуёшнинг табассуми инган.
Машина нишабликдан эниб, йўлнинг шундоқ ўнг томонидаги ялангликда тўхтади. Ичимда оғриқ турди, юрагим увушгандай бўлди. Вужудим титраб, гандириклаган кўйи яланглик четига қарадим.
— Етиб келдик, тушамиз.
Тоғ биқинидаги ялангликда тизза бўйи қулф урган ўт-ўланлар ўткир, димоқни ёрар даражада бўй таратади. Яланглик гирдида, жар ёқасида новдалари фалакка қўл ташлаб бир туп тол ўсаяпти. Унинг орқа томонида ҳилпираётган яшил байроқлардай тизилган тол кўчатлари бир чақирим масофада саф тортишган.
Тол тагига келдим. Тиззалаб ўтирдим. Бўз боланинг белидай келадиган тол танасини сийпаладим. Борлиғимни титроқ чулғади. Аммо кўп ўтмай ўзимни енгил ҳис этдим, ичимдаги бор гард-ғубор тарқаб кетгандек, кўнглим таскин топа бошлади. Руҳим баҳор ҳавосидай енгил тортди. Машина ёнида чеҳрасида ҳайрату ҳасрат аломати зоҳир хотиним билан хижолатли алпозда қўлида тўшама тутган Азамат келишга ботинолмай тик қотган. Қизлар қий-чув қилиб, чопқиллаб гул-чечак теришмоқда.
Ҳали новдалари яшилликка бурканиб улгурмаган тол тагига тўшак тўшалди.
— Дадаси, нега бу ерга келдик?
— Сайру саёҳат бу, сайру саёҳат! Атрофга қара, қандай чиройли, тоғ ҳавоси, гулу чаманзор. Суратга тушинглар. Болалар билан мазза қилиб айланинглар. Бироздан сўнг қайтамиз.
— Ғалати қилиқларингиз бор-а? — хотиним Азаматнинг олдида ўнғайсиз аҳволда қолганини яширмади. Азамат нигоҳи билан ер чизди, ўлмайиннинг кунидан илжайгандек бўлди, лекин унинг кўнглидан ўтганини ҳам сезиб турибман…
— Азамат, мана энди, манави толдан кетмондаста учун билакдай-билакдай қилиб иккита новдасини кесиб ол.
Азамат бир қалқиб тушди:
— Йўғ-ей, қўйинг-е, керакмас.
Хотин яна бир бор ғалати қараш қилди-да, қизларим томон юрди.
— Айтганимни қил. Юкхонага арра ҳам солганман. Бор, опке!
Кападай бўлиб бўй чўзган сершох, серновда тол тагида узала тушдим. Ниначиқанот оч-яшил нишурдилар бўртиб чиққан эгик хивчинлар шабадада солланиб роз айтаётганга ўхшайди. Мен толнинг қўшиғини тинглайман, тол мени соғинганини, мени кутганини ҳис қиламан.

* * *

…Бундан анча йиллар олдин… Таҳририятга бош раҳбар бўлиб тайинланганман. Ўзимча кўп ишлар, кўп янгиликлар қилгим, ўзимни кўрсатгим келади. Мустақил юртимиз оёққа туриб энди ўзини ўнглаб олаётган дамлар. Фидойи замондошлар, меҳнати беминнат камтарин халқимиз ҳаёти ҳақида туркум очерклар ёзишни ният қилдим. Ана шундай муддаога эш сафарларнинг бири водийга бўлди.
Бугунгидай эрта тонгдан йўлга тушдим. Довон йўли ҳозиргидай обод эмасди. “Йўл азоби — гўр азоби” дегани шу. Довоннинг баланд нуқтасидан пастлаётиб мана шу ялангликнинг қоқ ўртасида эшакка ортилган хуржунни туширолмай куйманланаётган чолга кўзим тушди: чол, ҳарчанд уринмасин, икки кўзи алламбалога лиқ тўла хуржунни туширолмай овора эди.
— Машинани тўхтат! Орқага ол, — дедим ҳайдовчига.
Уловдан тушдик. Азамат ортимдан эргашди.
— Ассалому алайкум, ота! Ҳорманг, ёрдамлашиб юборайликми?
Тангу тажангроқ бўп турган чол бош ирғади.
— Болам, куч-қувват кетса шундай бўларкан, — деди синиқ жилмайиб.
— Отахон, бу нима?
— Нима бўларди, болам, қаламча, тол қаламчалари. Жар ёқасига экмоқчиман.
Атроф тоғу тош. Уй-пуй кўринмайди. Чол бу ерга қаердан келди, деган ўй ўтди хаёлимдан.
— Ота, шу атрофда яшайсизми?
— Ҳув анави тоғ ортидан келдим, болам. Йўл чети қуруқ турмасин, деб манавиларни қадамоқчиман. Барака топинглар, энди хуржунни четга олиб бориб беринглар.
Азамат иккимиз зил-замбил хуржуннинг икки кўзидан зўрға кўтариб яланглик чети — жар ёқасига элтдик. Чол эшак жабдуғига қистирилган билакдай келадиган битта тол новда ҳамда белкуракни олиб келди. Эни-чуқурлиги икки қарич келадиган чуқурга қазиб новдани кўмди.
— Ота, шу илдиз олади, тол бўлади, дейсизми?
— Олади болам, олади, тол дегани беор нарса. У тугул манови қаламчалар ҳам икки-уч йилда одам бўйи бўлади. Тоғда қишин-ёзин намгарчилик. Тез илади.
— Сўраганнинг айби йўқ. Неча ёшга кирдингиз? Фарзандлар, ўғил-қизлар дегандай…
— Худога шукр, тўрт кам саксондаман. Уч ўғил, бир қиз, невара-чеваралар ҳам шунга яраша…
Чол жилмайди. Саволим тагидаги саволни англади чоли тушмагур:
— Ўғилларим сизга нима зарил, деб уришади, уйда тинч ўтирсин дейишади-да, мени авайлаган бўлишади. Уларга билдирмай келаман. Ҳув тепаликка бултур ёнғоқ, ўрик, гилос экдим. Ўтган йили йўл бошига тоғ олма, тут кўчати экдим.
— Ота, мен сиз ҳаққингизда худо хоҳласа, яхши бир очерк ёзаман. Сизнинг бу хайрли ишларингиз биз ёшлар учун бир умирлик ибрат, — дедим.
Чолнинг чеҳрасида аллақандай жозиба зоҳир эди, айниқса, ажинлари ёйилиб жилмайганда, кишини ўзига ром этиб, қалбда илиқ бир меҳр товланарди.
— Энди, отахон, худо хоҳласа, бу қаламчалар бир кун келиб анча-мунча пул бўладида-а?!
Азаматнинг тос манглайдан ургандай қилиб айтган гапидан ҳушим учди. Ҳангу-манг бўлдим. Ер ёрилмадию ерга кириб кетмадим.
— Бунисини билмадим, болам. Бунисини ўйламадим, — чол яна жилмайди.
Азаматга ўқрайиб қарадим. Чол билан хайрлашиб, ўзимни машина ўриндиғига ташладим: “Эй-ей, фаросатингга ўт тушгур… Нодон! Ҳар каллада ҳар фикр…”
Бир маҳал Азамат келиб машинанинг юкхонасини очаяпти. Қўлида ҳалиги одам бўйи келадиган тол новдаси. Жон-поним чиқиб кетди:
— Ҳай, тентак! Буни нега опкелдинг. Калланг борми?
Азамат довдираб қолди:
— Чолдан сўраб олдим. Дачангиздаги боғбон кетмондаста сўраётувди.
— Ҳей… Сени… Обор, жойига экиб қўй!
Ўшанда эътиборсизлик қилиб, чолнинг исмини ҳам, қайси қишлоқдан эканини ҳам сўрамабман. Чолга ёлғончи бўлганим ҳам, чол ҳақида очерк тугул тузукроқ мақола, тўрт қатор хабар ҳам ёзолмаганим чин.
Шунақа гаплар… Бу гапларга ўн йиллар бўлди. Довондан ўтган-қайтганда баъзида яланглик четида гуркираб ўсаётган ўша бир туп сершох тол ва кўкка бўй чўзиб шовуллаган ёш толлар сафига кўзим тушади. Гоҳо нималаргадир чалғиб, хаёл билан бепарво ўтиб кетаман. Тўғриси, кейинги йилларда ялангликдаги яшил соқчилар ҳам, чол ҳам хаёлимдан кўтарилиб кетган экан. Аммо ёзиғимга битилган бир воқеа сабаб бу манзил мен учун чиндан азиз жойга айланиб қолди.
Шу йил қаҳратон қишда, тушдан сўнг водийга қараб йўлга тушдик. Яқин дўстим тўй қилаяпти. Бормасликнинг иложи йўқ. Бахтга қарши қор бўралаб ураяпти, денг. Изиллаган изғирин. Йўлнинг тоғ соя солган нишаб жойлари яхмалак, муз қотган. Тўйнинг авж пайтида етиб боришни мўлжалладим. “Нима бўлса бўлди, бос, етамиз”, дедим ҳайдовчига. Довонга ўрлаётган чоғимизда қор янада тезлашди. Ойнасупурги олд ойнага урилаётган қорни тозалаб улгуролмайди. Машина чироқлари нури бўрон тўзғитган қор зарраларини зўрға кесиб ўтади, йўл кўринмайди, борлиқ қор қуюни ичра ғарқ бўлган гўё. Нишабликдан шитоб билан тушиб бораяпмиз. Қор бўрони авжига олган олақуюн-оқтойлоқ ичида туйқус рўпарамизда хира ёғду сочган бир жуфт чироқ кўринди. Қаршимиздаги қанақа улов эканини билмадим, четга чиқиб бизга йўл берай демайди. Унга бориб урилишимизга бир баҳя қолди, ҳайдовчи шарт тормоз босиб машинани четга бурди. Йўл нишаблик, бунинг устига тойғинчоқ эмасми, машина турган жойида ел парракдай чирпирак бўлиб айланди, тўхтамайди, жон-поним чиқиб кетди. “Тамом, йўлдан чиқиб жарликка қулаб, йўқ бўлиб кетамиз”, деган ўй қисқа сонияда хаёлимни чақмоқдай тилиб ўтди. Қанча пайт чириллаб айландик, билмайман, машина ёни билан нимагадир урилиб таққа тўхтади. Машина ичидан отилиб чиқдим. Азойи-баданим қалт-қалт титраб, танамда жон қолмади. Қор кўз очирмай ураяпти. Изғирин. Ҳайдовчи қўрқувдан карахт, машина чамбарагига ёпишган кўйи тош бўлиб қотиб турибди, қилт этмайди. Олд эшикни очиб уни тушириб олдим. Юзига қор ишқаб ўзига келтирдим. Машина тубсиз жарлик ёқасида ўсган дарахтга ёни билан тақалиб турар, тубсиз ўпқон зулматидан бизни мана шу дарахт асраб қолганди. Увиллаган қорқуюн қўйнида қўлчироқни ёқиб атрофга назар ташладим. Қорбўронда чайқалиб турган қатор толларга кўзим тушди. Сўнг… сўнг чироқни яна машинага қаратдим. Авзои баданим қалтираб, бўғзимга нимадир тиқилди. Оёғимдан дармон кетиб ерга ўтириб қолдим. Димоғим ачишиб, кўзимдан ёш сизди.
— Азамат, — дедим ўтирган кўйи, — Азамат, — дедим беҳол пичирлаб. — Азамат, қаердалигимизни билаяпсанми, Азамат?
— Билдим, хўжайин, билдим, — деди Азамат ҳам хириллаган оҳангда.
— Биз, эсингдами, ҳалиги чол эккан толларнинг қаршисида турибмиз.
— Эсимда…
— Билган бўлсанг, бизни шу бир туп тол ўлимдан сақлаб қолди. Буниям билдингми, Азамат? Сен кетмондаста қиламан, деб суғуриб олувдинг. Буниям эслайсанми, Азамат.
— Эслайман, хўжайин, эслайман…
— Азамат, ке, ёнимга ўтир, дуо қилайлик. Биз чолга дуч келганда у саксонни қоралаб қолганди. Отиниям, манзил-макониниям билмаймиз. Тирик бўлса, қатордан хато бўлмасин, ўтган бўлса, охирати обод бўлсин…
Мен бу гапларни айтаётган маҳалда Азамат ҳам ёнимга келиб чўккалади. Совуқданми ё қўрқув асоратими, қалт-қалт титраяпти, елкаси учиб-учиб тушаяпти, йўқ, йиғлаяпти.

* * *

…Хаёлга берилибман. Ҳа, шу воқеалар кўрган тушим сабаб бир-бир хаёлимдан ўтди. Ўзим ўзим билан бўлиб, тепамда арра кўтариб турган Азаматга эътибор ҳам бермабман.
— Нега қаққайиб турибсан, Азамат?
— Нима қилай, мана, арра? — талмовсиради у.
— Нима қилардинг, анави толдан тўғри ўсган иккита новдани топиб кес. Кесавер. Кетмондаста қиламиз, — кесатдим.
Азамат тайсалланиб турди.
Қизларим ялангликда қий-чув кўтариб тоғ гулларини теришаяпти. Гоҳида капалак ёки тиллақўнғиз ортидан қувлаб қолишади.
Азамат тол новдаларини машина юкхонасига жойлади. Мен тол тагида узала тушиб бироз мизғимоқчи бўлдим. Ёнимга келиб ўтирган хотинимнинг ажабсинган чеҳрасига парво қилмадим. У юзимга синчиклаб тикилди.
— Эринмаган одамсиз-а? Сизни тушуниш қийин. Лекин, барибир тоққа чиққанимиз яхши бўлди. Қизларингиз мазза қилишаяпти. Қачон қайтамиз?
Хотиним ялангликни бошига кўтариб қийқириб чопқиллаётган қизалоқларга меҳр билан қараб турибди.
— Бир пас мизғиб олай, сўнгра қайтамиз.
Офтоб қиялаган маҳал йўлга тушдик. Хотинимнинг ҳамон менга хавотиру ҳадик билан қараб-қараб қўяётганини сездим. Машина ойнасидан тепамиздаги чўққига назар ташладим. Булутларга санчилган чўққидан атрофга нур тараларди. Оний ҳолатда чўққи ёнида ҳарир оқ либосли бир чол кўрингандай бўлди. Чолнинг жилмайиб турган нурли чеҳрасини аниқ-тиниқ кўрдим. Бу ўша, менга бундан ўн йил аввал учраган нуроний чол эди. Мен бу ҳолу ҳодисани шарҳу изоҳ этиб беролмайман. Вужудим жимирлаб, руҳим ёришиб кетганини ҳис қилдим. Сўнг кўзларимни юмиб олдим.
…Уйга келиб боғ ҳовли эшиги ёнига Азамат кесиб олган тол новдаларни қададим.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 33-сонидан олинди.