Нурбойга бу исмни раҳматли отаси Холбой бува қўйган.У бўй торта бошлаган тўнғичининг бошини силаб, бот-бот: “Бор умидим сендан, болам, мен бу дунёда яккаю ёлғиз ўсдим, ёлғизликқурсин, укаларингга, сингилларингга бош бўл, дўсту ёрларингдан айрилма”, дер эди.
Холбой бува саккиз ўғил, икки қизга оталик қилди. Саксондан ошиб, тўқсон билан тўқнашиб,бу дунёдан рози кетди.
Нурбой отаси орзу қилгандек одам бўлди. Аммо, унинг айтганларини кўнгилдагидек амалга оширолмаётганидан гоҳ-гоҳ дили хуфтон тортарди. У қавмларидан йироқда яшайди. Чекига эл-юрт хизмати тушган. Укалари ёлғизлатишмайди-ю аммо, киндик қони тўкилган қишлоқ соғинчи дилини ҳар замонда ўртаб юборгудек бўлади.
Нурбой пешонасига танғилган кўзойнагини яна қаншарига тушириб, қўлидаги тўйхатга тикилди. Синфдош дўсти Сарварнинг: “Ўғлимнинг тўйини атайлаб сен учун шанба кунига кўчирдим, кутаман, биринчи тўйим-а?!” деган сўзларини эслади. Сарвар уч қиздан сўнг, энди ўғил кўриши эди. Бунақа кунда қиёматли дўсти ёнида турмаса бўлмайди, албатта.
Белгиланган куни совға-саломни қуюққилиб, укаси Муҳиддин ҳамроҳлигида тўйхонага кириб борди. “Қамишдан бел боғлаб”, хизмат қилиб юрган синфдош дўстлари қучоқ очиб чиқишди.Нурбой биланқўл олиб сўрашгани келиб-кетувчиларнинг кетиузилмасди. Сўзга чиққанлар ҳам тўй эгаси қолиб, “Даврамизда иштирок этаётган, Олтинбулоқда туғилиб ўсиб, катта шаҳарда фаолият кўрсатаётган, ҳамма учун ҳурматли Нурбой Холбоевич…” билан фахрланишга тушди. Нурбой ўзини ноқулай сеза бошлади. Уни танимаган, бошқа столда ўтирган қишлоқдошлари бўй чўзиб, қарашди. Ниҳоят, ўртакаш уни даврага чорлади.
Нурбой қиличдай йигит. Сийрак, қизғиш сочи дид билан пардозланган. Микрафонни олиб, бир дам сукут сақлади. У худдиқўшиқ куйлашга чоғланиб турган ҳофизга ўхшарди. Ғала-ғовур босилди. Нурбой қора-қура бола кўтарган аёллар, таниш-нотаниш чеҳраларнинг ўзига тикилиб турганини кўриб, андак ҳаяжонланди. Биринчи марта ҳамқишлоқлари билан шундай юзма-юз туриши эди. Шу дам унинг миясида турли фикрлар ғужғон ўйнар, сўзамолгина бўлишига қарамай, гапни нимадан бошлашни ўйларди. Баландпарвоз гапларнинг мавриди эмас. Шу боис, тўй сабаб қишлоқдошлари билан ҳам юз кўришганидан мамнунлигини айтиб, тўй эгаларини табриклади. Кейин беихтиёр: “Мен сизларнижудаям соғинганман”, деб юборди.Жойигабориб ўтиргунича: “Сал ошириб юбордимов, кўнгилчанлигим ҳеч қолмади-да”, деб ўйлади. Сарвар хотини Моҳигул билан келиб, унинг эгнига тўн ёпди. Моҳигул: “Фарзандим ҳам сизга ўхшаб юрсин, илойим”, деб елкасини силаганида Нурбойнинг кўнгли яна бир юмшади. Ҳатто, кўзидан ёшқалқди.
Кейин, кейин ҳаммаси ўз измига тушиб кетди. Ҳалидан бери яқинлашишга тортиниб турган, ўзидан бир-икки ёш кичик,бир пайтлар тўп тепишиб ўсганлар ҳам Нурбой ўтирган даврага бирин-кетин келиб қўшила бошлади.
Суҳбат мавзуси битта: “Нурбой – қишлоқнингфахри. Кўпчилик униболаларига ўрнакқилиб кўрсатади”. Тўй бошлангандан бери синфдоши Аҳмад сариқ шу ҳақда гапиради:
— Ўғлимга доим Нурбой амакингга ўхшагин, дейман, ўқи, одам бўл, дейман. Бўлмасин, кўрсатаман.
— Мен ҳам болаларимга шундай дейман, — деди Тоживой, Аҳмад сариқнинг гапини илиб олиб. — Ўртанчам ҳар куни қорнини ерга бериб, китоб ўқигани-ўқиган. Ўқишга бориб қолса, қўллаб юборасиз-да, ака!
— Қўлимдан келганича… хўп-хўп…, — дейди Нурбой мулозаматлардан ийманиб.
Бир-икки пиёла қадаҳ кўтарилгач, уни меҳмон қилмоқчи бўлганларнинг сони кўпая бошлади. “Бир пиёла чой” масаласи тўй охиригача оғиздан тушмади.
— Дўстим, — деди Аҳмад сариқ, атрофидагиларни бараварига кўрсатиб, — буларнинг ҳамма гапи бекор, бу қишлоқда мен нима десам, шу бўлади. Келинингизга айтиб, эрталаб бир тандир кади пичак ёптираман, шундан тўрттагинасини зиғир мойга булаб-булаб ейсиз, тамом. Мен биламан, шаҳарнинг таоми ичакларингизни қуритиб юборган.
— Тан олиш керак ака, таомда хислат кўп,мен ҳам зиғир мойгаюмшоққина ғилбинди қилдириб қўяман, йўқ, деманг, — дедиТожибой ҳам билағонлик қилиб. Нурбойдўстларинингилтифотидан хурсандлигини яширмай: “Раҳмат, раҳмат“, деб қўяди.
Хуллас, эртага соат тўққизда Аҳмад сариқнинг уйидакади пичак, ундан сўнг Тоживойникида юмшоққина ғилбинди, тушда Ҳакимжонникида патир билан қайнатма шўрва ичиладиган, ундан кейин кимдир маҳалла гузаридаги ҳовуз бўйида тандиркабоб қилдириб кутадиган бўлди.
Тарвақайлаб кетган жоноқи олма дарахти остидаги темир каравотда кўрпага бурканиб ётган Нурбой уйғонганда поёнсиз осмонда Зуҳро юлдузи қадрдон ота уйини тарк этаётган қиздек маъюс эди. Нурбой пича осмонга қараб ётди. Бошқа юлдузлар аллақачон кетиб бўлишган эди. Самога тикилиб ётмаганига ҳам анча бўлган. Ҳузур қилди. Шундай кунларни Нурбой анчадан бери қўмсарди.
Ҳозир онаизори ҳаёт бўлганида, дарҳол ёнига келиб, оппоқ дока рўмолини энгаги оша елкасига ташлаб: “Нурбекжон, совқотиб қолмадингизми, болам”, деган, отаси эса каравот четида ўтириб, мириқиб ухлаётган ўғлига меҳр билан тикилиб турган бўларди. Афсус, энди улар йўқ.
Нурбойкелин-келватлар ҳовлига чиқишга ийманиб ўтирмасин, деб ўрнидан турди. Тўшакларни йиғиштирган киши бўлди. Ювинди, таранди. Келишилган зиёфатларга қадар, ота-онаси қабрини зиёрат қилиш дилидан ўтди. Офтоб нурлари Қоратоғнинг кўз илғамас қирлари оша ёйила бошлаганди. Янтоққоплаган қабристонга кириб бўлмасди. У ота-онаси мозорига йўл излади. Тизза, пойчалари тиконлар заҳридан ачишиб кетди. Гуё ота-онасининг руҳи Нурбойдан юз ўгиргандек, унинг зиёрат қилишини истамаётгандек эди. Нурбой эзилди. Ҳатто шоп мўйлови буралиб-буралиб, наққулоғигача ўсиб борган Абдурайим қассоб бир неча қадам нарида, янтоқ исканжасида қолган қабр тошидаги суратидан унга таъна қилиб қараётгандек эди. Нарироқда яна бошқаси…. Нурбой кўзида ёш, дили ўксиб, қабристон этагида бироз серрайиб турди. Шунча йўл босиб келиб, ота-онасининг мозорини зиёрат қила олмай кетиши тасаввурига сиғмасди.
У атрофига назар ташлади. Сўқмоқни кавул, чақиртиканак, эшакмия каби ўт-ўланлар қоплаб ётарди. Бирор қўлга олишга арзигулик чўп ҳам топа олмагач, чўнтагига қўл тиқди. Дид билан букланган дастрўмолини олди. Хушбуй атир ҳиди гуркираб кетди. У эгилиб, оёғи остидаги янтоқнинг тубидан дастрўмоли билан ушлаб тортди. Қабристоннинг юмшоқ тупроғи янтоқни осонгина қўйиб юборди. Нурбойнинг дили ёришди. Ҳафсала билан иккинчи, учинчитупга қўл урди. Шу зайлда ишга тушиб кетди. Айни чоғда дилидаги оғриқ тиконлар заҳридан ҳам кучлироқ эди.
Бир соат нари-берисида ота-онаси қабри ёнига амаллабетиб борди. Тиз чўкди. Отасининг бош томонидан бир ҳовуч тупроқ олиб юзига босди.
— Кечиринг отажон, энажон мени кечиринг, — деди булк-булк кўз ёш тўкиб. Хаёлан улар билан суҳбатлашган бўлди. Олти йил ўтибди. Хўрсинди, билганича фотиҳа сураларидан ўқиди. Ўрнидан туриб, қабрларни ўт ўланлардан тозалади. Кўзи Тошбувихоласининг қабрига тушди. Онасининг ёнида. Гўё, икки опа-сингил болаликдагидекбир кўрпада қатор, дўппайиб ётишарди.
Эҳ, қандай кунлар эди-я! Қувноқ, хушчақчақ холасининг чўнтагида ҳамиша Нурбойга аталган бирор ширинлик бўларди….
Нурбой холасининг қабридаги гиёҳларга қўл чўзди.
* * *
Аҳмад сариқ кун ёйилмасдан ўғлини юборибди. Муҳиддин: “Ҳозир, Нурбой амакинг сайрга чиққан чоғи, қайтиб келсин, бирга ўтамиз”, деди. Бирор соат ўтар-ўтмас, Аҳмад сариқнинг ўзи ҳовлиқиб эшикда пайдо бўлди:
— Ошнам тушмагур ҳаммамизни номусга қўйибди-ку, ука! Ким, деган одам бўлдик, энди-а?
— Ҳа,Аҳмад ака, тинчликми, ўзи? Акам, сизниномусга қолдирадиган нима иш қипти?
— Эй, — у қўл силтади, — юр бу ёққа, ўз кўзинг билан кўр, — у Муҳиддинни имлаб, ўзи кета бошлади.
Йўл-йўлакай, қўни-қўшниларнинг эшигига бош суқиб, одам бўлса бўлмаса бўкирди: — Чиқҳамманг, жонинг боринг, чиқ! Ҳамма қабристонга ҳашарга борсин, ҳамма!
Муҳиддин дуч келган одамни ҳашарга ундаб, бир-бирларингга “овоза қилинглар”, деб ҳаллослаб бораётганАҳмад сариқнинг ортидан лўкиллаб етиб олди:
— Нима бўпти, ўзи?! Тушунтириброқ гапиринг, тинчликми?!- деди ҳовлиқиб.
— Тинчликка, тинчликку-я! Ошнам индамай, туриб бутун бир қишлоқнинг юзига шапалоқ урибди-да, ука!Уятга қолдик, уятга! Бир оғиз шу ишни қилиш керак, деб задания берса, ўзимиз бажариб қўярдик… Бир ўзи қабристонни тозалаётганмиш! Тонгда қўйини ўтлатгани чиққан Найим чол дилимни хира қилди: “Холбой буванинг вазир бўлган ўғли мозорда янтоқ юлиб юрибди, ор борми сенларда ўзи”, дебкойиди.
— Кўп куйинманг, Аҳмад ака, дўстингиз ҳам ўзингизга ўхшаган одам-да, кўнглига келганини қилган қўйган! Сиз бўлса нима балоларни ўйлаб юрибсиз.
— Шу ишни ўзимиз қилишимиз керак эди-да! Дастурхон бўйида мард келадиган ваъдабозларга ўхшаб қолдик, ука!
Унинг кўзлариташвишдан киртайиб қолган эди.
Ҳақиқатан ҳам қишлоқда Аҳмад сариқнинг гапи — гап. Орияти қўзиганча бор. Тўйларда даврабоши, уйлангангаям, ажрашгангаям шу балогардон. Кеча, мен ҳам кичкина одаммасман, деган мазмундаНурбойга мақтангани-чи…Мулзамлигининг сабаби ҳам аслида шу…
Бирпасда ўн-ўн беш одам бирови кетмон, бирови ўроқ, бошқаси паншаха кўтариб, етиб келди. Аҳмад сариқҳеч кимга ҳеч нима демади. Фақат: “қабристонга тарқалиб, тарқалиб, ҳар томондан кириб боринглар”, — деди ва ўзи ҳам уларнинг орасига суқилиб, дарвозадан кира солиб, ерга энгашди. Муҳиддин ҳам бир тутам хашакни сиқимлаганича акаси йўл очган сўқмоқдан у томонга интилди.
Нурбой, эгнидаги костюмини отасининг қабр тошига илиб, астойдил ишга берилган экан. Ўнга яқин қабрнинг атрофи тозаланибди. Ғала-ғовурни эшитиб, бошини кўтарди. Иттифоқо, одамлар тўрт тарафда ишга киришганди. Муҳиддиннинг ортидан ийманиб келаётган Аҳмад ялтоқланди:
— Ҳашарга сизни айтмовдик-ку, ошна!
— Эй, бугун ҳашармиди? Жуда яхши-да, менинг ҳам ҳиссам қўшиладиган бўлибди жўра, — деди Нурбой ўт юқикафтларини бир-бирига уриб, жилмайганича, сўрашиш учунҳозирлик кўраркан. — Ишга берилиб, вақт ўтганини ҳам сезмай қолибман.
Аҳмад сариқ Муҳиддинга маънодор қаради. У эса:“Мана, кўрдингизми, акам унақа одам эмас”, дегандекбош қимирлатди ва тезгина ишга киришди.
— Бегона қабрларни тозаламасангиз ҳам бўларди, эгаларининг бурнини ерга бир ишқардим… — деди Аҳмад сариқ дўстини аяган бўлиб.
— Бегонаси борми, жўра, ҳаммаси қишлоқдошларимиз-ку, уларнинг руҳи олдидақарзимиз катта. Қаранг, қабристон ҳам шунчалик қаровсиз бўладими? Ахир бу тупроқ бағрида энг азизларимиз ётибди-я!
Аҳмад сариқгап тополмай қолди. “Яхшиям атрофдаҳеч ким йўқ”, дегандек, шошиб, теграсига ўғринча қараб олди ва айбдорона бўйниниқисиб, янтоқ юлишга киришди…
Қишлоқ томондан тўда-тўда бўлиб келаётган одамларнингқораси кўринди. Етиб келганлар қабрлар бошида тиловат қилар,сўнг енг шимариб, ишга киришарди. Ҳатто айрим оқсоқоллар: “Отангизга раҳмат, Аҳмадбой”, деб уни алқаб ўта бошладилар.Аҳмадни яна саросима босди. Ялт этиб дўстига қаради:
— Ана, кўрдингизми, жўра, бу савобли ишга аслида сиз сабабчи. Одамлар эса мени олқашяпти. Буниси энди ошиқча юк.
— Нега юк бўлсин?
— Одамлар, бу ҳашарга Аҳмад бошчилик қиляпти, деб ўйлашганини айтаяпман.
— Ростдан ҳам шундай-ку!
— Йўқ, ундай эмас, бу ердалигингизни, қилаётган ишларингизни эшитиб, мулзам бўлганимдан одамларни ҳашарга бошлаб чиқдим.Бир оғиз шаъма қилмапсиз-да,тозалаттириб қўярдим…
— Бу гапларни қўйинг, Аҳмадбой, ҳамманинг келар жойи шу ер. У шундай деди-да, ўт юлишда давом этди.
Аҳмад сариқ гап тополмай, питирчилаб қолди. Бироздан сўнг ҳашарчиларга юзланиб ҳайқирди:
— Халойиқ,ҳамма қабрлар тозаланиши керак, бу ерда бегона қабр йўқ! Сеники, меники, деган гап бўлмасин! Ҳашардан кейин ҳовузнинг бўйига худойига боринглар, — деди ҳаяжон билан қўлларини ҳаракатлантириб.
У анча енгил тортган эди.
— Эй, ҳали қўй ҳам сўярман, дерсиз, — деди Муҳиддин акаси юлган хашакларни бир жойга тўплар экан кинояомуз.
— Ташвишланмай қўя қол, укажон, иш тугагач, одамларни бошлаб ўтсанг бўлди. Қўй эмас, қўчқор сўяман.
Нурбой соддадил дўстининг елкасидан қучиб:
— Сарвар ҳам эсдан чиқмасин, — деди.
— Кўзингиз тушмабди-да, ошна, Тоживой ҳам, Ҳакимжон ҳам шу ерда, уялганидан олдимизга келиёшмади холос, — у одамлар томонга ишора қилди. — Сарварниэса ҳовуз бўйига чақиртирамиз.
Икки ўртоқ бир-бирини бошлашиб, қабристондан чиқишди….