Омон Мухтор. Ёзилмаган ҳаёт (ҳикоя)

Ёш ёзувчи Исмоилга поччаси Сайфулла ака:
— Фарғонага бир бормоқчиман. Довондан ўтиб. Ҳеч кўрмаганман, — деди. — Қўйлиқдан тўрт-беш соатлик йўл экан.
— Машина тутиб нима қиласиз? Ўзим оббораман, — деди Исмоил.
Сайфулла ака Қўйлиқдан ичкарироқда, қишлоқда яшар эди. Ёшликда табелчи, сувчи бўлган, кейин анча йил почтада ишлаган. Олдин эшакда, кейин “шайтон-арава”да хат, газета-журнал ташиб умри ўтган эди. У букирми-қийшиқми, Квазимодага ўхшаган бесўнақай киши. Лекин ўша, Квазимодага ўхшаб муҳаббатли қалби бор эди. Исмоил уч йилча бурун баҳорда опаси Роҳиланинг қабри бошида почча билан ёнма-ён турганида, унинг кўзлари нурланиб кетган, алланечук ширин хўрсиниб:
— Яна бир оз яшамади-да! — деган, ўша сонияда бизнинг ёш ёзувчимиз булар фақат эр-хотин эмас, орада катта бир муҳаббат ҳам бўлганини ҳис этган эди.
Роҳила дунёдан ўтгач, Сайфулла ака қайтиб уйланмади. Муҳаббатдан ташқари, афтидан, хотинига тегишли жигарлардан узоқлашгиси келмади. Шу боисдандир, у ҳам бу томондагилар учун “ҳар қачонги почча” бўлиб қолаверган эди.
Фарғона сафари ҳақидаги гапдан бир ҳафта ўтгач, улар йўлга чиқишди.
Аввалида, машина Қамчиқ довонига яқинлашгунича индамай кетишди. Сайфулла ака ўзи камгап эди. Исмоил эса йўлга тикилиб, хаёл суриб борарди. Довон бошлангач, у бехос жўшди:
— Олдинлар бу йўл тор, хатарли эди. Қишда бутунлай ёпиб қўйишарди. Бир гал туманда, яна машина бузилиб қолиб, роса овора бўлганман. Энди машиналарни қаранг! Гўё шаҳар ичида юрибди! — Исмоил бир оз тин олгач, сўзини давом эттирди. — Атрофнинг гўзаллиги! Одамлар Швейцария дейди. Мана, сизга Швейцария!
— Ҳа чиройли, — деди Сайфулла ака тоғларга қараганича. Кейин хижолат чекиб, қўшиб қўйди: — Сиз доим бандсиз. Сизни ёзишдан қолдирдим.
— Эй, ишим яхши. Ёзишдан олдин ўйлаш ҳам керак, — деди Исмоил. — Ҳозир ғалати бир нарсалар устида ишлаяпман.
Унинг шапалоқдек иккита китобчаси чиққан, уларни поччага берган эди. У поччаси ақлли эканлигини биларди. Зероки, афти-ангорини кўриб хунукми-тасқарами, деса бўлаверадиган бу одамни қишлоқда ҳурмат қилишарди. Лекин почча ҳаёт шароити мажбур қилиб, еттинчи синфдан нарига ўтмаган. Савод даражаси қандай — Исмоил билмас эди. Берган китоблари ҳақида, у ўқимаган, майли, опамнинг эри бўлгани учун бердим, ўзи вақтида тарқатган газета-журналлардан биронтасини ҳам ўқимаган бўлса керак, деб ўйлар эди. Шундай фикри борлигидан, шу кунлар “қоғозга тушаётган” бир воқеани Исмоил, болага эртак айтгандек “соддароқ” қилиб Сайфулла акага айтиб беришга тутинди. Айтмас ҳам эди-ку, йўлда суҳбат иштиёқи унинг тили тугунини ечворди.
— Бу ривоятми, шунақа… Қадимда бир бой бўлган экан. Хотини ўлган… кечирасиз! — Фарзанди йўқ экан. Ўлишидан олдин бир жума куни масжидга чиқиб, мусулмонлар, дунёдан ўтганимда ким мен билан бир кеча қабрга кириб ётса, йиққан тилламни битта қолдирмай, ўшанга беринглар, деб эълон қилибди. Бой кўз юмгач, жуда камбағал бир йигит ўртага қўйилган шартни бўйнига олиб, тобутнинг олдига тушибди. Бошини эгиб кетаётса, ерда ётган қандайдир арқонни кўрибди. Шунчаки илиб, белига боғлабди. Қисқаси, жамоа бойни гўрга жойлаб, ҳалиги йигитни ҳам туйнукдан киритиб юборибди. Тош босиб, тупроқ тортишибди. Кўп ўтмай, йигит қараса, рўпарада Мункар-Накир туришибди. “Булар иккита экан” — дебди Мункар. “Ёшидан бошлайлик” — дебди Накир. “Йўлда ётган арқонни биров тушириб қолдирган эди. Сеники эмасди. Нега олдинг?” — деб сўрабди Мункар. Йигит чайналган экан, Накир бошига гурзи билан туширибди. Эрталабгача шу арқон устида сўз борибди. Йигит неча марта яксон бўлиб, неча марта ўз ҳолига қайтибди. Эрталаб қабрни очишса, йигит чиқа солиб, дуч келган томонга қараб қочибди. Уни тутиб, нега бундай қиляпсан, деб сўрашса, бир қулоч арқон учун кўрганимни-кўрдим, қочмасдан тиллани олсам, ўлганимда бунга қандай жавоб бераман, дебди…
— Яхши ҳикмат экан! Баракалла! — деди почча. — Лекин нотўғри.
— Нимаси нотўғри? — деб хафа бўлди Исмоил.
— Кўп жойи…
— Буни халқ тўқиган.
— Халқ катта. Ҳар кимнинг гапи ҳар хил. Мулланинг гапи бор. Бойнинг гапи бор. Камбағалнинг… Ана, камбағаллик айб эмас, дейди. Буни бойлар тўқиган. Камбағал чидасин, норози бўлмасин, деб… Халқ доно! Лекин гап доим ҳам ҳаётга мос чиқавермайди…
— Айтаверинг, почча, — деди ажабланиб-саросималанган Исмоил энди хафалиги тарқаб. — Мен учун муҳими, ривоят.
— Ҳа, албатта, — деб ўйга чўмди Сайфулла ака. — Ривоятда мол-мулкка ҳирс қўйма, омонатга тегма, мазмунида ҳикмат келган. Лекин гапнинг тагида бой бўлгандан камбағал бўлган маъқул, қабилида маъно ҳам ётибди. Буниси тўғри эмас. Дунёда ҳамма тўқ-тўкин яшашни истайди… Бой учраган кишига бойлигини қолдирмайди. Гўрига кириб-чиқса ҳам! Биз эшитганмиз, бойлар кўпинча ўлаётиб ҳам, мол-мулкини бир жойларга беркитган. Кўмган. Бойликка бепарво, сахий, валломат киши кам! Йигит қабрга кириб ётгани ёлғон. Минг дийдаси қаттиқ бўлмасин, юраги ёрилади. Ўлган деб адашиб тирик кўмилганлар ҳам тезда чиқишга уринган, чиқолмаганига юраги дош бермаган. Кечаси қабристондан ўтганида қўрққанидан ўлган қанча! Йўлда ётган арқонни олган йигитнинг тиллага қарамаслиги бўлмаган гап. Бойлик қўлга киришини била туриб, бундан кечган одам девона ёки авлиёсифат бўлиши керак. Одамнинг фожиасими, бахтими, азобдан қутулибоқ азобни унутиши! Азоб билан бола туққан она уч кунда буни унутади… Мункар-Накир аҳмоқ эмас, тирикни ажратолмайдиган. Улар жон ҳам ато қилолмайди. Бу — ўлиш билан тирилиш, ёлғиз Худога тегишли!
Исмоил поччасининг фикрлари баҳсли, ривоят шубҳасиз, олимлар айтган “шартли ҳолат” тарзида “яшашга ҳақли” эканлигини ўйлади. Аммо бир томондан, буни энди бор-борича ёзолмаслигига қаноат ҳосил қилган, иккинчи томондан, Сайфулла аканинг “саводи даражаси”ни ҳис эта бошлаган эди.
— Эшитинг. Бошқаси. Ҳозирги ҳаёт, — деди Исмоил. — Мана шу Қамчиқ билан боғлиқ, — унинг овози, кайфиятидан ёзаётган “замонавий” воқеа поччага ривоятдан кўра кўпроқ ёқишига умидланаётгани сезилиб турарди. Аксар ёш ёзувчилар каби у “асар”ига биров фикр билдиришини истар ва эътирозли фикр чиқса, дарҳол “оқланиш”га тушар эди. — Корчалон бир бошлиқ қўли остида ишлаган Суюн ва Даврон деган икки йигитни хонасига чақиради. Довондан ўтиб, Данғарагача борасизлар, дейди. У ердаги бир кишининг исми, турар жойи мана бу қоғозда белгиланган, бу халтада иккита бўлка нон, дейди. Шуни ўша одамга берасизлар, кейин Тошкентга қайтиб келверасизлар, дейди.
Йигитлар дарҳол машинага минишади. Данғарага етиб бориб, қоғозда белгиланган Шоҳид деган кишининг уйини топишади. Халтадаги иккита бўлка нонни унга беришади. Шоҳид уларни зиёфат-зарофат қилиб, Тошкентга жўнатади. Лекин, йигитлар бошлиқ буюрган бу ишнинг маъносига тушунишмайди. Бориб-келгунча йўл давомида шу ҳақда ўйлашади. Суюн Давронга, Даврон Суюнга оғиз очмайди. Иккиси ҳам уйига кела солиб, хотинига юрагини очади. Суюн, хотин, шунақа-шунақа бўлди, дейди. Мен тушунмадим, дейди. Бошлиқ Ҳусниддинов бекорга бир ишни қилмайди, бу ерда аллақандай сир бор. Хўп, нега шунча йўл босдик? Нон йўқми у ерда? Дўкону бозорда тахланиб ётибди. Шоҳид иккита бўлка нонга муҳтожми? Данғиллама уй-жойда турибди, дастурхони шоҳона. Адашмасам, биз жиноий бир ишга аралашиб қолдик, хотин, дейди. Даврон ҳам, хотинжон, шунақа гаплар, дейди. У Суюндан ҳам кўра кўпроқ мулоҳазага берилади. Худо урсин, ноннинг ичида бир нарса бор эди, дейди. Махфий хатми? Қимматбаҳо буюмми? Қорадорими? Тўппончами? Қуруқ нонни машина бериб, бизни овора қилиб, Ҳусниддинов шунча йўлга юбормайди-ку! Мен тушунмадим, хотинжон, дейди… Икки кундан кейин, Шоҳид идорага келиб, Ҳусниддинов билан анча суҳбатлашиб кетади. Олти ойдан кейин, Ҳусниддинов бошқа обрўли ишга ўтади. Унинг ўрнига Шоҳид бошлиқ бўлиб келади. Янги бошлиқ тез орада Суюнни бу идорага алоқасиз бир, Давронни иккинчи ишга ўтказиб юборади. Шу билан сирли ишнинг, гапнинг думи тугилади…
— Яхши. Қизиқарли экан! Ибратли! — деди почча. — Лекин нотўғри.
— Нега?
— Булар иккисининг ҳам таъби нозик, — деганича узоқларга тикилди Сайфулла ака.
— Суюн билан Давронми?
— Йўқ. Ҳусниддинов билан Шоҳид! Ҳар қандай идора бошлиғи ёки бадавлат кишини корчалон, муттаҳам деб ўйлаш тўғри эмас. Улар ишнинг кўзини билиб, кўпчилик учун аҳамиятли-фойдали ишлар қилиши мумкин. Асоссиз шубҳаланиб, бировни жиноятчига чиқариш хунук таассурот қолдиради.
— Буни айтган киши ёлғон гапирмайди, — деди ялингудек ҳолда Исмоил.
— У тушунмаган. Йигитларга ўхшаб! Нон оддий нон, ичида ҳеч нарса бўлмаган. Эси бор бошлиқ махфий хатни ёқтирмайди. Керакли гапни ёзса, йигитлар орқали ҳам юбораверади, улар хатни очиб ўқимаслиги аниқ. Қимматбаҳо буюм доим қўлдан-қўлга берилади. Тартиб шу. Қорадори, тўппонча, ҳозир бунақа ҳунарлар кетмайди. Постда турган назоратчилар дарров ушлайди. Қонунни бузишга йўл қўймайди.
— Бўлмаса, сир қаерда? — деб сўради Исмоил.
— Олдинлар ҳам бу воқеалар рўй берган. Эски бир бой янги бир бойга ёки катта бир бек кичикроқ бекка иккита зоғорами, қотган патирними, юборган. Бунинг маъноси: “Сен бизнинг нонимизни еб одам бўлганингни унутмаяпсанми? Кўзингни оч!” деган гап…
Исмоил яна поччасининг фикрлари баҳсли, воқеани қайси шаклда “қабул қилиш” ўқувчининг ихтиёрида эканлигини ўйлади. Муҳими, болалигидан ўзи кўриб-кузатиб юрган Сайфулла акани “танимаган-билмаган”лигини ҳис этди. Кўнглида бу оддий, камтар инсонга нисбатан меҳри ошди.
Йўлда неча бора, сизга берган китобларим-чи, уларни ўқиганмисиз, уларда ҳам “кўп жойи нотўғри”ми, деб сўрагиси келди. Аммо сўрамади. Қўрқди…