Олим Жумабоев. Уй (қисса)

I

Овул сукутда эди. Пахсачилар ишини қўйган кезлари эди.
…Ўша воқеадан бир кун илгари бизникига Ўлжабой акис (болалар шундай атардик) келганди. Қўлида бир парча қоғоз, ручка бор эди.
Айвонга ўтиргач, пичирлаганнамо гап очди:
– Тўрт-беш сўмингни бераман. Биласан, саводим чатоқ. Тошкентга бир оғиз гап бор. Шуни ёзиб бер! Нечинчи синф бўлдинг?.. Олти… ҳа, отанг уйга тарадди кўраверса, олдидан чиқади. Буни ушла-чи!
Ишқилиб, мақтовга учдимми, ё буни сўраб-суриштирадиган ёшда эмасмидим, онамнинг бармоғини яноғига сидириб, “уят” деганига ҳам қарамасдан, кечки аёзда қалтираб қоғозни бежадим:
“Ассалому алайкум, иним Суяржон. Соғлиқ, ўқишлар яхшими? Чечам қандай, кўникиб кетдими?.. Оғайниларнинг бари яхши, салом айтди. Гапнинг индаллоси, Суяржон, сен кетгач, Отамнинг уйи карвонсарой бўлди. Соғ ҳам, носоғ ҳам шу ерда. Қаровсиз уй шу-да! Кет, деган билан кўздан пана бўлса, барибир келади. Уриб-сўкиш бефойда”.
Хат шу ерга етганда у киши мендан сўради:
– Пул тўлаб уйида туради-ку! Нима дейди, шуни?..
Мен елка қисгандим, онам:
– Квартира, – деб жавоб берди.
– Ҳа, – деди акис бошини чайқаб, туксиз иягини сийпаб. – Ёз..
“Бу сенинг шаҳарингмиди, уйини квартирага қўядиган. Сен профессорликдан ортмайдиганга ўхшайсан, майли, илм қил! Учқиз билан Ғўбдиннинг орасида умринг ўтиб кетади, бу ерга келсанг! Агар Отамнинг уйига эгалик қиламан, десанг, қайт жумагача. Тағин, ўпкалаб юрма. Иморатингнинг тоши кўчган. Ўзаро маслаҳатдаям шу гап бўлди. Яхши, гап шу-да!
Аканг Ўлжабой”.
Мен “ялт” этиб унга қарадим. Ичим идради, қорнимга бурғу солингандек безовталандим. Ўлжабой бобо чўнтагини ковлаб, уч сўмлик берди.
– Керакмас… қайси Суяр?
– Танимайсан, у Тошкентга кетганида сен эмаклаб юрардинг! Тўғрими, келин? Ана айтдим-ку! Бизникига ўт, дўлана бераман. Гапга оёқ битиб кетмасин, яна. Тайёр уй-жой, одамлар эшитса, жазман кўпаяди-да! Тақдир қилгани-да!
Индамадим.
Акис қоғозни авайлабгина буклаб, раҳматни дўндириб, дарча томон одимларкан, ойим ошхонадан туриб, тил учида: “Ширкади пишди”, деди.
Менинг фикру зикрим ҳалиги Отанинг уйи – қаровсиз ҳовлида бўлиб қолди, ширкадини еб ўша гап изидан қувмоқчи эдим.

* * *

– Шодмонбой отанинг уйи шуларнинг кўзига сарой бўлди-да! – деди онам мендан бор гапни билгач. – Эр етган ўғли, уй бўлиб бир оилага бош қизи бўлса, уйнинг эгаси ўшалар. Сичқон сиғмас инига, ғалвир бойлар думига. У ерга Ўлжабой ака уй тугул, катак қуришгаям қурби етмайди. Рўзғори битта кўксигирнинг елинига қараган-у, дағдағаси оламни бузади-я! Ёки бир кўмма топдимикан?.. Олди-орти эски иморатнинг қолдиғи, ота-бобоси хумга борини тиқиб ташлаб кетганмикан? Дами баланд, бир ҳунари борга ўхшайди, болам?.. Эл-юрт нима деркан, шунга ҳайронман, қўлини бурнига тиқиб қолаверадими? Даданг­нинг қулоғига бир оғиз шипшитиш керакми? Ўлжабой бобонгнинг индамай юргани ёмон – писмиқланиб ишини битказиб қўяди. Эсонбой билан жуда ош-қатиқ, бир нарса деганми у? “Бўлиб оламиз”га учиб, қарғишга қолмаса эди.
– Бобонинг яширгани бор-ов, – дедим онамга, гўё шу билан Ўлжабой акиснинг димоғи Учқизтоғдай кўтарилгани маънисини топгандек. – Ая, Суяр акани эшитганман. Бизга оғайними? Дадам ҳам кўп гапиради.
– Ҳа. Бари бир отадан тарқаган. Нечи авлод илгари боболаримиз шу ерга келиб, эл бўлган. Илдизини суриштирсанг, бир отага тақалади.
Кейин, ҳақиқатан ҳам, шу тобда Шодмонбой бобонинг уйи қаровсиз қолиб, ивирсиқ, ташландиқ бир жойга айлангани ростми, деб сўраганимда, онам: “Кимга зарил шу! – деб қўя қолди. – Одамлар бир парча ерини эплолмайди-ю, ортиқча ғалва кимга керак”.
Мен муҳим масала тагига етиш илинжида елкамга чопон илиб, қишлоқ манглайидаги чолдевор сари чопдим.
Қош қорайгач, кузнинг аллақандай музтар қоронғисида адрас тўнга ўраниб, кунчиқардаги чакалакзор оралаб аланглаб, қўрққаннамо кетиб борардим.
Ҳовлини тезроқ кўриш илинжида гоҳ чопар, гоҳ тўхтардим: ҳадиксираб олди-атрофимга қараб дириллар, тағин бирор таниш-билиш учраб қолса, бирга борардик, деган ўй миямга тинчлик бермасди.

* * *

Тоққа туташ адир биқинидаги уй неча йиллардан бери одам исига зор эди. Бу ерга бирор киши келиб сукутдаги ҳовлию ўтганлар тинчини бузмаганидек, аллақайси саёқ оёқ­ости қиладиган ишратхона ҳам эмасди. Аксинча, ҳовлига киришингиз ҳамоноқ димоққа ёқимли ис урилар, чор-атрофда ўрилмаган пичан пайҳон бўлганди. Йўлакни фаришталар супургандек. Қўй-мол ўтлаши учун дарахт шохларидан тўсин; бетартиб тахланган болор, тўмор, шох-шабба. Кираверишда ўнг қўл – уй, чап қўл – оғил, тўғрида ошхона. Ошхонанинг лойсувоғи кўчмаган, битта-яримта сомонпарча чиққанди, холос. Фақат кичкина яйдоқ деразани кун уриб, сўлини обдон суғуриб олган, кечки шамол ойналарини муттасил дириллатарди. Унинг биқинида усти кигизда ёпилган, бир тарафи очиқ тандир бор эди. Култепа тўрт-беш қадам нари, сойга тушар жойда.
Қуюқ теракзор. Қир киндигини ўйиб қурилган оғил. Бир-бирига чатишган сада, таги сурувётоқ. Ундан паст – булоққа ёлғизоёқ йўл тушган. Булоқ суви икки қишлоққа амал. Эҳтимол, қишлоқ этагидаги ҳовуз қуриб бораётгани учун уйни бузиш гапи кўтарилгандир. Молхона устидан томчи ўтиб, девор бироз қийшайган, устун жойидан силжиган, пойдевордан тош кўчганди. Молхонага бир кўз ташлагач, тўғри уй тарафга юрдим.
Менимча, бўсағада икки-уч авлод юмалаб ўсган эди. Эски-туски матоҳлар ва иморатнинг эски тархи, бичими шундан гувоҳлик берарди. Узун айвондан хоналарга ўтилар, ҳар бир эшик ёнида токча, афтидан, чироқ ёки обдаста қўйиш учун бўлса керак. Қибла тарафдаги икки хонали меҳмонхонага кўз қирини ташлаб қўйдим.
Пешайвоннинг шифтига уя солган мусичалар, чумчуқлар вижир-вижирлаб ёнига чорлар, аллақандай нохушликдан огоҳ этмоқчидек чириллаб учар, тағин қисматига кўнгандек тинчиб қоларди. Қушлар қиш ташвишида шундай илҳақдир, деган ўй миямга келса-да, бўсағада чалажон, узала ётган Тўрткўзнинг бундай ўйи йўқмиди, дердим ўзимга-ўзим.
Ит қариганини ит кўрмасин. Тўрткўзнинг суяк­лари бўртиб, юнги тўкилган, кўзлари киртайган: туришга уринади-ю, оёқлари қийшайиб, қовурғалари бўртиб кетади, ғашини келтираётган итчивинларга ҳам мадорсизгина тумшуғини нуқиб қўяди.
Ҳовли этаги – сой томондаги дарчадан чиқиб кетаётганимда узун, кўкка устун, қучоқсиғмас теракларнинг шохларида гала-гала қарғалар қағ-қағидан этим увишди. Абрикми, янтоқми, қушқўнмас, хас-хус дафъатан шитир-шитирлаб ўтакамни ёраёзди. Бойўғлиларнинг овозию олазарак кўзларидан баттар қочдим. Йўл-йўлакай қирнинг сарғайган ўт-ўланларини босиб борарканман, “Шодмон отанинг дунёси бир қиш оч овулни боққан, ҳалиям боқади”, деган гап беҳикмат эмаслиги-ю, яна “Уйни бузаман деганни туз уради” деган маталга гоҳ ишониб, гоҳ ишонмасдим.
Дарвоқе, бу чинми, ўтирикми, билмадим, илгари дарчадан чиқишдаги ўра ўрнида яккамих бўлганмиш. Бир киши уни оламан деб, тагини ковлаганида бир хум тилло топганмиш. Кейин босар-тусарини билмай, ўранинг олди-атрофини каламушдек илма-тешик ковлаб ташлабди, бироқ ҳеч вақо топилмабди. Анча вақтдан сўнг бир сафар кечқурун шу ердан ўтаётса, кимдир исмини айтиб чақирибди. У нари-берига аланглабди, бироқ тирик жон кўринмабди. Қараса, чуқурда бир нарса ялтирармиш, ҳовлиқиб шартта ўша томонга сакрабди-ю, ҳалиги ялтироқни олиб дарров тишлабди, тиш ботмабди. Тошни чўнтагига тиқиб, ўрадан чиқиш илинжи ила жон ҳайбатда янтоқ томирига чирмашибди. Шу тобда бир нарса оёғига ўралиб, ўрага тортаверибди. Унинг оёқ-қўли қалтираб, қичқирибди, овулни ёрдамга чақирибди, ахийри, йиқилибди…
Эртасига мурдасини халқ олиб кетибди. Ке­­йинроқ кексалардан ўша ўлган киши Шодмонбой отанинг чўпони бўлганини эшитганман. Улар яна: “Чолдеворга дуо кетган, тупроғиям бировга дўстлик қилмайди”, деб қайта-қайта гапирарди.

* * *

Қишнинг боши экан. Шодмонбой ота кечқурун қўйларини сурувётоққа қамаб, қишлоқни айланиб юрса, бирор ҳовлидан тутун чиқмасмиш. Ҳар бир уйга девор оша мўралаб чиқибди. Эсонбой бобонинг отасининг уйига етганда эшик қоқмай тўғри кириб борибди, қараса, болалар айвонда куйдирилган так-так еб ўтирган экан. Шу ҳақда онам такрорларди:
“– Шу бувдойоқ қорин тўйдирадими? Қозон қорайтиришгаям ун йўқми? – дебди уйбошига қарата.
– Топганимиз шунга етди, – дебди момо елка қисиб, кавшанаркан. – Бировдан сўрашга иймандик. Қўни-қўшнидаям шу аҳвол, бировга берар егулик йўқ. Еганимиз ўзимизга юқмай юрибмиз. Бизгаям қарашиб турсангиз, қолиб кетмас. Мана булар одам бўлса, елкамиздан юкни олар…
– Ўлжабойни жўнатинг, эшакка миндириб. Бир халта буғдой бераман, сув тегирмонга чиқариб, биратўла уйга олиб келади. Болаларни оч қўймангизлар, эртага элни чақириб қўй сўяман. Уйда ҳеч ким қолмасин, ҳамма борсин! Бир коса сув қўшсак, битта одамнинг ризқида.
– Хўп-хўп, бой ака. Ўзим жамоат қилиб, айтиб чиқаман, – дея уйбоши Шодмонбой отани кузатгани ташқарилабди. – Бизни эртароқ айтаверинг, хизматини қиламиз. Ортган-қутганини уйга берарсиз…
– Олиб кетақол, майли. Очкўзлик қилма, лекин. Бу хулқинг болаларингга ўтади. Сенга ўлгунингча халал беради, билиб қўй”.
Эшитишимча, Ўлжабой бобо Шодмонбой отадан ундирилган ундан хуфиёна ўғирлаб, сотиб юборади.

II

Қишлоқнинг тўрт-бешта қўли узуни Ўлжабой бобонинг чолдевори ёнида ниманидир кенгашар, тортишар, яна акисга маслаҳат соларди.
Мен пахсадевордан нари кетолмай, гап пойладим. Неъмат бобо ҳошияси кирланиб қорайган, ялтираган қалпоғини ечиб бошини шамоллатди:
– Бузишга бузасан, лекин эл бирлашмаса, минг тиртангла, қиш тушгунча иморатинг битмайди. Қиш – бўсағада. Суяр келмас, келса-чи, қиши билан уйма-уй тентирайдими? Қиш ўчоғи тор, бола! Ёзда бутун овул сиққанга, қишда бир жон ортиқча. Бир кун Неъматга раҳмат айтасан, шу гапи учун. Ўлжабой, отанинг чўпонидан фарқинг йўқ. Юрагинг иккита бўлса, буз, аммо буни шундай ташлаб қўймайман. Эшитиб ол, сенинг бетинг билан, кетинг бир. У ёққаям ўйнайсан, бу ёққаям. Агар Суярдан бир оғиз қаттиқ гап эшитсак, ўзингдан ўпкала.
Ўлжабой акис чеграйди:
– Иҳ, жони ҳузурда. Шу итқарамас чакалакзорга келаман, деб ўлиб турибдими?! Тилло берсаям келмас. Отанинг қирқида кўрганим, шундан бери соясини солмайди.
– Бу чакалакзор – отамизнинг уйи. Ўт босса босаверсин, томчи ўтса лўмбоз қиламиз, беркитамиз. Қуласа, кўтарамиз. Лекин тирноғини текизганнинг оёғини уриб синдираман. Ўғли барибир қайтади, Амиркага кетмайдими. Ота уйини бузганнинг бири икки бўлмайди. Қайси куни Сулувхолни Булоқбошида кўриб қолдим. “Шу уйда отамнинг иси бор”, дейди. Аммо келолмайди, ҳеч ким йўқ. Куёви қурғурам кўп ичадими, дейман, сингилнинг кўзи кўкарибди. Сўрайдигани йўқ, деб ўйлайдими?.. Ҳа, шу обрўгаям туф, ташлаб келавер. Мунглиғларингни чирқиллатмай… – Маҳмуд қассоб жаҳлланди, қўли муштланди.
– Уйимга жанжал кўтаргани келдингларми, – деди Ўлжабой бобо акислиги тутиб. – Суяр, Сулувхон – бари ўзимники. Уларнинг ғамини емай қўяқолинглар. Сулувхон бизникидан чиқмайди, келганида. Туғилиб-ўсган – тўркунида сўровсиз қолармиди?! Лекин Шодмонбой акамнинг иморати кўкламга чиқмай барибир қулайди. Мен бузмасам, ўзи бузилади. Тўнғичимизга данғиллама уй солиб берсак… Биров фойдаланса, қулаб тушгандан яхши-ку!
Ён-атрофдагилар бобиллади:
– Ишингни оти нима?
– Уй эгали, эгаси ўлгани йўқ.
– Бор, тошингни тер. Қуласа, кўклам кўтаради.
Ҳартугул, келишув мужмал тугагани Ўлжабой акага маъқул эди. Унинг юз-кўзида мамнунлик зоҳир бўлди. Одамлар ариқдан ҳатлаб тўғри Чироқчи томонга йўл солишди.
Ўлжабой ака эса ғўнғиллади: “Шодмонбойнинг давриям ўтди-кетти. Кампири чимилдиқ кўрпаси титилмай ўттизида бева қолувди. Кимга ишонади, ҳайронман. Қарайдигани йўқ, арзандаси эри билан кунда ғалвада. Бир боланинг онаси ҳалиям ўзини босиб олмаган. Бирамак ўғли тишини кавлаб юрибди, юраверсин. Энди уй беэга”.
У “Уй беэга”, деб биров эшитиши керакдек овозини баландлатди.
Девордан ғишт синдириб олиб, эзди.

* * *

Мени ҳалигача Ўлжабой бобонинг ўша кунги шашти ҳайратга солади. Қўл учида кун кўрадиганнинг эгни қисиқ бўлади, димоғ билан гапирмайди, гапиролмайди. Кейинроқ эшитганим бор: ушбу воқеа юз беришидан тўрт-беш йил илгари у киши момомга чол топиб бериш иштиёқида анча ёнган.
Момо бошқа уй қурмаган.
Момо қизини уйли қилгач, икки йилда ёлғизликдан зерикдими, қўрқдими, ўлди-кетдиси – беш метр сурп, жойнамоз, имому ғассолга берарлик матони бўғжамага тугиб-яшириб, Тошкентга отланганди.
“Ўшандан икки ҳафта ўтар-ўтмас отанинг уйи нақ карвонсарой – ишратхона бўлди: ҳалол ҳам, ҳаром ҳам ўша ерда. Кечдан тонггача базму жамшид авжига минарди. Қиморбозларнинг ғала-ғовури, уйи бузилган, шаҳарчадан чақирилган аёлларнинг шиқинг-шиқинги; чалажон алкаш ва бангиларнинг довруғи қўланса ис, сукунат инган уйни бўғарди, гўё.
Шодмонбой аканинг салобатидан ҳаймиқиб, эшик ҳатлашга журъати етмаганлар энди оёқ чўзиб тўрда ўтирар, соясига кўрпа тўшаганлар унинг отини ҳам унутганди. Сабр косамиз тўлгач, тўрт-беш киши галалашиб, ичимизда Ўлжабой бобонг ҳам бор эди, ҳалигиларни қувиб чиқардик. Дўқладик, ёқасидан олдик, урдик, ишқилиб, бир амаллаб ҳайдадик. Уйбузарларнинг қораси ўчди. Бўлмаса, уй оёқ остида қоладигандек эди. Овул яна тинчиди”, – дерди отам ўша гаплар уй ичида кўтарилиб қолса.

III

Кейинроқ ҳалиги хат Суяр акага етиб бордими, ёки бу ҳам кўз-кўзга уюштирилганмиди, анча ўйлаб юрдим. Сабоҳат янга билан гапнинг тагига етдим. Янга буғдойранг, бўйлари узун, қалин қора қошли кўҳликкина аёл эди.
Кунларнинг бирида Сабоҳат янга гап очди:
“Ўшанда акангиз аллақандай асабий ҳолда олдимга келди. Гаплашдик. Илмий иши тайёрлигини билсам-да, негадир қишлоққа қайтиши зарурлигини айтди. “Мен билан қишлоққа кетасанми?” деди дангал. Тўғриси, илгаридан менда кўнгли борлигини сезсам-да, очиқча айтмагани учун, ота-онасининг топгани бордир, деб ўйлардим. Қарорини эшитиб, ажабланмадим-у, юз-кўзидаги ўзгаришдан бир тўхтамга келмаганини сездим.
– Отанг билан гаплашайми? – деди.
– Отам устозингиз-ку!
– Устозим йўқ демас…
– Билмадим, “йўқ демас”.
…У киши отам билан гаплашган.
… Отам залда кутиб турган экан, имлаб чақирди. Хонасига кирдик. Дадамнинг кўзларида аллақандай бир муаммо акси кўринар, кенг манг­лайи тиришган, тўкилган сочлари янада сийраклашгандек эди. Яна, шошилинч ҳаракатларидан масъудлигини ҳам фаҳмлаш қийин эмасди.
– Ўтир-чи, қизим, – деди стулни кўрсатиб.
Кейин бироз тараддудланди.
– Ҳалиги, онанг сирдошинг эди, тақдир экан. Умрини болаларига қўшиб берган бўлсин! Энди мен ҳам сирдошман. Сизларнинг бахтинг учун яшаб юрибман-да. Буни яхши биласан. Синглинг ҳам бўй етди-да энди. Онанг сизларни уй-жойли қилишни менга топшириб кетган. Ҳар кимнинг бошида бор, бу савдо. Аксиома, ҳаётнинг аксиомаси. Кейин бемалол оёқни чўзиб ётсам бўлади.
Отам ўсиқ қошларини учирди:
– Анови, Суяр акангни танийсан-а? Кўп келади бизникига. Шогирдим-ку, эсладингми?
Бош ирғадим.
– Одам қўйибди. Онаси… Бир жавоб айтиш керак. Шунга нима дейсан? Ёмон бола эмас. Илми бор. Сал йўл-йўриқ кўрсатса, йўлини топиб кетар.
Дадам онам ўрнида онам ҳам эди, гарчи ўртада қалин бир девор бўлса-да, раъйимга қарар, аммо гап оҳангидан сўраб келувчиларга “йўқ” дейиш истиҳоласи устида боши қотар ва қизига бундан авлороқ харидор чиқмоғига ишонмасди, назаримда. Бу менинг кўнглим учун ҳам тўғри, хуш эди.
Орадан бир кун ўтиб, Суяр аканинг қишлоққа қайтганини эшитдим: Эркин исмли дўсти қўлимга бир парча қоғоз тутди, хатни очдим, кўзларим жуда қаттиқ босиб ёзилган ҳарфлар устида югурди:
“Отамнинг уйини тўйга созлайман. Тез бормасам, бўлмайди, кўнглим ғаш. Айтганча, тайёргарлигингни кўравер, уйдагилар келинини қишгача йиғиб олмоқчи. Ҳафта туриб, қайтаман. Онамдан уялиб, қочиб юрма, зерикади. Эркин ака учраштириб қўяди”.

* * *

Овулга совуқ сукут кирган кезлари биз ҳам Суяр акани Тошкентдан уйланган, деб эшитардик. Рости, тўйнинг овулда ўтказилишини интиқ кутганман, тенгқурлар билан тўнка устида ўтириб, енг шимариб палов ейишнинг гашти бор-да. Лекин, бу тўғрида бирор кишига тил ёрмаганман.
Дарвоқе, момом ўша куни тўйни тезлаштириш учун шаҳарда тунайди. Қизни кўради: кўрса кўргудек, кўнгил тўлгудек – тустар. Гаплашади, тилидаям, дилидаям бор. Икковининг гапи гапига, иши ишига мос тушади, энди бор гап домлада… Домлаям рўйхушлик билдиради. Икки-уч қўни-қўшни чақирилиб, тўй белгиланади.
Хуллас, момом “тўйнинг келаси якшанба ўтказилишидан кўнгли ҳам ғаш, ҳам тўқ”, эди. Аммо домла келин-куёвнинг кейинчалик Тошкентга қайтиши тўғрисида узил-кесил бир гап айтмаса-да, барибир қизи шаҳарда яшаши, шогирди профессорлик мақомига эришишидан умидвор бўлган.

* * *

Қизиғи шундан кейин бошланганди.
Кайвонининг хаёли ҳалиги чолдеворга етиб, тўй ташвишлари ечилиб, шаҳардан келин илиб боради, гўё. Бутун қишлоқ тўйга ҳозирланиб, кўчиб чиқади, гўё. Овул чолдеворни қўшқўллаб эпига келтиради, гўё. Бир кунда эл сарпо кўтариб келиб, бўғжамани тўлдиради, гўё. Оғайни­-жамоат кенгашиб, гуруч, мой ташвишини ечади, гўё. Бир кунлик тўй югур-югури тиниб, келин тушириб олади, гўё. Бунинг бари момонинг хаёлида, холос.
Одамларнинг тўйга тақалган мингта найранг­­и бор эди.
…Шу тобда ўйлаб кўрсам, ҳаммаси кино учун саҳналаштирилгандек туюлади. Бири-бирига чамбарчас боғланган воқеалар. Мен эса ўша пайтлари овулда ғарам ёнганининг тўйга бориб тақалишини ўйлаб ҳам кўрмасдим…

IV

Овул ҳалиям сукутда эди.
Кузнинг адоғи. Изғирин кишини чақар, аҳён-аҳён кўча-кўйда бошини чопони ёқасига яширмоққа уринган одамлар учрар, совқотганлар қалтираганча ўтиб кетарди. Ўтиб-қайтаётганлар шу даражада беэътибор, ҳафсаласизки, на бақирганни, на чақирганни эшитади. Эҳтимол, эшитар, ўзини гарангга солар. Уларни фақат бир ваҳм билан чорлаш мумкин эди. Шу ваҳм илиққанларни чорлаб, ўй-фикрларини тўзғитиб, ўз домига тортиши, ғарқобдек ютиб юбориши мумкин эди.
… Онамнинг қозонпатири пишишини кутиб, ошхона атрофида куймаланиб юрганимда, аллақаердандир тутун ҳиди келди. Аввалига эътибор бермадим, ўчоқдан чиқаётгандир, деб. Сўнгра қўрқа-писа, пичан ғарами томонга чопдим. Ғарам ёнса, қиш бамисоли азоб. Шамол Олатаёқ томондан эсаётгани учун оғилга тиралган нарвонга чиқиб, алангладим: тутун буруқсиб, чор-атрофни забтига олар, осмонга ўрлагани сайин оломон ҳайқириб чопар, аёлларнинг фиғони фалакка кўтарилар, олов қишлоққа ёпириларди.
Бир пайт қарасам, ёш-яланг тошлоқ йўлдан пилдириб ўша ёққа бораяпти: бировининг қўлида пақир, бирида кетмон.
Том устидан елкадош томлар оша уларнинг ортидан қувдим. Икки кўзим Олатаёқда, сакраб-сакраб кетиб борардим. Трактор овулга ўт ўтмасин учун “тар-тар”лаб ер ҳайдарди. Қуруқшаган хас ловуллаб ёниб, тошлоқ йўлгача етди. Шамол ўчакишгандек хас-хус учирарди.
Қанча ошиқмай, шунча кечикаётгандек ўпкамни қўлтиқлаб югурардим.
– Жа, ваҳима кўтарадиган эмас экан, – деди чоллар етиб борганимда. – Кимнинг қўли қичиди экан. Болалар эшик ҳатлаб чиққани йўқ. Эсонбой “сен-мен”га борадиганлардан эмас. Ўлжабой аланглаб юрувди, ўшанинг қўлимикан? Жони нечта, тайёр ғарамга ўт қўйиб. Ўзидан бир айб ўтган-ов.
Шу гапдан кейингина оломоннинг бироз ҳовури пасайди. Оловнинг дами эса баланд эди. Ўлжабой бобо сўкиниб, эски шинел билан ўтни ўчирар, ён-веридаги болаларни уришар, баъзиларга зарда қилиб, нишини суқиб оларди:
– Қайси кўролмас куни куйиб ўт қўйди экан? Шодмон отанинг ғарами қишин-ёзин турарди, инсон қўлини теккизмасди. Иҳ, бойнинг ўзи йўқ-да. Инсоф кўтарилганга ўхшайди орамиздан. Фалокатдан асрасин, Худойим.
Пичан тутаб, буриқсиб кўкка ўрларди.
– Энди Эсонбойни соғади, – деди юзи қизариб кетган Умир илгирчи. – Қайишдими, бир дарди бор. Қурғур чўлдан ҳам “ҳиқ-ҳиқ”лаб сув ичади.
– Эплаган қилади-да, шуниям ака Умир.
Биз болалар томоша кўраётгандек ҳайратланиб ўтириб олгандик. Олов “чарс-чурс” хас-хусни отар, ҳамма тобора кичрайиб бораётган ғарамни қўрғаларди.
Тўрт-беш телажка пичан билан Эсонбойнинг дунёси камаярмиди?.. Камаяркан. Мол-қўйи қишдан қандай чиқади? Тўрт-беш сурув… бир-иккита бўлсаям, бошқа гап. Шунча емишни қаердан топади?! Овул ҳам қараб турмас, сомон бермаса похол, жилла қурса, нушқурт берар, лекин қўлда берганга қуш тўймас.
Хуллас, қиш ўтгунча Эсонбойга кимдир топганини, дўкончи ортганини, Хидир бобо атаганини илинадиган гап чиқди.
– Эсонбой жума бозорга йигирмата қўчқор чиқарса, ўн телажка беда беради. Суруви қишда қимирламай ейди. Шу бозор нарх ҳам тушади, – деди Неъмат бобо ярим ҳазил, ярим чин.

* * *

Дадам жума бозорга тараддудланди.
Мен ҳам эргашиш илинжида эрта уйғондим: аммо менга молтопар дўппингни кий, деб буюрилмади. Кун совуқлиги учун индамади, деб ўйладим, ияртишига ҳам кўзим етмасди. Айвон лабида дириллаб туравердим. Кейин уюрга қараб келаман, деган ўйда тимирскилана-тимирскилана нари-берига юрдим.
Отамнинг ортидан кўчага чиққанимда чор-­атрофда тутун ҳиди кезиниб юрар, аҳён-аҳён зах девор иси келар, ачимсиқ ҳаво барини бўғар, моғор босган тўрва исидек димоққа ўрнашиб борарди.
Дадам кўп уй кўтаргани учунми кулди:
– Қишга етмай кимнинг томи қулади экан? Уч ой сабр қилганда, кўклам эл кўчиб чиқарди ҳашарга. Ўзи сув музлаб бўлди, энди қиров тушса, лой чангаллаб ўтирадими? Аҳмоқ одам ҳам кўп-да! Устун-пустун тираб, суяб қўймайсанми!
– Эсонбой аканинг ғарами ёнди. Шунинг иси.
– Йўқ, бу уй, эски девор иси. Кимдир ток тагига ташламоқчими? Узумнинг тагида қолади, ўзиям. Уй қуриш учун уч-тўрт йил тилини кўндаланг тишлаш керак. Бу йил қоракишмиш пул бўлди, икки йил шундай ҳосил олса, данғиллама уй-да.
Отам Эгиз сада томон юрди.
– Уюрни Сувлисой томонга ҳайда, ўти яхши, – деди ёрилиб қаварган қўли билан қирга ишоралаб. – Байтални туёғига қиррач тош киради, оқсоқланиб юрмасин, қараб қўй.
– Хўп, Сувлисойдан чўпонтаёқ ясаб келаман.
…Ўшанда хаёлимга қишлоқдаги боқибеғам, тепса-тебранмас одамлар бир-бир гавдаланар, қайсисининг иморати қулаган экан, деб ўйлаганман. Нега ўйламай, ахир, катталар уникида-буникида яшайверади, болалар-чи? Қиши билан чуғурлашиб, бировнинг уйига сиғмайди, қорним очди, деёлмайди, эмин-эркин ўйнолмайди.
Йўл-йўлакай Бешбулоққа – отларни кўришга отландим, гарчи куз аёзи аёвсиз чақаётган эса-да. Ўшанда Қулоқбошида Ўлжабой акис билан Эсонбой акани учратдим, улар ниманидир чамалар, тушунтирар, гап-сўзидан бир шумликни бошлаганини фаҳмлаш қийин эмасди. Ариқ сувини ҳаётга ўнглаш баҳонасида икковини тинглашга уриндим.
– Олифта қайтдими, олчанглаб, – деб сўради Эсонбой ака бақбақаси лиқиллаб Ўлжабой бободан. – Амакининг ҳам тилини мойлаб қўйиш керак. Бир-икки сўм берсанг, орқаси ўчоқдек бўлиб қолади. Шу билан сарой қурмайди. Боласи эр етиб қолгандир, ишни ўша бузиши мумкин.
Эсонбой ака дадам ҳақида гапираётганини тушундим.
Ўлжабой акис қимтиди, сарғимтил, сўйлоқ тишлари кўриниб илжайди:
– Ҳа, уни ўзимга қўяверинг! Бир сўмнинг гадойи, кўнади. Суярми, у келмайди. Қўли меҳнатда қотмаган. Шунча ишни кўриб-билиб… тилло берсаям қайтмас. Сув музлади. Қўни-қўшнининг эшигида қақшаб юриш осонми?! Акаси сиғдирармикан, Худо билади. Келгандаям кун бермаймиз, кетади, тўрвасини қўлтиқлаб.
– Буни ўзинг ёпасан, минғир-минғирни эшитмай…
– Ҳеч гап тегмайди сизга.
Бобо бошини сарак-сарак тебратиб, менга қўлини сермади. Бу – кет, дегани. Имлашлар аста-секин миямга олов ёқди.
Ҳам уларнинг ҳангомаси адоғини эшитиш, ҳам кузак сувининг нозик, шилдир-шилдири завқига тушиб, дара оралаб қирга ўрладим. Онда-сонда ялпоқ тош олиб, ариқ бўйлаб сакратиш учун отардим, кейин “тарс” этган товуш эшитилар, қушлар вижир-вижирлашиб ҳар томонга қочарди. Яна тиниқ сув ичидаги тошлардан саралардим-да, узоқ-узоқларни мўлжаллаб отардим. Таги едирилган ковушда авайлаб қадам босардим.
Даранинг тусиям минг турли – Сангноқнинг сарғимтир, қўнғир, малла, оқ тошлари юзига чанг юқмаган. Яшил арчалар ҳуснидан кибрлангандек, хокисор кузда фақирланиб ерга киргудек. Тик харсанглар кеккайиб, майда тошларни сиқиб ташлаётгандек…

* * *

Уюрни Сувлисой томонга ҳайдаб, ширғайтаёқ ясадим. Чучук бодом шохидан синдиргунча, қўлим толди. Кейин дарров изимга қайтдим: тўрт қир ошгунча нафасим бўғзимга тиқилди, борингга шукр, байтал, дедим ичимда. Борарда, ковушим нам сўқмоқларда тойиниб-тойиниб кетавергач, отга миниб олгандим. Бутами, абрикми ушлаб зўрға қирга чиқардим. Дарада тулкиларни қўрқитиш учун ҳуштак чалиб, ширғайтаёқни ўзимча ҳар тарафга ўқталдим. Мулласойдан жар ёқалаб икки тулки қочди. Уюр бирдан ҳуркди. Кишнашиб, тепсинди. Отлар қишин-ёзин тоғда юради. Бир сафар Учқиздан ошиб нарёққа ўтганда дадамнинг тожик ошналари ташлаб кетганди. Суюнчига битта той берганмиз. “Бўри отларга тегинмайди, икки оёқли бўрилардан қўрққулик”, дерди онам от ташвиши ортган пайтларда.
Ғорлисой устидан овул кўринади. Қуёшнинг ҳорғин тафти одамларни ноодатий бир ҳадикка қўйгандек… Хирмонга тушган қумурсқадек бари ғимирлар: тандирига ўт қўйгани қайси, отини чоптиргани қайси, томини ёптиргани қайси?.. Кимдир том устидан бир нарса ташияпти. Ошқовоқми, дейман. Бир талайи адирнинг нариги тарафидан ўтин ташияпти: болор кўтариб кетаётган уч киши, анови кампирнинг елкасидаги нима?..
Таёқни ирғитдим-да, ўқдек отилиб сойликка тушиб, жилға ёқалаб чопдим: оёғим чакалак томирига илакишди, суриндим, тойдим, йиқилдим. Лекин буни ҳис этадиган ҳолда эмасдим. Тепаликни айланиб ўтдим. Янтоқ, қушқўнмас оралаганимда тикони болдиримга, сонимга санчилаверди. Лекин оғриқни сезмасдим.
Борсам, оломон Шодмон отанинг қулаган уйининг бор-будини бўлар – биров устунга, биров эшик-деразага, дадили забаровга, бўш-баё­­ви ёғоч товоққа эга чиққанди.
Бироз кўзим синггач, атрофга серсолдим: етим меҳмонхонанинг ойнаси тўкилган, бир тарафи қулаган, гўё чайладек олди очилиб, шифтидан қамишлар шалвираб турарди. Ошхонанинг болори синиб тушганди.
Отанинг уйи бир онда хароба бўлди. Кузнинг намхуш ҳавоси, кечаси себалаган ёмғиргина чанг-тўзонни бекитарди, холос. Пахса девор тагидан тарвуздек тошлар мўралар, ипирисқи қамишлар ҳар тарафга сочилган, чумчуқлар вижирлашиб норизоланар, қумурсқалар мўр-малахдек дарахтга ўзини урар, сичқонлар чи­­йиллашиб қочар, дўппидек уя атрофида бир-иккита ари учиб юрар, Тўрткўз эса гўё ўликдек тақдирга тан бериб, қайрағоч остига чўзилганди.
Жойида фақат яккамих қолибди, деб ўйладим. У меники, ёки оғзимни очиб турайми? Шу пайт устун тагидан узангининг бир учи кўриниб, хаёлимни бузди. Барибир яккамихга кучим етмайди. Бу кимгаям керак? Чилвири андак чириган экан. Билдирмайгина ўтиб, узангининг “қулоғи”дан тортиб олгач, қўлтиғимга қистириб, жуфтини изладим. Уйлиғиб ётган ашқол-дашқол, хас-чўп, қамиш орасидан тепиб, титкиладим. Катта болорларни кўтаришга қийналиб, ширғай таёқда тагини очдим. Барибир чиқмади, менга ўхшаган сон мингта, биттаси кўтарган-кетган-да! Мен орқалашга ярайдиган тузукроқ матоҳ ҳам йўқ, борини супуриб кетишганди. Меҳмонхона эшиги ланг очиқ, аммо у тарафга ўтишга иймандим. Кўрпа-тўшак, олача, жулбароқ ва кигиздан бўлак ҳеч вақо йўқ. Куни шунга қолган экан, деб кулмасин Холбойга ўхшаганлар.
… Ини бузилган қушлар айюҳаннос солиб, чор-атрофни бошига кўтарар, арилар “ғиз-ғиз” у ёқдан-бу ёққа тентирар, Суяр аканинг ҳоли булардан кам эмас. Катта жанжал бошлаши тайин, деган хаёлга бордим.
Эгарни бекитиб қўйдим. Отам: “Эгарда барака бор”, дегани эсимга тушди. Улоқчи от олсак, эгарлайман. Той ҳам икки-уч йилда кўпкарига қўшилар.
Бу ерга кўнгил босганим учунми, ичимда нимадир узилгандек эди. Айбни кимга тўнкаймиз? Ўлжабой акаям ўзича ҳақ. Менга уйни сен бузгансан, деб ёпишса-чи? Нима деб оқлайман ўзимни. Тўғри, хатни мен ёзганман. Лекин кимдир бу хусусда ғалва бошлашига кўзим етмайди. Бунда бобонинг қўли бор. Ўйлаб кўрсам, ҳамманинг уй бузилишида қўли бор. Бошқалар ҳам шу ердан у-бу нарса еяпти, улар ҳам мум тишлайди.
Хуржун опичлаган Қадам ака, кели кўтарган Қаршибой муаллим, занглаган пойтеша, болта, ўроқ тутган уста Низом йўлга тушдик.
Масжидга етганимизда рўпарамиздан очиқ юзли, озода кийинган бир йигит кўринди. Юз-юзма келгач, салом берди, қучоқлашиб кўришдик. Менинг қўлимни сиқиб қўйди. Узуқ-юлуқ аҳвол сўрашдик.
– Эшонимга ишониб эшагимдан айрилдим. Эртароқ келмабсан-да! – деди уста Низом. – Ўзимиз – уста, амаллаб кўтариб берардик. Охири қулади. Қаровсиз ётгандан кейин шу-да! Омонатинг бизда. Девор остида йўқолиб кетади. Уйинг битганда қайтарамиз. Эл шундай деди. Эр кишининг ризқи кўча-да, дейди. Бу ерда нима бор, қишин-ёзин ишлайсан, биринг икки бўлмайди. Бутун умр қора меҳнат одамни эгиб қўяди. Силланг қурийди. Шаҳаринг тинч-ку!
– Эски-туски нима керак ўзи, тўғрими, Суяржон? – деди Қадам ака. – Ҳемирига янгисидан беради-а? Эскини тузатгунча эсинг кетади. Занглаганини бошингга урасанми?!
Узангини кўйлагим этагига яширгандим. Эгаси сезишидан қўққандек қизардим.
Суяр аканинг юзи бўғриқди. Узоқ каловлангач, “ҳа-ҳа”лаб ўша томонга кетди. Унинг бир дардига минг дард қўшилганини фаҳмладим.
Уйга қайтарканман, дарахтларнинг яланғоч танлари қаттиқ қалтираётгандек туюларди.

* * *

Уй бузилгандан сўнг…
Сулувхон опам ҳам тентирай-тентирай, ахийри, бизникига қўнди. У Суяр акамдан ёзғирди:
– Кел, итинг адашдими шаҳарда, дедим. Бегона элга эл бўлиш осонми, дедим, кўнмади. Қайтаман, шу чолдеворни биров кўтариб кетармиди, деди. Эгасиз уйга бировнинг ичи ачийдими?! Азобини ейди, энди битгунча. Тағин тўй бошлаб қўйган! Отам раҳматли қийналмасин деб ўқитди. Едирди, ичирди, қийинчилик кўрмади. Тараллабедод юриши кўпайди. Энди қишлоққа қайтгиси келмайди…
Онам уни юпатишга уринди:
– Элга гапми, битта иморат… ҳа, деса, тўйгача кўчиб олади.
Опа ҳафсаласиз қўл сермаб, қаншарини артди.
– Бир ўзига осонми? Аҳмоқнинг оғзидаги гап бу. У кишим қўлини совуқ сувга урган эмас. Битта қарашадигани эримми, ҳей… шу уйдан есам, дейди. Тавба, бўл-бўл бўлса, бегона-ку кетар, лекин ўзимиздикидан ортмайди. Ҳалиям инсофи ўйилмапти, меҳмонхонани бир “тишлаб” қўйибди. Энди нима қилсин, бечора, уйлансинми, уй қурсинми? Каталак солишгаям уқув йўқ. Эл дейсиз, янга, булар киши ўлса қўлини чўзмас. Кўп синаганман, ёрдам берадигани бармоқ билан санарли. Бировнинг уйини биров қўриқлайдими?! Йўқ, ўзиники қилади, дарров. Акам ўзига ташвиш орттирди. Уй йўқ, жой йўқ, хотин сайлар, дегандек.
Дарахтларнинг яланғоч баданлари янаям қаттиқ қалтираётгандек туюлди менга.
Опанинг кўзларидаги мунг ҳали-ҳануз кўз ўнгимда гавдаланади. Ҳўнграб юборай дерди, фақат орият кучли, тишини тишига босарди.
Энди-энди уйнинг бузилиши воқеаларини эсларканман, бир муаммонинг тагига етолмайман: нега бошида тиш-тирноғи билан қарши чиққанлар кейин ўзлариям шерик бўлди? Қайнатса қони қўшилмайдиган Сафар мулла ва Ўлжабой бирдан ака-ука тутинди?
Бунинг тагида бир гап бор эди.

* * *

Суяр акамнинг уйи-жойи йўқ, борар жойи йўқ эди. Ўсган ерида мусофирдек яшарди – на емакдан, на ичмакдан, на киймакдан тайин бор. Отам: “Уят, кап-катта одам оғил устида ётадими”, деб судраб келмагунча ўрлиги тутди. Тўрт-беш кун бизникида меҳмондек яшагач, ахийри, кўникди.
Азон уйига кетади, кеч қайтади. Тушликни ўзим олиб бораман.
Уй қурсанг, ё ўғлинг бўлсин, ё пулинг: битта болорни тикка қилиш учун бир соат тиртанг­лади: олдин бу ёқдан кўтариб тортди, кейин нариги бошини айлантирди, ўйдим-чуқур айвондан ўтказгунча терга ботди. Елкаси шилиниб кетди, ўнгариб олди. Мен кучим етганча кўтаришдим. Қибла тарафдаги томга бириктириб, ип тортиб, чамалади: тошдан пойдевор урди.
– Бу йилча яшаб-туришга уч хона бўлади, – деди у тўнка устидаги кигизга ўтириб чойдан ҳўпларкан. – Кейинроқ пул кўпайса, кенгайтириб оламиз. Ҳали шифергаям тўрт-беш сўм керак.
– Ҳамманики лойсувоқ. Бир-иккита одамни айтмаса… Дониёр жўрамларникиям шиферсиз. Яқинда кўчиб чиққан, – дедим гўё Суяр акамни юпатмоқчидек.
– Даданг қачон келади?
– Пешингача амаллаб туринглар, девди.
У жойидан қўзғалди.
– Ичкаридаги лаш-лушларни ошхонага ташийвер. Коса-товоқ, кўрпа-тўшак, сандиқ, яна бир нарсалар бор. Шуларниям кўтариб кетадиган чиқади.
Гап менга тегиб кетди.
Ашқол-дашқолларни ўтказгунимча кеч кирди.
Суяр акамнинг ҳам иши унмаганини аччиқланиб тошларни ҳар тарафга ота бошлаганидан сездим. Пойдевор қозиқларини суғуриб ташлади. Кимнидир сўкди, ўзини койиди, лақма, деб.
– Бизгаям битар дунё. Ўшанда кўрамиз. Ўзи зарилмиди шу қишлоққа қайтиб менга. Бир куним шаҳардаям ўтиб турувди. Келмаганимда бундай хор бўлиб юрмасдим. Уст-бошим тоза эди, лой чангаллаб ўтирганим йўқ эди. Битта каталак ўша ёқдаям битарди.
Энди эсласам, ўша ондаёқ унинг руҳи синган экан.

V

Овулга яна сукунат чўкди.
Сув музлаган кезлари Суяр ака резина этик кийиб лойга тушди: зил-замбил қолип топиб, ғишт қуйди, лекин эл келмади, бизга қарашмаган, деб. Ҳорма ошига ҳам ярамагани қанча? Кейинроқ Ўлжабой акис билан Суяр акамнинг орасидан гап қочганини эшитдим. Икковининг ҳам мушти тайёр. Қишлоққа эса Суяр акам ёмонотлиғ бўлди: у жанжал кўтарди, лекин бирор киши унинг тарафини олмади, шу алам қилди. Фақат Сулувхол опамнинг куёви бурнини жийириб келиб, тўрт-беш кун қарашди, холос. Бошқаси соясини солмади.
Совуқдан ижирғансам-да, бир кун ҳашарга тараддудландим. Аёз, туфласанг ерга тушмайди. Битта ғишт қўйиш малол, лой чангаллаш азоб. Бутун бадан музлагандек бўлади. Тош қўлга текканда совуқ мияга етади, маъқули – у-бу керакли нарсани узатиб туриш.
Ўтган-кетгандан гап очилганда қулоқни ўнглайман. Дадам Нормат отанинг ғажирлигию Қаршибой отанинг гапга чечанлигидан сўз очди.
Суяр акам етти отамизни суриштира кетди.
Ҳангома бориб-бориб, оловланиб, уйнинг бузилишига тақалди-ю, Суяр акам қизишди, Ўлжабой бобони сўка бошлади.
Отам унинг ҳовлиқмалигига кулиб қўя қолди:
– Ўлжабой аканинг жони нечта уйни бузиб? Биздан ўтиб қўл теккиза олармиди?! Иморатинг шамолга ҳилпираб турувди, ўзи. Нечи йил бўлди, соянгни солмайсан, қулайди-да. Гумон – ёмон, ўз кўзинг билан кўрсанг, бошқа гап. Ушлаб олдингми бузганида? Жим бўл, айб ўзинг-да. Бу уй сеники, унга сен қарамасанг, биров барибир бузади. Отанинг уйига фарзанд эга…
Отамнинг уй ҳақидаги уйдирмаси жуда ишончсиз чиқди, менинг хаёлимда.
Суяр ака қолипга лой ташлади, мен унга тош суқиб зичладим, кейин қолипни тортдим. Эски иморатнинг ғишти унинг жонига ора кирди. Шу ишини ўржитди.

Ўша пайти Суяр акам тўйга қурби етмаслигини рўй-рост айтди. Беш-олти кунда уй тикка қилиш аҳмоқнинг оғзидаги гап-да!
– Хаёлим яна Тошкентга кетади, – деди у жиндак афсусланганнамо. – Лекин тўйни шу ерда ўтказишга сўз берганман. Нима деган одам бўлдим-а? Ҳали бу уй роса бошимни ейдиганга ўхшайди. Оддий арифметика бари, аммо устанинг иши экан-да қурилиш. Мен тинчгина қоғоз-қалам билан шуғулланганим яхши.
Дадам унинг елкасини қоқди:
– Биласан, икковимизнинг орамизда сеники-­меники, деган гап йўқ. Бизникида ўтади тўй. Узун ўн бир болорга чимилдиқ иламиз, маъқулми? Яшайверасан, қиш чиққунча. Баҳонада, янгангга эрмак топилади. Шуми ташвишинг?..
У ҳорғин нафас олди.
– Мен-ку, чидарман, онам нима дейди, эл-­элат-чи?.. Битта келинниям ўзининг уйига тушира олмапти, демайдими?! Бир амаллаб қишни ўтказсак, у ёғи Худо ўнгига бошқарар. Қишлоққа келинингиз кўникиб кетганча… Ишим орқага кетди.
Отам юпатганнамо деди:
– Руҳи тушганнинг оти ҳам юрмайди. Битган ишни энди чўзма. Одамларнинг гапига кирсанг, фақат ётсанг – яхшисан. Энди, нима бўлса бўлди, бош ёрилгани дўппи остида. Тағин, кимга қизиқ, сени гапириб. Ҳаммамиз бир отадан тарқаганмиз, бир уруғмиз. Лекин эсингдан чиқарма, ҳозир ташлаб кетсанг, бировнинг кетмони учади.
– Элга эрмак бўлгандан… кетган маъқул. Итнинг кунини кўриб юрибман. Уйини сотадиган ҳам йўқ-да.
– Менинг гапимга кир!
– Сиз тишингизни тишингизга босиб чидашингизга тўғри келади. Икки қозон қайнатиш керак, бир тандир етмайди…

* * *

Ўлжабой бободан қанчалик нафратланмай, унга бор айбни тўнколмасдим. Йиллар ўтиб, буни Суяр акамга айтмаганим тўғри эканини англадим. Эҳтимол, ўша хатни Ўлжабой бобо ёзмаганида Суяр ака ҳалиям қишлоққа қайтишини Худо биларди.

VI

“Уйни бузганнинг ўзи бузилсин! Ёлғиз боламни тентиратиб нима барака топарди?! Бири икки бўлмасин!”. Барчин момом қишлоққа қайтиб, ич-этини еди, уй бузувчиларни қарғади, сиқтади. Лекин энди кеч эди. Бир-икки кун бизникига сиғмай, эртадан кечгача тўрт-беш марта отамнинг уйига бориб келар, чарчаб ҳолдан тойса­-да, ҳар соатда: “Уй битдимикан?” деб алағда бўларди. Уйнинг ҳа деганда битмаслигига кўзи етса ҳам…

VII

Уй ичи илмлиқ, ташқари совуқ эди: аҳён-аҳён қарғаларнинг айюҳанноси аламзада табиатнинг дардига туз сепарди гўё. Куз оёғини чўзиб турибди, қиш аксиряпти.
Овулнинг иши ичкарига кўчган кезлари эди. Онам тандирдан қозонпатир узиб, битта-битта чаночга соларкан, дарча очилиб, Сулувхол опам кирди, ўғли – Ниятни опичлаб олганди.
– Қайси шамол учирди, қиз?
– Шу шамол бизникида, ҳашарга келдик, тоғамиз иморат бошлаган экан. Жиянлари борамиз, деб қўймади. Уй ичилар тинчми?
– Ҳа, шукр.
Онам тугунчани менга тутқазиб, уларни даҳлизга эргаштирди.
Момом дарров: “Ҳа, яна эринг урдими?” деб тилланди. Улар анча пайт индамай ўтиришди.
– Ўзингдан бир гап ўтгандир, бир муштга уй бузилиб кетаверса, ҳай-ҳай, тавба дегулик… Момом рўмоли учини тишлаб қўйди.
Сулувхол опам хўрсинди:
– Уй қилмайман, эр зоти шу бўлса, тоқ ўтай. Шу гўдакни амаллаб катта қилсам…
– Болам, бунча енгил бўлма! Қизишиб айтган гапингни унут, ота уйингга қайт, деб узатмаганман. Сенинг уйинг ўша ерда. Биринчи уйинг уй… қолгани бахт бермайди. Болангни чирқиллатиб, барака топмайсан. Отасиз ўсган уйсиз ўсгандан ҳам ёмон.
– Ҳа, отамнинг уйига сиғмай қолибман. Битта борадиган ерим шу ер эди. Ўрни билин­аяпти отамнинг. Кўчага бундай ташлаб қўймасди.
– Уй қилиш осонми, рўзғор – бору йўғига, каму кўстига чидаганга. Не кунлар ўтмади бошдан – биров билди, биров билмади. Жорияга жар солганда иш битармиди?! Ёмон яшамадик, урсаям сеники маъқул, дедик.
У ўқчиб қўйди.

* * *

Отам ҳам ўша гап ичида бўлган. Хўш, унда нега қарши чиқмаган? Энди уни пинжига олгани нимаси? Буни сўраш уят, яна момом эшитса… Момом ҳам уч-тўрт кун тўмрайиб юрди, қулоғига бир гап етганми? Фақат онамга ичини ёрарди.
Момом “уҳ-уҳ”лаб ётганида беихтиёр ичкарига ўзимни урдим. Даҳлизга югуриб кирсам, ойим унга чой ҳўплатиб ўтирган экан. Бутун вужуди дириллар, ўқтин-ўқтин йўталар, тинимсиз ваража тутарди.
– Уҳҳу, уҳ, ўлсам бировга оғирлигим тушмаса, енгилгина олса. Уйингда ўлсанг, ўша ердан чиқарса, қанийди. Уҳ-ҳу, уҳ. Бу йўтали қурғур тўхтамайди. Ҳа, қуриб кетсин-ей!
Онам момомнинг дамини кесди:
– Ҳа, энди шу грипга ўлаберсак, дунёда одам қолармиди?!
Барчин момом манглайига сочиқни босди:
– Кетадиганга ўхшайман, бир қарзим – Суярни уйламадим. Тўйини кўраманми, девдим, пешанага битмаганга ўхшайди.
– Неваралар-чи?
–…
Момом онамни энгаштириб қулоғига шивирлади:
– Эрингизга айтинг, овсин! Бизнинг уйга қарашсин! Оққан дарё оқмай қолмайди, барибир дунё унгаям битади. Ота-бобоси элнинг олди бўлган, қаерга кетади?.. Шунча дунё эгасига қайтади-да!
Ойим бош силкиди.

* * *

– Бир қисм тупроғидан олиб келдим, қўшиб кўм, – деди момом ярим ёнбошлаган кўйи обжўш ҳўпларкан. – Чолимнинг изи тушган, ағнаган. Уйинг битмади, ўлсам эл билан тортишма, ким нима экса шуни ўради.
– Тортишмайман. Тўй-чи? Ким бош бўлади? Келинингиз-чи? Ўлмайсиз!
Суяр акам момомнинг қоқмол қўлларини маҳкам сиқди.
– Тўйни қолдирма, мендан бошқаси сенга қайғурмайди. Амаллаб ўтказавер, ҳеч ким кулмайди. Момо ютинди. – Ўзинг учун ўл етим. Кўзим очиқлигида тўйингни кўраманми, девдим. Уҳ-ҳу, уҳ-ҳу.
– Кўрасиз.

* * *

Тўй яқинлашган сайин Барчин момомнинг аҳволи бадтар оғирлашарди. Қариликми ёки эски дард зўрлик қилдими, ишқилиб, бошини кўтаролмай қолди. Суяр акамнинг ташвиши ортди.
Отам Ўрол муллани чақириб, чилёсин ўқитди, сал тузалгандай бўлди.
Эртаси куни тенгқурлар мактабдан қайтарканмиз, кўчамизга талай одам йиғилганини кўрдик: ҳамманинг белида белбоғ. Ким бўлса? Хаёлимни минг ўй кемирарди.
Болалар тасалли берди:
– Йиғлама, жўра, ўлган қайтиб кемайди.
– Момомми, дейман…
– Жойи жаннатда бўлсин!
Дарчадан киргунча юрагим ёрилаёзди. “Онам”лаётган қишлоқ ичидан дадамни излардим. Қаерда экан?.. Суяр акам-чи? Орувлаётган хотинлар уввоси кўнглимни бўшаштирди. Бел боғлаган Суяр акам ўзини у ёқдан бу ёққа ташлайди.
Одам уйилиб кетди. Гўё тўрт тоғ ораси кўчиб келгандек эди.
Суяр аканинг ёлғизлиги билинди. Хотин-­халаж, қари-қартанг “онам”лади. Ёш-яланг, чоллар “онам”лади.
Тобуткашлар бирма-бир, қўлма-қўл майитни елкалашди. Суяр акам уввос солди. Барчин момони бизникидан чиқарди, унга алам қилгани – ўзининг уйи битмагани. Отасини ўз уйидан тупроққа топширганди. Онасини-чи? Юраги ёниб кетди, ўкиравериб.
Момом ўлар чоғида ҳар вақт шу гапни гапирарди: “Уйимни битказ, бировга юким тушмасин! Сомонхона бўлсаям, майли. Қирқимга келганлар талмовсираб ўтирмасин, дўст бор, душман бор. Болам, сенга айтадиганим шу. Ўз уйимда чироғимни ёқиб турсанг, бўлди. Гўримга тош қўйма, уй қур”.
Момони сўнгги йўлга кузатиб, туйнуги йўқ уйга қўйиб келдик.
Суяр акам мисоли гаранг эди: бирор иши ўнгланмади. Ўзига ўзи сўкиниб, ғижиниб юрди. Игна еган итдек озиб-тўзиб кетди.
Уй битмаганди. Момони уйидан чиқармаганди.

* * *

У савобу жанозани, эртасига худойи маракани ўтказиб, лаш-лушини йиғиштириб, негадир шаҳарга кетиш тараддудига тушди. Бу ёғи қиш оёқ тирар – сувнинг юзи қота бошлаганди. Туман тушиб, бирдан музгалак ёғди. Аввалига дадам Суяр акамни бу совуқда кетолмайди, деб ўйлади. Кўчага чиққач эса, уришди.
– Қишлоққа қадамингни босма! Сен ҳам йигит бўлдингми-ей, битта онангнинг қирқини уйингда ўтказолмасанг! Оёғингни синдираман, келсанг, билиб қўй.
Суяр ака ёмғирпўшини устига ёпиниб кетди.
– Акамнинг руҳи тинч қўймайди сени, кетавер, санғи! Оринг бўлса, шу уйни кўтарардинг, кўнглинг Амирқони тусамасди. Ўз уйим – ўлан тўшагим.
У бир тўхтади-да, яна юрди.
Қўлимга тош олдим…

* * *

Сулувхол опам уйма-уй тентиради. Жиянни ияртиб, кирмаган уйи қолмади. Бировнинг уйидан сомонхона тузук. Ахийри, ўша чолдеворга куни қолди.

* * *

Дадам ҳам охири тақдирга тан берди.
Ўлжабой бобо бизникига адашиб кирдими, атайинми, билмайман, дадамга роса ниш суқди.
– Кўна пўстакдек судрадингиз, ини? Кетиши маълум эди-ку, – деди у дадамга қарата, сир бой бергиси келмай. – Сўғимларни боқаман, деб бўйнингизга олганмисиз. У ёқдаги чўпни бу ёққа қўймаса, менгаям, сизгаям ташвиш.
Дадам тутақди:
– Ҳа, уйига эртароқ эга чиқмоқчимидингиз? Ана ҳувиллаб ётибди. Чечамнинг қирқини ўша ерда ўтказамизми, девдим. Битта ўзим қай бирига югурай.
Ўлжабой ака пинагини бузмади.
– Ўлган ўлди-кетди. Энди қурби етса, тўрт-беш товоқ ош қилиб, қирқини ўтказсин, қурби етмаса, ҳеч ким ўпкаламайди. Яна қайт, деб бола бечорани қистаманг! Ўзи, уй қураман деб бели синди-ёв.
Дадам унинг ниятини аллақачон сезгани учунми кулиб қўяверди.
Кулиш маънисини тушунгандим.

VIII

Уйда роса ториқдим. Кун ҳам ўзини қўйганди. Болалар қирда “тақ-тақ” ўйнаймиз деди. Тахта тўппончаларини олиб, тоққа қараб кетишди.
Онам бодом мой олиш учун омборга кириши ҳамоноқ қўшнимизнинг теракзори оралаб югурдим, ортимдан бақирганларини эшитмаганга солиб қочдим.
Отанинг харобасига етганимда, бирдан кўнг­лимда ғайри ихтиёрий оғриқ уйғонди: файзли иморат ўрнида музтар хоналар, тўзғиган ки­­йим-кечаклар, беморнинг рангидек сап-сариқ хазон­рез, адирдан сел тушиб бузилган ҳожатхона… энди кучук ҳам кўринмасди.
Ўйин роса қизиган: болаларни ҳар қанча томоғим бўғилиб чақирмай, ҳеч бирининг қораси кўринмас, ўн чоғли бола шу ерга сингиб кетганди, гўё. Шунда хаёлимни ҳўл баргларнинг ожиз шитири бузди. Ошхонанинг пастак деворидан сакраб, ўйилган тандир ўрнига тушиб, яшириндим. Ковушим лойга ботди. Томиз кесак эриб, бурчак сариқ алламбало рангга бўялган экан. Даҳлиз токчасидан писиниб аланглаётган Яхшибой мени кўриб: “Эшик олдида ким бор”, деб имлади. Елка қисдим.
Шунда унинг ортидаги девор илкис нурай бошлади.
– Тақ, Яхшибой, кетдинг! Чиқ, кўрдим, токчадасан!
У норизоланиб қўлини кўтарганча сада тагига ўтди.
Болаларнинг “тақ-тақ”и яна зўрайди.
Мен халал бермаслик илинжида Яхшибой тарафга юрдим.
Ўйин қизиди, ичим қизиди, лекин кечиккандан кейин шу-да!
Ютқазмаслик учун Яхшибой ишоралар, у ҳам бармоқларини рақиблари “пилдир-пилдир”ига мос ўйнатар, баъзан “қоч” дегандек тишланиб қўярди.
Чайир Ўрозали қўлига кесак олди-да, оғил четига отди. Ҳамманинг хаёли ўша томонга оғди, у-бу жойдан каллалар кўринди, у дарров “тақ”иллата бошлади.
– Мамадиёр, Ўрол, Пўлат учовингниям кўрдим, деразанинг икки тарафидасан! Тақ-тақ.
Ўрозали ўйинни ҳаллади.
Пўлатнинг авжи келди:
– Том бошида ётаман-эй,
Душман келса отаман-эй.
Қатор-қатор қизларнинг
Кокилидан тортаман-эй…
Яна иккига бўлиндик. Тошлоқ йўлнинг ўнги ва чапи.
Энди шайлангандик:
– Эгаси кўрса ҳаммамизни уради, – деди менга хавотирланиб қараганча Мамадиёр.
– Уйдами? – деб сўради Ўрол.
– Ҳа…
– Бошқа қаергаям борарди.
Улар бирваракайига кулишди. Бу билан мени масхаралагандек туюлди, лекин қўшилдим кулгига.
– Чертмайди, – деди Пўлат чинчалоғини сермаб. – Мурод қувиб юборади, кейин кимникига боради. Шу ерга келадими?
Гапни Ўрол илиб кетди:
– Муроднинг дадасиям кўнган экан: “Майли, барибир уддалолмайди, ҳам шаҳар, ҳам қишлоққа югуриб. Икковидан бирини ташлаши керак”, деб.
– Эй, билмасдан сураверма, биз бир отадан тарқаганмиз, дадам айтди. Сен ҳам, мен ҳам. Мен эшитганман: Ота ҳаммани қишдан чиқараман, деб, ўлиб кетган, – дедим қўлимни мушт тугиб, Ўрол томонга юрдим.
– Бизга нима? Ўзлари келишиб олади, ҳаммамиз ёш бўлсак…
Ўрозали болаларни жойидан қўзғади.
Тарқалдик.
Бўй баробар ҳандаққа ўзимни ташладим: қибла тарафдаги бурчакка бекиндим. Тагимда қават-қават хазон тўшалган. Зах ер оёқдан олади. Қуёшнинг ожиз нурлари юзи чайилган хазонлар устида жимирлайди. Атроф сукутда, гўё олам шундай оний сукутга чўмган.
Аста пойладим, Мамадиёр ҳожатхона томонга писиниб юрди:
– Тақ, Мамадиёр, ўт бу ёққа…
Қўлимда шифер синиғидан ясалган тўппонча, ҳар “шитир-шитир”ни эшитганимда аланглайман. Шу пайт тап этиб елкамга қуш ахлати тушди.
– Чақир ҳаммасини. – Кимдир “чарс” этиб шапалоқ тортди. Суяр акамнинг овозини танидим.
– Ўйин бузалоқ. Чиқинглар бу ёққа, – Ўрозалининг овози қалтиради.
Энгашиб қарадим, Суяр акам унинг қулоғидан чўзди. Ичим “шиғ” этди. Қочиб қаёққа ҳам борардим, барини шу ерда ёпиш керак. Дадамнинг қулоғига етса борми?!
Мамадиёр писиниб сойга тушиб кетди.
Уй эгаси қатор тизди, кейин галма-гал тепа кетди. Мени тепмади. Хивчин олиб савалади, ундаям менга тегмади. Лекин унинг кўзидаги мунг вужудимга олов ёқарди.
– Ўзи, санларда айб йўқ, элдан фикр кетган. Барингнинг уйингда шу гап бўлган. Уйни бузиб барака топдиларингми? Ол, ташиб кет ҳаммасини. Тупроғиям қолмасин! Отамнинг эски чопони бўларди. Ким илиб кетдийкан? Шуниям кўп кўрдингларми?
Шундан кейин бу тўғрида гап қўзғалмади.
… Ҳали-ҳануз ўша воқеаларни эслаймиз.

* * *

Момомнинг қирқи чиқиб… Суяр акам уйланди.
Уйимиз тўлди.
Уйга чимилдиқ тикди. Чимилдиқ ҳам уй экан.
Уйтўл хола қуюқ дуо қилди: “Сабоҳат байча уйим-жойим дейдиган келин бўсин! Ўзлари шу уйдан кўпайсин!”.

* * *

Сулувхол опамни тўйдан кейин бир кўрдим. Хаёл билан чолдевор томонга кетиб бораётган экан. “Ҳа, бу ёқда адашиб юрибсиз”, десам, “Отамнинг исини соғиндим”, деди ўксиниб. Чала битказилган уйни кўргандан сўнг бизникига юрди. Ярим соатлар Сабоҳат янгам, онам учови гурунглашгач, уйига жўнади.
Онам ўша куни момомнинг ўзидан роса ёзғирганини эслатиб қолди: “Ўламанми, уйдан чиқмай ўтирсам, болаларим бировникида бундай тентирамасди. Бировникида ўлолмай ётмасдим”.
Янгам “пиқ-пиқ” йиғлаб юборди.

* * *

“Уй қиламан, деган қиз экан”, дерди кейинчалик Сабоҳат янга ҳақида гап кетса, қишлоқнинг қўли узунлари.

* * *

– Ўз уйингга ўзинг эгалик қил, – деди дадам Суяр акамга келин-куёвнинг чилласи чиқар-чиқмас. – Кун ўзини қўйгандан гуландава қилиб, кўч. Акамнинг уйига сиғмай қолдим, деб ўйлама. Лўмбоздан кейин ҳеч ким қарашмайди. Ошхонанг ҳам бемалол ётиб-туришингга бўлади.
Суяр акамнинг кўзлари киртайди, олачага тушган ушоқларни теришга тутинди.
– Кўчаман, оғайнилардан тўрт-бешта кигизми, гиламми йиғай… қозон ҳам йўқ.
– Илгари бир кигиз, бир пўстак, бир қозон билан чиқиб кетаверган. Дадам оёғини сандалга тиқиб ўтирди. Шодмон акамдан олдин Нормат, ундан олдин Қаршибой ўтган. Сенинг уйинг Қаршибой отамдан қолган. Одамларнинг айтишича, ота элга очарчилик келганда тўрт тоғ – Молгузар, Ғўбдин, Ургут, Туркистон орасига сурув-сурув қўй тарқатиб, элни эл қилиб қолган экан. Бу уйнинг эгасига дуо кетган, дейишади. Шунинг учун ўтган-кетганлар: “Отамнинг уйини кўриб кетайлик”, дейди.
Суяр акам бошини кўтарди.
– Ота моли қўшилмаса, бола бойимас, деган. Тўрт девордан бошқа ҳеч нарса йўқ. Эртага нима қиламан? Сизнинг бир-икки оғиз гапингиз билан бир нарса ўнармиди? Ҳамма иш гуркираб кетармиди?
Дадам тишланди:
– Билган номақбулчилигингни ейвер, бўлмаса! Йўлингни тўссам, бетимга “туф” де.
Суяр акам индамай жойидан туриб кетди.

* * *

Сабоҳат янга йигирма кундирки, бесаранжом эди. Аҳён-аҳён: “Отамнинг уйини қачон кўрсатасиз?” деб ҳадеб сўрайверарди.
Бир куни мактабдан эртароқ келиб имладим. Эридан рухсат теггач, ўраниб кийинди.
Янгам иморатнинг ичига кириб кўрди: изиллаган совуқ дераза тешикларидан ўзини урар, шифтдан томчи ўтган, бурчаклар лой, токчалар ўйилиб тушганди.
Меҳмонхона даҳлизи ва ўн бир болорида қишни ўтказса, бўлар, деган ўйда ўша ёққа одимладик. Эшикни очиб ичкарига ҳатладик.
Даҳлизнинг бир бурчида элак, ғалвир, ёғоч товоқ уйлиғиб ётарди.
Янгам ҳар бир тирқишга сер солиб, юзи ёришди:
– Изиллаб ётгандир, деб ўйловдим. Амаллаб печка қурсак, совқотмаймиз. Акангизга қолса, баҳорниям бировникида ўтказса… Қиш ўчоғи тор, қайним!
– Ошхона яхшироқ-ку! Иссиқ ушлайди, янга! Тўрт-бешта хода билан иситиб оласиз, ўтин деб югурмайсиз.
– Акангиз, кўнса… Кал бўлсам ҳам кўнглим нозик, дермиди? Яна айниб қолса, бир ҳунарни бошламасин!

* * *

Янги ой чиққач, онам Суяр акамни ўз уйига кўчирди: олача, жулбароқ, кигиз, тўрт-беш кўрпа­-кўрпача, қозон, коса-товоқ билан.
Қаҳратон қиш, изғирин суякни ўяди. Суяр акам бўзрайди.
– Эртами, индинми барибир уй керак. Кам-кўстни ҳозирдан ёпмасангиз, кейин қийналасиз. Биз ҳам битта кўрпани қўлтиқлаб чиқиб кетганмиз, ўлганимиз йўқ. Сизнинг ҳамма нарсангиз бор. Отадан қолганиям нечи уйга етади.
Сабоҳат янгам аввал кўчишга жуда ишқибоз эса-да, энди бироз ҳайиқди. Лекин сир бой бергиси келмасди.
– Ўчоқ қурсак, амаллаб қишни ўтказармиз. Тандирингизга нон ёпиб кетиб тураман-да. Ҳовлидаги ёрилибди, ўзи.
Онамнинг қизғанчиқлиги тутди.
– Келгунингизча хамир қайзиб қолади, қайзигандан кейин нон бўлмайди. Битта қозонпатир қилсангиз, икковингизга етади, ўтин мўл-ку! Бола-чақа демасангиз, менга ўхшаб.
Суяр акам олачани елкасига ташлаб, индамай жўнади. Менинг қўлимда бир бўғжама кийим-кечак орқалаган кўйи “ғарч-ғурч” қадам босиб кетиб борардим.
Отанинг уйи дарахтлар орасида ғарибона кўринди. Ета-ета Суяр акамнинг авзойи бузилди.
– Бу ерда қотиб қоламиз. Меҳмонхона шартмас. Ошхона торроқ, иссиқни ушлайди, ҳам панароқда. Сабоҳат, сиз ўт ёқинг печкага. Муроджон қарашиб туради.
Умрида тутантириқ ушламаган янгам анча овора бўлди. Кейин ўзим ҳўл-қуруқ ўтинни аралаштириб, печкага тиқдим, пуфлаб олов ёқдим. Тутай-тутай ёниб кетди. Ошхона ичини илитгунча қоронғи тушди.
Икки соатлар ўтириб, уйга қайтдим.

* * *

Қиш қишлигини қилди: чилла ўтгунча эшик ҳатлаб бировникига чиқолмадим. Келин-куёвни кўришга қанча интиқланмай, уйдагилар унамади.
Бир сафар тегирмонга борганда Суяр акамни кўриб қолдим, сал ўпкалади биздан. Кетаётганда: “Янгамга салом айтинг! Кун исиб қолса, ўтаман кўришга”, дедим.

* * *

Уй бўшади: кўрпа-тўшак тоққа кўчди.
Отабойқир қўлтиғига дадам ўтов тикди, яланг­ликка қўра қилди – сурувни қамашга, деб.
– Суяр акангникидан болта олиб кел. Қўрага эшик ясаш керак, – деди дадам сим тўрни таранг тортаркан. – Бир қиш ўтди кўрмаганинг­­га, ҳам хабар олиб келасан. Адирга чиқсин, арпа-буғдойга жой кўрсин, айт! Ҳамалда ерга уруғ қадаса, йиғим-теримда ўзини ўнглаб олади.
Тош калишда тойиб, Суяр акамникига чопдим. Мол-қўй ўтмасин деб хода-чўп тортиб ясалган пастак тўсиқдан сакраб ўтиб, айвон томон юрдим. Бўсаға супуриб-сидирилган, тандирхонада ўтин ботартиб тахланган. Кули олинмаган ўчоқ одам исидан дарак берса-да, негадир уй ҳувиллаган эди.
“Суяр ака, янга”, деб қайта-қайта чақирдим, товуш чиқмади. Кейин ошхона тарафга ўтдим: эшик ёпиқ, катта болор тираб қўйилганди. “Қишлоққа тушгандир”, деган ўй ўтди хаёлимдан.
Чамаси бир соатлар вақт оқди. Кутдим, ториқдим. Сурувётарга қайтсамми, деб томорқага ўтгандим, Ўлжабой бобо ва Эсонбой ака келаверди. Қайрилиб айвонга юрдим.
– Нима қип юрибсан, тимирскиланиб? – деди ўдағайлаб Ўлжабой бобо.
Салом бердим. Хаёлимга бир шумлик келди.
– Қара, деб тайинлаб кетган.
Эсонбой ака истеҳзоли кулди.
– Уй эгасини топган, бор кетавер. Отангга айт, Суяр ака уйини пуллаб кетибди, де. Энди минг югурса ҳам фойдаси йўқ. Минг ялагани билан, бизга тақдир қилган экан.
Негадир миям музлаб кетди. Ичимдан бўғиқ наъра чиқди. Отамнинг уйи учун талашадиган куч гурдамда эндигина уйғона бошлагандек эди. Тилимни кесиб ташласа-да, ичимдагини айтишга жазм қилардим. Ўлдирса, шу ерда ўлдира қолсин, деган ўй миямни кемираётганди.
– Бу уй отамники-ку. Ҳеч қаерга кетмайман.
– Талашмаган сен қолувдинг, – деди Ўлжабой бобо қулоғимни чўзаркан. – Гап бундай, сеники-­меники, дегандан бир иш битмайди. Кенгашиб, ўзаро маслаҳатлашиб кўрамиз. Эсонбой: “Тошкандан уй олиб бераман”, деди Суярга. Иш пишган, ўзи кўнди Суяр.
– Қийналганда биз қарашдик. Уй отамники.
Улар тўнғиллаб оғилхона томон кетишди. Балки, мен билан тортишиб обрўсини тўккиси келмагандир.

* * *

– Уйи куйиб қопти-ку унинг, – деди дадам мендан бор гапни билгач, аллақандай таажжуб билан. – Тез уйга бориб кўрпа-тўшак, олача олиб кел. Изи ўчмасдан ошхонасига кириб олайлик, бўлмаса, ўзиники қиладиган чиқади. Биров кириб олса, қувиб бўпсан. Ўзи, унинг тутуруқсизлиги маълум эди. Майли, бизга қолди, энди отни қамчилайик.
Бирдан этим увишди. Дадам биринчи марта уйга эгалик истагига тушганди. Юз-кўзида ҳам аллақандай тушуниксиз бир руҳ ботиний қувонч­дан нишона бериб турарди.
– Нега эртароқ олиб қўймадик? – дедим отамга эътироз билдириб. – Ёрдам бердик. Кет, десангиз индамай кетарди.
– Қайтса, бизга ўлигини осиб оларди. Эл гапирарди, бир отадан тарқаб уй талашиб, қирилишиб ётибди, деб. Олдимга маслаҳат солишга келмаган, бети чидамаган-да.
– Уй керакмас менга. Уни бузиб ташламасин!
– Ҳеч кўнглинг бўлинмасин, ҳаққимизни ажратиб оламиз.
– Бузмаса, Эсонбой акага берақолинг!
– Бировнинг ташвишини қилмай қўяқол. Бўладиган иш бўлгани яхши. Уйда биров яшамаса, кимдир фойдаланиши керак. Боғида қанча дарахт бор.
Йўл-йўлакай кетиб борарканман, энди отанинг уйини бўлиб ташлайдигандек, отанинг хаёли ҳам одамларнинг хотиридан кўтариладигандек эди.
Лекин мени шу ўй қийнаяпти. Уй ҳам мендан бошқани қизиқтирмай қўйгандек: “Уй бузилса, ўрнида битта катта иморат қурилади. Бошқа ҳеч нарса ўзгармайди. Дадам шуни истаяптими? Илгари куйиниб гапирарди. Энди эса лоқайд, ланж. Одамлар билан курашгиси йўқдек. Курашдан чарчадими ёки? Йўқ. Энди осон йўлдан юрмоқчи. Ҳаммасига қўл силтаб, Ўлжабой аканинг ўйинига кўниш ниятида. Наҳот, шунча меҳнат зое кетган бўлса-я. Наҳот йиллаб курашган кишида бардош қуриган?!

IX

– Уйлаган ўзим, уйини кўтаришган ўзим, энди сизлар эга чиқдиларингми?! Шу вақтгача қаерда эдинг? – дадам ўшқириб Ўлжабой акисга яқинлашди.
– Бизга буюрган экан, келдик. Бориб айтинг ўзига, норози бўлсангиз! “Уйга Эсонбой кириб олибди. У берадиган пулни мен бераман”, денг. Олам гулистон шу билан!
Дадамнинг ранги бузилди. Қабоғини уйиб, жағини қашиди.
– Уй Суярникимас, бўлмаса ташлаб кетмасди. Эсонбой отхона қуришига бошқа жой кўп. Бу уйда ота-бобомиз ўсган. Тепкилайдиган бошқа жой топинглар.
– Ўзингни диёнатли кўрсатма, – деб дадамга тик қаради Ўлжабой акис. – Шуни бўлсак, ҳаммамизга етади. Ниятинг ҳам шу, билиб ўтирибман.
Дадам негадир индамади, вужудимда оғриқ қўзғалди.

* * *

Онам кўрпа-тўшакни даҳлиз тўрига ташлаб ўтириб олди. Ўлжабой бобо чиқ, деб кўрди, индамади. “Ўшқирмай, кетаверинг, сизгаям эт битиб қолибди-­­да. Дадаси келади ҳозир, гаплашасиз”, деди.
– Нимасини гаплашамиз? Ит талашмай иши битмас, дегандай, яна нима бало бошлаяпсизлар! – деди аччиғи келгандек безрайиб.
– Уйни қуришмаган бўлсангиз, энди элни элиртиб уйга эга чиқибсиз. Хатингиздан билувдим, шуни эгалламоқчилигингизни.
– Барибир бўлинади, аёл бошинг билан аралашиб нима қиласан, ҳайронман!
Онам ҳам бўш кетмайди:
– Эркак бошингиз билан кучингиз аёлга етдими? Кетинг тез. Барчин чечам гўрида тик тургандир, бу ишларингизни билиб.
– Келишиб оламиз ҳали.

* * *

Отамнинг уйини улар бўлиб олаётганини мактабдан қайтгач кўрдим.
– Ота, бор, уйдан қозиқ олиб кел, – деди дадам. – Шу қозиқдан бу ёғи – қибла тараф бизники, юқориси Эсонбой акангники. Сенга данғиллама уй қурамиз. Бу чолдеворни бузамиз. Этаги ариққача сенга, Ўлжабой бобонг олма экиб бераман деди. Тўрт-беш йилда ҳосилга киради.
Ўлжабой акис бош силкиди.
– Ҳа, икковимиз амаллаймиз. Ўзим ўргатаман, боғбонликни.
Негадир Ўлжабой бобога кўнглим илиди. Ўртамиздаги кек йўқолгандек эди. Энди гўё бу уй отамники, деган ўй мендан анча олислаган эди. Ўзи, ким эди ота? Менга ким бўлган? Нега ҳамма Ота дейди? Илгаригидек шу чигалликлар энди безовта қилмас, шу онда барини унутган эдим.
Оғил четидан занглаган қозиқча топиб келдим-да, Ўлжабой бобога бердим.
У ерга сингириб қоқди қозиқни.
– Энди гап бундай, – деди менга уқтириб.
– Сен ҳам катта йигит бўлиб қолдинг, отангга уй ташвиши тушади. Биз келишдик, шу уйни сенга берамиз.
– Ҳа, сенга бу уй…
Уй меникидек чексиз қувондим.

* * *

– Уй битмаган экан пешанасига, – деди отам бир куни. – Яна қишлоққа қайтди, ота уйини ташлаб кетганди. Бир ҳисобдан раҳминг келса, бир ҳисобдан бадтар бўл, дейсан. Шаҳарда пишириб қўйибмиди, от айланиб…
Отам эгнига чопонини илиб, остонага чиқди.
Айвон устунига суяниб Суяр ака турарди. Кўринишидан бечораҳол. Салом бериб, отамга яқинлашди. Қўл узатди, дадамнинг ранги гезарди.
– Қайтдингми?
– Йўқ. Қишлоқдошлардан бир хабар олай деб келувдим.
– Кўрдингми, энди қайтавер. Бу ерда йўқлайдиган жиянинг бор. Сингилчаям бир-бир келиб турарди. Отамнинг изи бор, деб. Энди соясини солмай қўйди. Шодмон акамнинг чопонини илиб қўйганман, молтопар чопони. Ўшани кийса, бозори ўржирди, олди-сотди битарди. Барака шунда экан-да! Кир кўрасан.
– Йўқ, кейинги келганимда.
Унинг кўзларида тушуниб бўлмас бир мунг зоҳир эди.
– Девор ўрадик, сойликка Эсонбой дача қурди. Отхона қурди. Сен кўчада қорнинг тўйганига мастсан. Келин, болаларинг яхшими?
– Яхши, ёшига етиб қолди. Ўтинг Тошкентга, ­– деди тиржайиб Суяр ака.
– Итим адашдими Тошканингда! Менга шу ер маъқул, – отам қўлини сермади.

* * *

Отам ҳам уйнинг бузилишига алалхусус кўнган. Кунда жанжал: у меники, дейди, бу меникимас, дейди. Яна бошқалар ҳам уйга эгалик даъвоси билан чиқди. Шу уришдан чарчади, деб ўйловдим. Лекин дадам элу юрт орасида гап бўлмасин, деб шу ишга аралашгандек туюларди менга.
– Ота, талашиб-тортишмасак, шу бир қарич ер ҳам йўқ эди бизга. Қолгани бир гап бўлар. Сулувхолнинг уйи бузилибди. Шуям ҳеч ўзидан тиниб кетмади. Ўзлари қилиб берсин, каталак бўлсаям, – деди дастурхон бошида отам.
– Ким қуриб беради, – деди ачингандек лабини тишлаб онам, тўнглаган ёғни қозонпатир устига суркаб эритаркан. – Қўлида боласи бор.
– Эри-да, нима, менми? Энди уйдан умидини узсин! Яна рўзғор қурсин, ҳали ёш. Бутун умр “оҳ-уҳ” деб ўтмайди-ку. Жиянгаям ота керак.
– Бутунбой ошпаз сўраб юрганмиш! Беш бола устига…
– На илож, энди чиққанига тегади-да! Хотин қўйган олади барибир.
– Кичкина дўлта бўлсаям қуриб бермадик. Тузукроқ эр топилгунча, яшаб турармиди?
Дадам худди сув ҳўплаётгандек қайноқ чойдан ҳўплади.
– Уф-ф, еб қўйдинг! Нима, уларни уй-жой қиламан, деб бўйнимга олганманми?! Кунини кўрсин, ўзимни танам ўзимга оғир бўлиб турган пайтда шу кам эди.
Онам ўзига ўзи тўнғиллади:
– Қушнинг уяси бузилса, ичинг ачийди. Буларнинг айрони ачимайди-ей.
Дадам сўкинди.

* * *

– Уй қиламан, деган нияти йўқ. Куёв бўлмай кет, қўлингга куйдирги чиққур, кунда ураверган-ей. Борадиган жойи йўқ, деб ўйлаганми? Акаси келиб уйга эгалик қилса, чертишгаям қўли бормасди. Қизи қурғурдаям чидам йўқ-да, тепсаям кетмабмиз, рўзғор, деб. Шу муштни кўтармасанг, уй бўладими?
Онам кўкламнинг ёмғирли кунларида тонг азонлаб Сулувхол опамни яраштириш учун кетди. Чошгоҳдан ўтганда ранг-қути учиб қайт­­ди.
Почча қарғишнинг тагида қолганини сездим. Чиндан ҳам, аммамнинг борар ери йўқ эди.
– Бутунбой акадан тузукроғи чиқмайдиганга ўхшайди. Ўлсин, манглайида борини кўради. Тенги энди шу-да! Яшаб кетар, ўлдими? Бир рўзғорни кўрди.

* * *

Овул тўс-тўполон эди. Фақат менинг ичимда совуқ сукут кезинарди.
Илгари Отамнинг уйи бор эди, энди эса йўқ.
Илгари шу уйнинг лойсувоқ томи устига чиқишга одамлар ийманарди, энди эса йўқ. Илгари овул бу уйни “отамнинг уйи” дерди, энди эса йўқ. Илгари отам Отамнинг уйини бузишга қарши чиққанди, энди эса йўқ…
Отамнинг уйи бузилиб кетаркан, гўё шу овулнинг ўтмиши ҳам шу уй каби кўз ўнгимда нураб, бузилиб бораётгандек туюларди. Бунга баъзан ўзимни айбдор санардим, ўша икки энлик хатни ёзиб берганим учун…

* * *

Уй бузилаётганини эшитгандан бери онам­нинг пайтавасига қурт тушган эди: “Дадангга айт, майли, шу уй Ўлжабой акага қола қолсин! Талашиб ўтирманг, менга керакмас, де”.
– Менга керакмас деганим билан индамай ўтирмайди-ку! Ўзингиз кўрдингиз, қозиқ қоқиб бўлганини. Бўпти, айтаман.
– Кенг дала туриб, бари шу уйга тиқилади, талашади. Нима, бошқа жой қуриб қолганми? Отанинг руҳи урмаса бўлди буларни. Тавба қилдим… Ўлжабой бобонгнинг олдига ўтиб келай-чи, нима деркан? Бизга сотармикан?! Отни сотиб бўлсаям, уйни олсак. Ўлмаган қулга от битар, лекин уйни бузиш ёмон.
– Дадам бақириб юрмасин, эшитиб.
– Бақириб-бақириб кўнади. Барибир билади, отни бозорга ким чиқаради, бўлмаса?..

* * *

Онам Ўлжабой бобоникидан қайтганда кун чошгоҳга етганди. Асабийлашиб қайтганидан сездим, иши битмаган. Ўзига ўзи кимнидир қарғаб, айвонга чиқиб ўтирди. Кейин бирдан негадир юзи ёришди:
– Болам, ма, қоғоз, ручкани ол! Ҳаммаси кечагидек кўз олдимда. Тез ёз-чи, илгариям сен ёзиб бергандинг, эсингда бор-ку!
– Нимани?
– Хатни. Ўлжабой бобо келиб, ёзиб бер, деб қистагани эсингдами? Ўшандай ёз. Суяр аканг барибир қайтади, ўз уйига ўзи эгалик қилсин! Бир амаллаб сақлаб қолайлик.
– Келмайман, деб кетибди-ку.
– Қарийди, қартаяди, ўлади – шу тупроққа қўйилади. Ёмон бўлсаям, шу эл кўмади. Бошқа қаерга боради, ўзининг эли шу ерда.
– Ёзганимни Ўлжабой бобо билиб қолса-чи?
– Билса, билар. Отанинг қилган яхшилигини ҳеч қайсиси билмаяпти-ку. Унгача Худо пошшо, бир гап бўлар. Отанинг уйи бошқача барибир. Мингта сарой қурсаям, унга тенг келмайди. Қаерда бўлсаям, унинг қадри ўтади. Қайтмаса, шундай турсин! Тураверсин!
Энди ўзим истаб хат ёзиб бердим:
“Ассалому алайкум, Суяржон! Яхши ишлаб юрибсизми? Уй ғалваси ҳалиям тингани йўқ. Тўрт-беш киши кенгашдик, охири шуни Муроджонга қолдирсакми, деб ўйладик. Ҳамма шунга рози, лекин охирги гапни сен айтасан барибир. Эсонбойдан сариқ чақа кутма, барибир ҳеч нарса бермайди. Аравангни ўзинг торт.
Мендан хотиржам бўл, буни бировга айтмайман. Фақат сендан гап қочмаса бўлди. Охирги гапингни кутаман.
Аканг Ўлжабой”.

* * *

Хатнинг жавобини анча кутдик. “Келдими-келмадими”, деб почтага қатнадим, Ўлжабой бобо жўнатди, деб. Орадан бир ойлар ўтиб, хат келганини эшитдим.
Аниқ эсимда, ўшанда дадам оғзи қулоғида уйга келди. Суяр аканинг хат жўнатганини айтди. “Уй энди сеники”, деди. На кулишни билардим, на йиғлашни. На қувонишга, на ачинишга арзирди.
Онам негадир мунғайди.

X

– Уй битмади бошига! – деди отам Суяр акани эслаб. – Дарбадар ҳаёти тугамади. Шунча вақт ўтди-кетди. Шаҳарда қорни тўйганига маст бўлиб юраверади. Ёшиям қирқни қоралаб қолди: ўғил-қизи бўй етаяпти. Уларгаям уй-жой ташвиши тушади. Ҳе, шу ўзимизнинг чолдевордан қўймасин экан. Уйи борнинг ўйи йўқ.
– Холдон момоси айтди, овулга келаётганмиш, – деди онам хамир ёйиб гапга қўшиларкан. – Кўнглим сезувди, қайтишини. Хуш кўнглим – хушбоқ кўнглим, деб бир умр яшаб бўлмайди-да.
Дадам ғижингандек бурнини тортиб-тортиб қўйди.
– У ёқ ёқмай қопти-да! Ҳа, энди бу ёққа қараб ўрласа, ким уй бераркан. Ялангоёқ келсаям, биров дарвозасидан киритмас.

* * *

Қанча уй қурилди, қанча уй бузилди. Лекин отамнинг ҳовлиси шу ҳолича турибди. У энди меники. Энди мен ҳам том солишим керак. Эртами-­индин Суяр акам уй даъвосини дастак қилиб келса, на чора кўраман? Асролмаган эса-да, отасининг уйи. Ўйлаб кўрсам, унинг уй тўғрисида гап очишга ҳаққи йўқ. Ота уйини ташлаб кетган-ку.
Илгари меҳрим ийиб кетган кезлари, қайтараман, дердим ўзимга ўзим. Буни эсдан чиқарганимга анча бўлди.
Аҳён-аҳён унинг тўй-маъракага келгани ҳақида эшитаман-у, бироқ ўзини кўрмайман. Кўрмаганим ҳам яхшидир. Энди ота эккан дарахт­лар қариди, ўрнига янги кўчат ўтқазиш керак.
Мен қарамаганимда, уй аллақачон бузилиб кетарди. Қир лабидаги отхонани минг ур-йиқит билан кўчирдик. Хуллас, сўрашга бети бормикан аканинг?! Эҳтимол, яна сотиб юбориш учун келаётгандир. Мен билан савдолашса-я! Уйни сотишга қандай кўзим қийсин! Ўзи, Ўлжабой бобонинг оғзини ёпишга чакана пул кетмади.
Одамлар ҳалиям уйни “Отанинг уйи” дейди. Ёнига иккита каталакдек том қўшгани билан уй Суярники бўлиб қолмади. Мен у ерга сарой қурсам ҳам, барибир, отанинг уйи, дейди. Мен фақат Отанинг уйига эгаман, холос.

Тугади.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 10-сон