Ҳар бир одамнинг, эртами-кечми, албатта қурилиш моллари бозорига иши тушади. Кимдир уй қуради, бошқаси уйини таъмирлайди. Мен уларни бозорга кираверишда қарши оламан. Касбимми?.. Нима десамикин… ўртакаш дейишлари менга ёқмайди. Унда қандайдир салбий маъно бор… Хуллас:
— Келинг, ака! Нималар керак? — дея кутиб оламан эҳтиёжмандларни.
Баъзилар пинак бузмай ўтиб кетади. Баъзилари иши осон кўчишини истайдими, мақсадга кўча қолади: “Менга гипс керак эди!” ёки “Яхши мел борми?” — дейди ёки бўлмаса “Шпаклевкани қанақалари сотиляпти?” — деб сўрайди. Ҳаммасига бир хил жавоб бераман. “Сизга топамиз! Келинг, мана бу ерда зўри бор!” — дейман-да, орқамдан эргаштираман.
Сотувчилар мен эргаштириб келган кишиларга ғинг демай, савдога аралашмай туришади. Келишиб олганмиз. Қай бир сотувчи ишимга аралашса, кейинги сафар унинг дўконига мижоз опкирмайман. Шунинг учун кўпчилиги менга парво қилмай, пашша қўриб ўтираверади.
Шу ўринда сотувчилар хусусида бир-икки оғиз айтиб ўтай: ҳаммаси ҳалолликдан лоф уради. Лекин уларни синаб кўриш учун бирортасига яқинлашинг-да: “Ака, мен устаман. Янги иш олдим. Эртага хўжайин билан келиб, сизнинг маҳсулотингизни маъқул қиламан. Нархини бунча сўмга ошириб айтасиз. Пулдаги фарқни индинга менга қайтарасиз! Майлими?”, деб кўринг-чи!.. Ишонаверинг, ўнтасидан олти-еттитаси бош ирғаб, таклифингизни қабул қилади. Билиб қўйганингиз яхши-да.
Хуллас, мен харидорга маҳсулотни кўрсатиб, мақтайман: “Сифатига жавоб бераман, асл нарса! Агар устангизга ёқмаса, қайтариб олиб келинг, йўлкира пули ҳам бўйнимда!” Бундай гапга ким ҳам лаққа тушмайди дейсиз… Дарҳол нархини сўрайди. Мен унинг сотув нархига ўз фойдамни қўшиб айтаман. Гоҳ индамай, гоҳида бироз савдолашиб олиб кетишади.
Бозорга келувчилар ҳар хил: айримлари пишиқ-пухта, аҳвол-шароитни аввалдан ўрганиб келишади. Баъзилари эса ғирт лақма. Савдолашмай ҳам харид қилаверади. Уларни хурсанд қилиш учун, юк ортаётган йигитларга пўписа қилиб қўяман: “Йиртилган қопларни ортманглар, танлаб-танлаб ортинглар!”
“Вой-бў! Бунча қиммат?” дегувчилар ҳам бўлади, албатта. Мен бўлсам: “Ака! Асл мол арзон бўлмайди! Ана, бориб арзонидан олинг, бир-икки ойда таъмирингиз уч пул бўлади!” дея тўнғиллаб бераман. Шундай қилиб, улар пешона тери билан ёки бошқача йўллар билан топган пулларининг бир қисмини менга ташлаб кетадилар.
Харидорга молни маъқул қилдириш ва сотиш осон эмас. Бу ҳам бир санъат. Сизга айтсам, менинг шунақа тадбир-усулларим борки, жарақ-жарақ фойда ўз-ўзидан оқиб келади. Шундай экан, балки мени тадбиркор деб аташ тўғрироқ бўлар?!. Майли, воқеаларни баён қилишда давом этаман.
Кўпчилик энг яхши маҳсулот чет элники деб ҳисоблайди. Бир ёзувчи, исми ёдимда йўқ, “Хўрозқандни чет элники десанг, ҳамма ёпирилиб ялайди!” деган экан. Ана шу гап менга роса асқотади. Бозоримизда бир йигит бўр сотади. Биз уни мел деймиз. Самарқанддан олиб келиб, клапанли қоғоз қопларга жойлаб, растасига чиройли қилиб тахлаб қўяди. Лекин бу мелнинг ранги оқ эмас, қўнғир кулга ўхшайди. Мен бўлсам бошқаларнинг импортний оппоқ мелларидан озгина сўраб оламан-да, унинг клапанлари оғзига жойлаб қўяман. Сўнг мел излаб келган харидорларга ўшани олиб кўрсатаман. “Мана, кўрдингизми, асл мол. Нархи ҳам қиммат эмас!” дейман.
Бир куни бир харидорга шу усул билан беш тонна мел сотдим. Узоқдан, Сирдарё вилоятидан келган экан. Қўрқмадим. Шунча жойдан қайтариб олиб келмайди-ку маҳсулотни, тўғрими? Йўлкирасининг ўзи фалон сўм! Натижада, яхшигина даромад қилдим. Ойликхўрлар бунча маблағни топиш учун роса бир ой тер тўкишса керак. Қалай, зўрман-а!
Икки-уч кун “ишга” ҳадиксираб чиқиб турдим: шартта келиб, ёқамдан бўғиб, милицияга судрамаса эди, деб юрдим. Сирдарёлик харидор кутилмаганда, тўртинчи кун пайдо бўлди. Уни узоқдан кўрдиму бўридан қочган тулкидек жуфтакни ростладим.
У мени роса суриштирибди. Қаерда яшайди, адреси қанақа, деб ҳаммадан сўрабди. Сотувчилар елка қисибдилар. “Унинг ўз моли йўқ, у — ўртакаш!” деб жавоб беришибди. “Қўлига тушсанг, ўлдирармиш!” дейишди улар менга эртаси куни…
Чув тушган харидор бир ҳафтадан сўнг яна келди. Бу гал сезмай қолибман. Тўрт-беш қадам наридангина пайқадим. Жонҳолатда қочдим. Орқамдан ҳой-ҳойлаганча қолаверди. Шундан сўнг уни бошқа кўрмадим. Сирдарё — Тошкент йўналиши бўйича ҳуда-беҳуда қатнаш жонига теккан бўлса керак.
Бир куни десангиз, “Жип” ҳайдаб, пардоз-андозли аёл келди. Дарҳол қарши олдим. Тўрт қоп алебастр сўради. Ўзи икки минг беш юз сўм турадиган маҳсулотга ўн беш минг сўрадим. Савдолашган эди, ўн тўрт минг беш юзга туширдим. Олиб кетди. Раҳмат ҳам айтди. Бу ҳаётда алданишни истовчилар жуда мўл. Мен нима қилай? Улар бор экан, тирикчилигим ёмонмас.
Яна бир воқеа. Пешинги қуюқ овқатдан сўнг ланжроқ бўлиб ўтиргандим, башанг кийинган бир киши келиб қолди.
— Менга сатен-гипс керак! — деди буйруқ оҳангида.
— Зўр сатен-гипс бор! — ахборот бердим мен. — Туркияда ишлаб чиқарилган!
Сатен-гипс деган нарса асли гипсли шпаклевка бўлиб, ҳақиқатдан ҳам Туркиядан келтириладиган маҳсулот эди. Бир қопи йигирма беш минг сўм турарди. Мен киприк қоқмай бу харидорни Самарқанд вилоятининг Ингичка қишлоғида қўлбола ускуналарда тайёрланадиган гипс сари етакладим.
— Мана, ака! Шу қопларда сиз айтган ажойиб сатен-гипс жойлашган. Сизга қанча керак?
— Қоплари сал униққанроқми дейман. Чет элникига ўхшамайди-ку! — ажабланди у.
— Ака, бу сатен-гипс вагонда келтирилади. Кейин ишчилар уларни ўзимизнинг қопларга солиб, бозорга чиқаришади! — дарҳол гап топиб бердим мен.
У лаққа тушди. Туркиядан Ўзбекистонга поезд қатнамаслигини билмаса, айб менда эмас-ку!
— Ҳа, унда тушунарли. Нархи қанақа буларни? — деди.
— Сизга жуда арзон ака, ёқимли инсон экансиз — бир қопи ўттиз минг сўм, — дедим.
Аслини олганда, ўттиз килодан қопланган гапс нархи уч мингдан ошмасди.
— Бўпти, ука! Менга ўн қоп бер! — деди у. — Айтгандек, сифати қанақа? Ёмон бўлса, кунингни кўрсатаман! Нозик жойда ишлайман. Исминг нима?
— Жамғир! — дея ростини айтдим, чунки биринчидан ўз исмини нотўғри айтиш тақдирни ўзгартиради дейишади, иккинчидан кимдир яқиндагина, унинг олдида отимни чақириб, мурожаат қилиб бўлганди.
Мен шартта у ёллаган машинага ўн қоп оддий гипс орттириб бердим. Ва янги, бели букилмаган, шитирлаб турган пулларни санаб олдим. Бу тадбирдан қилган фойдамни ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.
Бу воқеадан кейин ҳам чўчиб юрдим. Унинг устаси менинг “сатен-гипс”имдан ҳайрон бўлса, “сизни алдашибди, хўжайин!” деса, бошимга не кунларни соларкин? Нозик жойда ишлар экан, дасти анча узундир…
Уч кун шундай хаёлларда юрдим. Тўртинчи кун тинчидим. Энди у келмайди. Чунки алданганини билган инсон дарҳол чора кўради. Уч-тўрт кунлаб чўзмайди. Аммо бу мантиқий фикрим хато бўлиб чиқди. Бешинчи куни у бозор дарвозасидан кириб келаётганини пайқадим. У дарҳол кўрди-да, мен томон юрди. Нима қилишни билмай, зудлик билан одам бўйи қилиб тахланган алебастрли қоплар ортига беркиндим. Чунки қочиш йўли ёпиқ эди.
У кела солиб шу ердаги сотувчилардан сўради.
— Жамғир қани?
— Билмадик, шу ерда юрганди.
— Менга у учарни топиб беринглар! — дўқ қилди у. — Узоқдан кўрдим. Қаерга йўқола қолди?
— Билмадик, билмадик! — дейишди яна сотувчилар.
— Ў, Жамғир! Қаердасан? — қичқирди у атрофга аланглаб. “Тутиб олса, ўламан! — даҳшатга тушиб, ўйладим мен. — Важоҳати ёмон! Топиб олса, албатта қаматади!” Шундай хаёлларда қоплар тагига янада ғужанак бўлиб тиқилиб олдим. Аммо, қатъий аҳд қилган эканми, астойдил излай бошлади. Ва ниҳоят кўриб қолди. Олдимга келди. Кўзларимни ола-кула қилган ҳолда ўрнимда ўтиравердим.
— Хўш, Жамғир! Нега беркиниб олдинг?! — сўради у ва дўқ қилди. — Тур ўрнингдан!
— Мен… мен… — дудуқланиб ўрнимдан турдим.
— Кўп дудуқланма! Ундан кўра айт, анави кундаги сатен-гипсдан қолганми?
Менинг баттар эсим чиқиб кетди. Ҳозир уни олиб, ашёвий далил қилиб қаматади! Зўрға жавоб қилдим.
— Ҳа… бор…
— Яхши, унда яна ўн қоп бер! — деди у. — Тез бўл, шошяпман!
Чуқур тин олдим. Ўпкамни ҳавога тўлдирдим ва унинг илтимосини жон-дилим билан адо этдим…
Ана шунақа гаплар. Кўрдингизми, ишим осон эмас. Майли, бошқа сўз демайман. Хулосани холисанилло ўзингиз чиқаринг ва касбимга муносиб ном беринг! Фақат, илтимос, ўртакаш деманг.