Саратоннинг сўнгги куни. Қуёш уфққа ёнбошлаган.
Қишлоқнинг сийрак жойлашган пахса уйларини туташтирган ўнқир-чўнқир йўлда икки синфдош йигит гаплашиб туришибди. Соқоли ўсиқ, паҳмоқ сочли Толмасбек велосипедига омонатгина суяниб олган.
— Эртага ўроғингни қўлтиқлаб даламизга ўтаверасан, — деди кетишга чоғланган Толмасбек.
— Вақтини айтиб кетсанг бўларди… Уйдагиларга ҳашарга кетяпман деб қўяман-да…
Толмасбек қўл силтаб унинг гапини бўлди:
— Салқин тушиши билан ўтаверасан-да… Ёш боламидинг?
Айтилган куни олти синфдош жўралар тер тўкиб меҳнат қилишди. Ярим гектарли жўхоризор ҳаш-паш дегунча ўрилиб, боғ-боғ қилиб пушталарга ётқизилди. Қуёш уфққа ястана бошлаган паллада йигитлар ҳориб-толиб ювингани ариқ бўйига чиқишди.
Бўйрадек жойдаги жўхорини йиқитиш Толмасбекка қолди. Толмасбек баланд ўсган, барглари ям-яшил бир туп жўхорипояни ушлаб, бир зум ўришдан тўхтади.
— Шу оддий жўхорини кўриб, шоирлигинг тутдими дейман-да?
Толмасбек ўртоғининг киноясини эътиборсиз қолдирди.
— Шуни ўрмаймиз…
Толмасбек жўхорипоянинг пастки, қуруқшаган япроқларини ўроғи билан оҳиста кесди-да, икки узун думбул сўтадан бирининг попукларини бармоқлари билан тараб қўйди.
У суюкли маликасига термулган шаҳзодадек жўхорипояга охирги марта қараб пайкалдан чиқаётганда дўстлари ювиниб бўлган, ариқ бўйидан қайтишарди.
— Ҳой, биз кетдик, — деди улар.
— Кечқурун уйингда кўришамиз…
— Яримтами, чорактами тайёрлаб қўй!..
Синфдошлар уй-уйига тарқалишди. Толмасбек ариқ бўйига чиқди. У ювинаётган киши бўлиб кўринса-да, бутун хаёли жўхорипояда эди. Толмасбек бу ишни нима учун қилганлигини билмаса-да, бироқ ҳеч ким қилмаган, ғалати иш қилганлигини ич-ичидан ҳис этарди.
Толмасбек эгнига кийимини илиб уйига йўл олди.
Уйида кутилмаган хабарни эшитди.
— Сени туғилган кунга айтиб кетишди.
— Кетдик, Толмасбек, — дарвоза ортидан синфдошининг овози эшитилди, — хомсемиз эримоқчи.
Улар совуққина қўл олишгач, йўлга тушишди.
— Хомсемизни би-ир эритайлик. Ўзига қўшилиб ёғи ҳам эрисин!
Синфдоши беўхшов хо-холаб кулди. Улар безатилган хонага кирганларида кўрпачада ялпайиб ётган Сайфини кўриб, Толмасбекнинг кайфияти бузилди.
— Менга қара, Сайфига бало борми бу ерда, ё уни ҳам таклиф этганмидинг?
— Э, қаёқда, боя йўлда кўриб, бир оғиз “ўтгин” девдим, холос.
— Ё у ўтиради, ё мен! — гапни кесди Толмасбек.
— Э, ундай қилма, нима қипти ўтирса?
Толмасбек шартта орқасига бурилди.
— Оғайни, кетсанг хафа бўламан. Бир йилда бир марта ўтирадиган кунимизда одамни хафа қилма. Шу билан иш-ташвиш деб яна қачон ўтирамиз.
Толмасбек жаҳлдан тушди. Остонада туфлисини ечаётиб дўстини яна туртди.
— Анавини эркалатган сенлар, — у энтикиб нафас олаётганидан бурун катаклари кенгайди. — Отаси бой бўлса — ўзига.
— Э-э… — деди мезбон чиндан хафа бўлаётганини яширмай. — Қўйсангчи, бош оғриғини… Индама. Ошини ейди, кетади.
Толмасбек бир сўз демай қовоғини уюб хонага кирди. Ўзини босишга уринди. Аммо иложи бўлмади. Бу касофат ҳамма жойда бир ишкал чиқаради. Ўтган сафар чойхонадаги ўтиришни расво қилган ҳам шу. Ҳамма жўралари уни ёмон кўришади, орқасидан ёмонлашади. Аммо ўзига айтишгани журъат қилишмайди. Негаки, оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг ўғли гапирсин-да. Бу ярамаснинг отаси катта савдогар, қўли узун. Қишлоқда кўпчиликнинг иши тушиб туради. Бир гал Толмасбекнинг ўзи ҳам ярим тунда уларникига бориб, бемор отасини туман марказига олиб бориш учун бензин сўраган. Шунгами, ҳеч ким на отасининг, на ўғлининг мушугини пишт демайди.
Толмасбек шуларни ўйлар экан, ичида бир нима қўзғолон кўтаргандай бўлди. Ҳаммаси қўрқоқ, мен ҳам, кўриб кўрмасликка оламан, деди-да, ош сузилаётган бир пайтда қаршисида майкачан ялпайиб ўтирган Сайфига қараб:
— Сенга рухсат! Биз бу ерда синфдошлар йиғилганмиз, гаплашиб оладиган гапларимиз бор, қани омин, — деди.
Меҳмоннинг юзи қизарди, тўқиштирмоқчи бўлиб қўлига олган пиёлани дастурхонга қўйиб, ўрнидан турди.
Унинг ортидан ҳеч ким чиқмади. Хона ичи жим бўлиб қолди.
— Яхши иш бўлмади, — деди синфдошлардан бири синиқ овозда. — Отаси эшитса хафа бўлади.
— Хафа бўлса бўлар, — деди йигитлардан бири уни маъқуллаб. — Бу ярамасни аллақачон ҳайдашимиз керак эди. Толмас, қойил сенга, зап иш қилдинг-да. Қани, ош совимасин…
Толмас дўстининг лаганга чўзилган қўлини шартта ушлади.
— Шошма, ош қочиб кетмайди. Сенлар ҳамманг… биласанми кимсанлар? Иккиюзламачи, қўрқоқ, хоинсанлар. Фалончи аканинг ўғли дейсанлар-да, бу ярамаснинг олдида мўлтонилик қиласанлар, орқасидан бўлса мағзава ағдрасанлар. Шу тўғрими? Бирор марта: “Ҳой бола, эс-ҳушингни йиғиб ол, отангнинг бойлигига ишонма” дейишга қурбиларинг келмайди. Аслида, ёмон бола эмасди. Ҳаммамиз бир жойда катта бўлдик, бир-биримиздан ортиқ-кам еримиз йўқ. Уни сенлар буздинг. Сенларнинг хушомадинг, мақтовларинг бузди.
Толмас асабийлашиб кетди. Ўрнидан шахд билан турмоқчи бўлганди, оёғи хонтахта четига урилиб, лагандаги ош ағдарилиб кетишига оз қолди. Йигитлар жон-жаҳдлари билан лаганга ёпишишди…