Омон Мухтор. Шайтон арава (ҳикоя)

Бир пайтлар кийиш расм бўлган “шайтонтери” деган газламани бир кун ким билиб, ким билмаслиги мумкин.
“Шайтонкавуш” деган, бир кунлар чапдаст усталар ўйинчоқ-кавуш тўқиган ёки “шайтонкоса” деган, кишини девона қиладиган ўтлар номи-ю, уларнинг ўзини ҳам бу кун эҳтимол, биров билиб, биров билмайди. Китобларда ўқиб, маъносига тушунмайди.
Лекин кўпчилик велосипедни ҳамон баъзан “шайтон арава” дейди. Бу сўзлардан ҳар бирининг шайтонга нимадир дахли бор. Қачондир расмга кирган велосипедни минган киши кўчада лип этиб кўз олдидан ўтиб кетганида “шайтон арава” деган гап хаёлга келган бўлиши керак.
Қисқаси, Абдувосит исмли киши ўғли Восилга:
— Туғилган кунинг экан. Юр! — деди. — Сенга биронта улов олиб бермоқчиман. У ёқ-бу ёққа борганда минарсан…
Ота-бола кўчага чиқиб, шаҳар этагидаги анқонинг уруғидан бўлак ҳамма нарса сотиладиган катта бозорга келишди.
Улар бозор атрофидаги майдонда эшак, от, кейин бир неча арава минган чолларни кўришди.
— Менга қолса, сенга эшакми, отми олиб берардим. Иккиси ҳам, бобонг миниб юрардилар, меҳнаткаш ҳайвон! — деди Абдувосит. — Фақат, каталакдек уйга эшакни, отни қандай олиб кирасан? Шаҳарда ҳар ким бунинг уддасидан чиқолмайди. Мен ёшлигимда гоҳ-гоҳ арава минганман. Арава олиб берардим-ку, ҳатто имкони бўлган киши ҳам аравани гаражга киритиб қўёлмайди. Сиғмайди…
— Бўлмаса, нима олиб берасиз, дада? — тоқатсизланиб сўради Восил.
— Битта велосипед. Шайтон арава! Мендан совға… Машина олиб берардим. Иложим йўқ. Қўлим қисқа Машинани катта бўлганингда ўзинг оларсан.
Инсон болаликдан шароитга бўйсуниб қаноатга одатланиб боради. Халқ ибораси билан айтганда, кўрпага қараб оёқ узатишга ўрганади. Восил велосипедга ҳам рози, дадасидан миннатдор, боши осмонда, хурсанд эди.
Ота-бола уч-тўрт дўконга кириб чиқишди. Болабоп митти велосипеддан ғилдираклари одам бўйидан баланд ҳайбатли велосипедларгача тиқилиб ётибди. Аммо ўсмирга мос мўъжаз биронта велосипед кўринмайди… Ахийри, хайрият, уларнинг қидиргани топилгандек бўлди.
— Мана, шу бизники! — деди Абдувосит кўксини кўтариб.
— Сиз уни ололмайсиз, амаки, — деди Абдувоситга разм солиб сотувчи.
— Нега?
— У жуда қиммат.
— Машинадан қиммат эмасдир? — деди Абдувосит.
— Ҳар қандай машинадан ҳам унинг нархи юқори.
— Нега? — деб яна сўради Абдувосит.
— Уни олимлар янги ихтиро қилган. Ҳаммаёқда бемалол юради.
Бундай савдо Абдувоситнинг ҳамиятига тегди. Ўзбекни ўлдирса, ҳамият ўлдиради. Бировдан ўзингни кам деб билиш, бунга иқрор бўлишга юзинг қандай чидайди? Ергина ёрилмайдими?
— Оғзингга сиққанини айт. Биз уни оламиз! — деди Абдувосит.
Сотувчи осмон баҳосини айтди. Абдувосит чўнтакларидан бор пулларни сўнгги тийинигача чиқараётиб, ўғли олдида ортиқ хижолат чекмаслик учун:
— Болам! Сен аравангни олиб чиқавер. Юргазиб кўр-чи! — деди.
Восил шу гапни кутаётгани аниқ эди.
У велосипедни етаклаб, дўкон эшиги остонасидан ўтиб-ўтмай миниб олди.
Велосипед бошда эшакка ўхшаб ҳанграб шаталоқ отгандек бўлди. Кейин, отга ўхшаб пишқирди. Кейин, аравага ўхшаб ғижирлади. Ниҳоят, машинадек гувиллаб шиддат билан ўрнидан жилди.
Восил минган улови машинага айланиб йўлга тушгунга қадар пинагини бузмаган, кутилмаганда рўй бера бошлаган воқеа, ақлга сиғмайдиган ҳолатдан шунчаки ҳайрон қолишдан нарига ўтмаган эди. Мана, энди янги ихтиро қилинган “жонивор” унинг иродасидан ташқари, ўз-ўзича ҳаракатга кирганини пайқади. Бундан ҳам даҳшатли жойи, у аксинча, остидаги улов иродаси бўйича иш тутиб беихтиёр, мурвати буралгандек қўл-оёқларини қимирлатиб бораётганини сезди.
Албатта, Восил оддий ҳурмат ва одоб юзасидан дадасини кутмоқчи, дадаси билан бирга уйга қайтмоқчи эди. Лекин бу телбаларча олдинга интилган-суринган шайтон аравани тўхтатишнинг чора-имкони бўлмаса-чи? Сенинг хоҳишинг бирон нарсани ҳал қилмаса-чи? Шу аснода бошқа бир ҳолат унинг диққатини тортди. Чор атрофда машина ғужғон ўйнайди. Ўнгу сўлда барча шошиб-ҳовлиқиб бораяпти. Буниси майли. Йўлда рақобат деган дардисар бўлар экан. Ёнингдан ўтган киши борки, сенга аллақандай адоват билан, ўқрайиб қарайди. Тўғри келса, улар Восилни босиб-янчиб кетаверишга тайёр.
Восил ҳеч бўлмаса, шайтон арава қаёққа бораётганини билса экан!
Шу пайт у минган улов қайсидир денгиз бўйига бориб қолди. Восил орқага бурилиб қараса, дадаси ҳаллослаб югуриб келяпти:
— Болам! Эҳтиёт бўл. Шошма! Ўзингни унутиб, нобуд қилиб қўйма…
Восил яна дадасини кутолмади.
Велосипед олдин кемага айланиб сув юзида, кейин китга ўхшаган ёпиқ-қайиққа айланиб сув остида сузиб кетди. Денгиз саҳродек чексиз бир олам-ку, аммо бу ерда ҳам кўрпа остида тепишганга ўхшаб рақобат, бири-бирига бардош бермай баъзан юз берган ҳалокат, нима қилганда ҳам, кўринган-кўринмаган хавф-хавотир бор экан. Восил ҳис этди: бу ерда ўзинг-ўзингни йўқ қилишдан бўлак, бировлар кутилган-кутилмаган хатти-ҳаракати билан сени маҳв этиши ҳеч гап эмас! Худо асрасин!
Шундан сўнг шайтон арава денгиздан чиқиб, қайсидир тоққа ўрмалаб кетди. Нақ чўққига етганида олдин пирпиракка, кейин тайёрага, кейин ҳаво кемасига айланиб, Ердан кўтарилганича, Осмон қаърига шўнғий бошлади. Восил қараса, дадаси ҳамон орқадан ҳаллослаб югуриб, булутдан-булутга, юлдуздан-юлдузга сакраб ўтиб, овози борича бақириб келаяпти:
— Болам! Болажоним…
Осмонда айниқса, аҳвол оғир экан. Ерда биров хабар топган-топмаган, эшитган-эшитмаган юлдузлараро аёвсиз жанг бораётган экан. Восил минган шайтон арава тўппа-тўғри мана шу жанг майдонига кириб борса бўладими? Восил умрида велосипед миниб бир куни бундай аҳмоқчиликка дуч келишини ўйламаган эди. Гангиб, эси оғиб қолди.
Айни шу сонияда ўқ тегдими, бирон фалокат туртиб ўтдими, шайтон арава бехос силтаниб-титраб, шув этганича, қайтиб Ерга тушиб кета бошлади. Бир маҳал ниҳоят, тўп этиб бозордаги дўкон эшиги олдига келиб тушди.
Восил ўзини ўнглаб олишга улгурмай, дадаси ҳам ҳаллослаб югуриб келиб қолди.
Ота-бола дўконга киришди.
— Бу матони алмаштириб берақолинг, — деди Абдувосит.
— Сиз нима, тараққиётга қаршимисиз?
— Тараққиёт яхши, — деди Абдувосит. — Лекин огоҳ бўлган ҳам зиён қилмайди.
Сотувчи омборхонадан бошқа велосипед олиб чиқди.