Озод Мустафо. Танбур ва кумуш тўғноғич (ҳикоя)

Бу олам – танбур. Унинг қорни бўш, сип-силлиқ, дастаси дағал. Тор бўшлиқ томонга интиларкан нохун уни ортиқ азобламайди, бироқ шунда нозик куй ҳам тугайди. Қачонки, у бутунлик томонга интилса – аксинча ҳолат юз беради.

* * *

Дераза рахида турган танбурнинг лакланган косаси қуёшнинг илк нурларида ярқирайди. Ҳар замон дераза пардаси унинг устида шамол таъсирида тўлқинланаркан у нозик бармоқлари ила соз чалаётган моҳни эслатади. Ташқарида катта йўл бўйлаб машиналар ўтиб қайтаркан, кишини кўча шовқиндан кўра ичкаридаги ана шу ҳолат кўпроқ ром этади…
…Шамол тўхтаб, парда танбурни ичкаридан кўринмайдиган қилиб ёпиб олди. Шунда бирдан машинанинг тормоз берган овози ва кимнингдир қичқириғи эшитилди, дераза ойнасига автоҳалокатга учраган машинадан узилиб кетган алланима зарб билан урилиб, дераза ойнаси чил-чил бўлди, рахда турган танбур тўнкарилиб, пастга қулади. Ташқаридан кимнингдир бошқаларни ёрдамга чақирган овози эшитилди…

* * *

Қоп-қоронғи бир хона. Балки хона ҳам эмас, уйдек келадиган қайиқнинг ичи, фақат бу ерда одам бўйидан икки-уч баравар баланд шифтдаги озгина тирқишдан тушаётган ёруғликдан ўзга нарса мавжуд эмас. Йўқ – ҳаммаси чалкаш. Қайиққа ҳам ўхшамайди бу жой!
Қайбир бурчак бирдан ёришиб, бир чол кела бошлади. Унинг нуроний чеҳраси шу даражада чиройли эдики, бир қарашда унда минг йиллик қарилик аломатини ҳам, эндигина туғилган гўдакнинг юз тузилишини ҳам кўриш мумкин эди. У қоронғи бурчакдан ўртадаги нур томон ниманидир тортиб келди. Абжир экан. Нима у? Пўрим кийинган эркакми? Уст-боши қумга беланган бу нусха беҳуш эди. Мўйсафид уни силкитиб, ҳушига келтира бошлади:
– Ҳой, йигит, ўзингга келдингми?
Эркак кўзини очаркан, атрофга оҳиста аланглаб, сўнг чолга қаради:
– Сиз к-кимсиз? Мен қаердаман ўзи?
Сен танбурнинг ичидасан, – қаддини ростлади чол ва ундан нари кетди.
Эркак ҳеч нарсага тушунмади, ўзини ўнглашга ҳаракат қилди:
– Бирор тамаддихонанинг номими бу – танбур? Мен бу ерларга илгари келмагандим. Нега бунча қоронғи?
Мўйсафид яктагининг барини қоқди:
– Тушунмадинг. Бу ҳақиқий танбур. Сен танбур косаси ичидасан. Суяниб турганинг коса ичидаги қовурға.
Эркакнинг жаҳли чиқди:
– Бу қандай безбетлик! Автоҳалокатга учрадим! Менга ёрдам бериш ўрнига устимдан куляпсизми? Дўхтир чақиринг! Бутун танам оғрияпти!
– Сен ўз вазифангни адо этиб бўлдинг. Энди ҳеч кимнинг сенга нафи тегмайди, – хотиржам жавоб берди мўйсафид.
– Ўлдинг демоқчимисиз? – эркак зўрға жойидан турди. – Тирикман-ку, сиз билан гаплашаяпман-ку, ҳали ўлмаганман-а? – чолни елкасидан ушлаб силтади. – Гапиринг! Кимсиз ўзи!
– Сен ўзи аввал кимлигингни билиб ол! – чол эркакнинг қўлини елкасидан олиб ташлади. – Акс ҳолда ҳеч нарсага тушунмайсан.
Эркак ҳар тарафга юриб, қовурғалар ошаркан, хонанинг бурчак-бурчакларигача саросима билан юриб чиқди.
– Мен катта бир корхонанинг раҳбариман, – деди мўйсафид олдига қайтиб. – Муҳим бир йиғилишга бораётгандим, ахир, – йиғламсираб гапирди у.
Миясида чарх ураётган саволларнинг атиги биттасига ҳам жавоб тополмасди.
– Сен айтган одам бошқа, – кулимсираб гапирди чол. – Сен унга узоқ вақт ҳамроҳлик қилгансан, холос.
Чолнинг гаплари умуман тушунарсиз эди.
– Нима деяпсиз ўзи? – эркакнинг энсаси қотди. – Ким ҳамроҳлик қилган? Мен ўлдимми, а? – йиғламсиради. – Қабр ичидаман-а? Ахир не-не орзуларим бор эди. Сиз фариштасиз-а? Наҳотки шу гаплар рост бўлса? Наҳотки жаҳаннам оловида куйсам? – мўйсафид олдида тиз чўкди. – Мен яхшилик қилмоқчийдим. Мен ёшим бир жойга боргач яхши ишлар қилишни ҳам режалаштиргандим, ахир.
– Ўзингни бос, ҳеч қандай жаҳаннам оловида куймайсан. – Чол унга тушунтира кетди. – Мен фаришта эмасман. Руҳман. Танбурнинг руҳиман. Автоҳалокат танбурга яқин жойда содир бўлди. Сен ўша одам таққан бир тўғноғичсан, холос. У сени ҳар доим бўйинбоғида тақиб юрган, вассалом. Руҳ қолипга сиғмайдиган бир нарса, шаклан ўзгарувчан. Сен у одамга шу қадар яқин бўлгансанки, унинг барча ишларидан хабардорсан. Ўзингни у деб ўйлаётганинг боис ҳам қиёфанг уникидек.
Эркак хахолаб кулди.
– Қўйсангиз-чи, тўғноғич – жонсиз бир буюм. Унда руҳ нима қилсин? Мен ўша одамман, мен! – кўкрагига урди у.
– Унутмагинки, моддий оламда ҳар бир нарсанинг гапирувчи руҳи бор. Уларнинг барчаси одамнинг қилган амаллари учун қиёматда гувоҳлик беради. Сен ҳам!
Эркак қиёфасидаги руҳ дод солди:
– Йўқ! Йўқ! Йўқ! – у кўрсаткич бармоғи билан ҳавони бир неча бор кесди. – Мен ҳали тирикман! Мен яшашим керак! Яқинларимни бир бор кўрай! Бу ердан чиқиш йўлини айтинг! – ҳар тарафга йўналиб, деворларни пайпаслай бошлади.
– Сен оддий бир тўғноғичсан! На яқининг ва на бир фарзандинг бор! Ўша одам аллақачон ўлиб бўлган! Қабрида ётибди! Сен унинг барча ишларига гувоҳсан, холос.
Эркак мўйсафид ёнига қайтди.
– Кечагидек ёдимда! Зиёфат маҳали менга қилинган хушомад! Тўн кийгизишганди, ахир. Хотиним кутиб олганди уйимда. Роса ичган эдим.
– Сен кузатиб боргансан, холос. Бу ҳаммаси – бемаъни хотира! Сен унинг ана шу ишларини Тангри олдида вақти келганда, сўралганида рўй-рост айтасан!
– Э, Худо, – ерга чўккалаб, бошини чангаллади эркак. – Бу қандай кўргилик? Наҳотки, мени арзимас бир буюмга тенглаштиришса! Мен катта одамман, не-не ишларни бажарганман, ахир. Юзлаб одамларни ишга олдим, ўнлаб одамларга лавозим бердим, мол-давлат бердим!
– Сен ҳаётда қилган иш бўйинбоғни маҳкам тутиб туриш эди, холос!
– Устимдан кулманг, чол! – эркак мўйсафидга кўзларини олайтириб қараркан, шу топда уни бўғмоқчидек қўлларини унинг бўйнига чўзди. – Ҳеч ким бунга журъат­ қилмаган! Сиз айтаётган танбур – сафсата! Айтган ҳамма гапингиз – ёлғон.
– Ўлганингга ишончинг комил бўлса, агар сен қабрда ётган бўлсанг, нега унда сени сўроқ қилишга ҳеч ким келмаётир, а?
Эркак иккиланди.
– Билмадим, билмадим. Бу яна қандай синов экан? Нега ҳамма ёқ жимжит? – эркак ҳар тарафга бақира кетди. – Ҳой ким бо-о-ор! Биров борми-и?
– Бақирганинг бефойда! Бор-йўғи бир тўғноғичнинг руҳисан-у, ўзингни катта олганингни-чи! Мен сенга ўша одамнинг қабрини ҳам кўрсатишим мумкин! Фақат ҳозир эмас. Кейинроқ. – Чол нари кета бошлади. Эркак унга йўналди:
– Қаерга кетаяпсиз, бобо. Менинг ҳали саволларим кўп. Қайтинг…
Мўйсафид девор узра сингигандек ғойиб бўлди. Эркак эса девордан нари ўтолмади. Ортига қайтаркан яна атрофга аланглади:
– Бу қандай сирли жой? Наҳотки танбурнинг косаси бўлса? Наҳотки мен арзимас бир тўғноғич, – эркак жинни бўлгандек кула бошлади. – Арзимас бир ишга ярайдиган тўғноғич бўлсам? Бу қандай гап? Бемаънилик, бемаънилик, – девона бўлгандек бақириб деворларни муштлай бошлади…

* * *

Оқшом чўкаркан, қабристон бўйлаб ўтган зовурда қурбақаларнинг овози ҳам авжига чиқа бошлади. Қабрлар атрофида кузнинг совуқ шамолларида сарғайган қамишлар шамолда шовуллайди. Кимдир бу ерга кириб кела бошлади. Қора плаш кийган эркак қабристондаги улкан дўнгликнинг ўнг тарафи бўйлаб янги қабрлар томон йўналди. Оҳиста қадам босиб бораркан, кафтида ниманидир маҳкам қисиб олганди. Кўзлари билан қабр тошларидаги ёзувларни қуёшнинг сўнгги нурларида ўқишга интиларкан, жонсарак ниманидир қидирарди. Шу пайт кўзи улкан мармар тошдаги ўзининг суратига тушди-ю, қотиб қолди. Ранги оқариб, бир зум тарашадек жойидан қимирлолмай қолди. Одам бўйи баробар тошдаги суратга қайта-қайта қаради, ёзувлар устидан бармоғини юргизиб икки-уч маротаба ўқиб чиқди. Қалтирарди. Бир ютинди-да, шу жойда тўхтади. Сўнгги бор суратга разм солиб, худди оёқлари унга бўйсунмагандек, қабристон дарвозаси тарафга югуриб кетди. Ҳаял ўтмай қоронғида кўринмай ҳам қолди. У боя қўлида яшириб турган нарса мармар устига тушиб қолганини сезмади ҳам. Бу қушнинг тумшуғидек, бежирим қилиб ишланган, занжирли кумуш тўғноғич эди…

“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 11-сон