Ўлмас Умарбеков. Ҳусн (ҳикоя)

— Мана, сиз районда янги одамсиз. Ҳали қишлоғимиздагиларнинг ҳаммаси билан танишиб чиққанингиз йўқ. Аммо лекин, Маъпиратимни таниб олган бўлсангиз керак. Уни, мен сизга айтсам, танимаган одам йўқ, областда. Область қаёқда? Бутун, Ўзбекистонда деяверинг. Газеталардан номи тушмайди. Радиода ҳам икки гапнинг бирида уни тилга олиб туришади. Колхоз планни бу йил ҳам қойиллатиб бажарувди, мухбирларнинг, вакилларнинг кети узилмай қолди. Қани айтинг, шундай қиз билан фахрланмай бўладими? Кечқурунлари ҳориб-чарчаб ишдан келади, топган-тутганимни олдига қўяман. Бир пиёла чойни чала-чулпа ичиб, шундай столнинг ёнига чузилади-ю, донг қотади. Юмуқ кўзларига, чимирилган қошларига, алланималарни эслаб пичирлаган лабларига қараб дам қувонаман, дам дув этиб кўзимдан ёш келади. Рўмолимнинг учи билан юзимни бекитиб, йиғлаб оламан. Нега йирлайман? Нега бўларди, шу болам билан тортган азоб-уқубатларимни эслаб йиғлайман. Урушга қирғин келсин, урушга! Қанча одамнинг ёстиғини қуритиб юборди. Мен ҳам куёвимдан ажраганман. Невара кўрмай ажраганман. Ўртоқларига энди чақирув келганда ундан қорахат олдик. Не ҳасратда ўзи куёвли бўлувдим. Кўзингиз тушдими, тушмадими — билмадим, Маъпиратимнинг чап оёғи калтароқ, шундай туққанман. Бола бечора шунинг устида қанча азоб тортмади? Ёшлигида эътибор  қилмаган бўлса ҳам, эс-ҳуши тўлишганда одамови бўлиб қолди. Ўқишдан келади-ю, хонасига кириб кетади. Баъзида ўпкаси тўлиб, йиғлаб ҳам олади.
Кўпинча, ўртоқлари келиб-кетганда шунақа бўлади. Ёшлик эмасми, ҳали кинога чақиришади, ҳали клубга олиб чиқмоқчи бўлишади. Маъпират бўлса жим. Жуда қўйишмаса, бошим оғрияпти, дейди. Ишқилиб, баҳона топиб уйда қолади-да. Буни кўриб юрагим эзилади, томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди. Кечалари уйқим қочиб, худодан нолийман.
— Э, худо! — дейман зардам қайнаб. — Уни шундоқ яратгандан кўра, кўзимни кўр қилсанг бўлмасмиди?!
Ўнинчини битириб, институтга кирди. Қувончи ичига сиғмай кетди, мени бўлса ташвиш босди. Гуноҳ бўлса ҳам айтай, ким келин қилади, дейман-да. Бир йилнинг ичида беш-олтита ўртоғи эрга тегиб кетди. Маҳфуза дегани бор эди, бирам кўҳлик, бирам келишган. Кўпинча дарс тайёрлаб, бизникида қолиб кетарди. Шу ҳам эрга тегди. Раиснинг ўғлига тегди. Она-бола бошлашиб тўйига бордик. Тумонат одам. Ҳовлига сиғмайди. Қизнинг ўртоқлари қўшайвонли данғиллама уйни эгаллаган. Дастурхонга йўқ нарсани тўкиб ташлашибди. Бир маҳал шаҳардан чиққан гажақдор ашулачи аёл дуторни чертиб «Тановор»ни бошлаб юборди. Торт-торт бўлиб кетди, ўйнамаган одам қолмади. Деразадан қараб турибман. Маъпиратим ҳам очилиб-сочилиб ўтирибди. «Э, худо, ишқилиб, битта-яримта эси паст ўйинга тортмасин-да» — дейман ичимда лабимни тишлаб. Йўқ, қўрққаним бежиз эмас экан. Маҳфузанинг ўзи ликиллаб келиб қўлидан тортса бўладими? Аъзойи баданим жимирлаб кетди.
— Қўй, билмайман, билмайман, — дейди қизим шўрлик.
Қани энди Маҳфуза кулоқ солса?!
— Менинг тўйимда ўйнамасанг, кимникида ўйнайсан? Йўқ дема! — дейди ўртага тортиб.
Одамлар ҳам унинг тарафида.
— Бўла қолинг, йўқ деманг, куттириб қўйдингиз, — дейишади ҳар чеккадан.
Маъпиратнинг бўлса юзи олов бўлиб кетибди. Сезиб турибман, жаҳли чиқиб кетяпти. Агар яна биттаси бир гап қилса, шартта чиқиб кетади-қўяди. Шу гапни қилишди. Ким қилди денг? Етти яшаридан бирга қўғирчоқ ўйнаб ўсган ўртоғи Маҳфуза қилди.
— Мунча ноз қилмасанг? — деди қошларини чимириб.— Сенга ким орзуманда эди, оёғингга қарайди?!
Тараша бўлиб қотиб қолдим. Ўзимга келиб, бундай қарасам, ҳовлида беш-олтита қиз Маъпиратни овутишяпти. Биттаси «хафа бўлманг», дейди. Биттаси «қолинг» дейди. Бир маҳал рўмол ёпиниб, Маҳфузанинг ўзи чиқди. Мени кечир, аҳмоқман, деди. Аҳмоқ ҳам гапми, пастсан, деб бетига тупурмоқчи эдиму, қизимдан уялдим.
Шу куни она-бола мижжа қоқмай чиқдик. Жонидан ҳам азиз кўрган ўртоғи шундай дегандан кейин уйқу келадими, ўғлим? Деразанинг олдига чўкка тушиб алланималарни шивирлайди. Мен бўлсам олдига боргани қўрқаман. Ўзингиз айтинг, шу топда уни қандай овута олардим? Шундай кун ўзимнинг бошимдан ҳам ўтган. Раҳматли Боқижон акангиз тўй куни гўшангада юзимга бир тарсаки туширган эди.
— Нега урасиз? — десам, дағ-дағ титраб:
— Юзингда холинг йўқ экан-ку, нега алдашади? — деса бўладими?!
Ҳали-ҳали эсимда, у кишига яхши кўринаман деб, бир-икки йил ўсмадан хол қўйиб юрганман. Шунақа жоҳил одамлар ҳам бўлар экан. Холим бўлди, нима-ю бўлмади нима? Кейинчалик кўникиб кетди, яхшигина яшадик. Бечоранинг умри қисқа экан. Маъпирим етти ёшлигида у қазо қилиб кетди. Дадасига ўхшаган шунақа жоҳил одамлар энди йўқ дейсизми? Битта-иккита бўлса ҳам бор. Шунақанинг қўлига тушиб қолса борми, одам ош ўрнига ҳар куни заҳар ютади-да. Лекин қизим, айланай, унақа бўлмади, дўст-душманнинг олдида қаддим букилмади. Маҳфузанинг тўйидан бир йил ўтар-ўтмас раисимиз Ҳакимжон уйга кириб қолди.
— Қани, хола, битта кўк чой дамланг, — деди айвонга ўтиб.
— Чой сиздан айлансин, ҳозир-да, болам, — дедим-у, ўчоқ бошига югурдим. Ҳакимжон ҳам билади-да, уйимда самовар доим шақиллаб қайнаб турмаса, кўнглим жойига тушмайди. Дарров чинни чойнақда чой дамлаб келиб, раиснинг олдига дастурхон ёздим. Нон синдиряпману, хаёлим бошқа ёқда. «Ҳеч бунақа одати йўқ эди Ҳакимжоннинг, доим типирчилаб турарди. Нима гап топиб келган экан?» — дейман ичимда.
— Хола, маслаҳат билан келдим олдингизга, — деди анчадан кейин. — Қизингизнинг бошини иккита қилиб қўйсак, нима дейсиз?
Нима дердим? Суюнишимни ҳам, суюнмасимни ҳам билмайман.
— Ҳа, ўйланиб қолдингиз?
Раис жилмайиб қўйди.
— Кошкийди, — дедим охири ўзимни босиб олиб. — Маъпиратнинг ўзи нима деркин?
— Нима дерди, хўп дейди. Менга қаранг, бунақа йигит етти ухлаб тушингизга кирмаган.
Ҳакимжон ҳамма гапни айтиб берди. Институтда Маъпиратнинг ўзи билан ўқийдиган бир йигит бор экан. Шу бола ошиқ бўлиб қолибди қизимга. Мен сизга айтсам, ўрталарида муҳаббат пайдо бўлибди. Йигит охири дадасига айтибди. Дадаси Ҳакимжонни ўртага қўйибди. Бирам севиндим, бирам севиндим. «Яхши одамлар ҳам бор экан-ку, дунёда» дейман ичимда.
— Хўш, тўйни қачон қиламиз? — сўраб қолди Ҳакимжон.
Ўйланиб қолдим. Ўйланмай бўладими?! Ҳамманинг ҳам ўзига яраша орзу-ҳаваси бор. Тўй қилсам, отаси йўқлигини билдирмай қилишим керак. Ўртоқларининг тўйидан яхши бўлса бўлсинки, ёмон бўлмасин.
— Қовун пишиғига қиламиз, — дедим қатъий қилиб.
Жавобим раисга ёқмади.
— Нима қиласиз чўзиб? Мен борман-ку, ёнингизда, — деди зарда билан. — Келаси якшанбага қиламиз. Гап тамом. Ёшларни қийнаманг-да.
Нима ҳам дердим? Ҳакимжон раҳматли Боқижон акан-гиздан ҳам инжиқ. Хўп, дедим.
Энди мен сизга айтсам, шунақанги тўй бўлди, бу карнай-сурнайлар, бу саруполар… Ҳакимжон барака топкур, ўзи бош-қош бўлиб турди.
Аммо лекин, тўйдан кейин бир ҳафта ўтар-ўтмас, уруш деган касофат бошланиб, куёвимни, Шерзодимни ўз қаърига тортиб кетди. Она-бола бўтадек бўзлаб қолдик. Кўп ўтмай, Ҳакимжон билан ўғли Азимжонга ҳам баравар чақирув келди. Маҳфуза ҳам эмизикли боласи билан ёлғиз қолди. Ҳакимжон урушга кетди-ю, колхоздан ҳам путур кетди. Райондан биттасини юборишувди, олти ойми, етти ойми ишлаб, колхозни қарз қилиб кетди. Ўрнига Худойқуловми, Облоқуловми дегани келди. Унинг ҳам дарди қорнидан нари ўтмади. Фермадан ўнта қўйни бозорга юбориб, кетидан ўзи ҳам кетди. Шу кетганича ҳали ҳам бедарак. Э, болам, не кунлар бошимизга тушмади! Маъпират институтни ташлаб, далага чиқди. Хотин кишининг бошига бирон фалокат тушса, дарров гангиб қолади. Ўзини ўнглаб олгунча анча азоб чекади. Бизда ҳам худди шундай бўлди. Эркак зоти қишлоқда қолмади, десам бўлади ўшанда. Бор, йўқ эмас, лекин ҳаммаси ярим жон, хотиндан беш баттар нимжон. Худойқулов дараксиз кетгандан кейин ферма мудири бор эди, барзангидай йигит, билмадим, нима бало қилиб, урушга бормай қолган, шуни раис қилиб қўйишди. Оти қурғур тилимнинг учида турибди. Нима эди? Ҳа, Сотиболди.
Сотиболди ҳам олдингилардай учар чиқиб қолди. Сўлақмондай йигит идорадан чиқмай ўтирса, хунук кўринар экан. Эртаю кеч пул санаш билан овора. Зиёфат, ошхўрлик, норинхўрлик. Бунинг устига, бузуқ экан. Буни қаердан билдинг денг? Аҳвол ўзингизга маълум — оғир. Арпа нон, зоғора нондан бошқа нарсани халқ билмайди. Ҳафтада бир қозон қайнаса қайнайди, бўлмаса йўқ. Лекин бунга чидай олмаганлар ҳам бўлди. Шуларнинг биттаси Маҳфуза эди. Эридан қорахат келди-ю, Сотиболдининг тузоғига илинди-қўйди. Маъпиратнинг жиғибийрони чиққанини кўрсангиз ўшанда. Кўзига ҳеч нарса кўринмайди. «Паст-пастлигини қилди» — дейди нуқул. Бир куни чидолмай:
— Раис билан алоқангни ё қонунлаштир, ё қишлоқдан чиқиб кет! — дебди.
Бу гап Маҳфузага таъсир қилганми ё қўрққанми, ис чиқариб, тўй қилишди. Маъпират бормади. Қизим бормагандан кейин менга бало борми? Тўйдан уч кун ўтди чамам-да, райондан милиса келиб, Сотиболдининг уйини босди. Очофат ўлгур колхознинг неччи минг пулини йўқ қилиб юборган экан. Кесилиб кетди. Шундай ҳуснига бино қўйган Маҳфуза нима бўлди? Эски тос, эски ҳаммом, итнинг ке-йинги оёғи бўлиб қолаверди. Ҳозир нон заводда историж эмиш. Сотиболди қамалгандан кейин Маъпиратни раис қилиб кўтаришди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, раислик осон ишми? Дастлабки йиллар, айниқса, қийин бўлди. Бечора қиз ишни нимадан бошлашни билмайди денг.
— Районга боргин, маслаҳат беришсин, — дедим.
Борди, маслаҳат беришди. Аввало одамлардан ҳол-аҳвол сўраб чиқинг, дейишибди.
Шундай қилди. Молининг хашаги тамом бўлганга хашак берди, томидан чакка ўтганнинг томини суватди. Тўғриси ҳам ўзи шу-да! Одамнинг дастлаб уйидан кўнгли тўқ бўлиши керак. Уйи тинчми, қанча иш десангиз қилаверади. Бизда ҳам шундай бўлди. Бир-икки йилда оёққа туриб олдик. Ҳозир бўлса, ўзингизнинг хабарингиз бор, районда бизнинг колхознинг олдига тушадиган колхоз йўқ. Аммо лекин, мен сизга бир сирни айтай. Қизим билан раис бўлмасдан олдин сира уришмасдик. Энди анча-мунча жанжаллашиб турамиз. Қўлимда битта сигир бор. Жонивор жуда серсут, сузсангиз қаймоғи бир энлик келади. Бир куни фермага қирдан пичан ташишаётган экан, бирам ҳавасим келди, бир арава ташлаб кетинглар, дедим. Маъпиратнинг ўзи районда эди. Болалар ҳам сўзимни иккита қилмай ташлаб кетишди. Эсим бўлса шундай қиламанми? Кечқурун Маъпир келди. Эшикдан кириши билан кўзи бир ғарам қилиб уйиб қўйилган пичанга тушди-ю, лаблари чўччайиб кетди:
— Пичан қаердан келди? — деди ўқрайиб.
— Қирдан келди. Нима эди? — дедим пинагимни бузмай.
— Уялмайсизми, ойи? Бу ахир колхознинг пичани-ку?
Индамадим. У ҳам индамади. Индамай овқатни едик.
Эрталаб ҳали хўроз қичқирмасдан кимдир елкамни туртади. Туриб қарасам, Маъпир.
— Ҳа, — дедим. — Тинчликми?
— Тинчлик, манави пулни олинг. Хашак керак бўлса бозорга тушинг. Ё правлениега ариза беринг.
Шундай деди-ю, тасир-тусир қилиб чиқиб кетди. Ярим соат ўтар-ўтмас кечаги болалар қовоғидан қор ёғилиб, пичанни ташиб олиб кетишди. Бирам алам қилди. Шундай қилгани ҳам бир ҳисобда яхши. Халқнинг мулки бўлгандан кейин, халкдан сўраб олиш керак-да.
Хуллас, мен сизга айтсам, мен қизимни билмас эканман, ё у ишга шўнғиб кетди-ю, ўзгарди-қўйди. Майли, қайси тўғри бўлса, шунга розиман. Чунки боламни энди, чўлоқман, деган гап қийнамайди. Уззукун одамларнинг орасида. Тунов куни қизиқ бўлди. Аълобуш деган қўшним бор. Қизим бўйга етганда, чўлоқ, уни ким оларди деб, устидан кулганини ўзим эшитганман. Шу совчи юборибди. Мен сизга айтсам, бирам жаҳлим чиқди, бирам жаҳлим чиқди…
— Ҳа, — дедим, — қизим илгари керакмасди, энди, раис бўлгандан кейин керак бўпти-да? Аълобушга бориб айтинг, кўчада қолган қизим йўқ.
Шундай дедиму, дастурхоннинг устини ёпдим-қўйдим.
Кечқурун Маъпир келганда айтиб берувдим, роса кулди, унга қўшилиб мен ҳам кулдим. Куладиган гап-да ўзи, айланай.
Лекин, мен сизга айтсам, Маъпирим, баъзида иши камроқ бўлса, ё бирон нарсадан димиқиб келса раҳматли Шерзодининг суратига қараб ўтиради-да, йиғлаб олади. Шундай пайтларда мен ҳам ўзимни тутиб туролмайман.
— Қани энди, куёвим бўлса-ю, иккаловининг роҳатини кўриб ўтирсам. Шунчалик ҳам бераҳм бўласанми, худо? — дейман ўпкам тўлиб.
Баъзида, бу ташвиш бир менинг бошимдамас-ку деб, ўзимни овутаман.
Яқинда чидай олмадим. Идорадан эртароқ қайтувди, юрагимга анчадан бери тугиб қўйган гапимни тўкиб ташладим:
— Болам, — дедим секин, — қачонгача ёлғиз юрасан? Шерзод акангнинг ҳурматини қилиб, шунча юрдинг, етар. Мени ҳам ўйла. Бир оёғим ерда бўлса, бир оёғим гўрда, невара кўрсам деган ниятим бор.
Биласизми, нима деди? Аввал бошимдан оёғимгача бир разм солиб чиқди. Кейин лаблари титраб:
— Ойи, бу гапни бир гапирдингиз, — деди, — иккинчи гапирманг. Шерзод ака юрагимда. Уни олиб ташлай олмайман. Иннайкейин, нега ёлғиз бўлар эканман?! Мана, Маҳфузани ёлғиз деса бўлади. Яна эрга тегибди. Ўғли номусига чидолмай кетиб қолибди. Ана унга ачининг.
— Нима дердим? Ҳеч нарса демадим. Ўзи хурсандми, бахтлими, шунисига мингдан-минг розиман. Аммо лекин, бугун яна бир жанжаллашиб олдик. Аслида, шу жанжал баҳонаси билан олдингизга келганман.
Беш-олти кундан бери, биқиним санчади, дейди. Бугун ҳам идорага чиқиб ўтиролмабди, уйга келиб ётиб олди. Овқатни вақтида емагандан кейин, уйқусида ҳаловат бўлмагандан кейин ҳар қандай темир биқин ҳам санчади-да!
— Дўхтирга қаратгин, — дедим.
— Вақт йўқ, ойи. Райкомга боришим керак. Элликта янги уй қурмоқчимиз, шунинг планини кўрсатиб келаман, — деди.
Жаҳлим чиқиб кетди.
— Эртага кўрсатсанг осмон узилиб ерга тушадими?
— Тушади. Ваъда берганман. Райкомда ҳозир янги одам. Бормасам, уят бўлади, — деди.
Йўқ, бир амаллаб кўндирдим.
— Планингни менга бер, ташлаб келаман. Ўзи ўша ёқда ишим бор. Сен дўхтирни чақир! — дедиму, бу ёққа югурдим.
Энди мен сизга айтсам, болам, янгисиз. Биз томонларга ҳам борарсиз. Шунда эсингизда бўлсин. Маъпиримни бир уришиб қўйинг. Сағал ўзига қарасин. Қарамаса, мана бугунгидай ётиб қолади. Етиб қолса, қувончи йўқолади.
Отда қамчин ўйнатиб, далама-дала юрганини кўрганмисиз? Қиз бола бўлсаям шундай ўзига ҳусн бўлиб тушган. Ана шу ҳусни йўқолмасин дейман-да, болам.
1961.